Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.08.2020 й. 515-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 26 августдаги

515-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг

олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат

қилиш давлат тизими тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг асосий мақсади ва вазифаларини, унинг ташкилий-функционал тузилмасини ҳамда фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (кейинги ўринларда - ФВДТ) - давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув органлари, кучлари ва воситаларидан иборат тизим.


3. ФВДТ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи ҳамда фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруқлари ва кўрсатмаларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чоралари, усуллари, воситалари тизими, саъй-ҳаракатлар мажмуи;


фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш - олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар пасайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлигини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга қаратилган тадбирлар комплекси;


фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлигини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарнинг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар комплекси;


ФВДТнинг функционал қуйи тизими - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларни ўз ичига олган қуйи тизим;


ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизими - тегишли ҳудудда аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз ичига олган қуйи тизим;


фуқаро муҳофазаси - ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфлардан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини, ҳудудларини, моддий ва маданий бойликларини муҳофаза қилиш мақсадида ўтказиладиган тадбирларнинг давлат тизими.



2-БОБ. ФВДТнинг АСОСИЙ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. ФВДТнинг асосий мақсади ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш кирадиган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан тинчлик ва алоҳида даврда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари самарали ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлашдан иборат.


6. Қуйидагилар ФВДТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тинчлик ва алоҳида даврда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;

республика ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва южросини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳа бўйича илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳаларни амалга ошириш;

бошқарув органлари ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун мўлжалланган куч ва воситаларнинг доимий тайёрлигини таъминлаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, алмашиш, ахборот тайёрлаш ва бериш;

аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш;

хорижий давлатлар ҳудудида содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ва ҳалок бўлганларни эвакуация қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида фуқароларнинг, шу жумладан, уларни тугатишда бевосита қатнашган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш;

содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан суғурта қилишнинг мақбул тизимини таъминлаш.



3-БОБ. ФВДТнинг ТАШКИЛИЙ-ФУНКЦИОНАЛ ТУЗИЛМАСИ


7. ФВДТнинг ташкилий-функционал тузилмаси мазкур низомга иловага мувофиқ белгиланади.


8. ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимлари ҳамда ахборот-бошқарув тузилмасидан иборат бўлиб, республика, маҳаллий ва объект даражаларига эга.


9. ФВДТнинг ҳар бир даражаси қуйидагиларга эга бўлади:

ФВДТ бошқарув органлари;

ФВДТ тезкор-бошқарув органлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари;

фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимлари.


10. ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизимлари ўз маъмурий ҳудудлари доирасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади ҳамда тегишли туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар миқёсидаги бўғинлардан иборат бўлади.

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш, куч-воситалари таркиби, фаолият кўрсатиш тартиби мазкур Низом, маҳаллий геофизик ва табиий-иқлим шароитларини, хавф даражаси юқори объектларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар билан белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ФВВ) билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


11. ФВДТнинг функционал қуйи тизимлари вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича белгиланган функцияларни бажариш, шунингдек, идоравий мансуб объектларда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун ташкил этилади ҳамда ФВДТ хизматларидан, қуйи тизимларнинг давлат назорати органлари, куч-воситаларидан иборат бўлади.

ФВДТ функционал қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш, куч-воситалари таркиби, фаолият кўрсатиш тартиби мазкур Низом, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича функциялари, хавф даражаси юқори бўлган идоравий мансуб объектлардаги ишлаб чиқариш технологияларининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар билан белгиланади ҳамда ФВВ билан келишган ҳолда тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан тасдиқланади (Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тасдиқланувчи ихтисослашган хизматлар ва авария-қутқарув тузилмалари тўғрисидаги низомлар бундан мустасно).


12. ФВДТнинг ахборот-бошқарув тузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

ФВВнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази;

ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ахборот-таҳлил марказлари;

атроф табиий муҳит ва хавф даражаси юқори бўлган объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш органларининг ахборот марказлари;

турғун (стационар) бошқарув пунктлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш куч-воситаларини бошқаришнинг ҳаракатдаги пунктлари;

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

алоқа ва ахборот узатиш воситалари, шу жумладан, бошқариш ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизими.

Ахборот-бошқарув тузилмаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ихтисослашган ҳамда лаборатория назорати ва кузатув тизимидаги бўлинмаларидан олинган сейсмологик, геологик, гидрометеорологик хавфли ҳодисалар, қуруқлик (тупроқ, ер ости)нинг ҳолати ўзгариши, атмосфера (ҳаво муҳити) таркиби ва хоссалари ҳамда гидросфера ҳолатининг ўзгариши билан боғлиқ вазиятлар, саноат ва транспортдаги авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, эпифитотиялар, радиоактив, кимёвий ва биологик (бактериологик) ҳолат тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш (таҳлил қилиш ва сақлаш);

ФВДТнинг бошқарув органлари, кундалик бошқарув органлари, кучлари ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги, фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ҳолатлари, хусусиятлари, ривожланиш кўламлари ва кечиши, юз бериши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби тўғрисида хабардор қилиш ва маълумот (ахборот) бериш;

ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинлари, бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, фавқулодда вазиятларни тугатиш куч-воситалари ўртасида ўзаро ахборот ва маълумот алмашинувини таъминлаш.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги ахборотларнинг мезонлари, мазмуни ва турлари, уларни ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинларига, шунингдек, аҳолига етказиш муддатлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича кундалик ҳамкорлик қилиш ва хабар бериш йўриқномаси асосида амалга оширилади.


13. ФВДТ бошқарув органлари:

республика даражасида - ФВВ марказий аппарати, ФВДТ таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар марказий (бошқарув) аппаратларининг ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш кирадиган бўлинмалари;

маҳаллий даражада - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари, ташкилотларнинг ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш кирадиган бўлинмалари;

объект даражасида - объектлар маъмурияти ҳамда ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни бажариш кирадиган таркибий бўлинмалари (хизматлари, шўбалари ёки махсус тайинланган мансабдор шахслари)дан иборат.

ФВДТ, унинг қуйи тизимлари ва бўғинларининг фаолиятини ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича уларга белгиланган вазифалар ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш тегишли ФВДТ бошқарув органларига юкланади.


14. ФВДТ тезкор-бошқарув органлари - ФВДТнинг тегишли ҳудудий ва функционал қуйи тизимларига ҳамда унинг бўғинларига тезкор бошқарувни амалга оширувчи бошқарув органларидир, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

республика даражасида - ФВВнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази, ФВДТ таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар марказий (бошқарув) аппаратларининг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг тезкор-бошқарув марказлари, шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тезкор-бошқарув гуруҳлари, ташкилотларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

объектлар даражасида - объектларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

тегишли равишда ҳар бир даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш куч ва воситаларини бошқариш стационар ва ҳаракатдаги пунктлари.

ФВДТ тезкор-бошқарув органлари тегишли бошқарув органининг доимий жойлашув пунктларида, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда эса - фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш кучлари ва воситаларини бошқариш стационар ва ҳаракатдаги пунктларда ташкил этилади. Улар олдиндан тегишли хабар бериш, алоқа, ахборотни қайта ишлаш ва узатишнинг тегишли техник воситалари билан жиҳозланади ҳамда ўзларига юкланган вазифаларни бажаришга доимий тайёр ҳолатда сақланади.

Тезкор-бошқарув органлари фавқулодда вазият содир бўлиши хавфи тўғрисида огоҳлантириш маълумотларини ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш бўйича тавсиялар ФВДТ бошқарув органларига тезкор тақдим этилишини таъминлайди.


15. Қуйидагилар республика даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятлар шароитларида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ўта муҳим ва хавф даражаси юқори бўлган объектлар фаолияти барқарорлигини оширишга қаратилган ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини имкон қадар камайтирувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида республика мақсадли ва илмий-техник дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этиш ва бажарилишини таъминлаш;

фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси аҳолисига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш ва уни доимий тайёр ҳолатда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар, ҳудудий тармоқларидан ва телекоммуникацияларнинг идоравий тармоқларидан, радио, телевидение ва бошқа техник воситалардан марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

кимёвий, ёниш, портлаш ва бошқа хавф даражаси юқори бўлган объектларда, шу жумладан, сув омборларининг гидротехника иншоотларида уларнинг техник ҳолатини автоматик кузатиш, ёнғин ва бошқа хавфлардан дарак берувчи тизимларни, шунингдек, ушбу объектларда ва уларга ёндош ҳудудларда аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимларини лойиҳалаштириш ва яратишни назорат қилиш;

табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизимида тегишли вазифаларни бажариш;

бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, ФВДТ кучлари ва воситаларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш;

содир бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, бўлиши мумкин бўлган оқибатлари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этишга оид қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларнинг тўпланишини ва алмашинишини ҳамда хабар қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;

қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни, шу жумладан, зарар кўрган аҳолининг ҳаёт шароитларини таъминлаш ишларини, эвакуация ишларини амалга оширишга оид тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилинадиган ФВДТ функционал қуйи тизимлари куч-воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун республика (идоравий) молиявий ва моддий ресурслар захирасини, шунингдек, ФВДТнинг махсус суғурта жамғармасини ташкил этишга ва ундан фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш;

идоравий мансуб объектларнинг раҳбарлари таркиби ва кучлари, шунингдек, ходимларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашни мувофиқлаштириш;

ишлаб чиқариш ва технологиялар хавфсизлиги, шунингдек, ходимларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг тармоқ нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишда қатнашиш.


16. Қуйидагилар маҳаллий даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, фавқулодда вазиятлар шароитларида хавф даражаси юқори бўлган объектларнинг барқарор ишлаш имкониятини оширишга доир ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий (вилоят) мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимининг маҳаллий даражасини ташкил этиш ва доимий тайёр ҳолатда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар ҳудудий тармоқларидан ва телекоммуникацияларнинг идоравий тармоқларидан, радио, телевидение ва бошқа техник воситалардан марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

ФВДТнинг манфаатдор функционал қуйи тизимлари билан биргаликда кимёвий, ёниш, портлаш ва бошқа хавф даражаси юқори бўлган объектларда, шу жумладан, сув омборларининг гидротехника иншоотларида уларнинг техник ҳолатини автоматик кузатиш, ёнғин ва бошқа хавфлардан дарак берувчи тизимларни, шунингдек, ушбу объектларда ва уларга ёндош ҳудудларда аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимнинг маҳаллий даражасини яратиш ва уларнинг доимий шайлигини таъминлаш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолатини, хавф даражаси юқори объектлардаги вазиятни доимий кузатиш ва назорат қилишни таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш;

бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, куч-воситаларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳаракатларга доимий тайёрлигини таъминлаш;

содир бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, етказиши мумкин бўлган оқибатлари, уларни бартараф этишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, алмашиш ва ўз вақтида хабар қилиш;

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари куч-воситаларининг, шунингдек, кўнгилли тузилмалар, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фавқулодда вазиятлар чоғида қутқарув ишларини ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга оширишига раҳбарлик қилиш ва ҳаракатларининг уйғунлигини таъминлаш, волонтёрлар ҳамда меҳнатга лаёқатли аҳолини ушбу ишларга жалб қилишни ташкил этиш;

аҳолини эвакуация қилиш (вақтинча олиб чиқиш)ни, эвакуация қилинган аҳолини жойлаштириш, ҳаёт шароитини таъминлаш ҳамда уларнинг фавқулодда вазиятлар бартараф этилгач доимий яшаш жойларига қайтишини режалаштириш ва амалга ошириш;

хавфли зоналардаги аҳоли пунктларида ва хўжаликларда яшовчиларни хавфсиз жойларга доимий яшаш учун кўчириш ҳамда уларнинг ҳаётий шароитини ҳар томонлама таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан самарали фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни таъминлаш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини молиялаштириш;

ФВДТ хизматлари ва тузилмаларини, қутқарув тузилмалари ва қутқарув хизматларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларни, уларнинг уй-жойи ва мол-мулкини мақсадли суғурта қилишни ташкил этиш ҳамда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан суғурталанган ҳимояси самарадорлигини таъминлаш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва суғурта ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти бўйича тадбирларни амалга ошириш;

аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашга раҳбарлик қилиш.


17. Қуйидагилар объектлар даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, объектларнинг барқарор ишлаши имкониятини оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

техноген авариялар ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган омилларни эрта аниқлаш, улар содир бўлганда оқибатларини прогнозлаштириш ҳамда уларни бартараф этиш тадбирларини режалаштириш мақсадида автоматик кузатиш, ёнғин ва бошқа хавфлардан дарак берувчи ва назорат тизимларини кенг жорий этиш, кунлик мониторинг ва кузатув ишларини назорат қилиш;

объектларда ва уларга ёндош ҳудудларда аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимнинг маҳаллий ва объект даражаларини яратиш ишларини ташкил этиш;

бошқарув органларининг, объектлар куч-воситаларининг фавқулодда вазиятлардаги ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш;

хабар қилиш, ахборот тўплашни таъминлаш ва назорат қилиш, юзага келган фавқулодда вазият, унинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, етказиши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ва зарур ёрдам тўғрисида юқори органларга маълумот бериш;

қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирлари бажарилишини, объектнинг зарар кўрган ходимларини ва объект яқинида яшайдиган аҳолини эвакуация қилиш ва ҳаёт шароитларини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан самарали фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни таъминлаш;

хавф даражаси юқори бўлган объектлар учун техник ҳужжатлар нусхаларини яратиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш;

объектларнинг хавфсизлигини паспортлаштириш ва декларациялаш, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган зоналар чегараларини белгилаш.


18. ФВДТнинг куч-воситалари қуйидагилардан иборат бўлади:

фуқаро муҳофазаси қўшинлари;

ФВВга тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари;

вазирликлар ва идораларнинг профессионал ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмалари, республика, маҳаллий ва объектлар даражасида ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг хизматлари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари;

Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг кўнгиллилар отрядлари (командалари, гуруҳлари), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги "Маҳалла фуқаро муҳофазаси" йиғма гуруҳлари, "Ватанпарвар" мудофаага кўмаклашувчи ташкилоти.


19. Фуқаро муҳофазаси қўшинлари ФВВга бўйсунади ҳамда ўз тезкор йўналишларига мувофиқ алоҳида даврда республиканинг муҳим мудофаа ва саноат объектларида фавқулодда вазиятларни тугатишга доир ишларни олиб боради.

Фуқаро муҳофазаси қўшинлари йирик кўламдаги ишлаб чиқариш авариялари, ҳалокатлар, табиий офатлар чоғида қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ва махсус приборлар, техникалар, асбоб-ускуналар ва тайёрланган мутахассисларни талаб этувчи фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондонининг фармойишига асосан жалб этилиши мумкин.


20. ФВВга тўғридан-тўғри бўйсунувчи қутқарув тузилмалари малакали мутахассислар билан бутланган ва махсус техника, асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар ва бошқа қутқариш воситалари билан жиҳозланган, қутқарув ишларини автоном режимда камида 72 соат ичида амалга оширишга мўлжалланган, доимий шай ҳолатдаги қутқарув тузилмаларини ўз ичига олади.


21. ФВВга тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасини, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказини ва унинг филиалларини, Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг қидирув-қутқарув хаво кемаларини, қидирув ва авария-қутқарув хизматлари ва тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари автоташувчилари ҳудудий уюшмаларининг автотранспорт ва автосанитария отрядларини, шунингдек, фавқулодда вазиятларни тугатишга, ФВДТ кучлари ҳаракати ва тадбирларини таъминлашга мўлжалланган ФВДТ функционал қуйи тизимларининг бошқа таркибий бўлинмаларини ўз ичига олади.

Тезкор бўйсунадиган тузилмаларнинг вазифалари, тайёрланиш муддатлари, уларни жалб этиш тартиби ушбу тузилмаларнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳаракат режаларида ҳамда ФВДТ тегишли функционал қуйи тизимлари билан шартномаларда белгиланади.


22. Вазирликлар ва идораларнинг ҳарбийлаштирилган ва профессионал авария-қутқарув, авария-тиклаш ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари идоравий мансуб объектларда ишлаб чиқариш-технология авариялари ва ҳалокатлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, шунингдек, эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар юзага келганда махсус вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган.

Вазирликлар ва идораларнинг ёнғин, кон, газ-қутқарув, қурилиш, қурилиш-монтаж, тиббиёт ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари ва ташкилотлари негизида фавқулодда вазиятларнинг тарқалишини чеклаш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича биринчи навбатдаги ишлар учун доимий тайёргарликдаги идоравий тузилмалар тузилиши мумкин.

Доимий тайёргарликдаги идоравий тузилмалар идорадан ташқари авария объектларидаги фавқулодда вазиятларни тугатиш ишларига амалдаги харажатлар қопланган ҳолда шартнома асосида жалб этилади.


23. Ҳудудий қуйи тизимлар ва уларнинг бўғинларида аҳолини ва ҳудудларни содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, йирик техноген авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этишга доир вазифаларни бажариш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларнинг қарорлари билан геофизик, табиий-иқлим ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш, монтаж-қурилиш, автокорхоналар ва бошқа ташкилотлар негизида маҳаллий давлат органларининг умумий ва махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган ҳудудий тузилмалари ташкил этилади.


24. Хавф даражаси юқори бўлган объектларда ушбу объектлар раҳбарларининг қарорлари билан мавжуд ихтисослаштирилган хизматлар ва бўлинмалар (қурилиш, кимё, тиббий ва бошқалар) негизида бевосита объектларда кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш учун штатдан ташқари ихтисослаштирилган тузилмалар ташкил этилади.


25. Табиий ва техноген хусусиятли йирик кўламли фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор қутқарув ишларини бажариш ҳамда зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиясининг кимёвий ҳимоя, муҳандислик-сапёр ва бошқа ҳарбий бўлинмалари, ҳарбий-транспорт авиацияси ҳамда ҳарбий-тиббий хизмат муассасалари жалб этилиши мумкин.



4-БОБ. ФВДТнинг ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИ ТАРТИБИ


26. Прогнозлаштирилаётган ёки юзага келган фавқулодда вазиятларнинг ҳолати, кўламларидан келиб чиқиб муайян бир ҳудудда ФВДТ қуйидаги режимлардан бирида фаолият юритади:

кундалик фаолият режими - муайян бир ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар содир бўлиши хавфи мавжуд бўлмаганда;

юқори тайёргарлик режими - фавқулодда вазиятлар содир бўлиши хавфи юзага келганда (тегишли даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг прогнози олинганда);

фавқулодда вазият режими - фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва фавқулодда вазиятлар даврида (тегишли даражадаги ФВДТ бошқарув органларидан хабарнома олинганда).

ФВДТ фаолиятининг юқори тайёргарлик ва фавқулодда вазият режимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳамда тегишли объектлар раҳбарларининг қарорлари билан жорий этилади.

ФВДТ фаолиятининг юқори тайёргарлик ва фавқулодда вазият режимларини жорий этиш бўйича қарорда:

тегишли фаолият режимини жорий этиш учун асос бўлган ҳолат;

фавқулодда вазият содир бўлиши мумкин бўлган ҳудуд чегаралари ёки фавқулодда вазият ҳудудининг чегаралари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун жалб этиладиган куч ва воситалар;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни ёки содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чоралар;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга масъул мансабдор шахслар ёки фавқулодда вазиятни бартараф этиш тадбирларининг раҳбари белгиланади.

Фавқулодда вазият режимини жорий этишда фавқулодда вазиятлар таснифи, шунингдек, аҳолининг ҳаёт фаолияти хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳамда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун қўшимча талаб этиладиган чора-тадбирлардан келиб чиқиб фавқулодда вазиятларни бартараф этишнинг қуйидаги даражаларидан бири ўрнатилади:

а) объект даражасида бартараф этиш;

б) маҳаллий даражада бартараф этиш;

в) республика даражасида бартараф этиш.


27. Қуйидагилар ФВДТ фаолият кўрсатиш режимларида амалга ошириладиган асосий тадбирлар ҳисобланади:

а) кундалик фаолият режимида:

атроф табиий муҳитнинг ҳолатини, хавф даражаси юқори бўлган объектлар ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилиш, содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва белгиланган тартибда алмашиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш, етказилиши мумкин бўлган зарар ва зиённи қисқартириш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар шароитида турар жой бинолари, саноат объектлари, ҳаёт таъминоти тизимлари ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш бўйича мақсадли ва илмий-техник дастурлар ҳамда чора-тадбирларни режалаштириш ва бажариш;

фавқулодда вазиятларда аҳолини, моддий ва маданий бойликларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, кўчирилган аҳолининг вақтинча яшаш жойларида ҳаёт фаолиятини таъминлаш чораларини режалаштириш ҳамда тегишли тайёргарлик тадбирларини амалга ошириш;

ФВДТ бошқарув органлари ва кучларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартибини режалаштириш ҳамда уларни белгиланган тартибда тайёрлаш;

аҳолини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш усулларига ва ҳаракат қилишга ўргатиш;

хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизими шайлигини таъминлаш ва назоратини олиб бориш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ва тўлдириш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш;

суғуртанинг мақсадли турларини амалга ошириш;

б) юқори тайёргарлик режимида:

фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи тўғрисида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ва бошқа ташкилотларга хабар бериш ҳамда аҳолини хабардор қилиш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолати, хавф даражаси юқори бўлган объектлар ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни кучайтириш, фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши эҳтимолини, уларнинг кўламлари ва оқибатларини прогнозлаштириш;

ФВДТ тегишли қуйи тизимлари ва бўғинлари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилишни давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўз зиммасига олиши, зарурат бўлганда вазиятнинг ёмонлашиши сабабларини аниқлаш учун фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин бўлган минтақаларда тезкор гуруҳларни ташкил этиш, вазиятни нормаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш, заруратга кўра аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш;

фавқулодда вазиятлар шароитларида аҳолини ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, турар жой бинолари, ҳаёт таъминоти тизимлари, объектлар ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

доимий жойлашиш пунктларида ФВДТ раҳбарлари таркибининг кеча-кундуз навбатчилигини жорий этиш;

ФВДТ тезкор-бошқарув органлари ўртасида маълумот алмашинувини кучайтириш;

кучлар ва воситаларни шай ҳолатга келтириш, юқори тайёргарлик фаолият режимига ўтказиш, уларнинг ҳаракат режаларини аниқлаштириш ҳамда зарур бўлганда фавқулодда вазиятлар тахмин қилинаётган ҳудудга йўналтириш;

в) фавқулодда вазият режимида:

фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига хабар бериш ва аҳолини хабардор қилиш;

аҳолини муҳофаза қилишни, шу жумладан, аҳолини, моддий бойликларни ва бошқа мол-мулкни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишни ташкил этиш;

фавқулодда вазият зоналари чегараларини белгилаш, ўраб олиш (тўсиб қўйиш), ушбу минтақага кириш-чиқишни тартибга солиш;

доимий тайёргарликдаги тузилмаларни фавқулодда вазиятлар ҳудудига йўналтириш, ушбу тузилмалар томонидан фавқулодда вазиятларни чегаралаш ва бирламчи сабабларини бартараф этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш;

иқтисодиёт объектларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, зарар кўрган аҳолининг ҳаёт шароитларини таъминлаш ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлар ҳудудларидаги атроф табиий муҳитнинг ҳолати, авария объектлари ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазият бўйича мониторинг олиб бориш;

эвакуация қилинган аҳолини вақтинчалик жойлаштириш ва ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда бандлигини таъминлаш чораларини кўриш;

фавқулодда вазиятлар минтақаларида санитария-гигиена ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш;

биринчи навбатда инфратузилма объектларини тиклаш, ижтимоий соҳа объектларининг фаолиятини йўлга қўйиш;

жабрланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларга кўрилган зарарни қоплаш тадбирларини амалга ошириш.


28. Фавқулодда вазиятларни тугатиш учун қуйидаги маблағлардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ва давлат захирасининг моддий ресурслари захираси - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан;

молиявий ва моддий ресурсларнинг идоравий захираси - ФВДТ функционал қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий ва моддий ресурслари захираси - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан;

объектларнинг молиявий ва моддий ресурслари захираси - ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан;

халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг табиий офатлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун биринчи навбатда зарур бўлган товарлар омборлари ва захиралари тизимларидан унинг розилиги билан фойдаланиш мумкин.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари турлари ва ҳажми уларни ташкил этган ташкилот томонидан белгиланади.


29. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари авария содир бўлган объектлар, уларни балансда сақловчи вазирликлар ва идораларнинг, ушбу объектлар жойлашган ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг куч-воситалари билан амалга оширилади.


30. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари объектларининг раҳбарлари, вазирликлар ва идораларнинг тезкор гуруҳлари (мутахассислар) ва ҳокимларнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ҳукумат комиссияси ташкил қилиниши мумкин.


31. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ресурслар етарли бўлмаган тақдирда улар объект маъмурияти, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари раҳбарларининг илтимосномасига биноан ФВДТнинг юқори органлари захираларидан ажратилиши мумкин.


32. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича дастурларни молиялаштириш, тармоқлар ва объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳар бир даражада тегишли бюджетлар, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлаш фавқулодда вазиятлар зоналарида жойлашган объектларнинг маблағлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари ҳамда ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Кўрсатилган маблағлар мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилади.


33. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келганда зиён ва зарарлар миқдорини камайтириш бўйича олдиндан чоралар кўриш мақсадида республика ва идоравий ҳаракат қилиш режалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва объектларнинг ҳаракат қилиш режалари, шунингдек, ФВДТнинг барча даражаларида ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилиш режалари ишга солинади.


34. ФВДТ ҳаракатларини режалаштиришга ташкилий-методик раҳбарлик қилишни ФВВ амалга оширади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш

ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг

ТАШКИЛИЙ-ФУНКЦИОНАЛ ТУЗИЛМАСИ


Бошқарув органлари



Тезкор-бошқарув органлари



Фавқулодда вазиятларни

бартараф қилиш кучлари

ва воситалари



Фавқулодда вазиятларни

бартараф қилиш учун

молиявий ва моддий

ресурслар захиралари


Республика даражаси

- Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ФВВ) марказий аппарати;

- Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (кейинги ўринларда - ФВДТ) таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар марказий (бошқарув) аппаратлари.



- ФВВнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази;

- ФВДТ таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар марказий (бошқарув) аппаратларининг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

- стационар ва ҳаракатдаги бошқарув пунктлари.



- Фуқаро муҳофазаси қўшинлари;

- ФВВга тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари;

- қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари;

- умумий ва махсус вазифали тузилмалар.



- Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасининг маблағлари ва давлат захираси моддий ресурслари захираси;

- молиявий ва моддий ресурсларнинг идоравий захиралари;

- халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами;

- Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг омборлар ва захиралар тизими.










Маҳаллий даража

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари;

- ташкилотларнинг ваколатли бўлинмалари.



- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг тезкор-бошқарув марказлари;

- шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тезкор-бошқарув гуруҳлари;

- ташкилотларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

- стационар ва ҳаракатдаги бошқарув пунктлари.



- қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари;

- умумий ва махсус вазифали тузилмалар.



- маҳалий давлат ҳокимияти органларининг молиявий ва моддий ресурслари захиралари;

- халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами;

- Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг омборлар ва захиралар тизими.


Объектлар даражаси

- объектларнинг маъмурияти ва ваколатли таркибий бўлинмалари.



- объектларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

- стационар ва ҳаракатдаги бошқарув пунктлари.



- қутқарув тузилмалари;

- махсус вазифали тузилмалар;

- фуқаро муҳофазаси тузилмалари.



- объектларнинг молиявий ва моддий ресурслари захиралари;

- тегишли юқори ташкилотнинг молиявий ва моддий ресурсларининг идоравий захиралари.




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 август


















































Время: 0.2102
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск