ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 20.10.2020 й. ЎРҚ-642-сон "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 28.04.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 07.08.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.10.2020 й.

N ЎРҚ-642



АҲОЛИ БАНДЛИГИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 28 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 7 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади аҳоли бандлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эллик фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек мазкур Қонуннинг 17-бобига мувофиқ меҳнат фаолиятига жалб этиладиган чет эллик фуқароларга нисбатан татбиқ этилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари - ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва иш топишда қийналаётган ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахслар;


банд бўлмаган аҳоли (банд бўлмаган шахслар) - ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган шахслар;


"Бандлик хизмати" ахборот тизими - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат органларига мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган электрон ахборот тизими;


Бўш (вакант) иш ўринлари миллий базаси - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексига кирувчи бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотларнинг ахборот базаси;


ишсизлик - меҳнат бозорида талабга эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли ишчи кучининг мавжудлиги;


ишсизлик нафақаси - ишсиз шахсларни давлат томонидан кафолатланган тарзда пул шаклида қўллаб-қувватлаш тури;


иш ўринларини захирага қўйиш - аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ташкилот (иш берувчи) томонидан иш ўринларини ажратиш;


иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси - иш берувчиларга иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш учун талаб этиладиган ташкилий-техник шартларга мувофиқ, муайян сондаги иш ўринларини ташкил этиш учун бериладиган буюртма;


иш ўринларининг энг кам сони - аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ташкилот ходимларининг рўйхатдаги ўртача сонига нисбатан туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари билан фоизларда белгиланадиган иш ўринларининг энг кам сони;


иш қидираётган шахс - ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва у ерда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган шахс;


Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими - меҳнат бозорининг малакали ходимларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжлари ҳамда малакали ишчи кучига оид таклифлар таълим ва касбга ўқитиш тизими томонидан мақбул тарзда келишиб олинишини таъминловчи ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан тартибга солиш механизмлари йиғиндиси;


касбий стандарт - малака ва билимнинг даражасига, меҳнатнинг мазмунига, сифатига ва шарт-шароитларига доир талабларни белгилайдиган, асосий меҳнат вазифалари тавсифини ва уларни бажариш шартларини ўз ичига олган стандарт;


малака - ходимнинг ёки иш изловчининг тегишли касб (мутахассислик) бўйича унга меҳнат вазифаларини сифатли бажариш имконини берадиган тайёргарлик даражаси, унинг билим, маҳорат ва кўникмалар савияси;


малакани баҳолаш - ходим ёки иш изловчи малакасининг касбий стандарт талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш тартиб-таомили;


мақбул келадиган иш - фуқаро бажаришга қодир бўлган, фуқаронинг олган маълумоти йўналиши ва ихтисослигига, малакасига, касбий тайёргарлигига, иш тажрибасига, соғлиғининг ҳолатига кўра мос келадиган, яшаш жойини ўзгартиришини назарда тутмайдиган, унинг доимий яшаш жойидан унчалик узоқ бўлмаган ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини кафолатлайдиган иш;


меҳнат органлари - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий меҳнат органлари деб юритилади), туманлар (шаҳарлар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари (бундан буён матнда маҳаллий меҳнат органлари деб юритилади);


меҳнат ресурслари - меҳнатга лаёқатли ёшдаги, меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда банд бўлган, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта шахслар;


меҳнат ресурслари баланси - меҳнат ресурсларининг сонини ва таркибини, шунингдек уларнинг банд бўлган, банд бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган аҳолига тақсимланишини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизими;


пенсияолди ёши - шахснинг давлат томонидан белгиланган пенсияга чиқиш ёшидан икки йил олдинги ёшга тўлиши;


ҳақ тўланадиган жамоат ишлари - буюртмачилар-иш берувчилар - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган, қоида тариқасида, дастлабки касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган, ижтимоий фойдали йўналишга эга бўлган ҳамда иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг вақтинча бандлигини таъминлаш учун маҳаллий меҳнат органлари томонидан бериладиган ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар бўйича бажариладиган вақтинчалик меҳнат фаолияти турлари;


"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси - меҳнат бозори ва бандлик, меҳнат ресурслари баланси, ташкил этилаётган иш ўринлари ҳақидаги холис, мунтазам янгилаб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган, иш берувчилар ва ходимларга меҳнат муносабатларини электрон шаклда расмийлаштириш, ишга жойлашишнинг шахсга доир тарихи, бўш (вакант) иш ўринлари, ходимларнинг сон ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ҳамда сақлаш учун майдонча тақдим этадиган электрон ахборот тизими.



4-модда. Бандлик


Бандлик фуқароларнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қаноатлантириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.

Фуқароларга ўзининг ишлаб чиқаришга ва ижодий меҳнатга доир қобилиятларидан фойдаланиш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган, шу жумладан ҳақ тўланадиган ишни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш бўйича мутлақ ҳуқуқ тегишлидир.

Қуйидаги фуқаролар банд деб ҳисобланади:

меҳнат шартномаси бўйича ҳақ эвазига тўлиқ ёки тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлаётган ёхуд касаначилик билан шуғулланаётган, шунингдек ҳақ тўланадиган бошқа ишга, шу жумладан вақтинчалик ишга эга бўлган фуқаролар;

касаллиги, таътилда бўлиши, касбга тайёрлашда, қайта тайёрлашда ёки малака оширишда эканлиги, ишлаб чиқариш тўхтатиб турилганлиги муносабати билан, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинча иш жойида бўлмаган ходимнинг иш ўрни сақланиб қоладиган бошқа ҳолларда вақтинча иш жойида бўлмаган фуқаролар;

ҳақ тўланадиган лавозимга сайланган ёки тайинланган фуқаролар;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати тизимида, божхона органларида ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идораларда хизматни ўтаётган фуқаролар;

ўзини иш билан мустақил равишда таъминлаётган фуқаролар, шу жумладан ҳунармандлар, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг, ишлаб чиқариш кооперативларининг аъзолари, фермер хўжаликларининг аъзолари, ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинган шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича, шу жумладан фуқаровий-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни амалга оширувчи бошқа шахслар;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар;

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларида, шу жумладан диний ташкилотларда ишлаётган фуқаролар.



5-модда. Аҳоли бандлиги соҳасидаги асосий принциплар


Аҳоли бандлиги соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

бандлик турини танлашнинг ихтиёрийлиги ва эркинлиги;

аҳоли бандлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

камситишга йўл қўйилмаслиги;

шаффофлик ва очиқлик;

ишсизликдан ҳимоя қилиш ва ишга жойлашишда, касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ҳамда малака оширишдан ўтишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, мустақил иш излаш ва ишга жойлашиш учун ҳуқуқни таъминлаш;

касб эгаллаш ва ишга киришдаги, меҳнат қилиш ва бандликни таъминлаш шароитларидаги, меҳнатга ҳақ тўлашдаги, хизмат поғоналари бўйича кўтарилишдаги имкониятлар тенглигининг кафолати;

мажбурий меҳнатни тақиқлаш, яъни бирон-бир жазо қўллаш таҳдиди билан иш бажаришга мажбурлашни тақиқлаш.



2-БОБ. АҲОЛИ БАНДЛИГИ СОҲАСИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


6-модда. Аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш, шу жумладан иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини ҳамда иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир давлат буюртмасини шакллантириш орқали кўмаклашиш;

ишсиз шахсларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, ишсизликни камайтириш чораларини кўриш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;

ёшларни, айниқса қишлоқ жойлардаги ёшларни, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш;

аҳоли бандлиги соҳасида замонавий касбий стандартларни жорий этиш, меҳнатни нормалаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш механизмларини такомиллаштириш;

аҳоли бандлиги соҳасида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш;

ишга жойлаштириш жараёнларига илғор ахборот технологияларини жорий этиш, аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида замонавий инфратузилмани ва рақобат муҳитини яратиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлашишида кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

аҳоли бандлиги соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш, шунингдек ишга жойлашишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими самарали ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўради;

аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлайдиган муносиб, унумли ва маҳсулдор бандликни рағбатлантириш бўйича чораларни амалга оширади;

ишга жойлаштиришнинг илғор шаклларини жорий этиш бўйича давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ишини мувофиқлаштиради;

моддий рағбатлантириш механизмларини ва меҳнат шароитларини яхшилаш чораларини кўради;

аҳоли бандлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Аҳоли бандлиги соҳасидаги

ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

аҳоли бандлиги соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

аҳоли бандлиги соҳасида давлат бошқаруви органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш, шунингдек аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш жараёнлари мониторингини амалга оширади;

тармоқлар ва ҳудудлар кесимида иш ўринларини ташкил этишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини шакллантиради;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини шакллантиради;

фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлашишида кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини, шунингдек Ўзбекистон Республикасига қайтиб келганидан кейин реинтеграция қилинишини таъминлаш бўйича чораларни амалга оширади;

аҳоли бандлиги масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатади;

ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиради;

ишга жойлаштириш жараёнларига илғор ахборот технологияларини жорий этади, "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексининг ишлашини таъминлайди;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида замонавий инфратузилмани ва рақобат муҳитини яратади;

Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрини, Касбий стандартларнинг миллий регистрини, Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг ягона реестрини, Аккредитация қилинган малакани баҳолаш марказларининг регистрини шакллантиради ҳамда юритади;

аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

аҳоли бандлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат

миграцияси агентлигининг аҳоли бандлиги

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (бундан буён матнда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги деб юритилади):

меҳнат мигрантларини жалб қилиш учун ўз мамлакатининг ваколатли органларида расман рўйхатга олинган ёки аккредитациядан ўтказилган чет эл иш берувчилари билан битимлар тузади;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни уюшган ҳолда ишга қабул қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун чет эл иш берувчилари билан шартномалар тузади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш шарт-шароитлари мониторинги ва назоратини амалга оширади;

меҳнат мигрантлари ишга жойлаштириладиган давлатда уларга ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаган даражада иш ҳақини таъминлаш нормаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

ишга жойлаштириладиган давлатда белгиланган муносиб яшаш ва ишлаш шарт-шароитларини таъминлаш нормаларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Ҳудудий ва маҳаллий меҳнат органларининг

аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатлари


Ҳудудий меҳнат органлари:

тегишли ҳудудда давлат бошқаруви органларининг ва бошқа ташкилотларнинг аҳоли бандлиги соҳасидаги фаолиятини ҳамда ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир ҳудудий дастурларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни, иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш, шунингдек аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш жараёнлари мониторингини амалга оширади;

тегишли ҳудудда тармоқлар ва туманлар (шаҳарлар) кесимида иш ўринларини ташкил этишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини шакллантиради;

тегишли ҳудудда иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини шакллантиради;

аҳоли бандлиги масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатади;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасига кирадиган ишсиз шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказларига, "Ишга марҳамат" мономарказларига (бундан буён матнда касбга ўқитиш марказлари деб юритилади), бошқа ўқув муассасаларига, ташкилотларга, шу жумладан белгиланган тартибда аккредитация қилинган нодавлат касб-ҳунар таълими марказларига (бундан буён матнда касб-ҳунар таълими муассасалари деб юритилади) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда грантлар ажратади;

тегишли ҳудудда аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Маҳаллий меҳнат органлари:

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш, шунингдек аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш юзасидан чоралар кўради;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) билан тўғридан-тўғри шартномалар тузади;

иш қидираётган шахсларни рўйхатга олади, уларни ишсиз шахслар деб эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилади, уларга ёрдам кўрсатади, ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаларини тайинлайди ҳамда тўлайди;

аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади, уларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни амалга оширади;

ташкилотлар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун киритади, шунингдек аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун ташкилотларга юборади;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига белгиланган тартибда юборади;

юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиялар тайинлайди;

касбга ўқитиш марказларига (касб-ҳунар таълими муассасаларига) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда грантлар ажратиш учун талабномалар шакллантиради;

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан аҳоли бандлиги соҳасида ҳамкорлик қилади;

иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси бажарилиши мониторингини амалга оширади;

тегишли ҳудудда иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини шакллантиришда иштирок этади;

коворкинг-марказларининг ва маҳаллий меҳнат органлари ҳузуридаги "Меҳнат гузари" ишсиз аҳоли бандлигига кўмаклашиш маҳалла марказларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.



11-модда. Давлат бошқаруви органларининг

аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатлари


Давлат бошқаруви органлари:

меҳнат бозорини ривожлантиришни, аҳоли бандлигини таъминлайдиган тузилмавий, молиявий, кредит, инвестицияга оид ва солиқ сиёсатини амалга оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

меҳнат бозори ва аҳоли бандлигига оид таҳлилий тадқиқотларни, прогнозлашни, бу соҳадаги давлат статистика ҳисобини ва ҳисоботини амалга оширади;

аҳоли бандлиги соҳасидаги тармоқ дастурларини, янги ишлаб чиқариш қувватларини ва иш ўринларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

тегишли давлат кафолатларини, шунингдек фуқароларнинг аҳоли бандлиги соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қўшимча иш ўринлари ташкил этилишига, меҳнат шароитлари яхшиланишига кўмаклашади;

белгиланган тартибда касбий стандартларни ва малака талабларини ишлаб чиқади ҳамда кейинчалик рўйхатдан ўтказиш учун киритади.

Давлат бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг

аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари:

тегишли ҳудудда аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;

аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир ҳудудий дастурларни, янги ишлаб чиқариш қувватларини ва иш ўринларини ташкил этишга доир ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлайди;

иш ўринлари ташкил этилишини ва аҳоли бандлигининг ўсишини рағбатлантириш, ишсизлик даражасини камайтириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир дастурлар прогноз параметрларининг бажарилишини таъминлайди;

янги иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш бўйича ҳудудий жамғармалар фаолиятини бошқаришни амалга оширади, шу жумладан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларида кредит линияларини очиш чораларини кўради;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкилотларни ташкил этади;

оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни, томорқа хўжаликларидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришларини, касаначиликни ривожлантиришга кўмаклашади;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради;

энг кам иш ўринлари сонини белгилайди;

меҳнат бозорини барқарорлаштиришга, шу жумладан ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олишга, устувор ривожлантириш ҳудудларини аниқлашга кўмаклашадиган тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Иш берувчиларнинг аҳоли бандлиги

соҳасидаги давлат сиёсатини амалга

оширишда иштирок этиши


Ўзбекистон Республикасида иш берувчилар аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидагилар орқали иштирок этади:

иш ўринларини захирага қўйиш ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш;

бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойда, шунингдек ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши тўғрисидаги ахборотни ҳар бир ходимни кўрсатган ҳолда, улар ишдан озод этилишидан камида икки ой олдин ҳудудий меҳнат органларига тақдим этиш;

меҳнат муносабатларини тартибга солувчи шартномалар ва келишувлар шартларини бажариш;

ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш учун шароитлар яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ижтимоий солиқни тўлаш орқали молиявий ажратмалар ажратиш;

аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир дастурларни амалга оширишда иштирок этиш;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун маблағларнинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан тўлиқ ёки қисман қоплаган ҳолда жалб этиш.

Бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар иш берувчи томонидан маҳаллий меҳнат органига ҳар бир ҳисобот ойининг охиридаги ҳолатга кўра электрон тарзда ёки қоғозда тақдим этилади. Бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар Бўш (вакант) иш ўринлари миллий базасига киритилади. Маълумотлар қоғозда тақдим этилганда, улар иш берувчининг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланади.

Ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши тўғрисидаги ахборотда ишдан озод этиладиган ходимларнинг шахсий рўйхати ишдан озод этиладиган ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори, шунингдек ходимларни озод этишни амалга ошириш мўлжалланган муддатлар мажбурий тартибда кўрсатилади.

Иш берувчиларнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг белгиланган энг кам миқдоридан ортиқ қўшимча иш ўринларини ташкил этиш, шунингдек уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир харажатлари Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ташкил этилган ёки захирага қўйилган иш ўринларини қисқартириш ёки тугатиш касаба уюшмалари ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



14-модда. Хусусий бандлик агентликларининг аҳоли

бандлигига кўмаклашишда иштирок этиши


Хусусий бандлик агентликлари иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга иш танлаш ҳамда ишга жойлаштириш, иш берувчиларга кадрларни танлаш бўйича хизматлар кўрсатади, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини тақдим этади.

Хусусий бандлик агентликлари қуйидаги хизмат турларини кўрсатади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахслар ва ишсиз шахслар учун иш танлаш;

иш берувчилар учун кадрлар танлаш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш;

ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари.

Хусусий бандлик агентликларининг фаолияти "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.



15-модда. Ишга жойлаштириш бўйича агентлар


Ишга жойлаштириш бўйича агентлар аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашишга доир ишларни маҳаллий меҳнат органлари билан тузилган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда бажарувчи жисмоний шахслардир.

Ишга жойлаштириш бўйича агентларга аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашганлик учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ҳамда миқдорларда рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар амалга оширилади.



16-модда. Аутстаффинг хизматлари


Аутстаффинг иш берувчи томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга ушбу ходимлар томонидан иш берувчи ва унинг ходими ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида, шунингдек жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинчалик юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизматлар туридир.

Аутстаффинг хизматлари иш берувчи ва бошқа юридик шахс ўртасида тузилган шартнома асосида кўрсатилади.

Ходимлар аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ меҳнат вазифаларини улар иш берувчи томонидан қайси юридик шахсга юборилган бўлса, ўша юридик шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг бошқаруви ва назорати остида амалга оширади. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар аутстаффинг хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи томонидан ўз ходимларини улар меҳнат вазифаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бажариш учун юбориш билан боғлиқ аутстаффинг хизматлари кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

Аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тартиби ва аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



17-модда. Касаба уюшмаларининг, улар

бирлашмаларининг аҳоли бандлигини

таъминлашда иштирок этиши


Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, бандликни таъминлаш бўйича, шу жумладан янги иш ўринларини ташкил этиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотлар фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан бўшатилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таклиф этиш ҳуқуқига эга.

Иш берувчи камида икки ой олдин тегишли касаба уюшмасига ёки ходимларнинг манфаатларини ифодаловчи касаба уюшмалари бирлашмасига ходимлар оммавий равишда ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида ахборот тақдим этади ва ишдан бўшатиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказади.

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари иш берувчининг ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатилиш ҳақидаги қарорини олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги таклифни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.

Жамоа шартномасида ёки келишувда назарда тутилган ҳолларда, тегишли касаба уюшмасининг ёки бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг олдиндан берилган розилигисиз меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан тугатишга, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, йўл қўйилмайди.

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги бошқа тадбирларда ҳам "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ иштирок этиши мумкин.



18-модда. Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш


Ходимларининг умумий сони юз кишидан ортиқ бўлган ташкилотлардан рўйхатдаги ходимлар ўртача сонининг ўн ва ундан ортиқ фоизи ишдан бўшатилиши ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш деб ҳисобланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни маҳаллий меҳнат органларининг тақдимномалари бўйича ёки мустақил равишда олти ойгача муддатга тўхтатиб туриши мумкин, бунда бир вақтнинг ўзида ушбу кечиктириш туфайли кўрилган зарар ташкилотларга қисман ёки тўлиқ компенсация қилинади.

Маҳаллий меҳнат органлари ишдан оммавий равишда ишдан бўшатилаётган ходимларга ишга жойлашиш ва бандликни таъминлашда, шу жумладан бепул касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малака оширишга юбориш орқали кўмаклашади.



3-БОБ. СУБСИДИЯЛАР, ГРАНТЛАР,

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ


19-модда. Субсидиялар


Субсидия бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган молиявий кўмакдир.

Субсидиялар:

иш берувчиларга маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини оширишга доир харажатларнинг ўрнини қоплаш учун;

тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан штамплар ва муҳрлар олиш, электрон рақамли имзо олиш, тадбиркорликка ўқиш харажатларини тўлаш ва кредитни олиш чоғида суғурта полиси ҳақини тўлаш учун;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга;

жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, уруғликлар, кўчатлар, суғориш воситалари олиш учун ажратилади.

Субсидияларни тақдим этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



20-модда. Грантлар


Грант иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ажратиладиган пул маблағлари ва моддий ресурслардир.

Грантлар касбга ўқитиш марказларига (касб-ҳунар таълими муассасаларига) қуйидагиларни молиялаштириш учун ажратилади:

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни, кам таъминланган оилалардан бўлган хотин-қизларни касбга тайёрлаш харажатларини;

касбга ўқитиш марказларида (касб-ҳунар таълими муассасаларида) фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва ходимларини, деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзоларини, томорқа ер участкалари эгаларини агротехнологиялар, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳасида касбга тайёрлашни, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни.

Грантлар фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда ишга қабул қилиш доирасида фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари, хорижий тиллар ва касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун касбга ўқитиш марказларига (касб-ҳунар таълими муассасаларига), шунингдек ишлаб чиқаришнинг ўзида ўқитиш учун ташкилот ҳамда "уста-шогирд" мактабларига ҳам ажратилади.

Грант ажратилиши учун талабнома меҳнат бозорининг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда, маҳаллий меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва ҳудудий меҳнат органларига кўриб чиқиш учун юборилади. Талабномага касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака оширишдан ўтишни хоҳловчи шахсларнинг рўйхати илова қилинади.

Грант асосида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишни касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) амалга ошириши мумкин.

Касбга тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва малака оширишни молиялаштириш ҳудудий меҳнат органлари ҳамда касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.



21-модда. Кредит линиялари


Кредит линиялари тижорат банкига тадбиркорлик субъектларини кредитлаш учун фақат мақсадли асосда, кредит суммасини банкнинг балансида акс эттирган ҳолда ажратиладиган маблағлардир.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан кредит линиялари тижорат банкларида кейинчалик улар томонидан янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутувчи лойиҳаларни амалга оширишга микрокредитлар ажратиш учун очилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги янги иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ҳисобидан кредит линиялари тижорат банкларида қуйидагилар учун:

тадбиркорлик субъектларининг барқарор иш ўринлари ташкил этилишини, айниқса қишлоқ жойларда ташкил этилишини назарда тутувчи фаолиятини кредит билан қўллаб-қувватлаш;

меҳнат ресурслари ортиқ даражада бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутувчи корхоналар ташкил этиб, ҳудудий жамғармаларнинг ташкил этилган корхоналардаги улушини кейинчалик хусусий шерикларга реализация қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларига биноан янги иш ўринларини ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун очилади.



4-БОБ. ИШ ЎРИНЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА

ДОИР ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ


22-модда. Иш ўринларини ташкил этишга доир

давлат буюртмасини шакллантириш


Иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга доир дастурларга ва модернизация қилишга доир тармоқ дастурларига (бундан буён матнда ривожлантириш дастурлари деб юритилади) киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган иш ўринлари сонининг давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тайёрланган прогнози асосида шакллантирилади.

Келгуси йил учун иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси ривожлантиришга доир дастурларнинг аниқ йўналтирилган қисмига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун, шунингдек ишсиз шахсларнинг ва банд бўлмаган шахсларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш учун меҳнат ресурсларини жалб этиш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси ривожланиш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида молиялаштириш манбалари билан таъминланиши, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари, жалб этилган чет эл инвестициялари, тижорат банкларининг кредитлари, ташкилотларнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланиши керак.



23-модда. Иш ўринларини ташкил этишга доир

давлат буюртмасини шакллантириш тартиби


Ташкилотлар ривожлантириш дастурлари амалга оширилишининг жорий ҳолатини ва истиқболларини таҳлил қилиш натижалари асосида юқори турувчи давлат бошқаруви органларига ҳамда бошқа ташкилотларга иш ўринларини ташкил этишга бўлган эҳтиёжнинг дастлабки параметрларини ҳар йили 1 октябрга қадар тақдим этади.

Иш ўринларини ташкил этишга бўлган эҳтиёжнинг дастлабки параметрлари:

янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши ёки фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилиши;

хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаси янги объектларининг ишга туширилиши, янги уй-жой, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қурилиши;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳажмларининг кенгайтирилиши;

аҳоли тадбиркорлик фаоллигининг ўсиши ва янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши;

хусусийлаштирилган ташкилотларни ривожлантиришга доир инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши муносабати билан зарур иш ўринлари сонини аниқлаш асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини ривожлантириш дастурларидан келиб чиққан ҳолда шакллантиради. Иш ўринларини ташкил этишга бўлган эҳтиёжнинг дастлабки параметрлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантирилади, аниқлаштирилади ва тасдиқланади.

Иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан шакллантириш тегишли ҳудудда фаолият кўрсатаётган ташкилотларнинг ишлаб чиқариш (товарлар, ишлар, хизматлар) ҳажмини кенгайтириш ва кўпайтириш учун кадрларга бўлган эҳтиёж таҳлили асосида амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек маҳаллий ижро ҳокимияти органлари иш ўринларини ташкил этишга бўлган эҳтиёжнинг дастлабки параметрлари асосида иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмай кўриб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уни Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасига киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасининг ҳар йили 20 ноябрга қадар кўриб чиқилишини ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасига киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасини ҳар йили 1 декабрдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.



24-модда. Давлат буюртмасига мувофиқ

иш ўринлари ташкил этилишини давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш


Иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини олган ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан ссуда ажратилиши мумкин.

Ссуда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан уч йилгача бўлган муддатга, миллий валютада берилади.

Ссуда миқдори иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси дастурига кўра ташкил этиладиган битта иш ўрни учун ҳисоблаганда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ошиб кетиши мумкин эмас.

Ссуда ажратилиши учун ташкилот:

иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси дастурига, шунингдек аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳудудий дастурларига киритилган бўлиши;

солиқ бўйича қарздорликка, тижорат банкларининг кредитлари бўйича кечиктирилган қарздорликка эга бўлмаслиги керак.

Ссуда ажратилиши тўғрисидаги қарорни тайёрлаш учун ташкилот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ссуда олиш учун аризани;

ссуда берилиши мақсадга мувофиқлигининг техник-иқтисодий асоси ва унинг қайтарилиши кафолатларини;

ссуданинг қайтарилиш таъминоти, шу жумладан гаров, кафиллик, банк кафолати ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турини.

Тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ссуда ажратиш ҳақида ёки уни ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ссуда олишга доир имтиёзли ҳуқуқ банд бўлмаган шахслар учун иш ўринларини ташкил этаётган, шунингдек ишсизлик даражаси барқарор тарзда юқори бўлган ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ташкилотларга берилади.



5-БОБ. МАҲАЛЛИЙ МЕҲНАТ ОРГАНЛАРИ

ТОМОНИДАН ИШ ҚИДИРАЁТГАН ШАХСЛАРГА

ВА ИШСИЗ ШАХСЛАРГА ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ


25-модда. Маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш

қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга

кўрсатиладиган хизматлар турлари


Маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга уларнинг хоҳишига кўра хизматларнинг қуйидаги турлари таклиф этилади:

аҳоли бандлиги масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

мурожаат этган шахснинг касбий тайёргарлигига, иш тажрибасига ва меҳнат стажига, ёшига, соғлиғининг ҳолатига мувофиқ мақбул келадиган ишни таклиф этиш (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни уюшган ҳолда ишга қабул қилиш доирасида мақбул келадиган ишни излаш;

захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юбориш;

тадбиркорликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил равишда банд қилишни ривожлантиришга доир фаолиятни ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш;

касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малака оширишга юбориш;

касбий малакани баҳолаш;

аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга микрокредитлар олиш учун тавсиялар бериш.

Маҳаллий меҳнат органлари иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги хизматларни ҳам кўрсатиши мумкин.

Аҳолига, ташкилотларга ва бошқа иш берувчиларга меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган, шу жумладан меҳнат бозори ҳолати ҳақида хабардор қилиш бўйича хизматлар бепул тақдим этилади.



26-модда. Иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга

хизматлар кўрсатувчи маҳаллий меҳнат органлари

ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга хизматлар кўрсатувчи маҳаллий меҳнат органи ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

иш қидираётган шахслардан ва ишсиз шахслардан уларнинг аввалги меҳнат фаолиятига, маълумотига, оилавий аҳволига, даромадлари (яшаш учун маблағлари) манбаларига тааллуқли маълумотларни ҳамда маҳаллий меҳнат органининг ушбу шахсларга нисбатан қабул қилинадиган қарорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни сўраб олиш;

иш қидираётган шахс ва ишсиз шахс томонидан тақдим этилган, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлашга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотларнинг тўғрилиги ҳамда ишончлилигини текшириш;

ўз ваколати доирасида мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотлардан, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ишсизлик нафақасини олувчи шахсларга тааллуқли маълумотларни сўраб олиш;

иш қидираётган шахснинг ва ишсиз шахснинг розилиги билан унинг уй хўжалигига банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш мақсадида ташриф буюриш.

Иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга хизматлар кўрсатувчи маҳаллий меҳнат органининг ходимлари:

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни тезроқ ишга жойлаштириш, шунингдек уларнинг ижтимоий ҳимояланганлигини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солиши;

маслаҳат олиш учун меҳнат органларига мурожаат этган шахсларни рўйхатга олишни амалга ошириши, "Бандлик хизмати" ахборот тизимининг зарур рўйхатга олиш ҳамда ҳисобга олиш бўлимларини, шунингдек сўровномани ўз вақтида ва тўғри тўлдириши;

шахсга доир маълумотларнинг ва маслаҳат жараёнида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши, улардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши;

иш қидираётган шахслар ва ишсиз шахслар билан белгиланган тартибда мунтазам учрашувлар (мулоқотлар) ўтказиши шарт.



27-модда. Иш қидираётган шахсларга ва ишсиз

шахсларга маслаҳат бериш


Маҳаллий меҳнат органлари ходимлари маслаҳат бериш чоғида иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга:

аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари;

бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги, шу жумладан тегишли ҳудудда жойлашган ташкилотларда бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги, бўш (вакант) иш ўринларидаги меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва бошқа меҳнат шароитлари;

янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари ва ривожлантириш дастурлари;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтиш имкониятлари ҳамда шартлари;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш имкониятлари;

иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга тақдим этиладиган ижтимоий кафолатлар ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормалари;

захирага қўйиладиган иш ўринларига жойлаштириш тартиби;

ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиш тартиби;

субсидиялар ва грантлар;

хусусий тадбиркорлик ишини ташкил этиш имкониятлари, стартап-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари, шунингдек намунавий бизнес-режалар;

аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни микрокредитлаш дастурлари;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида уюшган ҳолда ишга олиш бўйича вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятлари;

хусусий бандлик агентликлари;

иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга маҳаллий меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг бошқа турлари тўғрисида ахборот тақдим этади.

Мурожаат этган шахсга у белгилаган масала бўйича тўлиқ маълумот бериш имкони бўлмаган тақдирда, маҳаллий меҳнат органининг ходими такроран маслаҳат бериш куни ва вақтини белгилаши керак.



6-БОБ. ИШ ҚИДИРАЁТГАН ШАХСЛАРНИ

МАҲАЛЛИЙ МЕҲНАТ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИШ ВА ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ


28-модда. Иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий

меҳнат органларида рўйхатга олиниши

лозим бўлган шахсларнинг тоифалари


Қуйидагилар иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатга олиниши мумкин:

ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, ўн олти ёшдан катта бўлган шахслар;

ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин бўлган (меҳнат шартномаси келгусида бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилган) шахслар;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси хулосасига кўра меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга ногиронлиги бўлган шахслар;

ёшидан қатъи назар, меҳнат фаолиятини қайта тикламоқчи (давом эттирмоқчи) бўлган пенсионерлар;

иш жойини ёки касбини ўзгартиришни хоҳловчи шахслар;

доимий иш жойига эга бўлишни хоҳловчи, бир марталик, вақтинча ва мавсумий ишларда банд бўлган шахслар;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ва қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларда иштирок этишни хоҳловчи шахслар.

Ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларнинг бошқа тоифалари ҳам иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатга олиниши мумкин.



29-модда. Иш қидираётган шахсларни

рўйхатга олиш тартиби


Иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиш:

қишлоқ жойларда - маҳаллий меҳнат органининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор ҳудудига, иш қидираётган шахснинг яшаш жойидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудига бириктирилган ходими томонидан;

агар иш қидираётган шахс маҳаллий меҳнат органи жойлашган аҳоли пункти ҳудудида яшаётган бўлса - ишсиз шахсларни ҳисобга олиш, ишга жойлаштириш ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш сектори ходими томонидан амалга оширилади.

Иш қидираётган шахслар маҳаллий меҳнат органи ходимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни;

меҳнат дафтарчасини ёки меҳнат стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни, бундан биринчи марта иш қидираётган шахслар мустасно;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг аслини ёки унинг кўчирма нусхасини (маълумот мавжуд бўлган тақдирда);

касби ёки касбий малакаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатни ёки унинг кўчирма нусхасини (касби ёки касбий малакаси мавжуд бўлган тақдирда);

иш жойидан охирги ўн икки ой учун иш ҳақи (меҳнат даромади, пул таъминоти) тўғрисидаги маълумотномани - илгари ишлаган шахслар, шу жумладан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун.

Зарур бўлганда, маҳаллий меҳнат органи ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда сўровнома юбориши, шу жумладан электрон ҳужжат айланишидан фойдаланган ҳолда юбориши мумкин:

тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига - тавсия этилаётган меҳнатнинг хусусияти ва шароитлари тўғрисида хулоса олиш учун (ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан);

соғлиқни сақлаш муассасаларига - тиббий хулосалар ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун (соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат фаолиятида чекловлар мавжуд бўлган шахсларга нисбатан);

жазони ижро этиш муассасаларига - шахснинг жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганлиги тўғрисида маълумотнома олиш учун (жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга нисбатан);

фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига - болаларининг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг кўчирма нусхаларини олиш учун (қарамоғида болалари бўлган шахсларга нисбатан);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига -боқимандалар мавжудлиги ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган нафақа ва пенсияларни олмаётганлиги тўғрисида маълумотнома олиш учун (болаларидан ташқари бошқа боқимандалари бўлган шахсларга нисбатан).

Зарур бўлганда, маҳаллий меҳнат органи мурожаат этган шахс ҳақиқатан фермер (деҳқон) хўжалиги аъзоси эканлиги тўғрисида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан ахборот сўраб олиши мумкин.



30-модда. Иш қидираётган шахсларни ҳисобдан чиқариш


Иш қидираётган шахс маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида қуйидаги ҳолларда ҳисобдан чиқарилиши мумкин:

ишга жойлашганда;

ушбу Қонун 19-моддаси иккинчи қисмининг учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган субсидиялар олганда;

Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан микрокредитлар олинганда;

касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилганда;

ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганда;

доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиб ўтганда;

маҳаллий меҳнат органига узрли сабабсиз келмаганда;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганда;

иш қидираётган шахс мақбул келадиган ишга доир таклифларни мунтазам равишда (икки мартадан кўп) рад этганда;

иш қидираётган шахс сифатида ғайриқонуний рўйхатдан ўтиш факти аниқланганда;

суднинг озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазони назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;

муддатли ҳарбий хизматга чақирилганда;

иш қидираётган шахсни ишга жойлаштириш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;

иш қидираётган шахс вафот этганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи - ўн биринчи ва ўн тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган асосларга кўра ҳисобдан чиқарилган шахслар, улар маҳаллий меҳнат органида ҳисобдан чиқарилган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ўтгач, иш қидираётган шахслар сифатида такроран рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Иш қидираётган шахсни маҳаллий меҳнат органида ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимига киритилади.



7-БОБ. ИШ ҚИДИРАЁТГАН ШАХСЛАРНИ

ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ


31-модда. Иш қидираётган шахсларни

ишга жойлаштириш шартлари


Маҳаллий меҳнат органларида иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатга олинган шахсларни ишга жойлаштириш маҳаллий меҳнат органлари томонидан ушбу Қонуннинг 32 ва 34-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда, иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бошқа туманлар (шаҳарлар) ҳудудида жойлашган ташкилотларда, агар ушбу ташкилотлар транспорт қулайлиги доирасида жойлашган бўлса, амалга оширилиши мумкин.

Мақбул келадиган ишга доир таклифнинг сони, даврийлиги ва муддатлари ҳамда иш қидираётган шахсга ишга жойлашиш учун йўлланмалар бериш чекланмайди.

Маҳаллий меҳнат органи иш қидираётган шахсга бўш (вакант) иш ўринлари кўпайишига қараб, у ишга жойлашгунига ёки ҳисобдан чиқарилгунига қадар мақбул келадиган ишни таклиф этиши шарт.



32-модда. Иш қидираётган шахсларга ишга

жойлаштиришга доир йўлланма ва ишга

жойлашишга кўмаклашиш юзасидан

мурожаатнома бериш тартиби


Бўш (вакант) иш ўринлари ва иш қидираётган шахснинг мақбул келадиган ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклифга розилиги мавжуд бўлган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи ходими унга:

давлат ташкилотларига, давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга, шунингдек мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига захирага қўйиладиган иш ўринларига - ишга жойлаштиришга доир йўлланма;

мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотларга, тадбиркорлик субъектларига - ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома беради.

Ишга жойлаштиришга доир йўлланма ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома, қоида тариқасида, маҳаллий меҳнат органининг директори ёки директор ўринбосари томонидан ёҳуд комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторга бириктирилган ходим томонидан имзоланади.

Ишга жойлаштиришга доир йўлланма ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома иш берувчига электрон тарзда, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, шунингдек "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали юборилиши мумкин.



33-модда. Мақбул келадиган иш


Дастлабки касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса биринчи марта иш қидираётган, касбга (мутахассисликка) эга бўлмаган шахсларнинг ёшга доир ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган иш ушбу шахслар учун мақбул келадиган иш ҳисобланади.

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат стажи ва аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш тажрибаси инобатга олинадиган иш мақбул келадиган иш ҳисобланади.

Қуйидаги ҳолларда иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас, агар:

ушбу иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;

таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатдан қулай бўлмаса. Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатдан қулайлиги (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқлиги) мазкур жойдаги жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлиги ҳисобга олинган ҳолда ҳудудий меҳнат органлари томонидан белгиланади;

таклиф этилган ишни рад этиш соғлиқнинг ҳолатига, ёшга ва бошқа узрли сабабларга кўра мавжуд бўлган қарши кўрсатмалар билан асосланган бўлса.

Ишсизлик нафақасини олиш даври тугаганидан сўнг касби (мутахассислиги) бўйича иш топиб бериш имкони бўлмаган тақдирда, ишсиз шахснинг қобилияти, соғлиғи ҳолати, илгариги иш тажрибаси ва унинг учун қулай бўлган ўқитиш воситалари инобатга олинган ҳолда касбини (мутахассислигини) ўзгартиришини талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин.

Маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган ҳар бир шахсга ушбу меҳнат органи ходими томонидан унинг касбий тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғининг ҳолатини, меҳнат стажини ҳамда аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш тажрибасини ҳисобга оладиган мақбул келадиган иш (мавжуд бўлган тақдирда) таклиф этилади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар учун мақбул келадиган ишни қидириш мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари ёки захира қилинган иш ўринлари орасидан амалга оширилади.

Иш таклиф этиш ва иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш фақат мақбул келадиган ишга нисбатан амалга оширилади.

Иш қидираётган шахсга мақбул келадиган ишга доир ҳар бир таклиф тўғрисидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимига киритилади.



34-модда. Ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар

ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан

мурожаатномалар асосида иш қидираётган

шахсларни ишга жойлаштириш тартиби


Иш қидираётган шахс ишга жойлашишга доир йўлланмани ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай ишга жойлашишга доир йўлланмада ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномада кўрсатилган манзилга мурожаат этиши шарт.

Ташкилот иш қидираётган шахсни ишга жойлаштиришга доир йўлланма бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, ишга жойлаштиришга доир йўлланма тақдим этилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай йўлланма берган маҳаллий меҳнат органига ушбу шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан бирга йўлланманинг йиртиб олинадиган талонини юбориши шарт.

Агар ишга жойлаштиришга доир йўлланма иш берувчига электрон тарзда юборилган бўлса, иш берувчи маҳаллий меҳнат органига йиртиб олинадиган талон ўрнига ишга жойлаштирилганлик тўғрисидаги хабарномани электрон шаклда юборади.

Ишга жойлаштириш рад этилган тақдирда, йиртиб олинадиган талонда рад этиш сабабларининг асоси кўрсатилади ва йиртиб олинадиган талон ишга жойлаштиришга доир йўлланмани берган маҳаллий меҳнат органига тақдим этиш учун иш қидираётган шахсга қайтариб берилади.

Йиртиб олинадиган талон иш берувчи ёки у ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

Иш берувчи маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлаштиришга доир йўлланма бўйича ишга жойлаштиришни рад этган тақдирда, иш қидираётган шахс йиртиб олинадиган талонни ушбу йўлланмани берган маҳаллий меҳнат органига ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходимга уч кунлик муддатда қайтариб бериши шарт.

Қайтариб берилган йиртиб олинадиган талон (талоннинг кўчирма нусхаси) тўғрисидаги маълумотлар ва ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари маҳаллий меҳнат органи ходими томонидан "Бандлик хизмати" ахборот тизимига киритилади.

Мулкчиликнинг нодавлат шаклидаги ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари иш қидираётган шахсни ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, мазкур шахснинг ишга жойлашишига кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома берган маҳаллий меҳнат органини хабардор қилади.

Ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома электрон тарзда юборилган тақдирда, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари маҳаллий меҳнат органига мазкур шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ахборотни электрон шаклда юборади.

Маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома бўйича ишга жойлаштириш рад этилган тақдирда, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари ҳақида маҳаллий меҳнат органини хабардор қилади.

Мақбул келадиган ишга доир таклифлар мавжуд бўлмаган ва ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган тақдирда, иш қидираётган шахс ишсиз деб эътироф этилади ҳамда унга ишсизлик нафақаси тайинланади.



8-БОБ. ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН ШАХСЛАР


35-модда. Ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиш


Меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахс ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганидан кейин ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган ва шахсий меҳнатга доир иштирокига асосланган, иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатида назарда тутилган фаолиятни мустақил равишда амалга оширадиган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олиниши мумкин.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганлик фактини тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берилган ҳолда, махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабар қилиш тартибида амалга оширилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга, шунингдек иш берувчига эга бўлишга ҳақли эмас. Ушбу талабларга риоя этилмаган тақдирда, ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахслар мақомини йўқотади.

Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар (фрилансинг) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хориждаги норезидентлар бўлган жисмоний ва юридик шахслардан кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун хорижий валютада Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларга Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли ахборот киритмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларга хорижий валютада тўлов қабул қилиш;

битим (оферта) тўғрисида оммавий таклиф қабул қилиш ёки электрон хабарлар алмашиш ёхуд ҳисобварақ-фактуралар (инвойс) қўйиш, шу жумладан электрон шаклда қўйиш орқали контракт тузмасдан, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).

Ўзини ўзи банд қилган шахс Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз шахсларга тўланадиган ишсизлик нафақаси ҳамда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака оширишдан ўтиш даврида ушбу маблағлар ҳисобидан стипендия олиши мумкин эмас.



36-модда. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ солиш


Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жисмоний шахснинг ялпи даромади таркибига киритилмайди.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида амалда ишлаб берилган вақтдан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдори суммасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўлайди, ушбу солиқ суммаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлиқ йўналтирилади ва шундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи миқдори аниқланади.



37-модда. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга

бериладиган имтиёзлар


Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш даври пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлинган пайтдан эътиборан ёшга доир пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олиш даври, меҳнат фаолияти бу даврда ўзини ўзи банд қилиш тартибида амалда бажарилганлиги ёки бажарилмаганлигидан қатъи назар, пенсияни тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Маҳаллий меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун тижорат банкларига тавсиялар беради.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар белгиланган тартибда аккредитация қилинган касбга ўқитиш марказларида (касб-ҳунар таълими муассасаларида) қисқа муддатли касбга ўқишни, шунингдек тадбиркорлик кўникмаларига ўқишни бепул ўташи мумкин.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни касбга ўқитишни ташкил этиш ва ўқитиш бўйича харажатларни молиялаштириш ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Маҳаллий меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга меҳнат асбоб-анжомларини (мотокультиваторлар, ўт ўроқ машиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик ва қурилиш ускуналари ҳамда бошқаларни), шахсий ҳимоя воситаларини ва иш кийимини имтиёзли ижарага бериш пунктларини ташкил этади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга имтиёзли ижарага бериш учун меҳнат асбоб-анжомлари, шахсий ҳимоя воситалари ва иш кийими Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан олинади.



9-БОБ. АҲОЛИНИНГ АЙРИМ ТОИФАЛАРИНИ

ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ БЎЙИЧА КАФОЛАТЛАР


38-модда. Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини

ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар


Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилаларнинг ота-оналарига;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактабларини, касб-ҳунар коллежларини ҳамда техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

"Меҳрибонлик" уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

ногиронлиги бўлган шахслар;

пенсияолди ёшидаги шахслар;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

одам савдосидан жабрланганлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шахслар.

Иш берувчи ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган иш берувчи ва у ваколат берган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Қўшимча кафолатлар қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланиш асосидаги ташкилотларни ташкил этиш, ўқитишнинг махсус дастурларини ишлаб чиқиш, ташкилотларга иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш йўли билан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар орқали таъминланади.



39-модда. Иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш

ва иш ўринларини захирага қўйиш


Аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан иш ўринларининг энг кам сони белгиланади, ташкилотлар томонидан эса иш ўринлари захирага қўйилади.

Иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ белгиланадиган иш ўринлари энг кам сонининг жами сони ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг етти фоизидан ортиқни (шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун уч фоизидан камини) ташкил этиши мумкин эмас.

Ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:

лавозимларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини 1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда белгилайди;

келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони тўғрисидаги маълумотларни 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда маҳаллий меҳнат органига тақдим этади.

Маҳаллий меҳнат органи томонидан олинган маълумотлар асосида иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисидаги таклифлар шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ташкилотлар кесимида тегишли қарор қабул қилиниши учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ҳар йили 1 октябрдан кечиктирмай киритилади.

Маҳаллий меҳнат органи томонидан тақдим этилган умумлаштирилган таклифлар асосида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмай қарор қабул қилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари асосида маҳаллий меҳнат органлари захирага қўйиладиган иш ўринлари сони, захирага қўйиладиган иш ўринларига қўйиладиган талаблар, рағбатлантириш чоралари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг энг кам миқдорда иш ўринларини ташкил этиш ҳақидаги қарорлари бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш жорий йилнинг 15 ноябридан кеч бўлмаган муддатда ташкилотларнинг эътиборига етказади.

Ушбу Қонун 38-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган тоифадаги шахслар томонидан қўйиладиган ўзига хос талабларга мувофиқ бўлган меҳнат шароитларини таъминлайдиган иш ўрни мазкур тоифадаги шахслар учун, шу жумладан қуйидагилар учун ташкил этилган иш ўрни деб ҳисобланади:

ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилаларнинг ота-оналари учун - болаларни тарбиялаш мажбуриятлари ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари;

ногиронлиги бўлган шахслар учун - меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга соғлиғининг ҳолатини ҳамда меҳнат фаолиятига доир белгиланган қарши кўрсатмалар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат мажбуриятларини монеликсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари.

Ушбу Қонун 38-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар жойлаштириб бўлинган иш ўринлари келгуси даврга захирага қўйиладиган иш ўринлари сонини аниқлашда ҳисобга олинади.

Захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш ташкилот томонидан маҳаллий меҳнат органининг йўлланмаси бўйича ёки мустақил равишда амалга оширилади.

Захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштиришга ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, жазони ижро этиш жойларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашув марказлари, кўрсатиб ўтилган тоифадаги шахсларнинг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотлар ҳам уларни маҳаллий меҳнат органларига юбориш йўли билан кўмаклашиши мумкин бўлиб, маҳаллий меҳнат органлари бундай шахсларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлайди. Бунда мазкур ташкилотлар календарь йил бошланишидан камида беш ой олдин маҳаллий меҳнат органига аниқ ташкилотлар бўйича иш ўринларини захирага қўйиш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқига, зарур ҳолларда, маҳаллий меҳнат органларидан ҳар бир ташкилот бўйича ташкил этилган иш ўринларининг сони ва хусусияти, шунингдек захирага қўйиладиган бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олиш ҳуқуқига эга.



40-модда. Захирага қўйиладиган иш ўринларини

сақлаш шартлари


Захирага қўйиладиган иш ўринлари қисқартирилган ёки тугатилган ҳолларда ташкилот маҳаллий меҳнат органига ахборот тақдим этади.

Технологиядаги, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва меҳнат шарт-шароитларидаги ўзгаришлар, ходимлар сонининг ўзгаришига олиб келган иш ҳажмларининг қисқариши билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш чоғида, захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштирилган шахслар учун иш ўринлари, агар ушбу шахсларнинг сони ходимлар сони ўзгарган календарь йил учун туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган захирага қўйиладиган иш ўринлари сонидан ортиқ бўлмаса, устувор тартибда сақланади.

Захирага қўйиладиган иш ўрни илгари ушбу иш ўрнини эгаллаган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши муносабати билан бўшаганда, ташкилот янгидан очилган бўш (вакант) иш ўрни тўғрисида маҳаллий меҳнат органини ўн кунлик муддатда хабардор қилиши шарт.

Ташкилот туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ ўзи учун иш ўринлари захирага қўйиладиган тоифадаги шахсларни ишга жойлаштириши шарт.

Ташкилот захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек бу ҳақда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилиши шарт.

Иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминланади, бу ҳақда маҳаллий меҳнат органи биринчи чорак тамом бўлганидан кейин ўн кундан кечиктирмай хабардор қилинади.

Ташкилотлар маҳаллий меҳнат органига ишга жойлаштириш тўғрисида ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.

Мавсумий ва вақтинчалик иш ўринларини захирага қўйишга йўл қўйилмайди.



41-модда. Туман (шаҳар) ҳокимининг иш ўринларининг

энг кам сонини ташкил этишга доир қарорини бажармаганлик,

шунингдек захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга

жойлаштиришни асоссиз равишда рад этганлик

учун жавобгарлик


Туман (шаҳар) ҳокимининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини ташкил этишга доир қарорини бажармаганлик, шунингдек захирага қўйиладиган иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари томонидан юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этганлик Қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Жавобгарликка тортиш захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ташкил этиш мажбуриятидан озод қилмайди.



42-модда. Иш ўринларини захирага қўйишда иштирок

этадиган ташкилотлар учун имтиёзлар


Захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этган ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзларга, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан субсидиялар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари белгиланган сондан ортиқча захирага қўйиладиган иш ўринлари ташкил этган ташкилотларга ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқа чора-тадбирлар учун яшаш учун мўлжалланмаган жойларни биринчи навбатда ажратиш орқали ўз ваколатлари доирасида имтиёзлар белгилаши мумкин.



43-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги,

Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

Миллий гвардияси ва Давлат хавфсизлик хизмати тизимидан

ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралардан

бўшатилган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича

қўшимча кафолатлар


Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) ходим резервга бўшатилганидан ёки истеъфога чиқарилганидан кейин, агар у иш берувчига ишга жойлашиш масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси сафларидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидан ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралардан бўшатилган кундан эътиборан кўпи билан уч ой ичида мурожаат қилган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ходим, агар у ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кундан эътиборан кўпи билан уч ой ўтган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.

Ташкилот қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни унинг ҳуқуқий вориси, ташкилот тугатилганда эса маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.

Шахсларга ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда иш бериш имкони бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса уларнинг бепул касбга тайёрланишини, қайта тайёрланишини ёки малакаси оширилишини таъминлайди.

Ушбу моддада назарда тутилган кафолатлар муқобил хизматга чақирилган ходимларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.



10-БОБ. ШАХСЛАРНИ ИШСИЗ ДЕБ

ЭЪТИРОФ ЭТИШ


44-модда. Шахсларни ишсиз деб эътироф

этиш шартлари


Ўн олти ёшдан то пенсия таъминоти ҳуқуқини олиш ёшигача бўлган, ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва ушбу органлар томонидан иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) ишсизлар деб эътироф этилади.

Агар иш қидираётган шахсга у рўйхатга олинган кундан эътиборан дастлабки ўн кун ичида мақбул келадиган иш таклиф этилмаган бўлса ёки маҳаллий меҳнат органи мазкур шахс ишга жойлаштириш учун юборилган ташкилотдан рад жавобини олган бўлса, шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органи томонидан қабул қилинади.

Шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органининг буйруғи билан расмийлаштирилади, ушбу буйруқ бир вақтнинг ўзида ишсизлик нафақаси тайинлаш тўғрисидаги буйруқ ҳисобланади. Буйруқда ишсизлик нафақасининг миқдори ва уни ҳисоблаш санаси кўрсатилади.

Ишсиз деб эътироф этилган шахс қабул қилинган қарор тўғрисида мазкур қарор қабул қилинганидан кейин икки кунлик муддатдан кечиктирмай ёзма равишда ёки телефон, электрон почта орқали хабардор қилинади. Бунда ишсиз деб эътироф этилган шахсга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, маҳаллий меҳнат органига ёки ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходим ҳузурига қайта рўйхатдан ўтиш учун мажбурий келиш санаси, ишсизлик нафақасини олиш шартлари ва жойи, шунингдек ишсиз шахс учун зарур бўлган бошқа ахборот хабар қилинади.

Шахсни ишсиз деб эътироф этиш чоғида меҳнат дафтарчасига ёзув қайд этилмайди.

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар бепул маслаҳат олиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш хизматларини олиш, шунингдек маҳаллий меҳнат органлари кўмагида ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.



45-модда. Шахсларни ишсиз деб эътироф этишни

рад қилиш учун асослар


Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:

таклиф этилган мақбул келадиган ишни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз икки марта рад этган шахслар;

маҳаллий меҳнат органига ёки ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган маҳаллий меҳнат органи ходими ҳузурига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз келмаган шахслар;

таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, бундан таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъи назар);

бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилаётган, ишламаётган аёллар;

ишини ўзгартирмоқчи бўлган, лекин маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтиш пайтида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки уларнинг штатида ҳисобда турувчи шахслар;

суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганлар;

фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва ходимлари, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;

ўзини ўзи банд қилган шахслар.

Ишсиз шахс деб эътироф этиш рад қилинган шахс таклиф этилган ишни рад этган пайтдан ёки мақбул келадиган иш бўйича таклиф олиш учун маҳаллий меҳнат органига узрли сабабсиз келмаган пайтдан эътиборан ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина иш қидираётган шахс сифатида такроран рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.



46-модда. Ишсиз шахсларнинг келишини ҳисобга олиш


Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақасини олиш даврида бир ойда камида икки марта маҳаллий меҳнат органларига келиши шарт. Келиш жадвали, санаси ва вақти иш қидираётган шахсларни рўйхатга олишни амалга оширувчи маҳаллий меҳнат органи ходими томонидан ишсиз шахснинг маҳаллий меҳнат органига келиши қулайлиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ишсиз шахс маҳаллий меҳнат органига келганда маҳаллий меҳнат органининг ходими:

ишсиз шахс билан мазкур шахснинг ишсиз шахс сифатида мақомини белгилашга ва уни ишга жойлаштиришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда юз берган ўзгаришлар тўғрисида суҳбат ўтказади;

ишсиз шахсни мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисида, касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малакасини ошириш имкониятлари ҳақида, шунингдек ҳақ тўланадиган жамоат ишлари тўғрисида хабардор қилади;

мақбул келадиган иш мавжуд бўлганда ишга жойлаштиришга доир йўлланма ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома беради.

Маҳаллий меҳнат органи ишсиз шахсларнинг ўз вақтида маҳаллий меҳнат органига келиб туриши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Ишсиз шахсларнинг маҳаллий меҳнат органларига келишини ҳисобга олиш уларнинг иш қидириш ва ишга жойлашишдаги фаоллигини ошириш, уларга мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги жорий ахборотни тақдим этиш, шунингдек уларнинг ишга жойлашишига ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотларнинг улар томонидан ўз вақтида олинишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.



47-модда. Ишсиз шахсларни моддий жиҳатдан

қўллаб-қувватлаш кафолатлари


Давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

ишсизлик нафақаси тўланишини;

меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланишини ва шу давр умумий меҳнат стажига қўшилишини;

маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмасига кўра бепул, шу жумладан грантлар ҳисобидан касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишни;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш имкониятини;

тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга ҳамда шахсий томорқа ер участкаларини ривожлантиришга қаратилган, ушбу Қонун 19-моддаси иккинчи қисмининг учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган субсидияларни олиш имкониятини;

маҳаллий меҳнат органларининг таклифига кўра ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиб ўтиш билан боғлиқ харажатлар компенсация қилинишини.



48-модда. Ишсиз шахсни маҳаллий меҳнат органларида

ҳисобдан чиқариш учун асослар


Ишсиз шахс қуйидаги ҳолларда маҳаллий меҳнат органларида ҳисобдан чиқарилиши мумкин:

ишга жойлашганда;

ушбу Қонун 19-моддаси иккинчи қисмининг учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган субсидияни олганда;

Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан микрокредит олганда;

ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганда;

қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлганда (пенсия туридан қатъи назар);

шахс доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиб ўтганда;

узрли сабабсиз маҳаллий меҳнат органига келмаганда;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганда;

мақбул келадиган ишга доир таклифларни мунтазам равишда (икки мартадан кўп) рад этганда;

ишга жойлаштиришга доир йўлланмани ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномани олишга келишдан бўйин товлаганда;

шахс қонунга хилоф равишда ишсиз шахс деб эътироф этилганлиги факти аниқланганда;

суднинг озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазони назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;

муддатли ҳарбий хизматга чақирилганда;

ишсиз шахс вафот этганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи - ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган асосларга кўра ҳисобдан чиқарилган шахслар ишсиз сифатида маҳаллий меҳнат органида ҳисобдан чиқарилган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ўтгач маҳаллий меҳнат органига иш қидираётган шахс сифатида такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ишсиз шахсни маҳаллий меҳнат органида ҳисобдан чиқариш маҳаллий меҳнат органи раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади, буйруқда ишсиз шахсни ҳисобдан чиқариш асоси, шунингдек шахс ҳисобдан чиқариладиган сана кўрсатилади.

Ишсиз шахсни маҳаллий меҳнат органида ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимига киритилади.



49-модда. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра

бекор қилинганда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш

бўйича қўшимча кафолатлар


Башарти ходим билан тузилган меҳнат шартномаси:

ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгаришига олиб келган иш ҳажмлари қисқарганлиги ёхуд ташкилот тугатилганлиги;

ходим бажараётган ишига малакаси етарли эмаслиги оқибатида ёки соғлиғининг ҳолатига кўра нолойиқлиги;

шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши муносабати билан бекор қилинса, ходимларнинг иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақи ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга сақланиб қолади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар мулкдор ўзгарганлиги сабабли тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтерга нисбатан, ташкилотда бош бухгалтер лавозими бўлмаганда эса - бош бухгалтер вазифаларини бажарувчи ходимга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, улар маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ходимларга уч ойлик давр тугагач мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз шахслар деб эътироф этилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки малакасини ошираётган ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади.

Маҳаллий меҳнат органи ташкилотларнинг бошқа ташкилотларда ишдан бўшатилган, ишга қабул қилинган шахсларнинг ўқишини ташкил этишга доир харажатларини тўлиқ ёки қисман компенсация қилиши мумкин.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ёки ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра касб касаллигига учраш натижасида ишдан маҳрум бўлган ҳамда ишга жойлашишга ва касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малакасини оширишга муҳтож бўлган шахслар бўшатилган ходимларга тенглаштирилади.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгаришига олиб келган иш ҳажмлари қисқарганлиги ёхуд ташкилот тугатилганлиги муносабати билан бўшатилган, ишсиз деб эътироф этилган, қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган умумий меҳнат стажига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил аввал) пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади.



50-модда. Иш берувчи банкрот деб топилганлиги

ёки тугатилганлиги сабабли меҳнат шартномаси

бекор қилинганда ходимларни моддий жиҳатдан

қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар

Иш берувчи банкрот деб топилган тақдирда, у билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида мажбуриятлар бўйича ўзларининг талаблари қаноатлантирилиши учун бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан устувор ҳуқуқдан фойдаланади.

Тугатилаётган ташкилотларнинг маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу Қонун 49-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсациялар тўлаш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ташкилотларнинг тугатилиши, ходимлар сони (штати) қисқартирилиши муносабати билан бўшатилган, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатга олинган ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбий тайёргарликдан, қайта тайёргарликдан ўтаётган ёки малакасини ошираётган ходимларга стипендия меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида тўланади.



11-БОБ. ИШСИЗЛИК НАФАҚАСИНИ ТЎЛАШ


51-модда. Ишсизлик нафақаси


Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақасини тўлаш ишсиз шахснинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ишсизлик нафақасига солиқ солинмайди.

Ишсизлик нафақаси ишсиз деб тан олинган шахсга у маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади.

Ишсизлик нафақаси ўн икки ойлик давр ичида кўпи билан йигирма олти календарь ҳафта давомида тўланади.

Жорий ойда ишсизлик нафақасини тўлаш ўтган ой учун амалга оширилади.

Тўлиқ бўлмаган календарь ой учун ишсизлик нафақасини тўлаш чоғида ишсизлик нафақаси мазкур нафақа тўланиши керак бўлган ушбу календарь ойдаги кунлар сонининг тўлиқ календарь ойдаги кунлар сонига мутаносиб миқдорда тўланади.

Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс касал бўлган тақдирда ишсизлик нафақасини ишсиз шахснинг қариндошлари (отаси, онаси, эри (хотини), вояга етган болалари) ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида ишсиз шахснинг бошқа ишончли шахслари томонидан олишга йўл қўйилади.

Ўз меҳнат стажини ҳужжат билан тасдиқлаш имкониятига эга бўлмаган шахсларга ишсизлик нафақасини тайинлаш чоғида уларга илгари ишламаганлар ва биринчи марта иш қидираётганлар сифатида қаралади.

Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс иш қидириши ва ишга жойлаштиришга доир йўлланма (ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома) ёхуд касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малакасини оширишга йўлланма олиш учун икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилиши шарт.



52-модда. Ишсизлик нафақасининг миқдори


Ишсизлик нафақаси ишсиз шахснинг аввалги иш жойидаги охирги бир йилдаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоизда белгиланади.

Ишсизлик нафақалари қуйидаги миқдорларда тўланади:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) сўнгги ўн икки ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга - аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ҳамда узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга - меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида;

илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга -меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида етмиш беш фоизи миқдорида.

Ҳарбий хизматдан, ички ишлар органларидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси органларидан ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралардан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлган шахслар ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган шартлар асосида ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ошганда ишсизлик нафақасининг миқдори ошириш коэффициентига тенг миқдорда кўпаяди.

Ҳар ой учун (шу жумладан ишсизлик нафақаси тўланадиган тўлиқсиз ойлар учун) ишсизлик нафақаси миқдори тўғрисидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимида акс эттирилади.



53-модда. Ташкилотлардан бўшатилган шахсларга

ишсизлик нафақаси тўлашнинг ўзига

хос хусусиятлари


Ушбу Қонун 49-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган асослар бўйича ташкилотлардан бўшатилган шахслар учун, агар улар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтган бўлса, белгиланган уч ойлик муддат тугаганидан кейин биринчи кундан эътиборан ишсизлик нафақаси ҳисобланади.

Агар ушбу Қонун 49-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган асослар бўйича ташкилотдан бўшатилган шахс меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтмаган, лекин унга уч ойлик давр тугаганидан кейин маҳаллий меҳнат органи томонидан мақбул келадиган иш берилмаган бўлса, у ишсиз шахс мақомига эга бўлади ҳамда унга меҳнат шартномаси бекор қилинган санадан кейин камида икки ой муддат ўтгач ишсизлик нафақаси ҳисобланади. Ишдан бўшатилаётган шахс мақбул ишга доир иккита таклифни рад этган тақдирда, у ишсиз шахс мақомига эга бўлмайди ва ўттиз календарь кундан сўнг умумий асосларда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинади.



54-модда. Маҳаллий меҳнат органларини ишсизлик

нафақасини тўлашга таъсир кўрсатадиган шартлар

ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилиш


Ишсизлик нафақасини олаётган ишсиз шахслар маҳаллий меҳнат органини қуйидагилар тўғрисида уч кунлик муддатдан кечиктирмай хабардор қилиши шарт:

мустақил равишда ишга жойлашганлиги (меҳнат шартномаси тузганлиги);

фермер ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини ижарага олганлиги;

тадбиркорлик фаолияти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида бошқа ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан даромад олаётганлиги;

тижорат банкидан, микромолия ташкилотидан ёки лизинг компаниясидан кредит ёки лизинг олганлиги;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсларига мустақил равишда (маҳаллий меҳнат органи воситачилигисиз) кирганлиги;

қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлганлиги (пенсия туридан қатъи назар);

ҳарбий мажбуриятларни бажарганлиги ва ҳарбий хизматга тайёргарлик билан боғлиқ тадбирларда иштирок этганлиги;

яшаш жойи ўзгарганлиги;

ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ўзгаришига сабаб бўладиган бошқа ҳолатлар.

Маҳаллий меҳнат органлари ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ўзгарганлиги тўғрисида "Ягона меҳнат миллий тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан ва идоралараро ҳамкорликнинг бошқа шаклларидан фойдаланган ҳолда, мустақил равишда ахборот олишга ҳақлидир.



55-модда. Ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш

ва тўхтатиб туриш асослари


Ишсизлик нафақасини тўлаш қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ишсиз шахс ишга жойлашганда;

ишсиз шахс мақбул ишга доир иккита таклифни рад этганда;

ишсиз шахс ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олганда;

ишсиз шахслар тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга ва шахсий томорқа ер участкаларини ривожлантиришга қаратилган, ушбу Қонун 19-моддаси иккинчи қисмининг учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган субсидияларни олганда;

ишсиз шахслар Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан микрокредитлар олганда;

ишсиз шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганда;

ишсиз шахс ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганда;

ишсиз шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлганда (пенсия туридан қатъи назар);

ишсиз шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганда;

ишсиз шахс ишсизлик нафақасини олиб турган даврида вақтинча бажариладиган ишга маҳаллий меҳнат органини бу ҳақда хабардор қилмай жойлашганда;

ишсиз шахс вафот этганда.

Ишсизлик нафақасини тўлаш юқорида кўрсатилган ҳоллардан бири юзага келган пайтдан эътиборан тугатилади.

Ишсиз шахс маҳаллий меҳнат органига мунтазам равишда узрли сабабларсиз келмаган ёки белгиланган муддатларда келишдан бўйин товлаган ёхуд ишга жойлаштиришга доир йўлланма ёхуд ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома олиш учун узрли сабабларсиз келмаган тақдирда ҳам ишсизлик нафақасини тўлаш муддатидан олдин тугатилиши мумкин.

Ишсизлик нафақасини тўлаш даври тугаганлиги ёки нафақани тўлаш тугатилганлиги ишсиз шахсларни маҳаллий меҳнат органларида ҳисобдан чиқариш учун асос бўлмайди.

Ишсиз шахснинг касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтиш таклифини рад этишига мақбул ишни рад этиш сифатида қаралмайди ва ишсизлик нафақаси тўлашни тугатишга сабаб бўлмайди.

Ишсизлик нафақасини тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

ишсиз шахс касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилганда - стипендия тўланган ҳолда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида;

ишсиз шахс ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида даволаш курсидан ўтганда - бундай муассасада бўлиш даврида;

ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётганда - бундай ишларда иштирок этиш даврида.

Ишсизлик нафақасини тўлаш ишсиз шахс белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра маҳаллий меҳнат органига келмаган тақдирда уч ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.



56-модда. Ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш

(тўхтатиб туриш) тартиби


Маҳаллий меҳнат органининг буйруғи ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) учун асос бўлади, унда ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) сабаби ва ишсизлик нафақасини тўлаш тугатиладиган (тўхтатиб туриладиган) сана мажбурий тартибда кўрсатилади.

Ишсизлик нафақасини тўлаш ушбу Қонун 55-моддасининг биринчи қисмида (бешинчи қисмида) назарда тутилган тегишли ишончли ахборот олинганидан кейин маҳаллий меҳнат органи томонидан тугатилади (тўхтатиб турилади).

Ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) тўғрисида маҳаллий меҳнат органининг ходими томонидан "Бандлик хизмати" ахборот тизимининг тегишли бўлимида ва сўровномада қайд этилади, унда ишсизлик нафақасини тўлаш тугатиладиган (тўхтатиб турилган) сана, ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) сабаблари, ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) учун асос бўлган буйруқнинг санаси ва рақами кўрсатилади.

Маҳаллий меҳнат органи томонидан чиқарилган ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) тўғрисидаги қарор ишсиз шахсга етказилиши шарт.

Ҳисобланган, лекин белгиланган муддатда олинмаган ишсизлик нафақаси ишсиз шахсга келгуси ойда тўланади.



57-модда. Ишсизлик нафақаларининг ортиқча

тўланган суммаларини ушлаб қолиш


Ишсизлик нафақасининг ортиқча тўланган суммалари ишсиз шахсдан, агар ортиқча тўлов ҳисоб-китобдаги хато натижасида ёки ишсиз шахс томонидан суиистеъмоллик оқибатида содир этилган бўлсагина, ушлаб қолиниши мумкин. Ушлаб қолишлар ишсизлик нафақасининг кейинги тўланишлари чоғида амалга оширилади.

Ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато натижасида ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор нотўғри белгиланган миқдордаги ишсизлик нафақаси охирги тўланган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай қабул қилиниши керак. Ишсиз шахс томонидан суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор бирор-бир муддатлар билан чекланмаган ҳолда қабул қилинади.

Агар ишсизлик нафақасини олувчи ишсиз шахс ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган бўлса ва суднинг ёки бошқа ваколатли органнинг қарорига кўра ишсизлик нафақасини олувчи шахс ўзига етказилган зарарнинг ўрни қопланган ҳолда аввалги ишига тикланган бўлса, унга тўланган ишсизлик нафақаси ушбу шахс томонидан тўлиқ миқдорда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ихтиёрий равишда қайтарилади. Ушбу шахс олинган ишсизлик нафақасини ихтиёрий равишда қайтаришни рад этган тақдирда тўланган ишсизлик нафақаларининг бутун суммаси ушбу шахсдан суд тартибида ундирилади.



58-модда. Ишсизлик нафақалари тайинлаш ва тўлаш

тўғрисидаги қарорлар устидан шикоят қилиш


Маҳаллий меҳнат органларининг ишсизлик нафақалари тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарорлари, шу жумладан уларни тайинлашнинг тўғрилиги ва тўлаш муддатлари ҳақидаги қарорлари устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят берилиши мумкин.



12-БОБ. ҲАҚ ТЎЛАНАДИГАН ЖАМОАТ

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


59-модда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг

асосий турлари


Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг асосий турлари қуйидагилардан иборат:

шаҳарларнинг, туманларнинг, аҳоли пунктларининг, маҳаллаларнинг ҳудудларини ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, йиғиштириш, оқлаш, ариқларни, қабристонларни, зиёратгоҳларни, маданий объектларни тозалаш ва бошқалар);

уй-жой-коммунал объектлар ва бошқа инфратузилма объектлари ҳудудларига туташ уй-жой фондининг объектларини таъмирлаш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш;

кўчаларни, йўлларни ва йўлкаларни таъмирлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилини йиғиб-териб олиш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларни, кексаларни, беморларни ва бошқа шахсларни парваришлаш;

саноат тармоқлари ташкилотларидаги ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ишлар;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарорларига мувофиқ ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг таклиф этилаётган турлари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг касбий кўникмаларини, иш тажрибасини, ёшини, жинсини ва бошқа ўзига хос хусусиятларини, иш режимини ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид зарур шарт-шароитларни ҳисобга олиши керак.



60-модда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини

ташкил этиш тартиби


Буюртмачилар-иш берувчилар ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг зарур турлари ва ҳажмларини маҳаллий меҳнат органлари билан биргаликда белгилайди.

Буюртмачилар-иш берувчилар ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этишга доир талабномани маҳаллий меҳнат органларига тақдим этади.

Маҳаллий меҳнат органлари буюртмачилар-иш берувчиларнинг талабномаларида кўрсатилган ишчи кучига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларнинг (бундан буён матнда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар деб юритилади) рўйхатларини шакллантиради.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳақ тўланадиган жамоат ишлари бажарилишини маҳаллий меҳнат органларининг умумлаштирилган талабномалари асосида молиялаштиради.

Маҳаллий меҳнат органлари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг рўйхатини илова қилган ҳолда буюртмачилар-иш берувчилар билан шартномалар тузади.

Маҳаллий меҳнат органлари буюртмачи-иш берувчи билан шартнома тузганидан сўнг ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун йўлланма беради.

Буюртмачи-иш берувчи ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга ошириш вақтида меҳнатни муҳофаза қилишга доир лозим даражадаги шарт-шароитларни қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлайди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларга иш ҳақи тўғри ҳисобланиши ва бажарилган жамоат ишларининг ҳақиқий ҳажмлари тўғри ҳисобга олиниши учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг ўрнини қоплаш учун йўналтирилган маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан жавобгарлик буюртмачи-иш берувчининг зиммасига юклатилади.

Маҳаллий меҳнат органлари ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга ошириш мониторингини бир ойда бир марта жойнинг ўзига чиқиб ўрганиш орқали ўтказади ва тегишли мониторинг далолатномасини расмийлаштиради. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ўтказиш тартиби бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда далолатнома расмийлаштирилади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чора-тадбирлар кўрилади.

Буюртмачи-иш берувчи ҳар ойда маҳаллий меҳнат органларига ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилганлигини ва ушбу ишлар ҳажми бажарилганлигини, ишланган вақт ҳисобини ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларга иш ҳақи ҳисобланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

Маҳаллий меҳнат органлари тасдиқловчи ҳужжатларни олганидан кейин ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ўрни қопланадиган суммани тўлашга оид тўлов ҳужжатларини ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли бўлинмаларига юборади.

Буюртмачи-иш берувчи ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузади. Ихтиёрий асосда бригадаларга бирлашган шахслар комплекс ёки айрим турдаги ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажарган тақдирда шартномада тарафларнинг мажбуриятлари, ишларнинг бажарилиш ҳажмлари ва муддатлари, меҳнатни ташкил этиш ҳамда унга ҳақ тўлаш шакллари назарда тутилади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш вақти меҳнат стажига киритилади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг пенсия таъминоти олиш ва уларга вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа тўлаш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Маҳаллий меҳнат органлари ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш учун буюртмачилар-иш берувчиларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан олинган асосий воситалар, майда асбоб-ускуналар ва анжомларни ижарага беришни амалга оширади.



61-модда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб

этиладиган шахсларнинг меҳнатига

ҳақ тўлаш тартиби


Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш учун камида икки ҳафталик, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга, айрим ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда, ўн бир ойгача муддатга муддатли меҳнат шартномалари тузилади.

Бюджет ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (шу жумладан жамоатчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича), шунингдек кўп квартирали уйлардаги уй-жой мулкдорларининг ширкатлари томонидан (туташ ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш бўйича) ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида маҳаллий меҳнат органининг йўлланмаларига кўра ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга оид харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Бунда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши ва меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кўп бўлиши мумкин эмас ҳамда маҳаллий меҳнат органи томонидан юборилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг ўрни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан юз фоиз қопланади.

Тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан (бундан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйлардаги уй-жой мулкдорларининг ширкатлари мустасно) ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг эллик фоизигача бўлган қисмининг ўрни иш берувчи бажарилган ишларни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган бир шахс меҳнатига тўланган ҳақнинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қоплашнинг ҳар ойлик миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдоридан ошмаслиги керак. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳар ойда ҳақ тўлаш меҳнат шартномаси асосида белгиланади.

Зарур бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг ўрнини қоплашнинг ҳар ойлик миқдорини меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг тўрт бараваригача миқдорда белгилаши мумкин.

Ишсиз шахснинг ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиши даврида унга ишсизлик нафақасини тўлаш тўхтатиб турилади ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажариш тугаган кундан эътиборан тикланади.



13-БОБ. ИШ ҚИДИРАЁТГАН ШАХСЛАРНИ ҲАМДА

ИШСИЗ ШАХСЛАРНИ КАСБГА ТАЙЁРЛАШ,

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


62-модда. Иш қидираётган шахсларни ҳамда ишсиз

шахсларни касбга тайёрлашни, қайта тайёрлашни

ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш


Иш қидираётган шахсларни ҳамда ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда маҳаллий меҳнат органининг йўлланмасига кўра амалга оширилиши мумкин:

касби (мутахассислиги) мавжуд бўлмаганда;

мавжуд касбий кўникмаларига мос мақбул иш йўқлиги сабабли касбни (мутахассисликни) ўзгартириш зарур бўлганда;

касбий кўникмалари мавжуд бўлмаганлиги ёки етарли бўлмаганлиги сабабли, касбига (мутахассислигига) доир талаблар ўзгартирилганлиги боис малака ошириши зарур бўлганда;

аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш бажариш қобилияти йўқотилганда.

Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш касбга ўқитиш марказларида (касб-ҳунар таълими муассасаларида) амалга оширилади.

Иш қидираётган шахслар, ишсиз шахслар, шунингдек аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар устувор тартибда касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Касбга ўқитиш марказларини сақлаш ва моддий-техник жиҳатдан ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



63-модда. Касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва

малака оширишга доир давлат буюртмаси


Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир давлат буюртмаси (бундан буён матнда касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан шакллантирилади.

Касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси қуйидаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда келгуси йил учун шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикасининг демографик таҳлили ва демографик ривожланиш прогнозларидан;

иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг прогноз сонидан;

касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малакасини оширишга эҳтиёжи бўлган шахсларнинг прогноз сонидан;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчилари сонининг прогнозидан;

ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган касбга ўқитишга нисбатан эҳтиёжнинг асосий йўналишлари прогнозидан.



64-модда. Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз

шахсларни касбга ўқитишга доир давлат

буюртмаси параметрлари


Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси параметрлари:

ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ёки мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш;

янги хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ишга тушириш, янги уй-жойлар, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш;

қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ҳажмларини ошириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини кенгайтириш, янги боғлар, токзорлар барпо этиш, чорва моллари сонини кўпайтириш;

аҳоли тадбиркорлик фаоллигининг ўсиши, янги тадбиркорлик, ҳунармандчилик субъектларини ташкил этиш, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш;

инвестиция лойиҳаларини ва хусусийлаштирилган ташкилотларни ривожлантириш "йўл хариталари"ни амалга ошириш, фойдаланилмаётган хоналарни ва биноларни ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун инвестиция мажбуриятлари ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида "ноль" харид қиймати бўйича бериш ҳамда давлат мулки бўлган объектларни ижарага бериш муносабати билан зарур иш ўринлари сонини аниқлаш асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси параметрлари ҳудудлар кесимида, касбга ўқитишнинг ҳар бир тури бўйича молиялаштиришнинг прогноз ҳажмлари кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланади.

Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси параметрлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.



65-модда. Касбга ўқитишга доир давлат

буюртмасини шакллантириш


Маҳаллий меҳнат органлари ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар келгуси календарь йил учун мўлжалланган иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга ўқитишга бўлган прогноз талабни шакллантиради ҳамда ҳудудий меҳнат органларига тақдим этади.

Ҳудудий меҳнат органлари ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 ноябрига қадар келгуси календарь йил учун мўлжалланган касбга ўқитишга доир давлат буюртмасининг ҳажми ва йўналишлари бўйича талабни шакллантиради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар йили прогноз йилидан олдинги йилнинг 1 декабрига қадар иш қидираётган шахслар ва ишсиз шахслар сонини, меҳнат бозорининг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг молиялаштириш ҳажмларини таҳлил қилиш асосида ҳудудлар ва касбга ўқитиш турлари кесимида касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси параметрларини шакллантиради.



66-модда. Касбга ўқитишга доир давлат буюртмасининг

маълумотлар базасини шакллантириш


Меҳнат органлари касбга ўқитишга доир давлат буюртмасининг маълумотлар базасини шакллантиради ва уни мунтазам равишда янгилаб боради.

Касбга ўқитишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш "Ягона меҳнат миллий тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси билан интеграция қилинган тегишли электрон платформа ҳамда дастурий таъминот орқали бажарилади.

Мазкур электрон платформа ҳамда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



67-модда. Касбга ўқитишга доир давлат

буюртмаси турлари


Касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси қуйидаги турлар бўйича шакллантирилади:

узоқ муддатли ўқитиш - ўқув жараёни ўттиз ҳафтадан қирқ ҳафтагача давом этади;

ўрта муддатли ўқитиш - ўқув жараёни беш ҳафтадан йигирма беш ҳафтагача давом этади;

қисқа муддатли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади;

ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш - ўқув жараёни иш берувчида бир вақтнинг ўзида олиб бориладиган меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, бир нафар ўқувчи учун келгусида иш берувчида ишга жойлаштирилган ҳолда касбга тайёрлашдан (стажировкадан) ўтиши йигирма беш ҳафтагача давом этади;

мақсадли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади.

Касбга ўқитишга доир давлат буюртмасини шакллантириш учун тўлов қийматини ва молиялаштириш ҳажмларини белгилашда бир нафар ўқувчига сарфланадиган харажатлар мезон бўлади.



68-модда. Узоқ муддатли ўқитиш


Ишсиз шахсларни узоқ муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ҳамда касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан амалга оширилади.

Узоқ муддатли ўқитиш ўқув муассасасининг қувватидан ва ихтисослашувидан, қабул қилиш параметрларидан ҳамда ўқитишнинг давомийлигидан келиб чиққан ҳолда, касбга ўқитиш маркази (касб-ҳунар таълими муассасаси), иш берувчи, маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома асосида касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан мустақил равишда ташкил этилади.



69-модда. Ўрта муддатли ўқитиш


Ўрта муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ҳамда касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан амалга оширилади.

Ўрта муддатли ўқитиш касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан меҳнат органлари билан келишилган ҳолда ушбу марказлар мустақил равишда белгилайдиган даврларда ташкил этилади.

Меҳнат органлари ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳлар шаклланишига қараб тасдиқланган касбга ўқитишга доир давлат буюртмасининг ҳажмлари доирасида, шунингдек фуқаролар ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларини таҳлил қилиш, касбга ўқитиш марказларининг (касб-ҳунар таълими муассасаларининг) таклифлари асосида ўрта муддатли ўқитишга доир тўғридан-тўғри шартномалар тузади.

Меҳнат органлари, ишсиз шахс, касбга ўқитиш маркази (касб-ҳунар таълими муассасаси) ҳамда ишсиз шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) мажбуриятини ўз зиммасига олган иш берувчи ўрта муддатли ўқитиш учун шартнома тарафлари сифатида иш юритади, бундан ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ишсиз шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) мажбуриятини олган ва шартномани имзолаган иш берувчининг зиммасига мазкур ишсиз шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) бўйича тўғридан-тўғри мажбурият юклатилади.

Агар ишсиз шахс ўқиш тугагач жисмоний ва юридик шахслар учун иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил равишда амалга ошириш мажбуриятини ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни ўз зиммасига оладиган бўлса, ўрта муддатли ўқитишга доир шартнома тузилаётганда иш берувчининг иштирок этиши талаб қилинмайди.



70-модда. Қисқа муддатли ўқитиш


Қисқа муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ҳамда касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан амалга оширилади.

Меҳнат органлари ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳлар шаклланишига қараб қисқа муддатли ўқитишга доир тўғридан-тўғри шартномалар тузади.

Меҳнат органи, иш қидираётган шахс ёки ишсиз шахс ҳамда касбга ўқитиш маркази (касб-ҳунар таълими муассасаси) қисқа муддатли ўқитишга доир шартноманинг тарафлари сифатида иш юритади.



71-модда. Ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш


Ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш ўқув жараёнини бевосита иш берувчида ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Иш берувчи касбга тайёрлашни (стажировкани) ўтказиш учун масъул бўлган шахсларни белгилайди, ўқув дастурини, шунингдек касбга тайёрлаш (стажировка) ўтказиладиган жойни тасдиқлайди.



72-модда. Мақсадли ўқитиш


Мақсадли ўқитиш кадрларни мақсадли тайёрлашдан манфаатдор бўлган давлат бошқаруви органининг, хўжалик бирлашмасининг ёки ташкилотнинг буюртмасига кўра амалга оширилади.



73-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва

малака ошириш даврида стипендиялар тўлаш


Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ишсиз шахсларга Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан, қоида тариқасида, йигирма олти календарь ҳафтагача бўлган муддатга стипендия тўланади.

Стипендия ишсиз шахсларга қуйидаги миқдорларда тўланади:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) охирги ўн икки ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга - аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдорда;

узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахсларга - меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида;

биринчи марта иш қидираётган шахсларга - меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етмиш беш фоизи миқдорида.

Стипендияларни тўлаш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Стипендиялар тўлаш тўғрисидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимида ва сўровномада кўрсатилади.

Стипендия иш қидираётган, маҳаллий меҳнат органлари томонидан қисқа муддатли ўқитишга юборилган шахсларга тўланмайди.



14-БОБ. КАСБИЙ МАЛАКА ВА БИЛИМЛАРНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ МИЛЛИЙ ТИЗИМИ


74-модда. Касбий малака ва билимларни ривожлантириш

миллий тизимининг асосий вазифалари


Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

касбга ўқитишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш;

малакани баҳолаш марказлари фаолиятини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг касбий малакасини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш;

малакани баҳолаш марказлари томонидан малака паспорти берилишини таъминлаш;

Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрини яратиш ва унинг амал қилишини таъминлаш;

банд бўлмаган аҳоли ўртасида малакани тасдиқлашнинг фойдаси ва афзалликларини тушунтириш.



75-модда. Касбий малака ва билимларни ривожлантириш

миллий тизимининг иштирокчилари


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг ишини мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг иштирокчилари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши;

тегишли вазирликлар ва идоралари, бирлашмалар, компаниялар ва ташкилотлар томонидан тузиладиган касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари;

ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси;

касбга ўқитиш марказлари;

малакани баҳолаш марказлари;

иш берувчилар;

ходимлар ва касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахслар.

Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимида иштирок этиш ихтиёрийдир.



76-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва

билимларни ривожлантириш бўйича

республика кенгаши


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади):

Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими бошқа иштирокчиларининг малака ва билимларини баҳолашга доир фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда Касбий билимларни ривожлантириш миллий тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан касбга ўқитиш марказларини ва малакани баҳолаш марказларини аккредитация қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беради;

касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

малакани баҳолаш марказларининг малакани баҳолаш усулларини ишлаб чиқишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

малакани баҳолаш марказлари фаолияти устидан назоратни ва мониторингни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига малакани баҳолаш марказларини аккредитация қилиш бўйича тавсиялар, таклифлар киритади.

Республика кенгаши таркибига давлат бошқаруви органларининг, хўжалик бирлашмаларининг, компанияларнинг, ассоциацияларнинг, ташкилотларнинг, касаба уюшмаларининг (улар бирлашмаларининг) ҳамда илмий ҳамжамиятнинг вакиллари киради.

Республика кенгаши таркибига чет эллик экспертлар ҳамда чет эл компанияларининг ва Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳам кириши мумкин.

Республика кенгаши аъзолари унинг фаолиятида жамоатчилик асосида иштирок этади. Республика кенгаши экспертларни, шу жумладан хорижлик экспертларни шартнома асосида жалб қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тўғрисидаги низом ҳамда унинг фаолияти Регламенти Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланади.

Республика кенгаши фаолиятининг молиявий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Республика кенгашининг ишчи органи вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли бўлинмаси бажаради.



77-модда. Касбий малака ва билимларни

ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари


Тегишли вазирликлар ва идоралари, бирлашмалар, компаниялар ва ташкилотлар томонидан тузиладиган касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари (бундан буён матнда тармоқ кенгашлари деб юритилади) ўз ваколатлари доирасида:

малакани баҳолаш марказларини аккредитация қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беради;

касбий стандартларни кўриб чиқади, уларни долзарблаштириш бўйича таклифлар киритади;

касбий фаолиятнинг алоҳида турлари бўйича малака даражасини баҳолаш услубиётини тасдиқлайди ва унга малакани баҳолаш марказлари томонидан риоя этилишини назорат қилади.

Тармоқ кенгашлари таркибига касаба уюшмаларининг (улар бирлашмаларининг), таълим ташкилотларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари мажбурий тартибда киритилади.

Тармоқ кенгашига касбий фаолиятнинг бир неча тури бўйича ваколатлар берилишига йўл қўйилади. Бир неча тармоқ кенгашларига касбий фаолиятнинг айни бир тури бўйича ваколатлар берилишига йўл қўйилмайди.

Тармоқ кенгашлари фаолиятининг молиявий таъминоти тармоқ кенгашлари ташкил этилган вазирликлар, идоралар, бирлашмалар, компаниялар ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


78-модда. Касбга ўқитиш марказлари


Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятни амалга ошириш учун мустақил юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилган, белгиланган тартибда аккредитация қилинган таълим муассасалари касбга ўқитиш марказларидир.

Касбга ўқитиш марказлари ўз фаолиятини иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ўқитиш учун касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, шунингдек ўзини ўзи молиялаштириш асосида амалга оширади.

Ўқитиш учун амалга ошириладиган тўлов миқдори касбга ўқитиш марказлари томонидан мустақил равишда белгиланади.



79-модда. Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз

шахсларни касбга ўқитиш марказларида

ўқитиш жараёнини ташкил этиш


Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга ўқитиш марказларида ўқитиш шартнома асосида амалга оширилади.

Шахсларни касбга ўқитиш марказига қабул қилиш буйруқ билан расмийлаштирилади.

Касбга ўқитиш марказларидаги ўқув дастурлари касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро алоқасини таъминлаш асосида амалга оширилади.

Касбга ўқитиш марказларида ўқувчилар, қоида тариқасида, ўқув курслари бўйича гуруҳларга, ўқиш йўналиши бўйича эса бўлимларга бирлашади.

Ўқув дастурларининг аниқ мазмуни, ўқиш муддатлари, ўқув жараёнининг ҳамда ишлаб чиқариш амалиётининг сифати устидан назорат қилиш усуллари ва муддатлари касбга ўқитиш маркази томонидан мустақил равишда тасдиқланади.

Меҳнат органлари касбга ўқитиш марказларидан улар фойдаланадиган ўқув дастурларини мониторинг қилиш мақсадида сўраб олишга ҳақли.



80-модда. Якуний малака имтиҳонлари ва малакаларни

бериш тартиби


Касбга ўқитиш марказларида ўқитиш якунлари бўйича якуний малака имтиҳонлари ўтказилади.

Якуний малака имтиҳонларини ўтказиш учун иш берувчилар орасидан ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек касбга ўқитиш марказларининг раҳбарлари, ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари орасидан малака комиссиялари тузилади.

Якуний малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.

Якуний малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ўқувчиларга:

узоқ муддатли ўқишни ўтаганда - дипломлар;

ўрта муддатли ва қисқа муддатли ўқишни ўтаганда - сертификатлар берилади.

Касбга ўқитиш марказларида ўқитиш якунлари бўйича якуний малака имтиҳони билан бирга малакани баҳолаш марказини шартнома асосида жалб этган ҳолда ишчиларга малака разрядини ва мутахассисларга малака тоифасини бериш бўйича имтиҳон ўтказишга йўл қўйилади. Бунда малакани баҳолаш маркази томонидан ўтказилган имтиҳон муваффақиятли топширилган тақдирда диплом ёки сертификат билан бирга малака паспорти берилади.

Касбга ўқитиш маркази томонидан берилган диплом тегишли мутахассислик ва малака бўйича ишлаш ҳуқуқини беради.



81-модда. Малакани баҳолаш марказлари


Малакани баҳолаш марказлари касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахсларнинг касбий малака, билим ва кўникмаларини баҳолашдан ўтказади.

Малакани баҳолаш марказлари мустақил юридик шахс ёки юридик шахснинг алоҳида таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилади.

Малакани баҳолаш марказлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

штатида (ўриндошликка йўл қўйилади) олий маълумотли ва ариза берувчи малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказишга талабгор бўлган йўналишларнинг ҳар бири бўйича камида уч йиллик амалий иш стажига эга бўлган, шунингдек Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларидан ўтган камида бир нафар ходим бўлиши;

ўз мулкида хўжалик юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда моддий-техника базасига, шу жумладан ариза берувчи малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказишга талабгор бўлган йўналишларнинг ҳар бири бўйича малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказиш учун баҳолаш воситаларига эга бўлиши.

Малакани баҳолаш марказлари:

касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахсларга малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш қоидалари ҳамда тартиб-таомиллари тўғрисида зарур ахборот тақдим этади;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашни ташкил этади ҳамда ишчиларга малака разрядини ва мутахассисларга малака тоифасини бериш бўйича имтиҳонни ва, зарур бўлганда, малака синов ишларини ўтказиш орқали уларни касбий стандартлар талабларига мувофиқлиги жиҳатидан баҳолашдан ўтказади;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради, Республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган шаклдаги малака паспортини расмийлаштиради ҳамда беради;

берилган малака паспортлари тўғрисидаги маълумотларни Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрига киритади;

меҳнат органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботни тақдим этади.

Олий маълумотга эга бўлган ва Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларида малака ошириш курсидан ўтган шахс малакани баҳолаш марказининг директори бўлиши мумкин.

Малакани баҳолаш марказининг ташкилий тузилмасига мажбурий тартибда эксперт малака комиссияси киритилиши керак.

Малакани баҳолаш марказларининг фаолияти:

муассисларнинг маблағлари;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказганлик учун киритиладиган тўлов;

касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси доирасида ажратиладиган маблағлар;

ихтиёрий хайриялар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадли бадаллари, ҳомийларнинг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказганлик учун киритиладиган тўлов миқдори малакани баҳолаш марказлари томонидан мустақил равишда белгиланади.

Малакани баҳолаш марказлари ўзи берадиган малака паспортларининг фуқаролар вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борадиган чет давлатларда тан олиниши мақсадида малака, билим ва кўникмаларни баҳолашни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар ёки тегишли чет давлатларнинг иш берувчилари билан ҳамкорлик битимлари тузади.



82-модда. Малакани баҳолаш марказларини

аккредитация қилиш тартиби


Малакани баҳолаш марказлари ўз фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида аккредитация қилинади.

Битта малакани баҳолаш марказини касбий фаолиятнинг бир неча турлари (касблар) бўйича аккредитация қилишга йўл қўйилади.

Малакани баҳолаш марказларини аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор Республика кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Аккредитацияга талабгор бўлган ариза берувчи - малакани баҳолаш маркази (бундан буён матнда ариза берувчи деб юритилади) Республика кенгашига қуйидагиларни тақдим этади:

аккредитация олиш учун аризани;

ариза берувчи малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказишга талабгор бўлган йўналишларнинг ҳар бири бўйича ўз штатида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича қабул қилинган олий маълумотли мутахассис (мутахассислар) мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни;

ўз мулкида хўжалик юритиш, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказиш учун зарур бўлган баҳолаш воситалари, шунингдек малака имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказиш учун мўлжалланган моддий-техника базаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган баҳолаш воситалари ҳамда баҳолаш усуллари, шу жумладан онлайн тест синовлари учун фойдаланиладиган моддий-техника ресурслари ва дастурий таъминот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.

Аккредитация олиш учун ариза аккредитация олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида Республика кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Республика кенгаши аккредитация олиш учун аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ариза берувчини тегишли қарор қабул қилинганидан кейин уч кун ичида хабардор қилиши шарт.

Аккредитация беш йил муддатга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидаги ҳолларда ариза берувчи аккредитация қилишни рад этишга ҳақли:

ариза берувчи томонидан лозим даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлганда;

ариза берувчи ушбу Қонунда назарда тутилган талабларга ва шартларга мувофиқ бўлмаганда.

Аккредитация қилишни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган қарор ариза берувчига рад этиш сабабларини ҳамда ариза берувчи мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат (ўттиз календарь кун ичида) кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Аккредитация қилиш рад этилган тақдирда аккредитация олиш учун аризани кўриб чиққанлик учун тўланган йиғим қайтарилмайди.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ариза берувчининг аккредитация олиш учун аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади. Аккредитация олиш учун аризани такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Такроран кўриб чиқиш натижаларига кўра аккредитация қилиш рад этилган тақдирда аккредитация олиш учун аризаларни кейинги ҳар бир кўриб чиқишлар учун ариза берувчидан ушбу Қонунда назарда тутилган тўлов ундирилади.

Ариза берувчининг аккредитация олиш учун аризасини такроран кўриб чиқиш чоғида аккредитация қилишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича аккредитация қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Аккредитация қилишни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этиш учун берилган муддат ўтгач, ариза берувчининг аккредитация олиш учун аризаси янгитдан тақдим этилган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қароридан норози бўлган тақдирда ариза берувчи аккредитация қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



83-модда. Малака, билим ва кўникмаларни

баҳолашдан ўтказиш тартиби


Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш:

касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахснинг ташаббусига кўра - ушбу шахснинг маблағлари ҳисобидан;

иш берувчининг йўлланмасига кўра - иш берувчининг маблағлари ҳисобидан;

касбга ўқитиш марказига хизматлар кўрсатиш доирасида - касбга ўқитиш марказининг маблағлари ҳисобидан ўтказилади.

Малакани баҳолашдан ўтиш учун иш касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахс (иш берувчи, касбга ўқитиш маркази) томонидан қуйидаги ҳужжатлар малакани баҳолаш марказига бевосита ёки почта алоқаси орқали ёхуд ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилади:

ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонда иштирок этиш тўғрисидаги ариза;

паспортга ёки идентификацияловчи ID-картага ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга оид маълумотлар;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказганлик учун хизматларга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхаси;

зарур бўлганда, агар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, касбий фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун тегишли рухсат олинганлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари.

Ариза ва у билан қўшиб топшириладиган ҳужжатлар тўплами малакани баҳолаш марказида улар келиб тушган кундан эътиборан ўн йил давомида сақланади.

Малакани баҳолаш маркази ариза берувчини ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги, ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонни ўтказиш санаси, жойи, вақти ва тартиб-таомиллари тўғрисида беш иш куни ичида хабардор қилади.

Ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонга узрли сабабга (касаллик ёки ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа ҳолатларга) кўра келмаган шахс имтиҳонни малакани баҳолаш маркази томонидан белгиланган муддатда қайта топширишга қўйилади.

Шахс ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонга узрли сабабсиз келмаган тақдирда, ушбу шахс учун имтиҳон бекор қилинади, илгари амалга оширилган тўлов эса қайтарилмайди.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказиш учун мўлжалланган баҳолаш воситалари ҳамда баҳолаш усуллари, шу жумладан фойдаланиладиган моддий-техника ресурслари ва онлайн-синов учун дастурий таъминот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.



84-модда. Малака, билим ва кўникмаларни

баҳолашдан ўтказиш натижалари


Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш натижалари беш балли тизим бўйича баҳоланади.

Агар шахс малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказиш якунларига кўра уч ва ундан юқори балл олса, унга уч кунлик муддатда малака паспорти, агар учдан паст балл олса, малака, билим ва кўникмалар баҳолашдан ўтказилганлиги тўғрисида хулоса берилади.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш натижалари баённома билан расмийлаштирилади.

Малакани баҳолаш маркази томонидан ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонни ўтказиш якунларига кўра қабул қилинган қарорлардан норози бўлган шахслар имтиҳондан ўтиш натижалари тўғрисида ўзлари хабардор қилинган санадан эътиборан ўн календарь кун ичида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ёзма равишда шикоят беришга ҳақли.

Ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонни ўтказиш натижалари ва малака паспортларини бериш билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.

Берилган малака паспортлари тўғрисидаги маълумотлар Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрига киритилади.



85-модда. Тасдиқланган малакага эга бўлган

шахсларнинг миллий реестри


Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестри Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритилади.

Тасдиқланган малакага эга бўлган шахслар миллий реестрининг электрон платформасини, шунингдек малакани баҳолаш марказлари фаолиятининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва таъминлаб бориш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

тартиб рақами;

идентификация рақами (автоматик равишда ҳосил бўладиган ноёб рақам);

талабгорнинг (касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахснинг) фамилияси, исми, отасининг исми;

талабгорнинг (касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахснинг) паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотлар;

малака, билим ва кўникмалар баҳолашдан ўтказилган касб (мутахассислик) (ёки тегишли чет тили);

малака, билим ва кўникмалар баҳолашдан ўтказилган касб (мутахассислик) коди (бундан чет тилини билишга доир имтиҳон топширилган ҳоллар мустасно);

тегишли касб (мутахассислик) бўйича малака, билим ва кўникмаларни ёки чет тилини баҳолаш;

чет давлат қонун ҳужжатларининг базавий асосларини билиш даражасини баҳолаш;

чет давлатнинг таянч маданий-этник асосларини билиш даражасини баҳолаш - мавжуд бўлган тақдирда;

малакани баҳолаш марказининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

телефон (факс) рақами;

раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонни топшириш санаси ва вақти;

берилган малака паспортлари тўғрисида ахборот;

аккредитация қилинган сана ва аккредитация рақами.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрига жойлаштириш учун талаб қилинаётган ахборот турларини тўлдириши мумкин.

Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестридаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда танишиш учун очиқ бўлади.

Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестри касблар (мутахассисликлар), чет тилларининг турлари ва бошқа белгилар бўйича ажратилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланган тартибда малакани баҳолаш марказлари ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган маълумотларни Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрига электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда, ҳимояланган тарзда фойдаланиш йўли билан мустақил равишда киритади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги малакани баҳолаш марказлари томонидан малакаси, билими ва кўникмалари баҳолашдан ўтказилган шахсларнинг малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолаш сифатини текшириш, шу жумладан учинчи тарафни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан текшириш ҳамда текширув якунларига кўра малака паспорти олган шахсларнинг Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрида бўлиши тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.



86-модда. Аккредитация қилинган малакани

баҳолаш марказларининг регистри


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Аккредитация қилинган малакани баҳолаш марказларининг регистри юритилади.

Аккредитация қилинган малакани баҳолаш марказларининг регистри ахборот-маълумотнома хусусиятига эга бўлган, вақти-вақти билан янгилаб туриладиган маълумотларни ўз ичига олган автоматлаштирилган тизимдир ва у малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг давлат томонидан ҳисобга олинишини таъминлайди.

Аккредитация қилинган малакани баҳолаш марказларининг регистрини юритиш учун бевосита аккредитация қилинган ташкилотдан келиб тушадиган маълумотлардан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, шунингдек зарур ҳолларда, солиқ органларининг, давлат мулкини бошқариш органларининг ҳамда бошқа давлат органларининг маълумотларидан фойдаланилади.

Аккредитация қилинган малакани баҳолаш марказларининг регистридаги ахборотдан ҳамма фойдаланиши мумкин ҳамда у Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



87-модда. Малакани баҳолашдан ўтказиш сифатига

ва белгиланган талабларига риоя этилиши

устидан назорат қилиш


Меҳнат органлари малакани баҳолаш марказлари томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Малакани баҳолаш марказлари меҳнат органларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳар ойда ҳисобот тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги малака, билим ва кўникмаларни баҳолашга доир талабларга ҳамда шартларга малакани баҳолаш марказлари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш сифати бўйича талабларга риоя этилишига доир текширувлар ўтказиш;

текширувлар ўтказиш жараёнида юзага келадиган масалалар юзасидан, шунингдек фуқаролар томонидан келиб тушган шикоятлар тўғрисида зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида, йўл қўйилган аниқ қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда, далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида малакани баҳолаш марказлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;

қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишлари бўйича қарорлар чиқариш ва судга мурожаат қилиш.

Белгиланган талаблар ва шартлар малакани баҳолаш маркази томонидан бузилганлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаси улар томонидан бажарилмаганлиги фактлари аниқланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги малакани баҳолаш марказининг аккредитацияси амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ёхуд унинг аккредитациясини бекор қилиш тўғрисида қарор қилишга ҳақли.

Малакани баҳолаш марказларининг фаолияти аккредитациянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда амалга оширилган, шунингдек аккредитация қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ёки суднинг қарорига кўра малакани баҳолаш марказларининг аккредитацияси бекор қилиниши мумкин.



88-модда. Миллий ва тармоққа оид малака доиралари


Миллий малака доираси саккизта малака даражасини ўз ичига олади ва ҳар бир малака даражаси учун касбий фаолиятни амалга ошириш учун талаб этиладиган кўрсаткичлар тавсифлари - билим, маҳорат ва кўникмалар, шахсий ҳамда касбий билимлар, шунингдек малакага эришиш йўллари аниқланади.

Миллий малака доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Миллий малака доираси асосида давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, иш берувчилар бирлашмалари билан биргаликда тегишли малака даражаларининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи тармоққа оид малака доираларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.



89-модда. Касбий стандартлар ва уларнинг

лойиҳаларини ишлаб чиқиш тартиби


Касбий стандартлар кадрлар малакасини, уларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш, уларни аттестациядан ўтказиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун асос сифатида ишлаб чиқилади.

Касбий стандартлар лойиҳалари:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий ташкилотлар томонидан - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган режа-жадвалга мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги танлаган ташкилотлар томонидан - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган буюртмасига мувофиқ;

ташаббус тартибида - иш берувчиларнинг бирлашмалари, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, касбий ассоциациялар, илмий ташкилотлар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади.

Касбий стандартлар мазмуни ва уни расмийлаштиришга доир талаблар Республика кенгаши томонидан тасдиқланади.

Касбий стандартларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.



90-модда. Касбий стандарт лойиҳасини кўриб чиқиш


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

касбий стандарт лойиҳасини аввал белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган худди шундай касбий стандарт мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) юзасидан текширади;

касбий стандарт лойиҳасини ўз расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштиради;

касбий стандарт лойиҳасининг экспертизасини амалга оширади, шу жумладан шартнома асосида экспертларни жалб этган ҳолда амалга оширади;

ижобий хулоса мавжуд бўлган тақдирда, касбий стандарт лойиҳасини эксперт хулосаси билан бирга Республика кенгашига кўриб чиқиш учун юборади;

касбий стандарт тасдиқланганидан сўнг уни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

касбий стандарт давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг тегишли ахборотни ишлаб чиқувчига уч иш куни давомида юборади.

Касбий стандарт лойиҳасини ҳар қандай босқичда кўриб чиқиш чоғида бартараф этиладиган камчиликлар ва фикр-мулоҳазалар аниқланган тақдирда, ўн календарь кун ичида ишлаб чиқувчига лойиҳани маромига етказиш учун фикр-мулоҳазалар ва тавсиялар юборилади.

Касбий стандартнинг маромига етказилган лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан қайта киритилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан янгидан киритилган лойиҳа сифатида кўриб чиқилади.

Касбий стандарт Республика кенгашининг хулосаси асосида тасдиқланади.



91-модда. Касбий стандартни қайта кўриб чиқиш


Касбий стандартларни қайта кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан беш йилда камида бир марта амалга оширилади.

Қуйидагилар касбий стандартни мажбурий равишда қайта кўриб чиқиш ва алмаштириш учун асос бўлади:

ходимнинг меҳнат вазифалари, билим ва малакалари ўзгаришига сабаб бўлган ишлаб чиқариш ҳамда меҳнатни ташкил этишдаги муҳим ўзгаришлар, янги технологиялар ва ташкилий-техник тадбирларнинг жорий этилиши;

меҳнат шароитларига доир нотўғри белгиланган талабларнинг аниқланиши;

иш берувчилар ва ходимларнинг касбий стандартни қайта кўриб чиқиш ёки алмаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар билан мурожаат этиши.

Касбий стандартни қайта кўриб чиқиш (алмаштириш) бўйича ишларни бажаришга иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари мутахассислари жалб этилади.



92-модда. Касбий стандартларнинг миллий регистри


Касбий стандартларнинг миллий регистри Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритилади.

Касбий стандартлар миллий регистрининг электрон платформасини, шунингдек малакани баҳолаш марказлари фаолиятининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва таъминлаб бориш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Касбий стандартларнинг миллий регистрини юритиш иқтисодий фаолият турлари бўйича касбий стандартларни таснифлаш асосида амалга оширилади.



15-БОБ. АҲОЛИ БАНДЛИГИ СОҲАСИДАГИ

ДАВЛАТ СИЁСАТИ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


93-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандликка

кўмаклашиш давлат жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси юридик шахс ташкил этилмаган ҳолда республика ва маҳаллий даражаларда тузиладиган давлат мақсадли жамғармасидир.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари унинг мустақил балансида акс эттирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ғазначилик бошқармалари томонидан очиладиган ғазна ҳисобварақларида жамланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

ижтимоий солиқдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни бузганлик учун меҳнат бўйича давлат ҳуқуқий инспекторлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторлари, шунингдек меҳнат шароитлари давлат экспертизасининг мансабдор шахслари томонидан белгиланган тартибда қўлланиладиган маъмурий жазолар суммалари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ҳамда хоналарни реализация қилишдан келиб тушадиган, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тўлиқ ҳажмда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ўтказиладиган маблағлар, бундан баҳолаш ва реализация қилишга доир ҳақиқий харажатлар мустасно;

барча солиқлар ва йиғимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига таъсисчи томонидан белгиланадиган миқдорда тўланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларда қоладиган соф фойданинг бир қисми;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан ва бошқа молиявий воситалардан тушадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасини молиялаштириш учун йўналтириладиган бюджет ажратмаларининг ҳажмлари ҳар йили аниқланади ва "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг даромадлари солиқ солиш объекти бўлмайди ва молия йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ғазна ҳисобварақларидаги бўш турган маблағлар йил бошида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг дефицитини қоплаш учун йўналтирилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ҳудудий меҳнат органлари Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағларини тасарруф этувчилардир.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ижро этувчи органи вазифаларини амалга оширувчи масъул бўлинмани белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ҳудудий ҳамда маҳаллий меҳнат органлари Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



94-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандликка

кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан

фойдаланиш йўналишлари


Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

ишсизлик нафақаларини, ишсиз шахслар меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб кетиши муносабати билан компенсациялар тўлаш, ишсиз шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш;

иш қидираётган шахслар ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни молиялаштириш, шу жумладан грантлар ва стипендиялар ажратиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга ошириладиган бир марталик тўловлар учун;

иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга муддатидан илгари пенсиялар тайинланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатлари ўрнини қоплаш;

касбга ўқитиш марказларига (кейинчалик хизматлари учун ҳақ тўлаган ҳолда) касбга ўқитишга доир давлат буюртмасини молиялаштириш;

меҳнат органлари ва тасарруфидаги ташкилотлар, вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш марказлари, касбга ўқитиш марказлари, малакани баҳолаш марказлари учун бинолар ва хоналарни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, сақлаб туриш, қайта ихтисослаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, шунингдек сотиб олиш;

коворкинг-марказларининг, ишсиз шахсларнинг бандлигини қўллаб-қувватлаш "Маҳалла гузари" маҳалла марказларининг ташкил этилиши ва сақланишини молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган иш ўринларини ташкил этишга доир тадбирларни қисман молиялаштириш;

бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнатни нормалаш ҳамда унга ҳақ тўлаш масалалари бўйича норматив-услубий ва йўл-йўриқ кўрсатувчи материаллар ишлаб чиқилишини молиялаштириш;

аҳолининг айрим гуруҳлари ўртасида бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика ҳамда ҳудудий даражаларда социологик текширувлар, сўровномалар ўтказиш;

банд бўлмаган аҳолига ишга жойлашиш бўйича ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш;

меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган туманлар ва шаҳарларда аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилишини молиялаштириш;

ишга жойлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, бўш (вакант) иш ўринларини ҳамда банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш соҳасида ахборот-коммуникация тизимлари ва технологияларини яратиш, ривожлантириш ҳамда техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

меҳнат органларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий девонининг моддий-техника базасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш;

аҳоли бандлиги соҳасидаги халқаро ҳамкорликни, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишга юборилган фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига доир халқаро лойиҳалар ҳамда шартномаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун тижорат банкларида очиладиган кредит линиялари бўйича меҳнат мигрантларига микроқарзлар бериш;

фуқаролар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширган даврда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта пули суммасининг ўрнини қоплаш учун суғурта компанияларига бир йўла бериладиган субсидиялар бериш;

меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича касбий стандартлар ва малака талаблари ишлаб чиқилишини молиялаштириш;

кейинчалик янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутувчи лойиҳаларни амалга оширишга банклар томонидан кредитлар ажратилиши учун тижорат банкларида очиладиган кредит линиялари бўйича ресурсларни жойлаштириш;

тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишга, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказишга доир харажатларни тўлаш учун бир йўла бериладиган субсидиялар бериш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни ишга белгиланган захирага қўйилган иш ўринларининг энг кам сонидан ортиқ миқдорда қабул қилган ташкилотларга бир йўла бериладиган субсидиялар бериш;

маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган ходимларни касбга ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга доир харажатларни молиялаштириш учун иш берувчиларга бир йўла бериладиган субсидиялар бериш;

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари сотиб олиш учун жисмоний шахсларга субсидиялар бериш;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун грантлар ажратиш;

иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни, айниқса кам таъминланган оилалардан бўлган хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга доир харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратиш;

касбга ўқитиш марказларида, коллежларда ва олий таълим муассасаларида фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда ходимларини, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва аъзоларини, томорқа ер участкалари эгаларини агротехнологиялар, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳасида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун грантлар ажратиш;

меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган ҳудудларда иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларининг устав фондини шакллантириш (кўпи билан эллик фоиз);

иш ўринларини ташкил этиш учун давлат буюртмасини олган ташкилотларга ва иш ўринлари ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг эллик фоизидан кўп бўлмаган ставка бўйича ссудалар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар.



95-модда. Янги иш ўринлари ташкил этилишини

рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари


Янги иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари (бундан буён матнда ҳудудий жамғарма деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида давлат муассасалари шаклида ташкил этилади.

Қуйидагилар ҳудудий жамғармаларнинг маблағларини шакллантириш манбаларидир:

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогноз параметрларини ошириб бажаришдан қирқ фоизгача бўлган миқдордаги ҳар чораклик тушумлар;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳамда беғараз ёрдами;

жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳамда норезидентлари бўлган хайрия қилувчиларнинг белгиланган тартибда тақдим этиладиган маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ҳудудий жамғармалар маблағларидан фойдаланиш устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ва бошқа ваколатли органларнинг зиммасига юклатилади.



96-модда. Ҳудудий жамғармалар маблағларидан

фойдаланиш йўналишлари


Ҳудудий жамғармалар маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

тадбиркорлик субъектларининг барқарор иш ўринлари ташкил этилишини, айниқса қишлоқ жойларда ташкил этилишини назарда тутувчи лойиҳаларини кейинчалик кредитлар билан қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларида кредит линияларини очиш;

ишчи кучи кўп бўлган туманлар ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик шартларига асосан кўпроқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутувчи ташкилотларни ҳудудий жамғармаларнинг тузилган ташкилотлардаги улушини кейинчалик хусусий шерикларга реализация қилиш шарти билан ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларига кўра иш ўринларини ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашишга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш.

Ҳудудий жамғармалар маблағларининг камида эллик фоизи асосан туманлар ва шаҳарларда янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутувчи кичик ҳамда мини-лойиҳаларни амалга оширишга тижорат банклари томонидан кейинчалик микрокредитлар ажратиш учун мазкур банкларда кредит линияларини очишга йўналтирилади.

Микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектларига, фермер ва деҳқон хўжаликларига, оилавий тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар учун ажратилади:

томорқа ва деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ҳамда паррандалар, қишлоқ хўжалиги ашё-анжомлари ва ускуналари, суғориш қурилмалари (насослар, артезиан қудуқлар ва бошқаларни) сотиб олиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ҳамда қадоқлаш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш учун замонавий мини-ускуналар ҳамда хомашё сотиб олиш;

хизматлар кўрсатиш соҳасидаги, айниқса маиший, таъмирлаш, таълим, тиббиёт, ахборот-коммуникация хизматлари кўрсатиш ҳамда хизматларнинг талаб юқори бўлган бошқа турлари соҳасидаги ташкилотларни ташкил этиш ва жиҳозлаш;

қишлоқ туманларида, айниқса хотин-қизлар ўртасида касаначиликни ривожлантириш;

туманлар ва шаҳарларнинг ишлаб чиқаришга оид ихтисослашувини, мавжуд минерал-хомашё, ер, қишлоқ хўжалиги ресурсларини ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда бошқа йўналишларни ривожлантириш.



97-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги

Жамоат ишлари жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси (бундан буён матнда Жамоат ишлари жамғармаси деб юритилади) юридик шахс ҳуқуқи асосида тузилган.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш бўйича харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамоат ишлари жамғармасига ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, хайрия жамғармаларининг ихтиёрий хайриялари, бошқа хорижий донорларнинг маблағлари;

асосий воситалар, мини-ускуналар ва ашё-анжомлар ижарасидан олинадиган даромадлар;

Жамоат ишлари жамғармасининг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан жамоат ишларини молиялаштиришга йўналтириладиган бюджет ажратмаларининг ҳажмлари ҳар йили аниқланади ва "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланади.

Жамоат ишлари жамғармаси даромадлари солиқ солиш объекти бўлмайди ва молия йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Васийлик кенгаши Жамоат ишлари жамғармасининг юқори бошқарув органидир.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини бошқариш Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг шаклланиши ва келиб тушишини прогноз қилиш бўйича ҳисобни юритиш ҳамда ҳисоботни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.

Васийлик кенгашининг таркиби, шунингдек Ижро этувчи дирекциянинг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Жамоат ишлари жамғармасининг маблағларидан фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳамда бошқа ваколатли органларнинг зиммасига юклатилади.



98-модда. Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан

фойдаланишнинг асосий йўналишлари


Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан қуйидагиларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида фойдаланиш, шу жумладан уларни жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларга, бир марталик, вақтинча ёки мавсумий ишлар билан шуғулланувчи шахсларга ижара шартлари асосида бериш орқали фойдаланиш учун мўлжалланган асосий воситалар, мини-ускуналар ва ашё-анжомларни олишни, шунингдек аҳоли бандлигини таъминлашни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида таъминлашни назарда тутувчи бошқа тадбирларни амалга оширишни;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажариш учун махсус кийим-бош ва хавфсизлик техникаси воситалари олишни;

қишлоқ, коммунал хўжалиги, йўл-транспорт соҳасидаги ва аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир чора-тадбирларни рағбатлантиришга қаратилган бошқа тармоқлардаги инфратузилмани яратиш бўйича ишларни амалга ошириш учун субсидиялар ва грантларни;

Жамоат ишлари жамғармасини сақлашни, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни, биноларни, алоқа ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини сақлашни, хўжалик харажатларини ва бошқа харажатларни;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга ошириш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш бўйича ташкилотларни белгиланган тартибда ташкил этишни, шунингдек устав фондида иштирок этиш орқали уларнинг фаолиятига кўмаклашишни;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга ошириш масалаларига доир ахборот материалларини тайёрлаш ва эълон қилишни, кўргазмали ахборот тайёрлашни, материалларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштиришни;

Меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармасига маблағларни тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадларнинг эллик фоизи ҳажмида ажратмалар қилишни.

Жамоат ишлари жамғармасининг ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг барча шартлари татбиқ этилади.

Жамоат ишлари жамғармасининг жорий йилда фойдаланилмаган маблағларининг қолдиқлари кейинги молия йилига ўтказилади ва кейинги йил учун маблағлар ажратилаётганда ҳисобга олинади.



99-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда

меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни

қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва

манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (бундан буён матнда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси деб юритилади) юридик шахс мақомига эга бўлади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига ажратиладиган маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузилган лицензия битими доирасида фуқароларни вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юборишни амалга оширувчи ташкилотларнинг белгиланган миқдордаги маблағларини, захирага қўйилган сумма сарфлаб юборилган тақдирда маблағларни тўлдириш, шунингдек фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиши тугатилган тақдирда маблағларни қайтариш шарти билан захирага қўйиш;

бўш турган маблағларни тижорат банкларидаги ва бошқа молиявий воситалардаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Кузатув кенгаши Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг юқори бошқарув органидир.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг маблағларини бошқариш Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.

Кузатув кенгашининг таркиби, Ижро этувчи дирекциянинг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш устидан назорат қилиш Кузатув кенгашининг, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, Молия вазирлигининг ҳамда бошқа ваколатли органларнинг зиммасига юклатилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига маблағлар тўлиқ ҳамда ўз вақтида тушишини таъминлаш устидан назорат қилиш, шунингдек маблағларнинг шаклланиши ва келиб тушишини прогноз қилиш бўйича ҳисобни юритиш ҳамда ҳисобот тузиш Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Ижро этувчи дирекциянинг зиммасига юклатилади.



100-модда. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга

оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда

уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш

жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг

асосий йўналишлари


Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва камситилишга, меҳнатга оид ва бошқа ҳуқуқлари бузилишига дучор бўлган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун зарур бўлган маблағларсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, шунингдек уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳатланиши, бахтсиз ҳодиса, ўткир ёки оғир касаллиги сабабли тиббий ёрдам талаб этилган фуқароларга кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигрантининг маблағлари ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган тақдирда, тўланган маблағларнинг ўрнини мазкур фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаган ҳолда, тиббий хизмат кўрсатиш;

ишга жойлашилган давлатнинг тегишли органлари томонидан мазкур факт тасдиқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги вақтинчалик меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатлар олган фуқароларни олиб келишни ташкил этиш;

илгари уюшган ҳолда танлаш доирасида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишга юборилган ва бўлиб турилган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиши оқибатида чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни тўланган маблағларнинг ўрни мазкур фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қопланган ҳолда қайтариш, шунингдек ишга жойлаштиришнинг келишилган шартлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминланмаган фуқароларни қайтариш;

республика минтақаларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга ошириш учун чиқиб кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, чет тилларга ўқитиш ва чет тилларни билишини тест синовидан ўтказиш, уларнинг касбий билимини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;

фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича қонунга зид равишда меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун тижорат банкларида очиладиган кредит линиялари бўйича меҳнат мигрантларига микроқарзлар бериш;

фуқаролар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширган даврда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта пули суммасининг ўрнини қоплаш учун суғурта компанияларига бир йўла бериладиган субсидиялар бериш;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг Кузатув кенгаши томонидан белгиланадиган бошқа тадбирлар.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг ҳар бир йўналишига доир харажатларнинг лимитлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



16-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН

ТАШҚАРИДАГИ МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ


101-модда. Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан

ташқаридаги меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари


Фуқаролар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, мустақил тарзда иш қидириш ва ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.



102-модда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

томонидан фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан

ташқарида ишга жойлаштириш соҳасида

кўрсатиладиган хизматлар


Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш учун қуйидаги хизматларни кўрсатишга доир фаолиятни амалга оширади:

вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларга темир йўл чипталарини, авиачипталарни сотиб олишда ва бошқа транспорт-логистика масалаларини ҳал этишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатлар тўпламини расмийлаштиришда кўмаклашиш, шу жумладан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларга чет тилларни, ишлаб чиқаришлардаги хавфсизлик техникаси ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини ўргатиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг талабномаларига кўра Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарининг иш жараёнида фойдаланилмаётган транспорт воситаларини жалб этиш орқали транспорт хизматлари кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва чет эллик фуқароларни меҳмонхона секторида жойлаштириш юзасидан шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.



103-модда. Юридик шахсларнинг Ўзбекистон

Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган

фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг

касбий билимини тасдиқлаш бўйича фаолияти


Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш;

вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларнинг касбий билимини, шу жумладан касбий кўникмаларга эга бўлиш ва чет тилларни билиш даражасини тасдиқлаш бўйича фаолиятни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўтказиладиган аккредитация асосида амалга оширишга ҳақлидир.



104-модда. Фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан

ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга

ошириш учун уюшган ҳолда ишга қабул қилиш


Фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда ишга қабул қилиш (бундан буён матнда уюшган ҳолда ишга қабул қилиш деб юритилади) чет эллик иш берувчиларнинг ва (ёки) улар ваколат берган, чет эллик ходимларни ишга жойлаштириш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи чет эл ташкилотларининг талабномаларига биноан фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида уюшган ҳолда ишга жойлаштиришни таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган тадбирлар мажмуидир.

Уюшган ҳолда ишга қабул қилиш вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фуқаролар бандлигининг бошқа шаклларига нисбатан устувор шаклидир.

Уюшган ҳолда ишга қабул қилиш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш учун юбориш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензияга эга бўлган хусусий бандлик агентликлари (бундан буён матнда юборувчи ташкилот деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Юборувчи ташкилот фуқароларни танлашни амалга оширади ҳамда уларнинг ўқув-тайёргарлик, мослаштириш тадбирларидан дастлабки тарзда ўтказилишини, шу жумладан:

чет эллик иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси лойиҳаси, яшаш ва меҳнат шароитлари билан таништирилишини;

фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишини;

чиқиш визасини олиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилишида кўмаклашишни;

тегишли чет тилини, ишга жойлаштириладиган давлатнинг анъаналари ва қонун ҳужжатларини ўрганиш, хавфсизлик техникаси, диний экстремизм ва терроризмни профилактика қилиш, таносил касалликлари ва ОИВ-инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қисқа муддатли курслар амалга оширилишини;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш жараёни ташкил этилишини таъминлайди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Хориждаги иш берувчилар реестри юритилиб, у Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Ижтимоий ва маиший шарт-шароитлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари борасидаги келишиб олинган талаблар чет эллик иш берувчи томонидан таъминланмаган, иш берувчи меҳнат мигрантини ишга жойлаштиришни рад этган тақдирда, юборувчи ташкилот фуқароларнинг ижтимоий ва маиший шароитларини, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини яхшилаш, уни бошқа чет эллик иш берувчига ишга жойлаштириш ёки Ўзбекистон Республикасига қайтаришни таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўради.

Фуқароларнинг хусусий бандлик агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасига қайтарилиши таъминланмаган тақдирда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларнинг Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида мазкур хусусий бандлик агентлиги томонидан захирага қўйилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикасига қайтарилишини таъминлаш бўйича чоралар кўради.



105-модда. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида

вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний

манфаатларини ҳимоя қилиш


Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишга жойлаштириладиган давлатда ҳимоя қилиш:

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;

юборувчи ташкилотлар;

нодавлат нотижорат ташкилотлари;

бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида ҳамда фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий мамлакатларга юбориш масалалари бўйича халқаро шартномаларда назарда тутилган мажбуриятларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.



106-модда. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида

вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганидан

сўнг қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришга

кўмаклашиш


Меҳнат органлари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганидан сўнг қайтган фуқароларни улар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олган касбий малака ва билимларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган хизматларни уларга кўрсатиш орқали ишга жойлаштиришга кўмаклашади.



17-БОБ. ЧЕТ ЭЛЛИК ФУҚАРОЛАРНИНГ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ

МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ


107-модда. Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи

кучини жалб этиш ва ундан фойдаланиш


Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эллик фуқаро иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома мавжуд бўлган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёлланиб ишлаши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилади.



108-модда. Меҳнат органларининг хорижий ишчи кучи

жалб этилишини тартибга солиш ва қонун ҳужжатлари

талабларига риоя этилиши устидан назорат қилиш

бўйича ваколатлари


Меҳнат органлари Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб этиш мониторингини тармоқлар ва ҳудудларнинг аниқ эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширади.

Ушбу Қонун талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда текшириш Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари қуйидагиларни:

иш берувчилар томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномалар шартларига, шунингдек меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги, иш берувчининг фуқаролик мажбуриятини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини;

чет эллик фуқароларнинг касбий-малакавий мансублиги текширувини ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларга мувофиқ амалга оширади.

Меҳнат органлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳар чоракда юқори малакали ва малакали мутахассисларнинг даромадларидан тўланган солиқлар суммаларини текшириш амалга оширилади.

Иш берувчилар ва (ёки) чет эллик фуқаролар томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномаларнинг шартлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида меҳнат органлари томонидан тегишли кўрсатмалар юборилади.

Кўрсатмаларда аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишнинг уларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб муддатлари кўрсатилиши керак.

Аниқланган қоидабузарликлар меҳнат органларининг иш берувчиларга ва (ёки) чет эллик фуқароларга берилган кўрсатмаларида кўрсатилган муддатларда бартараф этилмаган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномаларнинг амал қилиши тугатилади.



109-модда. Юқори малакали ва (ёки) малакали

мутахассисларни Ўзбекистон Республикасида

ишга жойлаштиришнинг алоҳида тартиби


Қуйидаги чет эллик фуқаролар юқори малакали мутахассислар деб эътироф этилади:

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган, халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингида олий таълим муассасалари ўртасида биринчи 1 000 ўринни эгалловчи олий таълим муассасаларини битирганлар;

талаб қилинган мутахассислик ёхуд дипломидаги мутахассислик бўйича камида беш йиллик иш тажрибасига эга бўлганлар;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб этиш шартларида йилига олтмиш минг АҚШ доллари эквивалентидаги суммадан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи (мукофот пули) олиши назарда тутилганлар.

Қуйидаги чет эллик фуқаролар малакали мутахассислар деб эътироф этилади:

олий маълумотга эга бўлганлар;

талаб қилинган мутахассислик ёхуд дипломидаги мутахассислик бўйича камида беш йиллик иш тажрибасига эга бўлганлар;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб этиш шартларида йилига ўттиз минг АҚШ доллари эквивалентидаги суммадан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи (мукофот пули) олиши назарда тутилганлар.



110-модда. Ўзбекистон Республикасида хорижий

ишчи кучини жалб этиш ва ундан фойдаланиш

тартиби ўзига нисбатан татбиқ этилмайдиган

чет эллик фуқаролар


Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучини жалб этиш ва ундан фойдаланиш тартиби қуйидаги чет эллик фуқароларга нисбатан татбиқ этилмайди:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимларига, шунингдек дипломатик мақомга эга бўлган бошқа шахсларга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан лавозимга тайинланадиганларга;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномаларига кўра, туризм соҳасидаги ишларга уч ойгача муддатга жалб этиладиган мутахассисларга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ёки ташкил этилаётган хорижий ёки қўшма корхоналар таъсисчилари бўлган, уч ойгача муддатга келадиган фуқароларга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномаларига мувофиқ ташкил этилган ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган илм-фан ва маданият арбобларига;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари доирасида таътил вақтида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабаларга;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари вакилларига;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан аккредитация қилинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек халқаро ва чет эл нодавлат (ноҳукумат) нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ҳамда филиалларининг ходимларига;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан аккредитация қилинган чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимларига;

Президент мактабларига, шунингдек олий таълим муассасаларига ишлаш учун жалб этиладиган ўқитувчилар ва мутахассисларга;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олган шахсларга;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ишга жойлаштиришнинг бошқача тартиби белгиланган шахсларга.



111-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат

фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномаларни

бериш тартиби


Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани олиш учун давлат хизматлари марказларига шахсан келиб мурожаат қилади. Иш берувчи тасдиқномани электрон шаклда олиш учун ЯИДХП ёки онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.

Аризани кўриб чиққанлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғимлар суммалари солиқ солиш объекти бўлмайди.

Шахсан келиб мурожаат қилинганда, давлат хизматлари марказлари ариза тўлдирилган пайтдан эътиборан бир соат ичида аризани Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ва тегишли ҳудудий меҳнат органига юборади.

ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали мурожаат қилинганда ариза автоматик тарзда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ва тегишли ҳудудий меҳнат органига юборилади.

Ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ҳудудий меҳнат органи:

чет эллик фуқароларни жалб этишнинг мақсадга мувофиқлигини иш берувчи томонидан кўрсатилган бўш (вакант) иш ўринлари учун маҳаллий ишчи кучи мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда ўрганади;

ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига чет эллик фуқароларни жалб этишнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосани электрон шаклда юборади.

Ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш иш куни ичида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги:

жалб этилаётган чет эллик фуқароларнинг сони ва мутахассисликлари (лавозимлари) иш берувчининг ишчи кучига бўлган ҳақиқий эҳтиёжига мувофиқлигини ўрганади;

давлат хизматлари марказларига (шахсан келиб мурожаат қилинганда) ёки иш берувчига (электрон шаклда мурожаат қилинганда) ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани юборади, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш учун йиғим миқдорини кўрсатган ҳолда юборади.

Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш тўғрисидаги хабарнома келиб тушгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш учун куйидаги миқдорлардаги йиғим тўловини беш иш куни ичида амалга оширади:

юқори малакали мутахассислар, шунингдек Президент мактабларига ва олий ўқув юртларига ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ҳамда мутахассислар учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;

малакали мутахассислар учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;

ватандошлар учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;

бошқа чет эллик фуқаролар учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари воситасида амалга оширилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома расмийлаштирилган кунда уни Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат қилинганда) ёки иш берувчига (электрон шаклда мурожаат қилинганда) ЯИДХП ёки онлайн-майдонча орқали юборади. Давлат хизматлари маркази тасдиқнома келиб тушгандан кейин бир соат ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома келиб тушгандан кейин бир соат ичида тасдиқномани унга ўз муҳрини қўйган ҳолда иш берувчига юборади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

аризада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги;

тегишли ҳудудий меҳнат органининг чет эллик фуқароларни жалб этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосаси мавжудлиги;

жалб этилаётган чет эллик фуқаролар сони ва мутахассисликларининг (лавозимларининг) иш берувчиларнинг ишчи кучига бўлган ҳақиқий эҳтиёжига мувофиқ эмаслиги;

жалб этилаётган чет эллик фуқаролар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномалар олмаган ҳолда меҳнат шартномаси бўйича ишга қабул қилинганлиги фактининг мавжудлиги.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни бошқа сабабларга кўра рад этиш тақиқланади.



112-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат

фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг

амал қилишини тугатиш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

чет эллик фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

чет эллик фуқаро билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси муддатидан олдин тугатилганда;

юридик шахс бўлган иш берувчи тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан янги юзага келган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада қайта ташкил этилаётган юридик шахсларда айни бир ҳаракатни ва (ёки) фаолиятни бажариш ва (ёки) амалга ошириш учун рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда, унинг ўзгартирилиши, шунингдек қўшиб юборилиши мустасно;

иш берувчи жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;

иш берувчи бўлган жисмоний шахс вафот этганда, унинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

аниқланган қоидабузарликлар меҳнат органларининг чет эллик фуқароларга берилган кўрсатмаларида кўрсатилган муддатларда бартараф этилмаганда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатлар суд белгилаган муддатда чет эллик фуқаролар томонидан бартараф этилмаганда;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилоф эканлиги аниқланганда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугаганда.

Иш берувчи билан шартнома муддатидан олдин бекор қилинганидан сўнг юқори малакали ва малакали мутахассислар ўттиз иш куни ичида янги иш берувчини топишга ҳақли. Ушбу даврда уларга аввал берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномалар, визалар ва яшаш гувоҳномаларининг амал қилиши сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг амал қилиш муддатини узайтириш учун иш берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар йигирма иш куни олдин мурожаат қилади. .



113-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат

фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномаларнинг

амал қилиш муддати


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномалар юқори малакали ва малакали мутахассислар учун меҳнат шартномаларининг амал қилиш муддатига, бироқ кўпи билан уч йилга, чексиз миқдорда узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда кўпи билан уч йилга берилади. Бунда юқори малакали ва малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўриндошлик асосида ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олмаган ҳолда ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқига эга.

Бошқа чет эллик фуқаролар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномалар меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига, бироқ кўпи билан бир йилга, чексиз миқдорда узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда кўпи билан бир йилга берилади.



18-БОБ. МЕҲНАТ БОЗОРИ ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИ

ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА

ДОИР АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ


114-модда. "Ягона миллий меҳнат тизими"

идоралараро дастурий-аппарат комплексини

юритиш


Меҳнат бозори ва аҳоли бандлиги инфратузилмасини ривожлантиришга доир ахборот технологиялари бандликни тартибга солиш соҳасида вақт, меҳнат, қувват ҳамда моддий ресурслар сарфланишини камайтириш учун ахборот жараёнини самарали ташкил этишга доир маълумотларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва уларни узатиш воситалари ҳамда услубларининг мажмуидир.

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси қуйидагиларни таъминлайди:

иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни бекор қилиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказишни амалга оширишни;

иш берувчиларнинг тузилмаси (штат жадвали), шу жумладан мавжуд ва ташкил этиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига доир ахборот тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантиришни;

фуқароларнинг электрон меҳнат дафтарчасида ходимларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тўғрисидаги маълумотларга, ҳисобланган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан тўланган солиқлар, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобварақларига тўловлар ҳақидаги ахборотга асосланган меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритишни;

аҳоли бандлиги соҳасида давлат сиёсати олиб борилишини мувофиқлаштиришни ва унинг самарадорлигини ошириш учун меҳнат бозори кўрсаткичларининг ҳолати ва суръатлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган маълумотларни идоралараро тизимлаштирилган тарзда ва мунтазам равишда электрон алмашишни жорий этишни;

ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат жиҳатидан таркиби, бўш (вакант) иш ўринлари ҳақида автоматик режимда тузилган, шунингдек иш берувчиларнинг ишга жойлашиш учун номзодларга қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблари тўғрисидаги холис, шаффоф ҳамда долзарб ахборотни шакллантиришни;

меҳнат ресурсларининг, шу билан бирга меҳнат ресурсларининг тоифалари тўғрисидаги маълумотларнинг вақти-вақти билан янгиланиб туриладиган балансини шакллантиришни;

меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазасининг, ишга жойлаштириш дастурлари амалга оширилишининг ўтказиладиган текширувлари, иш ўринлари аттестацияси, шунингдек Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг ягона реестрига тегишли маълумотлар (ахборот) тўлиқ жойлаштирилишини экспертизадан ўтказиш натижалари мониторингини юритишни;

вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларни онлайн рўйхатдан ўтказиш имконияти, уюшган меҳнат миграцияси тўғрисидаги келишувга асосан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳақида маълумотлар базасини яратишни;

меҳнат бозорининг, ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг ривожланиш прогнозларини шакллантиришни;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган ахборот ресурсларини уйғунлаштиришни.

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексини юритиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.



115-модда. Меҳнат стажини электрон тарзда ҳисобга олиш


Ҳар бир ходимнинг меҳнат стажи (шу жумладан лавозим мавқеи, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, меҳнат таътилларида бўлган вақт ва узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар) тўғрисидаги маълумотлар иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига тақдим этилади.

Фуқароларга меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича давлат интерактив хизмати ЯИДПХ орқали тақдим этилади.



116-модда. Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш


"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-таъминот комплексида фойдаланиладиган шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.



19-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


117-модда. Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилиши устидан давлат назорати


Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.



118-модда. Низоларни ҳал этиш


Аҳоли бандлиги соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



119-модда. Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



120-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек

айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини

йўқотган деб топиш

2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 13 январда қабул қилинган "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги 510-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, N 4, 175-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 13 январда қабул қилинган "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги 511-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, N 4, 176-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 854-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 6, 238-модда);


4) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 1086-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 5, 161-модда) I бўлимининг 1-банди;


5) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 6 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 70-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 6, 118-модда) IX бўлими;


6) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 616-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 97-модда);


7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган Янги таҳрирдаги "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 617-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 98-модда);


8) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 729-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 1, 20-модда) II бўлими;


9) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 772-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 5, 124-модда) III бўлими;


10) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 832-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 229-модда) II бўлими;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 82-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 5-6, 153-модда) IV бўлими;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 220-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 5, 89-модда) II бўлими;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 21 июнда қабул қилинган "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-36-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 6, 260-модда) 1-моддаси;


14) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-238-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 12, 470-модда) 1-моддаси;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 10, 263-модда) 2-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 1, 2-модда) 2-моддаси;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-416-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 12, 383-модда) 4-моддаси;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган "Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-456-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 1-модда) 3-моддаси;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлда қабул қилинган "Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-486-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 7, 431-модда) 1-моддаси;


20) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги ЎРҚ-501-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 10, 677-модда) 30-моддасининг 1-банди;


21) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралда қабул қилинган "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-522-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 2, 47-модда) 4-моддаси;


22) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майда қабул қилинган "Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-536-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 5, 261-модда) 1-моддаси;


23) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрда қабул қилинган "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-564-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 9, 589-модда) 2-моддаси;


24) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрда қабул қилинган "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-586-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 880-модда) 2-моддаси.



121-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


122-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



123-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 октябрь


"Халқ сўзи", 2020 йил 21 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 26 октябрь, 42-сон, 461-модда






















































Время: 0.2099
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск