ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 18.11.2020 й. 726-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 18 ноябрдаги

726-сон қарорига

2-ИЛОВА



Нотариуслар томонидан автомототранспорт

воситаларини  бошқа  шахсга  ўтказиш

ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва бошқа шу каби битимларни) (кейинги ўринларда - битим) тасдиқлаш тартибини белгилайди.


2. Нотариус томонидан битим нотариал идора биносида ёки мурожаат қилувчиларнинг талабига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.

Битим нотариал идора биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида битим расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва битимни расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеога қайд этилади.

Битимни расмийлаштириш жараёнини аудио ва видео қайд этишда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафларга тушунтириб берилганлиги ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш ҳамда бармоқ изларини "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - Тизим)да сканер қилиш жараёни тўлиқ аудио ва видео қайд этилиши лозим.


3. "Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (кейинги ўринларда - Қонун) 11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

Агар битим мурожаат қилган шахс тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки мурожаат қилган шахс таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.


4. Битимни тасдиқлаш ушбу Регламентга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.



2-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


5. Мурожаат қилувчи битимни расмийлаштириш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд "E-notarius.uz" ахборот портали орқали (кейинги ўринларда - электрон тармоқ) рўйхатдан ўтади.


6. Нотариус Тизим орқали келиб тушган электрон мурожаатларни кўриб чиқиши ва белгиланган муддатда мурожаат қилган шахсларни қабул қилиши шарт.


7. Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли битим лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилишлари мумкин.


8. Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд қилинади.


9. Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Мурожаат бўйича битим лойиҳаси нотариус томонидан белгиланган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.


10. Қуйидаги ҳолларда битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади:

нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

тегишли нотариал ҳаракат бўйича мол-мулкка нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда - МИБ) маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиши лозим бўлган ҳолларда қарздорлик аниқланган бўлса;

манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.



3-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛУВЧИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

УНИНГ ШАХСИНИ, МУОМАЛА ВА ҲУҚУҚ

ЛАЁҚАТИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


11. Мурожаат қилувчи нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси қабул қилади, нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаганда котиб ёки нотариус стажёри, улар ҳам бўлмаганда нотариус қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.

Бунда нотариус ёрдамчиси (котиб ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчини нотариус қабулига электрон навбатга ёзиб қўяди ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилади, бундан нотариус қабулига навбатга ёзилган мурожаат қилувчилар мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно.


12. Нотариус битимни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилувчиларнинг (уларнинг қонуний вакилларининг, шунингдек васий ва ҳомийларининг) ва юридик шахс вакилларининг шахсини аниқлайди.

Битимни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчиларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ID-картаси;

16 ёшга тўлмаган фуқаролар - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳарбий хизматчилар - ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар ёхуд ID-карталар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);

чет эл фуқаролари - уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, ID-картаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;

хорижда доимий яшаётган ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;

фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта.

Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг шахсини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.

13. Нотариус битимни расмийлаштиришни сўраб мурожаат этган жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.


14. Нотариусга мурожаат этган шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёҳуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.

Нотариус битимни расмийлаштиришда иштирок этувчи шахсларнинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг ёзма розилигини талаб этади. Бунда ҳомийнинг розилиги битимни тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.


15. Юридик шахслар иштирокидаги битимни расмийлаштиришда нотариус томонидан уларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини Тизим орқали текшириши шарт.

Бунда нотариус томонидан тегишли юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини текширишда юридик шахснинг Тизим орқали олинган таъсис ҳужжатлари ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси Тизимда сақланади.

16. Битим вакил томонидан тузилган тақдирда, унинг ваколати текширилади.

Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва бошқалар) билан тасдиқланади. Бунда ваколат берувчи жисмоний шахсларнинг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги Тизим орқали "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади.

Нотариус таъсис ҳужжати бўйича битим тузиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсларнинг раҳбарларидан битим ва бошқа ҳаракатларни бажариш учун ишончнома талаб қилмайди. Бундай ҳолларда уларнинг мансаб мавқеини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, нотариус уни тасдиқлаган тегишли мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали текширилади.



4-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН, МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ

ЧЕКЛАНГАН ВА МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДА БИТИМНИ ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


17. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун битимни уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин.

Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимни унинг васийси амалга оширади.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан ўзларининг вояга етмаган болаларига васийлик, ҳомийлик қилувчилар сифатида тузиладиган битимга ҳам тегишлидир.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, битимни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай битимни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади. Бунда ота-онанинг розилиги битимни тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган деб топилган фуқаро битимни ҳомийнинг ёзма розилиги билангина амалга оширади. Бунда ҳомийнинг розилиги битимни тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.

Васий ва ҳомий, уларнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийликдаги шахс билан битим тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васий ёки ҳомийнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

Ота-оналар, фарзандликка олувчилар, ҳомийлик ва васийлик қилувчилар қандайдир сабабларга кўра (хизмат сафарида бўлиш, бошқа жойда яшаши ва ҳ.к.) битимни тасдиқлашга розилик бера олмасалар, битим васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида тасдиқланиши мумкин. Бу ҳолда "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси талабларига риоя этилади.

Ота-она вафот этганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда, улар муомалага лаёқатсиз деб топилганда, касал бўлганда, узоқ муддат бўлмаганда, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан ота-она тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортганда, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига юклатилади.

Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битим тузишга ҳақли.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс номидан ишончнома берилган тақдирда ҳам васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати талаб этилади.



5-БОБ. КАР-СОҚОВЛИК НУҚСОНИ ВА КЎЗИ ОЖИЗ

БЎЛГАН ШАХСЛАР ИШТИРОКИДА БИТИМНИ

ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


18. Битимни расмийлаштиришни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, битимни тасдиқлаш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битимнинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида битим матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.

Мурожаат қилувчи битимни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши мумкин. Бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим.

Нотариус мазкур ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатни имзолаган фуқаронинг, сурдо ёки тифло таржимоннинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлашни алоҳида нотариал ҳаракат сифатида рўйхатга олмайди.

Бир шахс ҳужжатни имзоловчи фуқаро, сурдо ёки тифло таржимон сифатида нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар битим билан бирга тикиб қўйилади.

Мазкур бандда белгиланган тартибда битимни имзолаш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли битимни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Таржимон ёки сурдо таржимон ёҳуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.



6-БОБ. БИТИМНИ ТАСДИҚЛАШ УЧУН ТАЛАБ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


19. Битимни нотариал тасдиқлашда нотариус автомототранспорт воситаси мулкдорга тегишлилигини текширади.


20. Нотариус томонидан битимни тасдиқлаш давомида мурожаат қилувчилар томонидан автомототранспорт воситалари агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади ва бу ҳақида битимда акс эттирилади.

21. Жисмоний шахслар ўртасида битимни тасдиқлашда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, тракторлар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар машиналарнинг техник паспорти ёки техник паспорт берилмайдиган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши ҳамда бошқа мақсадларга мўлжалланган агрегат, машина, механизм ва ускуналарнинг техник гувоҳномаси);

йўл-транспорт ҳодисаси натижасида шикастланган автомототранспорт воситаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасаларининг мутахассислари, бундай муассасалар бўлмаган вилоятларда эса - "Ўзавтотеххизмат" масъулияти чекланган жамияти ташкилотларининг хулосаси;

меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси берилган бўлса - меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома.

Агар мерос икки ёки ундан ортиқ меросхўрларга берилган бўлса, автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлашда барча меросхўрлар ёки уларнинг вакиллари иштирок этиб, битимни имзолайдилар.


22. Битимни тасдиқлашда тарафлар ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлган ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, тракторлар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар машиналарнинг техник паспорти ёки техник паспорт берилмайдиган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши ҳамда бошқа мақсадларга мўлжалланган агрегат, машина, механизм ва ускуналарнинг техник гувоҳномаси);

юридик шахс ваколатли органининг автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳ.к.);

мулкдорнинг розилиги (агар юридик шахсга автомототранспорт воситаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлса);

тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисоб-китоб кечиктирилган ҳоллар бундан мустасно).

Юридик шахсга тегишли бўлган автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги юридик шахс кузатув кенгашининг қарори тақдим этилган тақдирда автомототранспорт воситасининг қолдиқ баланс қиймати ҳақида юридик шахс раҳбари ва бош ҳисобчисининг имзоси қўйилган маълумотнома ҳамда юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумот ҳам талаб этилади.

Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ҳамда фирмалар ваколатхоналарига ҳамда уларнинг ходимларига, оила аъзоларига тегишли "CMD", "D", "UN", "T", "X", "M" сериядаги давлат рақамларига эга бўлган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлашда қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг розилигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.


23. Бюджет ташкилотларининг автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалар қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда сотилади.


24. Эр (хотин)нинг умумий биргаликдаги мулки бўлган автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим тузиш учун хотиннинг (эрнинг) нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган ёзма розилиги олиниши лозим.

Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказаётган фуқаро эри ёки хотини йўқлиги (бева эканлиги ёки бўйдоқ) ҳақида ёзма ариза тақдим этганда, нотариус битимнинг иккинчи тарафини ариза билан таништиради ва ҳуқуқий оқибатини тушунтиради. Иккинчи тараф аризага фамилияси, исми, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди. Ушбу ҳолатни аниқлашда нотариусга тегишли равишда қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади: фуқаронинг паспорти, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёхуд далолатнома ёзувларидан кўчирмалар. Ушбу ариза автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказаётган фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилади, битим вакил орқали тузилган тақдирда эса - у томонидан ишончнома берувчининг эри ёки хотини йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда вакилдан бундай ариза олинади.

Битим тарафларининг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги, эри ёки хотини йўқлиги ҳақидаги маълумотлар, туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали олинади.

Электрон тизимларда техник носозликлар бўлганда, ушбу ташкилотлар билан ахборот алмашуви курьерлик хизмат орқали амалга оширилади.

Агар мурожаат қилувчи томонидан тугилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномалар ёки ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома тақдим этилса, ушбу ҳужжатлар ҳам мурожаат қилувчининг фуқаролик ҳолатларини тасдиқлаш учун қабул қилинади.

Эр ёки хотиндан бири вафот этганда уларнинг никоҳи давомида орттирилган умумий биргаликдаги мол-мулкига нисбатан ворислик қоидалари қўлланилади.

Эр (хотин)ни бедарак йўқолган деб топиш тўғрисида суд ҳужжати мавжуд бўлган ҳолларда нотариус битимни тасдиқлаши мумкин. Бу ҳолда нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 35-моддаси мазмунини битим матнида кўрсатиб ўтиши ва тарафларга тушунтириши лозим.

Никоҳ қайд этилгунга қадар сотиб олинган, мерос тариқасида ёки ҳадя шартномаси бўйича олинган, шунингдек никоҳ давомида сотиб олинган автомототранспорт воситаси никоҳ шартномасига асосан тақсимлаб олинган бўлса ёки эр-хотин ўртасидаги мулкни бўлиш тўғрисидаги суд ҳужжати ёхуд нотариал тартибда расмийлаштирилган келишув мавжуд бўлса битимни тасдиқлаш учун эр ёки хотиннинг розилиги талаб қилинмайди.


25. Нотариуслар томонидан битимни тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатлар қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатлар;

бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаган ҳужжатлар;

факсимиле имзо муҳри қўйилган ҳужжатлар.


26. Тақдим этилган ҳужжатнинг айнанлигига шубҳа туғилса, нотариус бу ҳужжатни олиб қолиб, уни экспертизага юборишга ҳақлидир.

Нотариус ҳужжатни экспертизага юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва унда қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг номи, ҳужжатнинг номи, у кимнинг номига берилганлиги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун ҳужжат ким томонидан тақдим этилганлиги (фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат, юридик шахс бўлса унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), СТИР, ҳужжатни экспертизага юбориш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар, ҳужжат экспертиза қилиниши учун қаерга (қайси экспертиза муассасасига) юборилаётганлиги ва экспертиза ҳал этиши учун қўйилаётган саволлар кўрсатилади.

Нотариус ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра нотариал тасдиқлаб берилган ҳужжатнинг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин.


27. Битимни тасдиқлашда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва (ёки) хатланмаганлиги Тизим орқали текширилади. Бунда, текшириш натижаси бўйича олинган мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома Тизимда сақланади.

Жисмоний ва юридик шахснинг талабига кўра унга тегишли мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақида маълумотнома белгиланган миқдордаги тўлов ундирилгандан сўнг берилади.


28. Нотариус амалга оширилаётган битимнинг ўзи ёки бошқа нотариал идора томонидан манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга оширишни кечиктирилганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги ҳақидаги маълумотларни Тизим орқали текширади.


29. Автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ихтиёрий тарзда ўзаро ҳисоб-китобларни банк хизматларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин. Бунда, нотариус сотиб олувчи тараф сотувчининг ҳисобварағига пул маблағлари ўтказилганлиги ҳақидаги тегишли банкнинг маълумотномасини талаб қилади. Мазкур маълумотнома ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.


29-1. Нотариус томонидан курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда олинадиган маълумотнома (маълумот) ҳамда ҳужжатнинг аслидан олиб қолинадиган нусхалар тегишли нотариал ҳаракатнинг ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


7-БОБ. БИТИМ ЛОЙИҲАСИНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


30. Мазкур Регламентнинг 5-29-бандларида келтирилган тегишли ҳужжатлар талаб қилиб олинган ва маълумотлар текширилганидан сўнг нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки котиби томонидан битим лойиҳаси тайёрланади.

Битим лойиҳаси жисмоний ёки юридик шахслар томонидан мустақил тайёрланган ва нотариусга тақдим этилган ҳолларда эса - нотариус битим лойиҳасининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текширади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим қилинган битимнинг лойиҳалари ёки нотариал идорада тузиладиган битимнинг лойиҳалари қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.

Битим лойиҳаси нотариал идорада тайёрланган ҳолларда тарафларнинг хоҳишига қараб битим матни ўзгартирилиши ёки унга қўшимчалар киритилиши мумкин.


31. Битим матнида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

у қандай битим эканлиги (битимнинг номи);

битим имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши;

битим тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;

тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;

битимда юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда - СТИР), давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

автомототранспорт воситасининг русуми, ишлаб чиқарилган йили, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, агрегат рақамлари, қуввати (от кучи);

транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги;

автомототранспорт воситасининг тарафлар томонидан келишилган баҳоси;

тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб амалга оширилгани ёки амалга ошириш муддати кечиктирилганлиги;

автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқламаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;

битим неча нусхада тузилганлиги ҳақидаги маълумотлар;

битимнинг мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан тушунтирилганлиги, битим матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва тарафларнинг асл мақсадига мувофиқ келиши;

автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ва бошқа турдаги битим нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида ДЙҲХХ органларида рўйхатидан ўтказилиши кераклиги. Бунда, шартнома матнининг якуний қисмида ва тасдиқловчи ёзувда "Ушбу шартнома ИИВнинг тегишли ДЙҲХХ органларида ўн кун ичида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Мазкур талабни бажармаслик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади" деб ёзиб қўйилади.

Тарафларнинг ихтиёрига кўра битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Битимнинг тасдиқловчи ёзувда гербли (махсус) бланканинг (бланкаларнинг) серияси, тартиб рақами ва ҳудудий коди кўрсатилиши лозим.


32. Битим Тизимга киритилади ҳамда ҳар бир битим алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади ва нотариус томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувда кўрсатилади.

Тизимдаги тартиб рақамлари ҳар бир календарь йил бошида биринчи тартиб рақамидан бошланади.


33. Битимни расмийлаштиришда Тизимга қуйидаги шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда - ЖШ ШИР) киритилиши шарт:

Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортга ёки ID-картага эга бўлган фуқаролари;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШ ШИР мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча (доимий) яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШ ШИР мавжуд бўлган 16 ёшга тўлмаган фуқаролар.

16 ёшга тўлмаган фуқароларда ЖШ ШИР мавжуд бўлмаганда Тизимга уларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасининг серияси ва рақами киритилади.

Юридик шахснинг СТИРи Тизимга киритилиши шарт.


8-БОБ. БИТИМ ЮЗАСИДАН ЎЗАРО

ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


34. Автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўзаро ҳисоб-китобларни исталган шаклда (нақд пул ёки нақд пулсиз) амалга ошириши мумкин.


35. Автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ихтиёрий тарзда ўзаро ҳисоб-китобларни банк хизматларидан ёки нотариуснинг депозит ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин.

Бунда, нотариус сотиб олувчи тарафдан сотувчининг ҳисобварағига пул маблағлари ўтказилганлиги ёки нотариуснинг депозит ҳисобварағида сақланаётганлиги ҳақидаги тегишли банкнинг маълумотномасини талаб қилади. Мазкур маълумотномалар ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.


36. Битим тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан тузилган тақдирда, ушбу битимни тасдиқлаган нотариус томонидан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилади ва бу ҳақидаги маълумотлар Тизимга киритилади.

Бунда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ автотранспорт воситаси учун шартномада назарда тутилган пул маблағлари сотувчининг банк ҳисобварағига тўлиқ ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган тақдирда бекор қилинади.

Агар тўлов мажбуриятларини кечиктириш муддати тугагандан сўнг тўлов амалга оширилса, нотариус сотиб олувчидан сотувчи томонидан берилган мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олинганлиги ҳақида тилхатни талаб этади.



9-БОБ. БИТИМНИ ТАСДИҚЛАШ УЧУН

ТЎЛОВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


37. Битимни тасдиқлашда нотариус томонидан "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлар миқдорлари доирасида ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилади.

Битим гербли махсус бланкада чоп этилган ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ герб йиғими ундирилади.

Тасдиқланаётган битим, шу жумладан битимни тасдиқлаш учун мурожаат қилган шахс тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади.

Битим лойиҳаси тарафларга ўқиб танишиб чиқиш учун тақдим этилгандан кейин Тизим орқали тўлов квитанциялари (инвойс) битимни тасдиқлаш учун мурожаат қилган шахсга чиқариб берилади ҳамда унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "ишонч телефони" рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахснинг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.

Битим тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг тасдиқланади.

Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот (инвойс) Тизимда сақланади.

Битим давлат божининг имтиёзли тўланишига ҳуқуқ берувчи яқин қариндош бўлган шахслар ўртасида тузилаётган бўлса, уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва уларнинг ксеронусхаси олиб қолинади.



10-БОБ. БИТИМНИ ТАРАФЛАР ТОМОНИДАН

ИМЗОЛАШ ТАРТИБИ


38. Тўловлар амалга оширилиб, битим лойиҳаси тўлиқ тайёр бўлгандан сўнг, тарафлар битимни имзолаш учун нотариус ҳузурига бир вақтда таклиф этилади.


39. Битим лойиҳаси тарафларга ўқиб танишиб чиқиш учун тақдим этилади.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли битимни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.


40. Битимнинг барча нусхаларини тарафлар (уларнинг қонуний вакили, васий ёки ҳомийси) фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиб нотариус иштирокида шахсан имзолайдилар.

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битимни ўз қўли билан имзолай олмаса, битимни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битимни ўз қўли билан имзолай олмаганида, битимни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо ёки тифло таржимон) ва бошқалар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.


41. Тарафларнинг камида иккита бармоқлари излари махсус мосламаларда сканер қилинади.

Агар мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса нотариал ҳаракатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеоёзув воситаларида қайд этилади ҳамда бу ҳақида битимнинг тасдиқловчи ёзувида қайд этилади.


42. Битимнинг барча нусхаларига нотариус тегишли тасдиқловчи ёзувни ёзиб, Тизимда қайд қилинган тартиб рақамини, ундирилган тўловлар (давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ) миқдорини кўрсатиб имзолайди ва муҳрини қўяди.


43. Битим бир неча алоҳида варақларда баён этилган тақдирда, улар махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, варақлари эса рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, нотариал идоранинг муҳри босилади.



11-БОБ. БИТИМНИ ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА

РЕЖИМИДА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


44. Тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида битимни нотариал тасдиқлаши мумкин ва бундай битим уларнинг биргаликдаги иштирокисиз амалга оширилаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида тарафлар нотариуслар ҳузурида бўлиши шарт.

Мазкур тартиб асосида барча турдаги битимларни тасдиқлаш мумкин. Бу каби битимларни тасдиқлашда тегишлилигига қараб битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидалари қўлланилади.

Битимни нотариал тасдиқлаш тарафларнинг тегишли нотариусга бериладиган аризасига асосан амалга оширилади ва ариза нотариал тартибда шаҳодатлантирилмайди.

Бунда битимнинг биринчи тарафи мурожаат қилган нотариус қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

битимнинг биринчи тарафи томонидан тақдим қилинган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, шахсини тасдиқловчи (битимнинг иккинчи тарафининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси) ва бошқа ҳужжатларнинг қонунийлигини ўрганиб чиқади;

видеоконференцалоқа орқали битимни тасдиқлашда тегишли битим карточкасини яратади ва маълумотларни Тизимга киритади;

битимнинг биринчи тарафи билан ўзаро мулоқотда нотариус томонидан қандай турдаги битим тузилаётганлигини, битимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиради, ушбу битим мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширади, тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини аниқлайди ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишиб, нотариус томонидан овоз чиқариб ўқиб берилган ҳолда битимнинг биринчи тарафи томонидан имзоланади ҳамда бармоқ изларини сканер қилиш жараёнини видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этади;

тарафлар ҳамда уларнинг ўзаро келишилган бошқа шартлари ҳақидаги маълумотлар асосида битим лойиҳасини электрон шаклда тузади;

Тизимда жойлаштирилган битим лойиҳасини чоп этади ва битимнинг тегишли қисмига битимнинг биринчи тарафига имзо қўйдиради ҳамда бармоқ изларини сканер қилиш жараёнини видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этади ва битим билан бирга сақлайди.

Битимда тасдиқловчи ёзув кўрсатилиши лозим.

Мисол:

Мен Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳар, Тинчлик кўчаси, 1-уйда жойлашган, Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Р.Г.В., фуқаро Б.А.Г.нинг менинг ҳузуримда қўйган имзосини ҳақиқийлигини шаҳодатлайман.

Сотувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди, яъни шахсий мулоқот давомида унинг муомалага лаёқатлилигига шубҳа туғилмади, нотариал ҳаракатни амалга ошириш давомида унинг муомалага лаёқатсиз эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.

Шартнома сотувчининг хоҳиш-иродаси ва амалдаги қонун ҳужжатлари асосида видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб расмийлаштирилаётганлигини тасдиқлайман. Автомототранспорт воситаси сотувчига тегишлилиги текширилди, бу жараён "Нотариус" ААТда видеоконференцалоқа орқали тўлиқ қайд этилди.

Сотувчи фуқаро Б.А.Г. томонидан тақдим қилинган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасида сақланади.

Ушбу ҳужжат, автомототранспорт воситаси олди-сотди шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, мазкур шартнома Тошкент шаҳар, М. Улуғбек тумани, Барака кўчасида жойлашган, М.Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. томонидан видеоконференцалоқа орқали тасдиқланган.

Нотариус битимни имзолаб, муҳр билан тасдиқлайди ва мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни сканер қилиб Тизимга жойлаштиради.

Битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариус қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

Тизимга жойлаштирилган битим билан боғлиқ ҳужжатларни юклаб олади ва чоп этади;

Тизим орқали битимнинг биринчи тарафи мурожаат қилган нотариус билан видеоконференцалоқа орқали видеомулоқот ўрнатади, бунда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи тарафлар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт.

Шунингдек, нотариус битимнинг иккинчи тарафига қандай турдаги битим тузилаётганлигини, битимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиради, ушбу битим мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширади, тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини аниқлайди ҳамда ҳужжат матнини сотиб олувчига тўлиқ таништириб, овоз чиқариб ўқиб беради. Битимнинг иккинчи тарафи томонидан битим имзолангандан сўнг, унинг бармоқ изларини сканер қилиш жараёни видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этилади.

Битимда тасдиқловчи ёзув кўрсатилиши лозим.

Мисол:

Ушбу шартномани, мен Тошкент шаҳар, М. Улуғбек тумани, Барака кўчасида жойлашган, М. Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва амалдаги қонунларга асосан сотувчи - Б.А.Г. Нурафшон шаҳар 1-сон ДНИда бўлган ҳолда видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб тасдиқладим. Бу жараён "Нотариус" ААТда видеоконференцалоқа орқали тўлиқ қайд этилди.

Сотувчи Б.А.Г.нинг шахси Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Р.Г.В. томонидан аниқланди ва сотиб олувчи А.А.В.нинг шахси мен, М.Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. аниқладим.

Сотиб олувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди, яъни шахсий мулоқот давомида унинг муомалага лаёқатлилигига шубҳа туғилмади, нотариал ҳаракатни амалга ошириш давомида унинг муомалага лаёқатсиз эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.

Электрон шаклда берилган ҳужжат қоғозда берилган ҳужжат билан тенг юридик кучга эга.

Тарафлар томонидан имзоланган ҳужжатлар битта йиғмажилд шаклига келтирилади, бунда махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади ва тегишли ёзув киритилади.

Яхлит ҳолга келтирилган битим битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариус томонидан сканер қилиниб Тизимда шу реестр рақам қайд қилинган карточкага жойлаштирилади.

Битим икки нусхада тузилади, бир нусхаси битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариал идорада сақланади ва иккинчи нусхаси битимнинг иккинчи тарафига берилади.

Битимнинг иккинчи тарафига унинг сўровига кўра битимнинг нусхаси ўзи мурожаат қилган нотариус томонидан чоп этиб берилиши мумкин.


45. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар асосида нотариал ҳаракатни амалга оширишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ушбу ҳужжатнинг асл нусхаси тақдим этилмасдан, унинг ўрнига нотариал ҳаракатнинг ноёб рақами билан мурожаат қилинганда нотариус томонидан ушбу ҳужжатлар Тизим орқали ноёб рақам ёки мурожаат қилувчининг ЖШ ШИР орқали текширилади ва шу асосда нотариал ҳаракат амалга оширилади.

Ҳужжат ва унинг ноёб рақами шубҳа туғдирган тақдирда нотариус ушбу ҳужжатни тасдиқлаган нотариусга ёки идоравий нотариал архивга мурожаат қилиш орқали маълумотларга аниқлик киритиши мумкин.

Мазкур банднинг қоидалари 2020 йил 1 январдан кейин тасдиқланган ҳужжатларга нисбатан амал қилади.



12-БОБ. БИТИМНИ ЎЗГАРТИРИШ

ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


46. Битимдаги қўшимча ва тузатишлар тегишли шахсларнинг (битим иштирокчиларининг) имзосидан олдин изоҳланиши ва тасдиқловчи ёзувнинг охирида нотариуснинг имзосидан олдин такроран изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Тасдиқловчи ёзувдаги тузатишлар нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.


47. Тасдиқловчи ёзувнинг матни техник воситаларда (компьютерда) ўчирилмасдан аниқ ёзилиши шарт. Очиқ жойларга чизиқ тортиб қўйилиши, ёзувлар ва бошқа тузатишлар ушбу Регламентнинг 46-банди асосида изоҳланиши керак.

Тасдиқловчи ёзувларни амалга ошириш учун тегишли ёзув матни бўлган штамплар ишлатилиши мумкин.

Тасдиқловчи ёзув тегишли ҳужжатга сиғмаган тақдирда, у ҳужжатга бириктириб қўйилган алоҳида қоғоз варағида давом эттирилиши ёки тўла баён этилиши мумкин. Бунда ҳужжат матни баён этилган варақлар ва тасдиқловчи ёзув варақлари махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади.


48. Нотариал тасдиқланган битимни ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш асосий битимга қўшимча келишув тузиш йўли билан амалга оширилади.


49. Нотариал тасдиқланган битимни бекор қилиш учун алоҳида келишув тузилади. Агар битимда бир тараф ёки иккала тараф юридик шахс бўлса, битимни бекор қилиш вақтида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб битимни бекор қилиш ҳақидаги қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруғи ва ҳ.к.) олинади. Битимнинг барча нусхаларига битим бекор қилинганлиги ҳақида ёзиб қўйилади ҳамда унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади ҳамда Тизимга бу ҳақида маълумот киритилади. Битимнинг тарафларга берилган нусхаларини тақдим этиш имкони бўлмаган (йўқолган ёки бошқа) ҳолларда бу ҳақида ариза олинади.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимни бекор қилишда, агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг (мулк олувчининг) битимни бекор қилишга рози эканлиги тўғрисидаги нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризасини талаб қилади.

Нотариус битимни ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажримини олган тақдирда, бу ҳақда битимнинг нотариал идора йиғмажилдларида сақланадиган асл нусхасига тегишли ёзув киритади, ўз имзоси ва муҳрини қўяди ва Тизимга маълумот киритади.

Битим суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилганда ёки тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинганда нотариал идорада сақланаётган битим предметига оид мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг ксеронусхасини қолдириб, асл нусхасини мулкдорга ёки унинг меросхўрларига ёҳуд вакилларига қайтариб беради. Нотариал идорада қолган битимнинг ксеронусхасига унинг қайтарилганлиги ҳақида ҳужжатни олган шахс имзо қўяди. Битимнинг асл нусхаси меросхўрларга берилган тақдирда, уларнинг меросхўр эканлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар текширилади ва уларнинг ксеронусхалари нотариал идорада қолдирилади.

Битим бекор қилинган вақтда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилмайди.


50. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи расмийлаштирган битимнинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу битимни белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорни хабардор қилганлиги тўғрисида тегишли ҳудудий адлия органларини хабардор қилади.



13-БОБ. БИТИМНИ ТАСДИҚЛАШНИ

РАД ҚИЛИШ ТАРТИБИ


51. Қонуннинг 38-моддасига асосан нотариус қуйидаги ҳолларда битимни тасдиқлашни рад этади, агар:

бундай битимни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил битимни тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

битимни тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Шунингдек, битимни тасдиқлаш учун тўловни тўламаслик битимни тасдиқлашни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Битимни тасдиқлаш рад этилган тақдирда битимни тасдиқлашни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус битимни тасдиқлаш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.


52. Нотариус битимни тасдиқлашни рад этганда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилади.



14-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ НОТАРИАЛ ИДОРАДА

САҚЛАШ ВА НОТАРИАЛ АРХИВГА ТОПШИРИШ


53. Қонуннинг 10-моддасига асосан, нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архивини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга (кейинги ўринларда - нотариал архив) топширилиши керак.

Нотариал расмийлаштирилган битимнинг электрон нусхаси Тизимда сақланади ва электрон архив шакллантириб борилади.


54. Битимлар йиғмажилдлари нотариал идора архивига топширилишига қадар чангдан, қуёш нури таъсиридан ҳимоялайдиган ва уларнинг яхши сақланишини таъминлайдиган шкафларда туради.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзув файли нотариал ҳаракатга Тизим томонидан берилган реестр рақами билан номланади ва электрон ахборот ташувчи манбаларда сақланади.

Календарь йил якунида аудио ва видеоёзувлар файллари нусхалари DVD дискларга ёзилади ҳамда нотариал идоранинг темир жавони ёки сейфларида алоҳида сақланади.

Электрон ахборот ташувчи жисмларда ёки DVD дискларда сақланаётган аудио ва видеоёзувлар файллари нотариус ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда текшириб кўрилган ҳолда далолатнома асосида қабул қилиниб, янги тайинланган ёки вазифаси юклатилган нотариусга топширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этилган аудио ва видеоёзувлар файллари белгиланган тартибда нотариал ҳаракатлар йиғма жилдлари билан идоравий нотариал архивларга топширилиши керак.


55. Йиғмажилдлардан бирон-бир ҳужжат олиш ва беришга йўл қўйилмайди.


56. Календарь йил тугаши билан масъул шахс йиғмажилдларни нотариал идора архивида сақлаш учун тайёрлайди.

Йиғмажилддаги ҳужжатлар туркумлаштирилади, расмийлаштирилади, тартибга келтирилиб, муқоваланади ва тикилади.

Йиғмажилд охирида алоҳида тоза вараққа тикилган варақлар сони ёзилади. Ушбу вараққа масъул шахс ва нотариуснинг имзолари ҳамда нотариуснинг муҳри қўйилади.

Йиғмажилд муқовасидаги сана ҳужжатлар йиғмажилдини юритиш бошланган ва тугалланган кун, ой ва йилга мувофиқ келиши керак.


57. Нотариал идора ҳужжатлар ва материалларни нотариал архивга топширишидан олдин масъул шахс уларни тайёр ҳолга келтиради.


58. Нотариал идора томонидан ҳужжатлар ва материаллар нотариал архивга топширилаётганда, уларнинг бутлигини кўриб чиқиш адлия бошқармасининг доимий фаолият олиб борувчи эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади.


59. Эксперт комиссияси ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқишда архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилади.


60. Эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар нотариал архивга топширилиши лозим деб топилганда, икки нусхада топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.

Далолатномада топширилаётган ҳужжатлар рўйхати тўлиқ кўрсатилиши шарт. Далолатнома эксперт комиссияси аъзолари ва нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус томонидан имзоланади ҳамда унга нотариуснинг гербли муҳри қўйилади.


61. Битимлар йиғмажилдлари улар тасдиқланган вақтдан бошлаб нотариал архивда 75 йил мобайнида сақланади.



15-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


62. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортганда унинг мурожаати кўрмасдан қолдирилади. Бунда битимни тасдиқлаш учун тўланган тўловлар қайтарилади.


63. Нотариус ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган мурожаат қилувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.


64. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича нотариал фаолият устидан доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.


65. Мурожаат қилувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


66. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Маъмурий регламентга

ИЛОВА



Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга

ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш

бўйича давлат хизматини кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Жисмоний ёки юридик шахс


1. Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш учун нотариал идорага ўзи келиб ёки электрон тизим (ЯИДХП ёки Е-notarius.uz ахборот портали) орқали мурожаат қилиш.



1. Хоҳишига кўра.


2. Мазкур Регламентда келтирилган тегишли ҳужжатларни нотариусга тақдим қилиш.


2. Мурожаат қилинганда.







2-босқич

Нотариус


1. Мурожаат қилувчини қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш.



1. Мурожаат қилувчи нотариал идорага келганда.


2. Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш, Тизим орқали тақиқ ёки хатлов мавжуд эмаслигини текшириш.


2. Автоматик тарзда.







3-босқич

Нотариус


1. Битим лойиҳасини тайёрлаш ва лойиҳани битим тарафларига ўқиб бериш ҳамда битим мазмунини тарафларга тушунтириш.


2. Битим ва битим тарафлари ҳақидаги маълумотларни Тизимга киритиш.


Ҳужжатлар тўлиқ ўрганиб чиқилганда 30 дақиқа ичида









4-босқич

Жисмоний ёки юридик шахс


Нотариал ҳаракат учун давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун тўловларни амалга ошириш.


Тўлов амалга оширилган вақтда









5-босқич

Нотариус


Тўлов миқдори ва тасдиқлаш коди киритилган "SMS" хабарнома юбориш ва хабарномада келтирилган тасдиқлаш кодини Тизимга киритиш.


Тўлов амалга оширилган вақтда









6-босқич

Нотариус


1. Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимни нотариал тасдиқлаш.


2. Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битим тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги органларига ҳисобга қўйиш учун Тизим орқали юбориш.


1-5-босқичлар тўлиқ амалга оширилганда 15 дақиқа ичида



           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 23 ноябрь, 46-сон, 515-модда








































Время: 0.1742
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск