ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келиши, кетиши ва бўлиши /

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.09.2020 й. 593-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 28 сентябрдаги

593-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари

ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган

жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


жойлаштириш воситалари - меҳмонхоналар, апартотеллар, апартаментлар комплекси (резиденция), спа-меҳмонхоналар, бутик-отеллар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, туристик қишлоқлар, кемпинглар, санаторийлар, пансионатлар, дам олиш зоналари ва уйлари (марказлари), туризм ва спорт базалари, палаткали (кемпинг) лагерлар ва комплекслар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали лагерлар ва бошқа объектлар, шунингдек, тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти автотранспортлари;


даволаш муассасалари - санаторийлар, даволаш пансионатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналар ва бошқа тиббий муассасалар;


миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати - чет эл фуқаросининг хорижга чиқиш миллий паспорти ёки хорижий давлатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш ва ҳаракатланиш ҳужжати;


вақтинча рўйхат - чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш воситалари, даволаш муассасаларида вақтинча ҳисобга олиш ёки ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан хусусий уй-жой, корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфидаги ётоқхоналарда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш;


"E-mehmon" дастури - хусусий уй-жой, корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфидаги ётоқхоналар, жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларида яшовчиларни ҳисобга олишнинг махсус электрон автоматлаштирилган дастури;


манзил тизими - доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни республиканинг бошқа ҳудудларида ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳаракатларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик орқали амалга оширилишини таъминловчи автоматлаштирилган ахборот тизими.


чет эллик инвестор - хорижий инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 8500 бараварида хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига инвестиция киритган ҳамда амал қилиш муддати уч йилгача бўлган кўп марталик инвестиция визасига эга чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс.


3. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат, хизмат, таълим олиш, даволаниш, зиёрат, дам олиш мақсадида ҳамда инвестор, "фахрий фуқаро", ватандош, сайёҳ, ишбилармон, хусусий меҳмон сифатида ёки спорт, маданият йўналишида вақтинча бўлишлари мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (кейинги ўринларда - МваФРБ), жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасалари орқали вақтинча рўйхатга олинадилар. Вақтинча рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахс шахсий идентификация рақами рўйхатга олинган ҳудудий МваФРБ томонидан уларнинг ёзма мурожаатларига асосан берилади.

Вақтинча рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатга олинган жойларида яшашлари лозим.


4. Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз ҳоҳишларига кўра жойлаштириш воситаларида, даволаш муассасаларида ёки уй-жой майдонида таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилган ҳолда яшайдилар.


5. Жисмоний ва юридик шахслар таклифисиз мустақил равишда Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар паспорт назоратидан ўтишдан олдин мазкур Низомда назарда тутилган талаблар ва жавобгарлик билан танишиб чиқадилар.


6. Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ёнида паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати бўлиши ҳамда улар бу ҳужжатларни ваколатли органлар вакилларининг талабига мувофиқ тақдим этишлари шарт.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганлиги ҳақида қабул қилувчи ташкилотга ва ички ишлар органларига дарҳол хабар қилишлари лозим.

Сайёҳларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган соддалаштирилган тартибда текширилади.


7. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ташкилотлардан бирининг таклифига мувофиқ келган ҳолларда, бошқа ташкилот ушбу фуқарога нисбатан мажбуриятларни ва ушбу Низомда назарда тутилган жавобгарликни ўзига олган ҳолда, уни ўз йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасида қабул қилиш ҳуқуқига эга.


8. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва унинг ҳудудида ҳаракатланиши учун рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама битимлари билан, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тенглик асосларида ўзгартирилиши мумкин.


9. Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя этишлари шарт.



2-БОБ. БОШҚА ДАВЛАТЛАРДАН КЕЛГАН

ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРНИ ВАҚТИНЧА ТУРГАН ЖОЙИ БЎЙИЧА

РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


10. Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли равишда миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати билан вақтинча рўйхат асосида яшайдилар. Вақтинча рўйхатга олиш чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириб келганларидан кейин уч иш куни давомида уларни таклиф қилган (қабул қилаётган) ва уларга турар жой берган жисмоний шахслар, хусусий уй-жой эгалари, ташкилотларнинг ётоқхоналари маъмурияти, жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасалари томонидан "Е-mehmon" дастури орқали ёки ҳудудий МваФРБга мурожаат қилган ҳолда амалга оширилади.

Вақтинча рўйхатга олинишнинг муддати чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган санадан кейинги куннинг 00:01 соатидан бошлаб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа чет давлатлар ўртасида тузилган ҳалқаро шартномаларда назарда тутилган ҳорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш тартиби мазкур шартномаларда қайд этилган талабларга мувофиқ белгиланади.

11. Қуйидагилар вақтинча рўйхатдан озод қилинадилар:

а) республикага Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифига мувофиқ келган хорижий мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламент ва ҳукумат делегацияларининг аъзолари, ушбу делегацияларнинг техник ходимлари, санаб ўтилган шахсларнинг оила аъзолари;

б) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан берилган ҳужжатлар (қизил ва мовий рангли Laissez-Passer паспорти) бўйича Ўзбекистон Республикасига келган шахслар;

в) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

г) 16 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

д) Ўзбекистон Республикасига байрам ва дам олиш кунларида ёки оддий кунларда уч иш кунигача бўлган муддатга келадиган ҳамда шу кунлар давомида республикадан чиқиб кетадиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

е) саёҳат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар уларнинг республиканинг ҳар бир аниқ аҳоли пунктида бўлиш муддати уч кундан ошмаса, уларнинг бўлганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлардан (хизматлардан фойдаланганлигини, товарлар харид қилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, фото ёки видеотасвирлардан) бири мавжуд бўлганда. Бунда битта аҳоли пунктида узлуксиз рўйхатдан ўтиш талаби қўйилмайди;

ж) Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда келган чет эл ҳарбий самолётлари (кемалари) экипажларининг аъзолари;

ҳарбий самолётлар (кемаларнинг) экипажлари аъзоларининг қирғоққа тушиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб юришига ҳарбий самолётлар (кемалар) қабул қилиш режасига мувофиқ катта (ҳарбий) бошлиқ томонидан рухсат этилади;

з) халқаро йўлларда юк ва йўловчилар ташишни амалга оширувчи хорижий автотранспорт воситалари экипажлари таркибига кирувчи шахслар, ташишларни амалга ошираётган йўналишларидаги шаҳарларда ва аҳоли яшаш жойларида, шу жумладан борадиган жойларида бўлган чоғларида;

и) ҳарбий бўлмаган чет эл кемалари экипажлари таркибига кирувчи шахслар гарнизонларда ва чегара шаҳарларида бўлган чоғларида, бу шахслар уюшган ҳолда саёҳатга чиққан вақтларида эса, Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарларида ҳам. Чет эл фуқароларининг кўрсатиб ўтилган тоифаларининг объектлардан чиқишларига портларда амалда бўлган қоидалар ва йўриқномаларга мувофиқ чегара қўшинлари вакиллари томонидан рухсат этилади;

к) халқаро авиация йўлларининг фуқаро ҳаво кемалари экипажлари, халқаро темир йўл поездлари бригадалари таркибига кирувчи шахслар, қатновнинг амалдаги жадвалида кўрсатилган аэропортларда ёки бекатларда бўлган чоғларида.


12. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

а) жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари маъмурияти томонидан улар келиб жойлашган вақтнинг ўзида, қанча муддат бўлишларидан қатъи назар, "E-mehmon" дастури ёрдамида;

б) чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни таклиф қилган (қабул қилаётган) ва уларга турар жой берган жисмоний шахслар томонидан:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бўлиш муддати 30 кундан ошмаса, улар келиб жойлашган пайтда "E-mehmon" дастури ёрдамида ёки уч иш куни ичида ҳудудий МваФРБга мурожаат этиш орқали;

агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бўлиш муддати 30 кундан ошса, уч иш куни ичида ҳудудий МваФРБга мурожаат этиш орқали;

в) мустақил равишда саёҳат қилаётган, палаткали лагерларда ва тунаш учун жойлашиш воситасига айлантирилган ер транспортида яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар келганларидан кейин уч иш куни мобайнида туристик-ахборот марказларига ёки яқин орадаги жойлаштириш воситаларига мурожаат қилиш йўли билан "E-mehmon" дастури орқали.

13. Жойлашган шахсларнинг ҳисоби жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари томонидан юритилади.

Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари томонидан ушбу талабнинг бузилиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


14. МваФРБ, жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари ҳамда фуқаролар томонидан автоматлаштирилган ахборот тизими орқали вақтинча рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ИИВ МваФРББда умумлаштирилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида чет эл фуқароларининг қуйидаги тоифалари аккредитация қилинади:

а) хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг бошлиқлари ва ходимлари, ҳарбий атташелар, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатиш ходимлари, уларнинг қарамоғидаги оила аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ва унинг ҳудудида доимий яшамайдиган уй ишчилари;

б) хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари;

в) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотларнинг ваколатхоналари бошлиқлари ва ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзолари;

г) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган иқтисодий, техника ҳамкорлик ва гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича хорижий давлатлар ҳукумат ташкилотларининг бошлиқлари ва ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзолари.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мазкур шахсларга аккредитация карточкалари берилади ҳамда бевосита уларнинг миллий паспортларига аккредитация ҳақида ёзиб қўйилади.


16. 30 кунгача вақтинча рўйхатга олиш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар "E-mehmon" дастури орқали туристик йиғимни (меҳмонхона йиғимини) тўлайдилар ва унга қуйидаги маълумотларни киритадилар:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча рўйхатга олинадиган манзил ва уй-жой мулкдори (мулкдорлари) тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасини исми, туғилган санаси, кўчмас мулкнинг кадастр рақами, телефон рақами);

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасини исми (мавжуд бўлса), туғилган санаси, келишдан мақсади, виза тури, берилган санаси ва амал қилиш муддати, миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг серия ва рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати).


17. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни 30 кунгача ва ундан ортиқ муддатга вақтинча рўйхатга олиш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар ҳудудий МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати;

кадастр ҳужжатларининг (кадастр паспорти, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма) асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) ёзма аризаси (розилиги) ёхуд шахсан топшириш имкони бўлмаганда, нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);

агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнат фаолияти билан шуғулланса, қабул қилувчи юридик шахснинг мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ белгиланган шаклдаги талабномаси;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақидаги маълумотлар - хорижий инвесторлар, улар томонидан чет эл фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари) учун инвестиция лойиҳаси вилоят ҳудудида амалга оширилган тақдирда;

"Фахрий фуқаро" мақомини бериш тўғрисидаги гувоҳнома - "Фахрий фуқаро" мақоми берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари) учун.

30 кунгача вақтинча рўйхатга олинганлик учун туристик (меҳмонхона) йиғими, 30 кундан ортиқ вақтинча рўйхатга олинганлик учун эса "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Давлат божлари ставкаларида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.


18. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинча рўйхат муддатини узайтириш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар вақтинча рўйхат муддати тугашидан олдин ҳудудий МваФРБга юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилишлари керак.


19. "Фахрий фуқаро" мақоми берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари)га давлат божи ундирилмасдан уч йил муддатгача вақтинча рўйхатга олиш расмийлаштирилади ва узайтирилади.


20. Ватандош ва унинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандларига) Ўзбекистон Республикасига кўп маротабали кириш визаларини бериш ҳамда уларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида" 2019 йилдаги 17 апрелдаги 326-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


21. МваФРБ ҳужжатларни расмийлаштирганидан кейин бир иш куни мобайнида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни "E-mehmon" дастури ёрдамида вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштиради ҳамда таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларга мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағини (кейинги ўринларда - қайд варағи) беради.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштириш тартиби мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


22. Хорижий инвесторларни, улар томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар орасидан жалб этиладиган мутахассисларни ва уларнинг оила аъзоларини (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандларини вақтинча рўйхатга олиш хорижий инвесторлар томонидан ушбу ҳудудда инвестиция лойиҳаси амалга оширилган ҳолларда, визанинг амал қилиш муддатига (улар учун халқаро шартномалар асосида визасиз режим ўрнатилган хорижий давлатлар фуқаролари учун - доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқишни талаб этмасдан 1 йил муддатга) амалга оширилади. Уларни вақтинча рўйхатга олишда МваФРБ томонидан мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ берилган қайд варағининг белгиланган бандига "INVESTOR" сўзи ёзилади.

Мазкур тоифадаги қайд варағи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга республиканинг бошқа ҳудудларида вақтинча рўйхатга олинмасдан бўлиш ва яшаш ҳуқуқини беради.


23. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинча рўйхатга олиниш муддати миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати ва виза муддатидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Қайд варағи таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра, давлат тили ёки рус ва инглиз тилида расмийлаштирилади.


24. Қуйидагилар вақтинча рўйхатга олинишга тенглаштирилади:

а) сафарларнинг туроператор ва турагент томонидан ички ишлар органларига туристларнинг миллий паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати маълумотлари, ҳаракатланиш йўналишларининг схемалари, саёҳат қилиш вақтида тўхташ (тунаш) жойлари кўрсатилган рўйхатлари "E-mehmon" дастури ёрдамида электрон шаклда тақдим этилганда;

б) сафарлар туроператор ва турагент томонидан аҳоли пунктларидан ташқарида ташкил этиладиган тур доирасида экскурсия раҳбари, гид ва/ёки йўриқчи-бошловчи ҳамроҳлигида, бундай тур ёки унинг бир қисми 10 кундан ошмаган ҳолда амалга оширилганда;

в) сафарлар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан туроператор ва турагентнинг автотурини сотиб олган ҳолда шахсий автомобилда, мотоциклда, велосипедда, яёв ёки гуруҳ таркибида автобусда амалга оширилганда.

26. Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган, шунингдек, бошқа қоидабузарликларга йўл қўйган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг маъмурияти, хусусий уй-жой эгалари ҳудудий ички ишлар органларига "Е-mehmon" дастури орқали хабар берган ҳолда жойлаштиради.

27. Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларида, шунингдек, хусусий уй-жойда яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бўлиш муддатини узайтириш қабул қилувчи ташкилотларнинг ёзма талабномалари ёхуд таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма мурожаатлари ёки виза режими қўлланилмайдиган, ёхуд виза беришнинг соддалаштирилган тартиби қўлланиладиган, учинчи шахсларнинг таклифисиз, аммо визанинг амал қилиш муддати доирасида келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ёзма аризалари асосида амалга оширилади.


28. Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштириш чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жойлаштириш воситасига ёки даволаш муассасасига келган вақтнинг ўзида амалга оширилади.

29. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган чет эл фуқароларининг дипломатик паспортлари жойлаштириш воситаларида ва даволаш муассасаларида мазкур Низомга мувофиқ вақтинча рўйхатга олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик корпуснинг белгиланган тартибда аккредитация қилинган, миллий паспорт ёки аккредитация карточкаси асосида жойлаштириш воситаларида яшаётган ва даволаш муассасасида бўлган аъзолари жойлаштириш воситаларининг ва даволаш муассасаларининг ҳисобга олиш дафтарлари ва карточкалари бўйича паспортлар ва аккредитация карточкаларига белги қўймасдан вақтинча рўйхатга олинадилар.


30. Мазкур Низомнинг 15, 16, 17, 19, 20 ва 22-бандларида кўрсатилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ёки МваФРБда тегишли равишда аккредитация ёки визанинг амал қилиш муддати белгиланган тартибда узайтирилгандан кейин жойлаштириш воситаларида ёки даволаш муассасаларида вақтинча рўйхат муддати узайтириб берилади.


31. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга МваФРБ орқали виза узайтирилгандан (стикердаги берилган санадан) сўнг таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар уч иш куни давомида ҳудудий МваФРБга, бир иш кунидан кечиктирмай эса жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларига вақтинча рўйхат муддатини узайтириш учун тегишли ҳужжатлар билан мурожаат қилиши лозим.


32. Вақтинча рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга даволаш муассасаларидан мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ карточка расмийлаштириб берилади.

Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари келганлар ҳақидаги маълумотни улар жойлашган вақтнинг ўзида "E-mehmon" дастурига киритадилар.

33. Жойлаштириш воситалари, шу жумладан, санаторий ва пансионатларнинг белгиланган тартибда сертификатсиз ва "E-mehmon" дастурисиз ҳамда даволаш муассасаларининг "E-mehmon" дастурисиз фаолият юритиши тақиқланади.

34. Таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар шу жумладан туроператор ва турагентлар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўз вақтида тушунтириб берилишини таъминлайдилар, шунингдек, уларни ушбу Низомга мувофиқ вақтинча рўйхатдан ўтишни, бўлиш муддатини узайтиришни, республика ҳудудида ҳаракатланишини ҳамда ўзларига белгилаб берилган бўлиш муддати тугагач, Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишини таъминлаш учун жавобгар бўладилар.

Бу шахслар томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уй-жой, транспорт воситалари бериш ёхуд бошқа хизматлар кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом қоидалари бузилишига олиб келиши олдиндан маълум бўлган ҳолларда, ушбу шахсларнинг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уй-жой, транспорт воситалари беришига ёки бошқа хизматлар кўрсатишига йўл қўйилмайди.


35. Ҳудудий ички ишлар органлари жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари маъмурияти, шунингдек, бошқа хусусий уй-жой эгалари томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олиш талабларига риоя этилишини назорат қилади.



3-БОБ. ЯШАШ ГУВОҲНОМАСИ ЁКИ ID-КАРТАГА

ЭГА БЎЛГАН ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ВА ФУҚАРОЛИГИ

БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ ВАҚТИНЧА ТУРГАН ЖОЙИ

БЎЙИЧА РЎЙХАТГА ОЛИШИ ТАРТИБИ


36. Яшаш гувоҳномаси ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни республиканинг бошқа ҳудудларида вақтинча рўйхатга олиши доимий яшаш жойи бўйича рўйхати бекор қилинмаган ҳолда, келган жойи бўйича уч кундан олти ойгача бўлган муддатга амалга оширилади.

Инвестор сифатида доимий яшашга рухсатнома олган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бошқа ҳудудларда вақтинча рўйхатга олиниши талаб этилмайди.


37. Жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олиш улар келиб жойлашгандан кейин ушбу воситалар ва муассасаларнинг маъмурияти томонидан яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта ёхуд ҳаракатланиш ҳужжати асосида амалга оширилади.

Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари келганлар ҳақидаги ахборотни улар жойлашган вақтнинг ўзида "E-mehmon" дастурига киритадилар.

38. Яшаш гувоҳномаси ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча рўйхатга олиниш учун бошқа ҳудудга келган кунидан бошлаб уч иш кунида ҳудудий МваФРБга мурожаат қиладилар ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта ёхуд ҳаракатланиш ҳужжати;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома - 16 ёшга тўлмаган шахслар учун (агар фуқаро хорижда туғилган бўлса);

кадастр ҳужжатларининг (кадастр паспорти, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма) асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд шахсан топшириш имкони бўлмаганда, нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);

агар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс меҳнат фаолияти билан шуғулланса, юридик шахснинг мазкур Низомга 5-иловага мувофиқ белгиланган шаклдаги талабномаси.

Вақтинча рўйхатга олинганлик учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Давлат божлари ставкаларида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.


39. МваФРБ ҳужжатларни расмийлаштирганидан кейин бир иш куни мобайнида вақтинча рўйхатга олади ҳамда мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ қайд варағини беради.

Қайд варағи таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра, давлат тили ёки рус ва инглиз тилида расмийлаштирилади.


40. Бошқа ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларига ўқишга келган, яшаш гувоҳномаси ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олиш МваФРБ томонидан бир ўқув йили даврига амалга оширилади. Улар бошқа таълим муассасасига ўқишга ўтган, академик таътил олган, таълим муассасасидан бўшатилган ёки вафот этган ҳолларда, ушбу муассасаларнинг раҳбарлари тегишли қарор қабул қилинган кунда вақтинча рўйхатга олган МваФРБни бундан хабардор қиладилар.

Таълим муассасаси раҳбарларининг билдириши асосида МваФРБ вақтинча рўйхатни бекор қилади.


41. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олишни узайтириш МваФРБ томонидан кўриб чиқилади. Бунинг учун (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар вақтинча рўйхат муддати тугашидан олдин МваФРБга мазкур Низомнинг 38-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этадилар.

МваФРБ аризани қайд этгач, шунингдек, ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштиргач, бир иш кунида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга вақтинча рўйхатни узайтиради ҳамда мазкур Низомга 5-иловага мувофиқ қайд варағини беради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг чегара зонасига ва ташриф учун ёпиқ бўлган жойларга кириши ҳамда ҳаракатланиши фақат таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма мурожаатлари асосида ички ишлар органларининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.

Қабул қилувчи ташкилотларнинг илтимосига кўра, чет эл фуқароларига кўп марта кириш ва ҳаракатланиш учун рухсатномалар берилиши мумкин.


43. Чегара зонасига ва ташриф учун ёпиқ бўлган жойларга кириш ҳамда ҳаракатланишга рухсат берилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ички ишлар органларининг талаби билан олдинги турар жойларига қайтишлари ёки бошқа пунктга боришлари шарт.


44. Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация қилинган чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш тартиби, агар Ўзбекистон иштирокчиси бўлган халқаро келишувларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, икки томонлама шартномалар билан ва тенглик асосида белгиланади.


45. МваФРБ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча рўйхатга олинганидан кейин шу куннинг ўзида уларнинг рўйхатини (электрон кўринишда) ҳудудий ички ишлар органининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлимига юборади.


46. Ички ишлар органи профилактика (катта) инспекторлари ўзлари хизмат кўрсатаётган ҳудудда вақтинча яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан паспорт-виза режимига риоя этилишини махсус автоматлаштирилган электрон дастурдан фойдаланган ҳолда назорат қилиб борадилар.


47. МваФРБ томонидан расмийлаштириб берилган амалдаги қайд варағи йўқотиб қўйилганда ёки яроқсиз ҳолга келганда, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ёхуд таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахс бир иш кунида ҳудудий МваФРБга миллий паспорт ёки ҳаракатланиш хужжатини тақдим этган ҳолда эркин шаклда ёзилган ариза билан мурожаат қилади.

МваФРБ аризани кўриб чиқиб, шу куннинг ўзида чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган қайд варағи ўрнига янгисини расмийлаштириб беради. Бунда давлат божи ундирилмайди.


48. Шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, белгиланган муддатда вақтинча рўйхатга олинмаган, шунингдек, вақтинча рўйхатга олинган манзилида яшамаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақида уларга яшаш учун турар жой майдони берган уй-жой мулкдори (мулкдорлари) бир иш куни ичида ҳудудий МваФРБни хабардор қилиши шарт.


49. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча яшаш манзилларини республиканинг бошқа ҳудудига ўзгартирса, аввалги манзилларидан чиқиб кетганларидан сўнг уч иш кунидан кечикмай, ҳудудий МваФРБга, жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларига вақтинча рўйхатга олиш учун бевосита ёхуд таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахс орқали мурожаат этишлари лозим.


50. Республиканинг муайян манзилида вақтинча рўйхат асосида яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг бошқа манзилида уч кундан ортиқ бўлиш истагини билдирсалар, амалдаги вақтинча рўйхат бекор қилинмасдан, бўлиш муддатига вақтинча рўйхатга олинадилар. Бунинг учун янги манзилдаги ҳудудий МваФРБга мазкур Низомнинг тегишлилиги бўйича 17 ва 38-бандларида белгиланган ҳужжатлар тақдим этилади.

Бунда янги манзилдаги вақтинча рўйхатга олиниш муддати аввалги вақтинча рўйхатга олиниш муддатидан ошмаслиги лозим.


51. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тасдиқланган режага асосан республика ҳудудида жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилиш қоидаларига риоя этишлари бўйича мониторинг ва профилактик тадбирлар ўтказиб борлиишини ташкил этади ва назорат қилади.


52. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларни мазкур Низом талабларига риоя этишлари ички ишлар органлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ўз ваколатлари доирасида жойлардаги ҳокимият органлари ва Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда назорат қилади.


53. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



(туман (шаҳар) номи)



МваФРБ бошлиғига

(бошлиқнинг резолюцияси, имзо ва сана)



Чиқиш рақами ________

Сана  ________

Т А Л А Б Н О М А

Сиздан қуйидаги чет эл фуқароси ёки фуқаролиги

(юридик шахс номи)


бўлмаган шахсни вақтинча рўйхатга олишни (вақтинча рўйхат муддатини узайтиришни) сўрайди:

1. Ф.И.О.


(чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кирилчада ёзилади)

(чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжат бўйича лотинчада ёзилади)

2. Фарзандлари


(16 ёшгача бўлган фарзандларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили)

3. Фуқаролиги

4. Жинси

5. Туғилган жойи ва санаси

6. Иш жойи ва лавозими

7. Паспорт/ҳаракатланиш ҳужжати N

8. Виза тури ва N

9. Виза ким томонидан расмийлаштириб берилган ва унинг муддати

10. Сўралаётган вақтинча рўйхат муддати (кунларда)

11. Ўзбекистон Республикасига кириб келган санаси (Назорат ўтиш пункти)

12. Вақтинча яшаш манзили

13. Уй-жой майдони берган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми

(тел.)

14. Ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этишга масъул бўлган шахснинг

       

фамилияси, исми, отасининг исми:

Паспорт/ҳаракатланиш ҳужжат серияси ва рақами

хизмат тел. рақами

уяли тел. рақами

(юридик шахс рахбарининг лавозими)


(фамилияси, исми, отасининг исми имзо)

                             (М.Ў.)


Изоҳлар. Талабнома юридик шахсниинг махсус бланкасида ёки А4 форматли оқ қоғозда расмийлаштирилиб, юқори чап бурчагига ҳужжатнинг чиқиш рақами ва санаси кўрсатилган бурчакли штамп қўйилади.

Талабномага уй-жой майдони берган шахснинг розилик аризаси илова қилинади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан

келиб МваФРБ томонидан вақтинча рўйхатдан ўтган

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга

расмийлаштириб бериладиган қайд варағи

Н А М У Н А С И

  

Манзил:

Республика:

Вилоят:

Шаҳар:

Туман:

Кўча:

Уй:

Хонадон:

Кадастр рақами:

1. Фамилия:


2. Исми:


3. Отасини исми:


4. Туғилган санаси:


5. Фуқаролиги:


6. Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжат серияси/рақами/ берилган санаси/амал қилиш муддати


7. Виза тури/рақами/ берилган санаси/амал қилиш муддати


8. Вақтинча рўйхат муддати


9.Келишдан мақсади


10. Берган орган


11. Чоп этилган сана



Қайд варағи унда кўрсатилган муддатгача миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати билан ҳақиқийдир

Қайд варағи ўлчами 11 х 8,5 см






Низомга

3-ИЛОВА



Бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва

фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган

жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддатлари




1-босқич


Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс


30 кунгача муддатга вақтинча рўйхатдан ўтиш ўз хохшига кўра қуйидаги тартибда амалга оширилади:

жойлаштириш воситаларига мурожаат қилади;

даволаш муассасаларига мурожаат қилади;

таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар томонидан мобиль телефони ёки планшет ёрдамида мурожаат қилади;

таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар томонидан туман (шаҳар) МваФРБ бўлинмаларига белгиланган тартибда ариза ва бошқа хужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилади.


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келганидан сўнг 3 иш куни муддатда

30 кундан ортиқ муддатга вақтинча рўйхатдан ўтиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар томонидан туман (шаҳар) МваФРБ бўлинмаларига белгиланган тартибда ариза ва бошқа хужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилади;

Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилади.

2-босқич

Жойлаштириш воситалари маъмурияти

"E-mehmon" дастурига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотларни киритади.

Реал вақт режимида

Даволаш муассасалари маъмурияти


"E-mehmon" дастурига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотларни киритади.

Реал вақт режимида

Таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар

Мобиль телефони ёки планшет ёрдамида "E-mehmon" дастурига қуйидаги маълумотларни киритиб вақтинча рўйхатни расмийлаштиради:

манзил ва уй-жой мулкдори (мулкдорлари) тўғрисидаги маълумотлар;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар.

Реал вақт режимида

Туман (шаҳар)

МваФРБ бўлинмалари

Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб расмийлаштирганидан кейин чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотларни "E-mehmon" дастурига киритади.

Бир иш кунида

Ташқи ишлар вазирлиги

Аккредитация карточкасини бериш масаласини кўриб чиқади.

10 иш кунида

3-босқич

Жойлаштириш воситалари маъмурияти

QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағи расмийлаштириб беради.

Мурожаат қилган вақтнинг ўзида

Даволаш муассасалари маъмурияти

QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағи расмийлаштириб беради.

Мурожаат қилган вақтнинг ўзида

Туман (шаҳар) МваФРБ бўлинмалари

Таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларга QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағини расмийлаштириб беради.

Реал вақт режимида

Ташқи ишлар вазирлиги

Аккредитация карточкасини расмийлаштириб беради.

1 иш кунида




Низомга

4-ИЛОВА



Формат А-5

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

_________________________________

Муассаса номи

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил 25 декабрдаги 777-сон буйруғи

билан тасдиқланган

043 -рақамли тиббий хужжат шакли

ТИББИЙ МАЪЛУМОТНОМА N___________

(чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс учун)

Берилди

га

(тўлиқ фамилия,исми, отасининг исми)

фуқароси

(давлат номи)


Туғилган йили______________________________

Ёши______________________________________

Жинси: эркак q  аёл q

Паспорт рақами____________________

Ким томондан ва қачон берилган

Яшаш манзили

Даволанди


(тиббиёт муассаса номи)

Амбулатор шароитда     q

Стационар шароитда     q

(тиббиёт муассасаси манзили)

20______ й._____________________________ дан

20 ______ й. _______________________________гача

(сана ва ой ёзув билан)

(сана ва ой ёзув билан)

Ташҳис


(ташҳис номи)

Муассаса муҳри

Бош врач:



(имзо)


(фамилияси, исми, отасининг исми)

Даволовчи врач:



(имзо)


(фамилияси, исми, отасининг исми)

Маълумотнома берилган сана 20____й. "______" _____________________






Низомга

5-ИЛОВА


(туман (шаҳар) номи)


МваФРБ бошлиғига

(бошлиқнинг резолюцияси, имзо ва сана)




Чиқиш рақами ________

Сана ________

Т А Л А Б Н О М А

Сиздан қуйидаги чет эл фуқароси ёки фуқаролиги

(юридик шахс номи)


бўлмаган шахсни вақтинча рўйхатга олишни (вақтинча рўйхат муддатини узайтиришни) сўрайди:

1. Ф.И.О.


(чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кирилчада ёзилади)

(чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжат бўйича лотинчада ёзилади)

2. Фарзандлари


(16 ёшгача бўлган фарзандларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили)

3. Фуқаролиги

4. Жинси

5. Иш жойи ва лавозими

6. Сўралаётган вақтинча рўйхат муддати (кунларда)

7. Вақтинча яшаш манзили

8. Уй-жой майдони берган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми

(тел.)

9. Ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этишга масъул бўлган шахснинг

      

фамилияси, исми, отасининг исми:

10. Яшаш гувоҳномаси (ID-карта) ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг серияси ва рақами

хизмат тел. рақами

уяли тел. рақами

(юридик шахс рахбарининг лавозими)


(фамилияси, исми, отасининг исми имзо)

(М.Ў.)


Изоҳлар. Талабнома юридик шахсниинг махсус бланкасида ёки А4 форматли оқ қоғозда расмийлаштирилиб, юқори чап бурчагига ҳужжатнинг чиқиш рақами ва санаси кўрсатилган бурчакли штамп қўйилади.

Талабномага уй-жой майдони берган шахснинг розилик аризаси илова қилинади.






Низомга

6-ИЛОВА



Вақтинча рўйхатга олинган доимий яшовчи чет эл

фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга

МваФРБ томонидан расмийлаштириб

бериладиган қайд варағи

Н А М У Н А С И

Манзил:

Республика:

Вилоят:

Шаҳар:

Туман:

Кўча:

Уй:

Хонадон:

Кадастр рақами:

1. Фамилия:


2. Исми:


3. Отасини исми:


4. Туғилган санаси:


5. Фуқаролиги:


6. Яшаш гувоҳномаси (ID-карта) ёки ҳаракатланиш хужжатининг серияси/рақами/ берилган санаси/амал қилиш муддати


7. Вақтинча рўйхат муддати


8.Келишдан мақсади


9. Берган орган


10. Чоп этилган сана



Қайд варағи унда кўрсатилган муддатгача яшаш гувоҳномаси (ID-карта) ёки ҳаракатланиш хужжати билан ҳақиқийдир

Қайд варағи ўлчами 11 х 8,5 см



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 сентябрь










































Время: 0.1853
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск