ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет /

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш Концeпцияси (ЎзР ВМ 23.12.2020 й. 808-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 23 декабрдаги

808-сон қарорига

1-ИЛОВА



2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида

очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш

КОНЦEПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш концeпцияси (кейинги ўринларда - Концепция) очиқ маълумотларни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари ва тамойилларини, маълумотларнинг очиқлигини методик, ташкилий ва ахборот-технологик қўллаб-қувватлаш тадбирлари ҳамда ривожланиш босқичларини ўз ичига олади.


2. Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш ушбу Концeпцияга иловада келтирилган асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторларга эришишга асосланади.


3. Концепциянинг асосий мақсади 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини такомиллаштиришнинг стратегик йўналишларини шакллантириш ва ривожлантиришдан, шу билан бирга, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этишдан иборат.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ОЧИҚ

МАЪЛУМОТЛАР СОҲАСИДАГИ ЖОРИЙ ҲОЛАТ


4. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат органлари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда - давлат органлари) фуқаролар ва бизнес ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорлигининг янги механизмларини белгилаб берди. Ривожланишнинг қабул қилинган устувор йўналишларига мувофиқ жамоатчилик назорати, фуқаролик жамияти институтлари роли сезиларли даражада кучайтирилиб, ахборот-коммуникация технологиялари орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг очиқлиги ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, хусусан, 2015 йил март ойида жамоатчиликка тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий маълумотларни турли хил машинада ўқиладиган форматларда эълон қилиш имконига эга Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали (кейинги ўринларда - Портал) ишга туширилди.

Очиқ маълумотларни шакллантириш, жойлаштириш ва қайта ишлаш тартиби, давлат органларининг ўз расмий веб-сайтларида ва Порталда эълон қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхати (кейинги ўринларда - Рўйхат) тасдиқланди. Ҳозирги кунга қадар Порталда 147 та вазирлик ва идораларнинг 10 мингдан ортиқ очиқ маълумотлар тўпламлари жойлаштирилди, юклаб олишлар сони эса 7 миллиондан ошди.

Бироқ, амалга оширилган ишларга қарамай, очиқ маълумотларнинг ривожланишини чекловчи бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларнинг эълон қилиниши кўпчилик давлат органларида жамият ҳаётини яхшилаш ва давлат органилари фаолиятининг шаффофлигини ошириш бўйича ихтиёрий ташаббус билан эмас, балки иш жараёнини назорат қилиш билан боғлиқ. Ўрнатилган тенденциянинг сабаби бир қатор омиллардан иборат, хусусан:

Портални тартибга солишда камчиликларни келтириб чиқарадиган эскирган, замонавий талабларга жавоб бермайдиган норматив-ҳуқуқий ва методик база;

очиқ маълумотларни шакллантириш ва эълон қилишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг фикр-мулоҳазалари ва эҳтиёжлари ҳисобга олинишининг самарали қайта алоқа тизими мавжуд эмаслиги;

Порталда жойлаштириладиган маълумотларни ўз вақтида ишлаб чиқиш, уларни онлайн режимида янгилаш борасида Порталнинг техник имкониятлари чекланганлиги;

маълумотларни ўз вақтида янгилаш, уларнинг долзарблигини таъминлаш ҳамда очиқ маълумотларни эълон қилиш натижалари мониторингини олиб бориш устидан назорат тизими мавжуд эмаслиги;

давлат органларининг нафақат фуқаролар ва бизнес учун, балки идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда давлатнинг бошқа органлари учун ҳам ёпиқлиги;

давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи шахсий маълумотлар билан ишлашнинг қатъий тамойиллари шулар жумласидандир.



3-БОБ. ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

СТРАТЕГИК ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ


5. 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишлари қуйидагилардан иборат:

очиқ маълумотларнинг норматив-ҳуқуқий базаларини такомиллаштириш;

маълумотларнинг очиқлигини методик қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

маълумотларнинг очиқлигини ташкилий қўллаб-қувватлаш;

маълумотларнинг очиқлигини ахборот-технологик қўллаб-қувватлаш.

Буларга қўшимча равишда қуйидаги йўналишларда ишлар олиб борилади:

2021 йилдан бошлаб очиқ маълумотлар бўйича ҳамжамиятни шакллантириш ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида очиқ маълумотлар шаклида фаолият юритаётган иловалар ва хизматлар бозорини яратиш мақсадида мунтазам равишда "Open Data Day" ва "Open Data Week"ни ўтказиш;

эълон қилинган очиқ маълумотларнинг мониторингини олиб бориш, макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш учун ахборот базасини кенгайтириш, фойдаланувчилар ва давлат органлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш чораларини кўриш, маълумотлар алмашинувини яхшилаш бўйича ишларни амалга ошириш;

мамлакат обрўсини ва инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар соҳасидаги халқаро рейтингларда иштирокини таъминлаш ва мавқеини яхшилашда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурларини бажариш;

вазирликлар ва идоралар ходимларини очиқ маълумотлар соҳасида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шунингдек, ҳар йили юқори даражадаги профессионалликни таъминлаш учун:

а) очиқ маълумотлар соҳасида кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган замонавий таълим стандартлари ва асосан соҳага оид фанлардан иборат сифат жиҳатидан янги таълим тизимини жорий этиш;

б) маҳаллий ҳамда хорижий илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар билан очиқ маълумотлар соҳасида илғор тажриба ва илмий-тадқиқот ютуқларини алмашиш, шунингдек, мутахассисларни тайёрлаш, малака ошириш ва доимий равишда стажировкадан ўтиш соҳасида ҳамкорлик қилиш.


6. Қуйидагилар Очиқ маълумотларни ривожлантиришнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:


одатий равишда очиқлик - маълумотларни қонуний талаблардан келиб чиққан ҳолда очиқ, бепул ва машинада ўқиладиган форматларда эълон қилиш ҳамда улардан эркин фойдаланишни таъминлаш;


ўз вақтида эълон қилиш ва кенг қамровлилик - очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, маълумотларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли эълон қилиш, шунингдек, улардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш;


фойдалана олиш имконияти ва қулайлиги - ахборотдан фойдаланувчиларнинг барча тоифалари учун давлат органларининг машинада ўқиладиган ва бошқа форматлардаги очиқ маълумотларидан фойдаланиш учун тенг имкониятларни яратиш;


таққослаш имкониятининг мавжудлиги ва ўзаро боғланганлик - очиқ маълумотларни излаш, таққослаш ва самарали қайта фойдаланишни қўллаб-қувватлаш учун очиқ маълумотларни стандартлаштирилган таркиб ва форматда тақдим этиш ҳамда ўзаро боғлиқлик;


самарали бошқарув ва фуқароларни жалб этишга қаратилганлик - очиқ маълумотларни эълон қилишда ҳукумат ва фуқаролар ўртасида бошқарув ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилганлик;


ҳар томонлама ривожланиш ва инновацияларга қаратилганлик -соҳадаги илғор хорижий мамлакатлар билан билим ва тажриба алмашиш ҳамда маълумотларни тўплаш тартиботлари, стандартлари ва эълон қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўриш ҳамда очиқ маълумотлардан фойдаланишнинг инновацион усулларини рағбатлантиришга қаратилганлик.



4-БОБ. ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАРНИНГ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ

БАЗАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


7. "Очиқ" ахборот ва маълумотларни аниқ белгилаш, фрагментлаш, такрорланиш ва бўшлиқларни олдини олиш мақсадида давлат органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот ва маълумотлардан фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш.


8. Очиқ маълумотлар рўйхатини шакллантириш тартиб-таомилларини қайта кўриб чиқиш ва модернизация қилиш, уларни давлат органлари томонидан жойлаштириш ва мониторинг олиб бориш, очиқ маълумотлар тизими иштирокчиларини ташкилий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, очиқ маълумотлар фойдаланувчилари билан муносабатларни такомиллаштириш ҳисобига қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.


9. Очиқ маълумотларни ривожлантириш соҳасида халқаро ҳужжатлар имзоланишини ташкил этиш ва уларни амалга ошириш бўйича вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Халқаро очиқ маълумотлар Хартиясига қўшилишини сўзсиз таъминлаш бўйича ишларни амалга ошириш.



5-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ

МЕТОДИК ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ


10. Очиқ маълумотларнинг шаклланишини ҳисобга олган ҳолда уларни такомиллаштиришнинг талаб этиладиган даражаси ва даврийлигидан келиб чиқиб, очиқ маълумотлар тузилмасининг тавсифини унификация қилиш, шу жумладан, очиқ маълумотлар тўпламларида ягона маълумотномалар ва таснифлагичлардан фойдаланишни тартибга солиш.


11. Эксперт баҳолари, юкламалар бўйича статистик маълумотлар, фойдаланувчиларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғида сўровлари, қидирув сўровлари натижалари, жисмоний ва юридик шахслардан очиқ маълумотларни олиш бўйича сўровлар асосида жойлаштирилган маълумотлар тўпламига бўлган талабни баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш.


12. Порталда тақдим этиладиган очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳолатини баҳолаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва давлат органларининг расмий веб-сайтларида "очиқ маълумотлар" бўлимидаги бандларни батафсил ўрганиб чиқиш.


13. Портал билан интеграция қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган тизимларда интеграциялаш имконияти мавжудлиги тўғрисидаги талабларни инобатга олган ҳолда давлат ахборот тизимларининг техник топшириқларини кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш.


14. Очиқ маълумотлар соҳасидаги методик базани умумэътироф этилган илғор халқаро стандартлар ва тавсиялар, шу жумладан, шартномалар бўйича очиқ маълумотлар стандарти, молиялаштириш бўйича очиқ стандарт, ёрдам кўрсатишнинг шаффофлиги бўйича халқаро ташаббус асосида такомиллаштириш.


15. Очиқ маълумотларнинг долзарблигини таъминлаш мақсадида уларнинг эълон қилиниши натижалари бўйича мунтазам мониторинг олиб бориш. Жумладан:

а) "Контекст" мониторинги - сиёсий ва норматив-ҳуқуқий муҳит, институционал тайёргарлик, кадрлар салоҳияти, фуқароларнинг иштироки, инновацияларни молиялаштириш ва технологик инфратузилма каби очиқ маълумотлар концепциясини жорий этишнинг асосий жиҳатлари ҳолатини тизимли диагностика қилиш;

б) "Маълумотлар сифати ва талаби" мониторинги - талаб қилинган маълумотлар жамият учун энг катта қизиқиш ва аҳамиятга эга бўлган ахборот сифатида тушунилади. "Сифатли" маълумотлар чуқур деталлаштириш, очиқликнинг техник, ҳуқуқий ва амалий параметрлари каби хусусиятларни ўз ичига олади. Маълумотлар сифати ва уларга талаб юқори бўлганларининг мониторингини олиб бориш методикаси жаҳон ҳамжамияти томонидан қўлланиладиган мавжуд баҳолаш тизимлари асосида ишлаб чиқилиши керак;

в) "Маълумотлардан фойдаланилганлик" мониторинги - фойдаланувчилар тоифаси ва маълумотлардан фойдаланиш мақсадларни ўрганиш. Очиқ маълумотлардан фойдаланиш мониторинги очиқ маълумотлар порталида ва давлат органларининг веб-сайтларида жамоатчилик фикри сўровига асосланган бўлиши керак.

г) "Ижтимоий-иқтисодий таъсир" мониторинги - очиқ маълумотлардан фойдаланишдан олинган имтиёзларни баҳолаш. Потенциал фойда ижтимоий, экологик, сиёсий ва иқтисодий жиҳатлар доирасида ўрганилиши мумкин.


16. Таъсир этиш мониторинги усули давлат маълумотларини ошкор қилишнинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини прогнозлаштириш ва баҳолаш (инвестицион жозибадорлик ва тадбиркорлик муҳити, давлат ва жамоат секторларида иқтисодий самарадорлик, хавф-хатарларни таҳлил қилиш, ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар) асосида ишлаб чиқилади.



6-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ

ТАШКИЛИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


17. Очиқ маълумотларни ишлаб чиқиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантирувчи орган, Портал оператори, очиқ маълумотларни етказиб берувчилар ва фойдаланувчиларнинг функциялари ва вазифаларини аниқ белгилаб бериш.


18. Очиқ маълумотлар соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг очиқлиги ва сифатини оширишга, шу жумладан, очиқ маълумотлар етказиб берувчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятини қонун ҳужжатлари даражасида мустаҳкамлаш ҳисобига маълумотлар етказиб берувчиларнинг масъулиятини ва қизиқишини кучайтириш.


19. Мунтазам равишда етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда очиқ маълумотлар бўйича республика ва халқаро конференциялар ҳамда саммитларни ташкил этиш.


20. Илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда очиқ маълумотлар билан ишловчи масъул раҳбар ва ходимларни доимий ўқитиш жараёнини ташкил этиш.


21. Очиқ маълумотлар бўйича ҳамжамиятни шакллантириш ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда фаолият юритаётган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар бозорини яратиш ва такомиллаштириш, давлат-хусусий шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида "Open Data Challenge" ва "Хакатон"ларни мунтазам равишда ўтказиш чораларини кўриш.


22. Ўтказилаётган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ва фойдаланувчилар, шу жумладан, чет эллик фойдаланувчиларнинг очиқ маълумотлардан фойдаланишини оммалаштириш бўйича ишларни амалга ошириш.


23. Халқаро ареналарда мамлакатнинг очиқлик соҳасида, очиқ маълумотларнинг ривожланиш даражаси ва фойдаланиш имконияти бўйича обрўсини мустаҳкамлаш, шу жумладан, истиқболли халқаро рейтинг ва ҳисоботларда мамлакат ўрнини яхшилаш.



7-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ

АХБОРОТ-ТЕХНОЛОГИК ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


24. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш ҳамда Портал фаолияти сифатини ошириш мақсадида Портал инфратузилмаси ва дастурий платформасини модернизация қилиш.


25. Порталнинг функционал воситаларини ривожлантириш, очиқ маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш учун фойдаланувчилар жамоасини жалб қилишда краудсорсингдан кенг фойдаланиш.


26. Давлат органларининг ахборот тизимларида мавжуд бўлган электрон маълумотларни ўрганиш жараёнида очиқ маълумотлар рўйхатини шакллантириш тартибини модернизация қилиш ва қайта кўриб чиқиш.



8-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


27. Концепцияни амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш;

давлат органлари фаолиятини назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш имконияти орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш;

фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини ошириш;

"Очиқ Ҳукумат" концепциясини амалга ошириш учун ахборот базасини яратиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида очиқ маълумотлар шаклида фаолият юритаётган иловалар ва хизматлар бозорини шакллантиришга кўмаклашиш;

ижтимоий-фойдали хизматлар ишлаб чиқишда бюджет харажатларини тежаш;

давлат органлари ўртасида ахборот алмашиш имкониятларини кенгайтириш.



9-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


28. Концепциянинг амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш, умумий мувофиқлаштириш, республикада очиқ маълумотлар соҳаси ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


29. Концепцияни амалга ошириш мониторинги ушбу Концепцияда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли бажариш бўйича давлат органлари фаолиятини баҳолаш асосида амалга оширилади.






Концeпцияга

ИЛОВА



2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ

маълумотлар соҳасини ривожлантириш концeпциясини

амалга ошириш натижасида эришиладиган асосий

мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар

Кўрсаткичлар номи


Ўлчов

бирлиги


Жорий

кўрсат-

кич


Режалаштирилган кўрсаткичлар


2021

йил


2022

йил


2023

йил


2024

йил


2025

йил


I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ОЧИҚ

МАЪЛУМОТЛАР ПОРТАЛИГА МАЪЛУМОТЛАР

ТЎПЛАМЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилган маълумотлар тўпламлари сони


минг,

дона


9,2

10,0

11,2

12,0

12,5

13,0

Очиқ маълумотлар порталига интеграция қилиш орқали автоматик равишда жойлаштирилган маълумотлар тўпламлари сони


дона

-

100

200

1 000

4 000

6 500

II. ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР АСОСИДА ДАСТУРИЙ

МАҲСУЛОТЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ

Очиқ маълумотлар асосида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар ва мобил иловалар


дона

5

10

15

20

25

30

III. ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР СОҲАСИНИ ОММАЛАШТИРИШ

БЎЙИЧА СЕМИНАРЛАР, КОНФЕРЕНЦИЯЛАР, ВЕБИНАРЛАР,

АНЖУМАНЛАР ВА ТАДБИРЛАР ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ВА ИШТИРОК ЭТИШ

Семинарлар, конференциялар, вебинарлар, анжуманлар


дона

15

20

25

30

35

40

IV. ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР СОҲАСИДА ДАВЛАТ

ОРГАНЛАРИ ВА ИДОРАЛАРИ ХОДИМЛАРИНИ

ЎҚИТИШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

Давлат органлари ва идоралари ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш


нафар

120

150

170

200

220

250

         


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 24 декабрь











































Время: 0.0039
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск