ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Тиббиёт олий ўқув юртлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.12.2020 й. ПҚ-4911-сон "Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.12.2020 й.

N ПҚ-4911



ФАРҒОНА ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ

ТИББИЁТ ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида юқори малакага эга олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, ходимларни касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари, шу жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш мақсадида:


1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг:

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш;

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасини Институтнинг клиник базаси этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

соғлиқни сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги муассасалари учун тор соҳадаги мутахассисликлар бўйича шифокорларни тайёрлашни ташкил этиш;

етакчи хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун қўшма таълим ва академик мобиллик дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;

замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор ва масофавий таълим технологияларини кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш;

илмий-педагогик салоҳиятнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини фаол такомиллаштириш;

соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини, касалликлар профилактикаси, паразитология, микробиология, вирусология, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш масалалари бўйича истиқболли инновацион, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларнинг натижаларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммолар ечимига қаратиш;

бириктирилган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, улар фаолиятини самарали ташкил қилиш, илмий-услубий ёрдам кўрсатиб бориш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи тиббиёт ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари билан таълим ҳамда илм-фан соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.


3. Белгилансинки:

Институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварағига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади;

Институт Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институтга қабул ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади;

Институт Фарғона вилоятидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида аниқ фанлар бўйича дарс машғулотларини олиб борувчи ўқитувчиларга доимий равишда илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради.


4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш. Иноятов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (У.Ш. Бегимқулов) уч ой муддатда Институтга юқори салоҳиятга, жумладан, фан номзоди, фан доктори илмий даражасига эга бўлган профессор-ўқитувчиларни жалб қилсин.


5. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Давлат бюджети, талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.


6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш. Иноятов) икки ой муддатда:

Институтда ўқув-методик жараённи ташкил этиш, белгиланган тартибда штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

Институт ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан бойитиш;

Институт кафедраларини йўналишига мос ҳамда имконияти кенг бўлган Фарғона вилоятида жойлашган давлат тиббиёт ташкилотларида жойлаштириш;

республикадаги тиббиёт олий таълим муассасалари ва бошқа хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Институтда онлайн маъруза ўтказиш ва масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун телекоммуникация жиҳозлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.


7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда "Эл-юрт умиди" жамғармаси:

Институтни салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида етакчи олий таълим муассасаларида тегишли соҳалар бўйича 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишлари, клиник ординатура, магистратура мутахассисликлари ва 2021 йилдан бошлаб таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш;

илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, кадрлар буюртмачиси бўлган ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича фан дастурларини такомиллаштирилган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш;

бошқариш тизими самарадорлиги ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар, улар томонидан таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигига холисона баҳо бериш;

истиқболли қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, хорижий профессор-ўқитувчилар ва ватандошларни жалб этиш чораларини кўрсин.


8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.


9. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.А. Пекось) Институт мурожаатига мувофиқ уни белгиланган тартибда юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш чораларини кўрсин.


10. Фарғона вилояти ҳокимлиги (Х.Х. Бозаров) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов) билан биргаликда Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги "Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4310-сон қарорига 5-илованинг "Тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари, уларнинг филиаллари ва клиникалари" блоки 9-11-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"9. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти

10. Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали

11. Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали".

Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш. Иноятов, Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Х.Х. Бозаров белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Туйчиев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 4 декабрь


"Халқ сўзи", 2020 йил 4 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 7 декабрь, 48-сон, 537-модда














































Время: 0.2019
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск