ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.09.2020 й. 544-сон "Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.09.2020 й.

N 544




ЮРИДИК СОҲАГА ОИД БИЛИМ ТАЛАБ

ЭТИЛАДИГАН МУТАХАССИСЛАРНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИНГ

ЗАМОНАВИЙ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон ҳамда "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон фармонлари ижроси юзасидан, шунингдек, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини (кейинги ўринларда - юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассислар) қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудудий филиалларини (кейинги ўринларда - филиаллар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг устувор вазифалари этиб белгилансин:

касбий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда кадрлар буюртмачилари ва ходимларига малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имкониятини яратиш;

анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган шаклларини, шунингдек, кадрлар малакасини оширишнинг белгиланган даврийлигига риоя қилинган ҳолда таълим дастурларини, билим ва кўникмаларни доимий такомиллаштиришдан иборат кредит-модуль механизмини жорий қилиш;

кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш, ҳар бир ходимнинг индивидуал траекториялари бўйича малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси - электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш;

таълим жараёнини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш даражасини ошириш, замонавий таълим технологияларини қўллаш орқали кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида масофавий таълимни янада такомиллаштириш ва мустақил таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг меҳнат бозорида ҳуқуқий билимларини ошириш талаб қилинадиган ўзга соҳа мутахассислари малакасини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш;

адлия органлари ва муассасаларидаги раҳбарлик лавозимларига захирага олинган кадрлар малакасини оширишнинг модуллаштирилган таълим дастурлари асосида махсус курслардан ўтиш амалиётини жорий этиш.


3. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш, шу жумладан, қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш шакллари, кредит-модуль тизими ва масофавий таълим бўйича малака оширишни ташкил этиш, шунингдек, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

филиаллар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари (кейинги ўринларда - юридик техникумлар) биноларида жойлаштирилади;

филиаллар тузилмаси ва уларнинг низоми Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади;

юридик техникумлар филиаллар фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, ўқув-методик жараённи ташкил қилишда ахборот-ресурслари орқали кўмаклашиш учун масъул ҳисобланади;

ўқитиш давомийлиги қайта тайёрлаш курсларида тўрт ой (576 соат)ни, малака ошириш курсларида эса икки ҳафта (72 соат)ни ташкил этади;

Марказда юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган касбий малака талаблари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади;

Марказ ва унинг филиалларида ўқув машғулотлари ўтказиш учун жалб қилинадиган мутахассислар меҳнатига Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан соатбай ҳақ тўлаш тартиби асосида ҳақ тўланади, бунда Марказга белгиланган миқдорни 200 фоизгача ошириш ҳуқуқи берилади;

Марказга Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағларининг ҳамда шартнома асосида ишларни бажариш ва хизмат кўрсатишдан тушадиган бошқа маблағларнинг (уларни амалга ошириш учун харажатларини чегириб ташлаган ҳолда) 80 фоизгача қисмини Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига йўналтириш ҳуқуқи берилади;

филиаллар фаолиятини ташкил қилишни молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

а) икки ой муддатда:

Марказнинг профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимларини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш орқали юқори малакали, таълим беришнинг замонавий шакл ва услубларини, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини пухта эгаллаган, илмий салоҳият ва амалий иш тажрибасига эга бўлган, ҳалол, тартиб-интизомли педагог кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.

Бунда педагог ходимлар таркибининг Марказда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиши белгиланган, соҳа йўналишларида юқори амалий иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи ходимлар таркибидан танлов асосида шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратилсин;

б) уч ой муддатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Нотариал палата ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда:

кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси - электрон платформани ишлаб чиқсин;

юридик техникумларда филиаллар очилишини ва замон талаблари асосида таъмирланиши ҳамда энг замонавий ўқув-техника воситалари билан жиҳозланишини, хусусан видеоконференцалоқа тизими билан жиҳозланган локал ва ҳудудий аудиториялар тармоғи яратилишини таъминласин;

Марказда малака ошириш курси битирувчиларига электрон сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш мақсадида ноёб идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи "Электрон сертификатлар репозиторийси" тизими ва дастурий таъминотини яратиш чораларини кўрсин.

Бу борада белгиланган тадбирлар Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


6. Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари заруратга қараб, ўз кадрларининг ҳуқуқий билимларини ошириш учун доимий равишда тегишли мутахассисларини Марказга йўналтириб борсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                        А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 8 сентябрдаги

544-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 11-сон, 65-модда) билан тасдиқланган Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 35-бандида:

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 531-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг уставида:


а) 2-банддаги "Марказ адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини" сўзлари "Марказ адлия органлари ва муассасалари, адвокатлар, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ходимларини" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"8. Адлия органлари ва муассасалари, адвокатлар, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ва давлат бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари (юрисконсультлари) ҳамда хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзга соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Марказ фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади";


в) 12-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:

"Марказ филиаллари";

иккинчи - саккизинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи - тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


г) 16-банднинг иккинчи хатбошидаги "Марказ кафедралари," сўзлари "Марказ кафедралари ва филиаллари" сўзлари билан алмаштирилсин;


д) 20-бандда:

олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

еттинчи - ўнинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи - тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

саккизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўққизинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


е) 25-банддаги "давлат талаблари" сўзлари "давлат таълим талаблари" сўзлари билан алмаштирилсин;


ж) 26-банддаги "давлат талабларига" сўзлари "давлат таълим талабларига" сўзлари билан алмаштирилсин;


з) 27-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


и) 28-банднинг биринчи хатбошидаги "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси" сўзлари "буюртмачи ташкилотлар" сўзлари билан алмаштирилсин;


к) 30-банднинг учинчи хатбошидаги "адвокатлар палатасининг ходими," сўзлари "Адвокатлар палатаси, Нотариал палатанинг ходимлари, бошқа буюртмачи ташкилотлар ҳамда" сўзлари билан алмаштирилсин;


л) 32-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, тингловчиларни ўқитиш харажатлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун ҳақ миқдорини мустақил белгилайди;

қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"Марказ ва буюртмачи ташкилотлар, адвокатлар ва бошқа тоифадаги тингловчилар билан тўловни амалга ошириш тўғрисидаги тўлов-шартномалар электрон шаклда тузилади ва ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади".


3. Вазиpлаp Маҳкамасининг 2020 йил 24 мартдаги 180-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 6-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

"Қайта тайёрлаш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат муассасаларида ўқитиш;

масофавий таълим.

Давлат муассасаларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75% - мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25% - бевосита давлат муассасаларида) масофадан қайта тайёрлаш ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.

Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.

Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади";


б) 17-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"17. Талабгор тегишли давлат муассасасига онлайн тарзда ёки бевосита қуйидаги ҳужжатларни топширади:

давлат муассасаси раҳбари номига ариза (аризада талабгорнинг муассасада таълим бериладиган тиллардан бирида таълим олиш ва имтиҳон топшириш ҳоҳлаши кўрсатилади);

паспорт нусхаси (паспортнинг асл нусхаси ҳужжат топширишда кўрсатилади);

маълумоти тўғрисидаги диплом нусхаси;

3,5х4,5 ҳажмдаги икки дона фотосурат;

нодавлат суд-экспертиза ташкилоти номидан тавсиянома (агар шахс нодавлат суд экспертиза ташкилотида фаолият кўрсатаётган бўлса);

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма ёки экспертлик фаолияти ва турини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.

Бунда ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш давлат муассасасининг расмий веб-сайтида амалга оширилади";


в) 22-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Шартнома тузган талабгорлар сонидан келиб чиқиб, қоида тариқасида ўн нафардан йигирма нафаргача тингловчидан иборат академик гуруҳлар шакллантирилади";


г) 22-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

қув жараёнини ташкил этиш учун зарур миқдордаги харажатларни тўлиқ қоплаш тўғрисида қўшимча тўловларни амалга ошириш бўйича талабгорлар билан келишувга эришилган ҳолатларда, талабгорлар сони 10 (ўн) нафарга етмаса ҳам қайта тайёрлаш гуруҳлари шакллантирилиши мумкин.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда тингловчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари онлайн шаклида қайд этиб борилади ва курсларни тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга бевосита қайта тайёрлаш, малака ва ҳуқуқий билимни ошириш бўйича таълим муассасаларида ўтказиладиган онлайн тест синовларида иштирок этишга рухсат берилади.

Электрон портфолио кўрсаткичлари ва онлайн тест синовлари натижалари асосида тингловчиларга малакавий ишини (рефератни) ҳимоя қилишга рухсат берилади";


д) 26-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

қув курсининг ҳар бир модуль ёки бўлим якунида тингловчи танланган мавзу бўйича малакавий ишини (рефератни) ҳимоя қилади ва малакавий иши (реферат) ҳажми, ҳимоя қилиш, тақриздан ўтказиш тартиби ўқув дастурида белгиланади";


е) 30-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

"Тингловчилар, шунингдек, қайта тайёрлаш курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширадиган талабгорлар икки босқичда - тест (қоғоз ёки электрон) ҳамда суҳбат шаклида имтиҳон топширадилар.

Тест саволлари билан танишиб чиқиш, жавобни танлаш ва имтиҳон тестини тўлдириш учун 40 (қирқ) дақиқадан кўп бўлмаган вақт белгиланади.

Жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестация (имтиҳон) ўтказиш жараёнида талабгорга (тингловчига) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан, махсус адабиётлардан, алоқа воситаларидан, шунингдек, бошқа манбаалардан фойдаланиш, бошқа талабгорлар (тингловчилар) билан гаплашиш тақиқланади";


ж) 41-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"41. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари (кейинги ўринларда - Талаблар) суд экспертларининг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари, таълим сифатини баҳолаш ва назорат қилиш бўйича ҳужжатларни давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

Суд экспертларини қайта тайёрлаш, уларнинг малака ва ҳуқуқий билимини ошириш курслари бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш, амалиёт ўташ, натижаларини баҳолаш ва назорат қилиш тартиблари давлат муассасаларининг коллегиал органи томонидан белгиланади";


з) 54-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

"Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимини ошириш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

Давлат муассасаларида ўқитиш;

масофавий таълим.

Давлат муассасаларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75% - яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25% - бевосита давлат муассасаларида) масофадан малака ошириш ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.

Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.

Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 9 сентябрь








































Время: 0.0341
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск