ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Архив фонди. Архивлар /

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.11.2020 й. 706-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 10 ноябрдаги

706-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл

фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш

юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари

бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


архив - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширадиган муассаса;


архив ҳужжатлари - фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамиятли бўлганлиги туфайли сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек, бошқа турли моддий жисмлардаги ёзувлар;


идоравий архив - юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси;


архив маълумотномаси - юридик кучга ва сўров асосидаги ҳужжатли маълумотга эга бўлган, берилаётган ҳужжатларнинг шифри, сақлов бирлиги варақларининг рақамлари кўрсатилган, архив бланкасида тузилган архив ҳужжати.


3. Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий ва вақтинча яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича таъминлайди.


4. Архив ҳужжатлари бўйича сўровлар юзасидан архив маълумотномалари ва жавоб хатлари шакллари Агентлик томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. СЎРОВЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


5. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга хорижий давлатлардан, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (кейинги ўринларда - МДҲ) мамлакатларидан сўровлар қуйидаги тартибда келиб тушади:

а) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали:

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларининг белгиланган намунадаги сўровлари;

хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вербаль ноталари кўринишида;

б) МДҲ мамлакатлари пенсия фондлари, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Бош котибларининг (қароргоҳлари, Ижро аппаратларининг) сўровлари;

в) тўғридан-тўғри чет элда истиқомат қилувчи фуқаролар, Америка Қўшма Штатлари, Исроил, Германия ва бошқа Иккинчи жаҳон уруши даврида жабрланганларга компенсация тўлаш масаласи билан шуғулланадиган давлатлар нотариал идоралари ҳамда хорижий нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари сўровлари.

Сўровлар Агентлик ва унинг тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирлик ва идораларга интерактив хизматлар ёки уларнинг расмий электрон почта манзиллари орқали ҳам юборилиши мумкин.


6. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўй берган воқеа-ҳодисалар, ҳолатлар тўғрисидаги сўровларни бажарадилар.

Сўровда хорижий мамлакатларда содир бўлган ҳолат мавжуд бўлса, сўров ҳужжатлар сақланаётган жойга тегишлилиги бўйича юбориш учун мурожаатчига ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қайтарилади.


7. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги меҳнат фаолияти, иш ҳақи, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, даволанишда бўлганлиги (госпиталдан ташқари), пенсия олганлиги, маълумоти, илмий даражалар ва унвонлар берилганлиги, давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланганлиги, жамоат ташкилотлари ишларида қатнашганлиги, эвакуация қилинганлиги, мулкий ва фуқаровий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга тегишли бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги сўровларини бажарадилар.


8. Агентлик тизимидаги архивлар ваколатига кирмайдиган қуйидаги сўровлар:

фуқаролик ҳолати далолатномалари бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномалар - Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари (кейинги ўринларда - ФҲДЁ) органлари томонидан уларнинг бажарилишини ташкил этувчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;

фуқаролар қидируви (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ваколатига кирадиган қидирув ҳолатлари бундан мустасно), собиқ ССР Иттифоқи ҳудудида эвакуация қилинганлик, Иккинчи жаҳон уруши даврида асирликда ҳамда гетто ва концлагерларда бўлганлик, шунингдек, собиқ ССР Иттифоқи ҳудудида ва хорижий давлатларда қабрларни сақланганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишда амалий ёрдам бериш бўйича - Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг Қидирув хизматига;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида таҳсил олган чет эл фуқаролари учун белгиланган намунадаги маълумот тўғрисидаги асл ҳужжатларни талаб қилиб олиш бўйича - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, шунингдек, тизимига таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларга;

1941-1945 йиллардаги ва Афғонистондаги уруш даврида Ўзбекистон ҳудудидаги госпиталларда даволанишда бўлганлик тўғрисида - Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-тиббиёт музейига;

1992 йилга қадар хорижий мамлакатларда (Германия, Афғонистон ва бошқалар) армиядаги хизмат қилганлиги тўғрисида - Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Марказий архивига юборилади.

Мазкур масалалар бўйича давлат архивларига келиб тушган сўровлар беш кундан кечиктирмай тааллуқлилиги бўйича тегишли органларга, бошқа ташкилотларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Бунда, келиб тушган электрон мурожаат бўйича жавоб хати мурожаат этувчига электрон шаклда юборилади.

Сўровларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ва ташкилотларга юбориш тақиқланади.



3-БОБ. СЎРОВЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ ТАРТИБИ


9. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа ташкилотлар эса ўз идоравий архивларида сақланаётган ҳужжатлар асосида сўровларнинг ижросини ташкил қилади.

Фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги меҳнат фаолияти, иш ҳақи, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, даволанишда бўлганлик (госпиталдан ташқари), пенсия олганлик, маълумоти, илмий даражалар ва унвонлар берилганлик, давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланганлик, жамоат ташкилотлари ишларида қатнашганлик, эвакуация қилинганлиги, мулкий ва фуқаровий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга тегишли бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги сўровлар Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 30 кундан ошмаган муддатда бажарилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар бепул амалга оширилади.

Мавзули сўров бўйича тақдим этилган архив маълумотномаси учун архивлар ва идоравий архивлар томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг нархномасига асосан йиғим ундирилади.

Сўровлар ижро учун:

махсус манзилгоҳлар ва бошқа жойларга мажбурий кўчирилиш, сургун қилиниш, судланганларнинг тақдири ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлганлик тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармасига;

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Ички ишлар Халқ комиссарлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида хизмат қилганлик, шунингдек, қатағон қурбонларининг реабилитацияси бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг идоравий архивига ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тезкор маълумотлар бошқармасига;

Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий хизматни ўтаганлик, ҳарбийлашган муассасалар ва ташкилотларда ишлаганлик, ҳарбий таълим муассасаларида ўқиганлик тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий архивига юборилади.


10. Агентлик тизимидаги архивлар ёки нодавлат архивларга бевосита мурожаат этган, МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг сўровлари белгиланган тартибда ижро этилади ва архив маълумотномалари, жавоб хатлари архивлар томонидан собиқ ССР Иттифоқи давлат архивларига нисбатан ворислик тўғрисидаги битим асосида муаллифга мустақил равишда юборилади.

МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий давлатларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг давлат архивларига тўғридан-тўғри келиб тушган ҳар қандай сўровлари юзасидан тайёрланган архив маълумотномалари ва жавоб хатлари Агентлик орқали мурожаатчиларга юборилади.

МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий давлатларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг нодавлат архивларга тўғридан-тўғри келиб тушган ҳар қандай сўровлари юзасидан тайёрланган архив маълумотномалари ва жавоб хатлари ушбу архивлар томонидан мурожаатчига мустақил равишда ёки Агентлик орқали юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан Агентликка юборилган фуқароларнинг сўровлари давлат архивлари томонидан ижро этилади ва жавоблар, жумладан архив маълумотномалари Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.

Сўровлар, архив маълумотлари ва бошқа ҳужжатлар билан алмашиш жараёни Агентлик ва бошқа ташкилотлар ўртасида идоралараро электрон ҳужжат алмашиш тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин. Мазкур тизимлар орқали юборилаётган архив маълумотномалари, жавоб хатлари масъул шахслар томонидан электрон рақамли имзо орқали QR-код кўринишида имзоланади ва ушбу ҳужжат ҳақиқий ҳисобланади.

Сўровларга жавоб хатлари ва архив маълумотномаларини тайёрлашда давлат архивлари ва нодавлат архивлардаги барча архив ҳужжатлари синчковлик билан ўрганилади, зарур ҳолларда эса идоравий архивлар ҳам жалб этилади.


11. Фуқароларнинг бошқа давлатлар архивларида сақланаётган ҳужжатларга оид сўровлари юзасидан тайёрланган жавоб хатлари мурожаатчиларга ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқ юборилади.

Хорижий давлатларда истиқомат қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг сўровлари ижроси юзасидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган гербли гувоҳномалар ва белгиланган халқаро намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлардан ташқари асл ҳужжатлар юборилмайди.

Асл ҳужжатлар ўрнига ушбу ҳужжатлар асосида тайёрланган архив маълумотномалари ва зарур ҳолларда эса сўралаётган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари юборилади.


12. Агентликнинг келиб тушган сўров ижроси юзасидан тайёрлаган жавобига асос бўлган Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан олинган архив маълумотномалари ва бошқа ҳужжатлар МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий мамлакатларга бериб юборилмайди, маълумотлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги жавоб хатлари бундан мустасно.

Улар Ўзбекистон Миллий архиви томонидан хорижий мамлакатлар учун тегишли намунадаги архив маълумотномаси шаклида қайта расмийлаштирилади ва Агентликнинг расмий хати билан илова шаклида юборилади.


13. Агентлик томонидан қайта расмийлаштиришда архив маълумотномасига фақат давлат архивлари, нодавлат ва идоравий архивлар ҳужжатлари асосида тасдиқланган маълумотлар киритилади.

Архив маълумотномалари аниқ ва лўнда тузилади. Сўралаётган маълумотни тасдиқлаш учун зарур бўлган архив ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги, ҳужжатларнинг сақланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар архив маълумотномасига киритилмайди, бундай маълумотлар зарур ҳолларда кузатув хатида акс эттирилади.

Архив маълумотномасида шахснинг маълумотлари, уни ишга тайинлаш ва ишдан бўшатиш бўйича буйруқнинг рақамлари кўрсатилмайди.


14. Сўровда, вербаль нотада, хатда берилган фамилия, исм, отасининг исми архив ҳужжатларидаги маълумотларга мос келмаса ёки уларда исми, отасининг исми кўрсатилмаган, улардан бири кўрсатилган бўлса, исми, отасининг исмининг ёйилмасини бериш имкони бўлмаса, маълумотнома белгиланган шаклда расмийлаштирилади ва матнда "ҳужжатда шундай", "ҳужжатда кўрсатилмаган" изоҳи кўрсатилади.


15. Архив маълумотномаларини расмийлаштиришда фойдаланилган ҳужжатларнинг архив шифрлари, яъни фонд рўйхати, йиғмажилд рақами кўрсатилмайди, улар фақат иш юритувда қоладиган маълумотнома нусхасида акс эттирилади.


16. Архив маълумотномаси юқори сифатли А4 форматдаги қоғоз варағида расмийлаштирилади.

Зарур ҳолларда, варақнинг орқа бети ёки ёйилган варақдан фойдаланиш мумкин. Маълумотнома бир неча варақларда тузилган бўлса, улар тикилади ва тикилган жойи муҳрланади.

Архив маълумотномаларига ўчиришлар ва тузатишлар киритишга йўл қўйилмайди.

Архив маълумотномаси Ўзбекистон Миллий архиви директори томонидан имзоланади ва архив муҳри қўйилиб, маълумотномани қайд рақами ва санаси кўрсатилади.


17. Архив маълумотномасини расмийлаштириш ёки сўралган маълумотларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар давлат архивлари, нодавлат ва идоравий архивларда бўлмаса, архив махсус бланкасида белгиланган шаклда маълумотлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги жавоб хати расмийлаштирилади.

Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юбориладиган хатларда маълумотлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги жавобнинг сабаблари кўрсатилади. Мазкур хатда ҳужжатлар, маълумотлар мавжуд эмаслиги ва тўлиқ бўлмаганлиги маълум қилинади.


18. Архивларга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматига шахсан мурожаат қилган МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий мамлакатлар фуқароларининг сўровларига жавоблар Агентликнинг тушунтириш хати ва мурожаатчининг манзили билан ўн иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тегишли мамлакатларнинг элчихонаси ёки ваколатхонасига ва/ёки мурожаат муаллифига электрон ёки оддий почта орқали йўллаш учун юборилади.


19. Сўровлар ижроси юзасидан тайёрланадиган архив маълумотномалари, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат тили ёки рус тилида ёки имконият бўлган тақдирда - бошқа мақбул тилда расмийлаштирилади.


20. Хорижий давлатлардан келиб тушган ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларнинг ҳисоби, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича ёзишмаларни шакллантириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сўровлари бўйича иш юритувидан алоҳида амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан тайёрланган архив маълумотномалари нусхаси 10 йил сақланади.


22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


23. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хориждан келиб тушган сўровлари ижросини таъминлаш соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл

фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш

юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари

бўйича сўровлар ижросини таъминлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар



Тадбирлар



Бажариш муддатлари


1-босқич

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий ва вақтинча яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар;

Хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлат органлари ҳамда нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари


Қуйидаги тартибда сўровлар юборилади:


1. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари сўровлари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вербаль ноталари - Ташқи ишлар вазирлиги орқали;


2. Чет элда истиқомат қилувчи фуқаролар, МДҲ мамлакатлари пенсия фондлари, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари, хорижий давлатлар нотариал идоралари ҳамда хорижий нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари - архивларга тўғридан-тўғри.


Заруриятга кўра






2-босқич

"Ўзархив" агентилиги тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, идоравий архивлар


1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўй берган воқеа-ҳодисалар, ҳолатлар тўғрисидаги сўровлар:

ушбу архивда сақланаётган ҳужжатлар асосида ижро қилиш имконияти бўлса ижрога қабул қилинади;

архивлар ваколатига кирмайдиган сўровлар тегишлилиги бўйича юборилади.


2. Хорижий мамлакатларда содир бўлган ҳолатлар тўғрисидаги сўровлар тегишлилиги бўйича юбориш учун мурожаатчига ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қайтарилади.


5 иш кунидан кечиктирмай






3-босқич

"Ўзархив" агентилиги тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, идоравий архивлар - ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар, бошқа мавзули сўровлар бўйича.

Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизматининг идоравий архиви, Мудофаа вазирлигининг Марказий архиви*.


Сўровлар бўйича архив маълумотномаси расмийлаштиради ҳамда:

а) Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушган сўровлар бўйича - мурожаатчига тақдим этиш учун Ташқи ишлар вазирлигига юборади;

б) архивларга тўғридан-тўғри келиб тушган сўровлар бўйича:

МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи/жойлашган мурожаатчиларга - мустақил равишда юборади

бошқа хорижий давлатларда истиқомат қилувчи/жойлашган мурожаатчиларга - тайёрланган архив маълумотномаларини "Ўзархив" агентлигига юборади.


30 кундан ошмаган муддатда

4-босқич

"Ўзархив" агентилиги, Ўзбекистон Миллий архиви


Архив маълумотномаси Миллий архиви томонидан хорижий мамлакатлар учун тегишли намунадаги архив маълумотномаси шаклида қайта расмийлаштирилади;

"Ўзархив" агентлигининг тушунтириш хати шакллантирилади ҳамда мурожаатчига юборилади.


10 иш кунидан кечиктирмай

          

*) Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармаси - махсус манзилгоҳлар ва бошқа жойларга мажбурий кўчирилиш, сургун қилиниш, судланганларнинг тақдири ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлганлик тўғрисида, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Ички ишлар Халқ комиссарлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида хизмат қилганлик, шунингдек, қатағон қурбонларининг реабилитацияси бўйича сўровлар бўйича;

Давлат хавфсизлик хизматининг идоравий архиви - Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органларида хизмат қилганлик тўғрисида сўровлар бўйича;

Мудофаа вазирлигининг Марказий архиви - Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий хизматни ўтаганлик, ҳарбийлашган муассасалар ва ташкилотларда ишлаганлик, ҳарбий таълим муассасаларида ўқиганлик тўғрисида сўровлар бўйича.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 ноябрь














































Время: 0.0041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск