ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Агрономия тадбирлари. Ўсимликлар ҳимояси ва карантини /

Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.11.2020 й. 695-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 6 ноябрдаги

695-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш

ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини

ишлаб чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом муайян ҳудудга кейинчалик зарарли организмлардан холи бўлган ҳудуд (кейинги ўринларда - тоза ҳудудлар) ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудуд (кейинги ўринларда - кам зарарланган ҳудудлар) мақомини белгилаш мақсадида Ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) ишлаб чиқиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ҳудуд - мамлакат ва унинг бир қисми ёки бир нечта мамлакатлар ҳамда уларнинг бир қисми;


ўсимликлар карантини объекти - дунё миқёсида карантин аҳамиятига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлмаган ёки чекланган тарзда тарқалган зарарли организмлар;


ўчоқ - муайян ҳудудда аниқланган ва яқин келажакда омон қолиши мумкин бўлган зарарли организмлар;


карантин ҳудуди - ўсимликлар карантини объекти аниқланиши муносабати билан белгиланган тартибда ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудуд.


3. Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини жорий қилиш зарурати тўғрисидаги қарор ўсимликлар карантини объектининг биологик ва географик хусусиятлари, унинг аниқланиши ҳолатлари ҳамда иқлим омилларига асосланиб Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан қабул қилинади.

Дастурлар:

туманлар ва шаҳарлар миқёсида ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


4. Кириб келган ва маҳаллий иқлим шароитларига мослашган ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш, шунингдек, уларнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича фавқулодда чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш Дастурнинг мақсади ҳисобланади.



2-БОБ. ДАСТУРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


5. Дастур мавжуд бўлган ва потенциал тарқалган ўсимликлар карантини объектини аниқлаш, баҳолаш ҳамда йўқ қилиш орқали амалга оширилади.


6. Дастур карантин назоратини амалга оширишда ёки тоза ва кам зарарланган ҳудудни белгилашда янги зарарли организм аниқлангандан сўнг тасдиқланади.


7. Зарарли организмни идентификациялаш ва аниқлаш жараёни унинг морфологик хусусиятлари, биологик тадқиқотлар, кимёвий генетик таҳлиллар ҳамда бошқа усуллар асосида зарарли организмни йўқ қилишнинг тегишли воситаларини танлаш мақсадида амалга оширилади.


8. Ўсимликлар карантини объектининг мавжудлигини ва потенциал тарқалганлигини баҳолаш қуйидаги маълумотлар асосида амалга оширилади:

географик жойлашуви;

хўжайин ўсимликлар билан зарарланганлиги;

етказилган зарарнинг ҳажми ва аҳамияти, шунингдек, ўсимлик карантини объектининг сон даражаси;

ўсимликлар карантини объектини аниқлаш ва идентификациялашнинг усули;

ўсимлик ёки ўсимлик маҳсулотларининг ўтган яқин вақтдаги импорти;

мазкур ҳудуд ёки хўжаликдаги зарарли организмлар ҳақида аввал олинган хабарлар;

жисмоний шахслар, маҳсулотлар, ускуналар ва транспорт воситаларининг ҳаракати;

ҳудуд ичида зарарли организмнинг тарқалиши механизми;

иқлим ва тупроқ шароитлари;

зарарланган ўсимликларнинг ҳолати;

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш фаолияти давомида ўсимликлар карантини объектлари ташувчиси бўлмиш буюмлар ва ўсимликлар карантини объектларининг тарқалиши йўллари тўғрисидаги маълумот.

Ўтган яқин вақтда импорт қилинган ўсимлик ёки ўсимлик маҳсулотлари билан алоқаси мавжудлиги эҳтимоли бўлса, ўхшаш материаллар аниқланиши ва текширилиши керак.


9. Дастурни амалга ошириш зарарни баҳолаш ва зараркунандалар тарқалиши жараёнини, ўсимликлар карантини объекти тарқалишининг тахминий тезлиги ҳамда потенциалини ўз ичига олади.


10. Потенциал иқтисодий ва экологик хавф даражасига кўра ўсимликлар карантини объектини йўқ қилишнинг зарурлиги Агентликнинг ташаббуси билан аниқланади.

11. Дастур қуйидагилардан иборат бўлиши керак:

карантин ҳудудининг чегаралари тўғрисидаги маълумотлар;

ўсимликларнинг карантин режими ўрнатилишига асос бўлган ўсимликлар карантини объектининг номи;

карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, сотиш ва йўқ қилиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга оширишда фитосанитария талаблари рўйхати;

ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар рўйхати;

карантин ҳудудининг чегараларида текширишлар ўтказиш режаси, шу жумладан, уларни ўтказиш санаси ва муддати;

ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш ва ўсимликларнинг карантин режимини бекор қилиш мезонлари.


12. Дастурни ишлаб чиқиш ва жорий этиш жараёнида Агентлик масъул вазирликлар ва идораларни жалб қилиши мумкин.

13. Дастур жорий этилишидан олдин Агентлик томонидан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Дастурнинг амалга оширилиши зарурати ва хабардорлик даражасини кучайтириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.


3-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


14. Дастурни ижро этиш учун Агентлик томонидан карантин ҳудудидаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилади.

15. Ишчи гуруҳ:

йўқ қилиш чоралари муваффақиятли якунланиши учун Дастурнинг келишилган мезонларга мувофиқлигини таъминлайди;

Дастурга ўзгартиришлар киритади, зарур ҳолларда қўшимча дастурлар ишлаб чиқади;

Дастур ижрочилари ўз вазифаларини бажаришлари учун етарлича тайёрланишини таъминлайди;

молиявий ва бошқа ресурсларни бошқаради;

Дастур ижросини ҳужжатлаштириш ва ҳужжатларни архивлашни ўз ичига олган ахборот бошқарув тизимини жорий этади;

Дастурни кунлик бошқаради;

хавф туғдириши мумкин бўлган элементларнинг доимий мониторингини олиб боради ва баҳолайди;

белгиланган чора-тадбирларнинг самарадорлиги жиҳатидан Дастурни мунтазам қайта кўриб чиқади.


16. Агентлик Ишчи гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда унинг ишини мувофиқлаштиради.

17. Агентлик Дастурни амалга оширишда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича фаолият юритади:

янги зарарли организмни аниқлаш ва/ёки зарарланган ҳудуднинг чегарасини белгилаш учун ўсимлик карантини соҳасида мониторинг олиб бориш;

яқин орада аниқланган ўчоқларни йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ўсимликлар карантини объекти янада тарқалишининг олдини олишга қаратилган ўчоқни бартараф этиш чораларини кўриш;

йўқ қилиш бўйича кўрилган чоралар самарадорлигини назорат қилиш.


18. Дастурнинг устувор йуналишлари:

назорат;

зарарли организм тарқалишининг барвақт олдини олиш мақсадида ўчоқни бартараф этиш;

зарарли организм аниқланганда уни йўқ қилиш мақсадида ишлов бериш.


19. Назорат Агентлик томонидан амалга оширилади ва зарарли организмнинг манбаини идентификация қилиш ҳамда тарқалиши эҳтимолини аниқлаш мақсадида тарқалиш йўлларини таҳлил қилишни, клонлаштирилган ва/ёки жисмоний тарзда зарарли материал билан боғлиқ бўлган маҳсулотни кўздан кечиришни, текшириш, тутқичлар орқали ушлаш ва юқоридан кузатишни, ишлаб чиқарувчиларга, бўш жойларни ҳамда ишлатилаётган техникани сақлашга масъул бўлган шахсларга ва аҳолига мақсадли сўровномалар юборишни ўз ичига олади.

Ўсимликлар карантини объектининг тарқалишини текшириш ва йўқ қилиш дастурининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида Агентлик томонидан ушбу Дастурга мувофиқ мониторинг амалга оширилади.

20. Кузатув-назорат учун мос жойларни танлаш жараёни қуйидагилар билан белгиланади:

ўсимликлар карантини объектининг илгари мавжуд бўлганлиги ва тарқалганлиги ҳолатлари;

ўсимликлар карантини объектининг биологияси;

ўсимликлар карантини объектининг етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказувчи турлари, айниқса, уларнинг тижорат ишлаб чиқариш ҳудудларида тарқалиши;

жойнинг иқлим шароитлари ўсимликлар карантини объекти учун қулайлиги.


21. Кузатув-назорат жараёнини ўтказиш вақти қуйидагиларга асосан белгиланиши мумкин:

ўсимликлар карантини объектининг ривожланиш цикли;

ўсимликлар карантини объекти ва унинг қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказувчи турларининг фенологияси;

ўсимликлар карантини объектини бошқариш дастурларини амалга ошириш вақтлари;

маданий ўсимликларда ўсимликлар карантини объектларини топиш ва аниқлаш вақти;

вегетация вақти ёки ҳосил йиғиб олиш даври.


22. Назорат давомида олинган маълумотларга асосан Агентлик карантин ҳудудини аниқлайди ва киритилган тақдимномага кўра маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари билан фермер ва деҳқон хўжаликларининг, ўрмон хўжаликларининг ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари, темир йўл станциялари, ташқи иқтисодий фаолият чегара масканлари, аэропортлар, дарё портлари, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, уларга туташ ҳудудлар ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинади ва уларда зарур карантин чекловлари ўрнатилади.

Туманлар ва шаҳарларни ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш ёки карантин чекловларини ўрнатиш тегишли ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларини ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш ёки карантин чекловини ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


23. Ўсимликлар карантини ҳудуди деб эълон қилинган ҳудудда ва унга туташ ҳудудларда (буфер ҳудудларда) ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш усуллари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

хўжайин ўсимликларни йўқ қилиш;

ҳудуд ва ускуналарни зарарсизлантириш;

кимёвий ва биопестицид ишлов бериш;

тупроқни стерилизациялаш;

ерни буғ остида сақлаш;

зарарли организмни йўқ қилишга ва миқдорини камайтиришга олиб келиши мумкин бўлган ўсимликлар турларидан фойдаланиш;

экинларнинг кейинчалик етиштирилишини чеклаш;

тутқичлардан, тузоқлардан ва бошқа механик курашиш чораларидан фойдаланиш;

биологик курашиш агентларини чиқариш;

стерил ҳашаротлардан фойдаланиш;

зарарланган ҳосилни қайта ишлаш ёки истеъмол қилиш учун ишлатиш.


24. Карантин чекловлари ўсимликлар карантини бўйича зарур бўлган чора-тадбирлар амалга оширилгандан ва ўсимликлар карантини объектлари тўлиқ йўқ қилингандан сўнг ўсимликлар карантини бўйича бош инспекторларнинг тақдимномасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бўйича бош давлат инспекторининг тақдимномасига асосан ушбу чекловлар тегишлича Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан бекор қилинади.


25. Карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, жисмоний ва юридик шахслар ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекторларнинг назорати остида текширишга (кўздан кечиришга) ҳамда ўсимликлар карантини объектларига қарши курашишга доир ишларни амалга ошириши шарт.


26. Қишлоқ хўжалиги ўсимликлари, доривор ўсимликлар, дарахт ва буталар етиштириш, ўсимликларнинг янги навлари селекцияси билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахслар ўсимликлар карантини объектларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида экинлар ва дарахтларни тизимли равишда кузатиб бориши, улар аниқланган тақдирда бу ҳақида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматини дарҳол хабардор қилиши, шунингдек, аниқланган ўсимликлар карантини объектларини бартараф этиш чораларини кўриши шарт.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 ноябрь




















































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск