ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Шахсга доир маълумотлар /

Ўзбекистон Республикасининг 24.11.2020 й. ЎРҚ-649-сон "Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 28.10.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 20.11.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.11.2020 й.

N ЎРҚ-649



ГЕНОМ БЎЙИЧА ДАВЛАТ

РЎЙХАТИГА ОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 28 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 20 ноябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига

олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


биологик материал - одамнинг ёки вафот этган одам (мурда) танасининг (қолдиқларининг) геномга оид ахборотга эга бўлган ҳужайралари, тўқималари ва ажралмалари;


биологик қариндошлар - қон-қариндошликда бўлган шахслар: ота, она, ўғил, қиз, бобо, буви, набиралар, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, амакиваччалар, тоғаваччалар, аммаваччалар, холаваччалар, амакилар, тоғалар, аммалар, холалар, жиянлар;


геном бўйича давлат рўйхатига олиш - биологик материални олиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ва йўқ қилиш, шунингдек одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида геномга оид ахборотга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган, давлат органлари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган фаолият;


геномга оид ахборот - одамнинг ёки таниб олинмаган мурданинг дезоксирибонуклеин кислотасининг (бундан буён матнда ДНК деб юритилади) муайян қисмлари тўғрисидаги кодланган ахборотни ўз ичига олган шахсга доир маълумотлар;


геномга оид ахборотга ишлов бериш - геномга оид ахборотни йиғиш, ҳисобга олиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, ундан фойдаланиш, тўсиб қўйиш, эгасизлантириш, уни беришга ва йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар;


геномга оид ахборотни олиш - суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга ошириладиган биологик материалдан олинган ДНКнинг муайян қисмлари тўғрисидаги кодланган ахборотни олишга қаратилган фаолият;


геномга оид ахборотдан фойдаланиш - одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилишга ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлашга қаратилган, геномга оид ахборот билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар;


Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси - геном бўйича давлат рўйхатини амалга оширишда олинган геномга оид ахборот ва одамнинг шахси ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган автоматлаштирилган ахборот тизими;


одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси - геномга оид ахборотни олиш, одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида суд-экспертиза муассасаси томонидан ўтказиладиган молекуляр-генетик усулларни қўллаган ҳолда биологик материални тадқиқ этиш тури.



4-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига

олишнинг асосий принциплари


Геном бўйича давлат рўйхатига олишнинг асосий принциплари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши, қонунийлик, инсонпарварлик, ошкор этмасликдан иборатдир.



5-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга

оширишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларига риоя этган ҳолда амалга оширилади ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирмаслиги, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги керак.



6-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга

оширишда қонунийлик принципига риоя этиш


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



7-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга

оширишда инсонпарварлик принципига риоя этиш


Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга ошириш инсоннинг ҳаётига, соғлиғига хавф туғдирмаслиги, унинг шаъни, қадр-қимматини камситмаслиги ва унга жисмоний азоб етказмаслиги керак.



8-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга

оширишда ошкор этмаслик принципига риоя этиш


Геномга оид ахборот, шунингдек геном бўйича давлат рўйхатидан ўтказилаётган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотлар махфийдир.

Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга оширишда геномга оид ахборот, шунингдек одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларни шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган ҳоллар мустасно.

Геномга оид ахборотни, шунингдек одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларни шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз тақдим этишга терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва суднинг сўровларига биноан йўл қўйилади.



9-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олиш

соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи

давлат органлари ва муассасалари


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва муассасалари қуйидагилардан иборат:

терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва суд;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Адлия вазирлигининг, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари (бундан буён матнда суд-экспертиза муассасалари деб юритилади).

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.



10-модда. Терговга қадар текширувни, суриштирувни,

дастлабки терговни амалга оширувчи органларнинг

ҳамда суднинг геном бўйича давлат рўйхатига

олиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ҳамда суд ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

биологик материални олишни (бевосита ёки мутахассисни жалб этган ҳолда) амалга ошириш;

геномга оид ахборотни олиш учун биологик материални суд-экспертиза муассасаларига юбориш;

суд-экспертиза муассасаларидан одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси натижаларини олиш;

одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш, шунингдек Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига геномга оид ахборотни киритиш учун геномга оид ахборотни геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги ваколатли давлат органига юборишни суд-экспертиза муассасаларига топшириш.

Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга ошириш чоғида биологик материални олишда терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг эксперт текшируви учун намуналар олиш учун белгиланган талабларига, шунингдек ушбу Қонун талабларига риоя этиши шарт.



11-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги

ваколатли давлат органининг ваколатлари


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади):

Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини юритади;

Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотга ишлов бериш чораларини амалга оширади;

терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органларга ва судга одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

геномга оид ахборотнинг бут сақланиши ва ошкор этилмаслигини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни муҳофаза қилиш учун ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни амалга оширади.



12-модда. Суд-экспертиза муассасаларининг геном

бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суд-экспертиза муассасалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

биологик материални олишни амалга ошириш;

одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси натижаларига кўра геномга оид ахборотни олиш;

геномга оид ахборотдан фойдаланиш.

Суд-экспертиза муассасалари:

одам ДНКсининг суд-биологик экспертизасини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказиши;

одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш тўғрисидаги маълумотларни терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органларга ва судга тақдим этиши;

геномга оид ахборотнинг бут сақланиши ва ошкор этилмаслигини таъминлаши;

геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олишни амалга оширишда геномга оид ахборотни ва биологик материалнинг ахборот картасини ваколатли давлат органига юбориши шарт.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг,

чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларнинг геном бўйича давлат рўйхатига

олишни амалга оширишдаги ҳуқуқлари

ва мажбуриятлари


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шу жумладан вояга етмаганларнинг, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларнинг қонуний вакиллари геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олинишни уни амалга оширишнинг исталган босқичида рад этиш;

ўзининг геномга оид ахбороти ёки ўзи қайси шахсларнинг қонуний манфаатларини ифодалаётган бўлса, ўша шахсларнинг геномга оид ахбороти билан танишиш;

ўзининг геномга оид ахборотига ёки ўзи қайси шахсларнинг қонуний манфаатларини ифодалаётган бўлса, ўша шахсларнинг геномга оид ахборотига ишлов бериш, уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга (юқори турувчи мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш;

ўзининг геномга оид ахборотини ёки ўзи қайси шахсларнинг қонуний манфаатларини ифодалаётган бўлса, ўша шахсларнинг геномга оид ахборотини йўқ қилиш тўғрисида ариза бериш, бундан геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган шахслар мустасно.

Геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар биологик материални олиш тартиб-таомилидан ўтиши шарт.



2-БОБ. ГЕНОМ БЎЙИЧА ДАВЛАТ РЎЙХАТИГА

ОЛИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ


14-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига

олишни амалга ошириш тартиби


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

биринчи босқичда биологик материални олиш амалга оширилади;

иккинчи босқичда биологик материалдан геномга оид ахборот олинади;

учинчи босқичда геномга оид ахборот Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига киритилади.



15-модда. Геном бўйича давлат рўйхатига олиш турлари


Геном бўйича давлат рўйхатига олиш геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш ва геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиш тарзида амалга оширилади.



16-модда. Геном бўйича ихтиёрий равишда

давлат рўйхатига олишни амалга ошириш


Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризасига кўра пулли асосда амалга оширилади.

Вояга етмаганларни ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларни геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш улар қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра амалга оширилади.

Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишни амалга оширганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишни амалга ошириш натижасида келиб тушган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.

Бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин.



17-модда. Геном бўйича мажбурий равишда

давлат рўйхатига олишни амалга ошириш


Қуйидагилар геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим:

оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;

оғир, ўта оғир жиноятларни содир этганлик, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар (бундан буён матнда геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган ҳукм қилинган шахслар деб юритилади);

биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслар;

таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари).



3-БОБ. БИОЛОГИК МАТЕРИАЛНИ ОЛИШ,

УНДАН ФОЙДАЛАНИШ, УНИ САҚЛАШ,

БЕРИШ ВА ЙЎҚ ҚИЛИШ


18-модда. Биологик материални олиш ва ундан фойдаланиш


Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда биологик материални олиш:

геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган, ҳукм қилинган шахслардан - ички ишлар органларининг мансабдор шахси томонидан бевосита ёки мутаxассисни жалб этган ҳолда;

оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслардан - терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси томонидан бевосита ёки мутаxассисни жалб этган ҳолда;

биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслардан - терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси томонидан бевосита ёки мутахассисни жалб этган ҳолда;

таниб олинмаган мурдалардан (тана қолдиқларидан, қисмларидан) - терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси томонидан бевосита ёки мутаxассисни жалб этган ҳолда;

геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйxатидан ўтаётган шаxслардан - суд-экспертиза муассасаларининг мутахассислари томонидан амалга оширилади.

Бедарак йўқолган шахсларнинг биологик қариндошлари бўлган вояга етмаганлардан ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслардан биологик материал олиш улар қонуний вакилларининг ёзма розилигига кўра ва уларнинг ҳозирлигида амалга оширилади.

Биологик материални олишни амалга оширишда геном бўйича давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган шахсга биологик материални олишни ўтказиш асоси ва тартиби тушунтирилади.

Биологик материал дастлаб лозим бўлмаган даражада, геномга оид ахборот олишни истисно этадиган тарзда олинган тақдирда суд-экспертиза муассасаларининг ёзма сўровига биноан такрорий олиш амалга оширилади.

Илгари геном бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахс ҳукм қилинган тақдирда, геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга ошириш учун биологик материал олинмайди.

Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган биологик материалдан фақат геномга оид ахборот олиш учун фойдаланилади.

Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга оширишда биологик материални олиш ва ундан фойдаланиш тегишли тайёргарликка эга бўлган шахслар томонидан ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг соғлиғига зарар етказилишини истисно қиладиган, биологик материални олишнинг барча нормалари ҳамда қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



19-модда. Биологик материалнинг ахборот картаси


Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга ошириш чоғида биологик материал олишда ушбу биологик материални олишни амалга оширувчи шахслар томонидан ўзида биологик материални олиш амалга оширилаётган ҳар бир шахсга нисбатан биологик материалнинг ахборот картаси тўлдирилади.

Биологик материалнинг ахборот картаси икки нусхада расмийлаштирилади. Унинг бир нусхаси биологик материални олишни амалга оширувчи давлат органида қолади, иккинчи нусхаси геномга оид ахборотни олиш учун биологик материал билан бирга суд-экспертиза муассасасига юборилади.

Биологик материал суд-экспертиза муассасаси томонидан олинган тақдирда, биологик материалнинг ахборот картаси бир нусхаси суд-экспертиза муассасасида қолади, иккинчи нусхаси геномга оид ахборот билан бирга ваколатли давлат органига юборилади.

Биологик материалнинг ахборот картаси ва геномга оид ахборот Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига киритиш учун суд-экспертиза муассасаси томонидан ваколатли давлат органига юборилади.

Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслардан, шунингдек геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган, ҳукм қилинган шаxслардан биологик материални олиш чоғида биологик материалнинг аxборот картасига қуйидаги маълумотлар киритилади:

жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлган тақдирда), фуқаролиги, миллати, жинси, туғилган санаси ва жойи, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар, шаxсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда) ёки шаxсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номи ва рақами;

биологик материални олишни амалга оширувчи давлат органининг номи;

биологик материални олишни ўтказиш санаси ва асоси;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг шахс ҳукм қилинган моддаси, бундан ишда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар мустасно;

биологик материални олишни амалга оширувчи шаxснинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлган тақдирда), лавозими ва имзоси.

Биологик материалнинг ахборот картаси биологик материал олинган шаxс ёки унинг қонуний вакили томонидан имзоланади. Имзо қўйиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда унда ёзиб қўйилади.

Биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахсларни геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга ошириш чоғида биологик материални олишда ушбу модда бешинчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларда назарда тутилган маълумотлар, шунингдек жиноят ишининг рақами (мавжуд бўлган тақдирда), жиноятни квалификация қилиш, ҳодисанинг санаси ва жойи тўғрисидаги маълумот биологик материалнинг ахборот картасига киритилади.

Таниб олинмаган мурдаларни (тана қолдиқларини, қисмларини) геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга ошириш чоғида биологик материални олишда ушбу модда бешинчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлар, шунингдек таниб олинмаган мурда (тана қолдиқлари, қисмлари) аниқланган сана ва жой, унинг жинси, алоҳида белгилари ва ўлими сабаблари (аниқланган тақдирда) аxборот картасига киритилади. Биологик материалнинг ахборот картасига процессуал ҳаракат баённомасининг кўчирма нусxаси илова қилинади.

Бедарак йўқолган шахсларнинг биологик қариндошларидан геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга ошириш чоғида биологик материал олишда ушбу модда бешинчи қисмининг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлар биологик материалнинг аxборот картасига киритилади. Биологик материалнинг ахборот процессуал ҳаракат баённомасининг кўчирма нусxаси илова қилинади.

Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйxатига олишни амалга ошириш чоғида биологик материални олишда ушбу модда бешинчи қисмининг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлар биологик материалнинг аxборот картасига киритилади.



20-модда. Биологик материални сақлаш муддатлари


Таниб олинмаган мурдаларнинг, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахсларнинг, шунингдек биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахсларнинг биологик материалини сақлаш муддатлари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда аниқланади.

Геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган ҳукм қилинган шахсларни геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган биологик материал олинган кундан эътиборан то ушбу материалдан геномга оид ахборот олингунига қадар сақланади.



21-модда. Биологик материални бериш


Биологик материал терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи бир органдан ҳамда суддан бошқа органга ва судга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда берилиши мумкин.

Биологик материални учинчи шахсларга бериш тақиқланади.

Биологик материални Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига бериш тақиқланади, бундан биологик материалнинг алоҳида жиноят ишлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунларига мувофиқ берилиши мустасно.



22-модда. Биологик материални йўқ қилиш


Биологик материални тиклаш мумкин бўлмай қолишига олиб келадиган ҳаракатлар биологик материални йўқ қилишдир.

Бедарак йўқолган шахслар биологик қариндошларининг, таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқлари, қисмларининг), оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахсларнинг, шунингдек аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган ҳамда жиноят иши бўйича ашёвий далил деб топилган биологик материали геномга оид ахборот олинганидан кейин терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи давлат органларига қайтарилади.

Геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган ҳукм қилинган шахсларни геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган биологик материал ундан геномга оид ахборот олинганидан кейин, уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисида қуйидагилар кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилиб, йўқ қилинади:

биологик материални йўқ қилиш санаси;

жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлган тақдирда), жинси, туғилган санаси ва жойи, шаxсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда) ёки шаxсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номи ва рақами;

йўқ қилиш усули;

биологик материални йўқ қилишни амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлган тақдирда), лавозими ва имзоси.

Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган биологик материал геномга оид ахборот олинганидан кейин биологик материал эгасининг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма аризасига кўра унга ёки унинг қонуний вакилига қайтарилади ёхуд йўқ қилинади, бу ҳақда аризачи ёзма тарзда хабардор қилинади.



4-БОБ. ГЕНОМГА ОИД АХБОРОТГА ИШЛОВ

БЕРИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


23-модда. Геномга оид ахборотга ишлов бериш

ва уни муҳофаза қилишга доир асосий талаблар


Геномга оид ахборотга ишлов бериш шарт-шароитлари унинг йўқотилиши, бузилиши ва ундан рухсатсиз фойдаланилиши, худди шунингдек қонунга хилоф равишда ва (ёки) бехосдан фойдаланилиши ва (ёки) геномга оид ахборот мавжуд бўлган электрон ахборот ресурсларига таъсир кўрсатилиши имкониятини истисно этиши керак.

Геномга оид ахборотга ишлов бериш фақат олинган маълумотларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича шарт-шароитлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Геномга оид ахборотни муҳофаза қилиш давлат томонидан кафолатланади.



24-модда. Геномга оид ахборотни йиғиш,

ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва сақлаш


Геномга оид ахборотни йиғиш, ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва сақлаш геномга оид ахборотга ишлов бериш бўйича автоматлаштирилган идентификация тизимларидан фойдаланган ҳолда, Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш йўли билан ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Геномга оид ахборотни ҳисобга олиш ва сақлаш Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида амалга оширилади.



25-модда. Геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари


Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда қуйидагиларнинг:

бедарак йўқолган шахслар биологик қариндошлардан олинган геномга оид ахборот - бедарак йўқолган шахснинг қидируви тугагунига қадар ёки унинг вафот этганлиги факти аниқлангунига қадар, бироқ Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига геномга оид ахборот киритилган кундан эътиборан кўпи билан етмиш беш йил сақланади;

геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатидан ўтган шахслардан, шу жумладан вояга етмаганларнинг ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шаxслардан олинган геномга оид ахборот - ариза берувчининг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма аризасида кўрсатилган муддат мобайнида сақланади;

оғир, ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, шунингдек геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган ҳукм қилинган шахслардан олинган геномга оид ахборот - биологик ўлим юз берилганлиги факти аниқланганига ёхуд шахс суд томонидан вафот этган деб топилганига қадар, уларнинг ўлими тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса - улар юз ёшга тўлиши мумкин бўлган санага қадар сақланади;

биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслардан олинган геномга оид ахборот - шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгунига қадар сақланади;

таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) биологик материалидан олинган геномга оид ахборот -одамнинг шахси аниқлангунига қадар, бироқ Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига геномга оид ахборот киритилган кундан эътиборан кўпи билан етмиш беш йил сақланади.



26-модда. Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар

базасида сақланаётган геном бўйича давлат рўйxатидан

ўтган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларга

ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритиш


Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геном бўйича давлат рўйxатидан ўтган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

исми, отасининг исми, фамилияси, туғилган санаси, миллати, жинси ўзгарганда;

нотўғри ва ишончсиз (хато) маълумотлар мавжудлиги факти аниқланганда.

Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геном бўйича давлат рўйxатидан ўтган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритиш ишончли маълумотлар ва (ёки) тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Илгари геном бўйича рўйxатдан ўтган шахснинг шахсга доир маълумотларига ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилганлиги тўғрисида ахборот ва (ёки) тасдиқловчи ҳужжатлар келиб тушганда ваколатли давлат органи Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига уч иш кунидан кечиктирмай тегишли ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритади.

Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритилганидан кейин олдинги маълумотлар белгиланган тартибда архивлаштирилади.



27-модда. Геномга оид ахборотдан фойдаланиш


Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган геномга оид ахборотдан:

жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;

бедарак йўқолган шахсларни қидириш;

таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;

биологик қариндошликни аниқлаш мақсадларида фойдаланилади.



28-модда. Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар

базасида сақланаётган геномга оид ахборотни

тўсиб қўйиш, эгасизлантириш


Геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш геномга оид ахборотни йиғишни, ўзгартиришни, тўлдиришни, ундан фойдаланишни, уни беришни, эгасизлантиришни, йўқ қилишни тўхтатиб туришга доир ҳаракатлар ҳисобланади.

Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш ваколатли давлат органи томонидан унга ишлов бериш шарт-шароитлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Тўсиб қўйиш текшириш тадбирлари ўтказилганидан ва аниқланган бузилишлар бартараф этилганидан кейин бекор қилинади.

Геномга оид ахборотнинг муайян шахсга тааллуқлилигини қўшимча ахборотдан фойдаланмаган ҳолда аниқлаш мумкин бўлмай қолишига олиб келувчи ҳаракатлар геномга оид ахборотни эгасизлантиришдир.

Ваколатли давлат органи геномга оид ахборотни бериш ҳолларида унинг ҳимояланганлик даражасини ошириш ва эҳтимол тутилган зарарланиш даражасини пасайтириш мақсадида Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни эгасизлантиришни амалга оширади.

Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш ва (ёки) эгасизлантириш, шунингдек тўсиб қўйишни ва (ёки) эгасизлантиришни бекор қилиш терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органларнинг ва суднинг ёзма топшириқлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



29-модда. Геномга оид ахборотни бериш


Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органларга ва судга бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Геномга оид ахборотни учинчи шахсларга бериш тақиқланади.

Геномга оид ахборотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига бериш тақиқланади, бундан геномга оид ахборотни алоҳида жиноят ишлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунларига мувофиқ бериш ҳоллари мустасно.



30-модда. Геномга оид ахборотни йўқ қилиш


Геномга оид ахборотни тиклаш мумкин бўлмай қолишига олиб келадиган ҳаракатлар геномга оид ахборотни йўқ қилишдир.

Геном бўйича давлат рўйхатига олишни амалга оширишда олинган геномга оид аxборот у ваколатли давлат органига берилганидан кейин суд-экспертиза муассасаси томонидан йўқ қилинади.

Геномга оид аxборот геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтган шахсларнинг ёхуд вояга етмаганлар ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар қонуний вакилларининг ёзма аризаси асосида ҳам суд-экспертиза муассасаси ёки ваколатли давлат органи томонидан йўқ қилинади.

Геномга оид аxборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйxатига олинган оқланган шаxснинг геномга оид ахбороти суднинг оқлов ҳукми қонуний кучга кирганидан кейин йўқ қилинади.

Геномга оид аxборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборот ушбу Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган сақлаш муддатлари ўтгач, ваколатли давлат органи томонидан ўттиз кун ичида йўқ қилинади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31-модда. Геном бўйича мажбурий равишда давлат

рўйхатига олишни амалга оширишга доир

тадбирларни молиялаштириш


Геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйxатига олишга доир тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



32-модда. Геном бўйича давлат рўйxатига олишни

амалга оширувчи давлат органларининг қарорлари

ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш


Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширувчи органларнинг қарорлари ва улар мансабдор шаxсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд судга шикоят қилиниши мумкин.



33-модда. Геном бўйича давлат рўйxатига

олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Геном бўйича давлат рўйxатига олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шаxслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



34-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



35-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 ноябрь


"Халқ сўзи", 2020 йил 25 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 ноябрь, 47-сон, 519-модда








































Время: 0.0077
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск