ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Оммавий ахборот воситалари / Телерадиоузатиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.08.2020 й. 518-сон "Ихтисослашган болалар кўнгилочар-маърифий телеканалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.08.2020 й.

N 518




ИХТИСОСЛАШГАН БОЛАЛАР

КЎНГИЛОЧАР-МАЪРИФИЙ ТЕЛЕКАНАЛИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Таълим-тарбия жараёнига болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминловчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш, мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш мақсадида уларнинг атрофдаги дунёни билиш, замонавий ахборот технологияларини ҳамда хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш, шунингдек, мавжуд болалар аудиториясига мўлжалланган телеузатиш инфратузилмасини жадал технологик ва техникавий ривожлантиришга замонавий ечимларни жалб этиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, болалар учун таълим контентини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда соҳадаги энг илғор жаҳон тажрибаларининг қўлланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ихтисослашган болалар кўнгилочар-маърифий "Aqlvoy" телеканалини (кейинги ўринларда - болалар телеканали) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар болалар телеканалининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

маълумотни қизиқарли ва тушунарли шаклда тақдим этиш орқали болаларнинг билим олиш фаоллигини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий кўникмаларини ривожлантириш (edutainment);

телекўрсатувларни ташкил қилиш тизимига замонавий техник ечимларни ва илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, рақамли ва мультимедиа технологияларини ривожлантириш;

болалар телекўрсатувлари инфратузилмасини кенгайтириш, миллий маънавият, маданий-аҳлоқий анъаналар ва замонавий инновациялар уйғунлашган, билим берувчи ва кўнгилочар болалар контенти ривожланишини рағбатлантириш;

Ўзбекистон Республикасида тасдиқланган талаблар, стандартлар ва ўқув-таълим дастурларига мувофиқ болаларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда таълим берувчи, ривожлантирувчи ва ўйин элементларини ўзида мужассам этган телекўрсатувлар ва мультимедиа контентини яратиш;

болаларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, уларни жонажон ўлка маданияти ва тарихи, қадриятлари, анъана ва урф-одатлари билан таништириш;

болаларда креатив-ижодий фикрлашни ривожлантириш ҳамда уларда бадиий ва эстетик дидни тарбиялаш;

болаларда соғлом турмуш тарзига оид билимларни шакллантириш, спорт билан шуғулланишга қизиқишни ошириш, зарур санитар-гигиеник кўникмаларни шакллантириш, уларни хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этишга ўргатиш;

болаларда табиатга бўлган қизиқиш ва меҳрни, атроф-муҳитга ғамхўрлик билан муносабатда бўлишни шакллантириш, уларни экологик руҳда тарбиялаш;

ижтимоий-ҳиссий кўникмаларни ривожлантириш, ташаббускорлик ва мустақил фикрлашни рағбатлантириш ҳамда маънавий жиҳатдан тарбиялаш;

жаҳон маданиятидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш ва жаҳон маданий мероси билан таништириш;

барча болалар учун турар жойидан ва оиласининг даромадлари даражасидан қатъий назар ўқув-таълим ва ривожлантирувчи контентдан фойдаланиш имкониятини яратиш;

турли платформалар орқали жорий этиш учун таълимга оид миллий контент, шу жумладан мобил дастурлар, видеодарслар, интерфаол ўқитувчи дастурлар ва бошқа турдаги, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ривожлантирувчи маҳсулотларни яратиш;

болалар контентини шакллантиришга юқори малакали мутахассислар, педагоглар ва психологларни кенг жалб қилиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги қошида "Ахборот ва педагогика технологиялари инновацион маркази" масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда - Инновацион марказ) улуши иштирокида "Edumedia Corporation" МЧЖ таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


4. Белгилансинки, болалар телеканали:

"Edumedia Corporation" МЧЖ қошида юридик шахс ташкил этмасдан таъсис этилади;

республиканинг барча ҳудудларида етказиладиган умумфойдаланишдаги ижтимоий рақамли телеэшиттиришлар пакети таркибига киритилади;

бюджетга тушадиган юкни камайтириш ва рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ўзини-ўзи молиялаш принциплари асосида, шу жумладан ҳомийлик тушумлари ҳисобига ва эфирда вояга етмаганлар томонидан сотиб олиниши ёки истеъмол қилиниши тақиқланмаган товар ва хизматларнинг пуллик рекламасини жойлаштириш орқали фаолият юритади;

меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини, кўрсатиладиган хизматлар учун тарифларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун нархларни мустақил белгилайди;

ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни жалб этиш ҳуқуқига эга.


5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:

Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Янги Замон 3-чи тор кўчаси, 1-уй манзили бўйича жойлашган Инновацион марказнинг хоналари ёки биноларининг болалар телеканалини жойлаштириш учун бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида 2021 йил 1 майга қадар берилишини таъминласин;

болалар телеканалини жойлаштириш учун берилаётган хоналар ва биноларнинг Инновацион марказ маблағлари ҳисобидан таъмирланишини ташкил қилсин ҳамда кейинчалик Инновацион марказнинг "Edumedia Corporation" МЧЖ устав фондидаги улушини қилинган харажатлар суммаси миқдорида оширсин;

болалар телеканалини юқори малакали, ижодий фикрловчи ва ташаббускор мутахассислар, шу жумладан болалар педагогикаси ва психологияси соҳаларида амалий тажрибага эга, хорижий тилларни мукаммал эгаллаган мутахассислар билан бутлашда кўмаклашсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда барча маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилаётган контентда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид келадиган ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича мунтазам мониторинг қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йил 1 сентябргача илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда болалар аудиториясига мўлжалланган кўрсатувларда реклама жойлаштиришга оид чекловларни тизимли ўрганиш асосида уларни юмшатиш, болалар телекўрсатувларида вояга етмаган шахслар томонидан сотиб олиш ёки истеъмол қилиш тақиқланмаган товар ва хизматлар рекламасини жойлаштиришга рухсат бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги "Edumedia Corporation" МЧЖга белгиланган тартибда теледастурларни тарқатиш (трансляция қилиш) тармоқлари хизматларини кўрсатишга лицензия бериш бўйича зарур чораларни таъминласин.


9. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги болалар телеканалига берилган Инновацион марказнинг бино ва хоналарида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган даврда болалар телеканали вақтинча фаолиятини бошлаб, телевизион дастурларни узатиши ва трансляция қилиши учун марказни зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 28 август










































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск