ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Паспорт ва виза тизими /

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 22.09.2020 й. ПФ-6065-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 22 сентябрдаги

ПФ-6065-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг

идентификация ID-картаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси (кейинги ўринларда - ID-карта) - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат;


чип - ID-картадаги биографик маълумотлар, рақамли фотосурат ва қўл бармоқ изи ҳамда бошқа маълумотларни сақловчи электрон қурилма;


персоналлаштириш - ID-карта эгасининг биографик ва биометрик маълумотларини ID-картага киритиш;


верификациялаш - ID-картага киритилган биометрик маълумотларнинг ID-карта эгасининг биометрик маълумотларига мослигини махсус техник қурилма ёрдамида текшириш;


маълумотларни йиғиш пункти - ID-карта олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг биографик ва биометрик маълумотларини жамлаш, ID-карталарни персоналлаштириш ва бериш вазифаларини бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ҳамда давлат хизматлари марказлари;


ID-карта олиш учун талабнома (кейинги ўринларда - талабнома) - ID-карта олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик ва биометрик маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳужжат.


3. ID-карта Ўзбекистон Республикаси мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир.


4. ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан фуқароларга қуйидаги муддатларга берилади:

янги туғилган болага бир ёшгача - икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);

бир ёшдан 16 ёшгача - 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);

16 ёшдан - 10 йил муддатга.


5. ID-карта қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади.


6. ID-карта белгиланган намуна бўйича лотин алифбосида ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса - ID-карта олиш учун мурожаат қилган фуқаронинг хоҳишига кўра лотин алифбосида қорақалпоқ ёки ўзбек тилларида персоналлаштирилади.


7. ID-карта бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

а) ҳужжатнинг номи;

б) ID-картанинг рақами;

в) ID-карта эгасининг:

фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган санаси;

фуқаролиги;

туғилган жойи;

жинси;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

г) ID-картанинг:

берилган санаси;

ким томонидан берилгани;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

д) ID-карта эгасининг рақамли сурати.

ID-картада унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт (16 ёшга етганидан кейин).

Вазирлик ва идораларнинг автоматлаштирилган тизимлари орқали ID-карта эгасининг розилиги билан давлат хизматларини кўрсатишда ID-картага киритилган маълумотлардан фойдаланишга рухсат этилади.


8. Чипга ID-карта эгасининг қуйидаги маълумотлари киритилади:

биографик маълумотлари;

инглиз тилида фамилия ва исми;

миллати;

рақамли сурати;

қўл бармоқларининг излари - 16 ёшга етганидан кейин;

электрон рақамли имзо калитининг сертификати - 16 ёшга етганидан кейин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ чипга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Электрон рақамли имзо калитининг сертификати ID-картанинг амал қилиш муддати давомида ҳақиқий ҳисобланади.



2-БОБ. ID-КАРТАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

БЕРИШ ВА АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ


9. ID-картани расмийлаштириш ва бериш ушбу Низомга иловага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра - бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;

фуқаро 16 ёшга тўлганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда;

ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;

фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;

ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;

ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;

ID-карта йўқотиб қўйилганда.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганлиги ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда, фуқаро томонидан маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва электрон талабнома шакллантирилган кундан бошлаб бир иш кунида кўриб чиқилади.

Фуқаро ID-картани йўқотган тақдирда ўзига қулай бўлган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат этади. Янги ID-карта белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунида берилади.

Чипга миллати ҳақидаги ёзув ота-онанинг миллатига мувофиқ ёзилади. Агар ота-оналар турли миллатга мансуб бўлишса, биринчи марта ID-карта берилаётганда фуқаронинг хоҳишига қараб отасининг ёки онасининг миллати ёзилади. Кейинчалик, фуқаронинг ёзма аризасига кўра миллати ҳақидаги ёзув фақат бир марта отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.

10. Фуқаро ID-картаси амал қилиш муддати тугаганда ва тегишли ёшга тўлгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг бир ой муддатда ID-карта олиш учун мурожаат қилиши лозим.

11. Фуқаро ID-карта олиш учун ўзига қулай бўлган маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

илгари берилган паспорт ёки ID-карта;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).


12. ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида берилади.


13. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлигининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзлари ёки қонуний вакиллари орқали (оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда) мурожаат этганда, ID-карта маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан ўн беш кун муддатда ушбу шахсларни яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштирилади ва берилади.

Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.


14. Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти ёки ID-картаси бўлмаган ҳарбий хизматчиларга ID-карта контракт асосида хизмат қилган ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома асосида маълумотларни йиғиш пункти томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларига ID-карталар ҳарбий қисм жойлашган жойдаги маълумотларни йиғиш пункти томонидан тегишли ҳарбий қисм раҳбарларининг ёзма илтимосномалари асосида берилади.


15. Маълумотларни йиғиш пункти тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва ID-картани расмийлаштириш учун талабнома шакллантиради.


16. Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бириктирилмаган ёки жисмоний шахснинг аввалги шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, талабнома ID-картага жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бириктириш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда эса реал вақт режимида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини шакллантиради ва шакллантирилган талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади.


17. Агар фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади.


18. ID-картани расмийлаштириш учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.


19. ID-карта расмийлаштириш ва бериш жараёнида унда техник нуқсонлар аниқланса, башарти улар маълумотларни йиғиш пункти томонидан йўл қўйилган бўлса, ID-карта бепул алмаштирилади.


20. 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ID-карталари уларга ID-карта бериш бўйича мурожаат қилган ота-оналари ёки васийларига (ҳомийларига) берилади.


20-1. 16 ёшга тўлган фуқароларга идентификация ID-карталари берилганда улар бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйилади.

Бунда, фуқаронинг биографик маълумотлари ўзгариши муносабати билан ID-карта алмаштирилганда бу ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитаси ва АТ "Халқ банки"га тақдим этиб борилади.

20-2. Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига ID-картаси маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб ўн кун ичида берилади.

Аризани кўриб чиқиш муддати Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ узайтирилиши мумкин.

ID-карта олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

белгиланган шаклдаги ариза;

процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақидаги тасдиқланган қарор нусхаси.

Давлат божи тўланганлиги ахборот тизимлари орқали текширилади.

Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

20-3. Тергов ҳибсхоналари ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсга янги ID-картани расмийлаштириш ушбу шахслар сақланаётган жойга борган ҳолда амалга оширилади.


3-БОБ. ID-КАРТАДАН ФОЙДАЛАНИШ


21. ID-карта эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади.


22. ID-карта йўқолган тақдирда, фуқаро дарҳол янги ID-картани олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт.


23. Топиб олинган ID-карта ички ишлар органига топширилиши лозим.


24. Вафот этган шахснинг ID-картаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига топширилади ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи ID-картани йўқ қилиш мақсадида маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.


25. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахснинг ID-картаси суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилса, унинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига юборилади.

Шахс жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганида ёки жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга ID-картаси суриштирув, тергов органлари, суд ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан қайтарилади.

ID-карта суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган тақдирда, янги ID-карта ваколатли органнинг олиб қўйиш ҳақидаги тегишли қарори тақдим этилгач, маълумотларни йиғиш пункти томонидан расмийлаштирилади.

Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларидан озод этилган ва паспорти ёки ID-картасини йўқотган шахсларга ID-карта бериш масалалари илгари ҳужжатлаштирилган ёки сўнгги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидаги ёхуд вақтинча турган жойи бўйича ҳисобга олинган ички ишлар органлари томонидан, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлсалар, кўриб чиқилади.

26. Фуқарога янги ID-карта бериш чоғида илгари берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти ёки ID-карта йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан олиб қолинади.


27. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган, шунингдек, хорижий давлатда доимий яшашга қолиш истагини билдирган фуқаро ID-картани сўнгги яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт.

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига топширилган ID-карталар йўқ қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, уни яроқсиз ҳолга келтириши, йўқотиб қўйиши, шунингдек, бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан жавобгарлик белгиланади.

29. Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги оқибатида ID-карта йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Бунда, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан шахс бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни тақдим этади, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги ҳолатини тасдиқлаш зарурати бўлганда, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан сўров асосида қонунчиликда белгиланган ваколатли идоралардан маълумотнома олинади.

ID-карта ўғирланган ҳолларда бу ҳақидаги аризалар жиноят содир этилган жойдаги ёки фуқаронинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари ходимлари томонидан қабул қилинади. Бундай аризалар қабул қилинганлиги ҳақида фуқароларга маълумотномалар берилади ва улар жавобгарликка тортилмайди.

30. Талабномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига вояга етмаган шахслар номидан мурожаат қилган шахслар ёки вояга етган ва ID-картани биринчи маротаба олаётган фуқаролар шахсан жавобгар ҳисобланади.






Низомга

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг

идентификация ID-картасини расмийлаштириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Ўзбекистон Республикаси фуқароси:

ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра - бола туғилгандан 16 ёшигача;

16 ёшга тўлганда;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги олинганда;


Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти ёки ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда.


ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

илгари берилган паспорт ёки ID-карта;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).


Заруратга кўра









2-босқич

Маълумотларни йиғиш пункти (ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари)


Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида:

аризачининг биографик маълумотларини тизимга киритади;

шахснинг электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади;

шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади;

ID-картани расмийлаштириш учун электрон талабнома шакллантиради.


Ариза берилган кун давомида









3-босқич

Давлат персоналлаштириш маркази


ID-карта олиш учун ариза топширган Ўзбекистон Республикаси фуқаросида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжудлиги ва тўғрилигини текширади;

а) аризачида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд бўлмаган ҳолда:

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини шакллантиради ва шакллантирилган электрон талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади;

б) аризачида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд бўлса:

шакллантирилган электрон талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади.


Ахборот тизими воситасида реал вақт режимида









4-босқич

Маълумотларни йиғиш пункти


Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида унга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини персоналлаштиради ва беради.


Ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни давомида









5-босқич

Ўзбекистон Республикаси фуқароси


Қуйидаги ҳолатларда ID-картани тиклаш ёки алмаштириш учун маълумотларни йиғиш пунктига ариза билан мурожаат қилади:

ID-карта йўқотиб қўйилганда;

ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганда, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан.


Ҳолат юз берганда беш иш куни ичида









6-босқич

Маълумотларни йиғиш пункти


Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида унга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини расмийлаштиради ва беради.


ID-картани тиклаш ёки алмаштириш учун ариза берилган кундан бошлаб беш иш куни ичида









7-босқич

Ички ишлар вазирлиги


16 ёшга тўлган фуқароларга идентификация ID-карталари берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитаси ва АТ "Халқ банки"га тақдим этади.


Реал вақт режимида









8-босқич

Давлат солиқ қўмитаси


Идентификация ID-карталари берилган 16 ёшга тўлган фуқароларни солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олади.


Маълумотлар олинган куни









9-босқич

АТ "Халқ банки"


Идентификация ID-карталари берилган 16 ёшга тўлган фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олади.


Маълумотлар олинган куни









10-босқич

Ички ишлар вазирлиги


Фуқаронинг биографик маълумотлари ўзгариши муносабати билан ID-карта алмаштирилганда бу ҳақидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитаси ва АТ "Халқ банки"га тақдим этади.


Ўзгариш бўлган куни реал вақт режимида



             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 23 сентябрь






































Время: 0.0097
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск