ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Байрамлар. Хотира кунлари. Юбилейлар / Хотира кунлари. Юбилейлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.10.2020 й. ПҚ-4865-сон "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.10.2020 й.

N ПҚ-4865



БУЮК ШОИР ВА МУТАФАККИР АЛИШЕР НАВОИЙ

ТАВАЛЛУДИНИНГ 580 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ

НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА


Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.

Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланди.

Жонажон Ватанимиз "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври - Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида:


1. Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг 2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қуйидагилар:

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда - Ташкилий қўмита) таркиби 1-иловага мувофиқ;

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда - чора-тадбирлар дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмитага Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилсин.


3. Вазирлар Маҳкамаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин;

Алишер Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини таъсис этиш юзасидан таклиф киритсин;

Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоийнинг мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқсин ва натижаси бўйича таклиф киритсин.


4. Маданият вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чораларини кўрсин.


5. Фанлар академияси:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йиллар давомида Алишер Навоийнинг қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашрини яратиш ишларини амалга оширсин;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил декабрга қадар Алишер Навоий ижодий меросининг шарҳини яратиш ишларини якунига етказсин ҳамда уларни "Навоий ва ёшлар" махсус дастурида жойлаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига тақдим этсин;

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида 2021 йил ноябрь ойида Алишер Навоий яшаган давр, шоир ҳаёти, ижоди, адабий муҳити, устозлари, замондошлари ва издошлари ҳақида ҳикоя қилувчи, асарларининг қўлёзма ва нашр нусхалари тўғрисида маълумот берувчи адабий-бадиий кўргазмани ташкил этсин.


6. Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини эълон қилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформасини яратсин.


8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Алишер Навоий асарларини узлуксиз ўқитиш концепциясини ишлаб чиқсин ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан барча таълим муассасаларида шу асосда ўқитишни йўлга қўйсин.


9. Ёшлар ишлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил декабрга қадар қуйидаги масалаларни ўз ичига олган "Навоий ва ёшлар" махсус дастурини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин:

умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Навоий ворислари" ғазалхонлик танлови, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида "Навоийни англаш" мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш;

бешта муҳим ташаббус доирасида ёш дастурчиларни кенг жалб этган ҳолда Алишер Навоий асарларининг мобил иловаларини яратиш ва уларни ёшлар ўртасида оммалаштириш.


10. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактабини ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.


11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Навоий вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида "Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни ҳамда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий анжуманни юқори савияда ўтказсин.


12. Маданият вазирлиги 2021 йилда Алишер Навоий ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш ҳамда "Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада" республика театрларининг фестивалини ўтказиш, шоир ғазаллари асосида "Назм ва наво" кечаларини, мақом танловларини ташкил этишни таъминласин.


13. "Ўзбеккино" миллий агентлиги 2021 йил давомида Алишер Навоий асарлари асосида бадиий ва мультипликацион фильмлар, шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ янги маълумотлар ва манбалар асосида тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильм яратиш чораларини кўрсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Молия вазирлиги Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йилда "Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги" рукни остида шоир асарлари, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий ва оммабоп китоблар туркумини чоп этиш чораларини кўрсин.


15. Ташқи ишлар вазирлиги 2021 йилдан бошлаб мунтазам равишда:

Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ташкил этиш;

чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб этган ҳолда Алишер Навоийнинг асарларини чет тилларга таржима қилиш, нашр этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш бўйича тизимли ишларни амалга оширсин.


16. Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи биносини тўлиқ реконструкция қилиш, янги замонавий экспозиция яратиш, зарур техник ва ашёвий жиҳозлар билан таъминлаш учун керакли маблағлар ажратиш чораларини кўрсин ҳамда 2021 йил октябрга қадар таъмирлаш ишларини якунига етказсин.


17. Ўзбекистон Бадиий академияси ва Республика "Ҳунарманд" уюшмаси 2021 йил февраль ойида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмаларини ўтказсин.


18. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш, шоир асарлари асосида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар, ўқув-маърифий фильмлар яратиш тавсия этилсин.


19. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Давлат бюджети маблағлари, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.


20. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 19 октябрдаги

ПҚ-4865-сон қарорига

1-ИЛОВА



Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини

нишонлаш бўйича ташкилий қўмита

ТАРКИБИ

А. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, ташкилий қўмита раиси


А. Абдувахитов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари


С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари


Х. Султонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси - Спичрайтери


А. Жўрабоев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари


Б. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари


Б. Йўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти


И. Мажидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири


Ш. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири


А. Шин

-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири


О. Назарбеков

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири


А. Комилов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири


Б. Закиров

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири


И. Абдураҳмонов

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири


Ж. Абруев

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари


А. Саидов

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлари доктори


А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори


А. Саъдуллаев

-

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори


М. Ҳожиматов

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари


Ф. Абдухолиқов

-

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори


А. Нуриддинов

-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси


Ж. Артикходжаев

-

Тошкент шаҳар ҳокими


Қ. Турсунов

-

Навоий вилояти ҳокими


Э. Турдимов

-

Самарқанд вилояти ҳокими


Ш. Сирожиддинов

-

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор, навоийшунос


Н. Маҳмудов

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор


Ж. Эшонқулов

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори, профессор


М. Муҳиддинов

-

Самарқанд давлат университети профессори, навоийшунос


И. Ҳаққулов


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири, филология фанлари доктори


А. Эркинов

-

филология фанлари доктори, профессор, навоийшунос


Н. Жабборов

-

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор


В. Раҳмонов

-

филология фанлари номзоди, адабиётшунос


Ш. Ризаев

-

филология фанлари номзоди, адабиётшунос


Э. Очилов

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди


З. Машрабов

-

Халқаро Бобур фонди раҳбари


Н. Ильин

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, таржимон


Т. Тўхтаев

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, таржимон


Лавозимига кўра

-

Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди раиси


Б.Онорбоев

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти мудири, ташкилий қўмита котиби


                 

Изоҳ: Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига шу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 19 октябрдаги

ПҚ-4865-сон қарорига

2-ИЛОВА



Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш

бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи


Бажариш

муддати


Молиялаштириш манбаи


Ижро учун масъуллар


I. ТАШКИЛИЙ-АМАЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР

1.

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган эсдалик тангалар, почта маркалари, тақвимлар ва кўргазмали ахборот воситаларини чиқариш.


2021 йил

сентябрь

Давлат бюджети маблағлари


Марказий банк, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги


2.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида замонавий технологиялар асосида жиҳозланган "Алишер Навоий ўқув музейи"ни ташкил этиш.


2021 йил

сентябрь


Давлат бюджети маблағлари, ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети


3.

Тошкент шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий анжуманни юқори савияда ўтказиш.


2021 йил

ноябрь

ойининг

биринчи ўн

кунлиги


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги


4.

Алишер Навоий таваллуд топган 9 февраль санасида Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбони, шунингдек, ҳудудларда ўрнатилган шоир ҳайкали пойига гул қўйиш маросимлари, навоийхонлик ва адабий кечаларни ташкил қилиш.


2021 йил

9 февраль


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси


5.

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий таҳсил олган Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий мадрасасини таъмирлаш ва эсдалик лавҳаси ўрнатиш.


2021 йил

февраль


Ижрочилар маблағлари ва Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, ҳомийлик хайриялари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси


II. ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯЛАР

ВА ТАҚДИМОТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

6.

ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган анъанавий республика конференциясини ўтказиш.


2021 йил

февраль


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси


7.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида "Алишер Навоий ва XXI аср" мавзусида халқаро илмий-назарий конференциясини ўтказиш.


2021 йил

февраль


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ёзувчилар уюшмаси, Ташқи ишлар вазирлиги


8.

Алишер Навоий асарлари асосида ишланган санъат асарлари кўргазмасини ташкил этиш.


2021 йил

февраль


-

Бадиий академия


9.

Самарқанд давлат университетида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган Республика илмий-амалий конференциясини ўтказиш.


2021 йил

май


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази


10.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида "Алишер Навоий дунё шарқшунослари нигоҳида" мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказиш


2021 йил

февраль


Ташкилотчилар маблағлари


Тошкент давлат шарқшунослик университети


III. АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ИЛМИЙ-АДАБИЙ МЕРОСИНИ

ЎРГАНИШ ВА АДАБИЁТЛАР ЧОП ЭТИШ

11.

Алишер Навоийнинг янги таҳрирдаги 20 жилдлик мукаммал асарлари тўпламини, рус тилидаги 10 жилдлик асарлари ҳамда Алишер Навоийга бағишланган китоб-альбомнинг нашрини амалга ошириш.


2021 йил

давомида


Давлат бюджети маблағлари, ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси


12.

Тўрт жилдлик "Алишер Навоий энциклопедияси"ни нашр этиш.


2021-2023

йиллар

давомида


Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари


Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази


13.

Беш жилдлик "Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати"ни нашр этиш.


2020-2021

йиллар

давомида


Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари


Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги


14.

"Навоий ва ёшлар" туркумида 10 жилдлик "Маънолар хазинаси" (Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар) китобини тайёрлаш ва нашр этиш.


2021-2022

йиллар

давомида


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Навоий вилояти ҳокимлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар


15.

Алишер Навоий асарларининг қисқача насрий баёни ва шарҳи акс этган, кенг жамоатчилик учун мўлжалланган оммабоп ихчам китоблар нашр этиш.


2021 йил

май

Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар


16.

"Ўзбек адабиёти тарихи" кўпжилдлик фундаментал тадқиқотининг Алишер Навоийга бағишланган 1-3 жилдларини, Алишер Навоийнинг 100 ғазали шарҳига бағишланган "Назм мулкин тил чекиб олмиш Навоий" тўпламини, "Туркий халқлар маънавиятининг қуёши" илмий тўпламини нашр этиш ва тақдимотларини ўтказиш.


2021 йил

февраль-май


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти


17.

Алишер Навоий асарларининг факсимиле нашрларини амалга ошириш.


2021 йил

ноябрь


Давлат бюджети маблағлари, ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Фанлар академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги


18.

Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, чоп этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш.


2021 йил

давомида


Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар


Ёзувчилар уюшмаси, Ташқи ишлар вазирлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар


IV. МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИРЛАР

19.

"Навоий ва ёшлар" дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


2020 йил

декабрь


-

Ёшлар ишлари агентлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар


20.

Алишер Навоий ғазаллари асосида "Назм ва наво" кечалари, мақом танловларини ўтказиш.


2021 йил

давомида


Давлат бюджети маблағлари, ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик хайриялари


Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


21.

Таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва ташкилотларда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбирлар, навоийхонлик кечалари, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ташкил этиш.


2021 йил

давомида


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси


22.

Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ташкил этиш.


2021 йилдан

бошлаб

мунтазам


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, мутасадди вазирлик ва идоралар


V. ТАРҒИБОТ-ТАШВИҚОТ ТАДБИРЛАРИ

23.

Республикамиздаги барча шаҳар ва туманлар марказларида Алишер Навоий таваллуд санаси билан боғлиқ ҳамда шоир ҳикматлари акс этган тасвирий-тарғибот воситаларини жойлаштириш.


2021 йил

давомида


Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, ҳомийлик хайриялари


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси


24.

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган ижтимоий роликлар яратиш ва телерадиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам намойишини ташкил этиш.


2021 йил

давомида


Ижрочилар маблағлари ва ҳомийлик хайриялари


Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази


25.

Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг тарғиб этиш, унинг адабий мероси намуналарини мунтазам жойлаштириб бориш.


2021 йил

давомида


-

Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги


26.

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш, шоир асарлари асосида махсус кўрсатув ва ўқув-маърифий фильмлар яратиш.


2021 йил

давомида


-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, барча оммавий ахборот воситалари


           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 октябрь














































Время: 0.2191
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск