Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Ўзбекистон Республикасининг 06.05.1993 й. 820-XII-сон "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.1993 й.

N 820-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Конституциянинг муқаррар устунлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди зиммасига юклатилади.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Конституциявий суди

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Ўзбекистон Республикасида Конституциявий назоратнинг олий суд органи ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига содиқлик, мустақил, бамаслаҳат иш юритиш, ошкоралик ва судьялар ҳуқуқларининг тенглиги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг асосий қоидаларидир.


3. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қабул қилган бошқа ҳужатларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукумат ва давлат ҳокимияти маҳаллий идоралари қарорларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномалари ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига шарҳ беради.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўзига берилган ваколат доирасида бошқа ишларни ҳам кўриб чиқади.


4. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Конституциявий судини сайлаш

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Конституциявий суднинг раиси, Конституциявий суд раисининг ўринбосари, Конституциявий суднинг котиби ва Қорақалпоғистон Республикасидан вакил бўлган судьяни қўшган ҳолда Конституциявий суднинг 8 аъзосидан иборат таркибда сайланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, Конституциявий суд раисининг ўринбосари ва Конституциявий суднинг котибини қўшган ҳолда суд таркибидан камида 7 киши сайланган тақдирда ўз фаолиятини бошлашга ҳақлидир.


4. Судья Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди таркибидан чиқиб кетган тақдирда Олий Мажлис ушбу моддада белгиланган тартибда бошқа шахсни сайлайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 97-моддасига биноан ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Конституциявий суд аъзоси лавозимини эгаллайди.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг ваколат муддати

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига мувофиқ Конституциявий суд беш йил муддатга сайланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди доимий ишловчи орган ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судининг мажлислари заруратга қараб ўтказилади.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг мустақиллиги

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ҳамда унинг судьялари ўз фаолиятларида ўз ваколатлари муддатида мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўйсунадилар.


2. Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар эканлар, амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазалари, сиёсий мойиллик ва бошқа ташқи таъсирлардан ҳоли бўлган, ўз ҳуқуқий нуқтаи назарларини ифодалайдилар.


3. Конституциявий суднинг фаолиятига аралашув ман этилади ва бу қонунга биноан жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.



5-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий

суди судьялари ҳуқуқларининг тенглиги

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида масалаларни муҳокама қилишда ва қараб чиқилаётган масалалар бўйича овоз беришда Конституциявий суднинг раиси, Конституциявий суд раисининг ўринбосари, Конституциявий суднинг котиби ва Конституциявий суднинг аъзолари тенг ҳуқуқларга эгадирлар.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди хулосаларининг мажбурийлиги

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг хулосалари барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг хулосалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти эътиборига етказилади.


3. Ўзбекистон Республикасн Конституциявий судининг ўзига маълум бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бузилганлиги ҳолларига барҳам бериш, шунингдек меъёрий ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини, ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги, Конституциявий судда қараб чиқилаётган масалалар юзасидан тушунтириш, маслаҳат бериш ҳамда мутахассис фикрини баён этиш хусусидаги талабномалари бу талабномалар юборилган барча идоралар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг қонунчилик ташаббуси

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасига мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг иш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларини тайёрлаш, Конституциявий суд мажлисларида масалаларни кўриб чиқиш тартиби, унинг мажлисларини ўтказиш йўсини, судьялар ўртасида ишларни тақсимлаш қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Контитуциявий суди ходимларига қўйиладиган талаблар, иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа шунга ўхшаш масалалар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қабул қиладиган Иш тартиби билан белгиланади.



II БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ СУДЬЯЛАРИНИНГ

МАҚОМИ

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг судьяси лавозимига номзодга

қўйиладиган талаблар

Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассислари жумласидан бўлган, камида 35 ёшга тўлган, қоида тариқасида юридик ихтисоси бўйича иш стажи ўн йилдан кам бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси вазифасини бажариш учун талаб қилинадиган юксак малакага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суд судьяси этиб сайланиши мумкин.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судьясининг қасамёди

Олий Мажлис раиси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьялари этиб сайланган шахсларни қасамёд қилдиради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси этиб сайланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, Конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўйсунишга ва бошқа ҳеч кимга бўйсунмасликка тантанали қасамёд қиламан”.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг судьяси вазифаси билан бир вақтда

шуғулланиб бўлмайдиган фаолиятлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, раисининг ўринбосари, Конституциявий суд котиби ва аъзоси вазифаларини бажариш билан депутатлик мандатига эга бўлиш, сиёсий партияларга аъзолик, ҳаракатларда иштирок этиш ва ҳақ тўланадиган бошқа лавозимни эгаллаш ўзаро номувофиқдир.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судьясини алмаштириб бўлмаслик

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьясини алмаштириб бўлмайди ва унинг ваколатлари ушбу Қонунда белгиланган тартиб ҳамда асослардан ўзга тарзда тўхтатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судьясининг дахлсизлиги

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси дахлсиздир. У Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши, ушлаб келтирилиши ёки маъмурий жазо чораларига дучор этилиши мумкин эмас.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьясига нисбатан жиноий иш, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан иш юритиш фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьясининг турар жойига ёки хизмат хонасига, шахсий ёки унинг фойдаланишида бўлган транспортга кириш, у ерда текширув, тинтув ўтказиш ёки нарсаларини олиб қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьясини шахсан текшириш ёки шахсан тинтиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ижозатисиз амалга оширилиши мумкин эмас.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судьясининг ваколатларини тўхтатиш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьясининг ваколатлари:

у истеъфо бериш тўғрисида илтимос қилганлиги;

унинг тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми мавжудлиги;

у тиббиёт комиссиясининг хулосаси бўйича узоқ давом этаётган касаллилиги;

у Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиб кетганлиги сабали Олий Мажлис қарори билан тўхтатилади.



III БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ ФАОЛИЯТ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ

15-модда. Бамаслаҳат иш юритиш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида ишларни қараб чиқиш ва хулосалар бериш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари рўйхатдаги таркибининг камида етти аъзосидан иборат таркибда бамаслаҳат амалга оширилади.



16-модда. Ошкоралик

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлислари одатда, очиқ ўтади. Суд мажлиси бўлаётган хонага суд раисининг қарорига биноан оммамий ахборот воситаларининг вакиллари киритилиши мумкин.



17-модда. Судлов тили

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида иш юритиш Ўзбекистон Республикаси давлат тилида амалга оширилади.



18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судида масалаларни қараб чиқиш муддатлари

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, агар олинган материаллар ушбу Қонун талабларига жавоб берса, уларни олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатдан кечиктирмай ўрганиб чиқишга киришади.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида тегишли материал олинган пайтдан эътиборан олти ой ичида кўриб чиқилаётган масала юзасидан қарор қабул қилинади.



19-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судига масалаларни киритиш тартиби тўғрисида

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси номидан Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимиятининг олий идораси, Олий Мажлиснинг бир гуруҳ депутатлари (камида 50 киши), Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси Ўзбекистон Республкаси Конституциявий судида кўриб чиқиш учун масала киритиш ҳуқуқига эгадирлар.

Масала Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг камида тўрт судьяси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан ҳам киритилиши мумкин.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фақат конституциявийлиги шубҳа остига олинган муайян кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар чиқаради ва хулосалар беради.


3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди норматив ҳужжатнинг конституциявийлигини текшириб айни чоғда текширилган норматив ҳужжатлар асос қилиб олинган, ёхуд унинг қоидаларини такрорловчи ҳужжатларга нисбатан, гарчи Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида қараб чиқиш учун киритилган масалада улар хусусида сўз юритилмаган бўлса ҳам, қарор чиқариши мумкин.



20-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди мажлисларининг қатнашчилари

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири қатнашишлари мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз фикрларини баён этишга ҳақлидирлар.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахслари иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.



21-модда. Томонларнинг чиқимларини қоплаш манбаи

1. Томонлар конституциявий судлов ишларида иштирок этиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди жойлашган манзилда бўлиш билан боғлиқ харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан қоплайдилар.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судидаги судлов ишлари ва у жойлашган манзилда бўлиш билан боғлиқ бошқа харажатлар қилган томонлар бу харажатларни фуқаролик судлови тартибида қопланишини талаб қилиши мумкин.



22-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг мажлисларига чақириш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисига зарур маълумот ёки материалларга эга шахслар гувоҳ сифатида ҳамда қараб чиқилаётган масала соҳасида махсус билимга эга шахслар эксперт сифатида чақирилишлари мумкин.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг ҳал қилув қарори

1. Давлатлараро шартноманинг конституциявийлиги юзасидан қараб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг якуний тўхтами қарор деб аталади. Қарорлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.


2. Ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг якуний тўхтами хулоса деб аталади.


3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг талаблари унинг ҳал қилув қарорларида ифодаланиши ёхуд бошқа шаклга эга бўлиши мумкин.



24-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди томонидан ҳал қилув қарорининг қабул килиниши

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳал қилув қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.


2. Судья овоз беришда бетараф қолишга ёки қатнашмасликка ҳақли эмас.


3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори, агар унга мажлисда қатнашаётган судьяларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори ёки хулосасига қўшилмаган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси ўз фикрини ёзма тарзда баён қилиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси баёнига тиргаб қўйишга ҳақлидир.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди ҳал қилув қарорининг кучга кириши

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори матбуотда эълон килинган пайтдан бошлаб кучга киради.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳал қилув қарорлари қатъий ва унинг устидан шикоятга ўрин йўқ.



26-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг ҳал қилув қарорини қайтадан кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳал қилув қарори, башарти:

ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига номаълум бўлган янги аҳамиятли жиҳатлар аён бўлиб қолса;

ҳал қилув қарори қабул қилинаётганда асосланилган Конституциявий норма ўзгартирилган бўлса, Конституциявий судининг ўз ташаббуси билан қайтадан кўриб чиқилади.



27-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг материалларини эълон қилиш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳал қилув қарорлари, хулосалари ва бошқа қарорлари Олий Мажлиснинг Ахборотномасида ҳамда Олий Мажлиснинг бошқа матбаа нашрларида чоп этилади.



IV БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИГА

ДОИР БОШҚА МАСАЛАЛАР

28-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

судининг ишини молиявий таъминлаш

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ишини молиявий таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳал қилув қарорларини бажариш билан боғлиқ харажатларни тегишли талабларни ижро этиш зиммасига юклатилган давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар кўтарадилар.



29-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судьяси фаолиятининг таъминоти

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига сайланган шахслар фаолияти таъминотининг шартларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларига тенглаштириладилар.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларининг пенсия таъминоти тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судини қўриқлаш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эгаллаб турган биноларни, зарурат бўлганда эса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини, улар яшаб турган турар жойларни ва уларнинг мол-мулкини қўриқлаш ички ишлар органларига юкланади.



31-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судьяларининг гувоҳнома ва кўкракка

тақиладиган нишонлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяларига Ўзбекистон Республикаси Президенти тасдиқлайдиган намунадаги гувоҳнома ва кўкракка тақиладиган нишон берилади.



32-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди судининг муҳри

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 204-модда

























Время: 0.1573
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск