ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Чет эл олий ўқув юртлари / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2020 й. 558-сон "Урганч шаҳрида халқаро "Binary" университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.09.2020 й.

N 558




УРГАНЧ ШАҲРИДА ХАЛҚАРО "BINARY"

УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Олий таълим соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган нодавлат таълим хизматлари кўрсатилишини янада ривожлантириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашда давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, етакчи халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан "Binary" университети (Малайзия) ўртасида 2020 йил 8 майда Урганч шаҳрида халқаро "Binary" университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг асосий принциплари тўғрисида келишув (кейинги ўринларда - Келишув) имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда "Binary" университетининг (Малайзия) (кейинги ўринларда - Университет) Урганч шаҳрида халқаро "Binary" университетини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

ҳудудда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий тадбиркорликнинг ривожланиши тенденцияларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича малакали олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

Филиалда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим дастурларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш орқали замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;

республика иқтисодиёти тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш;

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Филиалда бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари ҳамда магистратура бўйича кадрлар тайёрлаш амалга оширилади;

Филиалга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Филиал томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Малайзияда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;

Филиалга Университет томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор раҳбарлик қилади;

Филиалда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори Университет томонидан белгиланади;

Филиалга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.


5. Қуйидагилар:

а) Филиал фаолиятини молиялаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини шакллантириш Филиалнинг ўз маблағлари, ўқитишдан тушадиган маблағлар, шу жумладан, тўлов-контракт бўйича ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилиши;

б) Университет Келишувга асосан қуйидагиларни таъминлаш мажбуриятини ўзига олиши:

Филиал битирувчиларига Университетнинг белгиланган намунадаги дипломини бериш;

Университетнинг ягона электрон базасига Филиалда таҳсил олаётган талабалар ҳақида маълумотлар ҳамда талабаларга бериладиган дипломларнинг қайд рақамларини киритиш;

таълим жараёнига инновацион таълим методларини, илғор тажрибаларни, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини ҳамда фаннинг сўнгги ютуқларини жорий этиш;

педагоглар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, Филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлаш;

Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий адабиётлар билан тўлдириш;

Филиалнинг ўқув-лаборатория базасини шакллантириш, шунингдек, махсус фанларни ўқитиш учун замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш;

Филиални жойлаштириш учун ажратилган бино ва иншоотларни жиҳозлаш;

Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 5 фоизидан кам бўлмаган қисмини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни бепул (Филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратиш;

Филиалда таълим жараёнини ташкил этишда мутахассислик фанларидан дарс бериш учун профессор-ўқитувчилар таркибининг 40 фоизидан кам бўлмаган қисмини малакали хорижий профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш;

Филиал ўз фаолиятини тугатган тақдирда, Филиалда таҳсил олаётган талабаларга ўз йўналишлари бўйича Университетда ўқув жараёнини давом эттириб, Университетнинг белгиланган намунадаги дипломини олишга имконият яратиш;

Филиалда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда Келишув шартларига мувофиқ тўлақонли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;

в) Хоразм вилояти ҳокимлиги Филиални жойлаштириш учун ажратилган бино ва иншоотларни ўз маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш мажбуриятини олиши маълумот учун қабул қилинсин.


6. Филиал Хоразм вилояти, Урганч шаҳар, А.Баҳодирхон кўчаси, 195-уй манзилидаги Урганч давлат университетининг бино ва иншоотларида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Бунда мазкур бино ва иншоотлар ҳамда унга тегишли ҳудудни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, коммунал тўловлар Филиал маблағлари ҳисобига қопланади.


7. Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Университетга:

Филиал уставини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда;

Филиални танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда зарур ёрдам кўрсатсин.


8. Филиалга ўқув ва илмий-тадқиқот ишларига таклиф қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Филиалда таълим сифатини таъминлаш ҳамда қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов, Хоразм вилояти ҳокими Ф.Ў. Эрманов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 17 сентябрь










































Время: 0.1926
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск