ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Адабиёт. Кутубхона иши /

2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий Дастури (ЎзР ВМ 14.12.2020 й. 781-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 14 декабрдаги

781-сон қарорига

1-ИЛОВА



2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини

ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш

МИЛЛИЙ ДАСТУРИ


Ўзбекистон "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Янги давр шиддати жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ёшларда китоб ўқиш кўникмаси шаклланса, камолоти йўлида қолган барча амалларни китобнинг ўзи ўргатади.

2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури (кейинги ўринларда - Дастур) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида", "Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва Ҳукумат қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътроф этилган нормаларига мувофиқ тайёрланган.

Дастурда китобхонлик соҳасидаги миллий ва илғор хорижий тажриба таҳлили асосида Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, китоб маҳсулотини яратиш, чоп этиш, етказиб бериш, китобхонликни оммалаштириш, илмий-методик таъминлаш, кадрлар тайёрлаш, китобхонлик инфратузилмасини бошқариш билан боғлиқ масалалар қамраб олинган.

Дастурнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши, аҳоли, айниқса ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбияси, дунё қараши, китобхонлик маданияти шаклланишида катта аҳамият касб этиб, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим омили сифатида хизмат қилади.



1-БОБ. ДАСТУРНИНГ МАҚСАДЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ


Дастурнинг мақсади - китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ижодкорлар, ноширлар ва китоб тарқатувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини изчил ва самарали ташкил этиш орқали фаол китобхонлар сафини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишдан иборат.

Дастурни амалга оширишда қуйидаги асосий вазифалар белгилаб олинди:

китобхонликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг тармоқлараро илмий-методик асосларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш;

китобхонлик соҳасидаги инфратузилмани (кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари, китоб дўконларини) ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, янги асарларни яратиш, таржима қилиш ва муаллифларни рағбатлантиришнинг комплекс чора-тадбирларини амалга ошириш;

ноширлик, матбаа, ахборот-кутубхона ва китоб савдоси ташкилотларининг самарали фаолияти учун қулай шароитларни таъминлаш ҳамда уларга имтиёз, преференциялар беришнинг иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болалар адабиёти, брайл алифбосига асосланган адабиётлар чоп этилиши, электрон ва аудио китоблар яратилишини қўллаб-қувватлаш;

республика бўйлаб китобларни тарқатиш ва хорижий мамлакатлар билан китоб алмашиш учун шарт-шароитлар яратиш, турли мулкчилик шаклларидаги китобларни сотиш тармоқларини ривожлантириш;

ёш авлоднинг ўқишга бўлган қизиқишини янада кучайтириш, китобхонларни маънавий ва моддий рағбатлантириш, фаол китобхонлар сафини кенгайтириш;

китобхонликни ривожлантириш инфратузилмасига кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини изчил ошириб бориш;

китобхонлик маданиятини қўллаб-қувватлашда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.



2-БОБ. ДАСТУРНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ,

КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИ ШАКЛЛАНИШИ

ВА РИВОЖЛАНИШИДАГИ МУАММОЛАР


Республикада китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг 5 та қарори қабул қилинди, китобхонлик маданиятини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2019 йил 19 март куни ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган бешта муҳим ташаббус илгари сурилди. Ушбу бешта ташаббуснинг тўртинчиси, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатда 11 092 та кутубхона ва ахборот ресурс марказлари мавжуд, шундан, 9 911 таси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларида, 981 та олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 14 таси ҳудудларда, 186 таси туман (шаҳар)ларда фаолият кўрсатади.

2018-2019 йилларда нашриётларда дарсликлардан ташқари 1 587 номда 21 640 мингдан ортиқ нусхада китоб чоп этилган.

2017-2019 йилларда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан нашриётларга 16 018 та (2017 йилда 4911 та, 2018 йилда 5334 та, 2019 йилда 5773 та) ISBN (International Standard Book number) китобнинг халқаро стандарт тартиб рақами тақдим этилган.

Республикадаги жами мактабларда бадиий адабиётлар сони ҳар бир ўқувчига ўртача 3 тадан, таълим қардош тилда олиб борилаётган мактабларда эса 1,7 тадан тўғри келади. Таълим қардош тилларда олиб борилаётган мактаблар кутубхоналарининг жами адабиётлар фонди 1,6 млн. нусхадан иборат бўлиб, шундан қардош тиллардаги бадиий адабиётлар сони 320 минг тани (жами адабиётлар фондининг 20 фоизини) ташкил этади ва ҳар бир ўқувчига 0,4 та китобдан тўғри келади.

Биринчи марта 2019 йил 2-4 октябрь кунлари мамлакатимизда ихтисослашган "Tashkent book fest - 2019" I Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ташкил этилиб, унда Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг 20 га яқин ва 30 дан ортиқ маҳаллий нашриётлар, 15 минг нафардан ортиқ соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

"Маърифат карвони" тадбирлари доирасида 3 миллиондан ортиқ китоб ёшларга етказиб берилди, "Ёшлар кутубхонаси" рукни остида 59 та номда 590 минг та бадиий адабиёт чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасалари кутубхоналарига тарқатилди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ёш китобхон" танлови билан 2017-2019 йиллар давомида 2 млн 170 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, 9 нафар танлов ғолиблари бўлган ёш китобхонлар Президент совғаси "Спарк" автомашинаси совриндори бўлди.

Бугунги кунда китобхонлик маданиятининг шаклланиши ва ривожланишида қуйидаги муаммолар мавжуд:

китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш тизими мавжуд эмас;

бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмаган;

чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими суст ривожланган, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаган;

таълим ва маданият муассасалари учун китоб харид қилишга маблағлар етарли даражада мавжуд бўлган манбалар ҳисобидан жалб этилмаяпти, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирлар етарли эмас;

аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талаб чуқур таҳлиллар асосида ўрганилмаган;

китобларни чоп этиш ҳамда аҳолига етказиб беришни ўз ичига олган бошқарув тизимининг, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган;

китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш, китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмаган;

мавжуд ахборот-кутубхона муассасалари аҳолининг кенг қатламларига хизмат кўрсатиш учун замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан етарли даражада таъминланмаган;

чоп этилаётган китобларни аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, таълим муассасалари, кутубхоналар, маҳаллаларда китоб муаллифлари билан ижодий учрашувларни ташкил этиш ҳамда таълим муассасалари, айниқса, мактабгача ва бошланғич таълимда ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмаларини шакллантириш тизимли йўлга қўйилмаган;

ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, ёшларда болаликдан бошлаб китоб, жумладан, электрон китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, жамиятда мутолаа маданиятини юксалтиришнинг комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилмаган.



3-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ

УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;

ноширлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, соғлом рақобатга асосланган босма ва электрон китоблар бозорини ривожлантириш;

жойларга, таълим муассасаларига мақбул нархларда янги нашр этилган китобларни етказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;

миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;

китоб савдосини ташкил этиш чора-тадбирларини белгиловчи мезонларни соддалаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини яратиш;

ахборот манбаларини (китоблар, газеталар, журналлар, қоғоз ва электрон ҳужжатлар оммавий ахборот воситаларини) тарқатиш тизимини такомиллаштириш;

ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш, мактабгача таълим, мактаб, профессионал таълим, олий таълим ва корхоналар, ташкилотлар, муассасаларда китобхонликни ривожлантиришга қаратилган манзилли дастурларни ишлаб чиқиш;

китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича моддий-техник базани (кутубхоналар ҳолати, китоблар билан таъминлаш, соҳалар бўйича китобларни кўпайтириш) такомиллаштириш;

вилоят, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари фондларини ҳудудда чоп этиладиган барча босма нашрларнинг (китоб, журнал, газета ва бошқа нашрларнинг) мажбурий босма ва электрон нусхалари билан тўлдириб бориш тизимини йўлга қўйиш;

ўқувчиларнинг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини турли социологик сўровлар орқали ўрганиш, натижаларни эълон қилиш орқали ижодкорлар ва нашриётлар фаолиятига кўмаклашиш;

кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш;

китоб ишлаб чиқарувчи инфратузилмани ривожлантириш ва уларнинг замонавий ижтимоий эҳтиёжларга мувофиқлигини таъминлаш;

аҳолининг китоб маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда қулайлик яратиш мақсадида муаллифлик ҳуқуқларини бузмаган ҳолда электрон китоблар яратиш тизимини такомиллаштириш;

мамлакатимиз нашриётларида мавжуд китобларнинг электрон каталогини яратиш ва тизимли равишда янгилаб бориш;

хорижий асарларга онлайн буюртма бериш, уларни республика ҳудудига олиб келиш ва тарқатиш тизимини жорий қилиш;

болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

республиканинг чекка ҳудудларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда чоп этилган китобларни рақамлаштириш;

китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш;

китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.



4-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


Дастур қуйидаги чора-тадбирлардан иборат 3 та босқичда амалга оширилади:

а) биринчи босқичда (2020-2021 йиллар) ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратишга қаратилган чора-тадбилар:

китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш;

муаммоларнинг тизимли-таҳлилий тавсифи, Ўзбекистонда китобхонлик ривожланишининг ҳозирги ҳолати ва кейинги босқичларининг мақсадли ҳамда устувор йўналишларини белгилаб олиш;

халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда инфратузилма мустаҳкамланишининг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

Дастурни муваффақиятли амалга ошириш ва китобхонликни ривожлантириш инфратузилмасининг доимий ишлаши учун ташкилий шарт-шароитлар яратиш;

Дастурнинг ўрта ва узоқ муддатли мақсадлари ва механизмларини аниқлаштириш, мавжуд ижобий тажрибани умумлаштириш;

ҳудудлар бўйича танлов асосида илғор механизмлар, долзарб лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шу жумладан, уларни амалга ошириш натижаларини таҳлил қилиш;

Дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун илмий, методик асосларни ва ахборот билан таъминлаш, шу жумладан, ахборот алмашиш тизимининг муҳим элементларини яратиш;

б) иккинчи босқич (2022-2023 йиллар) китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар:

китобхонлик билан боғлиқ мавжуд инфратузилмаларни мустаҳкамлаш ва янгиларини тизимли равишда барпо этишни қўллаб-қувватлашва ривожлантириш;

китобхонликни ривожлантириш бўйича инфратузилмаларни бошқариш тизимини яратиш;

китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича асосий мақсадлар мониторингини олиб бориш тизимини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;

в) учинчи босқич (2024-2025 йиллар) ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантириш, уларнинг маданий саводхонлиги ўсиши ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар:

Дастурнинг асосий натижаларига эришиш, мақсадли параметрлари кўрсатилган инсон капиталини етакчи ривожланган мамлакатларда қабул қилинган мезонларга мувофиқ баҳолаш мезонларига ўтиш;

китоб ва ўқиш маданиятини ошириш, аҳолининг маданий баркамоллигини ривожлантириш учун индикаторларни яратиш.



5-БОБ. ДАСТУРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ВА МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


Дастур қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

масъул ижрочиларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзлари), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



6-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Дастурнинг амалга оширилиши келгусида қуйидаги натижаларга олиб келиши кутилмоқда:

аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини ривожланган давлатлар билан таққосланадиган даражага кўтариш ҳамда ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантиришга, уларнинг маданий саводхонлиги ўсиши орқали инсон капитали сифатини яхшилашга эришилади;

китобхонликни оммалаштириш, инфратузилма ва ўқув тизими, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларни илмий-методик ўрганиш тизими яратилади;

китобхонликни ривожлантириш, инфратузилма, шунингдек, муассасалар ва бошқарув тизими ўртасида тегишли ижтимоий-маданий маконни тартибга солишни таъминлайдиган самарали ахборот алмашиш тизими яратилади;

китобхонлик маданияти ривожланган ва фаол ривожланаётган мамлакатлар билан таққосланадиган даражага кўтарилади;

аҳолининг ўқиётган, фаол ўқиётган китобхонлар улушининг доимий мониторинги йўлга қўйилади;

китобхонликни тарғиб қилиш бўйича тарғибот тадбирларида иштирок этадиган фуқаролар улуши ортади;

кутубхоналар фаолияти такомиллаштирилади;

китобхонлик маданиятини ривожлантириш муаммолари илмий ўрганилади ва тарғиб қилиш усуллари ишлаб чиқилади;

китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш тизими яратилади;

китобхонликни ривожлантириш инфратузилмасининг доимий ишлаши учун шарт-шароитлар яратилади;

Дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун илмий, методикасослар ва ахборот билан таъминлаш, шу жумладан, ахборот алмашиш тизимининг муҳим элементлари яратилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 14 декабрь















































Время: 0.0275
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск