ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Стратегияси (ЎзР Президентининг 27.11.2020 й. ПФ-6119-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 27 ноябрдаги

ПФ-6119-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси қурилиш

тармоғини модернизация қилиш, жадал

ва инновацион ривожлантиришнинг

2021-2025 йилларга мўлжалланган

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Инсон яшаш фаолиятининг хавфсиз ва қулай муҳитини шакллантириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асоси ҳисобланади.

Қурилиш тармоғи иқтисодиётнинг барча соҳалари моддий-техник базасини яратишда ҳамда аҳолининг шинам уй, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси хизматлари, шунингдек, маданий хордиққа бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим роль ўйнайди.

Қурилиш соҳасидаги давлат сиёсати мамлакат, минтақалар ва тармоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини муваффақиятли амалга оширишни таъминлаш мақсадида инновациялар, инвестициялар, меҳнат ва моддий ресурслардан самарали фойдаланиш орқали тармоқ салоҳиятини оширишга йўналтирилган.

Шу билан бирга қурилиш тармоғининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи қуйидаги тизимли муаммолар мавжуд:

шаҳарсозлик фаолиятини техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар сезиларли даражада эскириб қолди ҳамда архитектура-қурилиш ишларини олиб боришнинг замонавий услубларини, энергия тежамкор технологиялар ва материалларни кенг қўллаш имкониятларини инобатга олмайди;

кўпчилик аҳоли пунктларида бош режалар мавжуд эмаслиги ёки бино ва иншоотларни қуришда уларга риоя қилинмаслиги ҳудудларда комплекс равишда қурилиш олиб бориш, ишлаб чиқариш ва инфраструктура объектларини жойлаштириш, тадбиркорлик, ишчанлик ва инвестиция фаоллигини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда;

лойиҳа-қидирув ишларининг мавжуд бозори тенденциялари кўп ҳолларда лойиҳа ишининг илғор ривожланиши, юқори технологияли, замонавий ва ўзига хос архитектура лойиҳаларини яратиш учун шарт-шароит туғдирмайди;

шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги ва оқибатда ходимларни қурилиш-монтаж ишларига ноқонуний асосда (керакли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан) жалб қилиш, ўзбошимчалик билан қурилган биноларнинг кўпайиши, қурилиш ташкилотлари ходимларининг зарур билим ва малакага эга эмаслиги қурилиш тармоғининг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда ҳамда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда, қурилган бино ва иншоотлардан кейинчалик фойдаланишда хавфсизлик талабларининг бузилишига олиб келмоқда;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги инвестиция жараёнлари иштирокчилари ва шаҳарсозлик фаолияти субъектларига давлат хизматларини кўрсатишнинг максимал шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш имконини бермайди;

амалий қурилиш фанининг ривожланмаганлиги, олий таълим муассасаларининг илмий ва моддий-техник салоҳияти заифлиги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш имконини бермайди.

Юқорида кўрсатилган муаммолар қурилиш тармоғининг жадал инновацион ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Шу муносабат билан қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур Қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 мартдаги ПФ-5963-сонли "Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Стратегия хорижий мамлакатлар қурилиш соҳасидаги структуравий ўзгаришларининг энг яхши тажрибалари ва шаҳарсозлик фаолияти ривожланишининг жаҳон тенденцияларини ўрганиш асосида 2021-2025 йилларда қурилиш тармоғини ривожлантириш мақсадлари ва устуворликлари, ислоҳ қилиш йўналишларини белгилайди.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД

ҲАМДА ВАЗИФАЛАРИ


Қурилиш тармоғида бошқарувнинг замонавий услубларини шакллантириш, лойиҳаларни амалга оширишда инвестициявий жозибадорликни ошириш ва инновацион ечимларни жорий этишга йўналтирилган ўзгаришларни амалга ошириш Стратегия мақсади ҳисобланади.

Стратегия қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутади:

ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг самарали иштирокини таъминлаш;

шаҳарсозлик фаолиятининг сифати ва хавфсизлигини ошириш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, рационаллиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш тармоғи ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


§ 1. Ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш

ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг самарали

иштирокини таъминлаш


Ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш ҳудуддан фойдаланиш ва уни ривожлантиришнинг иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларини уйғунлаштириш асосида уларни барқарор ривожлантириш орқали, қуйидаги тамойилларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

а) инсоннинг ҳам аҳоли зич бўлган, ҳам аҳоли зич бўлмаган ҳудудларда муносиб яшаши учун шароитларни яратиш ва сақлаш;

б) мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланиши учун тенг шарт-шароитларни яратиш, ривожланишнинг узоқ муддатли салоҳиятини сақлаш ва лозим даражада таъминлаш;

в) аҳоли пунктларининг кўп марказли тузилишини ривожлантириш, урбанистик воситалар ёрдамида шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги алоқаларни яхшилаш;

г) янги аҳоли зич бўлмаган ҳудудларни ўзлаштиришдан кўра мавжуд аҳоли пунктлари ҳудудларини янгилаш ва улардан интенсив фойдаланишга устунлик бериш, ердан эҳтиёткорона фойдаланиш, шунингдек, келажакда макондан фойдаланишнинг турли имкониятларини сақлаб қолиш;

д) аҳоли зич бўлмаган ҳудудлар тизимини ҳимоя қилиш ҳамда шаклланган табиий ва маданий хилма-хилликни сақлаш;

е) заиф ривожланган инфратузилмага эга аҳоли пунктини шаҳарлар ва бошқа ривожланиш марказлари билан ҳамкорлик асосида мустақил (ўзини ўзи таъминлай оладиган) функционал бирликка айлантириш;

ж) хизматлар ва транспорт/муҳандислик инфратузилмасининг аҳоли зич бўлган ва аҳоли зич бўлмаган ҳудудлар тизимига самарали мувофиқлиги, бутун мамлакат ҳудудида коммуникациялардан фойдаланиш ва ахборот олиш имконияти, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва унга кўмаклашиш;

з) аҳоли пунктларида яхлит транспорт тизимининг шаклланишига кўмаклашиш ва жамоат транспортига устунлик бериш;

и) транспорт/муҳандислик инфратузилмасининг атроф-муҳитга салбий таъсирини максимал даражада қисқартириш, бошқа кутиладиган салбий таъсирларни енгиш;

к) тарихий ва маданий алоқалар, маданий ва табиий ландшафтлар, уларнинг ўзига хос белгилари, тарихий ва табиий ёдгорликларни ҳимоя қилиш ва сақлаш;

л) қўриқланадиган ҳудудлар ва рекреация ҳудудларини сақлаш ва ривожлантириш; тупроқ, сув, флора, фауна ва иқлимни сақлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш;

м) тегишли режалаштириш ечимлари, муҳандислик ва ташкилий-хўжалик чора-тадбирлари орқали аҳоли зич бўлган ва аҳоли зич бўлмаган ҳудудларни табиий, техноген ва ижтимоий таҳдидлар ҳамда фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш;

н) қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш учун истиқболли жойларни сақлаб қолиш, атмосфера ҳавосидан иссиқхона газларини сингдиришга ёрдам берувчи макон-ҳудудий ечимларни яратиш;

о) табиий ва маданий ландшафтларни, айниқса қишлоқ хўжалиги ҳудудлари ва кўп функцияли ихчам аҳоли пунктларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўли билан сақлаш ва барқарор ривожлантириш;

п) макон ва шаҳарсозлик бўйича режалаштириш жараёнида сейсмик ҳолатни ҳисобга олиш.

Инсоннинг яшаш фаолияти учун муносиб муҳитни, атроф-муҳит, табиий ресурслар ва маданий меросни муҳофаза қилишни таъминлаш ҳамда оммавий ва шахсий манфаатлар мувозанатига эришиш учун ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш масаласида жамоатчиликнинг ролини ошириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Баён этилганлар муносабати билан Стратегия доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади:

1) ижтимоий-иқтисодий ва инвестициявий ривожлантиришнинг узоқ муддатли прогнозлари билан боғлиқликда янги аҳоли пунктларини жойлаштириш ва мавжуд аҳоли пунктларини ривожлантириш бўйича фаолиятни бирлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун ҳудудида жойлаштиришнинг бош схемасини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларида туманларни режалаштириш схемаларини ишлаб чиқиш;

2) шаҳар муҳити элементларининг мақсади, анъанавий архитектура ва маданият, шунингдек, жойнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудий "Дизайн-код"ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

3) шаҳар муҳитини математик (3D) моделлаштириш бўйича стандартлар мажмуини жорий этган ҳолда "Ақлли шаҳар" технологиялари элементларидан фойдаланиш;

4) 2025 йилга бориб аҳоли пунктларининг ҳудудларни ривожлантириш схемалари (бош режалар, бош режалар схемалари, ҳудудни архитектура-режалаштириш юзасидан ташкиллаштириш) билан тўлиқ қамраб олинишига эришиш;

5) аҳоли пунктларининг бош режаларига комплекс шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантиришни стратегик режалаштириш, шунингдек, ердан фойдаланиш ва аҳоли пунктлари ҳудудларида қурилиш олиб боришни тартибга солишни таъминловчи оммавий ҳужжат мақомини бериш;

6) аҳоли пунктларининг бош режаларининг жамоат муҳокамаси натижаларини инобатга олган ҳолда уларни тасдиқлаш тартибини амалиётга жорий этиш;

7) шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қўллашнинг ягона стандартларини яратиш;

8) шаҳарни режалаштириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш, шу жумладан архитектура ва шаҳарсозлик лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш учун ишончли обрў ва тажрибага эга бўлган етакчи хорижий мутахассислар ва ташкилотларни жалб қилиш.



§ 2. Шаҳарсозлик фаолияти сифатини ва

хавфсизлигини ошириш


Бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланишнинг замонавий стандартлари мавжуд бўлганда ҳамда шаҳарсозлик фаолияти субъектлари уларга риоя қилганда бино ва иншоотларнинг лозим даражадаги сифатини ва хавфсизлигини таъминлаш мумкин бўлади. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда меҳнатни муҳофаза қилиш, қурилиш объектларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш тизимларини такомиллаштириш зарур.

Ушбу йўналишда Стратегияни амалга оширишда қуйидаги тамойилларга таяниш лозим:

а) бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуриш қисмида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш энг яхши хорижий тажрибани инобатга олиши лозим;

б) бино ва иншоотлар инсон саломатлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хавфсизлик ва ободонлаштириш талабларига мувофиқ бўлиши керак;

в) бино ва иншоотлар шундай лойиҳалаштирилиши ва қурилиши керакки, токи уларнинг максимал даражада узоқ яшаши таъминлансин;

г) бинолар, иншоотлар ва жамоат масканларини лойиҳалаштириш ва қуриш қисмида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар қуйидагилар бўйича талабларни назарда тутиши лозим:

бино ва иншоотларнинг архитектура параметрлари ва эстетик тавсифлари;

бино ва иншоотларнинг конструктив мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва ишончлилиги;

бино ва иншоотлардан фойдаланиш даврида ёнғин хавфсизлиги, саломатлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хавфсизлик;

бинолар, иншоотлар ва жамоат масканларидан имкониятлари чекланган шахсларнинг фойдаланиши мумкинлигини таъминлаш;

биноларнинг энергия тежамкорлиги ва уларнинг шовқиндан ҳимоя қилиши;

бино ва иншоотларда қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш.

Баён этилганлар муносабати билан Стратегия доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади:

1) ҳудудларнинг геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда техник тартибга солиш соҳасидаги миллий ҳужжатларни хорижий норматив ҳужжатлар билан уйғунлаштириш;

2) бино ва иншоотларнинг хавфсизлиги ва энергия тежамкорлигини ошириш, объектнинг ҳаётий даври мобайнида инновацион технологияларни қўллашга йўналтирилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

3) бино ва иншоотлар конструкциялари ва асосларининг, шу жумладан мураккаб табиий ва табиий-техноген шароитлардаги ёнғин ва механик хавфсизлиги бўйича талабларни ўз ичига олувчи бино ва иншоотларнинг хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентни ишлаб чиқиш;

4) "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими доирасида маълумотлар базаларига ахборотни жамлаган ҳолда, таянч конструкцияларнинг "ўзини тутиши"ни кузатиб боришга, ўз вақтида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ва хавфсизликни оширишга йўналтирилган бино ва иншоотларнинг конструктив элементларини "бузмайдиган назорат қилиш" тизимларини жорий этиш;

5) жаҳон тажрибасини ўрганиш асосида лойиҳа-қидирув ва қурилиш фаолиятига хавф-хатарларни суғурта қилиш тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш;

6) давлат хизматларини кўрсатувчи ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширувчи, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказувчи, шунингдек, қурилиш соҳасидаги назоратни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотларнинг ходимларини даврий аттестациядан ўтказиш тизимини жорий этиш;

7) етакчи хорижий архитекторлар, муҳандис-конструкторлар ва қурувчиларни жалб қилган ҳолда архитектура ва қурилиш соҳасида тренинглар, семинарлар, маҳорат дарслари, ўқув курсларини ташкил этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси, Ўзбекистон Муҳандислар-консультантлар уюшмаси ролини ошириш;

8) инжиниринг хизматларини кўрсатишда (шу жумладан муаллифлик ва техник назорат) "аутсорсинг" тамойилларини жорий этиш;

9) лойиҳа ва пудрат ишига "устоз-шогирд" тамойилларини татбиқ қилиш;

10) шаҳарсозлик фаолиятининг барча иштирокчилари (буюртмачи, лойиҳачи, пудратчи, фойдаланувчи ташкилот) томонидан қурилиш объекти ҳаётий даврининг барча босқичларида ахборот моделлаштиришнинг замонавий технологиялари қўлланилишини рағбатлантириш;

11) Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сон Конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши чораларини кўриш;

12) қурилиш майдончаларида потенциал таҳдидларни аниқлаш, касбий хавф-хатарларни баҳолаш, назорат қилиш ва бошқаришни назарда тутувчи меҳнат хавфсизлиги стандартлари ва ISO : 45001 халқаро стандарти тизимига мувофиқ Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини қурилиш тармоғи объектларида жорий этишни таъминлаш;

13) Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг (ISSA) концепциясини жорий этишга асосланган "Қурилиш майдончаларида жароҳатланишга барҳам бериш" дастурини ишлаб чиқиш;

14) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича касбий кўникмаларни келгусида ривожлантириш мақсадида қурилиш пудрат ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассислари малакасини ошириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатини олиш тизимини жорий этиш;

15) ходимларнинг иш жойларида хавфсизлик ва гигиена талабларига риоя қилиш масалаларида иштирок этиши орқали кадрларга инвестиция қилиш, мотивация тизимини жорий этиш.



§ 3. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий

тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, рационаллиги

ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш

тармоғи ташкилотлари фаолиятининг

самарадорлигини ошириш


Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, рационаллиги ва шаффофлиги ишчанлик ва инвестиция муҳити яхшиланишининг гарови ҳисобланади. Рухсат бериш тартиб-таомилларининг изчил такомиллаштирилиши рухсатномалар тизимини эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш учун мустаҳкам пойдевор, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш йўли билан тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Стратегия доирасида маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, рационаллиги ва шаффофлигини қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали таъминлаш назарда тутилади:

1) "Бизнес юритиш" халқаро индексида "Қурилишга рухсатномалар олиш" йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини яхшилаш;

2) шаҳарсозлик фаолияти субъектлари учун лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш;

3) тадбиркорлик фаолияти объектларини қуриш учун ер участкаларини ажратиш бўйича рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш;

4) электрон тендер платформаси ҳамда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини жорий этиш орқали лойиҳа ва пудрат ишларининг давлат харидлари тартиб-таомилларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

5) нодавлат ташкилотлари томонидан лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларни касбий сертификатлаштириш, шунингдек, ушбу нодавлат ташкилотларининг Қурилиш вазирлиги томонидан аккредитация қилиниши тизимини жорий этиш;

6) зарур ҳолларда халқаро молия институтлари, халқаро консалтинг компаниялари ва хорижий экспертлар билан ҳамкорлик қилиш орқали қурилишда нарх шаклланиши тартибини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва тегишли ечимларни ишлаб чиқиш;

7) лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг "ҳажм" услубини босқичма-босқич жорий этиш ва унинг асосида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари (буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи) томонидан қурилиш-монтаж ишларининг амалга оширилиши:

I босқич - "ресурс" ва "ҳажм" услубларини солиштириш ва унинг натижаларига кўра "ҳажм" услубини жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш;

II босқич - марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар доирасида "ҳажм" услубини тажриба-синов тарзида қўллаш;

III босқич - шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда "ҳажм" услубини босқичма-босқич татбиқ этиш;

8) қурилиш материалларининг батафсил техник тавсифларини кўрсатиш (идентификация қилиш) учун мўлжалланган "Қурилиш материаллари миллий классификатори" электрон платформасини жорий этиш;

9) қурилиш қийматини аниқлашнинг бозор тамойиллари ҳамда буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи ўртасидаги шартномавий муносабатларга асосланган муқобил механизмларини параллель равишда ишлаб чиққан ҳолда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг смета қисмини давлат экспертизасидан ўтказишга доир талабларни бекор қилиш;

10) давлат ва унга тенглаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича қурилиш соҳасидаги техник буюртмачилар тизимини хусусий тадбиркорлик субъектларини техник буюртмачи функцияларини амалга оширишга жалб қилиш ҳисобига тубдан ислоҳ қилиш;

11) буюртмачи функцияларини амалга оширувчи хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан лойиҳаларни бошқаришнинг замонавий услублари (бенчмаркинг, ERP-тизимлари, ҳодисаларни моделлаштириш ва бошқалар) қўлланилишини рағбатлантириш;

12) лойиҳа ташаббускорлари (юридик ва жисмоний шахслар) учун лойиҳани бошқариш бўйича замонавий хизматларни (буюртмачи хизматлари, инжиниринг хизматлари ва бошқалар) оммалаштириш;

13) қуйидагилар орқали давлат лойиҳа институтларини трансформация қилиш:

давлат лойиҳа-қидирув ташкилотларини молиявий ва технологик аудитдан ўтказиш учун хорижий экспертларни жалб қилиш;

ҳар бир давлат лойиҳа институти бўйича ривожлантиришнинг тижорат концепцияларини, шу жумладан техник-иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларни ишлаб чиқиш;

инвестициялар жалб қилиш ва (ёки) қурилиш ташкилотларининг давлат лойиҳа ташкилотлари билан кооперациясини таъминлаш мақсадида инвесторлар қидириш ҳамда инвесторлар ва муваффақиятли фаолият юритаётган қурилиш компаниялари билан музокаралар ўтказиш;

лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятида давлат иштироки улушини қисқартириш;

14) кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ипотека объектини расмийлаштириш шарти билан тижорат банклари томонидан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш даврида бериладиган, қурилишнинг улушли иштирокчиларининг ипотека кредити маблағлари ҳисобига қурилиш пудрат ташкилотларини молиялаштиришни тезлаштириш имкониятини таъминлаш;

15) истиқболли шаҳарсозлик салоҳиятига эга бўлган, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфраструктурасининг етарли қуввати билан таъминланган кўп квартирали уйларни қуриш учун ер участкаларини қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда аукционга қўйиш:

аҳоли томонидан уй-жой мулкининг истиқболда сотиб олинишига прогноз эҳтиёжни ўрганиш ва таҳлил қилиш;

инвесторлар томонидан тегишли инвестиция шартларининг кафолатланган тарзда бажарилишини таъминловчи талабларни қўйиш;

16) улушли иштирок этиш асосида уй-жой қуришни имтиёзли кредитлаш учун халқаро молия институтлари маблағларини фаол жалб қилиш сиёсатини давом эттириш;

17) халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда ва истиқболда урбанизация жараёнларини чуқур таҳлил қилиш асосида инвесторларга уй-жой комплексларини яратиш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилишга йўналтирилган республика минтақаларидаги селитеб ҳудудларни ривожлантиришнинг тижорат концепцияларини ишлаб чиқиш;

18) хом ашё ресурсларини тежашга йўналтирилган саноат, қурилиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш орқали қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқаришга жорий этиш;

19) қурилишда энергия жиҳатидан самарадор ва энергия тежамкор материалларни (газобетон, пенобетон, полистиролбетон, базальт асосида иссиқлик сақловчи материаллар, полистирол билан тўлдирилган сэндвич панеллар ва бошқалар), асбоб-ускуна ва приборларни (қуёш панеллари ва конвекторлари, мавжудлик ва ҳаракат датчиклари, терморегуляторлар, электрон сантехника ва бошқалар) қўллашни кенгайтириш;

20) бино ва иншоотларнинг энергия тежамкорлик синфлари бўйича таҳлилий маълумотлар базасини шакллантирган ҳолда уларнинг энергетик аудити тизимини кенг жорий этиш;

21) кейинчалик экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарган ҳолда табиий декоратив ва пардозлаш тошлари (гранит, мармар, травертин ва бошқалар) захираларининг янги конларини ўзлаштириш бўйича геология-қидирув ишларини олиб бориш;

22) анъанавий лой ғишт ўрнини босувчи муқобил қурилиш материаллари захираси мавжудлиги ва уларни қўллаш имкониятларини ўрганиш;

23) ресурс тежамкор технологияларни, табиий газ ўрнини босувчи ёнилғи-энергетика ресурсларининг қайта тикланадиган ва муқобил турларини қўллаган ҳолда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш;

24) қурилиш мақсадидаги тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш;

25) энергия тежамкор технологияларни қўллаган ҳолда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш жараёнлари жорий этилган корхоналарни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

26) энг яхши хорижий тажрибани ўрганишни ҳисобга олган ҳолда ташкилотлар кооперацияси асосида кластер қурилиш тизимини (ишлаб чиқариш-қурилиш, инвестиция-қурилиш ва лойиҳа-қурилиш кластерлари) жорий этиш;

27) кластер усулида тажриба алмашиш ҳамда қурилиш-монтаж жараёнларининг алоҳида йўналишлари бўйича усталар ва тор малакали мутахассисларни ўқитиш тизимини татбиқ қилиш.



§ 4. Шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш,

тармоққа замонавий ахборот-коммуникация

технологияларини жорий этиш


Шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш кўплаб йўналишлар бўйича долзарбдир. Қурилиш бозорининг муваффақиятли иштирокчилари деярли барча бизнес-жараёнларни (кадрларни танлаб олишдан тортиб шартномаларнинг бажарилишини назорат қилишгача) қамраб олувчи рақамли ахборот технологияларини ўз фаолиятига фаол жорий этмоқда. Тўлдирилган реаллик технологиялари, ашёлар интернети, 3D-принтинг, генератив дизайн, машина таълими, бино ва иншоотларни уч ўлчамли тақдим этишга асосланган технологиялар ҳамда инсонларга қарор қабул қилишни осонлаштирувчи бошқа кўплаб технологиялар тобора оммалашиб бормоқда.

Давлатнинг шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш соҳасидаги асосий эътибори қуйидаги йўналишларга қаратилган:

шаҳарсозлик тартиб-таомилларини рақамли форматда (электрон шакл ва кўринишда) амалга ошириш;

шаҳарсозлик фаолияти ҳужжатларининг электрон шаклда сақланишини таъминлаш;

шаҳарсозлик фаолияти жараёнлари ҳақида автоматик тарзда тўпланадиган статистик ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш;

қурилиш объектлари ҳаётий даврининг барча босқичларида уларни ахборот моделлаштириш технологиясини жорий этиш.

Баён этилганлар муносабати билан Стратегия доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади:

1) қурилиш объектларини тўлақонли мониторинг қилиш, қурилиш ишлари сифатини комплекс равишда назорат қилиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилиш соҳасидаги харид тартиб-таомилларининг шаффофлиги ва самарадорлиги, қурилиш-пудрат ва лойиҳа ташкилотларининг рейтинг тизимини ривожлантиришни таъминловчи "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг жорий этилган электрон платформалари республиканинг барча минтақаларида ишлаш қамровига эришиш;

2) "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг электрон платформалари ва "Ўзбекистон Республикаси Давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизимини (кейинги ўринларда - Геопортал) идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилиш;

3) Геопортал маълумотлар базаларига ишлаб чиқилган ва тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларининг (ҳудудларнинг бош режалари ва ҳудудни архитектура-режалаштириш юзасидан ташкиллаштириш) тўлиқ киритилишини таъминлаш;

4) жамоатчилик ва инвесторларнинг қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардан очиқ фойдаланишини таъминлаш учун Техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар илмий-техник кутубхонаси негизида "Қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар" оммавий электрон маълумотлар базасини яратиш;

5) фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи "Огоҳ фуқаро" тизимини яратиш;

6) интернет-ресурсларга кенг полосали киришни тўлиқ қамраб олиш, замонавий IT-технологиялар билан таъминлаш, замонавий сервер ва компьютер асбоб-ускуналари ва нусха кўчирувчи техника билан жиҳозлаш йўли билан Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

7) шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ва аҳолида "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими электрон платформалари ва Геопорталдан фойдаланиш кўникмалари ва билимларини ривожлантириш мақсадида уларни ушбу дастурий маҳсулотлардан фойдаланишга ўқитиш;

8) "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими электрон платформалари ва Геопортал функционалининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш;

9) "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг кичик тизимлари ва электрон маълумотлар базалари функционалини босқичма-босқич кенгайтириш, шунингдек, давлат шаҳарсозлик кадастри объектларининг мавжуд сонини аниқлаштириб борган ҳолда Геопортални тизимли модернизация қилиш ва янгилаш, зарур бўлганда қўшимча кичик тизимлар ва электрон маълумотлар базаларини киритиш;

10) қурилиши тугалланган объектларнинг ижро тасвирларини маълумотлар базасига киритган ҳолда муҳандислик-техник қидирувлар электрон геофондини яратиш ва юритиш;

11) қурилиш соҳасида кўрсатилаётган давлат хизматларини рақамлаштириш ва автоматлаштиришни давом эттириш;

12) жорий этилаётган ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базаларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш.



§ 5. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш,

қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини

такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш


Кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш "ақлли" шаҳар қурилишининг асосий пойдевори ҳисобланади. Таълим ва илм-фанни ривожлантиришда замонавий ва инновацион услубларни қўллашнинг самарадорлиги халқаро эътироф даражасини, янги истеъдодлар пайдо бўлишининг натижадорлигини ошириш, мутахассисларнинг архитектура ва қурилишга оид дунёқарашини кенгайтириш, шунингдек, рақобатбардош илмий ишланмаларга муаллифлик ҳуқуқларини фаоллаштириш имконини беради.

Баён этилганлар муносабати билан Стратегия доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади:

1) минтақаларда жойлашган архитектура-қурилиш йўналишидаги касб-ҳунар таълими муассасаларининг "Электрон таълим" миллий тармоғига уланишини таъминлаш;

2) архитектура-қурилиш коллежлари ва техникумларида коучинглар ва турли махсус кўникмаларни ўзлаштириш бўйича ишларни олиб боришни амалиётга киритиш;

3) истеъдодли ёшларни архитектура ва қурилиш соҳасидаги илмий ва ижодий фаолиятга, шу жумладан ёш олимлар учун касбий танловларни қўллаб-қувватлаш йўли билан жалб этишни рағбатлантириш тизимини яратиш;

4) мослаштириш марказларини ривожлантириш ҳамда технологиялар ва инновацияларни трансфер қилиш, қурилиш тармоғи иштирокчиларининг билим, кўникма ва технологик ечимларга бўлган эҳтиёжларини мунтазам равишда мониторинг қилиш орқали илм-фан ва реал секторнинг ўзаро самарали алоқаси механизмларини шакллантириш;

5) архитектура ва қурилиш соҳасидаги хорижий олий таълим муассасаларини уларнинг филиалларини очиш, тажриба алмашиш, хорижий архитекторлар ва муҳандисларни маҳаллий таълим муассасаларида ўқитишга жалб қилиш, тармоқ учун талаб энг юқори бўлган мутахассисликлар бўйича битирувчиларга икки томонлама диплом берган ҳолда қўшма таълим дастурларини яратиш йўли билан Ўзбекистон Республикасида таълим фаолиятини амалга оширишга жалб қилиш;

6) меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни тайёрлаш учун ўқитишнинг замонавий ва инновацион услубларини қўллаш, архитектура-қурилиш коллежлари ва техникумларини замонавий педагогик ва ахборот технологиялари билан қамраб олишни кенгайтириш;

7) ишлаб чиқариш таълимининг малакали усталари ва муҳандис-техник ходимларни жалб қилиш, таълим олувчиларнинг танланган касбга мувофиқ мутахассислигини идентификация қилувчи махсус касбга мувофиқлик сертификатларини бериш асосида қисқа муддатли курслар доирасида мутахассисларни ўқитиш бўйича хизматларни кенгайтириш, шунингдек, Ягона миллий меҳнат тизимига махсус сертификатларни аниқлаб олиш ва мониторинг қилиш тизимини жорий қилиш;

8) экспериментал лойиҳалаштириш ва қурилиш тизимини тиклаш, илмий, илмий-технологик ва инновацион фаолият, шу жумладан тадқиқот, муҳандислик-ишлаб чиқариш консорциумлари, ривожланишнинг кластер турларини ташкил этишнинг тармоқ шаклларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;

9) архитектура-қурилиш коллежлари ва техникумлари ўқитувчиларининг малакасини мунтазам равишда ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда энг тажрибали ходимлар орасидан ўқитувчиларни танлаб олишда комплекс ёндашув ва самарадорликни таъминлаш;

10) қурилиш соҳасидаги ривожланиш тенденциялари ва амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳамда хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда янги авлод тармоқ дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини тайёрлаш, шунингдек, архитектура ва қурилиш соҳасидаги касб-ҳунар таълим муассасалари учун илғор хорижий адабиётларнинг ўзбек тилига таржима қилинишини таъминлаш;

11) 2025 йилга бориб архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларидан бирининг халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги Осиё мамлакатларининг энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига (ТОП-1000) кириши бўйича зарур чораларни кўриш, шунингдек, унинг миллий рейтингдаги позицияларини оширишни таъминлаш;

12) архитектура ва қурилиш соҳасида олиб борилаётган фундаментал, қидирув ҳамда амалий илмий тадқиқотлар ва ишланмалар самарадорлигини ошириш;

13) ўзаро манфаатли халқаро илмий ва илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий олимлар ва ташкилотларнинг халқаро илмий уюшмалар ва бошқа профессионал бирлашмаларда иштирок этиши;

14) архитектура ва қурилиш соҳасидаги илмий журналлар рейтингини ошириш чораларини кўриш;

15) қонун ҳужжатларидаги янгиликларни ҳисобга олган ҳолда Қурилиш вазирлиги тизими ходимлари учун ўқув дастурларини тизимли асосда яратиш ва янгилаш;

16) қурилиш органлари ва муассасалари ходимлари учун халқаро экспертлар иштирокида хорижий амалиёт, семинарлар, маҳорат дарслари ва ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ишларни кучайтириш. Ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ва хорижий донорлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш;

17) архитектура ва қурилиш органлари ва муассасалари тизимида HR-менежмент тизимини жорий қилиш, шу асосда кадрларни қўллаб-қувватлаш, бошқариш ва назорат қилишнинг самарали тизимини ишлаб чиққан ҳолда Қурилиш вазирлигининг ижобий имижини яратиш;

18) малакали кадрларни қурилиш органлари ва муассасалари тизимига жалб қилишга қаратилган рекрутментнинг янги услубларини (онлайн-рекрутмент, фаол хедхантинг) қўллаш;

19) ходимларни баҳолаш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш:

Қурилиш вазирлиги тизимида KPI тизимини жорий этиш;

ходимларни рағбатлантиришнинг янги услубларини (ходимлар фаолияти самарадорлигининг рейтинг тизими, идоравий рағбатлантириш дастурлари ва бошқалар) жорий этиш;

20) Қурилиш вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш учун коррупцияга қарши курашиш комплаенс тизимини самарали жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

21) тармоқни ривожлантириш истиқболларининг моделларини қуриш имконини берувчи аниқ мақсадга йўналтирилган қарорларни қабул қилиш мақсадида асосан автоматик режимда фаолиятнинг ишончли асосий параметрларига мувофиқ тўпланадиган, асосий вазифалари "шаҳарсозлик фаолиятининг ишончли статистикаси"ни қуриш ҳисобланган ахборот-таҳлилий марказини давлат-хусусий шериклик тамойилларида очиш орқали таҳлил ва статистик ҳисобот тизимини ислоҳ қилиш.



4-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИНИ МОНИТОРИНГ

ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ


Қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантириш бўйича қўйилган мақсадларга ўз вақтида эришиш мақсадида Стратегиянинг қуйидаги мақсадли кўрсаткичларини таъминлаш зарур:

2025 йил охирига бориб "Бизнес юритиш" халқаро индексида (Doing Business Index) "қурилишга рухсатномалар олиш" (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшилаш;

Ўзбекистон Республикасининг геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда 2025 йилга бориб миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини камида 50 фоиз даражасида халқаро норматив ва стандартлар билан уйғунлаштиришга эришиш;

2025 йилга бориб шаҳарларнинг барчасини ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олишга эришиш;

2025 йилга бориб "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими доирасида қўшимча тўртта электрон платформа яратилишини, шунингдек, уларнинг идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинишини таъминлаш;

2025 йилга бориб лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг "ҳажм" услубини жорий этиш улушини республикадаги қурилиш объектлари умумий сонининг 50 фоизигача етказиш;

2025 йилга бориб архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларидан бирининг халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги Осиё мамлакатларининг энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига (ТОП-1000) кириши.

Қурилиш вазирлиги ўз ваколатлари доирасида Стратегияни амалга оширишни тизимли мониторинг қилади, умумий мувофиқлаштиради, қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор равишда кўриб чиқади ва ҳал этади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 ноябрь, 47-сон, 521-модда























Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск