ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.10.2020 й. 640-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 9 октябрдаги

640-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро

энергияни тежаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, маблағларни шакллантириш, фойдаланиш ҳамда Жамғармани бошқариш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, банк ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига эга.


4. Жамғарма жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 21 уй.


5. Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси;

қисқартирилган номи - Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Extra-budgetary Intersectoral Energy Saving Fund under the Ministry of energy of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Extra-budgetary Intersectoral Energy Saving Fund;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Внебюджетный Межотраслевой фонд энергосбережения при Министерстве энергетики Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Внебюджетный Межотраслевой фонд энергосбережения.


6. Жамғарманинг асосий мақсади иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда ҳамда аҳоли хонадонларида энергия самарадорлиги лойиҳаларини (кейинги ўринларда - лойиҳа) амалга оширишга инвестицияларни жалб қилиш ва молиялаштиришдир.


7. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари ҳисобланади:

тижорат банклари ёки халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар молия ташкилотлари билан биргаликда лойиҳаларни молиялаштириш;

грант асосида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини ривожлантиришда вакиллик харажатларни қисман қоплаш;

иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш жараёнларида, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида замонавий энергия тежамкор технологиялар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этилишида банк билан келишилган ҳолда имтиёзли кредит бериш;

даромад олиш ва ушбу олинган даромадларни кичик энергетика соҳасини ривожлантиришга қайта йўналтириш;

иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш (қисман ёки тўлиқ молиялаштириш) ва энергия самарадорлиги лойиҳаларини ва энергия тежамкорлик тадбирларини эксперт гуруҳи хулосаларига кўра молиялаштириш (молиявий қарз бериш) ва амалга оширилишини мониторинг қилиш;

иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялар, асбоб-ускуналар ва материалларни ишлаб чиқарувчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш;

энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкорлиги бўйича тадбирларни амалга оширишда ёқилғи-энергетика ресурсларини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларга белгиланган тартибда имтиёзли равишда молиявий қарз бериш;

иккиламчи энергия манбалари ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳамда кичик энергетикани ривожлантириш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия аудитини ўтказишда молиявий ва техник кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ёқилғи-энергия ресурслари истеъмолини қисқартириш ва оқилона фойдаланишга қаратилган фаолиятини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари ташкилотларида энергетик текширувларни ўтказилиш жараёнида фойдаланиладиган технологик ускуналар ва техник воситаларни харид қилишни қисман ёки тўлиқ молиялаштириш;

иқтисодиёт тармоқлари ташкилотлари учун энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатилишида молиявий ёрдам кўрсатиш;

энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари доирасида тижорат банкларига бериладиган кредит кафолатлари каби кредитга лаёқатни ошириш механизмларидан фойдаланиш;

энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари доирасида тижорат банклари билан ҳамкорликда энергия сервиси компанияларини молиялаштириш;

энергия самарадорликни ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан давлат идоралари билан энергия сервиси хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш;

Жамғарма Кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ энергия самарадорлиги лойиҳаларини молиялаштириш;

энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги йўналишида мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда кўмаклашиш;

ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан тарғибот ва ахборот таъминотини ташкил этишда иштирок этиш;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа энергия тежамкорлиги тадбирларини амалга оширишни молиялаштириш.


8. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қарз олувчи - лойиҳа ташаббускори хўжалик юритувчи субъект ёки ижтимоий соҳа муассасаси;


кредит - қарз олувчилар лойиҳаларини молиялаштириш учун фойдаланиладиган банк кредити;


энергия самарадорлиги лойиҳалари - энергия тежамкор технологиялар ва энергия тежамкор ускуналарни, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш орқали объектнинг энергия сарфини камайтириш, ёқилғи-энергия ресурсларидан (электр энергияси, табиий газ, иссиқлик энергияси, суюлтирилган газ, кўмир) фойдаланишда камида ўн фоиз самарадорликка олиб келувчи чора-тадбирлари мажмуи.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


9. Жамғарма ўз фаолияти тўғрисида Жамғарманинг Кузатув кенгашига (кейинги ўринларда - Кузатув кенгаши) ҳисобот беради.


10. Жамғарманинг ижро этувчи органи Дирекция ҳисобланади. Дирекцияни ижрочи директор бошқаради.


11. Кузатув кенгаши ўз фаолияти доирасида қуйидагиларни амалга оширади:

энергия самарадорлиги лойиҳалари ва энергия тежамкорлик тадбирларини кўриб чиқувчи эксперт гуруҳи таркибини тасдиқлайди ва унинг фаолиятини молиялаштириш масалаларини ташкил этади;

Жамғарма томонидан энергия самарадор лойиҳаларни молиялаштириш тартибини белгилайди;

иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ва энергия самарадорлиги лойиҳаларини ва энергия тежамкорлик тадбирларини эксперт гуруҳи хулосаларига кўра тайёрланган Дирекциянинг таклифини кўриб чиқиб, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилади;

Жамғарманинг йиллик даромадлар ва харажатлар прогнозини тасдиқлайди;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитлар ва бошқа молиявий активларни тижорат банкларига жойлаштиришни чекловчи параметрларини белгилайди;

Жамғарманинг умумий стратегиясини, унинг инвестиция сиёсатини, молиялаштириш манбаларини, молиялаштириш воситаларини, лойиҳага мувофиқлик мезонларини ва оператив бошқарувни тасдиқлайди;

Жамғарманинг фаолиятини, шу жумладан маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишини, молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида ўз вақтида қарор қабул қилишни назорат қилади;

маблағларнинг сарфланиши, шунингдек, амалга оширилаётган ишлар ва ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ва натижалари тўғрисида Жамғарма Дирекциясининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиб боради;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботларни кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

Жамғарманинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан йил якуни бўйича аудит ўтказиш учун аудит ташкилотини танлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳоллари аниқланганда асоссиз харажатларни ва етказилган зарарни қоплаш ва суистеъмол қилиш ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўради;

кичик энергия, қайта тикланувчи энергия ва иккиламчи энергия манбаларини ривожлантириш, айниқса чекка ҳудудларни инфратузилмавий ривожлантириш лойиҳалар бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш чораларини кўради;

Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг устав жамғармасини кўпайтириш тўғрисида таклиф киритади.


12. Дирекциянинг таъминоти Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


13. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси:

Жамғарманинг жорий фаолиятини бошқаради;

келгуси йил учун даромадлар ва харажатлар операцион режалари ва прогнозларини шакллантиради ва Кузатув кенгашига тақдим этади;

тижорат банкларини қарз олувчилар бўйича қайта молиялаштириш учун қайтариш шартлари асосида молиявий ресурслар билан таъминлайди;

Кузатув кенгашига Жамғарма маблағларини шакллантириш ва манбаларини кенгайтириш бўйича таклифларни тайёрлайди ва киритади;

Жамғарманинг ўз вақтида ва самарали ишлаши учун зарур бўлган қўшимча маблағларни жалб қилиш бўйича амалий чораларни кўради;

Жамғарманинг даромадларини ва харажатларини ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисида ҳисоботни тайёрлаб, уларни тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига тақдим этади;

Жамғарманинг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан тизимли мониторинг олиб боради ва жавобгар ҳисобланади;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитлар ва бошқа молиявий активларини тижорат банкларига жойлаштириш юзасидан Кузатув кенгашига таклифлар киритади;

Кузатув кенгаши кўрсатмаларига мувофиқ Жамғарманинг инвестиция сиёсатини амалга оширади;

лойиҳаларни молиялаштиришни ташкил этиш мақсадида лойиҳаларни молиялаштириш буюртмаларини бериш ҳамда молиявий воситаларни қўллаш қоидалари ва тартибларини белгиловчи қўлланмани ишлаб чиқади.


14. Жамғарма Дирекциясининг ижрочи директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


15. Ижро этувчи дирекциянинг директори:

Жамғарманинг бошқарувини амалга оширади, Кузатув кенгаши ваколатига кирадиган масалалар бундан мустасно;

Кузатув кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил қилади ва назоратини олиб боради;

Жамғарма томонидан энергия самарадор лойиҳаларни молиялаштириш тартибини ишлаб чиқади ва Кузатув кенгашига тақдим этади;

иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва экспертизадан ўтказиш, таҳлил қилиш, активларни бошқариш соҳасида юқори малакали мутахассисларни дирекцияга жалб қилинишини таъминлайди;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ҳимоя қилади;

Жамғарма номидан меҳнат, иқтисодий, ссуда ва бошқа битимлар имзолайди, шунингдек, Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини ҳамда бошқа молиявий активларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштириш чораларини кўради;

ҳар чорак якуни билан бажарилган ишлар ва кейинги чоракда амалга оширилиши лозим бўлган режалар юзасидан Кузатув кенгашига ҳисобот беради;

Жамғарма зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ Дирекциянинг фаолиятини ташкил этиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


16. Жамғарманинг таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш, бошқа ишга ўтказиш ва лавозимидан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


17. Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясининг штат бирлиги ва харажатлар сметаси Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


18. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбаалар ҳисобидан шакллантирилади:

давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобига нефть-газ ва электр энергетикаси тармоқлари корхоналарининг соф фойдасидан 5 фоиз миқдоридаги ўтказмалар, корхоналарнинг соф фойдасидан дивидендга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар юзага келган ҳоллар бундан мустасно. Мазкур ўтказма маблағлари Жамғармага корхоналар соф фойдасининг тақсимоти ва давлат улушига ҳисобланган дивидендлар тўғрисида уларнинг ваколатли бошқарув органлари томонидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир ой ичида ўтказиб берилиши лозим;

энергияни меъёрдан ортиқча истеъмол қилганлик учун корхоналарга қўлланиладиган оширилган тарифлардан тушумлар;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган иқтисодий санкциялар суммасининг 20 фоизи;

кредитлар бериш ва Жамғарманинг бошқа молиявий-хўжалик фаолиятидан олинган фойда;

халқаро молия институтларининг грантлари ва кредитлари ҳамда донор ташкилотлари маблағлари;

жамғарма активларини бошқариш, шу жумладан, бўш маблағларни банк муассасаларида депозит сифатида жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

тузилган шартномага мувофиқ молиявий қўллаб-қувватлашдан олинган фойданинг бир қисми, бунда унинг суммаси кўрсатилган хизматлар суммасининг йигирма беш фоизидан ошмаслиги лозим;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


19. Жамғарманинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлимида белгиланган тартибда очилган ҳисобварақларида жамғарилади.


20. Жамғарманинг маблағларидан:

бинолар ва кўп квартирали уйларда энергия самарадор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этган ҳолда уларнинг энергия самарадорлигини ошириш, жисмоний шахсларга тижорат банклари орқали миллий валютада ажратиладиган "яшил" истеъмол кредитларини, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган ҳамда ажратилаётган кредитларнинг асосий ставкадан ошган 5 фоизлик қисмини қоплаш учун уч йил муддатга компенсация ажратиш, шу жумладан, иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлашни молиялаштириш, шунингдек, энергия аудитини ўтказиш;

энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўналишида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказлари ташкил этиш (бино ва иншоотларни қуришдан ташқари) ва семинарлар ўтказиш;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, иссиқлик насослари, рекуператорлар, реактив қувватни тикловчи қурилмалар (конденсатор батареялари), реле ҳимояси учун микропроцессор блоклари, частотали ўзгартиргичлар ва бир текис ишга тушириш қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича стартап-лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш корхоналарининг устав жамғармалари (капиталлари) ҳамда корхоналарнинг лойиҳаларини шакллантиришда иштирок этиш;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолиятини таъминлаш, унинг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, уларни моддий рағбатлантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорининг 6-бандида кўрсатилган тадбирларни ўтказиш;

хўжалик юритувчи субъектларда энергия аудити ўтказиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

шаҳар транспортининг ёқилғи-энергетика самарадорлигини яхшилаш, шунингдек, энергия харажатларини камайтириш учун транспорт оқимларини ахборот ва имитацион моделлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича инновацион тадбирларни ўтказиш учун фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАДАН МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒ ЖАЛБ

ЭТИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


21. Лойиҳа ташаббускори Жамғармадан молиявий маблағ жалб этиш мақсадида онлайн Дирекцияга (энергосервис сайтига) буюртма тўлдириш орқали мурожаат қилади.


22. Буюртмада қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

қарз олиш учун ариза, аниқ қарз суммасини кўрсатилган ҳолда;

жалб этиладиган кредит бўйича пул оқимини таҳлил қилинган ҳолда бизнес режа;

солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

энергоаудит хулосаси, эришилиши кутилаётган энергия самарадорлиги даражаси кўрсатилган ҳолда.

Аҳоли томонидан буюртма берилган аризада, қарз суммаси, қарзга харид қилинадиган ускуна, ундан эришиладиган натижа кўрсатилади.


23. Дирекцияга келиб тушган буюртма эксперт гуруҳи томонидан беш иш кунида кўриб чиқилади ва лойиҳани молиялаштириш ёки рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади.


24. Эксперт гуруҳи томонидан молиявий маблағ ажратиш тўғрисида ижобий хулоса берилган лойиҳалар бўйича Дирекция томонидан бир ҳафта муддатда таклиф тайёрланиб, Кузатув кенгашига қарор қабул қилиш учун киритилади.


25. Эксперт гуруҳи томонидан молиявий маблағ ажратиш рад этилган хулоса берилган лойиҳалар бўйича Дирекция бир ҳафта муддатда қарз олувчини хабардор қилади.


26. Кузатув кенгаши уч кун муддатда лойиҳани молиялаштириш тўғрисида 1-иловада келтирилган шаклга мувофиқ баённома тўлдиради. Ушбу баённома Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади ва Жамғармадан маблағ ажратилишига, тижорат банки томонидан лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун асос ҳисобланади.


27. Кузатув кенгашининг қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Агар овозлар тенг бўлса, Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи кучга эга ҳисобланади.


28. Дирекция Кузатув кенгаши томонидан маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган кундан кейин бир кун муддатда энергосервис сайти орқали онлайн тарзда қарз олувчига маълумот беради.


29. Жамғармадан маблағ ажратилиши Жамғарма ва қарз олувчи ўртасида шартнома билан расмийлаштирилади.


30. Қарз олувчи шартномада келтирилган шартларга асосан маблағларни қайтариш учун масъул ҳисобланади.


31. Эксперт гуруҳи томонидан маблағ ажратиш рад этилган хулоса берилган тақдирда Дирекция бир кун ичида қарз олувчига асосланган тарзда онлайн режимда буюртма қабул қилинмаганлиги тўғрисида маълумот беради.


32. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси томонидан молиялаштириш 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР


33. Дирекциянинг (Жамғарманинг) ҳуқуқлари:

қарз олган ташкилотлар томонидан Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан тўлиқ маълумотлар олиш;

мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида мол-мулкли бўлиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

халқаро алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш ҳамда халқаро дастурлар ва лойиҳаларда иштирок этиш;

иш фаолиятини халқаро молиявий ҳисобот стандартларига тўлиқ мос ҳолда амалга ошириш;

Низомда назарда тутилган мақсадларга эришишда хусусий сектор, халқаро ҳамкорлар ва турли миллий, минтақавий ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни рағбатлантириш.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


34. Дирекция (Жамғарма)нинг мажбуриятлари:

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига ва Жамғарманинг уставига мувофиқ амалга ошириш;

чораклик ва йиллик ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Кенгашга тақдим этиш;

барча буюртмачилар ва тегишли лойиҳалар камситилмаслиги, холислик ва тенг имкониятлар яратиш;

Жамғарма фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, жамғарманинг мол-мулкидан фойдаланилиши тўғрисида ҳар йили ҳисоботлар тайёрлаш ва эълон қилиш.

Дирекция (Жамғарма) зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам қабул қилиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Жамғарманинг жорий йилда сарфланмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтказилади.


36. Кузатув кенгаш, ижрочи директор ва бош ҳисобчи Жамғарма маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади.


37. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


38. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


39. Жамғарма тугатилган тақдирда, Жамғарма томонидан кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин унинг барча маблағлари ва активлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфига ўтказилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш

жамғармасидан маблағ ажратилишига

рухсат бериш тўғрисида

БАЁННОМА

________-сон

20___ йил "__" __________

        


(ўрганиш ўтказилган ташкилотнинг номи)


да

(ўрганиш ўтказилган объектнинг манзили)


Кузатув кенгаши аъзолари лойиҳа ташаббускори томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси дирекцияси томонидан эксперт гуруҳи хулосасига асосан тайёрланган таклифни ўрганиб чиқиб, қарор қилади:


1. Тақдим этилган хулосага асосан энергия жиҳатидан самарадорликка эришиш учун ______________________ сўм миқдорида молиявий қарз (кредит) берилсин.


2. Ижро этувчи дирекция лойиҳани ўрнатилган тартибда молиялаштирилишини ташкиллаштирсин.


Ушбу хулосага илова қилинаётган асослантирувчи маълумотлар унинг ажралмас қисми ҳисобланади.


Илова _____ варақда.


Кузатув Кенгаши аъзолари:

1.

2.

3.

4.

5.

6.

7.

8.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия

тежаш жамғармаси томонидан молиялаштириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлари


Муддатлар

I босқич

Лойиҳа ташаббускори


1. Лойиҳани амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармасига (Низомда келтирилган маълумотлар) ҳужжатларни онлайн тарзда тақдим этади.


Зарурат бўлганда









II босқич

Эксперт гуруҳи


Ташаббускорнинг мурожаат ва ҳужжатларипи кўриб чиқади ва улар бўйича лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштирмаслик тўғрисида хулоса тайёрлайди ва Дирекцияга тақдим этади.


5 иш куни









III босқич

Дирекция


1. Эксперт гуруҳи томонидан ижобий хулоса берилган лойиҳалар бўйича молиявий маблағ ажратиш тўғрисида Дирекция томонидан таклиф тайёрланиб, Кузатув кенгашига қарор қабул қилиш учун киритилади.


2. Эксперт гуруҳи томонидан рад этилган хулоса берилган лойиҳалар бўйича қарз олувчига хабар беради.



7 иш куни









IV босқич

Кузатув кенгаши


Кузатув кенгаши лойиҳани молиялаштириш тўғрисида баённома тўлдиради. Ушбу баённома Жамғармадан маблағ ажратилишига ва тижорат банки томонидан лойиҳани қайта молиялаштиришга асос ҳисобланади.


3 иш куни









V босқич

Дирекция


Кенгаш томонидан маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин онлайн тарзда қарз олувчига маълумот беради.


1 иш куни









VI босқич

Дирекция, Лойиҳа ташаббускори


Жамғармадан маблағ ажратиш учун шартнома расмийлаштирилади.


3 иш куни









VII босқич

Дирекция, тижорат банки


Тижорат банки орқали Жамғармадан ажратилган қарз лойиҳа ташаббускори ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.


1 иш куни



                  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 октябрь


































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск