ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) / Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва органлари /

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Биологик хавфсизлик кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 25.11.2020 й. ПҚ-4899-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 25 ноябрдаги

ПҚ-4899-сон қарорига

4-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Биологик хавфсизлик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Биологик хавфсизлик кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) фаолиятини ташкил этиш тартиби, вазифалари ва ҳуқуқларини белгилайди.


2. Кенгаш мамлакатнинг биологик хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, илмий, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида маслаҳат органи сифатида ташкил этилади.


3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Кенгаш ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


5. Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар учун бажарилиши мажбурийдир.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


6. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини ташкил қилиш;

хавфли биологик омиллар таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хавф-хатарларнинг олдини олиш, биологик хавфларни мониторинг қилиш тизимини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган тавсиялар ва таклифларни тайёрлаш, эксперт баҳолаш ҳамда кўриб чиқиш;

мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалда рўёбга чиқариш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мақсадли вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

Бактериологик (биологик) ва токсик қурол-яроғларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва тўплашни ман этиш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги Конвенция қоидаларининг амалга оширилишини таъминлаш;

муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳамда мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш давомида юзага келадиган долзарб масалалар ҳамда муаммоларни, шу жумладан омма ўртасида муҳокама қилиш.


7. Кенгашга юклатилган вазифаларни амалга оширишда кўриб чиқиладиган масалалар доирасига қуйидагилар киради:

а) карантин, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг юзага келиши ва тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш, шу жумладан:

аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг асосий сабаблари ҳисобланган юқумли касалликлар, шунингдек, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитга зарар келтирувчи инфекциялари тарқалиш даражасини пасайтириш;

янги, қайталанадиган юқумли касалликларнинг вужудга келиши ва тарқалиши, шунингдек, кам учрайдиган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олдин учрамаган юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш;

тиббий ёрдам кўрсатиш ва ветеринария фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ юқумли касалликларнинг олдини олиш;

микроорганизмлар штаммларининг дори воситалари, кимё ва (ёки) биологик воситаларга турғунлигини (резистентлигини) бартараф этиш;

инсон ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг табиий микробиотаси, шунингдек, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг кам учрайдиган ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш ва тиклаш;

инсон ва ҳайвонлар организмларининг иммун танқислиги ҳолатлари, шунингдек, улар билан боғлиқ юқумли касалликларнинг тарқалиш даражасини пасайтириш;

инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликларнинг профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан амалдаги ҳайвонот қабристонларини қайта барпо этиш ва янгиларини қуриш;

б) атроф-муҳитни салбий биологик таъсирдан муҳофаза қилиш;

в) патоген микроорганизмлар ва вируслар коллекцияларини шакллантириш, сақлаш ва ривожлантириш;

г) патоген биологик агентларни (патогенларни), шу жумладан юзага келиши хавфи юқори бўлган биологик объектларда қўллаш билан амалга ошириладиган авариялар ва (ёки) диверсияларнинг олдини олиш;

д) хавфли техноген фаолиятни, шу жумладан генетик материаллар ва синтетика биологияси технологияларидан назоратсиз фойдаланиш, шунингдек, хавфли биологик моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ террорчилик актларини тайёрлаш ва содир этишни огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш;

е) биологик хавфларни мониторинг қилиш тизимини яратиш ва ривожлантириш, шу жумладан биологик хавфларни мониторинг қилиш бўйича мустақил тизимнинг фаолиятини ташкил этиш;

ж) биологик хавфларни мониторинг қилиш натижасида аниқланган бошқа биологик хавф-хатарларни зарарсизлантириш;

з) қонунчиликнинг ўзаро боғлиқ соҳаларида назарда тутилган, шу жумладан қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирлар:

фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, ушбу соҳалардаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биотиббиёт ҳужайра маҳсулотларини муомалага киритиш;

ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, ветеринар-санитар жиҳатдан хавфсиз чорвачилик маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ ўсимликларни карантин ва ҳимоя қилиш;

техник регламентларга мувофиқ маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

атроф-муҳитни салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биологик хилма-хилликни сақлаш;

ген-муҳандислик фаолиятини амалга ошириш, генетик модификацияланган организмлар, шунингдек, биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишга салбий таъсир кўрсатишга қодир синтетик биологик агентларни чегарадан олиб ўтиш, транзит қилиш, ишлов бериш ва улардан фойдаланиш;

и) Бактериологик (биологик) ва токсик қурол-яроғларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва тўплашни ман этиш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги Конвенция қоидаларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар.


8. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларидан Кенгашнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур материаллар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

ўз мажлисларига давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, илмий муассасалар, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини таклиф қилиш;

мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш;

ахборот-таҳлилий ва эксперт ишларини ўтказиш учун илмий, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларни, шунингдек, илмий ва илмий-техникавий сиёсат масалалари бўйича таклифларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг изчил бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш.


9. Кенгаш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



3-БОБ. КЕНГАШ ТАРКИБИ


10. Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.


11. Кенгаш раис, унинг ўринбосарлари, котиб ва Кенгаш аъзоларидан иборат бўлади. Кенгаш аъзолари унинг ишида жамоатчилик асосида қатнашади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Кенгашнинг раиси ҳисобланади.



4-БОБ. КЕНГАШ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Кенгаш мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш Кенгаш котиби томонидан амалга оширилади.


13. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ ўз аъзолари, шунингдек, жалб қилинган давлат бошқаруви органлари вакиллари, мутахассислар ва экспертлар таркибидан иборат ишчи гуруҳлар ва бошқа ишчи органлар тузиши мумкин.


14. Кенгаш мажлислари заруратга кўра, лекин ҳар ярим йилда камида бир марта ўтказилади.


15. Кенгаш мажлисини раис, у бўлмаган тақдирда, Кенгаш раисининг ўринбосари олиб боради.


16. Кенгаш аъзолари мажлисларда шахсан иштирок этади. Кенгаш аъзосининг мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, у кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан ёзма шаклдаги фикрини олдиндан тақдим этиш ҳуқуқига эга.


17. Кенгаш мажлиси Кенгаш аъзоларининг камида ярми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


18. Кенгашнинг навбатдаги мажлиси кун тартиби ва материаллари Кенгаш аъзоларига йиғилишдан камида уч календарь кун олдин бўлажак мажлис тўғрисидаги хабарнома билан бирга юборилади.


19. Кенгашнинг қарорлари кўриб чиқилаётган масалалар бўйича келиб тушган ёзма шаклдаги фикрларни ҳисобга олган ҳолда мажлисда қатнашган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


20. Кенгаш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади ва Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади. Баённомани имзолаш пайтида Кенгаш аъзолари ўзларининг алоҳида фикрини билдиришга ҳақлидирлар.

Кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унинг материаллари Вазирлар Маҳкамасида сақланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Кенгашни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 26 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 ноябрь, 47-сон, 523-модда






















































Время: 0.0064
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск