ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Паспорт ва виза тизими /

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 22.09.2020 й. ПФ-6065-сон Фармонига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 22 сентябрдаги

ПФ-6065-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат

фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг

идентификация ID-картаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган (кейинги ўринларда - доимий рўйхатга олинган) чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга идентификация ID-картасини расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси (кейинги ўринларда - ID-карта) - эгасининг шахсини ва фуқаролигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи, эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат;


чип - ID-картадаги биографик маълумотлар, рақамли фотосурат ва қўл бармоқ изи ҳамда бошқа маълумотларни сақловчи электрон қурилма;


персоналлаштириш - ID-карта эгасининг биографик ва биометрик маълумотларини ID-картага киритиш;


верификациялаш - ID-картага киритилган биометрик маълумотларнинг ID-карта эгасининг биометрик маълумотларига мослигини махсус техник қурилма ёрдамида текшириш;


маълумотларни йиғиш пункти - ID-карта олиш учун мурожаат қилган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биографик ва биометрик маълумотларини жамлаш, ID-карталарни персоналлаштириш ва бериш вазифаларини бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ҳамда давлат хизматлари марказлари;

ID-карта олиш учун талабнома (кейинги ўринларда - талабнома) - ID-карта олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик ва биометрик маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳужжат.


3. ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қуйидаги муддатларга берилади:

янги туғилган болага бир ёшгача - икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);

бир ёшдан 16 ёшгача - 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра).

16 ёшдан 60 ёшгача - 5 йил муддатга;

60 ёшдан ошганларга - 10 йил муддатга.


4. Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароларига ID-карта унинг миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган муддатга берилади.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун камида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс - хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (иштирокчиси), шунингдек, уларнинг оила аъзоларига (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандларига) - ID-карта 10 йил муддатга, бироқ миллий паспортнинг амал қилишидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.


6. ID-карта қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади.


7. ID-карта белгиланган намуна бўйича лотин алифбосида ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса - ID-карта олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг хоҳишига кўра лотин алифбосида қорақалпоқ ёки ўзбек тилларида персоналлаштирилади.


8. ID-карта бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

а) ҳужжатнинг номи;

б) ID-картанинг рақами;

в) ID-карта эгасининг:

фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган санаси;

фуқаролиги;

туғилган жойи;

жинси;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

г) ID-картанинг:

берилган санаси;

ким томонидан берилгани;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

д) ID-карта эгасининг рақамли сурати.

ID-картада унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт (16 ёшга етганидан кейин).

Вазирлик ва идораларнинг автоматлаштирилган тизимлари орқали ID-карта эгасининг розилиги билан давлат хизматларини кўрсатишда ID-картага киритилган маълумотлардан фойдаланишга рухсат этилади.


9. Чипга ID-карта эгасининг қуйидаги маълумотлари киритилади:

биографик маълумотлари;

миллати мавжуд бўлган тақдирда;

рақамли сурати;

қўл бармоқларининг излари - 16 ёшга етганидан кейин;

Электрон рақамли имзоси калитининг сертификати - 16 ёшга етганидан кейин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ чипга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Электрон рақамли имзо калити сертификати ID-картанинг амал қилиш муддати давомида ҳақиқий ҳисобланади.



2-БОБ. ID-КАРТАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ, БЕРИШ,

АЛМАШТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


10. ID-картани расмийлаштириш ва бериш ушбу Низомга иловага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга:

уларнинг ота-оналари, васийларининг (ҳомийларининг) ихтиёрига кўра - бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;

шахс 16 ёшга тўлганда;

шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, фуқаролиги, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;

б) ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;

в) ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;

г) ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

д) ID-картани ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;

е) ID-карта йўқотиб қўйилганда.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, фуқаролиги, жинси ўзгарганлиги ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда, Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ID-картани йўқотган тақдирда, янги ID-карта белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида берилади.


11. ID-картаси бўлмаган Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 16 ёшга тўлганда ID-карта олиш учун бир ойдан кечикмасдан маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт.


12. Хорижий давлатларга вақтинча чиққан, Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс хорижда бўлган вақтда ID-картанинг амал қилиш муддати тугаса ёхуд фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, фуқаролиги, жинси ўзгарган бўлса, шунингдек, чет давлат фуқаролигидан чиққан ёки қабул қилган ҳамда тегишли ёшга етган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтиб келганидан сўнг уч иш кунидан кечиктирмай тегишли ҳужжатлар билан доимий рўйхатга олинган манзилдаги маълумотларни йиғиш пунктига ID-картани алмаштириш масаласида мурожаат қилиши лозим.


13. Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

чет давлат фуқаросининг миллий паспорти (Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси учун ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта;

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

ваколатли органлар томонидан берилган аризачининг фуқаролиги тугаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат (чет давлат фуқаролигидан чиққан ёки фуқаролигини йўқотган ҳолатда);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).


14. ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида берилади.


15. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-картани расмийлаштириш ва олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзлари ёки қонуний вакиллари орқали (оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда) мурожаат этганда, ID-карта маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан ўн беш кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштирилади ва берилади.

Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.


16. Маълумотларни йиғиш пункти тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва ID-картани расмийлаштириш учун талабнома шакллантиради.


17. Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бириктирилмаган ёки жисмоний шахснинг аввалги шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, талабнома ID-картага жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бириктириш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда эса реал вақт режимида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини шакллантиради ва шакллантирилган талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади.


18. Агар Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади.


19. ID-картани расмийлаштириш учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.


20. ID-карта расмийлаштириш ва бериш жараёнида унда техник нуқсонлар аниқланса, башарти улар маълумотларни йиғиш пункти томонидан йўл қўйилган бўлса, ID-карта бепул алмаштирилади.


21. 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ID-карталари уларга ID-карта бериш бўйича мурожаат қилган ота-оналари ёки васийларига (ҳомийларига) берилади.


21-1. 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари берилганда ушбу шахс бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйилади.

Бунда, шахснинг биографик маълумотлари ўзгариши муносабати билан ID-карта алмаштирилганда ёки бекор қилинганда бу ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитаси ва АТ "Халқ банки"га тақдим этиб борилади.

22. Қуйидаги ҳолатларда Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан бекор қилинади:

қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганида;

чет давлат фуқароси Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча чиққанда, агар у уч йилдан ортиқ вақт мобайнида узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш манзилига қайтмаса;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинча хорижга чиққан фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш манзилига қайтмаса ёки хорижда уни алмаштирмаса ёхуд узрли сабабларсиз уни алмаштиришни рад этса;

бекор қилиш тўғрисида шахсан мурожаат қилса ёхуд нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича бошқа шахс мурожаат қилса ёки чет давлатдаги тегишли органларнинг сўровига асосан;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилганда;

суднинг шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарори асосида;

вафот этганда - фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг ўлим ҳақида гувоҳнома ёки маълумотномаси асосида;

чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилганда;

чет давлат фуқароси миллий паспортининг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг олти ой давомида уни алмаштирмаса ёки ўз давлати фуқаролигидан чиққанлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этмаса;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари илтимосномасига биноан доимий яшашга рухсатнома олган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - ушбу орган ва ташкилотларнинг билдиришномаси асосида;

шахс ID-картани олаётганда ёки уни алмаштиришда ўзи ёки қариндошлари ҳақида ёлғон маълумот берганда, қалбаки, сохта ҳужжатларни тақдим этганда.

Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг бекор қилинган ID-картаси шахснинг сўнгги яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пункти ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига йўқ қилиш учун топширилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига топширилган ID-карталар йўқ қилиш учун Ички ишлар вазирлигига юборилади.


23. Мазкур Низомнинг 22-банди ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбоши асосида ID-картаси бекор қилинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга 30 кун муддат ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиши тўғрисида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан огоҳлантирилади.

Чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс белгиланган муддатда республика ҳудудидан чиқиб кетишдан бош тортган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ чора кўрилади.



3-БОБ. ID-КАРТАДАН ФОЙДАЛАНИШ


24. ID-карта эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади.


25. ID-карта йўқолган тақдирда, Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс дарҳол янги ID-картани расмийлаштириш учун маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт.


26. Топиб олинган ID-карта эгасига қайтариш учун ички ишлар органига топширилиши лозим.


27. Вафот этган шахснинг ID-картаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига топширилади ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи ID-картани йўқ қилиш мақсадида маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.


28. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахснинг ID-картаси суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинса, унинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасига юборилади.

Шахс жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганида ёки жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга ID-картаси суриштирув, тергов органлари, суд ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан қайтарилади.

ID-карта суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган тақдирда, янги ID-карта ваколатли органнинг олиб қўйиш ҳақидаги тегишли қарори тақдим этилгач, маълумотларни йиғиш пункти томонидан расмийлаштирилади.


29. Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга янги ID-карта бериш чоғида илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пункти томонидан олиб қолинади.


30. Фуқаролиги ўзгарган ёки хорижий давлатда доимий яшашга қолиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани сўнгги яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пункти ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига топширилган ID-карталар йўқ қилиш учун Ички ишлар вазирлигига юборилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, уни яроқсиз ҳолга келтириши, йўқотиб қўйиши, шунингдек, бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан жавобгарлик белгиланади.

32. Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги оқибатида ID-картаси йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисида мурожаат этган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Бунда, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан шахс бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни тақдим этади, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги ҳолатини тасдиқлаш зарурати бўлганда, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан сўров асосида қонунчиликда белгиланган ваколатли идоралардан маълумотнома олинади.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картаси ўғирланган ҳолларда бу ҳақидаги аризалар жиноят содир этилган жойдаги ёки чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари ходимлари томонидан қабул қилинади. Бундай аризалар қабул қилинганлиги ҳақида чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга маълумотномалар берилади ва улар жавобгарликка тортилмайди.

33. Талабномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига вояга етмаган шахслар номидан мурожаат қилган шахслар ёки вояга вояга етган ва ID-картани биринчи маротаба олаётган Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар шахсан жавобгар ҳисобланади.






Низомга

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет

давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг

идентификация ID-картасини расмийлаштириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс:

ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра - бола туғилгандан 16 ёшигача;

16 ёшга тўлганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққанда ёки фуқароликни йўқотганда;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда.


ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

чет давлат фуқаросининг миллий паспорти (Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси учун ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси (Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққан ёки фуқароликни йўқотган ҳолатда);

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

ваколатли органлар томонидан берилган аризачининг фуқаролиги тугаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат (чет давлат фуқаролигидан чиққан ёки йўқотган ҳолатда);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).


Заруратга кўра









2-босқич

Маълумотларни йиғиш пункти (ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари)


Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида:

аризачининг биографик маълумотларини тизимга киритади;

шахснинг электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади;

шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади;

ID-картани расмийлаштириш учун электрон талабнома шакллантиради.


Ариза берилган кун давомида









3-босқич

Давлат персоналлаштириш маркази


ID-карта олиш учун ариза топширган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсий идентификация рақами мавжудлиги ва тўғрилигини текширади;

а) аризачида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд бўлмаган ҳолда:

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини шакллантиради ва шакллантирилган электрон талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади;

б) аризачида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжуд бўлса:

шакллантирилган электрон талабномани маълумотларни йиғиш пунктига юборади.


Ахборот тизими воситасида реал вақт режимида









4-босқич

Маълумотларни йиғиш пункти


Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида унга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картасини персоналлаштиради ва беради.


Ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни давомида









5-босқич

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс


Қуйидаги ҳолатларда ID-картани тиклаш ёки алмаштириш учун маълумотларни йиғиш пунктига ариза билан мурожаат қилади:

ID-карта йўқотиб қўйилганда;

ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганда, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан.


Ҳолат юз берганда беш иш куни ичида









6-босқич

Маълумотларни йиғиш пункти


Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида унга ID-картани расмийлаштиради ва беради.


Ариза берилган кундан бошлаб беш иш куни ичида









7-босқич

Ички ишлар вазирлиги


16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитаси ва АТ "Халқ банки"га тақдим этади.


Реал вақт режимида









8-босқич

Давлат солиқ қўмитаси


Идентификация ID-карталари берилган 16 ёшга тўлган шахсларни солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олади.


Маълумотлар олинган куни









9-босқич

АТ "Халқ банки"


Идентификация ID-карталари берилган 16 ёшга тўлган шахсларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олади.


Маълумотлар олинган куни









10-босқич

Ички ишлар вазирлиги


Шахснинг биографик маълумотлари ўзгариши муносабати билан ID-карта алмаштирилганда ёки бекор қилинганда бу ҳақидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитаси ва АТ "Халқ банки"га тақдим этади.


Ўзгариш бўлган куни реал вақт режимида



          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 23 сентябрь










































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск