ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 18.11.2020 й. 726-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 18 ноябрдаги

726-сон қарорига

5-ИЛОВА



Нотариуслар томонидан меросга бўлган

ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар (кейинги ўринларда - гувоҳнома) бериш тартибини белгилайди.


2. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносида ёки мурожаат қилувчиларнинг талабига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.

Гувоҳнома бериш нотариал идора биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг матнида гувоҳнома расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва гувоҳнома беришни расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеога қайд этилади.

Гувоҳномани расмийлаштириш жараёнини аудио ва видеога қайд этишда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда, нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб мурожаат қилувчи(лар)га тушунтириб берилганлиги ҳамда ҳужжат матни билан мурожаат қилувчи(лар) тўлиқ танишганлиги ва уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш ҳамда бармоқ изларини "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - Тизим)да сканер қилиш жараёни тўлиқ аудио ва видеога қайд этилиши лозим.


3. "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг (кейинги ўринларда - Қонун) 11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

Агар гувоҳнома бериш мурожаат қилган шахс тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки мурожаат қилган шахс таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.


4. Гувоҳнома бериш ушбу Регламентга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


5. Мурожаат қилувчи нотариал идорага ўзи келиб ёзма ариза билан ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд "E-notarius.uz" ахборот портали орқали (кейинги ўринларда - электрон тармоқ) рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат қилади.


6. Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек гувоҳнома олиш учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли ҳужжат лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.


7. Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўллаган мурожаатлари Тизимдаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд қилинади.


8. Нотариус Тизим орқали келиб тушган электрон мурожаатларни кўриб чиқиши ва белгиланган муддатда мурожаат қилувчи(лар)ни қабул қилиши шарт.


9. Мурожаат қилувчи(лар) томонидан электрон тармоқ орқали гувоҳнома бериш учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаатлар у(лар)нинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.


10. Қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун тегишли ҳужжатларнинг олдиндан тайёрлаб қўйилиши бўйича электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади:

нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.



3-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН, МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ

ЧЕКЛАНГАН ВА МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ

ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


11. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун гувоҳнома беришни сўраб уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари мурожаат қилиши мумкин.

Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан гувоҳнома бериш сўраб унинг васийси мурожаат қилиши мумкин.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, гувоҳнома беришни сўраб ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларини хабардор қилган ҳолда мурожаат қиладилар.

Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган деб топилган фуқаро гувоҳнома беришни сўраб ҳомийни хабардор қилган ҳолда мурожаат қилади.



4-БОБ. КАР-СОҚОВЛИК НУҚСОНИ ВА КЎЗИ

ОЖИЗ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


12. Гувоҳнома беришни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, гувоҳнома бериш пайтида у билан муомала қила оладиган ва аризасининг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида тегишли ҳужжат матнида ёзиб қўяди.

Мурожаат қилувчи гувоҳнома бериш ҳақидаги аризани ўз қўли билан имзолай олмаса, ариза унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши мумкин. Бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ёзиб қўйилиши лозим.

Нотариус мазкур ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатни имзолаган фуқаронинг, сурдо ёки тифло таржимоннинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлашни алоҳида нотариал ҳаракат сифатида рўйхатга олмайди.

Бир шахс ҳужжатни имзоловчи фуқаро, сурдо ёки тифло таржимон сифатида нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро гувоҳнома беришни сўраб мурожаат қилса, ариза унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан ариза мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар ариза ва бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.

Мазкур бандда белгиланган тартибда аризани имзолаш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

Агар мурожаат қилувчи саводсиз, кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли ҳужжатни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида қайд этади.

Таржимон ёки сурдо таржимон ёхуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.



5-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛУВЧИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

УНИНГ ШАХСИНИ, МУОМАЛА ВА ҲУҚУҚ

ЛАЁҚАТИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


13. Мурожаат қилувчи нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси (нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаган ҳолларда, нотариал идора котиби ёки нотариус стажёри), улар ҳам бўлмаганда нотариус қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.

Бунда, нотариус ёрдамчиси (нотариал идора котиби ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчини нотариус қабулига навбатга ёзиб қўяди ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилади, бундан нотариус қабулига навбатга ёзилган мурожаат қилувчилар мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно.


14. Мурожаат қилувчиларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ID-картаси;

16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳарбий хизматчилар - ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар ёхуд ID-карталар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);

чет эл фуқаролари - уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, ID-картаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;

хорижда доимий яшаётган ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқароларининг шахси - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;

фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта.

Мурожаат қилувчи фуқаронинг шахсини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.

15. Нотариус гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.


16. Мерос мол-мулки мулкий комплекс сифатида корхона ёки мерос қолдирувчининг юридик шахслар устав капиталидаги (фондидаги) улушдан иборат бўлса, гувоҳнома беришда нотариус томонидан уларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини Тизим орқали текшириши шарт.

Бунда нотариус томонидан тегишли юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини текширишда юридик шахснинг Тизим орқали олинган таъсис ҳужжатлари ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси Тизимда сақланади.

17. Гувоҳнома беришни сўраб вакил томонидан мурожаат этилган тақдирда, унинг ваколати текширилади.

Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома билан тасдиқланади. Бунда ваколат берувчи жисмоний шахсларнинг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимида текширилади ва олинган маълумотнома Тизимда сақланади.

Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, нотариус уни тасдиқлаган тегишли мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали текширилади.



6-БОБ. ГУВОҲНОМА БЕРИШ ТАРТИБИ


18. Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўр(лар)нинг ёзма аризасига кўра гувоҳнома беради.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.


19. Мероснинг очилиш жойи деб мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) жойи ҳисобланади.

Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.


20. Гувоҳнома матнида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

гувоҳнома номи;

нотариал округ номи;

гувоҳнома берилган сана (сўзлар билан қайд қилинади);

гувоҳнома берилган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;

марҳумнинг фамилияси, исми, отасининг исми, вафот этган санаси;

қариндошлик даражаси, меросхўрнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, меросхўр чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги, доимий ёки вақтинча яшаш бўйича рўйхатга олинган манзили, СТИРи;

меросхўр сифатида юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

мерос мулки кўчмас мулк бўлса, унинг жойлашган манзили, таркиби ва тавсифи;

мерос мулки автомототранспорт воситаси бўлса, унинг русуми, ишлаб чиқарилган йили, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, агрегат рақамлари, автомототранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серияси, рақами, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

мерос мулкига нисбатан марҳумнинг мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақида маълумотлар;

кўчмас мулк ва (ёки) автомототранспорт воситаси бўйича уларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан берилган ҳужжатлардаги мулкнинг тавсифи тўғрисидаги маълумотлар;

гувоҳнома нечта нусхада берилганлиги ҳақида маълумот;

гувоҳнома берилган реестр рақами;

гувоҳнома берганлик учун ундирилган тўловлар ҳақида маълумотлар;

гувоҳнома бериш учун асос бўлган мерос иши рақами;

гувоҳномани берган нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми, муҳр.

Меросхўрлар ихтиёрига кўра ва (ёки) қонун ҳужжатларига мувофиқ гувоҳномада бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


21. Мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи МДҲга аъзо давлатлар ёки бошқа чет эл давлатларидан бирида бўлган тақдирда, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан нотариус мерос очилган жой бўйича нотариусга мурожаат этган меросхўрлар доирасини текшириб, мерос қилиб қолдирилган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган жойи бўйича гувоҳнома беради.

Мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи МДҲга аъзо давлатлар ёки бошқа чет эл давлатларидан бирида бўлган тақдирда, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан мерос қилиб қолдирилган кўчар мол-мулкка нисбатан гувоҳнома мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи бўйича берилади.


22. Агар мерос қолдирувчининг меросхўри мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса (трансмиттент), унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича (трансмиссар) ёки васият бўйича меросхўрларига ўтади.

Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг (трансмиттентнинг) вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди ва мерос қолдирувчи вафот этган жойдаги нотариус томонидан меросхўрнинг (трансмиттентнинг) меросхўрларига (трансмиссарларига) гувоҳнома берилади.

Бунда, нотариус вафот этган меросхўрнинг (трансмиттентнинг) барча мерос мол-мулки васият қилинган ёки йўқлигини, меросхўрлар (трансмиссарлар) доирасини аниқлайди.

Масалан, 2019 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган марҳум А. Алиевга тегишли мерос мулкига унинг меросни қабул қилишга улгурмасдан 2020 йилда Самарқанд вилоятида вафот этган фарзандининг меросхўрларига Тошкент шаҳридаги нотариус томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилади.


23. Меросхўрлардан бири ёки унинг вакили мерос қолдирувчининг вафот этганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирмани нотариусга тақдим этиши лозим.

Меросхўрлардан бири ёки унинг вакили мерос очилган жойдаги нотариусга мурожаат этган куннинг ўзида нотариус Тизим орқали мерос қолдирувчининг мол-мулкига нисбатан мерос иши очилган ёки очилмаганлигини текширади.

Мерос иши очилмаган тақдирда мурожаат этган меросхўр ёки унинг вакилидан меросхўрлар доираси кўрсатилган ҳолда мерос иши очиш тўғрисида ариза олинади ва нотариус Тизимга мерос ишини очиш бўйича маълумотларни киритади. Бу ҳолда, нотариус меросхўр ёки унинг вакилининг шахсини аниқлайди ва имзоси ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томонидан берилганлигини ва туғилган йилини кўрсатади.

Нотариус мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос мол-мулки таркиби ва унинг жойлашган жойини, васиятноманинг мавжудлиги, мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатини ҳамда қонун бўйича меросхўрлар доирасини аниқлайди.

Васиятнома мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, агар мавжуд бўлса, ушбу васиятнома ўзгартирилмаганлиги ёки бекор қилинмаганлигини Тизим орқали текширилади.

Нотариал идорага шахсан келган меросхўрлардан меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризалар олади. Меросдан воз кечиш ҳақидаги аризалар нотариал тасдиқланиши лозим.

Агарда ариза почта орқали келиб тушган бўлса, меросхўрнинг имзоси ҳақиқийлиги шаҳодатланмаган бўлса ҳам ариза нотариус томонидан қабул қилинади, меросхўрга эса аризани нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари ёхуд Қонуннинг 26-моддасида кўрсатилган мансабдор шахслар томонидан шаҳодатлантирилган ҳолда юбориш ёки нотариал идорага шахсан келиши ҳақида хабарнома юборилади.

Меросдан воз кечиш аризаларида мерос таркиби кўрсатилмайди ва нотариал тартибда тасдиқланади. Бундай аризаларни тасдиқлашдан олдин муқаддам ушбу меросхўр томонидан меросдан воз кечиш аризаси берилган ёки йўқлиги Тизим орқали текширилади. Агарда меросхўр томонидан муқаддам воз кечиш аризаси берилган бўлса Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1147-моддасининг тўртинчи қисми талаблари тушунтирилган ҳолда рад этилади (воз кечиш аризасида меросхўр васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечаётганлиги аниқ кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно).

Мерос қолдирувчининг эридан (хотинидан) олинган меросдан воз кечиш аризасида мерос қолдирувчи билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мулкдан ўз улушини ажратган ёки ажратмаган ҳолда воз кечаётганлиги кўрсатилади.


24. Нотариусга мурожаат этган марҳум эрдан (хотиндан) кейин бева қолган хотинига (эрига) Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси ва Қонуннинг 63-моддасига асосан мерос қолдирувчи билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мулкдан ўз улушини ажратган ёки ажратмаган ҳолда мерос қолган мулкка нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақида ариза олинади. Ариза почта орқали келганда, марҳум эрдан (хотиндан) кейин бева қолган хотинга (эрга) юқорида қайд этилган моддалар мазмуни тушунтирилган хабарнома юборилади.


25. Агар марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотини (эри) бошқа қайд этилган никоҳдан ўтган бўлса ҳам у мерос олишга чақирилади. Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатда, бундай никоҳда бўлган шахслар бир-бирининг вафотидан кейин меросхўр деб ҳисобланмайдилар.


26. Ўзини мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб ҳисоблаётган шахс гувоҳнома берилишини сўраб мурожаат этса, мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти суд ҳужжати билан тасдиқланади.

Ёши бўйича қарамоқда бўлган шахснинг меҳнатга қобилиятсизлиги унинг паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва пенсия гувоҳномаси билан аниқланади.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда нотариус мерос қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз меросхўрлари мавжудлигини аниқлайди.

Меҳнатга қобилиятсиз шахсларга қуйидагилар киради:

мерос очилган кунга келиб 55 ёшга кирган аёллар, 60 ёшга кирган эркаклар;

мерос очилган кунга келиб белгиланган тартибда I ёки II ногиронлиги бўлган деб топилган шахслар.

Меросдаги мажбурий улушдан воз кечиш ҳеч бир шартсиз бўлиши лозим. Бошқа шахслар фойдасига мажбурий улушдан воз кечишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда мерос мол-мулки васиятномада кўрсатилган меросхўрларга васиятнома бўйича ўтади.


27. Агар васиятнома бўйича меросхўрлар мажбурий улушга гувоҳномани олишга қаршилик қилишса, нотариус уларнинг судга мурожаат этиш ҳуқуқларини тушунтиради ва мажбурий улушга гувоҳномани берилишини ўн кундан ошмаган муддатга кечиктиради.

Агар васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномада мерос қолдирувчи билан (меросхўрларнинг хоҳиши бўйича) меросхўрларни қариндошлик ёки бошқа муносабатларини кўрсатиб ўтиши зарур бўлса, нотариус ушбу муносабатларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилади.


28. Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда меросхўрлар томонидан тақдим этилган васиятноманинг асл нусхаси ёки дубликати нотариал идорада қолдирилади.

Васият қилувчи уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ўтадиган меросхўрга бу уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод фойдаланиш учун учинчи шахсга бериш мажбуриятини юклашга ҳақли. Мазкур мажбурият нотариус томонидан гувоҳномада ёзиб қўйилади.

Васиятномада васият қилувчи мерос сифатида турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун васият мажбурияти кўрсатилган бўлса нотариус васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома матнида турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқига эга шахс ҳақидаги маълумотларни кўрсатади.


29. Гувоҳнома беришда нотариус, қоида тариқасида, қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

мерос қолдирувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма ёхуд ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома;

мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи ҳақидаги ички ишлар органларининг маълумотномаси ёки уй дафтаридан кўчирма;

мерос таркибининг мерос қолдирувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (бунда мерос мулки кўчмас мулк бўлса, кадастр маълумотномаси);

меросхўрларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари (Ф.И.О. ўзгарган тақдирда) ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ёхуд қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати;

меросхўрлар вафот этган тақдирда, ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма ёхуд ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан берилган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома;

мерос қолдирувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси (ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома) ёки далолатнома ёзувидан кўчирма.

Мазкур банднинг бешинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш имкони бўлмаган тақдирда, ушбу маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали олиниши мумкин.

Электрон тизимларда техник носозликлар бўлганда, ушбу ташкилотлар билан ахборот алмашуви курьерлик хизмат орқали амалга оширилади. Бунда курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда олинадиган маълумотнома (маълумот) тегишли нотариал ҳаракатнинг ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.

Агар қонун бўйича меросхўрларнинг бири ёки бир нечтаси ворисликка чақиришга асос бўладиган муносабатлар мавжудлигини исботлайдиган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, улар меросни қабул қилиб олган ва тегишли исботларни тақдим этган бошқа барча меросхўрларнинг ёзма розилиги билан гувоҳномага киритилиши мумкин. Бу розилик ёзма ариза кўринишида расмийлаштирилади. Меросхўрлар шахсан ўзлари мерос очилган жойдаги нотариал идорага келиб, аризани тақдим этган ҳолда, уларнинг имзоларининг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб қилинмайди. Бу ҳолда, нотариус меросхўрларнинг шахсини аниқлайди ва имзолари ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томондан берилганлигини ва туғилган йилини кўрсатади.

Ушбу ариза нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган ҳолда тақдим этилиши мумкин.


30. Агар мерос мулки таркибига ов милтиғи кирса, бунда нотариус Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари (ички ишлар органлари) томонидан мерос қолдирувчига ушбу милтиқни сақлаш учун берилган рухсатномани ва овчи билетини меросхўрдан талаб қилади.


31. Акциядорлик жамиятининг акциядорларининг мерос мол-мулки таркибига уларга тегишли бўлган акциялар киради.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозларга мулк ҳуқуқи тегишли инвестиция воситачиси ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан олинган депо ҳисобварағининг кўчирмасига асосан тасдиқланади.

Мерос олиш тартибида нафақат қимматли қоғозлар тури сифатида акциялар балки тўлиқ ширкат, коммандит ширкат, қўшимча масъулиятли ёки масъулияти чекланган жамият иштирокчисининг, ишлаб чиқариш кооперативи аъзосининг (иштирокчи, ҳисса қўшувчи, коммандитчининг) улуши (ҳиссаси) кирса, бунда тегишли ширкат, кооператив, жамиятдаги ушбу иштирокчининг (аъзонинг) устав фондидаги (капиталидаги) улуши (ҳиссаси) ҳам киради. Ушбу ҳуқуқларга мерос қолдирувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигининг далили сифатида нотариус учун тегишли ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари ёки бу ҳақда меросхўрлар томонидан тақдим этилган бошқа ҳужжатлар хизмат қилади. Меросхўрларда ушбу исботловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, нотариус кўрсатилган ташкилотларнинг мансабдор шахсларидан тегишли ҳужжатларни олишда кўмак бериши лозим.


32. Фермер хўжалигининг мол-мулки қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қилиб қолдирилади.

Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, фермер хўжалиги мулкий комплекс сифатида меросхўрларга ўтади.


33. Банкда (бошқа кредит ташкилотида) сақланаётган омонат, мерос берувчининг номидаги қимматли қоғозлар мавжудлигини тасдиқлашда, нотариус меросхўрлардан омонат дафтарчасини (банк омонати шартномасини ёки омонат мавжудлигини исботловчи бошқа тегишли ҳужжатни), қимматли қоғозларга нисбатан эса тегишли инвестиция воситачиси ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг маълумотномасини талаб қилади. Омонат дафтарчалари нусхалари ва маълумотномалар мерос ишига бириктирилган бўлиши керак.

Агар мерос таркибида банклар ва бошқа кредит ташкилотларида сақланаётган омонат пул маблағлари мавжуд бўлиб, бироқ меросхўрлар уни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш имкониятига эга бўлмасалар, бу ҳолатда нотариус мерос таркибини аниқлаш ва уни ҳимоя қилиш учун банклар, бошқа кредит ташкилотлари ва юридик шахсларга маълумотнома бериш ҳақида сўров юбориши мумкин.

Нотариус олинган маълумотни фақат васиятни бажарувчига ёки меросхўрларга тақдим этади.


34. Гувоҳномани расмийлаштиришда мерос мол-мулки тақиқланмаганлиги ва (ёки) хатланмаганлиги Тизим орқали текширилади. Бунда, текшириш натижаси бўйича олинган мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома Тизимда сақланади.

Агар мерос мол-мулкига нисбатан тақиқ ва хатлов қўйилган бўлса, тақиқ ва хатлов олиб ташланмагунга қадар гувоҳномани бериш тўхтатиб турилади. Гаров (ипотека) шартномаси асосида мерос мол-мулкига тақиқ қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги билан тақиқ бекор қилинмаган ҳолда меросхўрларга гувоҳнома берилиши мумкин.

35. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги меросхўрларга гувоҳнома берилганлиги ҳақида нотариус уларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш учун меросхўрларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилига кўра васийлик ва ҳомийлик органларига хабар беради.


36. Нотариус томонидан берилган гувоҳномада кўрсатилмаган бошқа мерос мол-мулклари бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида қўшимча гувоҳномалар берилади.

Бошқа мол-мулкка қўшимча меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда илгари берилган гувоҳномага киритилмаган меросхўрлар мурожаат қилганда, улар ҳам умумий асосларда қўшимча мулк бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномага киритилади.


37. Баъзи бир меросхўрларнинг улушлари ҳал этилмаганда, гувоҳномада ҳал этилмаган улуш миқдори кўрсатилади.


38. Гувоҳнома Тизимга киритилади ҳамда ҳар бир нотариал ҳаракат алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади ва нотариус томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ҳужжатнинг матнида кўрсатилади.

Тизимдаги тартиб рақамлари ҳар бир календарь йил бошида биринчи тартиб рақамидан бошланади.


39. Гувоҳнома беришда Тизимга қуйидаги шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда - ЖШ ШИР) киритилиши шарт:

Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортга ёки ID-картага эга бўлган фуқаролари;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига ёки ID-картага эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШ ШИР мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча (доимий) яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШ ШИР мавжуд бўлган 16 ёшга тўлмаган фуқаролар.

16 ёшга тўлмаган фуқароларда ЖШ ШИР мавжуд бўлмаганда Тизимга уларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасининг серияси ва рақами киритилади.

Мазкур банд талаблари қонун ҳужжатларига мувофиқ яшаш гувоҳномасисиз ва доимий рўйхатга олинмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.


7-БОБ. ГУВОҲНОМА БЕРИШ УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


40. Гувоҳнома беришда нотариус томонидан Ўзбекистон Республикаси "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлар миқдорлари доирасида ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундиради.

Гувоҳнома, шу жумладан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат қилган шахс тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади.

Тизим орқали тўлов квитанциялари (инвойс) нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсга чиқариб берилади ҳамда унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "ишонч телефони" рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахснинг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.

Нотариал ҳаракатлар тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг амалга оширилади.

Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот (инвойс) Тизимда сақланади.

Гувоҳнома давлат божининг имтиёзли тўланишига ҳуқуқ берувчи меросхўрларга берилаётган бўлса, уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва уларнинг ксеронусхаси олиб қолинади.



8-БОБ. ГУВОҲНОМАНИ ИМЗОЛАШ ТАРТИБИ


41. Гувоҳномага нотариус Тизимга қайд қилинган тартиб рақамини, ундирилган тўловлар (давлат божи ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ) миқдорини кўрсатиб имзолайди ва муҳрини қўяди.


42. Гувоҳнома бир неча алоҳида варақларда баён этилган тақдирда, улар махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, варақлари эса рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, нотариал идоранинг муҳри босилади.


43. Меросхўрларнинг хоҳишига кўра гувоҳнома уларнинг ҳар бирига алоҳида ёки уларнинг барчасига бир нусхада берилади. Гувоҳноманинг иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.



9-БОБ. ГУВОҲНОМАГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ


44. Гувоҳномага ўзгартириш ва қўшимчалар манфаатдор шахснинг мурожаати ёки нотариуснинг ташаббусига кўра киритилиши мумкин.

Нотариус ўз ташаббуси билан ёки меросхўрларнинг илтимосига кўра гувоҳноманинг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин. Гувоҳномага нотариуснинг ташаббуси билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, бу ҳақда гувоҳнома олган шахсга хабар қилиниши лозим.


45. Гувоҳномага қўшимча ва тузатишлар нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Матндаги тузатишлар нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.


46. Нотариал тасдиқланган гувоҳнома суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Нотариус гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажримини олган тақдирда, бу ҳақда гувоҳноманинг нотариал идора йиғмажилдларида сақланадиган асл нусхасига тегишли ёзув киритади, ўз имзоси ва муҳрини қўяди ва Тизимга маълумот киритади.

Гувоҳнома бекор қилинган вақтда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилмайди.


47. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи расмийлаштирган гувоҳноманинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу гувоҳномани белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга дарҳол хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорни хабардор қилганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида тегишли ҳудудий адлия органларига хабар беради.



10-БОБ. ГУВОҲНОМАНИ ТАСДИҚЛАШНИ

РАД ҚИЛИШ ТАРТИБИ


48. Қонуннинг 38-моддасига асосан нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни тасдиқлашни рад этади, агар:

бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу нотариал ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган бўлса;

нотариал ҳаракат қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Шунингдек, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш учун тўловни тўламаслик нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Нотариал ҳаракатни тасдиқлаш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни тасдиқлашни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни тасдиқлаш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Нотариус гувоҳнома беришни рад этганда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундирилган тўловлар қайтариб берилади.


11-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ НОТАРИАЛ ИДОРАДА

САҚЛАШ ВА НОТАРИАЛ АРХИВГА ТОПШИРИШ


49. Қонуннинг 10-моддасига асосан, нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архивини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга (кейинги ўринларда - нотариал архив) топширилиши керак.

Нотариал расмийлаштирилган гувоҳноманинг электрон нусхаси Тизимда сақланади ва электрон архив шакллантириб борилади.


50. Ҳужжатлар йиғмажилдлари нотариал идора архивига топширилишига қадар чангдан, қуёш нури таъсиридан ҳимоялайдиган ва уларнинг яхши сақланишини таъминлайдиган шкафларда туради.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзув файли нотариал ҳаракатга Тизим томонидан берилган реестр рақами билан номланади ва электрон ахборот ташувчи жисмларда сақланади.

Календарь йил якунида аудио ва видеоёзувлар файллари нусхалари DVD дискларга ёзилади ҳамда нотариал идоранинг темир жавони ёки сейфларида алоҳида сақланади.

Электрон ахборот ташувчи жисмларда ёки DVD дискларда сақланаётган аудио ва видеоёзувлар файллари нотариус ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда текшириб кўрилган ҳолда далолатнома асосида қабул қилиниб, янги тайинланган ёки вазифаси юклатилган нотариусга топширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этилган аудио ва видеоёзувлар файллари белгиланган тартибда нотариал ҳаракатлар йиғма жилдлари билан идоравий нотариал архивларга топширилиши керак.


51. Йиғмажилдлардан бирон-бир ҳужжат олиш ва беришга йўл қўйилмайди.


52. Календарь йил тугаши билан масъул шахс йиғмажилдларни нотариал идора архивида сақлаш учун тайёрлайди.

Йиғмажилддаги ҳужжатлар туркумлаштирилади, расмийлаштирилади, тартибга келтирилиб, муқоваланади ва тикилади.

Йиғмажилд охирида алоҳида тоза вараққа тикилган варақлар сони ёзилади. Ушбу вараққа масъул шахс ва нотариуснинг имзолари ҳамда нотариуснинг муҳри қўйилади.

Йиғмажилд муқовасидаги сана ҳужжатлар йиғмажилдини юритиш бошланган ва тугалланган кун, ой ва йилга мувофиқ келиши керак.


53. Нотариал идора ҳужжатлар ва материалларни нотариал архивга топширишидан олдин масъул шахс уларни тайёр ҳолга келтиради.


54. Нотариал идора томонидан ҳужжатлар ва материаллар нотариал архивга топширилаётганда, уларнинг бутлигини кўриб чиқиш адлия бошқармасининг доимий фаолият олиб борувчи эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади.


55. Эксперт комиссияси ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқишда архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилади.


56. Эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар нотариал архивга топширилиши лозим деб топилганда, икки нусхада топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.

Далолатномада топширилаётган ҳужжатлар рўйхати тўлиқ кўрсатилиши шарт. Далолатнома эксперт комиссияси аъзолари ва нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус томонидан имзоланади ҳамда унга нотариуснинг гербли муҳри қўйилади.


57. Мерос иши билан боғлиқ ҳужжатлар йиғмажилдлари улар тасдиқланган вақтдан бошлаб нотариал архивда 75 йил мобайнида сақланади.



12-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


58. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортганда унинг мурожаати кўрмасдан қолдирилади. Бунда, битимни тасдиқлаш учун тўланган тўловлар қайтарилади.


59. Нотариус ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган мурожаат қилувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.


60. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича нотариал фаолият устидан доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.


61. Мурожаат қилувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


62. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Маъмурий регламентга

ИЛОВА



Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар

бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Жисмоний ёки юридик шахс


1. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар бериш учун нотариал идорага ўзи келиб ёки электрон тизим (ЯИДХП ёки Е-notarius.uz ахборот портали) орқали мурожаат қилиш.


1. Хоҳишига кўра.


2. Мазкур Регламентда келтирилган тегишли ҳужжатларни нотариусга тақдим қилиш.


2. Мурожаат қилинганда.







2-босқич

Нотариус


1. Мурожаат қилувчини қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш.



1. Мурожаат қилувчи нотариал идорага келганда.


2. Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш, мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос мол-мулки таркиби ва унинг жойлашган жойини, васиятноманинг мавжудлиги, мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатини ҳамда қонун бўйича меросхўрлар доирасини аниқлаш.



2. Мурожаат қилинган вақтда.


3. Тизим орқали тақиқ ёки хатлов мавжуд эмаслигини текшириш.


3. Автоматик тарзда.







3-босқич

Нотариус


1. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома лойиҳасини тайёрлаш ва лойиҳани меросхўрларга ўқиб бериш ва ушбу гувоҳнома мазмунини тушунтириш.


2. Гувоҳнома ва гувоҳнома олувчи шахслар ҳақидаги маълумотларни Тизимга киритиш.


2-босқичда келтирилган ҳужжатлар тўлиқ ўрганиб чиқилган ва маълумотлар текширилганда, мерос очилганидан сўнг 6 ой ичида









4-босқич

Жисмоний ёки юридик шахс


Нотариал ҳаракат учун давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун тўловларни амалга ошириш.


Нотариал ҳаракат расмийлаштирилаётган вақтда









5-босқич

Нотариус


Тўлов миқдори ва тасдиқлаш коди киритилган "SMS" хабарнома юбориш ва хабарномада келтирилган тасдиқлаш кодини Тизимга киритиш.


Тўлов амалга оширилган вақтда









6-босқич

Нотариус


Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномаларни меросхўрларга бериш.


1-5-босқичлар тўлиқ амалга оширилганда 15 дақиқа ичида



              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 23 ноябрь, 46-сон, 515-модда












































Время: 0.1768
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск