ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Қуролли кучлардаги кадрлар. Ижтимоий ҳимоя /

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлов тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 01.12.2020 й. ПҚ-4905-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 1 декабрдаги

ПҚ-4905-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида

ўз касбининг устаси унвони учун

кўрик-танлов тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловни (кейинги ўринларда - кўрик-танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг (кейинги ўринларда - Мудофаа вазирлиги), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - ИИВ), Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг (кейинги ўринларда - Миллий гвардия) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг (кейинги ўринларда - ДХХ Чегара қўшинлари) қўшилма, қисм ва олий ҳарбий таълим муассасаларида (кейинги ўринларда - ҳарбий қисмлар) контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилади.


3. Кўрик-танловда:

"Энг илғор сержант" номинацияси бўйича - ҳарбий қисмларда сержантлар таркиби лавозимларида бир йилдан ортиқ муддат давомида ҳарбий хизматни ўтаётган сержантлар;

"Энг илғор гуруҳ командири" номинацияси бўйича - ҳарбий қисмларда гуруҳ командири лавозимида бир йилдан ортиқ муддат давомида ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар;

"Энг илғор взвод командири" номинацияси бўйича - ҳарбий қисмларда взвод командири лавозимида ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар;

"Энг илғор батальон командири" номинацияси бўйича - ҳарбий қисмларда батальон командири лавозимида ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар;

"Энг илғор бригада командири" номинацияси бўйича - бригада командири лавозимида ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар қатнашади.


4. Кўрик-танловнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

ҳарбий хизмат нуфузини янада ошириш, ҳарбий хизматчиларда ўз касбига садоқат ҳисларини кучайтириш, улар ўртасидаги ўзаро соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш;

жанговар тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, қўшинларнинг юқори жанговар шайлигини сақлаб туриш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида юксак ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш;

командирлик ва жанговар тайёргарлик дастурларининг самарали ўзлаштирилиши, шахсий таркибнинг индивидуал касбий маҳоратини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

қўмондонлик бўғинига мансуб ҳарбий хизматчиларнинг касбий ўсиши, уларнинг ҳарбий билимларини оширишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, интеллектуал салоҳияти ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш;

кадрлар билан ишлашни такомиллаштириш, юқори лавозимларга тайинлаш учун энг яхши тайёргарликка эга, истиқболли офицер ва сержантлар захирасини шакллантириш.


5. Кўрик-танлов ушбу Низомга иловадаги схема бўйича ўтказилади.



2-БОБ. КЎРИК-ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Кўрик-танловни ташкил этиш ва

ўтказишнинг умумий талаблари


6. Кўрик-танлов ҳар йили 1 июндан 30 декабрга қадар қуйидаги тартибда ўтказилади:

саралаш босқичи - июнь-июль ойларида Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларида;

округ босқичи - август-октябрь ойларида Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинлари округ (бошқарма, бирлашма)ларида;

республика босқичи - ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари миқёсида.


7. Кўрик-танловнинг саралаш ва округ босқичлари Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинларида идоравий комиссияларни (кейинги ўринларда - идоравий комиссия) тузган ҳолда ўтказилади. Идоравий комиссия раис ва 6 кишидан иборат таркибда тузилади.


8. Кўрик-танловнинг республика босқичини ўтказиш учун қуйидаги таркибда республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси) тузилади:

раис - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари;

аъзолар - Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия, ДХХ Чегара қўшинлари марказий аппаратларининг бошқармалари, бўлимлари ва хизматлари офицерлари (12 киши).


9. Республика босқичи Мудофаа вазирлиги умумқўшин полигонларидан бирининг базасида ўтказилади.


10. Кўрик-танлов комиссиялари ўз фаолиятини ҳар йили 1 июндан 30 декабрга қадар олиб боради.



2-§. Кўрик-танловнинг саралаш босқичини

ўтказиш тартиби


11. Кўрик-танловнинг саралаш босқичида номзодларни саралаш аввалги ўқув йилида эришилган натижаларни таҳлил қилган ҳолда қуйидаги тартибда амалга оширилади:

"Энг илғор сержант" номинацияси бўйича - ҳарбий қисмлар сержантлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишида тақдим қилинган номзодларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий сифатлари, функционал вазифаларини (лавозим мажбуриятларини) қай даражада билиши ва бажариши, ўзига ишониб топширилган қурол-аслаҳа, ҳарбий техниканинг ҳолати, шунингдек, командирлик ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурининг асосий фанларини ўзлаштирганлик даражасини муҳокама қилиш йўли билан;

"Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири" ва "Энг илғор батальон командири" номинациялари бўйича гуруҳ, взвод, батальон командирлари - ҳарбий қисмлар офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишида номзодларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий сифатлари, функционал вазифаларини (лавозим мажбуриятларини) қай даражада билиши ва бажариши, шунингдек, командирлик тайёргарлик дастурининг асосий фанларини ўзлаштирганлик даражасини (номзод қўмондонлик қиладиган бўйсунувчи бўлинманинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича эришган натижаларини ҳисобга олган ҳолда) муҳокама қилиш йўли билан.


12. Саралаш тадбирлари натижалари бўйича идоравий комиссия номзодларни кўрик-танловнинг округ босқичида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Идоравий комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда кўрик-танловнинг округ босқичида иштирок этишга тавсия этилган номзодларнинг номма-ном рўйхати кўрсатилади.



3-§. Кўрик-танловнинг округ босқичини

ўтказиш тартиби


13. Кўрик-танловнинг округ босқичи Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинларининг командирлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича амалдаги дастурлари асосида ишлаб чиқилган назарий ва амалий қисмлардан иборат дастурларга мувофиқ ташкил этиладиган, кўрик-танловни ўтказиш бўйича комиссия раиси раҳбарлигидаги беш кунлик йиғинлар давомида "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири" ва "Энг илғор батальон командири" номинациялари бўйича қатнашаётган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.

Иштирокчиларнинг билимлари кўп балли тизим бўйича баҳоланади.


14. Дастурнинг назарий қисми компьютердан фойдаланган ҳолда бериладиган тест саволларига иштирокчилар томонидан тўғри жавобларни белгилаш йўли билан ўтказилади.

Тест саволлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Умумҳарбий низомлари ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича ўтилган мавзуларда иштирокчиларнинг олган билимларни ўзлаштиришини аниқлаш имкониятини берадиган материаллар асосида тузилади.

Тест саволларининг рўйхати, тест синовларини ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари идоравий комиссия қарори билан тасдиқланади.


15. Дастурнинг амалий қисми иштирокчилар томонидан амалий отиш машқларини бажариш, тактик ва жисмоний тайёргарлик нормативларини топшириш орқали ўтказилади.

Амалий отиш машқларини бажариш, тактик ва жисмоний тайёргарлик нормативларини топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари идоравий комиссия қарори билан тасдиқланади.


16. Тест саволларига жавоб бериш, амалий отиш машқларини бажариш, тактик ва жисмоний тайёргарлик нормативларини топшириш натижалари бўйича тўпланган баллар қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний бали чиқарилади.

Ғолиб ва совриндорлар баллар йиғиндиси якуни бўйича аниқланади.


17. Икки ва ундан ортиқ иштирокчиларнинг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда, жисмоний тайёргарлиги бўйича энг яхши натижа кўрсатган иштирокчи ғолиб деб топилади.


18. "Энг илғор бригада командири" номинацияси бўйича - округ (бошқарма, бирлашма) офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилишларида номзоднинг касбий ва маънавий-ахлоқий сифатлари, функционал вазифаларини (лавозим мажбуриятларини) қай даражада билиши ва бажариши, командирлик тайёргарлик дастурининг асосий фанларини ўзлаштирганлик даражасини (бўйсунувчи бўлинманинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича эришган натижаларини ҳисобга олган ҳолда) муҳокама қилиш йўли билан саралаб олинади ва номзодлар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этишга тавсия этилади.

Умумий йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этишга тавсия этилган номзодларнинг номма-ном рўйхати кўрсатилади ҳамда идоравий комиссияга тақдим этилади.


19. Идоравий комиссия офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилиши томонидан тавсия этилган "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири" ва "Энг илғор батальон командири" номинациялари, шунингдек, "Энг илғор бригада командири" номинацияси бўйича ғолибларнинг умумлаштирилган рўйхатини тасдиқлайди ҳамда Республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этади.



4-§. Кўрик-танловнинг республика босқичини

ўтказиш тартиби


20. Кўрик-танловнинг республика босқичи Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинларининг командирлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича амалдаги дастурларига мувофиқ беш кунлик йиғинлар давомида "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири", "Энг илғор батальон командири" ва "Энг илғор бригада командири" номинациялари бўйича қатнашаётган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.

Иштирокчиларнинг билимлари кўп балли тизим бўйича баҳоланади.


21. Дастурнинг назарий қисми компьютердан фойдаланган ҳолда бериладиган тест саволларига иштирокчилар томонидан тўғри жавобларни белгилаш йўли билан ўтказилади.

Тест саволлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Умумҳарбий низомлари ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича ўтилган мавзуларда иштирокчиларнинг олган билимларини аниқлаш имкониятини берадиган материаллар асосида Республика комиссияси томонидан тузилади.

Тест саволларининг рўйхати, тест синовларини ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловнинг ташкилий қўмитаси қарори билан тасдиқланади.


22. Дастурнинг амалий қисмида барча иштирокчилар амалий отиш машқларини бажаради, жисмоний ва тактик тайёргарлик бўйича нормативларни топширади.

Амалий отиш машқларини бажариш, жисмоний ва тактик тайёргарлик бўйича нормативларни топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари Республика комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловнинг ташкилий қўмитаси қарори билан тасдиқланади.


23. Тест саволларига жавоб бериш, амалий отиш машқларини бажариш, жисмоний ва тактик тайёргарлик нормативларни топшириш бўйича тўпланган баллар қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний бали чиқарилади.

Ғолиб ва совриндорлар якуний баллар йиғиндиси бўйича аниқланади.


24. Икки ва ундан ортиқ иштирокчиларнинг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда, жисмоний тайёргарлиги бўйича энг яхши натижа кўрсатган иштирокчи ғолиб деб топилади.


25. Кўрик-танловнинг республика босқичи якуни бўйича Республика комиссияси томонидан "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири", "Энг илғор батальон командири" ва "Энг илғор бригада командири" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади ва уларнинг рўйхати тасдиқланади.

Кўрик-танловнинг республика босқичи натижалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловнинг ташкилий қўмитаси қарори билан расмийлаштирилади. Қарорга Республика комиссияси томонидан тасдиқланган "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири", "Энг илғор батальон командири" ва "Энг илғор бригада командири" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар рўйхати илова қилинади.



3-БОБ. КЎРИК-ТАНЛОВНИНГ ҒОЛИБ ВА

СОВРИНДОРЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ


26. Кўрик-танловнинг округ ва республика босқичларида 1-ўринни эгаллаган иштирокчилар ғолиб, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар совриндорлар деб ҳисобланади.


27. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари қуйидаги тартибда тақдирланади:


а) округ босқичида:

1-ўрин учун - диплом ва лавозим маошининг бир баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

2-ўрин учун - лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун - лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;


б) республика босқичида:

1-ўрин учун - I даражали диплом ҳарбий унвон ва лавозим маошининг уч баравари миқдоридаги бир йўла тўланадиган пул мукофоти ҳамда навбатдаги малака тоифаси;

2-ўрин учун - II даражали диплом ҳарбий унвон ва лавозим маошининг икки баравари миқдоридаги бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун - III даражали диплом ҳарбий унвон ва лавозим маошининг бир баравари миқдоридаги бир йўла тўланадиган пул мукофоти.


28. Танлов ғолиблари ва совриндорларига тўланадиган пул мукофотлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардиясига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.


29. Кўрик-танловнинг округ босқичи ғолиб ва совриндорларига диплом ва пул мукофотлари Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари, Миллий гвардия, ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва Қоровул қўшинлари қўмондонликлари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари оператив қўмондонликларининг ҳар йили октябрь ойида ўтказиладиган йиғилишларида тантанали равишда топширилади.


30. Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиб ва совриндорлари Ватан ҳимоячилари куни муносабати ўтказиладиган асосий байрам тадбирида эълон қилинади ва тақдирланади.



4-БОБ. ҒОЛИБЛАРГА БЕРИЛАДИГАН

ИМТИЁЗЛАР


31. Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолибларига қуйидаги имтиёзлар берилади:

"Энг илғор сержант" номинацияси бўйича ғолибларга - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига танловдан ташқари ўқишга кириш;

"Энг илғор гуруҳ командири" номинацияси бўйича ғолибларга - юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

"Энг илғор взвод командири" номинацияси бўйича ғолибларга - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси малака ошириш факультетининг олий курсларига танловсиз ўқишга кириш, шунингдек, юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

"Энг илғор батальон командири" номинацияси бўйича ғолибларга - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясининг ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетига танловсиз ўқишга кириш, шунингдек, юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

"Энг илғор бригада командири" номинацияси бўйича ғолибларга - юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Кўрик-танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар кўрик-танлов натижалари ўқиб эшиттирилган кундан бошлаб 1 кун давомида апелляция комиссияларига (кейинги ўринларда - апелляция комиссиялари) апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция 1 кун ичида кўриб чиқилади.


33. Кўрик-танловнинг саралаш ва округ босқичи апелляция комиссиялари тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, республика босқичи апелляция комиссияси - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари томонидан тузилади.

Апелляция комиссиялари таркибига кўрик-танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этмаган шахслар киритилади.

Апелляция комиссиялари раислари, аъзолари ва уларнинг сони саралаш ва округ босқичи учун вазирлик ва идоралар раҳбарлари, республика босқичи учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари томонидан белгиланади.


34. Иштирокчиларнинг апелляция аризасини кўриб чиқишда уларнинг ўзи ҳам иштирок этишлари мумкин.


35. Апелляция комиссиялари иштирокчиларнинг апелляциясини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади.


36. Апелляция комиссиялари тегишли қарор апелляция берган иштирокчига етказилишини таъминлайди.


37. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида

ўз касбинингустаси унвони учун

кўрик-танловни ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Кўрик-танлов иштирокчилари

Муддатлар

1-босқич

Идоравий комиссия

(саралаш босқичи)


1. Кўрик-танловнинг "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири" ва "Энг илғор батальон командири" номинациялари бўйича саралаш босқичини ўтказиш.


2. Саралаш тадбирлари натижалари бўйича номзодларни кўрик-танловнинг округ босқичида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари


Июнь-июль




  

2-босқич


Идоравий комиссия

(округ босқичи)


1. Кўрик-танловнинг "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири" ва "Энг илғор батальон командири" номинациялари бўйича округ босқичини ўтказиш.


2. Умумий йиғилишларда муҳокама қилиш йўли билан "Энг илғор бригада командири" номинацияси бўйича номзодларни саралаб олиш.


3. Тегишли номинациялар бўйича ғолиблар, шунингдек, "Энг илғор бригада командири" номинацияси бўйича тавсия этилган номзодларнинг умумлаштирилган рўйхатини тузиш ҳамда Республика комиссиясига тақдим этиш.


Саралаш босқичида саралашдан ўтган

ҳарбий хизматчилар


Август-октябрь




  

3-босқич

Республика комиссияси

(республика босқичи)


1. Ташкил этиладиган беш кунлик йиғинлар давомида Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва ДХХ Чегара қўшинларидан кўрсатилган номзодлар ўртасида  кўрик-танловнинг республика босқичини ўтказиш.


2. Тест саволларига жавоб бериш, амалий отиш машқларини бажариш, жисмоний ва тактик тайёргарлик нормативларни топшириш бўйича тўпланган балларни қўшиш, ҳар бир иштирокчининг якуний баллари йиғиндисини чиқариш.


3. Баллар йиғиндиси якунига кўра ғолиб ва совриндорларни аниқлаш.


Округ босқичида саралашдан ўтган ғолиблар ва ҳарбий хизматчилар


Ноябрь-декабрь




  

4-босқич

Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ИИВ, ДХХ


1. "Энг илғор сержант", "Энг илғор гуруҳ командири", "Энг илғор взвод командири", "Энг илғор батальон командири" ва "Энг илғор бригада командири" номинациялари бўйича кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш.


Округ ва республика босқичларининг ғолиблари


Октябрь,

январь





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 2 декабрь















































Время: 0.0191
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск