ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Аҳоли / Демография. Аҳолини рўйхатга олиш /

Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.11.2020 й. 710-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 11 ноябрдаги

710-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини

рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва

уни ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш тартибини белгилайди.


2. Рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилади ва рўйхатга олиш бошланишининг аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00.00 этиб белгиланади (кейинги ўринларда - рўйхатга олиш санаси). Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги - 25 кун.

Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. 2023 йил 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, бироқ ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки маҳалла идорасидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.


3. Шахсга доир маълумотларни йиғиш:

респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) турар жой ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб сўров ўтказиш орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади;

яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш туман (шаҳар) ҳокимликлар томонидан ажратилган бино ёки хоналарда жойлашган стационар участкаларда (кейинги ўринларда - стационар участкалар) амалга оширилади;

респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади;

гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида амалга оширилади.

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилади.

Аҳолининг айрим тоифалари бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш, рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларини тўлдириш "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ амалга оширилади.


4. "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.


5. Аҳоли сони ва унинг таркибини ҳисоблашда бир йилдан ортиқ муддатда мамлакат ҳудудида бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддаси охирги хатбошисида назарда тутилган шахслар ҳисобга олинмайди, аммо учинчи хатбошида назарда тутилган шахслар ва бир йилдан кўп муддатда республика ҳудудида вақтинча яшаб келаётган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобга олинади.


6. Респондентлар ўзининг (доимий ёки вақтинча) яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Кунлик тунги дам олишининг кўпроқ қисмини ўтказадиган уй, квартира, яшаш учун фойдаланилаётган бошқа турар жой ёки нотурар жой бино яшаш жойи ҳисобланади.

Бу жой респондент рўйхатдан ўтган (рўйхатга қўйилган) манзил билан мос келиши ёки мос келмаслиги ҳам мумкин.


7. Аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари 2023 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш дастурига киритилган саволлардан ташкил топади.



2-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

ЖАРАЁНИДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ


8. Аҳолини рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қуйидаги органлар томонидан амалга оширилади:

2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда - республика комиссияси);

2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар);

давлат статистика органлари;

тегишли вазирликлар ва идоралар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.


9. Қўмита аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида қуйидагиларни амалга оширади:

аҳолини рўйхатга олиш бўйича методика ва қўлланма материаллар тайёрлайди ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатлари шаклларини, рўйхатга олувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқади;

аҳолини рўйхатга олиш варағидаги маълумотларни киритиш, қайта ишлаш ва якуний маълумотларни ўз вақтида олиш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилишини ташкил қилади;

аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш, моддий-техник таъминот воситаларини тайёрлаш (сотиб олиш) ва уларни ўз вақтида ҳудудларга етказиб бериш ишларини ташкил этади;

аҳолини рўйхатга олувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитиш тартибини белгилайди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий статистика бошқармалари) ходимларини ўқитишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда аҳолини рўйхатга олишда фойдаланиладиган картографик материалларни тайёрлаш бўйича техник шартларни ишлаб чиқади;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳамда маълумотларни киритиш ва қайта ишлаш учун вақтинчалик биноларни ажратиш бўйича қўлланмани ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари тайёрланишини ва ҳудудларга етказилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ҳақида аҳолини хабардор қилиш ишларини (шу жумладан, SMS-хабарнома, аудио ва видео реклама материаллари, нашрлар ва бошқалар) мувофиқлаштиради;

аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари ҳудудий комиссиялар билан биргаликда сифатли ўтказилишини ташкил этишга кўмаклашади;

шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тартибини белгилайди ва уларга ишлов беришни амалга оширади.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида белгиланган аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ишларини ташкил этади.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:

маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини ҳисобга олиб аҳоли пунктларида яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди;

ҳудудларни аҳоли сонидан келиб чиқиб белгиланган тартибда рўйхатга олиш, инструкторлик ва ҳисоб участкаларига бўлинишини таъминлайди ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этади;

маъмурий-ҳудудий бирликларда кўчаларнинг номлари, уйлар ва квартираларнинг рақамлари кўрсатилган кўрсаткичлар бўлишини таъминлайди;

жалб этилган рўйхатга олувчи ходимлар таркибини тасдиқлайди;

аҳолини рўйхатга олувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитишни ташкил этади;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ёки хоналар ажратилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ёки хоналар ажратилишини таъминлайди;

зарур транспорт ва алоқа воситалари тақдим этилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишни сифатли ўтказишни таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олиш якуни бўйича белгиланган тартибда аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари ва тегишли ҳужжатларнинг бирламчи маълумотлари электрон базага киритиш учун топширилишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этади.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг хавфсизлигини;

жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар рўйхатлари шакллантирилишини;

ўз ходимларининг рўйхатга олувчи ходимлар билан биргаликда рўйхатга олиш жараёнида иштирок этишини;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартибини, фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди.


13. Зарур ҳолларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасидаги айрим ишлар ва тадбирларни бажаришга кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимлари қўшимча равишда жалб этилиши мумкин.


14. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳисоб-китоблари Қўмита, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан тайёрланади.



3-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ


15. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги аҳолини рўйхатга олиш иштирокчиларини 2023 йилда асосий аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур картографик материаллар билан таъминлайди.

2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш учун картографик материаллар ўз ичига қуйидагиларни олади:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий хариталари;

туман ва шаҳарлар маъмурий-ҳудудий хариталари;

шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқ аҳоли пунктлари ва маҳаллаларнинг схематик режалари.


16. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаси (кейинги ўринларда - ташкилий режа) ҳудудий комиссиялар томонидан туманлар (шаҳарлар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида тузилади.

Рўйхатга олиш участкаларининг чегаралари ҳар бир рўйхатга олиш участкасига тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 8 750 киши ва шаҳарларда ўртача 11 250 киши) ҳисобга олган ҳолда маъмурий-ҳудудий бўлиниш яхлитлигини (туман ёки шаҳар даражасида) сақлаш шарти билан белгиланади.

Рўйхатга олиш участкалари ҳар бир инструкторга тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 1 750 киши ва шаҳарларда ўртача 2 250 киши) ва аҳоли пунктидаги аҳоли зичлигини ҳисобга олган ҳолда инструкторлик участкаларига бўлинади.

Инструкторлик участкалари ҳар бир рўйхатга олувчига тўғри келадиган юкламадан (қишлоқ жойларда ўртача 350 киши ва шаҳарларда ўртача 450 киши) келиб чиқиб ҳисоб участкаларига бўлинади.

Ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси қарорига асосан бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда ҳисоб участкасидаги аҳолининг сони ўртача 250 нафардан иборат бўлиши мезон сифатида олинади.

Айрим ҳолларда участкаларни тузишда рўйхатга олувчига тўғри келадиган ўртача юклама белгиланган нормалардан кам ёки кўп бўлиши мумкин.

Ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкалари сонидан келиб чиқиб рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар сони аниқланади.

Ташкилий режани тузишда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкаларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи миқдорида иш ҳақи тўланмаган ҳолда кадрлар захираси шакллантирилади.

Кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келганда рўйхатга олиш жараёнларига захирадан жалб этилган ходимларга белгиланган тартибда иш ҳақи тўланади.


17. Туман ва шаҳарлар бўйича тайёрланган ташкилий режалар туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармаларига тақдим этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича тайёрланган ташкилий режалар ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади ва Қўмитага тақдим этилади.

Ҳудудлар бўйича тузилган ва тасдиқланган ташкилий режалар умумлаштирилган ҳолда тасдиқлаш учун республика комиссиясига киритилади.


18. Рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш, ҳудудлар даражасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади.


19. Ҳудудий ички ишлар органлари томонидан 2023 йил сентябрь ойидан кечиктирмаган ҳолда жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий комиссияларга тақдим этилади.

Олинган маълумотлар рўйхатга олиш ва ҳисоб участкалари бўйича гуруҳланади ҳамда рўйхатга олувчиларни ушбу манзиллар тўғрисида хабардор қилиш учун рўйхатга олиш участкалари бошлиғи ёки уларнинг ўринбосарларига тақдим этилади.



4-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ

ЎТКАЗИШГА ЖАЛБ ҚИЛИНГАН

ХОДИМЛАР ТОИФАЛАРИ


20. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:

республика даражасида - республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари;

ҳудудий даражада - ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари ҳамда шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказлари ходимлари;

туманлар (шаҳарлар)да - туман ва шаҳар статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман ва шаҳар рўйхатга олиш бўлимлари ҳамда рўйхатга олиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимлари.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва моддий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида мутахассислар жалб қилиниши мумкин.


21. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари аҳолини рўйхатга олиш учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва рўйхатини шакллантиради.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб этиладиган шахслар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.


22. Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган шахслар рўйхати тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан шакллантирилади.


23. Рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнида Қўмитанинг ҳудудий статистика органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди шартли равишда уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига бўлинади, бунда участка чегаралари ўртача 750 та уй-жойни қамраб олади.

Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар сонини шакллантиришда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда асосий таркибга қўшимча равишда иш ҳақи тўланмаган ҳолда 5 фоиз миқдорида захира кадрлар шакллантирилади.

Ҳар бир уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига уй-жой рўйхатини тузувчилар бириктирилади. Уй-жой рўйхатини тузувчилар фаолиятини туман рўйхатга олиш бўлими бошлиғи назорат қилади.


24. Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар 2022 йил 1 августдан 1 сентябргача бўлган даврда махсус ўқитилади ҳамда бино ва уй-жойлар рўйхатини тузиш учун жалб этилади.

Уй-жой рўйхатини тузувчилар ўз участкасини хатловдан ўтказиш давомида респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) ёки яшаши мумкин бўлган барча бинолар рўйхатини аниқлайди, картографик материалларни текширади, уларга тегишли белги қўяди ва зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш учун кадастр идораларига тақдим этади.


25. Уй-жой рўйхатини тузувчиларни статистика органлари, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари, кадастр идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари орасидан танлаб олиш туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий статистика органлари билан биргаликда шартнома асосида амалга оширилади.


26. Рўйхатга олиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкалар ишини ташкил қилиш учун шартнома асосида қуйидаги ходимлар жалб қилинади:

2023 йил 25 октябрдан 1 декабргача - аҳолидан сўров ўтказиш орқали рўйхатга олишни амалга оширувчи рўйхатга олувчи ходим;

2023 йил 10 октябрдан 12 декабргача - рўйхатга олувчилар ишини мувофиқлаштирувчи инструктор (супервайзер) ходим;

2023 йил 10 октябрдан 2024 йил 1 январгача - инструкторлар (супервайзерлар) ишини назорат қилувчи ходимлар (рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосари);

2022 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январгача - туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини назорат қилувчи ходимлар (туман, шаҳар аҳолини рўйхатга олиш бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари);

2023 йил 1 январдан 2024 йил 1 январгача - туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ходим (рўйхатга олиш бўлими бош мутахассиси);

2023 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача - вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотлари электрон базага киритилишини назорат қилиш бўйича жалб этилган ходимлар (бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш маркази бошлиғи);

2023 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача - вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини сақлашни амалга оширувчи ходимлар (ҳужжатларни сақлаш диспетчери);

2024 йил 1 январдан 31 декабргача - вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш бўйича операторлар ишини назорат қилувчи ходим (операторлар гуруҳи бошлиғи);

2024 йил 1 январдан 31 декабргача - аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларидаги бирламчи маълумотларни электрон базага киритувчи ва унинг мантиқий назоратини амалга оширувчи ходимлар (операторлар).


27. 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб қилинган шахслар билан ҳудудий статистика бошқармалари:

муддатли меҳнат шартномаси - туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини амалга ошириш учун жалб этилган рўйхатга олувчи ходимлар (туман (шаҳар) рўйхатга олиш бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош мутахассислар) ва бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш маркази ходимлари (марказ бошлиқлари, операторлар гуруҳи бошлиқлари, операторлар, ҳужжатларни сақлаш диспетчерлари) билан;

фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (пудрат шартномаси) - уй-жой рўйхатини тузувчилар, рўйхатга олувчилар, инструкторлар (супервайзерлар), рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари билан шартномалар тузади.


28. 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда бирламчи маълумотларни электрон базага киритишга жалб қилинган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга вақтинчалик жалб қилинадиган ходимларга Қўмита томонидан тайёрланган махсус гувоҳнома берилади.


30. Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимларга махсус гувоҳномалар беришга ҳудудий статистика органлари масъул ҳисобланади.


31. Аҳолини рўйхатга олиш ишларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар ўқитилади.


32. Ўқитиш давомида қуйидагилар:

аҳолини рўйхатга олишнинг мақсад ва вазифалари, рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, рўйхатга олиш ҳужжатлари таркиби ва уни тўлдириш тартиби, шунингдек, рўйхатга олувчи ходимларнинг вазифалари, ахлоқ нормаларини ўргатиш бўйича машғулотлар;

техника хавфсизлиги бўйича машғулотлар;

уй-жой рўйхатини тузувчилар томонидан шаҳар, шаҳар типидаги аҳоли пункти, қишлоқ аҳоли пунктларидаги уй-жойлар ва бинолар рўйхатини тузиш бўйича амалий машғулотлар;

респондентлар сўровини ўтказиш, келиб чиқадиган барча қийинчиликларни аниқлаштириш билан муаммоли масалаларни муҳокама қилиш бўйича амалий машғулотлар;

ўқитилган ходимларнинг маълумотларни ўзлаштирганлиги бўйича назорат қилиш ишлари ташкил этилади.


33. Рўйхатга олувчи ходимлар ўқитилгандан сўнг махсус гувоҳнома ва кийим (нимча, шарф, бош кийим ва бошқалар бўлиши мумкин), рўйхатга олиш инструментлари (рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари, рўйхатга олиш варағи шаклларининг захира тўплами ва канцелярия буюмларини олиб юриш учун сумка) билан таъминланади.


34. Аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатдан ўтказувчи ташкилотларнинг ваколат берилган ходимлари ҳам рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари ҳамда канцелярия буюмларини олиб юришга мўлжалланган сумка билан таъминланади.



5-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШНИ ЎТКАЗИШ


35. 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда респондентлар сўрови қуйидаги муддатларда ташкил этилади:

1-5 ноябрь кунлари - интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш (5 кун);

6-10 ноябрь кунлари - интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхатини шакллантириш (5 кун);

11-22 ноябрь кунлари - аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юриб аҳолини рўйхатга олиш (12 кун, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага асосан);

23-25 ноябрь кунлари - ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизини танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганиш (3 кун).


36. Агар респондент яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаса, рўйхатга олувчи унга инструкторлик участкасига бориб рўйхатдан ўтишни таклиф этади ва участка манзилини беради.


37. Инструкторлик участкалари 2023 йил 1-22 ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритади.


38. Рўйхатга олиш участкаси ходимлари, инструкторлар ва рўйхатга олувчилар белгиланган тартибда махсус гувоҳнома, сумка, рўйхатга олиш варағи шакллари ва канцелярия буюмлари билан таъминланади.


39. Рўйхатга олиш даврида инструкторлар (супервайзерлар) рўйхатга олувчилар томонидан сўров ўтказилган респондентлар сонини кунлик назорат қилиб боради.


40. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда рўйхатга олувчи ходимлар:

сўров ўтказишдан олдин ўзини таништириши, респондентга ўз гувоҳномасини кўрсатиши, ташриф мақсадини тушунтириши, шунингдек, рўйхатга олишда иштирок этишнинг муҳимлиги, респондентларнинг шахсга доир маълумотлари махфийлиги таъминланиши ва сўров тахминан қанча вақт давом этиши тўғрисида маълумот бериши;

шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнида аҳолини рўйхатга олиш дастурида белгиланган саволлар рўйхатига риоя этиши, уларнинг мазмуни бузилишига йўл қўймаслиги;

рўйхатга олиш варағида келтирилган кетма-кетлик бўйича саволлар бериши, рўйхатга олиш варағида мавжуд бўлмаган саволларни бермаслиги;

аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларини тўлдириш бўйича йўриқномада келтирилган тушунтиришлардан ташқари респондентга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча равишда тушунтиришлар бериши;

хушмуомала бўлиши, бошқа шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги ёки уларнинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига хавф солмаслиги, шунингдек, статистика органлари обрўсига путур етказадиган ҳаракатлардан сақланиши;

шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши ва уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги;

ўз ваколатларига мувофиқ ишларни тўлиқ, сифатли ва белгиланган муддатларда бажариши лозим.


41. Рўйхатга олувчилар инструктор (супервайзер), рўйхатга олиш участкаси ходимлари кўрсатмаларини ўз вақтида ва аниқ бажаради ҳамда бу борада бошқа рўйхатга олувчилар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши мумкин.

Рўйхатга олувчилар иш жараёнида юзага келадиган муаммолар ва уларнинг сабаблари бўйича инструкторга хабар беради ҳамда имкон қадар мустақил равишда ушбу муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўради.

Шунингдек, рўйхатга олувчилар зарурат туғилганда оилавий аҳволи, соғлиги ва бошқа кутилмаган ҳолатлар ҳақида инструкторга хабар беради.


42. Рўйхатга олувчилар мустақил равишда иш режасини тузади, зарур ҳолларда инструктор билан маслаҳатлашади, ўзига бириктирилган ҳудуддаги барча биноларни ҳисобга олган ҳолда сўров ўтказиш учун қулай бўлган йўналишни белгилаб олади.

Кун режасини тузишда рўйхатга олувчилар қуйидагиларни:

кам вақт сарф этиб, қисқа масофани босиб максимал миқдорда биноларни айланиб, рўйхатга олишни ўтказишни;

жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар бўлган хонадонларга Миллий гвардия ёки ички ишлар органлари ходимлари билан биргаликда ташриф буюрган ҳолда зарур хавфсизлик чораларини кўришни ҳисобга олади.


43. Агар рўйхатга олувчилар режадан сезиларли даражада ортда қолаётган бўлса, инструкторлар (супервайзерлар) ушбу ҳолатнинг сабабини аниқлаштиради ва зарур ҳолларда захира таркибидан рўйхатга олувчилар жалб этилиши юзасидан қарор қабул қилади.


44. Рўйхатга олиш варағи шаклларини тўлдириш уй хўжалиги таркибини аниқлашдан бошланади.


45. Сўров давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин. Бунда рўйхатга олувчи ходимлар ушбу ҳудудда яшовчи ёки шу ҳудуднинг аҳолиси билан эркин мулоқот қила оладиган шахслар орасидан танланади.


46. Уй хўжаликлари шахсий ва жамоавийга бўлинади.

Шахсий уй хўжаликлари таркибига турар жой бинолари - уйлар, квартиралар, ётоқхоналар, дала ҳовлилар ва бошқа яшаш учун фойдаланиладиган биноларда яшовчи шахслар киради.

Жамоавий уй хўжаликлари таркибига ижтимоий ва тиббиёт муассасаларида, казармаларда, қамоқхоналарда ва диний ташкилотларда (мадрасаларда) доимий яшовчи шахслар гуруҳи киради.

Аҳолининг айрим тоифалари яшайдиган муассасалар (ташкилотлар) жамоавий уй хўжаликлари ҳисобланади.

Қуйидаги жойларда:

болалар интернатлари, тарбия муассасаларида;

ижтимоий муассасаларда;

диний муассасаларда;

шифохоналар ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида;

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказларида;

қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшовчи (доимий ёки вақтинча) шахслар жамоавий уй хўжаликларида яшовчилар ҳисобланади.

Ушбу муассасаларда рўйхатга олиш ишлари уларнинг маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.

Рўйхатга олувчилар ўзига бириктирилган ҳисоб участкаси ҳудудида жойлашган меҳмонхона туридаги муассасаларда рўйхатга олиш ишларини ушбу муассасанинг маъмурияти билан биргаликда амалга оширади.

Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган ёки рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш жойида (бинода), квартирада ҳеч ким бўлмаган тақдирда, рўйхатга олиш варағи шакллари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.

Агар рўйхатга олувчилар ўз участкасида уйсизларга дуч келса, уларни 4-шакл бўйича рўйхатдан ўтказади ва ҳар бири учун 2-шаклни ҳам тўлдиради.


47. Аҳоли ҳисобининг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида 2023 йил 23-25 ноябрь кунлари уч кун муддатда танланма равишда назорат кузатуви ўтказилади.

Назорат кузатуви барча ҳисоб участкалари бўйича танлов асосида 10 фоиздан кам бўлмаган қамров билан ўтказилади.

Назорат кузатувидан сўнг тўлдирилган рўйхатга олиш варағи шакли рўйхатга олишни ўтказиш даврида тўлдирилган рўйхатга олиш варағи шакли билан солиштирилади ҳамда рўйхатга олиш тўлиқлиги ва рўйхатга олиш варағи шаклларини тўлдириш сифати текширилади.


48. Аҳолини рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотлари "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ махфий бўлиб, респондентнинг розилигисиз ошкор этилмайди ва тарқатилмайди.

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш натижасида шакллантирилган йиғма статистик ахборот аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидир.


49. Рўйхатга олиш ва назорат кузатуви ўтказилгандан кейин рўйхатга олиш варағи шакллари билан тўлдирилган сумкалар қуйидаги тартибда топширилиши керак:

рўйхатга олувчи - рўйхатга олиш ишлари якунлангандан сўнг бир кун муддатда инструкторга;

инструктор - рўйхатга олувчилардан қабул қилиб олингандан сўнг уч кун муддатда рўйхатга олиш участкаси бошлиғига;

рўйхатга олиш участкаси бошлиғи - инструкторлардан қабул қилиб олингандан сўнг беш кун муддатда туман (шаҳар) рўйхатга олиш бўлими бошлиғига;

туман (шаҳар) рўйхатга олиш бўлими бошлиғи - рўйхатга олиш участкаси бошлиқларидан қабул қилиб олингандан сўнг беш кун муддатда ҳудудий статистика бошқармалари ҳузуридаги бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказларига топширади.



6-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ

БИРЛАМЧИ МАЪЛУМОТЛАРИНИ КИРИТИШ,

ҚАЙТА ИШЛАШ ВА ЯКУНИЙ МАЪЛУМОТЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


50. Аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини киритиш ва қайта ишлаш ҳудудларда амалга оширилади.

Ҳудудий статистика бошқармалари ҳузурида 14 та бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш маркази ташкил этилади. Ҳар бир ҳудудий марказда тегишли ҳудуд бўйича аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотлари электрон базага киритилади ва таҳрир қилинади.

Аҳолини рўйхатга олиш бирламчи маълумотларини киритиш ва қайта ишлаш махсус дастурий таъминот асосида ҳудудий марказ бошлиқлари, операторлар гуруҳи бошлиқлари, ҳужжатларни сақлаш ходимлари (архив ходими), маълумотларни киритиш ва мантиқий назорат қилиш бўйича операторларни вақтинча жалб этиш орқали амалга оширилади.

Республика даражасида якуний маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиш махсус компъютер дастури асосида амалга оширилади.

Рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш ишлари 2024 йил 31 декабргача амалга оширилади.


51. Жаҳон интернет ахборот тармоғи орқали респондентлар рўйхатга олиш варағи шаклларини мустақил равишда тўлдиришлари мумкин.

Қўмита жаҳон интернет ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхатини шакллантиради ҳамда ҳудудий статистика органларига юборади.


52. Бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш ва уларни қайта ишлаш бўйича назорат ҳудудий статистика бошқармалари томонидан амалга оширилади. Қўмита томонидан мунтазам равишда мониторинг ишлари йўлга қўйилиб, мувофиқлаштирилади.

Шахсга доир бирламчи маълумотлар қайта ишлаш жараёнида махфийлаштирилади.


53. Зарур ҳолларда аҳолини рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идораларда мавжуд аҳоли билан боғлиқ бўлган маълумотлар базаларидан фойдаланилади.



7-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ

ЯКУНИЙ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ


54. Рўйхатга олувчи ходимлар томонидан тайёрланган йиғма рўйхатлар натижалари асосида шаҳар ва қишлоқлар (шу жумладан, эркаклар ва аёллар) бўйича дастлабки маълумотлар шаҳар ва қишлоқ аҳолисига ажратилган ҳолда шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар бўйича аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотлари 2024 йил 1 мартга қадар тайёрланади.


55. Аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари республика ва ҳудудлар бўйича белгиланган жадваллар шаклида 2025 йил 1 декабргача шакллантирилади.

Эълон қилинган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотлар фойдаланувчиларнинг сўровларига мувофиқ шакллантирилади.


56. Якуний натижалар бирламчи маълумотлар базасидан шакллантирилади.


57. Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини чоп этиш Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан 2025 йил 1 декабргача расмий босма нашрларда, шунингдек, электрон манбаларда, фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун оммабоп нашрларда, (рисолалар, пресс-релизлар, атласлар, тақдимот материалларида ва бошқаларда), Қўмитанинг расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали эълон қилинади.


58. Қайта ишланган қоғоз кўринишидаги аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларини сақлаш ва йўқ қилиш белгиланган тартибда амалга оширилади.


59. Аҳолини рўйхатга олишнинг электрон маълумотлар базаси ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакли ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатлари қайта ишланганидан сўнг белгиланган тартибда доимий сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлигига тақдим этилади.



8-БОБ. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ

МОДДИЙ-ТЕХНИК ВА МОЛИЯВИЙ

ТАЪМИНЛАШ


60. 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб этиладиган ходимлар фаолиятини белгиланган меъёрлар асосида ташкил этиш учун аҳолини рўйхатга олишни моддий-техника воситалари билан таъминлаш 2020-2025 йилларда Қўмита раҳбарияти томонидан тасдиқланган йиллик харид режаси асосида амалга оширилади.


61. Рўйхатга олувчиларнинг махсус сумкалари, канцелярия буюмлари, гувоҳномаси, махсус кийимлари, фонар каби товар-моддий бойликлар Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ харид қилинади.


62. 2021 йилда (синов тариқасида) ва 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларини ва бошқа аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини марказлаштирилган ҳолда чоп этиш ва уларни ҳудудий статистика органларига етказиб бериш Қўмита томонидан амалга оширилади.



9-БОБ. 2021 ЙИЛДА СИНОВ ТАРИҚАСИДА

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ

ЎТКАЗИШ


63. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари танлаб олинган ҳудудларда ўтказилади.

Синов тариқасида рўйхатга олишнинг аниқ пайти 2021 йил 1 ноябрь соат 00:00 этиб белгиланади.

2021 йил 1 ноябрь соат 00.00 дан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар натижалари рўйхатга олиш варағи шаклларига киритилмайди.


64. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш дастури ушбу қарорнинг 2-иловасида келтирилган саволлардан ташкил топади.


65. Синов тариқасидаги аҳолини рўйхатга олиш қуйидаги муддатларда ўтказилади:

1-5 ноябрь кунлари - интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш (5 кун);

6-10 ноябрь кунлари - интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхатини шакллантириш (5 кун);

11-22 ноябрь кунлари - аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юрган ҳолда аҳолини рўйхатга олиш (12 кун, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага асосан);

23-25 ноябрь кунлари - ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизини танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганиш (3 кун).


66. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


67. Рўйхатга олишни ўтказиш бошланишидан олдин ҳудудий комиссиялар томонидан синов ўтказиладиган ҳудудлардаги рўйхатга олиш участкаси ходимлари, инструкторлар (супервайзерлар) ва рўйхатга олувчилар белгиланган тартибда махсус гувоҳнома, сумка, рўйхатга олиш варағи шакллари ва канцелярия буюмлари билан таъминланади. 


68. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш бошланишидан бир ой олдин ҳудудий комиссияларга жиноятчилик кўп учрайдиган ҳудудлар ва тарбияси оғир оилалар тўғрисидаги маълумотлар тегишли ҳудудий ички ишлар органлари томонидан тақдим этилади.


69. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб қилинган шахслар билан белгиланган тартибда шартномалар тузилади.


70. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида белгиланган аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ишларини ташкил этади.


71. Агар респондент яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаса, рўйхатга олувчи унга инструкторлик участкасига бориб рўйхатдан ўтишни таклиф этади ва участка манзилини беради.


72. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг якунлари бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилади:

рўйхатга олиш дастури, рўйхатга олиш ҳужжатлари шакллари, рўйхатга олишни ўтказиш усуллари, рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлари ҳамда фойдаланиладиган ахборот технологиялари синови натижалари таҳлил қилинади;

синов натижаларига кўра 2022 йил 1 июнга қадар 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш дастури, методик қўлланмалар ва норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши ҳамда маълумотларни қайта ишлаш усуллари ва аҳолини рўйхатга олиш якунларини шакллантириш зарурати юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.


73. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ушбу Низомнинг тегишли бандларига асосан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 ноябрь













































Время: 0.2550
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск