ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Умумий масалалар /

Солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари билан боғлиқ операциялар бўйича cолиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.11.2020 й. 736-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 20 ноябрдаги

736-сон қарорига

2-ИЛОВА



Солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари билан

боғлиқ операциялар бўйича cолиқ органи ва банк

тизими ўртасида электрон маълумот алмашиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом солиқ тўловчининг солиқ қарздорлигини ундиришда (тўлашда) ҳамда банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришда (тўхтатиб туришни бекор қилишда) солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон шаклда маълумотлар алмашиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом қоидалари солиқ мажбуриятига эга бўлган юридик шахслар, чет эл юридик шахсининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Марказий банки қонун ҳужжатлари билан юклатилган ваколат ва вазифаларни бажариш мақсадида бошқа турдаги маълумотларни алмашиш бўйича ҳамкорлик қилишга ҳақли.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


тўлов топшириқномаси - мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка ўз ҳисобварағидан топшириқномада белгиланган суммани маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги топшириғи назарда тутилган тўлов ҳужжати;


инкассо топшириқномаси - унда кўрсатилган маблағларни тўловчининг банки ҳисобварағидан сўзсиз равишда ҳисобдан чиқариш бўйича маблағларни олувчининг топшириғи назарда тутилган тўлов ҳужжати;


банк хабарномаси - солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси ва солиқ органининг инкассо топшириқномаси бажарилиши юзасидан солиқ органига банк томонидан тақдим этиладиган электрон шаклдаги маълумот;


мажбуриятга эга шахс - солиқлар бўйича белгиланган муддатда тўланмаган қарздорлиги мавжуд юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;


2-сон картотека - муддатида тўланмаган тўлов ҳужжатлари ҳисоби юритиладиган балансдан ташқари ҳисобварақ;


солиқ органи қарори - солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисида солиқ органининг қарорлари.


4. Инкассо топшириқномаси орқали солиқ тўловларига ортиқча ундирилган пул маблағлари учун солиқ органи жавобгар ҳисобланади.


5. Банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органи ва банк тизими ўртасидаги маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумотларни Марказий банк ва Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган техник ҳужжатларга мос ҳолда қабул қилиш, қайта ишлаш ва узатиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади.


2-БОБ. БАНК ХАБАРНОМАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


6. Банк томонидан солиқ тўловчи ҳисобварағида пул маблағи йўқлиги (етарли эмаслиги) сабабли қабул қилиб олинган тўлов топшириқномаси ёки солиқ органи инкассо топшириқномасининг бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисида электрон кўринишдаги банк хабарномаси ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда кейинги кундан кечиктирмай солиқ органига юборилади.


7. Банк томонидан юборилган хабарнома маълумотлари Солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчи шахсий карточкасининг тўлов топшириқномалари ёки инкассо топшириқномалари менюсига автоматик равишда ёзилади.

8. Тўлов ёки инкассо топшириқномаси тўлиқ ижро қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда банк томонидан солиқ органига электрон хабарнома юборилади.



3-БОБ. ТЎЛОВ ВА ИНКАССО ТОПШИРИҚНОМАЛАРИ

АСОСИДА СОЛИҚЛАР ВА ЙИҒИМЛАРНИ

УНДИРИШ (ТЎЛАШ) ТАРТИБИ


9. Солиқ тўловчилар солиқлар бўйича юзага келган мажбуриятини бажариш учун ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағи бор-йўқлигидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида (кейинги ўринларда - Солиқ кодекси) белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкдаги асосий ҳисобварағига тақдим этиши шарт.

Инкассо топшириқномаларининг шакли ва таркиби Марказий банк ва Солиқ қўмитаси ўртасида тасдиқланадиган техник ҳужжат билан белгиланади.

10. Солиқ тўловчининг солиқларни тўлаш бўйича тўлов топшириқномаси хизмат кўрсатувчи банкка қоғоз ёки электрон шаклда, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон шаклда ижро учун тақдим этилади.

11. Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси фақат солиқ органининг электрон шаклдаги сўровномаси асосида 2-сон картотекадан чақириб олиниши мумкин. Бунда банк ижродан олинган тўлов топшириқномаси бўйича шу куннинг ўзида солиқ органига электрон шаклда хабарномани юборади.


12. Солиқ органи томонидан белгиланган шаклда инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг асосий банк ҳисобварағига электрон шаклда қўйилади.


13. Солиқ тўловчи белгиланган тўлов муддатига қадар солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этмаган тақдирда, солиқ органи томонидан Солиқ кодексида белгиланган тўлов муддати тугагач уч иш кунидан кечиктирмасдан инкассо топшириқномаси шакллантирилади ва электрон шаклда онлайн режимида мажбуриятга эга шахснинг асосий ҳисобварағи очилган банкка юборилади.


14. Солиқ органи томонидан инкассо топшириқномаси билан бир вақтнинг ўзида солиқ мажбуриятига эга шахснинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағига валюта маблағларини сотиш учун электрон топшириқнома юборилади. Бунда чет эл валютасини сотиш билан боғлиқ харажатлар шу мажбуриятга эга шахс ҳисобидан амалга оширилади.


15. Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси банк томонидан олинган кундан кейинги бир иш куни ичида, валюта ҳисобварақларидан ундиришда эса икки иш кунидан кечиктирмай бажарилиши шарт.

Қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайдиган ёки реквизитларида хатоликлар мавжуд бўлган тўлов ҳужжатларини ижросиз қолдириш бундан мустасно.


16. Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси унинг ҳисобварағида пул маблағлари етарли бўлмаганлиги сабабли бажарилмаган (қисман бажарилган) тақдирда, тўлов ёки инкассо топшириқномаси ижроси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг бошқа банк ҳисобварақларидаги маблағларига қаратилади.

Бунда муддатли депозитларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан солиқ қарзини тўлов ҳужжатлари асосида ундириш, уларнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин амалга оширилади.

Муддатли депозит ҳисобварақларига 2-сон картотека шаклланганидан кейин тушган маблағлар асосий ҳисобвараққа ўтказилади ва солиқ қарздорликларини қоплашга йўналтирилади.


17. Тўлов ёки инкассо топшириқномалари асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида шаклланган 2-сон картотекадан қисман ёки тўлиқ чақиртириб олинган тақдирда, шу миқдордаги суммани муддатли депозит, корпоратив карталар ҳамда чет эл валютасини сотиш тўғрисидаги топшириқномалар тўлиқ ёки қисман чақиртириб олинган деб ҳисобланади.


18. Солиқ органи томонидан инкассо топшириқномаси (солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси) Солиқ кодексида белгиланган тартибда ижросиз чақириб олинади.


19. Солиқ органи инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисида банкка электрон топшириқнома юборади. Бунда банк солиқ органига инкассо топшириқномасини ижросиз қайтарганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида электрон хабарнома юборади.



4-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ БАНК

ҲИСОБВАРАҚЛАРИ БЎЙИЧА ОПЕРАЦИЯЛАРНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШИ ТАРТИБИ


20. Солиқ тўловчиларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши солиқ органи томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги қарорга асосан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун Солиқ кодексининг 111-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар, солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун муддатда судга илтимоснома билан мурожаат этилмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ҳисобварақалари бўйича операцияларни тўхтатилиши тижорат банклари томонидан бекор қилинади.

Бунда, солиқ органи томонидан судга юборилган илтимосноманинг нусхаси тегишли банкка Солиқ органларининг шахсий ҳисобварақларни юритиш тизими орқали электрон шаклда онлайн юборилиши шарт.


21. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриши тўғрисида солиқ органининг қарори тегишли банкка Солиқ органларининг шахсий ҳисобварақларни юритиш тизими орқали электрон шаклда онлайн юборилади ҳамда ушбу юборилган сана ва вақт банк томонидан ушбу қарор олинган сана ва вақт деб тушунилади.

Бир вақтнинг ўзида солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги хабарнома бунинг сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади.

Агар, солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини ўн кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни тижорат банкига юбориш санаси қонунчиликда белгиланган тартибда дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, у ҳолда солиқ органи қарорининг юборилган сана дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни ҳисобланади.


22. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарори Солиқ кодексининг 112-моддаси биринчи қисмида белгиланган ҳолларда ва муддатларда солиқ органининг ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги қарорига асосан бекор қилинади.


23. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Солиқ кодексининг 112-моддасига мувофиқ банкка электрон шаклда бундай қарор қабул қилинган кундан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.



5-БОБ. БАНКЛАР ТОМОНИДАН СОЛИҚ

ОРГАНИ ҚАРОРИНИНГ БАЖАРИЛИШИ


24. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарори қабул қилинганидан сўнг солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) номи ва (ёки) унинг солиқ органининг қарорига мувофиқ операциялар тўхтатиб турилган банкдаги ҳисобварағи реквизитлари ўзгарса, мазкур қарор банк томонидан ўз номини ўзгартирган солиқ тўловчига (солиқ агентига) ва реквизитлари ўзгартирилган ҳисобвараққа нисбатан ижро этилиши шарт.


25. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарори олинганидан сўнг банклар ушбу солиқ тўловчига (солиқ агентига) янги ҳисобварақлар, омонатлар ва депозитлар очишга ҳақли эмас, бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув йўл қўйилмайдиган ҳисобварақлар мустасно.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


26. Ушбу Низом талабларига риоя қилмаган айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Солиқ тўловчининг топшириқномаси ёки солиқ органи

инкассо топшириқномасининг бажарилмаганлиги

(қисман бажарилганлиги) тўғрисида

БАНК ХАБАРНОМАСИ

Сана


Ҳудуд номи




1. Хизмат кўрсатувчи банк номи


2. Банк МФО




3. Солиқ тўловчининг тўлиқ номи


4. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)




5. Ҳужжат тури     а) тўлов топшириқномаси


6. Тўлов ҳужжатининг       а) санаси

                                 б) инкассо топшириқномаси


                                               б) рақами




7. Солиқ органининг номи


8. Солиқ органи идентификация рақами (СТИР)




9. Солиқ турининг коди


10. Солиқ турининг номи




11. Ғазначилик шахсий карточка рақами


12. Тўлов ҳужжати суммаси




13. Тўлов ҳужжати асосида тўланган сумма


14. Тўлов ҳужжати бўйича қолдиқ сумма




14. Қарздорнинг муддатили депозит ҳисобварақларидаги пул маблағлари


16. Муддатли депозит ҳисобварағи шартномасининг тугаш муддати

                       а) миллий валютада


                  а) миллий валютада

                       б) чет эл валютасида


                  б) чет эл валютасида




Низомга

2-ИЛОВА



Қ А Р О Р N _______

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банклардаги

ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб

туриш тўғрисида

20__ йил __ "_________"

___________туман (шаҳар)

(автоматик шакллантирилади)


Мен, ____________ солиқ инспекцияси бошлиғи (ёки ўринбосари) ____(Ф.И.О.) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 111-моддаси ___-бандига асосланган ҳолда

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. ______________ солиқ инспекциясида солиқ тўловчи бўлиб рўйхатдан ўтган "_________________" (СТИР: ___________) ____(юридик шахс, ЯТТ ёки деҳқон хўжалиги)нинг банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операциялари 10 кунга тўхтатилсин.

Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ биринчи навбатда кўрсатилган тўловларга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган банклардаги ҳисобварақларга татбиқ этилмайди.


2. Банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб турилиши тўғрисида солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) шахсий кабинетига хабарнома ҳамда қарорни ижро қилиш учун "______________" банкига (ёки филиалига) юборилсин.

___________ солиқ инспекцияси

бошлиғи (ёки ўринбосари)                                                                      _____________


Ижрочи: (Ф.И.О.)

Тел: ____________




Низомга

3-ИЛОВА

______________ ТУМАНИ (шаҳри)

СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ

(ёки Йирик солиқ тўловчилар бўйича

ҳудудлараро солиқ инспекцияси

бошлиғи ёки ўринбосари)

Манзили ____________________

____________________________

Тел. _________, Факс. ________

20__ йил "____" ___________

_____________________ -сон


_______________________________

(солиқ тўловчининг ёки агентнинг номи)

_______________________________

(СТИР)

_______________________________

(манзили (почта манзили))


Х А Б А Р Н О М А

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 111-моддаси __-бандига (банд мазмуни баён этилади) асосан Сизнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операцияларингиз тўхтатиб турилади.

Шунингдек, тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатилганидан кейин 10 кунда аниқланган камчиликлар бартараф этилиши таъминланмаса, суд тартибида тўхтатиб турилиши маълум қилинади.

солиқ инспекцияси бошлиғи (ёки ўринбосари)                                 _____________

(ёки Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро

солиқ инспекцияси бошлиғи ёки ўринбосари)

Ижрочи: (Ф.И.О.)

Тел: ____________




Низомга

4-ИЛОВА



Қ А Р О Р N _______

Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банклардаги

ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб

туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш

тўғрисида

20__ йил __ "_________"

___________туман (шаҳар)

(автоматик шакллантирилади)


Мен, ____________ солиқ инспекцияси бошлиғи ___________ (ёки ўринбосари), "____________" (СТИР: ___________) __________ (юридик шахс, ЯТТ ёки деҳқон хўжалиги) томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 111-моддаси ___-бандида белгиланган камчиликлар бартараф этилганлиги сабабли мазкур Кодекснинг 112-моддаси ___-бандига асосланган ҳолда

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. ______________ солиқ инспекциясида солиқ тўловчи бўлиб рўйхатдан ўтган "_________________" (СТИР: ___________) (МЧЖ, ХФ, ЯТТ ва бошқа)нинг "______________" банк (филиали)даги асосий ва бошқа банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича барча операциялари фаоллаштирилсин.

2. Қарорнинг бир нусхаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ҳамда қарорни ижро қилиш учун "______________" банки (ёки филиали) бошқарувчисига юборилсин.

__________ солиқ инспекцияси

бошлиғи (ёки ўринбосари)                                                                     _____________


Ижрочи: (Ф.И.О.)

Тел: ____________

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 21 ноябрь














































Время: 0.2399
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск