ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.12.2020 й. ПҚ-4910-сон "Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.12.2020 й.

N ПҚ-4910



ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИ САРАЛАБ

ОЛИШ ТИЗИМИ ВА АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотларни тизимли амалга ошириш, шунингдек, академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:


1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда ҳузурида академик лицейлар мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари) иқтидорли ёшларни академик лицейларга саралаб олиш тизимини самарали ташкил этиш, академик лицейларда таълим сифатини мунтазам ошириб бориш, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш учун шахсан масъул ва жавобгар этиб белгилансин.

Ҳузурида академик лицейлар мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари):

тегишли академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш учун илғор хорижий мамлакатлар малакали экспертларини жалб қилсин;

академик лицей ўқувчиларининг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқиши учун дарс машғулотларига юқори малакали педагоглар жалб қилиниши ва зарурий шароитлар яратилишини таъминласин;

олий таълим муассасалари проректорлари (филиал директори ўринбосарлари)ни ўз йўналишлари бўйича академик лицейлар фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва назорат қилиш учун масъул этиб белгиласин;

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, шу жумладан, раҳбар ходимлари белгиланган тартибда академик лицейларнинг дарс машғулотларига жалб қилинишини таъминласин;

академик лицейларнинг таълим инфратузилмаси мунтазам равишда ривожлантириб борилишини ташкил этсин.


2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар (бундан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия мустасно) тизимидаги олий таълим муассасалари, шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари ҳузуридаги академик лицейларда (қарор бўйича матнда - академик лицейлар) ўқувчи ёшларга таълим беришда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:

иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни академик лицейларга саралаб олиш, чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитиш;

ўқувчи ёшларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш;

ўқувчиларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ватанпарварлик, изланувчанлик ва яратувчанлик руҳида тарбиялаш;

академик лицейларда таълим сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, ўқувчиларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, уларни "устоз-шогирд" тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларга бириктириш;

таълим жараёнини мазмунли ва самарали ташкил этиш учун педагоглар малакасини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш тизимини ислоҳ қилиш;

замонавий таълим инфратузилмаси талабларидан келиб чиқиб, академик лицейлардаги мавжуд моддий-техник базани мустаҳкамлаб бориш, билимларни мустақил шакллантириш учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш.


3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ў.Р. Саломов) уч ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи ўқув меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

умумтаълим фанлар соати ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соатини ошириш ҳамда улар улушини камида 50 фоизга етказиш;

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартида 10-11-синф ўқувчилари умумтаълим тайёргарлигига қўйилган мажбурий талабларни шакллантириш билан бирга уларнинг иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш имконини берувчи ўқув дастурлари асосида ўқитиш тартибини жорий этиш;

таълим босқичлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларининг турдош таълим йўналишларида такроран ўқитиладиган фанларни академик лицейлар ўқув дастуридаги тегишли фанлар билан унификация қилиш.


4. Белгилаб қўйилсинки, академик лицейларда ўқиш даврида унификация қилинган фанларни ўзлаштирган, олий таълим муассасаларида талабаликка қабул қилинган таълим олувчилар учун ушбу фанларни ўзлаштириш ихтиёрий ҳисобланади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги унификация қилинган фанлар бўйича дарс машғулотлари тегишли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилишини таъминласин.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идораларнинг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

академик лицейларга иқтидорли ёшларни саралаб олиш механизмини 1-иловага мувофиқ жорий этиш;

тажриба тариқасида, рўйхати 2-иловада келтирилган академик лицейларга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан махсус ҳудудларда ўтказиладиган тест синовлари билан биргаликда дастлабки ёзма имтиҳон асосида иқтидорли ёшларни саралаб олишнинг икки босқичли тизимини (кейинги ўринларда - икки босқичли тизим) амалга киритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. Бунда, 1-иловада назарда тутилган фан олимпиадалари, танлов ғолиблари ва фанларни ўзлаштириш сертификатига эга бўлганлар учун имтиёзлар мазкур академик лицейларга ўқишга қабул қилишда ҳам инобатга олиниши белгилансин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

академик лицейларга ҳужжат топширувчиларни рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;

академик лицейнинг тегишли йўналишида ўқиш учун келиб тушган аризалар сони белгиланган қабул параметрига 2:1 нисбатдан кам бўлган ҳолларда мазкур йўналиш бўйича қабул параметрлари тегишли ўқув йили учун аризалар сонига нисбатан икки баравар қисқартирилади, бундан мазкур йўналиш учун бир академик гуруҳ ўқувчилари сонига тенг бўлган ҳоллар мустасно;

икки босқичли тизимда дастлабки ёзма имтиҳон кириш тест синовларидан аввал бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасаси назорати остида академик лицей томонидан ўтказилади ҳамда унинг якунлари бўйича ўқувчиларни кириш тест синовларини топширувчилар рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади;

икки босқичли тизимда дастлабки ёзма имтиҳонни ўтказиш тартиби ҳамда баҳолаш мезонлари бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланади ҳамда 2021 йил 1 февралга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ў.Р. Саломов) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда - Таълим инспекцияси) (У.Н. Ташкенбаев), тизимида олий таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 15 декабрга қадар тажриба натижаларидан келиб чиқиб барча академик лицейларга икки босқичли тизим асосида қабул қилиш тартиби тўғрисида асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


9. Академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича комиссия 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Қуйидагилар академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича комиссиянинг (Ў.Р. Саломов) асосий вазифалари этиб белгилансин:

академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш соҳасидаги дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

ўрта махсус таълим соҳасида иштирок этувчи вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш;

жамоатчилик фикрини ўрганиш, илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш, педагоглар ва ўқувчилар ўртасида сўровлар ўтказиш асосида академик лицейларда таълим сифатини ошириш ва инфратузилмасини яхшилаш, таълим жараёнига ахборот технологияларини татбиқ этишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини ташкил этиш;

академик лицейларда таълим фаолиятининг ташкил этилиши, улар фаолиятини бошқариш тизимининг самарадорлиги, яратилган шароитлар, қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигини мунтазам равишда ўрганиб бориш ва баҳо бериш;

академик лицейларда таълим сифатига, жумладан, улар рейтингига оид кўрсаткичларни танқидий таҳлил қилиш ҳамда улар юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳайъатига таҳлилий ҳужжатлар киритиш;

ўрта махсус таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ижросини тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида ташкил этиш.


10. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ҳузурида академик лицейлар мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари):

2021 йилдан бошлаб илғор хорижий мамлакатлар, шу жумладан, Финляндиянинг малакали экспертларини жалб қилган ҳолда ҳар йили академик лицейлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган "Йўл харита"сини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

"Йўл харита"си ижросини хорижий экспертлар иштирокида мунтазам равишда мониторинг қилиб борсин ҳамда аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўрсин;

академик лицейларда ҳар ойда камида бир маротаба бевосита олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан академик лицей ходимлари ва ўқувчилари иштирокида "ректор соати" ўтказиб борилишини ташкил қилсин;

тизимида академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда академик лицейларга илмий-методик ёрдам кўрсатиш, ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг тегишли кафедраларини академик лицейлар таълим йўналишларига бириктирсин;

бириктирилган кафедралар профессор-ўқитувчилари томонидан унификация қилинган фанлар бўйича дарс машғулотларини олиб бориш, илғор ўқитиш услубларини академик лицей таълим жараёнига мос равишда татбиқ этиш ҳамда маҳорат дарсларини ўтказиш, лицей ўқувчилари ва ўқитувчилари ўртасида танловлар ўтказиш, ўқувчиларнинг илм-фан, инновацион ва рационализаторлик қобилиятларини ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилсин.


11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

академик лицейлар фаолияти йилига камида икки маротаба Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ҳайъат йиғилиши ҳамда олий таълим муассасаларининг илмий кенгашида кенг муҳокамадан ўтказилади;

олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари учун масъул проректори (филиал директори ўринбосари) бир вақтнинг ўзида академик лицей директори ҳисобланади. Бунда, олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари учун масъул проректор (филиал директори ўринбосари)ларига нормативларга мувофиқ белгиланадиган устамаларга қўшимча равишда олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 20 фоиз устама тўланади;

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш бўйича академик лицейларнинг иккинчи босқич ўқувчилари учун тўртинчи семестр давомида бепул тест синови ташкил этилади;

олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинмаган ҳамда касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган академик лицей битирувчилари бўйсунуви бўйича олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга ўргатиш курслари (марказлари)да ўқитилади. Бунда, тегишли олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари) ушбу битирувчиларга касб-ҳунар ўргатиш ишларини ташкил қилиш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш учун масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.


12. Академик лицейларга ходимларни педагогик фаолиятга жалб этиш учун белгиланган камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинсин.


13. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги академик лицейларнинг, шу жумладан, қуйидаги йўналишлардаги фаолиятини қамраб олувчи рейтингини ишлаб чиқсин ва унинг шаффоф тарзда юритилишини таъминласин:

академик лицейга ўқишга кириш учун ҳужжат топширган талабгорлар сонининг мазкур лицей учун белгиланган қабул параметрига нисбати (рақобат кўрсаткичи);

олий таълим муассасаларига қабул қилинган ўқувчилар улуши;

рейтинг аниқланган йилда нуфузли халқаро ва республика фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида ғолиб бўлган (совринли ўринларни қўлга киритган) академик лицей ўқувчилари улуши;

чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчилар улуши;

илмий даражали, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган асосий штатдаги педагоглар улуши;

хорижий педагоглар, шунингдек, халқаро эътироф этилган ташкилотлар - Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингларида биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган олий таълим муассасалари дипломларига эга бўлган маҳаллий педагоглар улуши;

б) рейтинг натижалари бўйича узлуксиз 3 йил давомида таълим сифатига оид кўрсаткичларида салбий динамика кузатилган сўнгги 5 та ўриндан бирини эгаллаб келган академик лицейлар бошқа олий таълим муассасаси тасарруфига ўтказилади ёки бошқа турдаги таълим муассасаси сифатида қайта ташкил этилади.


14. Иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига жалб қилиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида олий таълим муассасалари ҳузурида янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб ва академик лицейлар рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, олий таълим муассасалари ҳузуридаги ихтисослаштирилган мактаб директорлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Қуйидагилар янгидан ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактаб ва академик лицейлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


15. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим инспекцияси ҳамда Республика олий таълим кенгашининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

дарс машғулотларини, шу жумладан, республика ёки хорижий таълим муассасаларининг юқори малакали педагоглари иштирокида онлайн тарзда ўтказиш;

академик лицейлар базасида ушбу лицейларга ўқишга тайёрлаш, компьютер саводхонлигини ошириш, касб-ҳунар, жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ёрдамида хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) орқали ўзини ўзи банд қилиш (фрилансинг)ни ўргатиш бўйича таълим хизматларини, ёзги ва қишки мактабларни ташкил этиш;

пуллик таълим хизматларини кўрсатиш учун муаллифлик методикалари асосида ишлаб чиқилган, бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасалари кенгаши қарори билан чоп этилишига рухсат этиладиган тайёрлов ўқув адабиётларини яратиш.


16. Академик лицейларга бюджетдан ташқари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:

иқтидорли педагогларнинг хорижий мамлакатлар таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли малака ошириш, шу жумладан, онлайн курсларда ўқиши билан боғлиқ харажатларни тўлиқ ёки қисман қоплаш;

юқори малакали, шу жумладан, хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш, алоҳида ютуқларга эришган педагог ва ходимларга устамалар ҳамда моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш ва тўлаш;

иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган ўқувчиларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

моддий-техник базани мустаҳкамлаш, канцелярия жиҳозлари, дастурий маҳсулотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларини харид қилиш, тайёрлов ўқув адабиётларини нашр этиш, лицейлар веб-сайтларини яратиш ва таъминлаб бориш, масофавий таълим технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳуқуқи берилсин.

Зарур ҳолларда, олий таълим муассасаларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ўз тизимидаги академик лицейларни ушбу бандда кўрсатилган харажатларни биргаликда молиялаштиришга рухсат берилсин.


17. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2021 йил 1 январдан бошлаб академик лицей педагоглари ва ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида:

академик лицей педагог ва ўқув-ёрдамчи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда ихтисослаштирилган мактабларнинг тегишли ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади;

академик лицей директорининг ўқув-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган ўринбосарларининг базавий лавозим маошларига 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади;

б) бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасасининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари, жумладан, тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан академик лицейларда ўрнак кўрсатган педагог ва ходимларга лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади;

в) академик лицейларнинг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD), шунингдек, фан доктори ёхуд фан доктори (DSc) илмий даражаларига, профессор ёки доцент илмий унвонларига эга бўлган педагог ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра олий таълим муассасаси катта ўқитувчисига тенглаштирилади;

г) 2021 йил 1 январдан бошлаб ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим муассасаси директорининг (ижрочи директорининг) базавий лавозим маошига нисбатан бош ҳисобчининг базавий лавозим маоши 80 фоиз миқдорида, ҳисобчининг базавий лавозим маоши 60 фоиз миқдорида белгиланади.

18. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 17-банди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги ҳарбий-академик лицейлар ҳамда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги академик лицейларнинг ("Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари, Ички ишлар вазирлиги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва "Ёш чегарачи" ҳарбий-академик лицейи бундан мустасно) фуқаро таркибидаги (шаҳодатланмаган) маъмурий бошқарув, педагог ва бошқа ходимларига нисбатан ҳам қўлланилади.

19. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

академик лицейлар йўналишлари ва блокларига қараб бир педагог ходимга тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг чекланган нормативи 1:10 нисбатда белгиланади. Бунда, йўналишлар ва блоклар бўйича бир нафар педагог ходимга тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг нормативлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича ҳар семестрда ўқувчиларни салоҳиятига кўра тенг нисбатда гуруҳларга бўлиб ўқитишга рухсат этилади.


20. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ў.Р. Саломов) Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда амалдаги академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг директор жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.


21. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда асосланган ҳисоб-китобларга биноан академик лицейларнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларининг 2022 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларига мунтазам киритиб борилишини таъминласин.

22. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев, Қашқадарё вилояти ҳокими З.Т. Мирзаев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ. Мирзаев, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов, Тошкент вилояти ҳокими Р.Қ. Холматов, Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев ҳудудларда олий таълим муассасалари ҳузурида янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб ва академик лицейлар фаолиятини тўлақонли йўлга қўйишда ҳар томонлама кўмаклашсин.

тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари мазкур қарорда зиммасига юкланган вазифалар ҳамда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли ташкил қилсин.


23. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.У. Маджидов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


24. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ў.Р. Саломов белгилансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июнь ва 2021 йил 20 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 3 декабрдаги

ПҚ-4910-сон қарорига

1-ИЛОВА



Академик лицейларга иқтидорли

ёшларни саралаб олиш

МЕХАНИЗМИ

Саралаб олиш механизми/Имтиёз эгалари

Имтиҳон/Имтиёз мазмуни

Академик лицейларга иқтидорли ёшларни тест синовлари

асосида саралаб олиш механизми

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан махсус павильонларда ўтказиладиган тест синовлари.

Тест синовлари қуйидаги бўлимлардан ташкил топади:

I бўлим - танланган йўналишга мос 2 та фан бўйича тест синовлари;

II бўлим - интеллектуал қобилият даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича тест.

Фан олимпиадалари, танловлар ғолиблари ва фанларни ўзлаштириш

сертификатига эга бўлганлар учун имтиёзлар

Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (International Physics Olympiad (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (International Chemistry Olympiad (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (International Olympiad in Informatics (IOI) халқаро фан олимпиадаларида иштирок этган ёки Халқаро Жаутиков Олимпиадаси (International Zhautykov Olympiad (IZhO), Халқаро Менделеев олимпиадаси, Ўсмирлар ўртасида Халқаро Табиий фанлар олимпиадаси (International Junior Science Olympiad (IJSO), Халқаро Математика мусобақаси (International Mathematics Competition (IMC)да ғолибликни қўлга киритган умумтаълим муассасаларининг 8-9-синф ўқувчилари.

Академик лицейнинг мос йўналишига қабул параметрларидан ташқари имтиҳонсиз қабул қилинадилар.

Умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари орасидан фан олимпиадасининг республика босқичида 1-3-ўринлар ғолиблари.


Академик лицейнинг мос йўналишига ҳужжат топширганда, дастлабки ёзма имтиҳондан озод этилади ва ихтисослик фани бўйича тест синовидан максимал балл берилади.

Т/р

Сертификатлар номи

Тиллар/Фанлар

Минимал баллар

Мазкур чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчиларга академик лицейларга кириш тест синовларининг фанлар мажмуасига киритилган мос чет тили ва фанлардан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.

1.

International English Language Testing System (IELTS academic)

Инглиз тили

5

2.

Test of English as a Foreign Language (TOEFL)

IBT 42

3.

Cambridge Assessment English PET

B1

4.

Goethe-Zertifikat

Немис тили

B1

5.

TestDaf

B1

6.

Deutsches Sprachdiplom

B1

7.

Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF)

Француз тили

B1

8.

Тest de Connaissance du Francais (TCF)

B1

9.

Бошқа тиллар учун - миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича


Испан, турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тили

B1

10.

Умумтаълим фани ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий сертификат

тегишлилиги бўйича

B1*

Академик лицейлар томонидан умумтаълим муассасаларининг иқтидорли ўқувчиларини жалб қилиш мақсадида 8-9-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган олимпиада ва танловлар ғолиблари.

Икки босқичли саралаб олиш тизими жорий этилган академик лицейларга ўқишга киришда дастлабки ёзма имтиҳондан озод этилади.

*) Изоҳ: умумтаълим фанини билиш даражаси бўйича минимал балл Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан белгиланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 3 декабрдаги

ПҚ-4910-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тажриба тариқасида икки босқичли имтиҳон синовлари

орқали иқтидорли ёшларни саралаб олиш тартиби

жорий этиладиган академик лицейлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Академик лицей номи

1.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги академик лицей

2.

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ҳузуридаги академик лицей

3.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги академик лицей

4.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицей

5.

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги академик лицей

6.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги академик лицей

7.

"Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" миллий тадқиқот университети ҳузуридаги академик лицей

8.

Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги академик лицей

9.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей

10.

Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги академик лицей

11.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги академик лицей

12.

Тошкент молия институти ҳузуридаги академик лицей

13.

Жиззах давлат педагогика институти ҳузуридаги академик лицей

14.

Наманган давлат университети ҳузуридаги академик лицей




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 3 декабрдаги

ПҚ-4910-сон қарорига

3-ИЛОВА



Иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва академик лицейлар

фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш

механизми

Ижро муддати

Молиялаштириш манбалари

Масъул

ижрочилар

1.

Академик лицейга ўқишга қабул қилиш, кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартибини такомиллаштириш.


1. Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги Низомни, шу жумладан, қуйидагилар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:

а) қуйидагиларга рухсат этилмаслигини белгилаш:

академик лицейдан ўқишдан четлатилган ўқувчилар ўқишини тиклашга;

умумтаълим муассасаларидан академик лицейларга ўқишни кўчиришга;

академик лицейлараро ўқишни кўчиришга, қонун ҳужжатларида олий таълим муассасалари талабаларига ўқишни кўчириш учун белгиланган узрли сабаблар ҳамда умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари орасидан республика, шунингдек 8-9-синфлар битирувчилари орасидан халқаро нуфузли фан олимпиадалари ғолибларининг бошқа академик лицейлар мос йўналишларига ўқишни кўчириши бундан мустасно;

б) семестр якуни бўйича икки ёки ундан ортиқ фанни "қониқарсиз" баҳога ўзлаштирган ва тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузган ўқувчиларни ўқишдан четлатиш;

академик лицейлардан четлатилган ўқувчилар ўқишини яшаш жойи бўйича умумтаълим муассасасига кўчириш.

2021 йил

1 апрель


-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), тизимида олий таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар


2. Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2021 йил

15 апрель

2.

Барча фанлардан энг юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган 10 нафар ўқувчига академик лицей педагогик кенгаши қарорига кўра "Академик лицейимиз ифтихори" стипендиясини тўлаш.

1. Давлат бюджетидан академик лицейларга ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳар семестрда бир маротаба унинг якуни бўйича барча фанлардан энг юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган 10 нафар ўқувчига академик лицей педагогик кенгаши қарорига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида "Академик лицейимиз ифтихори" стипендияси тўлаш тартибини белгилаш.

2021 йил

1 май


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Молия вазирлиги (Т.Ишметов), тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар

2. Мазкур тартиб асосида ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган ўқувчиларга стипендиялар тўлаб бориш.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб доимий

3.

Академик лицейлар учун икки йиллик тизимга мослаштирилган ҳамда ўқувчиларда муайян компетенцияларни шакллантиришга қаратилган таълим ва фан дастурлари асосида ўқув адабиётлари - дарсликлар, ўқув ва ўқув-методик қўлланмалар яратиш тизимини такомиллаштириш.

1. Академик лицейлар учун икки йиллик тизимга мослаштирилган ҳамда ўқувчиларда муайян компетенцияларни шакллантиришга қаратилган ўқув ва фан дастурлари асосида ўқув адабиётлари - дарсликлар (шу жумладан, мультимедиа иловалари билан), ўқув ва ўқув-методик қўлланмаларни яратиш тизимини халқаро тажрибалар (хусусан, ЮНЕСКО тавсиялари) асосида ислоҳ қилиш, бу борада қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш:

дарс ва факультатив машғулотлар олиб боришда илғор хорижий мамлакатлар ўқув адабиётларидан фойдаланишга рухсат бериш;

муқобил ўқув адабиётларини яратиш тизимига босқичма-босқич ўтиш;

вазирлик томонидан муқобил ўқув адабиётларига қўйиладиган аниқ талаб ва мезонларни белгилаш ҳамда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш;

муқобил ўқув адабиётларининг экспертизаси жараёнини рақамлаштирган ҳолда уни холислик, ошкоралик асосида қисқа муддатларда ташкил этиш;

ўрнатилган талаб ва мезонлар ҳамда тегишли апробация натижалари асосида экспертизадан ўтган муқобил ўқув адабиётларига гриф бериш;

бўйсунув бўйича олий таълим муассасаси кенгаши қарори асосида муқобил ўқув адабиётларидан ўқув жараёнида фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

академик лицейлар кутубхоналарини зарур миқдордаги замонавий ўқув ва бадиий адабиётлар билан мунтазам таъминлаб бориш манбаларини белгилаш.

2021 йил

15 май


-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев),

тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар

2. Чора-тадбирлар дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2021 йил

1 июнь

4.

Академик лицей педагог ходимларини ишга қабул қилиш тартибини такомиллаштириш.


Академик лицей педагог ходимларига қўйиладиган талабларни кучайтириш, онлайн тарзда вакант ўринларга ўтказилаётган танловларга оид маълумотларни эълон қилиш ҳамда аризаларни қабул қилиш, шунингдек, танлов асосида ишга қабул қилишнинг шаффоф ва марказлаштирилган электрон механизми яратилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.

2021 йил

1 апрель

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов),

тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар

5.

Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш.


1. Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2020 йил

1 сентябрь


-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев) тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар

2. Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2021 йил

15 сентябрь

6.

Академик лицейларда гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, ўқув машғулотлари, имтиҳон жадваллари, ўқувчилар ўзлаштириши, давомати, диплом ва академик маълумотномаларни рақамлаштиришни назарда тутувчи ахборот тизимини жорий этиш.


Барча академик лицейларда гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, ўқув машғулотлари, имтиҳон жадваллари, ўқувчилар ўзлаштириши, давомати, диплом ва академик маълумотномаларни рақамлаштиришни назарда тутувчи ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва унда, шу жумладан қуйидагиларни кўзда тутиш:

ўқувчилар ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун уларнинг ота-оналари (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) учун мазкур ахборот тизимидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

ахборот тизимида ҳар бир академик лицей ўқувчилари ва педагоглари орасида йилига камида икки маротаба аноним ижтимоий сўров ўтказиш имкониятининг яратилиши;

сўровда ўқувчи-ёшларнинг академик фаолияти, таълим муассасасида яратилган шароит, таълим сифатига оид муаммолар каби масалаларнинг қамраб олиниши;

сўровнома Таълим инспекцияси билан биргаликда ишлаб чиқилиши;

сўровнома натижаларидан академик лицей ва бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасаси раҳбариятлари, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим инспекцияси фойдаланишлари мумкинлиги.

2021 йил

1 август


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ахборот технологиялари вазирлиги (Ш.Содиқов), Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев), тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар

2. Ахборот тизимини жорий этиш.

2021/2022 ўқув йили

7.

Академик лицейларга ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш.

1. Академик лицейларга ўқишга қабул қилиш параметрларини шакллантириш.

Ҳар йили

1 май


-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Ортиқов), тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик

ва идоралар

2. Академик лицейларга қабул параметрларини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқлаш.

Ҳар йили

1 июнь

8.

Академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилиш учун имтиҳонларни ташкил этиш.

1. Академик лицейларга кириш тест синовларини ўтказишнинг аниқ сана ва жойлари ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим муассасалари, академик лицейлар веб-сайтларида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

Тест синовларини ўтказишдан камида 15 кун аввал


-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев),

тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар

2. Тест синовларини ўтказиш.

Ҳар йили июнь-июль ойлари

9.

Академик лицейларга ўқишга қабул қилиш учун ўтказиладиган тест синовлари мажмуасини тасдиқлаш.

1. Навбатдаги ўқув йилида йўналишлар бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуасини тасдиқлаш ҳамда уларни навбатдаги ўқув йили учун эълон қилиб бориш.

2021 йил 15 январь


-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Давлат тест маркази (М.Каримов)

2. Мантиқий фикрлаш даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича тест учун тайёрланиши лозим бўлган адабиётлар рўйхатини тасдиқлаш ва эълон қилиш.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили

1 ноябрь

10.

Академик лицейлар ўқитувчиларининг малакасини ошириш.

Академик лицейларнинг иқтидорли ўқитувчиларини Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармасининг стипендияси асосида хорижий мамлакатларда магистратура ва докторантурада ўқитишни, буюртмачи ташкилотнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида малака ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш.

Доимий


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тизимида олий таълим муассасаси мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар учун Давлат бюджетида назарда тутилган мақсадли маблағлар, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

(И.Маджидов),

тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар, "Эл-юрт умиди" жамғармаси

11.

Академик лицейларга иқтидорли ўқувчиларни жалб қилиш.

Академик лицейларга иқтидорли ўқувчиларни жалб қилиш мақсадида умумтаълим муассасалари 8-9-синф ўқувчилари ўртасида шаффоф тарзда олимпиада ва турли танловлар ўтказиш, шунингдек умумтаълим муассасаларининг 5-6-синф ўқувчиларининг билими, қизиқиши ва шахсий сифатларини ўрганиш асосида ягона маълумотлар базасини яратиш ҳамда умумтаълим мактабларида академик лицейлар фаолияти, қабул шартлари ва имтиёзлар тўғрисида ўқувчиларни хабардор қилиш бўйича кенг тарғибот ишларини олиб бориш.

Доимий

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), тизимида академик лицейлар бўлган олий таълим муассасалари

12.

Академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириши даражаси бўйича таҳлиллар олиб бориш.

Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартибига мувофиқ белгиланган талабларнинг тегишли ўқув йилидаги ижроси доирасида академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириши даражаси, таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог ходимларига нисбатан кўрилган чоралар бўйича таҳлиллар ўтказиб, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясига ахборот киритиш.

2021 йил

1 май





2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 1 октябрь

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев),

Давлат тест маркази (М.Каримов),

тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 3 декабрдаги

ПҚ-4910-сон қарорига

4-ИЛОВА



Академик лицейлар фаолиятини

такомиллаштириш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

Ў.Р. Саломов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси

У.У. Шарифходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари

Ш.У. Турдикулова

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари

А.Ж. Ортиқов

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари

Э.М. Мухитдинов

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари

Ж.И. Абруев

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари

О.А. Пекось

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари

Ш.И. Асадов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари

О.А. Қўйсинов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари

С.Б. Раджабов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори ўринбосари

У.П. Умурзаков

-

Республика олий таълим кенгаши раиси

Р.И. Холмуродов

-

Самарқад давлат университети ректори

К.Х. Каримов

-

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори

С.С. Ниязбеков

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи, комиссия котиби

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Комиссия фаолиятига келишилган ҳолда бошқа вазирликлар, идоралар, хўжалик жамиятлари ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ва мутахассислари жалб қилиниши мумкин.




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 3 декабрдаги

ПҚ-4910-сон қарорига

5-ИЛОВА



Олий таълим муассасалари ҳузурида янгидан

ташкил этиладиган ихтисослаштирилган

мактаб ва академик лицейлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Ташкил этиладиган ихтисослаштирилган

мактаб/академик лицей номи

Ихтисослаштирилган мактаб/академик

лицей жойлаштириладиган бино

I. 2020/2021 ЎҚУВ ЙИЛИДАН БОШЛАБ ФАОЛИЯТИ ТАШКИЛ

ЭТИЛАДИГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

1.

Урганч давлат университети ҳузуридаги физика-математика ва информатика фанларига ихтисослаштирилган мактаб

Хоразм вилояти, Урганч шаҳар 6-сон умумий ўрта таълим мактаби

2.

Нукус давлат педагогика институти ҳузуридаги математика фанига ихтисослаштирилган мактаб

Нукус давлат педагогика институти қошидаги фаолияти тугатилган академик лицей

II . 2021/2022 ЎҚУВ ЙИЛИДАН БОШЛАБ ФАОЛИЯТИ

ТАШКИЛ ЭТИЛАДИГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

1.

Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб

Ўзбекистон Миллий университети қошидаги фаолияти тугатилган академик лицей

2.

Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб

Самарқанд давлат университети қошидаги Ургут тумани 3-сонли фаолияти тугатилган академик лицей

3.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қошидаги фаолияти тугатилган Юнусобод академик лицейи

4.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги фаолияти тугатилган академик лицей

5.

Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳузуридаги академик лицей

Фаолияти тугатилган Шаҳрисабз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи филиали

6.

Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ҳузуридаги академик лицей

Фаолияти тугатилган Оқолтин саноат касб-ҳунар коллежи

7.

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ҳузуридаги академик лицей

Фаолияти тугатилган Қизириқ қишлоқ хўжалик ва сервис касб-ҳунар коллежи

8.

Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали ҳузуридаги академик лицей

Фаолияти тугатилган Ангрен хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи

Изоҳ: Хоразм вилояти, Урганч шаҳар 6-сон умумий ўрта таълим мактаби ҳам фаолиятини ўз биносида давом эттиради.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб фаолияти ташкил этиладиган таълим муассасаларига қабул ўқув йили давомида амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 4 декабрь


"Халқ сўзи", 2020 йил 4 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 7 декабрь, 48-сон, 536-модда
































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск