ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Автомобиль транспорти /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2020 й. 812-сон "Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.12.2020 й.

N 812



АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ЁЛЛАШ ВА ИЖАРАГА БЕРИШ ФАОЛИЯТИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ,   ЭЛЕКТРОМОБИЛЛАР

ВА МОТОТРАНСПОРТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ,

ШУНИНГДЕК, ВЕЛОСИПЕДДА МАМЛАКАТ БЎЙЛАБ

ҲАРАКАТЛАНИШНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, электромобиллар дан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, велосипедда ҳаракатланишни оммалаштириш ва тарғиб қилиш, велоинфратузилмани ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Халқаро амалиётга мувофиқ, жисмоний шахсларга, шу жумладан чет эл фуқароларига автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти каршеринг деб эътироф этилиши маълумот учун қабул қилинсин. Бунда автомототранспорт воситалари уларни ижарага ва прокатга бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши, шунингдек, кейинчалик учинчи шахсларга автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш хизматларини кўрсатиш учун жисмоний шахслар томонидан уларга берилиши мумкин.


2. 2021 йил 10 январдан бошлаб каршеринг ташкилотларига нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини жисмоний ва юридик шахсларга 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқи берилсин.


3. Белгилансинки:

каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлиши шарт;

автомототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) каршеринг ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида каршеринг ташкилотларига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг "Маъмурий амалиёт" автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имкониятини тақдим этилишини таъминласин;

б) каршеринг ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни "Маъмурий амалиёт" автоматлаштирилган ахборот тизимига тезкорлик билан киритиш бўйича ишларни кучайтирсин;

в) Транспорт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

қоидабузар мижозларнинг хатти-ҳаракатидан, шу жумладан улар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун каршеринг ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш;

каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситаларини тўхташ жойларига етказиш, жойлаштириш ва сақлаш шароитларини яратиш.


5. "Ўзавтосаноат" АЖ халқаро консалтинг ташкилотлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда 2021 йил 1 февралга қадар лойиҳаларни амалга ошириш аниқ муддатлари, ишлаб чиқариш қуввати, молиялаштириш миқдори, давлат томонидан бериладган кўмаклар ва бошқа маълумотларни назарда тутган "Ўзавтосаноат" АЖ корхоналарида фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ишлаб чиқариш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантиришда фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситалари республика ҳудудида харид қилинганда ва (ёки) вақтинчалик олиб кирилганда уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда автомототранспорт воситалари эгалари (улардан фойдаланувчилар) томонидан тўланадиган йиғимларни бекор қилишни назарда тутсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда халқаро амалиётни ўрганиш асосида замонавий технологик тизимлардан фойдаланган ҳолда фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш бўйича зарядлаш терминалларини ўрнатишни ташкил қилиш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган мототранспорт воситаси ва велосипедда ҳаракатланишни тақиқловчи йўл белгиларини танқидий таҳлил қилсин ҳамда тегишли ҳаракат йўналишлари бўйлаб мазкур белгиларни олиб ташлаш чораларини кўрсин.


9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан биргаликда бир ой муддатда аҳоли орасида мототранспорт воситаларининг афзалликлари ва арзонлиги тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкиллаштириш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги мамлакатда велосипед транспорти, велоинфратузилма, велошеринг (байкшеринг) фаолиятини (ижарага бериш) ривожлантиришни режалаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишида ҳар томонлама кўмак кўрсатсин.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида велосипед транспортини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

велосипедда ва бошқа шахсий воситаларда ҳаракатланиш имконини берувчи тўсиқсиз ва хавфсиз муҳитни (тартибга солинадиган ва солинмайдиган йўл кесишмалари, Йўл ҳаракати қоидаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, велойўлкалар, велойўллар, велошоссе, светофорлар, йўл белгилари, велосипедларни тўхтатиб қўйиш жойлари, велосипедларни сақлаш учун ишончли шароитлар ва бошқалар), шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали яратиш;

туристик шаҳарлар, дам олиш зоналари, қўриқхоналар ва мамлакатимизнинг бошқа маданий мерос объектларини боғловчи велосипедлар магистраллари миллий тармоғини босқичма-босқич барпо этиш;

шаҳарлар ва қудудларни велосипедлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва уларни ҳар йили мониторинг қилиш учун мезонлар (индикаторлар) жорий этиш (бир йилда велосипедлар иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисалари сони, аҳолининг муайян сонига нисбатан велосипедчилар сони, тоифалар бўйича велосипед йўлкалари, велочорраҳалар, велосипед қўйиш жойлари ва улардаги тўхтаб туриш жойлари);

велосипедда ҳаракатланиш, велосипед транспорти ва шахсий ҳаракатланиш воситаларининг инсон саломатлигини мустаҳкамловчи транспорт тури, шунингдек, экологик тоза ҳаракатланиш воситаси сифатида оммалаштириш ва тарғиб қилиш;

велосипедда ҳаракатланишни, шу жумладан велосипедлар ва уларнинг бутловчи буюмларини харид қилишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

аҳолида велосипедчилик маданиятини шакллантириш;

Бутунжаҳон велосипед куни ва Европа ҳаракат ҳафталигига бағишланган йирик веломарафонлар, велосипедда йўл босиб ўтиш ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикасида велосипед транспорти ва велоинфратузилмани ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳамда велосипед транспортини оммалаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш ва доимий мониторинг қилишга масъул бўлган органлар ва ташкилотлар вакиллари орасидан ишчи гуруҳи ташкил этилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси С.М.Рустамбоев Дастур лойиҳасини тайёрлаш доирасида:

ишлаб чиқувчиларга велосипед транспорти ва велоинфратузилмани, айниқса коронавирус пандемияси даврида ривожлантириш бўйича француз тажрибаси билан танишишда кўмаклашсин;

француз ҳукумати билан Ўзбекистонда велосипед транспорти ва велоинфратузилмасини, шу жумладан велосипед ишлаб чиқарувчиларни ва ушбу соҳада хизматлар кўрсатувчи бошқа компанияларни жалб қилиш орқали ривожлантириш борасида икки томонлама яқин бизнес ва ишчи алоқаларини ўрнатиш масаласини кўриб чиқсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги оилавий поликлиникалар ҳамда профилактика инспекторларини велосипедлар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни киритсин:

енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги янгиланган низом лойиҳаси;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов ва транспорт вазирининг вазифасини бажарувчи И.Р. Маҳкамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 декабрь



































Время: 0.1842
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск