ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборот ва ахборотлаштиришнинг умумий масалалари /

"Рақамли Ўзбекистон - 2030" Стратегияси (ЎзР Президентининг 05.10.2020 й. ПФ-6079-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 5 октябрдаги

ПФ-6079-сон Фармонига

1-ИЛОВА



"Рақамли Ўзбекистон - 2030"

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


"Рақамли Ўзбекистон - 2030" стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Стратегия Ўзбекистон Республикасининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда ўрта ва узоқ муддатли истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



2-БОБ. РАҚАМЛИ РИВОЖЛАНИШНИНГ

СТРАТЕГИК МАҚСАДЛАРИ ВА УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


2.1. Рақамли инфратузилмани ривожлантиришнинг

устувор йўналишлари


Рақамли инфратузилмани ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

оптик толали алоқа линиялари, халқаро коммутация марказларини модернизация қилиш ва ривожлантириш орқали минтақавий ва халқаро телекоммуникация тармоқларининг, Ўзбекистон Республикасининг чегарадош Марказий Осиё давлатлари билан транзит алоқаларининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириб бориш;

тақдим этилаётган хизматлар ҳажмини ошириш, резервлаш, тизимларнинг ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, аҳоли пунктлари ва ижтимоий объектларни кенг полосали хизматлардан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш учун маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш;

мобил ва йўлдош алоқа операторларининг инвестицион фаоллигини рағбатлантиришнинг қўшимча механизмларини яратиш;

мобил алоқа тармоғини 4G ва 5G технологияси бўйича ривожлантириш, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларини бешинчи авлод алоқа тармоғи билан босқичма-босқич қамраб олиш;

барча аҳоли пунктлари ва ижтимоий объектларни оптик ва мобил кенг полосали хизматлардан фойдаланиш тармоқлари билан қамраб олиш;

автомагистрал ва темир йўллари, туристик объектларни мобил алоқа тармоқлари билан қоплашни таъминлаш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш тарифларини такомиллаштириш ва оптималлаштириш;

географик жойлашувидан қатъий назар, фуқароларнинг ўсиб бораётган ахборотга эҳтиёжларини қаноатлантириш учун кенг полосали симсиз ва мобил технологияларни янада ривожлантириш;

истеъмолчиларга телевизион сигнални узатиш, ер усти телевизион эшиттириш, кабель телевидениеси, IP-телевидение, маълумотлар узатиш тармоқлари, мобил алоқа, Интернет технологияларидан фойдаланган ҳолда телерадиоэшиттириш, телевизион ва радио хизматларининг барча турларини тўлиқ қамраб олган ҳолда рақамли эшиттиришни такомиллаштириш;

"булутли" ҳисоблашлар асосида маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, фойдаланувчи талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ахборот ресурсларига доимий уланишни таъминлаш;

бозорнинг эркин ривожланиши имкониятини сақлаб, телекоммуникация соҳасини ривожлантириш учун шароитларни яхшилаш, бизнес юритиш ва телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун маъмурий тўсиқларни камайтириш;

электрон ҳукумат доирасида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун барча давлат органлари, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларини идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига улаган ҳолда ушбу тармоқни ривожлантириш;

мамлакатимиз ҳудудида давлат органлари, жисмоний ва юридик шахслар учун ахборотни сақлаш, қайта ишлаш, ҳимоя қилиш ва электрон давлат хизматларининг фойдаланувчанлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш;

давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш ва электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида "хизмат сифатида дастурий таъминот", "хизмат сифатида платформа", "хизмат сифатида инфратузилма" технологияларини кенг жорий этиш;

шаҳар инфратузилмасини бошқаришда рақамли технологияларни жорий этиш орқали транспорт логистикаси, шаҳар инфратузилмаси, шаҳар муҳитининг сифати, шаҳар ривожланишини бошқариш самарадорлиги, жамоат, бизнес ва яшаш жойлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун "ақлли" ва "хавфсиз" шаҳар лойиҳаларини изчил амалга ошириш;

кенг полосали уланишни ривожлантиришнинг технологик асоси истеъмолчиларга асосий ва қўшимча хизматларни, шу жумладан технологик жараёнларни автоматлаштириш хизматларини, аҳолининг ҳаётини қўллаб-қувватлашда ақлли тизимларни жорий этишнинг бир қисми сифатида индивидуал инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга босқичма-босқич киришни таъминлаш учун ягона инфратузилма ёрдамида мультисервис тармоқларини ривожлантириш;

мавжуд алоқа (симсиз ва оптик), симли ва симсиз алоқа технологиялари ва тизимлари, шунингдек, янги географик ахборот ва навигация тизимларининг самарадорлигини ошириш йўлларини ўз ичига олган алоқа ва навигация технологияларини ривожлантириш;

алоқа операторлари ўртасида рақобатни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш.



2.2. Электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг

устувор йўналишлари


Электрон ҳукуматни ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

мамлакат миқёсида сифатли ва талаб юқори бўлган электрон давлат хизматларини янада кенгайтириш, босқичма-босқич барча давлат хизматларини рақамли шаклга ўтказиш, шу жумладан кўрсатилаётган автоматлаштирилган хизматлар улушини 2022 йилга қадар 60 фоизга етказиш;

электрон ҳукумат ахборот тизимларини ишлаб чиқишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш, шу жумладан очиқ кодли дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда давлат органларининг идоравий тизимларини ишлаб чиқиш харажатларини қисқартириш;

истеъмолчилар талабидан келиб чиққан ҳолда очиқ давлат маълумотларини ишлаб чиқиш, шакллантириш ва улардан фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, "очиқ маълумотлар"га асосланган давлат мобил иловалари ва дастурлари улушини ошириш;

давлат маълумотларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш орқали давлат бошқарувида маълумотларни тўплаш ва рақамлаштириш учун керак бўлган барча ресурсларни яратиш орқали асосланган қарорларни қабул қилишни автоматик равишда шакллантириш;

давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини оптималлаштириш, шу жумладан маъмурий тартиботларни автоматлаштириш орқали талаб қилинган маълумотлар ва ҳужжатларнинг сонини қисқартириш;

лицензиялар ва рухсатномалар бериш билан боғлиқ барча тартиб-таомилларни оптималлаштириш ва уларни реал вақт режимида ишловчи электрон шаклга ўтказиш;

электрон ҳукумат тизими доирасида электрон давлат хизматларидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун шахсни масофадан тасдиқлашнинг қўшимча шакл ва усулларини жорий этилишини назарда тутувчи рақамли идентификациялашни ривожлантириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон ҳукумат тизимлари орқали юридик аҳамиятга эга бўлган ахборот етказиш ва хабардор қилиш имкониятини;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолатини онлайн режимида кузатиш самарали тизимларини ("трекинг") жорий этиш;

давлат органларининг фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш;

аҳолининг таклифлари ва мулоҳазаларини, шунингдек, аҳоли фикри асосида амалга оширилаётган лойиҳалар улушини оширишни ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини онлайн тарзда муҳокама қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар иштирок этиши механизмини янада такомиллаштириш;

давлат органлари ва бошқа субъектларнинг барча хизматлари учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни онлайн тўлаш ва навбатларни автоматлаштириш ахборот тизимлари комплексларини яратиш;

архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва давлат хизматларини кўрсатиш ва очиқ маълумотларни шакллантириш доирасида зарур бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базаларида маълумотларни шакллантириш;

идоравий ва идоралараро ахборот тизимларини, электрон ҳукумат хизматларини кўрсатувчи давлат органларининг ахборот ресурсларини, марказий маълумотлар базаларини хавфсиз сақлаш ва уларнинг интеграциясини таъминлайдиган, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг турли ахборот тизимларидаги турли тарқоқ ҳамда такрорий маълумотларни кейинчалик таҳлилий қайта ишлаш имкониятини яратадиган Электрон ҳукуматнинг маълумотларини қайта ишлаш марказини яратиш;

жамият ҳаётининг барча жабҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан қуйидаги йўналишлар бўйича рақамли инфратузилмани шакллантиришни ва электрон ҳукумат ахборот тизимларини кенг жорий қилишни янада жадаллаштириш:

соғлиқни сақлаш, бунда тиббиёт соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ва электрон хизматларни тақдим этишни ҳисобга олган ҳолда миллий интеграциялашган ахборот тизимини жорий этиш;

таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган холда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш;

меҳнат фаолияти ва аҳоли ижтимоий таъминотини тартибга солиш жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

аҳолига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни ташкил этиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш орқали қурилиш соҳасида шаффофлик ва сифатни ошириш тизимини йўлга қўйиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш унумдорлигини ошириш, маҳсулотлар таннархини камайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш тизимини ташкил этиш;

электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиш, углеводород хомашёсини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда истеъмолчиларга етказиш жараёнларини ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш орқали тўлиқ назорат этиш тизимини йўлга қўйиш;

очиқ маълумотларга қулай киришни таъминлаш учун давлат идораларига API-ларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш.



2.3. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг

устувор йўналишлари


Иқтисодиётнинг реал секторида рақамли технологияларни ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

саноат корхоналарида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш дастурларини ушбу корхоналарни технологик қайта жиҳозлаш дастурлари билан уйғунлаштириш;

корхона таъминотининг барча босқичларини автоматлаштириш ва бошқаришни таъминлаш, шунингдек, бу орқали логистика ва харид харажатларини қисқартириш;

замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш ҳисобига маҳсулотлар ва хизматлар сифатини яхшилаш, уларнинг таннархини, ишлаб чиқаришдаги тўхталишларни камайтириш, молиявий-иқтисодий фаолиятнинг шаффофлигини ошириш;

инновацион автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

ишчи жойларни босқичма-босқич автоматлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини роботлаштириш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

савдо ҳажмини ошириш ва мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида буюртмачилар (мижозлар) билан ўзаро муносабат механизмларини такомиллаштириш;

бошқарув маълумотларини қабул қилишни қўллаб-қувватлаш тизимини, жумладан, реал вақт режимида бизнес-таҳлил тизимини жорий қилиш орқали такомиллаштириш;

2025 йилда корхона ресурсларини бошқариш тизимини (ERP) жорий қилган йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг улушини 90 фоизга етказиш;

саноат корхоналарида жорий этилаётган ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш (ERP, MES, SCADA ва бошқалар), роботлаштириш, "Буюмлар интернети", "сунъий интеллект" каби технологияларнинг дастурий маҳсулот қисмини 2027 йилга келиб, аппарат қисмини эса 2030 йилга келиб давлат-хусусий шериклик асосида маҳаллийлаштириш;

коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларни бошқариш учун смарт технологияларни жорий қилиш, интеллектуал сервисларни жорий қилиш ва коммунал хизматларни тартибга солиш учун "ақлли уй" тажрибасини жорий этиш;

2022 йилда республиканинг барча йирик шаҳарларида жамоат транспортларида йўл ҳақи тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва нақд пулсиз тўловлар улушини 90 фоизга етказиш;

ҳар қандай йўловчи транспортида чипта сотиб олиш учун ягона платформани яратиш;

корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва хизматларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали сотиш бозорларини кенгайтириш;

транспорт тизимини комплекс ривожлантириш учун дастурий моделлаштириш тизимларидан фойдаланиш механизмларини амалга ошириш;

суғурта тизимини рақамлаштириш учун давлат-хусусий шериклик асосида рақамли суғуртани амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

логистика тизимини такомиллаштириш ва рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида рақамли логистика тизимига босқичма-босқич ўтиш;

иқтисодиётнинг реал секторларида роботлаштирилган саноатни ривожлантириш ва амалга ошириш;

йирик саноат корхоналари учун робототехника ва муҳандислик ихтисосликларини ташкил этиш;

ишлаб чиқариш корхоналарида аддиктив (қаватма-қават қуриш ва синтез қилиш технологияси, 3D ўлчамда босиб чиқариш) технологияларини кенг жорий этиш.

Электрон тижорат ва электрон тўловлар тизимини ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан мижозларни масофадан аниқлаш тизимларини жорий этиш орқали масофавий банк хизматларини ривожлантириш;

халқаро электрон тижорат стандартлари ва замонавий ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилиш учун электрон тижоратни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, мавжуд стандартлар ва электрон тижорат қоидаларини такомиллаштириш ва янгилаш;

рақамли инфратузилмани ривожлантириш, мобил ва симли Интернет жаҳон ахборот тармоғи қамрови ва тезлигини янада ошириш орқали электрон тижорат платформаларига шахсий рақамли ускуналардан уланиш имкониятлари ва кўламларини ошириш;

электрон тижорат ва электрон тўловлар тизимини янада ривожлантириш, шунингдек, электрон ҳукумат хизматларини тақдим этишда тўловларни қабул қилиш ва қайта ишлаш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт ва молия соҳасида ахборот инфратузилмасини такомиллаштириш;

электрон тижоратнинг ривожида муҳим рол ўйновчи почта ва логистика инфратузилмасини модернизациялаш ва техник янгилашни таъминлаш, логистика марказларини (фулфилмент) яратиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш, ахборот технологияларини ва почта алоқаси объектларида автоматлаштирилган тизимлар жорий этиш, шунингдек, почта ва логистика хизматлари сифатини ошириш;

жисмоний шахсларга Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали товарлар ва хизматлар учун тўловларни тўлашни ташкил этиш жараёнини осонлаштиришга имкон берадиган тўловлар агрегаторларини ривожлантириш;

трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини қулай ва ўз вақтида экспорт қилишни таъминлаш;

битта савдо майдончасида кенг кўламли банк ва банкдан ташқари молиявий хизматларни (қимматли қоғозлар билан операциялар, суғурта ва бошқалар) тақдим этишга йўналтирилган молиявий супермаркетларнинг бизнес моделини яратиш;

тижорат банклари томонидан мижозларга масофавий банк хизматлари (интернет-банкинг, банк-мижоз, смс-банкинг ва бошқалар), шу жумладан, мобил иловалар орқали хизмат кўрсатиш кўламини ва сифатини ошириш;

электрон тижорат соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шу жумладан чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида, шунингдек, юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб етиш;

электрон тижорат билан шуғулланувчи субъектларнинг товар ва хизматлар учун тўловларини QR тўловлари технологияси ва NFC технологияларини жорий қилиш, жумладан мобил қурилмалар орқали тўловларни қабул қилиш орқали замонавий ва қулай бўлган масофавий усулларда қабул қилиш имкониятини яратиш;

давлат сектори, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хусусий сектор ўртасидаги яқин ҳамкорликда электрон тижорат ва рақамли тўлов платформаларини ривожлантириш ва кенгроқ фойдаланишга кўмаклашиш.



2.4. Рақамли технологиялар миллий бозорини

ривожлантиришнинг устувор йўналишлари


Рақамли технологиялар миллий бозори учун қулай муҳитни яратиш ва истиқболли "рақамли" стартапларни ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

технопарклар ва коворкинг марказлари фаолиятини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш орқали замонавий рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган дастурий маҳсулотлар ва хизматларни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш;

рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва уларнинг бизнес амалиётига таъсири ва янги рақамли хизматлар ёки маҳсулотлар пайдо бўлиши таъсирини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик базасини такомиллаштириш механизмларини шакллантириш;

миллий стартапларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва ахборот технологиялари соҳасида янги иш бошлаётган корхоналар ва кичик корхоналарга, жумладан венчур молиялаштириш орқали кўмаклашиш;

маҳаллий дастурий маҳсулотлар бозори ривожланиши учун шароит яратиш, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ва давлат органларининг самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш орқали янги инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва уларни кейинчалик амалга ошириш;

ташқи бозорда маҳаллий технологик ва дастурий маҳсулотларга бўлган талабни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

интеллектуал мулкни рўйхатдан ўтказиш, устав капиталида интеллектуал мулкни кўрсатиш имкониятини яратиш билан боғлиқ тартиботларни соддалаштириш;

венчур экотизимларнинг ривожланишини соддалаштириш учун "регулятив қумдон"ни яратиш;

транспорт жараёнларини режалаштиришда аҳолининг ҳаракатчанлигини аниқлаш учун (махфий маълумотдан ташқари) турли хизматлардан (мобил алоқа операторлари маълумотлари, иловалар ва бошқалар) маълумотларни жамлаш бўйича ягона платформани жорий этиш;

ахборот технологиялари соҳасидаги стартап ва тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш тизимининг муқобил механизмларини жорий етиш;

инновацион ғоялар, стартаплар ва венчур лойиҳаларини молиялаштириш тизимининг барқарор занжирини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

ахборот технологиялари соҳасида янгидан иш бошлаган ва кичик корхоналарга стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, инновация фаолияти натижаларини инвестицияларни жалб қилган ҳолда кўмаклашиш;

спортчиларни компьютер спорт турлари бўйича, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўқитиш учун компьютер спорт марказлари (профессионал клублар) тармоғини яратиш;

компьютер ўйинлари саноатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, хорижий инвестицияларни маҳаллий IT-маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва рағбатлантиришга жалб қилиш, ушбу соҳадаги малакали мутахассисларни танлаб олиш ва тайёрлаш;

ахборот технологиялари соҳасида аутсорсинг хизматлари бозорини ривожлантириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шароитларни яратиш;

лойиҳа бошқарувига ўқитишни жорий этиш, шунингдек, стартап-лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи инкубация ва акселерация марказлари фаолиятини ташкил этиш орқали ахборот технологиялари соҳасидаги олий таълим сифатини ошириш;

IT-паркнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарини очиш орқали маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларининг манфаатларини ифодалаш ҳамда уларга ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илгари суришда кўмаклашиш;

ҳар томонлама таҳлилий ва амалий тадқиқотлар асосида рақамлаштириш жараёнларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини баҳолаш ва келгусида мамлакат иқтисодиётининг рақамли трансформациясини кенгайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ахборот технологиялари соҳасида тижоратлаштириш салоҳияти баланд бўлган юқори технологик маҳсулотлар яратилишига йўналтирилган илмий-тадқиқот ишланмалари ишлаб чиқилишини ривожлантириш;

IT-парк асосида илғор технологиялардан (Big Data, IoT, AI блокчейн ва бошқалар) фойдаланган ҳолда устувор тармоқлар учун "ақлли ечимлар" ни ишлаб чиқишни рағбатлантириш;

бизнес корхоналари, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ва илмий марказлар ўртасидаги ҳамкорликка асосланган юқори технологияли тадбиркорлик марказлари ва кластерларини яратишга кўмаклашиш;

технопарклар, акселераторлар ва инкубаторларни хакатонлар, танловлар ва конференциялар орқали тизимли равишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва грант субсидиялари бериш.



2.5. Ахборот технологиялари соҳасида таълим

бериш ва малака оширишнинг

устувор йўналишлари


Аҳолининг барча қатламларида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ёшлар орасида ахборот технологияларини оммалаштириш, шунингдек, аҳолининг барча қатламлари орасида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш;

кекса ва ўрта ёшдаги аҳолига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлаш, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан ва бошқа технологиялардан фойдаланиш бўйича кўникмаларни ўз ичига олган компьютер саводхонлиги курсларини ташкил этиш;

aхборот технологиялари соҳасида масофавий, онлайн ва виртуал ўқитиш технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, онлайн курслар учун платформалар ишлаб чиқиш;

рақамли технологиялар соҳасида юқори малакали кадрлар авлодини шакллантириш мақсадида умумтаълим мактаби ўқувчиларига дастурлашни ўргатиш учун шароит яратиш;

аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш соҳасида йирик IT-корхоналарни жалб қилган ҳолда давлат хусусий шериклик механизмларини ташкил қилиш;

вилоят ва шаҳарларда рақамли кўникмалар даражасидаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган ўқув марказларини ташкил этиб вертикал бошқарув ўқув модели тизимини туман ва шаҳарлар даражаларида (IT-парк филиали-ўқув маркази-мактаб) жорий этиш;

рақамли кўникмаларга эга бўлган аҳоли улушини ошириш мақсадида юқори малакали мутахассислар иштирокида бепул онлайн курсларни ташкил этиш;

фуқароларнинг рақамли иқтисодиёт соҳасида билим даражасини мустақил баҳолаш, шу жумладан бошланғич билим даражасини бепул баҳолаш онлайн ресурсларни ташкил қилиш;

аҳоли ўртасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун "Бир миллион дастурчи" лойиҳасини амалга ошириш.


Давлат бошқарувида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

давлат хизматчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги кўникмалари ва малакаларини ошириш механизмини ривожлантириш ва доимий такомиллаштириб бориш;

иқтисодиётнинг реал секторида рақамлаштиришнинг истиқболли соҳаларида янги ютуқлар муҳокамаси бўйича тадбирларни (форумлар, семинарлар, конференциялар ва бошқалар) ўтказиш;

иқтидорли IT-мутахассисларини ўқитиш, қўллаб-қувватлаш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда мамлакатдан иқтидорли қатламнинг чиқиб кетиши олдини олиш учун уларнинг ривожланишига имконият яратиш;

рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини баҳолаш механизмларини ишлаб чиқиш ва бунда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш: ахборот саводхонлиги (қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни топиш қобилияти); компьютер саводхонлиги (рақамли қурилмалар билан ишлаш қобилияти); медиа саводхонлиги (оммавий ахборот воситаларини танқидий ўрганиш имконияти); коммуникатив саводхонлик (замонавий рақамли алоқа воситаларидан фойдаланиш қобилияти); технологик инновацияларга (янги технологияларга) ижобий муносабатни шакллантириш;

таълим тизимига ҳар бир таълим даражаси учун рақамли иқтисодиётнинг асосий ваколатларига қўйиладиган талабларнинг шаклланиши ва жорий этилиши, (ваколатлар моделини ҳисобга олган ҳолда) уларнинг узлуксизлигини таъминлаш;

давлат органлари ходимларини малакасини ошириш учун замонавий таълим технологияларидан ва ходимларнинг малакасини баҳолашнинг янги механизмларидан фойдаланган ҳолда масофадан ўқитиш бўйича ягона электрон платформани яратиш;

давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари рақамли ривожланиш бўйича ихтисослаштирилган бўлинмаларининг масъул ходимлари билан ишлаш механизмини такомиллаштириш, шу жумладан рақамли технологияларни ривожлантириш мақсадларига эришишга асосланган моддий рағбатлантириш тизимини (KPI) жорий этиш;

рақамли иқтисодиёт, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган ходимларни минимал маълумот даражаси ва касблар малакаси нуқтаи назаридан ходимларнинг асосий лавозимлари ва ишчиларнинг касблари классификаторига риоя қилмасдан жалб қилиш.


Таълим соҳасида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

таълим поғонасининг бошланғич босқичида ўқувчиларга рақамли технологияларни тақдим этиш орқали рақамли кўникмаларни ўзлаштириш учун имкониятлар яратиш, таҳлилий ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, келажакда зарур бўладиган кенг кўламли рақамли трансформация шароитида ёшларга билим ва кўникмалар бериш;

ягона масофавий таълим платформасини келажакда таълимнинг барча йўналишларида татбиқ этиш мақсадида яратиш ва амалга ошириш;

ўқувчилар учун рақамли технологиялардан фойдаланишнинг умумий даражасини ошириш мақсадида умумтаълим мактабларининг асосий ўқув дастурларига доимий ўзгартиришлар киритиш;

технологик касблар ва инновацион фаолият соҳасида ўқишни ташкил этишга қаратилган юқори самарали халқаро амалиётни таълим тизимига жорий этиш;

ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ йўналишда кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари битирувчилари сонини, ахборот технологиялар соҳасида ўртача даражада компетенцияга эга бўлган ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ошириш;

ахборот технологиялар соҳасидаги ташкилотларининг ўқув жараёнларга қатнашишини рағбатлантириш орқали умумтаълим мактабларда информатика фанини ўқитиш методларини такомиллаштириш;

олий таълим муассасаларида тегишли соҳаларда "Буюмлар интернети", робототехника, сунъий интеллект технологияларини қўллаш ва ўрганиш бўйича лабораториялар, шунингдек, хорижий корхоналарни ушбу соҳага жалб қилишни ташкил қилиш;

қоғоз шаклидаги материалларни рақамлаштириш форматларидан фойдаланиш бўйича давлат ягона талабини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлашни таъминлаш орқали таълимда ўқув материалларини рақамлаштириш;

рақамли технологиялар соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва рағбатлантириш, уларнинг ташкилий механизмларини такомиллаштириш;

ғоялар ва янги технологиялар яратишни тарғиб қилувчи республика танловлари ва тадбирларини (хакатонлар, конкурслар, олимпиадалар ва бошқалар) ўтказиш;

янги қидирув тизимларини яратиш йўналишини ишлаб чиқиш ва аниқлаш, шу жумладан аудио ва видео материалларни излаш ва аниқлаш учун ечимлар, ахборотни қидириш ва олишда семантикадан фойдаланиш, машинавий таржима тизимидаги янги технологиялар, шунингдек, машинавий ўқитишнинг янги алгоритмлари ва технологияларини ривожлантириш;

катта ҳажмдаги маълумотлар тўпламини таҳлил қилиш ва билимларни тўплаш бўйича, шу жумладан катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, сақлаш ва интеллектуал таҳлил қилишнинг янги усуллари ва алгоритмларини, катта ҳажмдаги маълумотларни тарқатиш учун янги усуллар ва дастурлар, шу билан бирга мураккаб муҳандислик ечимларини башоратли моделлаштириш учун янги усуллар ва дастурий таъминотлар бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

хатоларга чидамлилигини ошириш ва тизим элементлари ўртасидаги алмашинув вақтини қисқартириш учун янги юқори даражали ҳисоблаш ва маълумотларни сақлаш тизимларини, шу жумладан параллел ҳисоблашнинг янги алгоритмларини, янги суперкомпьютер технологиялари ва дастурларини, янги алоқа технологиялари ва ўзаро таъсир протоколларини яратиш, шунингдек, тизим элементлари ўртасидаги алмашинув вақтини қисқартириш, юқори самарали ва ишончли маълумотларни сақлаш тизимлари учун янги дастурлар яратиш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш;

робототехника комплекслари ва одамлар ўзаро таъсирининг алгоритмларини ишлаб чиқиш, маълумотлар узатиш тармоқлари инфратузилмасини, ўрнатилган сенсорлар ва сенсор тармоқларни такомиллаштириш, шунингдек, "булутли" хизматларини тақдим этишнинг турли хил моделларини амалга ошириш учун дастурий таъминот яратиш бўйича илмий ишларни олиб бориш;

халқаро йирик корхоналарнинг марказлари билан ҳамкорликда рақамлаштириш йўналишидаги миллий кадрлар малакасини ошириш механизмини татбиқ этиш;

мактабгача, ўрта ва олий таълим тизими учун электрон таълим ресурсларини янада такомиллаштириш, шунингдек, ички ва жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланишни таъминлаш;

инсон капиталини ривожлантириш, шу жумладан, ихтисослашган таълимни ривожлантириш ҳамда IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш, IT-корхоналар учун институционал шароитларни яхшилаш ва маъмурий тўсиқларни камайтириш;

аёлларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга рақамли кўникмаларни ўргатиш учун давлат томонидан ёрдам кўрсатиш;

мактаб ва мактабгача таълим тизимига рақамли трансформация ва янги технологиялар бўйича инновацион ўқув дастурларини жорий этиш;

электрон хизматларга аҳоли ишончини шакллантириш ва аҳолининг тез ривожланаётган рақамли имкониятларидан фойдаланиш юзасидан зарур кўникмаларни шакллантириш бўйича самарали чораларни кўриш;

ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда, технология ҳаётий муҳим масалаларни ҳал қилиш, ўқитиш, иш қидириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам берадиган мавзуларда мунтазам равишда таълим кампанияларини ўтказиш;

одамларни ҳукумат ва бизнес томонидан тақдим этиладиган рақамли хизматлардан фойдаланишга чорлаш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган (мақсадли кўрсаткичлар иловада):

юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот ва мобил алоқа тармоқларидан сифатли, хавфсиз, арзон ва оқилона фойдаланиш;

алоқа ва телекоммуникацияларнинг очиқ ва рақобатбардош бозори;

барча ижтимоий объектларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминлаш;

республика бўйлаб оптик толали алоқа тармоғининг узунлигини кенгайтириш;

аҳоли пунктларини юқори тезликдаги алоқа технологиялари (4G ва б.) билан қамраб олиш даражасини ошириш;

шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги рақамли тафовутни камайтириш;

электрон ҳукуматни ривожлантириш халқаро рейтингида энг ривожланган мамлакатлар қаторига кириш;

электрон давлат хизматлари улушини ошириш;

электрон давлат хизматларига ишончни мустаҳкамлаш, аҳолининг давлат органлари билан хавфсиз ва осон ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлаш;

давлат, бизнес ва аҳолининг эҳтиёжларига қараб, ҳисоблаш қувватини самарали тақсимлаш ва ундан фойдаланиш;

республика бўйлаб коммунал соҳада электрон ҳисоблагичлар улушини ошириш;

анъанавий қоғоз ёки электрон ҳужжатга нисбатан электрон ёзувнинг устунлиги;

дастурий маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини кенгайтириш;

IT-паркда резидентлари сонини ошириш;

инвестиция муҳитини яхшилаш, ахборот технологиялари соҳасида инвестициялар самарадорлигини ошириш;

аҳолининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат воситаларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш;

аҳолининг барча қатламлари учун ахборот технологиялари соҳасида таълим олиш бўйича кенг имкониятларининг мавжудлиги;

ахборот технологиялари соҳасидаги профессионал кадрлар захирасининг, шу жумладан бошқарув кадрлари захирасининг мавжудлиги;

IT-йўналиши бўйича олий таълим муассасалари битирувчилари сонини ошириш;

республиканинг барча туманларида (шаҳарларида) рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш.






Стратегияга

ИЛОВА



"Рақамли Ўзбекистон - 2030" cтратегиясининг

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Кўрсаткич номи

Ўлчов бирлиги

Жорий ҳолати

Йиллар кесимидаги мақсадлар

2022

2025

2030

1.

Республика бўйлаб қурилган оптик толали алоқа тармоғининг узунлиги

минг км

41

70

120

250

2.

Республика ҳудудларининг юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан қамров даражаси

фоиз

67

74

85

100

3.

Ижтимоий объектларнинг юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминланганлик даражаси

фоиз

45

100

100

100

4.

Уй хўжаликларининг кенг полосали Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминланганлик даражаси

фоиз

67

74

85

100

5.

Аҳоли пунктларининг кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамров даражаси

фоиз

78

100

100

100

6.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш халқаро рейтингида "Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси"нинг самарадорлик кўрсаткичи

балл

(0 - 1 оралиғида)

0,66

0,70

0,75

0,86

7.

Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларига нисбатан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматларининг улуши

фоиз

34

60

70

90

8.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали электрон давлат хизматларига нисбатан мобил қурилмалар ёрдамида фойдаланиш имкониятига эга электрон давлат хизматлари улуши

фоиз

5

30

42

60

9.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган транзакциявий хизматлар улуши

фоиз

25

45

60

75

10.

Корхона ресурсларини бошқариш тизимини (ERP) жорий қилган йирик хўжалик юритувчи субъектлар улуши

фоиз

20

40

65

100

11.

Онлайн банк хизматлари фойдаланувчилари сони (юридик ва жисмоний шахслар)

млн нафар

10

15

17

20

12.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг инкубация ва акселерация дастурларига киритилган стартап-лойиҳалар сони

дона

50

250

700

2 300

13.

Ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлаш бўйича олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасаларига қабул квоталар сони

минг

7

12

15

20

Изоҳ. Юқоридаги кўрсаткичларга эришиш учун давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг ваколатлари доирасида амалий ёрдам кўрсатадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 12 октябрь, 40-сон, 443-модда
































































Время: 0.1852
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск