ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Миллий гвардия /

Ўзбекистон Республикасининг 18.11.2020 й. ЎРҚ-647-сон "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.11.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 14.12.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.11.2020 й.

N ЎРҚ-647



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 12 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий

гвардияси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг

ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифалари


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (бундан буён матнда Миллий гвардия деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус туридир.

Миллий гвардиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

терроризмга қарши курашишда, шунингдек террорчилик ҳаракатларининг ҳамда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;

терговга қадар текширувни амалга ошириш, суриштирув ўтказиш, жиноят ишларини қўзғатиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш;

давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ҳамда бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;

қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш;

жамоат тартибини сақлаш, шу жумладан оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш;

фавқулодда ҳолат, алоҳида давр ва террорчиликка қарши операцияларни ўтказиш шароитларида ҳуқуқий режимни таъминлаш;

қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;

чет давлатларнинг расмий вакилларини, олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олишда ва кузатиб қўйишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокидаги тантанали тадбирлар чоғида расмий маросимларни ўтказиш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий мудофааси тизимида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини жанговар қўллаш режалари бўйича махсус вазифаларни ҳал этиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишда кўмаклашиш.

Миллий гвардия Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.



4-модда. Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари


Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, ягоналик, мустақилликдан иборатдир.



5-модда. Қонунийлик принципи


Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Қонунларни аниқ бажариш ва уларга риоя этишдан ҳар қандай четга чиқиш, уларнинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликни бузишдир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



6-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари

ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда

уларни ҳурмат қилиш принципи


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.

Миллий гвардия фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) фуқаронинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган, унинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларни, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.



7-модда. Ягоналик принципи


Миллий гвардия Миллий гвардиянинг қўмондони раҳбарлик қиладиган ягона марказлаштирилган тизимни ташкил қилади.

Миллий гвардия қўмондони ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.



8-модда. Мустақиллик принципи


Миллий гвардия ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.

Миллий гвардия фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.



9-модда. Миллий гвардиянинг давлат органлари ва бошқа

ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари

ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлиги


Миллий гвардия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Миллий гвардияга унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт.



10-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг

(ходимининг) қонуний талабларини

бажариш мажбурийлиги


Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширув материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, Миллий гвардияга келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар унинг қонуний талаби бўйича бепул тақдим этилади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.



11-модда. Фан ютуқларидан, замонавий технологиялардан

ва ахборот тизимларидан фойдаланиш


Миллий гвардия ўз фаолиятида фан ютуқлари, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмалар, шунингдек ахборот тизимларидан фойдаланади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш, криптография воситаларидан ҳамда бошқа махсус воситалардан фойдаланиши мумкин.



2-БОБ. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12-модда. Миллий гвардиянинг тизими


Миллий гвардиянинг тизими Миллий гвардиянинг марказий девони, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, ҳарбий тузилмалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлардан (бундан буён матнда Миллий гвардия органлари деб юритилади) иборат бўлади.



13-модда. Миллий гвардиянинг бўйсуниши ва ҳисобдорлиги,

шунингдек Миллий гвардиянинг мансабдор шахсларини

лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш


Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.

Миллий гвардияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони раҳбарлик қилади. Миллий гвардия қўмондони мақомига кўра вазирга тенглаштирилади.

Миллий гвардия қўмондонининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ўринбосарлари бўлади.



14-модда. Миллий гвардия ҳайъати


Миллий гвардияда Миллий гвардия қўмондони, унинг ўринбосарлари, марказий девони бўлинмаларининг бошлиқлари ва Миллий гвардия органларининг раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Миллий гвардия ҳайъати маслаҳат органи бўлиб, у қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг, Миллий гвардия қўмондони буйруқлари ва кўрсатмаларининг ижро этилиши ҳолатига, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйишга тааллуқли масалаларни ҳамда Миллий гвардия зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.



3-БОБ. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯДА ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР

(ХОДИМЛАР) ТОМОНИДАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ

(ХИЗМАТНИ) ЎТАШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


15-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари


Миллий гвардия органларида ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларидир.

Ҳарбий хизматчилар махсус унвонлар берилган ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контрактнинг амал қилиши тугатилган ҳолда Миллий гвардия ходимлари лавозимларига тайинланиши мумкин.

Миллий гвардия олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари махсус унвонлар берилган ҳолда ходимлар лавозимларига тайинланиши мумкин.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан Миллий гвардия органларида ҳарбий хизматни ўташ тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.



16-модда. Миллий гвардия ходимлари


Миллий гвардияда хизматда бўлган, махсус унвонлар берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Миллий гвардия ходимларидир.

Миллий гвардия ходимлари ҳарбий унвонлар берилган ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида контракт тузилган ҳолда ҳарбий лавозимларга тайинланиши мумкин.



17-модда. Миллий гвардия ходимлари

томонидан хизматни ўташ тартиби


Миллий гвардия ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Миллий гвардия ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда ҳамда ушбу Қонунда тартибга солинмаган қисмига нисбатан татбиқ этилади.

Миллий гвардия ходимлари учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошмаслиги керак.

Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардия ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

Кучайтирилган режим Миллий гвардия ходимлари учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим Миллий гвардия ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланган ҳолда хизматни суткалик ўташ белгиланишини назарда тутади.

Кучайтирилган ёки суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш Миллий гвардия қўмондонининг буйруқлари асосида амалга оширилади.

Миллий гвардия ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч кундан ошмайдиган вақт қўшилган ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил берилади.

Миллий гвардия ходимларига қуйидаги календарь ҳисобдаги хизмат даври учун:

ўн йиллик хизматдан сўнг - давомийлиги беш кун;

ўн беш йиллик хизматдан сўнг - давомийлиги ўн кун;

йигирма йиллик хизматдан сўнг - давомийлиги ўн беш кун бўлган, ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Миллий гвардия ходимларига бошқа турдаги таътиллар ҳам берилиши мумкин.

Миллий гвардия ходимларига илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришганлик, хизмат мажбуриятларини намунали тарзда бажарганлик, бенуқсон хизмат қилганлик ва Миллий гвардия тизимини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришга ҳисса қўшганлик, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатганлик, илмий-тадқиқот ишларини амалга оширганлик ҳамда бошқа алоҳида хизматлари учун Миллий гвардия ходимлари Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланишга тақдим этилиши, шунингдек Миллий гвардия қўмондони томонидан таъсис этиладиган фарқловчи идоравий белгилар билан мукофотланиши мумкин.

Миллий гвардия ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;

хизматни (жанговар хизматни) ўташ;

хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки агар хизмат зарурати шуни тақозо этса, Миллий гвардия органлари ҳудудида бўлиш;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки у ерлардан қайтиш;

йиғинларда иштирок этиш;

асирликда бўлиш (бундан ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;

бедарак кетиш - ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;

суд томонидан Миллий гвардия ходимининг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.



18-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг

(ходимининг) хизмат гувоҳномаси ва жетони


Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланадиган, белгиланган намуналардаги хизмат гувоҳномаси ва шахсий рақамли жетон берилади.

Хизмат гувоҳномасидан ва жетондан фойдаланиш тартиби Миллий гвардиянинг ички идоравий ҳужжатлари билан тартибга солинади.



19-модда. Миллий гвардияга ҳарбий

хизматга (хизматга) қабул қилиш


Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) тегишли маълумотга эга бўлган, соғлиғининг ҳолатига ва жисмоний тайёргарлигига кўра Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Ҳарбий хизматга фуқаролар умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинади.

Хизматга ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган ва ўттиз ёшдаги фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Миллий гвардия ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ қабул қилинади.

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардиянинг айрим бўлинмаларига, Миллий гвардия ходимлари лавозимига ўттиз ёшдан катта бўлган фуқаролар, агар улар хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлса, қабул қилиниши мумкин.

Миллий гвардиянинг ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилинадиган айрим бўлинмалари ва лавозимларининг рўйхати Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Эркаклар Миллий гвардияга хизматга киргунига, Миллий гвардия ходими лавозимига тайинлангунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.

Алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ўзга ташкилотлардан ходимлар Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда, Миллий гвардия қўмондонининг қарорига кўра қабул қилиниши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари бўлган, Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинган фуқаролар хизматни ўташ даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Миллий гвардиянинг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек ҳарбий хизматчилар (ходимлар) қабул қилинади.

Миллий гвардиянинг таълим муассасаларида чет эллик фуқаролар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ёхуд амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланган фуқаролар Миллий гвардия ходими лавозимига қабул қилиниши мумкин эмас.

Миллий гвардия ходими лавозимига қабул қилинган шахслар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Миллий гвардияга хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматга мажбур Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан Миллий гвардия олий ҳарбий таълим муассасаларининг ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган тингловчилари ва курсантлари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ҳамда Миллий гвардиянинг махсус ҳисобида туради.

Миллий гвардиянинг олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчилари ва курсантлари биринчи босқичдаги ўқув муддатини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва улар таълим муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.



20-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) қасамёди


Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) кираётганда ҳарбий хизматчилар (ходимлар) қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

"Мен (фамилияси, исми, отасининг исми) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ҳарбий хизматга (хизматга) кирар эканман, Ўзбекистон халқи ва Ўзбекистон Республикаси Президентига садоқатли бўлишга, Ватанга қасамёдга, Жанговар Байроққа содиқ қолишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини, ўз хизмат бурчимни сўзсиз ҳамда виждонан бажаришга, ҳар қандай шароитда хиёнат ва сотқинлик қилмасликка, ўзимнинг жанговар шайлигим учун шахсан жавобгар бўлишга, мардлик ва фидокорлик билан, ўз ҳаётимни аямасдан халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан".



21-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини

(ходимларини) тайёрлаш, қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш


Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтади.

Миллий гвардия учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) малакасини ошириш Миллий гвардиянинг таълим муассасалари, ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек бошқа таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Миллий гвардиянинг таълим муассасалари тингловчилари ва курсантлари Миллий гвардияда ҳарбий хизматда (хизматда) деб ҳисобланади, бундан чет эллик фуқаролар мустасно.



22-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий

хизматчисини (ходимини) бўшатиш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисини ҳарбий хизматдан бўшатиш тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Миллий гвардиянинг ходимини хизматдан бўшатишга қуйидагилар асос бўлади:

ўз хоҳиши бўйича (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганлар учун) - ходимнинг билдиргиси асосида;

хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етганлиги;

пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги - ходимнинг билдиргиси асосида;

ташкилий-штат ўзгаришлари;

касаллиги - ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлик тўғрисидаги хулосаси асосида;

соғлиғининг чекланганлиги ҳолати - ҳарбий-тиббий комиссиянинг Миллий гвардиядаги хизматга яроқлилиги чекланганлиги тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;

дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;

малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги - аттестация натижалари асосида;

хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;

Миллий гвардия ходимининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;

содир этган жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганлиги;

ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;

бошқа давлат органига хизматга ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилмаган ҳолда);

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бекор қилинганлиги ёки чет давлат фуқаролигини олганлиги;

ходимлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ва тақиқларга риоя этмаганлиги.

Қуйидаги ҳолларда ходимларнинг хизматдан бўшатилишига йўл қўйилмайди:

тиббиёт муассасаларида даволанишда бўлганида, улар Миллий гвардиянинг ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт муассасалари томонидан вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилганда;

таътилда ёки хизмат сафарида бўлганда;

асирга ёки гаровга олинганда (бундан ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари мустасно).

Ходимга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, судда кўрилаётган жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинмаган ёки суд ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлса, у хизматдан бўшатилиши мумкин эмас.

Ходим юқори турувчи мансабдор шахсларга ёки судга мурожаат қилиш орқали ўзининг хизматдан бўшатилиши устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Хизматдан бўшашга қарор қилган ходим бўшаш режалаштирилаётган кундан камида икки ой аввал бўлинма бошлиғига (командирига) билдирги билан мурожаат этади.

Ходимларни хизматдан бўшатиш:

"подполковник" махсус унвонигача, шу жумладан "подполковник" унвонидагиларни ҳам - Миллий гвардия қўмондонининг ёки хизматга қабул қилиш ваколатига эга бўлган Миллий гвардия бўлинмаси бошлиғининг буйруғи билан;

"полковник" ва ундан юқори махсус унвондагиларни - белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан амалга оширилади.

Ходим хизмат муддати календарь ҳисобда йигирма йилга етганидан сўнг ўтаган хизмат муддати бўйича пенсия олиш ҳуқуқини берувчи бўшатилиш ҳуқуқига эга бўлади, бу муддат Миллий гвардиянинг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ва хорижий давлатларнинг (халқаро шартномаларга мувофиқ Миллий гвардия томонидан йўлланганлар учун) олий таълим муассасаларида, Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ даврини ҳам ўз ичига олади.

Ходимлар ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги), бедарак йўқолган деб топилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан Миллий гвардиянинг шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилади.

Суднинг бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги қарори бекор қилинган тақдирда, бедарак йўқолганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги сабабли илгари шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилган шахсларни шахсий таркиб рўйхатига янгитдан киритиш Миллий гвардия қўмондонининг қарорига кўра амалга оширилади.



23-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) ҳарбий хизмат (хизмат) муддатлари

ва уларни узайтириш учун асослар


Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг ҳарбий хизмат муддатлари ва уларни узайтириш тартиби ушбу модданинг учинчи қисмини ҳисобга олган ҳолда умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Миллий гвардияда хизматда бўлишнинг чекланган ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлари учун эллик ёшни, офицерлар таркиби учун - эллик беш ёшни (генераллар учун - олтмиш ёшни), аёллар учун эса (мавжуд махсус унвонидан қатъи назар) - эллик ёшни ташкил этади.

Миллий гвардиянинг юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни (хизматни) ўташга яроқли ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) хизмат муддати Миллий гвардия қўмондони томонидан ушбу ходимларнинг розилиги билан беш йилгача, Миллий гвардиянинг таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага ёки илмий унвонга эга бўлган шахсларга эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Хизмат муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Қонунда назарда тутилган асослар бўйича Миллий гвардиядан бўшатиш эҳтимолини истисно этмайди.



24-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини

(ходимларини) ҳарбий хизматга (хизматга)

тиклаш тартиби


Ҳарбий хизматчиларни Миллий гвардиядаги ҳарбий хизматга тиклаш тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Шахслар ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ёки хизматдан асоссиз бўшатилганлиги эътироф этилган ҳолларда, уларни Миллий гвардиядаги хизматга тиклаш суднинг қонуний кучга кирган қарори ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг қарори асосида амалга оширилади.

Хизматга тикланиши лозим бўлган шахсларни шахсий таркиб рўйхатларига киритиш ва лавозимга тайинлаш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан амалга оширилади.

Хизматга тикланишни хоҳловчи шахслар бўшатилган кундан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори чиқарилган кундан эътиборан уч ой муддатда хизматга тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан Миллий гвардияга мурожаат қилиши керак.

Шахсни Миллий гвардиядаги хизматга тиклаш бўшатилган кундан тикланган кунга қадар бўлган даврни ҳисобга киритиш шарти билан аввалги махсус унвонни бериш, устамаларни ва хизмат йилларини ҳисоблаб чиқариш, аввалги лавозимга тайинлаш ёхуд бунинг имкони бўлмаса, унга тенг ёки бошқа лавозимга тайинлаш орқали амалга оширилади.

Агар шахс хизматдан бўшатилган кундан ёки суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қарори кучга кирган кундан эътиборан уч ой муддат ўтганидан кейин Миллий гвардияга мурожаат қилса, уч ойлик муддат ўтган пайтдан эътиборан то хизматга тиклангунига қадар бўлган давр навбатдаги махсус унвонни олиш, устамаларни ҳисоблаш ва пенсия тайинлаш учун хизмат йилларини ҳисоблаш бўйича узлуксиз стажга қўшиб ҳисобланмайди. Уч ойлик муддат узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу давр Миллий гвардия қўмондони томонидан тикланиши мумкин.



25-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) ҳарбий ва махсус унвонлари


Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига ҳарбий унвонлар умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Миллий гвардия ходимларига қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдорлар таркиби - "сафдор";

сержантлар таркиби - "кичик сержант", "сержант", "катта сержант";

кичик офицерлар таркиби - "лейтенант", "катта лейтенант", "капитан";

катта офицерлар таркиби - "майор", "подполковник", "полковник";

генераллар таркиби - "генерал-майор", "генерал-лейтенант", "генерал-полковник".

Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Мардлик ва қаҳрамонлик, юқори профессионаллик ва ватанпарварлик сифатларини кўрсатган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) навбатдаги ҳарбий (махсус) унвон, мавжуд унвонидаги хизмат муддатидан қатъи назар, муддатидан олдин берилиши, шунингдек штат бўйича эгаллаб турган лавозимидаги ҳарбий (махсус) унвонидан бир поғона юқори унвон берилиши мумкин.

Миллий гвардия қўмондонига Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) "полковник" унвонигача бўлган, шу жумладан "полковник" ҳарбий (махсус) унвонларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


26-модда. Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари


Миллий гвардия зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳужжатларини, шу жумладан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларни шахсий кўрикдан (тинтувдан) ўтказишни амалга ошириш, ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўздан кечириш, шу жумладан назоратнинг техник ва бошқа воситалари қўлланилган ҳолда кўздан кечириш;

фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишини талаб қилиш;

турар жойларга ва бошқа объектларга тўсқинликсиз, зарурат бўлганда қулфлаш мосламалари ва бошқа ашёларни бузган ҳолда кириш, бу жойларни жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахслар таъқиб қилинаётганда ёхуд у ерда жиноят содир этилмоқда ёки содир этилган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яширинаётган шахс бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлса, агар кечиктириш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдирадиган бўлса, йигирма тўрт соат ичида прокурорга бу ҳақда хабар берган ҳолда, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаган ҳолда кўздан кечириш;

жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни топиш ва ушлаш мақсадида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг турар жойларида ва бошқа объектларида уларнинг розилиги билан вақтинча бўлиш;

давлат органларига ва бошқа ташкилотларга бориш, зарур бўлган ҳужжатлар ҳамда материаллар билан танишиш, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, фуқаролардан маълумотларни ва бошқа зарур ҳужжатларни ҳамда материалларни сўраш ва олиш;

Миллий гвардиянинг иш юритувида бўлган ишлар ва материаллар юзасидан фуқароларни, мансабдор шахсларни чақириш, зарур ҳужжатларни, маълумотларни ҳамда уларнинг кўчирма нусхаларини бепул олиш;

фуқароларни ўз розилиги билан Миллий гвардияга кўмаклашишга жалб этиш, кўмаклашган фуқароларни тақдирлаш;

давлат органларига ва бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан жиноятлар ҳолатларини аниқлаш ва суриштирув органларидан яшириниб юрган шахсларни қидириш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш учун бепул фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларнинг ходимларидан, мансабдор шахсларидан ва бошқа фуқаролардан объектга рухсатнома билан кириш ҳамда унинг ички режимларига риоя этишини талаб қилиш;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш ва Миллий гвардия органларига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб боришни амалга ошириш;

қўриқланадиган объектларга қонунга хилоф равишда кириб олган шахслар таъқиб қилинаётганда қўриқланадиган объектлар биноларига монеликсиз кириш ҳамда уларни кўздан кечириш;

қўриқланаётган объектларда жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб қилиш ва уларни Миллий гвардия органларига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб бориш учун ташкилотларнинг ҳамда қўриқланадиган объектлар мулкдорларининг транспорт воситаларидан фойдаланиш;

Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ички ишлар органларининг, шунингдек бошқа вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш;

фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;

жой участкаларини, турар жойларни, иморатларни ва бошқа объектларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш);

Миллий гвардиянинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

Миллий гвардия органларида давлат санитария ва ёнғин назоратини, шунингдек транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни амалга ошириш;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотдан фойдаланиш;

Миллий гвардияда ахборотни криптографик ҳимоя қилиш, махсус алоқа, давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ҳимоя қилиш, шу жумладан ҳисоблаш техника воситаларида (ахборотлаштириш воситаларида) ишлов бериш чоғида, ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш, давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни техник жиҳатдан ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлиги, махфий ахборот хавфсизлиги соҳасида фаолиятни ва назоратни амалга ошириш, шунингдек Миллий гвардия органлари фаолиятининг мазкур соҳаларида текширувларни амалга ошириш;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотга ишлов бериш ва уни техник жиҳатдан ҳимоя қилиш чоғида фойдаланиладиган ахборотлаштириш техника воситаларини ҳамда ахборотни техник жиҳатдан ҳимоя қилиш воситаларини сертификатлаштиришга, шунингдек ахборотлаштириш объектларининг Миллий гвардия органларидаги ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан аттестация ўтказишга доир фаолиятни амалга ошириш;

Миллий гвардия тизимида ўзини ўзи молиялаштириш асосида фаолиятни амалга оширувчи бўлинма ва бошқа тузилмалар (жанговар бўлинма ва тузилмалар бундан мустасно) ташкил этиш.

Миллий гвардия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



27-модда. Миллий гвардиянинг мажбуриятлари


Миллий гвардия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш чоғида:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриши;

жамоат жойларида, шу жумладан кўчаларда, майдонларда, истироҳат боғларида, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаши;

ғайриҳуқуқий қилмишларга чек қўйиши, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиши, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳолатларини, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириши, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса излари сақланишини таъминлаши;

жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ҳамда бошқа объектларига мулкдорларнинг ёки улар вакилларининг хоҳишига хилоф тарзда ёки улар йўқлигида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) кирганлигининг барча ҳоллари тўғрисида йигирма тўрт соат ичида прокурорни ёзма шаклда хабардор қилиши;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда ёки ҳодиса жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа ёрдам кўрсатилишини ташкил этиши;

жиноятлар фактлари бўйича жиноят ишларини қўзғатиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиши;

жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларни фош этиш, шунингдек уларга тайёргарлик кўришга ҳамда уларни содир этишга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш ва топиш чораларини кўриши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши, уларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон берган шарт-шароитларни аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриши, шунингдек экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича чоралар кўриши;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларни, чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини, консуллик муассасаларини ҳамда бошқа ваколатхоналарини, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини, шунингдек Миллий гвардия қўриқлаши лозим бўлган бошқа объектларни қўриқлашни амалга ошириши;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаши;

қўриқлаш фаолияти, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий ишларни амалга ошириши;

маълумот-ахборот фондларини шакллантириши, ҳисоб-ахборот тизимини яратиши, ҳисобни, давлат статистика ҳисоботини ва бошқа статистика ҳисоботини юритиши;

қўриқланаётган шахсларнинг ҳаракатланиш йўналишларида ва бўлиш жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши ҳамда уларга чек қўйиши;

террорчиликка қарши ва бошқа махсус тезкор-жанговар операциялар ўтказиладиган объект бўсағаларида рухсатсиз киришларга чек қўйиши, назорат-ўтказиш режимини ўрнатиши;

Миллий гвардия органларида махфийлик режими таъминланиши устидан назоратни ташкил этиши шарт.

Миллий гвардиянинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



5-БОБ. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯНИНГ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРИ (ХОДИМЛАРИ) ТОМОНИДАН

ЖИСМОНИЙ КУЧ ИШЛАТИШ, МАХСУС ВОСИТАЛАРНИ,

ЎҚОТАР ҚУРОЛНИ ҚЎЛЛАШ, ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ВА

ФУҚАРОЛАРНИНГ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


28-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни

ҳамда ўқотар қуролни қўллаш шартлари ва чегаралари


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

Миллий гвардиянинг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчилари ва хизматчилари Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) учун назарда тутилган ҳолларда ва тартибда жисмоний куч, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллашга ҳақли.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёки уларнинг қўлланилишидаги сусткашлик фуқароларнинг, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ҳамда соғлиғига бевосита хавф соладиган ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбий хизматчига (ходимга) тегишли сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) эгаллаб турган лавозимга лойиқлигини аниқлаш учун аттестациядан ўтади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими), агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун мазкур моддада ҳамда ушбу Қонуннинг 30 ва 31-моддаларида назарда тутилган асослар юзага келиши мумкин деб ҳисобласа, уларни қўллаш учун тайёрлаш ва жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши ёки ташкил этилиши керак ва бу ҳақда уларнинг қариндошлари йигирма тўрт соат ичида хабардор қилиниши керак.

Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) бевосита командирига (бошлиғига) дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида Миллий гвардия тегишли прокурорга дарҳол хабар беради.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у халоқ бўлса, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлаш бўйича чораларни кўриши шарт.



29-модда. Жисмоний куч ишлатиш


Агар куч ишлатилмайдиган усуллар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, улар қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва бошқа ҳуқуқбузарликларга барҳам беришда;

жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлашда ва олиб боришда;

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этишда.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилинганлиги ҳоллари мустасно.



30-модда. Махсус воситаларни қўллаш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) махсус воситаларни:

фуқарога ёки Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) қилинган ҳужумни қайтаришда;

жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка барҳам беришда;

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) қаршилик кўрсатилишига барҳам беришда;

жиноятни содир этиши чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

ушлаб турилган шахсларни олиб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;

зўравонлик ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларга чек қўйишда;

ҳайдовчиси Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатишда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилишда, ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйишда қўллаш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қуйидаги махсус воситаларни:

а) резина таёқларни, шикастлантирувчи қуролни, қўлкишанларни ёки бошқа боғлаш воситаларини, электрошок қурилмаларини, таъсирлантириш хусусиятига эга бўлган воситаларни, хизмат ҳайвонларини қуйидаги ҳолларда:

фуқарога ёки Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) қилинган ҳужумни қайтаришда;

жиноятга барҳам беришда;

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) қаршилик кўрсатилишига барҳам беришда;

жиноятни содир этиши чоғида кўриб қолинган ёки уни содир этганидан кейин дарҳол яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

зўрлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ва шахсларни ҳимоя қилишда;

ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсишда;

б) махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар, муҳофаза қилинадиган объектларни (ҳудудларни) ва шахсларни ҳимоя қилиш, ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиш воситаларини қуйидаги ҳолларда:

муҳофаза қилинадиган объектларни ва шахсларни ҳимоя қилишда;

ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсишда;

в) чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламаларини қуйидаги ҳолларда:

зўрлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ва шахсларни ҳимоя қилишда;

ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсишда;

г) зирҳли машиналар, махсус машиналар, сув билан зарба берувчи машиналар ва катерларни қуйидаги ҳолларда:

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

зўрлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

давлат ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига нисбатан куч ишлатиш билан боғлиқ оммавий тартибсизликларга ҳамда рухсат этилмаган митингларга чек қўйишда қўллаш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу Қонунда ўқотар қуролни қўллаш рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга ҳамда ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни, шу жумладан шикастлантирувчи қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади, бундан одам қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Миллий гвардия таъминотида турган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



31-модда. Ўқотар қуролни қўллаш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан фуқароларни ёхуд ўзини ҳимоя қилишда;

гаровдагиларни озод қилишда;

ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, транспорт воситасини, махсус ва жанговар техникани эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

фуқароларнинг уй-жойларига, қўриқланадиган объектларга ва шахсларга гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни ёки қуролли ҳужумни қайтаришда;

қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ўзидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

қуролни қўллаш нияти ҳақида огоҳлантириш зарурати туғилганда, шунингдек юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигналини беришда ёки ёрдам чақиришда.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Агар ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас, бундан террорчилик ҳаракатининг олдини олиш, гаровдагиларни озод қилиш, қуролли ҳужумни қайтариш ҳоллари мустасно.

Миллий гвардия қуроллантириладиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



32-модда. Давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг

ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига етказиш, жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб бориш, ҳодиса жойига етиб олиш учун давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан, бундан чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари мустасно, мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин бўлиб, бунда транспорт воситасидан фойдаланилганлиги фактини тасдиқловчи ва ундан фойдаланган Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисини (ходимини) идентификацияловчи ҳужжат берилади.

Транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Миллий гвардия томонидан қопланади.



6-БОБ. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯНИНГ

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИНИ (ХОДИМЛАРИНИ)

ҲУҚУҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


33-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисини

(ходимини) ҳуқуқий ҳимоя қилиш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига (командирига) бўйсунади.

Қонун билан тўғридан-тўғри ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний фаолиятига аралашишга, шунингдек Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисини (ходимини) қонун билан Миллий гвардия зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси (ходими) ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтиришлар беришга, шунингдек бундай ишлар ҳамда материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўзига нисбатан қабул қилинаётган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) юзасидан Миллий гвардиянинг юқори турувчи мансабдор шахсига белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



34-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини

(ходимларини) ижтимоий ҳимоя қилиш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади:

соғлиғини сақлаш;

пул таъминотини тўлаш;

уй-жой майдони билан таъминлаш;

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;

давлат пенсия таъминоти;

давлат суғуртаси;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш.

Қонун ҳужжатларида Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ижтимоий ҳимоя қилишнинг бошқа чора-тадбирлари ҳам назарда тутилиши мумкин.



35-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) соғлиғини сақлаш


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларига, катта офицерлар таркибининг оила аъзоларига (эри, хотини, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бўлган шахс бўлиб қолган ўн саккиз ёшдан ошган фарзандлари, таълим муассасаларида таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган йигирма уч ёшгача бўлган фарзандлари), ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларига Миллий гвардиянинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасалари томонидан бепул тиббий таъминот берилади.

Миллий гвардия ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида қонун ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган тартибда бепул тиббий таъминот берилади.

Миллий гвардия пенсионерларига (контракт бўйича собиқ ҳарбий хизматчилар, генераллар ва ходимлар) ҳамда уларнинг оила аъзоларига бепул тиббий таъминот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари), пенсионерлари бир йилда бир марта имтиёзли шартларда санаторий-курорт шароитида даволаниш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг), пенсионерларининг ва улар оила аъзоларининг соғлиғини сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган дори воситалари, тиббий буюмлар ва асбоб-ускуналар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олинади.

Зарур бўлган ҳолларда, шошилинч тиббий ёрдам ва режали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) тиббий кўрсатмалар бўйича тиббий ёрдам олиш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юбориш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Махсус комиссияси хулосаси асосида амалга оширилади.

Ходимларни тиббий текширувдан ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш, ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тиббий-санитария ҳамда санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.



36-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) таъминоти


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда пул, озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминоти билан таъминланади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини), бундан жисмоний ва юридик шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар мустасно, кўрсатилган таъминот турлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



37-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини

(ходимларини) уй-жой майдони билан таъминлаш


Миллий гвардиянинг уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган ҳарбий хизматчилари (ходимлари) белгиланган тартибда уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардия хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) турар жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) қонунчиликда белгиланадиган тартибда узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар олиш, шунингдек ер участкаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда электрон-онлайн аукционлар воситасида сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қопланиши ҳуқуқи берилади.

Миллий гвардиянинг жанговар ва махсус вазифаларни бажаришда бевосита иштирок этган ҳамда бунинг оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган ҳарбий хизматчиларига (ходимларига), шунингдек Миллий гвардиянинг жанговар вазифаларни бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари (ходимлари) оила аъзоларига қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилади, бунда ҳарбий хизматни (хизматни) ўташ жойи бўйича ҳалоқ бўлган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ажратилган уй-жой майдони мулк ҳуқуқи асосида уларнинг оила аъзоларида қолади.



38-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг

(ходимининг) мол-мулкига етказилган

зарарнинг ўрнини қоплаш


Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши туфайли етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.



39-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) давлат пенсия таъминоти


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари), боқувчисини йўқотган тақдирда эса уларнинг оила аъзолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда давлат пенсия таъминотини олиш ҳуқуқига эга.



40-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) давлат суғуртаси


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.



41-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларига

(ходимларига) ва уларнинг оилаларига ижтимоий

ёрдам кўрсатиш


Миллий гвардиянинг жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этган ҳарбий хизматчиларига (ходимларига), шунингдек жанговар ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига нисбатан тегишинча уруш қатнашчилари ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.

Миллий гвардия қўмондони хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳатлари олган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига), шунингдек ҳалок бўлганларнинг оилаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда бир марталик нафақалар тайинлашга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) фарзандларига уларни Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилишда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда имтиёзлар берилиши мумкин.



42-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари

(ходимлари) томонидан хизмат мажбуриятларини бажариш

чоғида транспорт воситаларидан фойдаланиш тартиби


Миллий гвардия махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан Миллий гвардияга тегишлиликни билдирувчи махсус ёруғлик ва товушли сигналларга, рангдор бўёқли графика схемаларига эга бўлган махсус автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Хизмат сафарига юбориладиган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) сафар гувоҳномаси кўрсатилганидан кейин транспортнинг барча турларига йўл ҳужжатларини навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади.

Шахсий транспортдан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланадиган Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.



43-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) дахлсизлик кафолатлари


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳарбий хизматчи (ходим) тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.



44-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг

(ходимининг) бошқа органлар ва ташкилотларга

тайинланиши (юборилиши) чоғидаги кафолатлар


Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқиш учун юборилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даврида Миллий гвардия кадрларининг амалдаги захирасига киритилиши мумкин. Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) тугатилганидан кейин Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) илгариги иши (лавозими), ушбу иш (лавозим) йўқлигида эса унга тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) ҳарбий (махсус) унвонлар, охирги эгаллаган лавозимидан қатъи назар, белгиланган тартибда берилади.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) белгиланган муддат хизмат қилганлиги учун устама ҳақ тўлаш, навбатдаги ҳарбий (махсус) унвонни бериш ва пенсия тайинлаш учун Миллий гвардиядаги ҳарбий хизмат (хизмат) стажига қўшиб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ҳарбий хизматдан (хизматдан) бўшатилганда, шунингдек уларнинг оила аъзолари Миллий гвардиядан бўшатилган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) билан тенг равишда ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланади.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондонининг буйруқлари билан тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, Давлат хавфсизлик хизматининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг қўшинлари ва органларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан ташкил этиладиган ҳарбийлаштирилган тузилмаларга, шунингдек ички ишлар органларига ўтказилиши ҳамда улар Миллий гвардиядаги ҳақиқий ҳарбий хизматга шахсий тартибда тайинланганлиги муносабати билан ёки бундан буён хизматни ўташ учун қайтариб олиниши мумкин.


45-модда. Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини

(ходимларини) ишга жойлаштириш кафолатлари


Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинган ҳарбий хизматчи (ходим) ҳарбий хизматдан (хизматдан) бўшатилганидан кейин, агар у бўшатилган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай ишга жойлашиш масаласи юзасидан иш берувчига мурожаат қилган бўлса, аввалги иш жойи бўйича ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ташкилотнинг тугатилганлиги сабабли аввалги иш жойи бўйича ишга жойлашиш имкони бўлмаган тақдирда, бўшатилган ҳарбий хизматчи (хизматчи) меҳнат органларининг йўлланмасига кўра бепул касбий таълим олиш (қайта таълим олиш, малака ошириш) ҳуқуқига эга.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46-модда. Миллий гвардиянинг молиявий

ва моддий-техника таъминоти


Миллий гвардиянинг молиявий ва моддий-техника таъминоти, бундан жисмоний ва юридик шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар мустасно, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Миллий гвардиянинг жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалари ушбу шахсларнинг маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Миллий гвардия бўлинмаларининг молиявий, моддий-техника, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий таъминоти ва бошқа таъминот турлари Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланадиган нормалар ҳамда табеллар бўйича амалга оширилади.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Формали кийим-бошнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. Формали кийим-бошни кийиш қоидалари Миллий гвардия томонидан тасдиқланади.

Миллий гвардияда бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилади, уни шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Миллий гвардия учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



47-модда. Миллий гвардиянинг рамзлари


Миллий гвардия байроққа, эмблемага, вимпелга ва бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин.

Миллий гвардиянинг рамзлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



48-модда. Халқаро ҳамкорлик


Миллий гвардия чет давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва бошқа ташкилотлари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни амалга оширади, белгиланган тартибда халқаро шартномалар тузади ва ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини таъминлайди.



49-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг

(ходимларининг) жавобгарлиги


Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қонунга хилоф ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонунга хилоф ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни Миллий гвардия томонидан Миллий гвардиянинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим бўлиб, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиси хизмат интизомини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ, Миллий гвардия ходими - Интизом уставида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



50-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



51-модда. Миллий гвардиянинг фаолиятида қонунларга

риоя этилиши устидан назорат


Миллий гвардиянинг фаолиятида қонунларнинг аниқ ҳамда бир хил ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Прокурорлар Миллий гвардиянинг жанговар-хизмат фаолияти тўғрисида ўзига тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллардаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.



52-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



53-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



54-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 ноябрь









































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск