ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Чиқиндиларни қайта ишлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.12.2020 й. ПҚ-4925-сон "Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.12.2020 й.

N ПҚ-4925



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА МАИШИЙ

ВА ҚУРИЛИШ ЧИҚИНДИЛАРИ БИЛАН

БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Тошкент шаҳрида иқтисодиёт тармоқларининг юқори суръатларда ривожланишини таъминлаш, маиший ва қурилиш чиқиндиларини тўплаш, саралаш, олиб чиқиш ва қайта ишлашнинг замонавий усуллари ҳамда технологияларини жорий этиш, шунингдек, ушбу йўналишда бошқарувнинг замонавий тизимини йўлга қўйиш орқали соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ҳамда хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат экология қўмитаси), Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

Давлат экология қўмитаси тизимидаги "Махсустранс" давлат унитар корхонаси ва "Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш" давлат корхонасини Тошкент шаҳар ҳокимлиги тизимига ўтказиш;

"Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш" давлат корхонасини "Махсустранс" давлат унитар корхонасига қўшиб юбориш;

"Махсустранс" давлат унитар корхонаси иштирокида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Белгилансинки, "Махсустранс" давлат унитар корхонаси иштирокида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишда:

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс томонидан ташаббус қилинади;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги давлат шериги ҳисобланади;

хусусий шерик Ўзбекистон Республикасининг "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ аниқланади;

"Махсустранс" давлат унитар корхонаси томонидан санитар тозалаш хизматлари кўрсатилаётган ҳудуд, унинг учун ажратилган чиқинди полигонлари ва унга тегишли бўлган мол-мулк, шу жумладан махсус автотранспорт воситалари ва техникалар давлат-хусусий шериклик объекти ҳисобланади;

"Махсустранс" давлат унитар корхонаси ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникалари хусусий шерикка ўн йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилади ҳамда тўловлар тўлиқ тўлаб бўлинганидан сўнг уларни тасарруф этиш ҳуқуқи хусусий шерикка ўтказилади;

"Махсустранс" давлат унитар корхонасига тегишли бўлган бино ва иншоотлар ҳамда ер майдонлари, шу жумладан чиқинди полигонлари хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддатига ижарага берилади.

3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А. Артикходжаев):

а) Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда "Махсустранс" давлат унитар корхонаси иштирокида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;

б) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларида қуйидагиларни назарда тутсин:

хусусий шерик томонидан Тошкент шаҳрида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни замонавий технологияларни татбиқ этган ҳолда утилизация қилиш ва қайта ишлаш корхонасини ташкил қилиш;

"Махсустранс" давлат унитар корхонаси иштирокида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш доирасида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар утилизация қилингандан сўнг қолган қисмни кўмиш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш;

Осиё тараққиёт банки иштирокидаги "Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш" лойиҳаси доирасида давлат кафиллиги остида жалб қилинган кредитларни давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида қайтариш тартибини белгилаш.


4. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2022 йилларда Тошкент шаҳрида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида эришилиши таъминланадиган мақсадли кўрсаткичлар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 100 фоизга етказиш;

аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича мавжуд дебитор қарздорликни 75 фоизга камайтириш.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги "2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-4291-сон қарорига мувофиқ 2022 йилдан бошлаб республика шаҳарларининг кўп квартирали турар жой секторида беш турдаги маркаланган контейнерларни ўрнатишга асосланган, қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини жорий этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2021 йил 1 мартдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими (кейинги ўринларда - чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими) қуйидаги тартибда босқичма-босқич жорий этилсин:

1-босқичда (2021 йилда) - Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни "қайта ишланадиган" ва "қайта ишланмайдиган" тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;

2-босқичда (2022 йилда) - "Махсустранс" давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудлардаги якка тартибдаги турар-жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни "қайта ишланадиган" ва "қайта ишланмайдиган" тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;

3-босқичда (2023 йилдан бошлаб) - барча туманларда чиқиндиларни "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган", "органик", "хавфли маиший чиқиндилар" ва бошқа тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш.


6. 2021-2025 йилларда Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни истеъмолчилардан саралаб йиғиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


7. Белгилансинки, чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими жорий этилаётган ҳудудларда:

1-босқичда истеъмолчилар чиқиндиларни "қайта ишланадиган" ва "қайта ишланмайдиган" тоифаларга ажратилган ҳолда тўплаши учун рангли чиқинди контейнерлари ва (ёки) қайта ишланадиган пакетлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Махсустранс" ДУК томонидан бепул таъминланади;

чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари истеъмолчилар томонидан чиқиндилар саралаб йиғилганлигини инобатга олиб пасайтирилган ҳолда белгиланади.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж. Артикходжаев), Давлат экология қўмитаси (А.И. Максудов) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Т. Маматов) билан биргаликда қаттиқ маиший чиқиндиларни истеъмолчилардан саралаб йиғиш тизими жорий этилаётган ҳудудларда:

янги типдаги чиқиндиларни сараланган ҳолда тўплаш шохобчаларини барпо этиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларнинг турига қараб маркаланган замонавий контейнерларни ўрнатиш;

сараланган чиқиндиларни алоҳида олиб чиқиш ва уларни қайта ишлашни йўлга қўйиш;

чиқиндиларни сараланган ҳолда йиққанлик учун истеъмолчиларни моддий рағбатлантириш амалиётини татбиқ этиш;

истеъмолчиларни сараланган чиқиндиларни олиб чиқиш режа-жадвали билан таъминлаш, чиқиндиларни саралаб йиғиш тартиб-қоидалари, ўрнатилган рағбатлантириш механизмлари ва қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида уларнинг хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш чораларини кўрсин.


9. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги "Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш" лойиҳасини жадаллаштириш бўйича "йўл харитаси" 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А. Артикходжаев):

а) Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими жорий этилаётган ҳудудлар учун пасайтирилган тарифларни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига киритсин;

б) 2021 йил 1 апрелга қадар қуйидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин:

Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов), Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) ва Давлат экология қўмитаси (А.И. Максудов) билан биргаликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш харажатларини истеъмолчиларнинг фойдаланилган электр энергияси тарифлари таркибига киритиш механизмларини жорий қилиш;

Тошкент вилояти ҳокимлиги (Р.Қ. Холматов) ва Давлат экология қўмитаси (А.И. Максудов) билан биргаликда Тошкент шаҳридан чиқаётган қурилиш чиқиндилари учун полигон ташкил этишга тегишли ер майдонини ажратиш.


11. Қурилиш вазирлиги (Б.И. Закиров), Давлат экология қўмитаси (А.И. Максудов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М. Садиков) билан биргаликда икки ой муддатда "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимини қуйидагиларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирсин:

қурилиш ишлари натижасида ҳосил бўлган, сараланган, қайта ишлашга ва утилизацияга топширилган чиқиндиларнинг тўлиқ цикли ҳақидаги маълумотларни киритиб бориш;

объектларда ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндиларининг миқдори ва сифат кўрсаткичларини (келиб чиқиши, агрегат ҳолати, хавфлилик даражаси ва бошқалар) ҳамда давлат экологик экспертизаси хулосасига асосан улардан фойдаланиш имкониятларини аниқлаш;

қурилиш ишлари амалга ошириладиган объектларда қурилиш чиқиндилари тўпланадиган жойларни (майдончаларни) белгилаш;

объектларда ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндиларини тўплаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва полигонларга жойлаштиришнинг кузатув мониторингини амалга ошириш;

қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган бошқа тадбирлар.


12. Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган "Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш" лойиҳасини амалга ошириш муддати 2022 йилга қадар узайтирилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


14. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев белгилансин.

Қарор бўйича ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар ярим йил якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 15 декабрдаги

ПҚ-4925-сон қарорига

1-ИЛОВА



2020-2022 йилларда Тошкент шаҳрида

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш соҳасида эришилиши таъминланадиган

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР

Т/р

Мақсадли индикаторлар номи


Ўлчов

бирлиги

2020 йил

31 декабрь

ҳолатига

амалда


Йиллар


2021 йил

1 июль


2021 йил

31 декабрь


2022 йил

31 декабрь


1. УМУМИЙ КЎРСАТКИЧЛАР

1

Маҳалла фуқаролар йиғинларини маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси


дона


514

514

514

514

%


100

100

100

100

2

Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси


%

8

12

25

30

3

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улуши


%

29

29

29

100

2. ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ, САРАЛАШ,

ҚАЙТА ИШЛАШ ВА КЎМИШ ИНФРАТУЗИЛМАСИ

4

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларининг сони, шундан:


дона

1 065

1 075

1 095

1 150

Таъмирланадиганлари


дона

101

110

120

150

5

Қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш объектлари сони


дона

54

61

68

70

6

Бюджет ташкилотларнинг чиқинди контейнерлари билан таъминланганлиги


талаб

этилади,

дона


2 813

2 813

2 900

3 000

мавжуд,

дона


2 634

2 794

2 900

3 000

%


93,6

99,3

100

100

3. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ

ЧИҚИБ КЕТИШ СОҲАСИДА МОДДИЙ ТЕХНИК БАЗА

7

Чиқинди ташиш махсус техника таъминоти

дона

430

489

489

501

8

Полигонлар учун махсус техника ва механизмлар таъминоти


дона

9

15

15

15

4. КЎРСАТИЛГАН ХИЗМАТЛАР УЧУН

ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ ТАЪМИНЛАШ

9

Аҳолига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича дебитор қарздорлик


млрд сўм

38,7

33,2

20

10

10

Кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловларни ундириш даражаси


%

91

95

100

100

11

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлардан фойдаланиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартнома тузганлик даражаси


%

60

80

90

100

5. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

12

Лойиҳалар сони


дона




1

13

Киритиладиган инвестиция миқдори


млн АҚШ

долл.





10

14

Яратиладиган янги иш ўринлари сони


нафар




112

15

Жалб этиладиган қўшимча техникалар сони


дона




12

16

Ўрнатиладиган ускуналар сони


дона




2

            





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 15 декабрдаги

ПҚ-4925-сон қарорига

2-ИЛОВА



2021-2025 йилларда Тошкент шаҳрида қаттиқ

маиший чиқиндиларни истеъмолчилардан саралаб

йиғиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизмлари

ва шакллари


Амалга

ошириш

муддатлари


Молиялаштириш

манбалари


Масъул ижрочилар


I. ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ САРАЛАБ ТЎПЛАШНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ

1.1. Биринчи босқич - Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган

маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни саралаб йиғиш

1

Якка тартибдаги турар-жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни (кейинги ўринларда - ҚМЧ) саралаб тўплашни тажриба сифатида жорий қилиш.

1. ҚМЧларни саралаб йиғиш тизими жорий этиладиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини аниқлаш.


2021 йил

1 февраль


Маҳаллий бюджет маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


2. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги истеъмолчиларни контейнерлар ёки махсус чиқинди қоплари (пакетлар) билан таъминлаш.


2021 йил

1 март

3. Сараланган ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш учун алоҳида графикларини ишлаб чиқиш.


2021 йил

1 март

4. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини чиқинди ташиш техникаси билан айланиб чиқиб сараланган ҚМЧларни алоҳида олиб чиқиб кетиш амалиётини жорий қилиш.


2021 йил

мартдан

бошлаб

доимий

2

Якка тартибдаги турар-жой секторида ҚМЧларни саралаб тўплашни рағбатлантириш.


1. Аҳоли томонидан ҚМЧларни саралаб тўплашда ҳосил бўладиган иккиламчи хомашёни қабул қилиш (сотиб олиш) тарифларини белгилаш ёки саралаб тўплашни рағбатлантиришнинг бошқа иқтисодий механизмларини ишлаб чиқиш.


2021 йил

1 июнь


Маҳаллий бюджет маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


2. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини иккиламчи хомашёни кўчма (мобил) қабул қилиш шохобчалари орқали йиғиш (қабул қилиш, сотиб олиш).


2022 йил

мартдан

бошлаб

доимий


3

Сараланган ҚМЧларни қабул қилиш шохобчаларини ташкил этиш.

1. Иккиламчи хомашё бозорини (талаб ва таклиф) ўрганиш.


2021 йил

1 апрель


Маҳаллий бюджет маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


2. Тошкент шаҳрида иккиламчи хомашёни қабул қилиш шохобчаларини дислокациясини ишлаб чиқиш ва уларни жойлаштириш учун ер участкаларини аниқлаш.


2021 йил

1 май


3. Қабул қилиш шохобчаларини ташкил этиш ва фаолиятини юритиш.


2022 йил

1 июнь


4. Иккиламчи хомашёни реализация қилиш.


доимий

1.2. Иккинчи босқич - "Махсустранс" давлат унитар корхонаси томонидан

хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудлардаги якка тартибдаги турар-жой

секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш

4

Якка тартибдаги турар-жой секторида ҚМЧларни саралаб тўплашни жорий қилиш.

1. Истемолчиларни икки турдаги контейнерлар ёки махсус чиқинди қоплари (пакетлар) билан таъминлаш учун талаб этиладиган харажатларни ҳисоб-китоб қилиш.


2021 йил

якунига

қадар


Маблағ талаб этилмайди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


2. ҚМЧларни саралаб тўплашни жорий қилиш учун талаб этиладиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҚМЧларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тарифларни қайта шакллантириш ва тегишли давлат органларига тақдим этиш.


2021 йил

1 декабрь

3. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тарифларни қайта тасдиқлаш.


Белгиланган

муддатда


Тошкент шаҳар ҳокимлиги


4. Истемолчиларни икки турдаги контейнерлар ёки махсус чиқинди қоплари (пакетлар) билан босқичма-босқич таъминлаш бўйича режа-графигини ишлаб чиқиш.


2022 йил

15 декабрь

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар

5. Истемолчиларни қуйидаги икки турдаги контейнерлар ёки махсус чиқинди қоплари (пакетлар) билан босқичма-босқич таъминлаш:

қайта ишланадиган ҚМЧлар (полимерлар, қоғоз ва металл каби иккиламчи моддий ресурслар аралашмасидан ташкил топган);

қайта ишланмайдиган ҚМЧлар (бошқа аралаш ҚМЧлар).


2022 йил

давомида


Маҳаллий бюджет ва санитар тозалаш корхоналари маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар

6. Сараланган ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш учун алоҳида графикларни ишлаб чиқиш.


2022 йил

1 февраль

7. МФЙларни чиқинди ташиш техникаси билан айланиб чиқиб сараланган ҚМЧларни алоҳида олиб чиқиб кетишни ташкил этиш.


2022 йилдан

бошлаб

доимий


5

ҚМЧларни саралаб йиғиш қутиларини (урна) ўрнатиш.

1. Тошкент шаҳрининг ободонлаштириш объектларида иккиламчи ҚМЧларни саралаб йиғиш учун махсус қутиларни (урна) ўрнатиш дислокациясини ишлаб чиқиш ва уларни жойлаштириш учун ер участкаларини аниқлаш.


2022 йил

1 март


Маҳаллий бюджет маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


2. ҚМЧларни саралаб йиғиш махсус қутиларни (урна) ўрнатиш режа-графигини ишлаб чиқиш.


2022 йил

1 март

3. ҚМЧларни саралаб йиғиш учун махсус қутиларни (урна) ўрнатиш.


2022 йил

1 июнь

1.3. Учинчи босқич - барча туманларда чиқиндиларни "қайта ишланадиган"

ва "қайта ишланмайдиган", "органик", "хавфли маиший чиқиндилар"

ва бошқа тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш

6

Кўп квартирали турар-жой секторида ҚМЧларни саралаб тўплаш учун чиқинди тўплаш шохобчаларини махсус контейнерлар билан жиҳозлаш.


Қуйидаги турдаги маркаланган контейнерларни ўрнатиш:

қайта ишланадиган ҚМЧлар (полимерлар, қоғоз ва металл каби иккиламчи моддий ресурслар аралашмасидан ташкил топган);

органик ҚМЧлар (озиқ-овқат ва бошқа биологик чирийдиган чиқиндилар);

қайта ишланмайдиган ҚМЧлар (бошқа аралаш ҚМЧлар);

шиша идиш буюмлари учун.


2022-2025

йиллар

давомида


Санитар тозалаш корхоналари маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, "Махсустранс" ДУК, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


7

Кўп квартирали турар-жой секторида ҚМЧларни алоҳида олиб чиқиб кетиш тизимини жорий қилиш.


Сараланган ҚМЧларни чиқинди ташиш техникаси билан чиқинди тўплаш шохобчаларини айланиб чиқиб олиб чиқиб кетишни ташкил этиш.


2023-2025

йиллар


Маҳаллий бюджет маблағлари, хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, "Махсустранс" ДУК, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


II. ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

ТАРҒИБОТ-ТАШВИҚОТ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

8

ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари бўйича ижтимоий реклама маълумотларини тарқатишни ташкиллаштириш.


1. ҚМЧларни саралаб тўплаш бўйича ижтимоий реклама роликларини яратиш.


2. Телевидение ва ижтимоий тармоқларда ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шу жумладан уларни саралаб тўплаш масалалари бўйича ижтимоий рекламаларни жойлаштириш.


Доимий

равишда


Хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "Махсустранс" ДУК, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган манфаатдор ташкилотлар


9

Аҳолининг ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги билим даражасини ошириш бўйича тадбирларни ташкиллаштириш.


1. ОАВларда ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари бўйича ахборот ва мақолалар тайёрлаш.


2. ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган баннерларни яратиш ва ўрнатиш.


Доимий

равишда


Хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат экология қўмитаси, "Махсустранс" ДУК


10

Ободонлаштириш ва санитария жиҳатидан тозалаш тадбирларини ташкиллаштириш.


1. Рухсат этилмаган (тартибсиз) чиқиндихоналарни бартараф этиш бўйича экологик "плогинг"ларни ўтказиш:

"плогинг" учун кийим-бош ва бошқа керакли буюмларни (қоплар, қисқичлар, қўлқоплар ва ҳ.к.) харид қилиш ва тайёрлаш;

таниқли санъаткорлар ва кўнгилли ёшлар иштирокида Республика бўйича "плогинг" ўтказиш.


Ҳар йили

Хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар уюшмаси, Давлат экология қўмитаси


2. Ўтказилаётган тадбирларни ОАВларида кенг ёритиш.


Доимий равишда

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги


III. САНИТАРИЯ ЖИҲАТИДАН ТОЗАЛАШ СОҲАСИДА

ТЎЛОВ МЕХАНИЗМЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

11

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни ундириш механизмини такомиллаштириш.

1. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни ундириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида мазкур соҳада самарали кўрсаткичларга эришган хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарига сўровнома юбориш ва (ёки) тажриба алмашиш учун малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳни хорижий мамлакатларга хизмат сафарига юбориш.


2021 йил

1 апрель


Хайрия ва ҳомийлик маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат экология қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни ундириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиш.


2021 йил

давомида

3. Ўрганиш ва таҳлиллар натижаси бўйича қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундиришнинг замонавий ечимлари юзасидан энг мақбул таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2022 йил

1 март

12

ҚМЧларнинг тўпланиш меъёрларини аниқлаш бўйича тадқиқот ва хронометраж ишларини олиб бориш.


1. ҚМЧларнинг тўпланиш меъёрларини аниқлаш бўйича тажриба тадқиқот ва хронометраж ишларини ўтказиш.


2. ҚМЧларнинг тўпланиш меъёрларини тасдиқлаш.


2021 йил

январь-

декабрь


Қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган манбалар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат экология қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

3. ҚМЧларнинг тўпланиш меъёрларини республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш.


Ҳар беш

йилда

IV. ЧИҚИНДИЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

СОҲАСИДА ДАВЛАТ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

13

Тошкент шаҳрида "Яшил патруль" акциясини ўтказиш.

1. Аҳолининг экологик билим ва маданиятини ошириш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлашни олдини олиш мақсадида, кўнгиллилар ҳамда Давлат экологик назорати инспекторлари билан ҳамкорликда жойларда "Яшил патруль" акциясини ўтказиш.


Ҳар йили

Талаб этилмайди

Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги


2. Белгиланмаган жойларга чиқиндиларнинг ташланишини олдини олиш ва аниқланган ҳолатлар юзасидан маъмурий чоралар қўллаш.


3. Ўтказилаётган тадбирларни ОАВларида кенг ёритиш.


Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги


14

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида мониторинг ўтказиш.

ҚМЧларни ноқонуний жойлаштириш ва уларнинг ҳосил бўлиш ва жойлаштириш жойларида ёқиш ҳолатларини мониторинг қилиш тадбирларини ўтказиш.

Мониторинг натижаларини ўрганиш.

Мавжуд муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича тегишли чораларни кўриш.


Доимий

равишда


Маблағ талаб этилмайди

Давлат экология қўмитаси

15

Тезкор назорат тадбирларини ўтказиш.


1. ҚМЧларни ноқонуний жойлаштириш ва уларнинг ҳосил бўлиш ва жойлаштириш жойларида ёқиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни олдини олиш бўйича экологик назорат тадбирларини ўтказиш.


2. ОАВ вакиллари иштирокида ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги жорий ҳолатни ёритиш мақсадида экологик назорат тадбирларини ўтказиш.

ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарларни аниқлаш.

ҚМЧлар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарларга нисбатан таъсир чораларини кўриш.


Доимий

равишда

Маблағ талаб этилмайди

Давлат экология қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

          





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 15 декабрдаги

ПҚ-4925-сон қарорига

3-ИЛОВА



Осиё тараққиёт банки иштирокидаги

"Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни

бошқариш" лойиҳасини жадаллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Амалга ошириш

муддатлари


Масъул ижрочилар


1

Оҳангарон тумани ҳудудида янги полигон қуриш ва мавжуд полигонни кўмишишларини амалга ошириш


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги харид комиссияситомонидан мувофиқ тендер ғолибини аниқлаш ва пудратчи билан шартномани имзолаш.


2021 йил

январь

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Махсустранс" ДУК

2. Оҳангарон тумани ҳудудидаги янги ташкил этилган ҳамда эски полигонларда белгиланган ишларни тугатиш.


2022 йил

декабрь

2

"Махсустранс" ДУК тасарруфидаги "Чиқиндини қайта юклаш станциялари"ни реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш


1. "Чиқиндини қайта юклаш станцияларини реконструкция қилиш" пакети бўйича мувофиқ тендер ғолибини аниқлаш ва пудратчи билан шартномани имзолаш.


2021 йил

январь


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Махсустранс" ДУК

2. Юнусобод ва Яккасарой чиқиндини қайта юклаш станцияларида қайта таъмирлаш ишларини амалга ошириш.


2021 йил

декабрь

3

"Махсустранс" ДУКга қарашли гараж хўжаликларини реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш

1. "Гараж хўжаликларини реконструкция қилиш" пакети бўйича тендер ғолибини аниқлаш ва пудратчи билан шартномани имзолаш.


2021 йил

январь


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Махсустранс" ДУК

2. Миробод ва Бектемир туманларда жойлашган гараж хўжаликларида қайта таъмирлаш ишларини амалга ошириш.


2021 йил

декабрь

4

Оҳангарон тумани ҳудудидаги янги чиқинди полигонининг моддий техника базасини ривожлантириш


Оҳангарон тумани ҳудудидаги янги чиқинди полигони учун махсус техникаларни харид қилиш.


2021 йил

декабрь


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Махсустранс" ДУК


5

Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган кредит маблағлари ҳисобидан "Махсустранс" ДУКда ягона электрон дастур (ERP) ва ихтисослашган махсус техникалар йўналишларини мақбуллаштирувчи килувчи (GIS) электрон дастурларини ўрнатиш.


Лойиҳа бўйича иқтисод қилинган кредит маблағларини ўзлаштириш мақсадида "Махсустранс" ДУКга зарур бўлган таъмирлаш ёки қурилиш ишларини амалга ошириш.


2022 йил

июнь


Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Махсустранс" ДУК


          





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 15 декабрдаги

ПҚ-4925-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги ПҚ-3067-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига асосан давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари рўйхатида:


а) 112-позиция чиқариб ташлансин;


б) 290-позициянинг "Давлат мулки объектининг номи" устунидаги "Чиқиндиларни қайта юклаш шохобчаларидан фойдаланиш корхонаси" ДУК" сўзлари "Махсустранс" ДУК" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорида:


а) 5-банднинг "б" кичик банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат экология қўмитаси тизимига кирувчи маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналарининг молиявий-хўжалик фаолиятини мувофиқлаштириш";


б) 7-банднинг биринчи хатбошисидаги:

"ва "Махсустранс" сўзлари чиқариб ташлансин;

"корхоналарининг" сўзи "корхонасининг" сўзи билан алмаштирилсин;


в) 1-иловадан "Махсустранс" ДУК ва унинг Тошкент шаҳар туманлардаги филиаллари, "Chiqindilarni qayta yuklash va utilizasiya qilish" ДК*" блоки чиқариб ташлансин;


г) 6-иловада:

"Тошкент шаҳри "Махсустранс" ДУК", "Туман филиаллари", "Chiqindilarni qayta yuklash va utilizasiya qilish" ДК" блоклари чиқариб ташлансин;


изоҳдаги "санитар тозалаш нодавлат ихтисослаштирилган" сўзлари "санитар тозалашга ихтисослаштирилган бошқа" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 16 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 21 декабрь, 49-50-сон, 551-модда







































Время: 0.1484
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск