ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг 12.01.2021 й. ЎРҚ-664-сон "Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 11.12.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.12.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.01.2021 й.

N ЎРҚ-664



ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД

ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ ИНСТИТУТИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 19 декабрда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 11, 23-моддалар, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 418-модда; 2006 йил, N 6, 261-модда; 2007 йил, N 4, 166-модда, N 6, 248, 249-моддалар, N 9, 422-модда, N 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 177, 187-моддалар, N 9, 482, 484, 487-моддалар, N 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 4, 136-модда, N 9, 335-модда, N 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, N 6, 231-модда, N 9, 334, 336, 337, 342-моддалар, N 12, 477-модда; 2011 йил, N 4, 103, 104-моддалар, N 9, 252-модда, N 12/2, 363-модда; 2012 йил, N 1, 3-модда, N 9/2, 244-модда, N 12, 336-модда; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 385-модда; 2017 йил, N 3, 47-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 1, 5-моддалар, N 4, 218, 224-моддалар, N 7, 430, 431-моддалар, N 10, 679-модда; 2019 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161-модда, N 5, 259, 267-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469-модда, N 9, 589, 592-моддалар, N 10, 671-модда, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 881, 891-моддалар; 2020 йил, N 3, 204-модда, N 5, 296-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 13-модданинг:

бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тегишли суд ҳайъатларида апелляция ва кассация тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукмларига апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади";

олтинчи қисми чиқариб ташлансин;


2) 28-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасида жиноят ишлари бўйича одил судловни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар амалга оширади.

Биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқариш ҳуқуқига эга. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради";


3) 29-модданинг биринчи қисмидаги "апелляция, кассация, назорат тартибида" деган сўзлар "апелляция, кассация тартибида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


4) 46-модданинг биринчи қисмидаги "кассация ва назорат инстанциялари" деган сўзлар "кассация инстанцияси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


5) 51-модда биринчи қисмининг 9-бандидаги "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


6) 53-модданинг биринчи қисмидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


7) 55-модданинг биринчи қисмидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


8) 57-модданинг биринчи қисмидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


9) 59-модданинг биринчи қисмидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


10) 76-модданинг учинчи - саккизинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги учинчи - еттинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ишни кўришда иштирок этган судья ўз иштирокида чиқарилган ҳукм, ажрим бекор қилинганидан кейин ўша ишни кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида кўришда ёхуд ишни кассация тартибида такроран кўришда иштирок эта олмайди.

Суриштирувчининг, терговчининг, шунингдек суд мажлиси котибининг ўз процессуал мажбуриятларини бажариши уларнинг шу иш бўйича тегишинча суриштирувни, дастлабки терговни юритишда такроран иштирок этиши, шунингдек суд мажлиси баённомасини юритиши учун монелик қилмайди";


11) 148-1-модданинг биринчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


12) 166-1-модданинг биринчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


13) 239-модда учинчи қисмининг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяларига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилиги билан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларининг, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларининг, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, туманлараро маъмурий судларининг ва Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судларининг судьяларига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилиги билан";


14) 242-1-модданинг тўртинчи қисмидаги "қарорда" деган сўз "суднинг ажримида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


15) 243-модданинг бешинчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


16) 247-модданинг учинчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


17) 254-3-модданинг биринчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


18) 257-модданинг биринчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


19) 267-модданинг биринчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


20) 273-модданинг матнидаги "апелляция, кассация ёхуд назорат тартибида" деган сўзлар "апелляция ёхуд кассация тартибида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


21) 306-модда:

биринчи қисмининг биринчи жумласидаги "ажримда (қарорда)" деган сўзлар "ажримда" деган сўз билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмидаги "кассация ёки назорат тартибида" деган сўзлар "апелляция ёки кассация тартибида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


22) 389-модданинг:

иккинчи қисмидаги "Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

олтинчи қисмидаги "Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг раиси, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси, вилоят, Тошкент шаҳар судининг раислари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


23) 405-модданинг тўртинчи қисмидаги "Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судларининг" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


24) 405-1-модданинг учинчи қисмидаги "Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судларининг" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


25) 409-модданинг:

тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Прокурорнинг айбловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра тугатишга сабаб бўлади";

еттинчи қисмидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


26) 414-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилади.

Тайинланган жазонинг енгиллиги ёки оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш зарурлиги туфайли апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими кассация инстанцияси суди томонидан бекор қилинганидан кейин иш кўриб чиқилган ҳолларда, апелляция инстанцияси судида муҳокама судланувчининг умуман айбдорлиги ёки айбдор эмаслиги тўғрисидаги масалага дахл қилмаган ҳолда, фақат жиноятни тавсифлашга ва жазо чорасига оид қисм бўйича амалга оширилади";


27) 416-модданинг иккинчи қисмидаги "унинг вакилининг" деган сўзлар "унинг вакилининг ёхуд судланувчининг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


28) 417-модданинг иккинчи қисмидаги "унинг вакили" деган сўзлар "унинг вакилининг ёхуд судланувчининг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


29) 426-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Баённома қўлда ёки компьютерда ёзилиши мумкин. Баённоманинг тўлиқ бўлишини таъминлаш учун аудиоёзув воситаларидан, стенограмма юритишдан фойдаланиш мумкин";

иккинчи - ўнинчи қисмлари тегишинча учинчи - ўн биринчи қисмлар деб ҳисоблансин;

ўнинчи ва ўн биринчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суд мажлисининг баённомаси ҳукм чиқарилган куннинг эртасидан, мураккаб ишлар бўйича эса уч суткадан кечиктирмай имзоланиши керак.

Тарафлар баённоманинг ва суд мажлиси аудиоёзувининг кўчирма нусхаларини ўз ҳисобидан олишга ҳақли";


30) 427-модда:

биринчи қисмининг биринчи жумласидаги "баённома" деган сўз "баённома ва суд мажлисининг аудиоёзуви" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмидаги "суд мажлиси баённомаси" деган сўзлар "суд мажлисининг баённомаси ёки аудиоёзуви" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


31) 470-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши кўрсатилади";


32) 471-модданинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4) ҳукм устидан апелляция шикоятини бериш, протест билдиришнинг ушбу Кодекснинг тегишинча 497-3 ва 497-4-моддаларида назарда тутилган тартиби, муддатлари";


33) 473-модданинг тўртинчи қисмидаги "ҳукм устидан улар истаги бўйича апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш" деган сўзлар "ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


34) ўн биринчи бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"ЎН БИРИНЧИ БЎЛИМ. СУД ҲУКМЛАРИ,

АЖРИМЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШ";


35) 55-боб чиқариб ташлансин;


36) 55-1-боб қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"55-1-БОБ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ ҲУКМИ,

АЖРИМИ УСТИДАН АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА

ШИКОЯТ БЕРИШ (ПРОТЕСТ БИЛДИРИШ)


497-1-модда. Апелляция тартибида шикоят бериладиган ва

протест билдириладиган қарорлар


Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Биринчи инстанция судининг суд муҳокамаси вақтида чиқарилган ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳукм устидан шундай ҳаракатларни содир этиш билан бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.


497-2-модда. Ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят

бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга

бўлган шахслар


Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми устидан шикоят беришга, прокурор ва унинг ўринбосари эса, протест билдиришга ҳақлидир.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Суд томонидан оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлаш сабаблари ҳамда асосларига доир қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция тартибида шикоят беришга ҳақлидир.


497-3-модда. Ҳукмлар устидан апелляция тартибида

шикоят бериш ва протест билдириш тартиби


Қонуний кучга кирмаган ҳукмлар устидан апелляция тартибида қуйидагича шикоят берилиши ва протест билдирилиши мумкин:

1) жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг ҳукми устидан - Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар, Тошкент шаҳар судига;

2) ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳукми устидан - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига;

3) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми устидан - Ўзбекистон Республикаси Олий судига;

4) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукми устидан - мазкур суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига.

Апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Шикоят ёки протест бевосита апелляция инстанцияси судига берилган тақдирда, суд уларни ҳукм чиқарган судга ушбу Кодекснинг 497-6-моддасида баён этилган талабларни бажариш учун юборади.


497-4-модда. Ҳукм устидан апелляция шикоятлари ва

протестлари бериш муддати


Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.

Ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақли.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.


497-5-модда. Апелляция шикояти ёки протести бериш

муддатини тиклаш тартиби


Ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган ҳолларда апелляция шикояти ёки протести бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳукм чиқарган судга муддатни тиклаш сўралган илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Зарур ҳолларда, бу масала илтимоснома берган шахснинг иштирокида ҳал қилинади.

Суднинг ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция инстанцияси судига хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин бўлиб, у мазкур ажримни бекор қилишга, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ва апелляция шикояти (протести) бўйича ишни кўришга ёхуд ишни ҳукм чиқарган судга ушбу Кодекс 497-6-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларни бажариш учун юборишга ҳақли.


497-6-модда. Апелляция шикояти, протести берилганлиги

тўғрисида хабар бериш


Ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг ҳимоячиларини, қонуний вакилини, жабрланувчини, унинг вакилини, шунингдек фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, хабардор қилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхалари ёхуд ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали уларнинг электрон нусхалари билан танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоят, протест юзасидан ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи уларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят, протест устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.

Тарафлар апелляция шикоятига, протестига доир эътироз билан бирга алоҳида ҳолда янги материалларни тақдим этишга ёхуд уларни талаб қилиб олиш ва текшириш, шунингдек ўзлари кўрсатган жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни судга чақириш ва сўроқ қилиш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли.


497-7-модда. Ҳукм устидан апелляция шикояти ёки

протести бериш оқибатлари


Апелляция шикояти ёки протести берилиши ҳукмнинг қонуний кучга киришини ва унинг ижро эттирилишини тўхтатиб туради.

Ҳукм устидан шикоят бериш ва протест билдириш учун белгиланган муддат тугагач, ҳукм чиқарган суд ушбу Кодекснинг 497-6-моддасида назарда тутилган талабларни бажариб, ишни шикоятлар, протестлар ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга ўн кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси судига юборади.

Бу муддат алоҳида ҳолларда юқори суд раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан йигирма кунга узайтирилиши мумкин.


497-8-модда. Апелляция шикояти ва протестининг

мазмуни


Апелляция шикояти ва протестида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар;

3) ҳукмни чиқарган суднинг номи, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти;

5) шикоят, протест берган шахс ўз талабларини асослаётган, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар;

6) янгидан тақдим этилаётган далиллар ва уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги сабаблари;

7) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;

8) шикоят, протест берилган сана ҳамда шикоят, протест бераётган шахснинг имзоси.

Агар апелляция шикоятининг, протестининг мазмуни мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга жавоб бермаса ва бу келгусида ишни мазмунан кўриб чиқишга тўсқинлик қилса, судья апелляция шикоятини, протестини уни берган шахсга қайтариш тўғрисида апелляция шикоятини ёки протестини қайта тузиш учун муддатни белгилаган ҳолда уч кунлик муддатда ажрим чиқаради.

Судьянинг апелляция шикоятини, протестини қайтариш тўғрисидаги ажрими талаблари бажарилмаган ва апелляция шикояти, протести белгиланган вақтда келиб тушмаган ҳолларда, у берилмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолда ҳукм қонуний кучга кирган деб ҳисобланади.


497-9-модда. Апелляция шикоятига, протестига

ўзгартиш ва қўшимча киритиш


Апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция инстанцияси судининг мажлиси бошлангунига қадар уни ўзгартиришга ёки янги важлар билан тўлдиришга ҳақли.

Ҳукм устидан шикоят (протест) бериш муддати ўтганидан кейин берилган апелляция протестига, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг апелляция шикоятига ўзгартириш ёки қўшимча киритишда маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш тўғрисида масала, агар бундай талаб дастлабки шикоятда, протестда мавжуд бўлмаса, қўйилиши мумкин эмас.

Ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан кейин ишга киришган ҳимоячи апелляция шикоятини ўзгартириши ёки уни янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.


497-10-модда. Апелляция шикоятини ёки протестини

қайтариб олиш


Ҳукм устидан шикоят берган ёки протест билдирган шахс ўз шикоятини ёки протестини қайтариб олишга ҳақли. Юқори турувчи прокурор ҳам протестни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Маҳкумнинг ҳимоячиси, қонуний вакили ўз шикоятини фақат маҳкумнинг розилиги билан қайтариб олишга ҳақли.

Маҳкум ҳимоячи томонидан берилган шикоятни қайтариб олишга ҳақли.

Апелляция шикоятини ёки протестини қайтариб олишга апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар йўл қўйилади.


497-11-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими

устидан шикоят ва протест бериш


Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин.

Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.

Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин.

Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, агар ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.


497-12-модда. Ишни апелляция инстанцияси судига

юбориш тўғрисида хабар бериш


Биринчи инстанция суди жиноят иши апелляция инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида кўрсатилган шахсларни хабардор қилади";


37) қуйидаги мазмундаги 55-2-боб билан тўлдирилсин:


"55-2-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

СУДИДА ИШ ЮРИТИШ


497-13-модда. Апелляция инстанцияси суди

муҳокамасининг предмети


Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича ҳақиқий ҳолатлар аниқланишининг тўлиқлигини ва жиноят қонуни нормалари тўғри қўлланилганлигини, иш юритишни амалга ошириш чоғида жиноят-процессуал қонун нормаларига риоя этилган-этилмаганлигини, биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини ишда мавжуд бўлган ва апелляция инстанцияси суди томонидан қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширади.


497-14-модда. Апелляция инстанцияси судида ишни

кўриш муддатлари


Апелляция инстанцияси суди жиноят ишини иш шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш суткадан кечиктирмай кўришга киришиши керак.

Иш ўта мураккаб бўлган тақдирда ва бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суд раиси бу муддатни кўпи билан ўн беш суткага, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари эса кўпи билан бир ойга узайтириши мумкин.

Ишни кўриш муддати узайтирилганлиги ҳақида жиноят процессининг манфаатдор иштирокчилари хабардор қилиниши керак.

Апелляция инстанцияси суди томонидан жиноят ишини кўриш давомийлиги уни кўриш бошланган кундан эътиборан икки ойдан ошмаслиги керак.


497-15-модда. Апелляция инстанцияси суди мажлисини

тайинлаш ва тайёрлаш


Судья апелляция шикояти, протести билан келиб тушган жиноят ишини ўрганиб, суд мажлисини тайинлаш тўғрисида етти сутка ичида ажрим чиқаради ва унда қуйидаги масалалар ҳал этилади:

1) жиноят ишини кўриб чиқиш жойи, санаси ва бошланиш вақти тўғрисидаги;

2) тарафларни, шунингдек гувоҳларни, экспертларни ва бошқа шахсларни суд мажлисига чақириш, шикоятда, протестда кўрсатилган қўшимча далилларни, агар мазкур илтимосномани асосли деб топса, талаб қилиб олиш тўғрисидаги;

3) ушбу Кодекснинг 19-моддасида назарда тутилган ҳолларда жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги;

4) қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган маҳкумнинг суд мажлисида иштирок этиши тўғрисидаги.

Ажрим чиқарилган кундан эътиборан уч сутка ичида процесс иштирокчиларига суд мажлиси тайинланганлиги ҳақида хабарнома юборилади.

Агар жиноят ишини ўрганиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан ушбу Кодекс 497-6-моддаси иккинчи қисмининг талаблари бажарилмаганлиги аниқланса, судья апелляция инстанцияси судида ишни кўриб чиқишга монелик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш учун жиноят ишини шу судга қайтаради.


497-16-модда. Тарафларнинг апелляция инстанцияси суди

мажлисида иштирок этиши


Апелляция инстанцияси суди мажлисида қуйидагилар иштирок этиши шарт:

1) тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори томонидан ваколат берилган прокурор;

2) маҳкум, оқланган шахс ёки ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс - мазкур шахс суд мажлисида иштирок этиш тўғрисида илтимоснома берган ёки суд мазкур шахснинг суд мажлисида иштирок этишини зарур деб топган ҳолларда;

3) ҳимоячи - ушбу Кодекснинг 51 ва 52-моддаларида кўрсатилган ҳолларда.

Қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган ва апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқишда ҳозир бўлиш истагини билдирган маҳкумга суд мажлисида бевосита ёки видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади.


497-17-модда. Апелляция инстанцияси судида

жиноят ишини кўриш тартиби


Апелляция инстанцияси судида жиноят иши биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича, ушбу бобда назарда тутилган қоидалар инобатга олинган ҳолда кўрилади.

Раислик қилувчи суд мажлисини очади ҳамда қандай жиноят иши ва кимнинг апелляция шикояти, протести бўйича кўрилишини эълон қилади.

Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, прокурорнинг, ҳимоячининг, суд мажлиси котибининг ва, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг фамилияси, исмини ва отасининг исмини маълум қилади.

Апелляция инстанцияси суди мажлисининг жойи, санаси ва вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги жиноят ишини кўришга монелик қилмайди, бундан суд мажлисида иштирок этиши шарт бўлган шахслар мустасно.

Раислик қилувчи ҳозир бўлган жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради ва уларда рад қилишга оид арзлар ва илтимосномалар бор-йўқлигини, апелляция шикоятида, протестида баён этилган илтимосларни қувватлашини ёки қувватламаслигини аниқлайди. Бундай илтимослар мавжуд бўлганда суд улар бўйича ажрим чиқаради.

Суд муҳокамаси судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади. У биринчи инстанция суди ҳукмининг ёки ажримининг мазмунини, апелляция шикоятининг, протестининг мазмунини ва унга қарши эътирозларнинг моҳиятини қисқача баён этади.

Раислик қилувчи апелляция шикояти берган шахсга, апелляция шикояти ва протести кимга нисбатан берилган бўлса ўша шахсга, уларнинг ҳимоячилари ва вакилларига, сўнгра эса прокурорга сўз беради. Иш бўйича бир нечта шикоят мавжуд бўлган тақдирда, сўзга чиқиш навбати суд томонидан тарафларнинг фикри инобатга олинган ҳолда белгиланади. Агар берилган апелляция шикоятлари орасида прокурорнинг апелляция протести бўлса, сўз биринчи навбатда унга берилади.

Суд тарафларнинг сўзларини эшитиб, ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини лозим даражада текшириб кўришни таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, бевосита суд мажлисида текшириладиган далиллар ҳажмини аниқлаш тўғрисида; суд мажлисига судланувчини, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертлар ва зарурат бўлса, бошқа шахсларни чақириш ҳақида; судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини сақлаб қолиш, танлаш, бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Шундан кейин суд суд мажлисига чақирилган судланувчини, гувоҳларни, жабрланувчиларни сўроқ қилиш йўли билан далилларни текширишга, шунингдек тарафларнинг илтимоси бўйича ҳамда ўзининг ташаббуси билан ҳужжатларни, баённомаларни ва ишга оид бошқа материалларни ўқиб эшиттиришга киришади. Далилларни текшириш тартиби тарафларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Тарафлар апелляция инстанцияси судига апелляция шикоятида, протестида келтирилган важларни тасдиқлаб ёки инкор этиб, қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.

Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳлар, агар суд буни зарур деб топса, апелляция инстанцияси судида сўроқ қилинадилар.

Тарафларнинг далилларни, шу жумладан биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириш тўғрисидаги ва суд мажлисига гувоҳлар, экспертларни ҳамда бошқа шахсларни чақириш тўғрисидаги илтимосномалари ушбу Кодекс 438-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади. Бунда суд илтимосномани қаноатлантиришни фақат у биринчи инстанция суди томонидан қаноатлантирилмаганлигига асосланиб рад этишга ҳақли эмас.

Биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далиллар (янги далиллар) суд томонидан қабул қилинади, бунда уларни текшириш тўғрисида илтимоснома берган шахс ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бу далилларни биринчи инстанция судига тақдим этишга имконияти бўлмаганлигини асослаб бериши керак.

Апелляция инстанцияси суди далилларни видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланган ҳолда текширишга ҳақли.

Суд тергови тугаллангач, суд тарафлардан суд терговига қўшимча қилиш юзасидан илтимослари бор-йўқлигини суриштиради. Суд бу илтимосларни ҳал этади ва шундан кейин тарафларнинг музокараларига ўтади.


497-18-модда. Тарафларнинг музокаралари ва

судланувчининг охирги сўзи


Суд музокаралари ушбу Кодекснинг 449-моддаси қоидалари асосида ўтказилади, бунда шикоят, протест берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Тарафларнинг музокаралари тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи судланувчига, агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, охирги сўз беради, шундан кейин суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.


497-19-модда. Ҳукмни бекор қилиш ёки

ўзгартириш асослари


Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги;

2) суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

3) ушбу Кодекс нормаларининг жиддий равишда бузилганлиги;

4) Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги;

5) жазонинг адолатсизлиги.


497-20-модда. Суд терговининг тўлиқ эмаслиги

ва бир ёқламалиги


Суд тергови қуйидаги ҳолларда тўлиқ эмас ва бир ёқлама деб топилади, башарти иш бўйича:

1) ушбу Кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса;

2) кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса;

3) ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса;

4) иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган бўлса;

5) натижалари иш учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса;

6) ишни янгитдан апелляция тартибида кўриш учун юборган кассация инстанцияси судининг ажримида кўрсатилган ҳолатлар текширилмаган бўлса.


497-21-модда. Ҳукмда баён қилинган суд хулосаларининг

ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги


Қуйидаги ҳолларда суд ҳукми жиноят ишининг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмас деб эътироф этилади, агар:

1) суд хулосалари суд мажлисида кўрилган далиллар билан тасдиқланмаган бўлса;

2) суд ўз хулосасига жиддий таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олмаган бўлса;

3) иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга нисбатан бир-бирига зид далиллар мавжуд бўлгани ҳолда, суд қайси сабабларга кўра далиллардан баъзиларини ишонарли деб топиб, бошқаларини рад этганлиги ҳукмда кўрсатилмаган бўлса;

4) суднинг ҳукмида баён этилган хулосаларда жиддий зиддиятлар мавжуд бўлиб, улар судланувчининг айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишга, Жиноят кодекси нормаларини тўғри қўллашга ёки жазо чорасини белгилашга таъсир кўрсатган бўлса ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлса.


497-22-модда. Жиноят-процессуал қонун нормаларининг

жиддий бузилишлари


Процесс иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқлардан маҳрум қилган ёки бу ҳуқуқларни чеклаган ёхуд суд ишнинг ҳар томонлама кўриб чиқишига бошқача тарзда ҳалал берган ҳамда қонуний, асосли ва адолатли ҳукм чиқаришга таъсир қилган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар ушбу Кодекс нормаларини жиддий бузиш деб эътироф этилади.

Ҳукм қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши керак, агар:

1) ҳукмни қонунга хилоф таркибдаги суд чиқарган бўлса;

2) судьянинг ҳукмни якка ўзи чиқариши тартиби ёки ҳукм чиқаришда судьялар маслаҳатлашувининг сир сақланиши бузилган бўлса;

3) иш судланувчи йўқлигида кўрилган бўлса, бундан ушбу Кодекс 410-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно;

4) суриштирув ёки дастлабки тергов тамомланганидан сўнг айбланувчи ишдаги барча материаллар билан таништирилмаган ва бу қоидабузарлик ҳукм чиқарган суд томонидан бартараф этилмаган бўлса;

5) ҳимоячиси бўлмаган судланувчига ҳимоя нутқи учун сўз берилмаган бўлса;

6) судланувчига охирги сўз берилмаган бўлса;

7) судланувчининг она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган бўлса;

8) қонунга кўра ҳимоячининг иштироки шарт бўлса-ю, иш унинг иштирокисиз тергов қилинган ёки кўриб чиқилган бўлса;

9) ишни юритишни истисно этадиган ҳолатлар бўла туриб, суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси ўтказилган бўлса;

10) суд мажлиси баённомаси ишга тикилмаган ёхуд имзоланмаган бўлса.


497-23-модда. Жиноят кодекси нормаларининг

нотўғри қўлланилиши


Қуйидагилар Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб эътироф этилади:

1) Жиноят кодекси Умумий қисми моддалари талабларининг бузилганлиги;

2) жиноятнинг Жиноят кодексининг қўлланилиши керак бўлган моддаси (модданинг қисми, банди) ўрнига бошқа моддаси (модданинг қисми, банди) билан тавсифланганлиги;

3) маҳкумга Жиноят кодексининг мазкур моддасида назарда тутилмаган жазо тури ва меъёри тайинланганлиги.


497-24-модда. Жазонинг адолатсизлиги


Жазо жиноятнинг оғирлигига, маҳкумнинг шахсига номувофиқ бўлса ёки Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган доирадан четга чиқмасдан тайинланган бўлса-да, бироқ тури ёки миқдори бўйича ўта енгил ёки ўта оғир бўлса адолатсиз ҳисобланади.


497-25-модда. Апелляция инстанцияси судида

жиноят ишини кўриш чегараси


Суд жиноят ишини апелляция тартибида кўришда апелляция шикояти, протести важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан апелляция шикояти бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят, протест берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.

Апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни ҳам, апелляция инстанцияси судига тарафлар томонидан тақдим этилган ёки у томонидан талаб қилиб олинган ва текшириб чиқилган янги далилларни ҳам эътиборга олади.

Агар биринчи инстанция суди томонидан суд терговининг тўлиқ эмаслигига ёки бир ёқламалилигига ёхуд процессуал бузилишларга йўл қўйилган бўлса, апелляция инстанцияси суди тўлиқ ёки қисман суд терговини ўтказиш йўли билан бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш, процессуал бузилишларни бартараф этиш чораларини кўради. Шу мақсадда апелляция инстанция суди:

1) ишни ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни тарафларнинг илтимосига кўра талаб қилиб олишга;

2) зарур суд экспертизасини тайинлашга;

3) суд мажлисига қўшимча гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни чақиришга ва сўроқ қилишга, тарафлар томонидан тақдим этилган ёки уларнинг илтимосига кўра суд томонидан талаб қилиб олинган ёзма, ашёвий далилларни ва бошқа далилларни текширишга;

4) биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни мақбул эмас деб топишга ва уларни далиллар мажмуидан чиқариб ташлашга;

5) биринчи инстанция суди томонидан мақбул эмас деб топилганлиги учун далиллар мажмуидан чиқариб ташланган далилларни мақбул далиллар деб топишга ва уларни текширишга;

6) фуқаровий даъвога тааллуқли бўлган ҳолатларни текширишга ва фуқаровий даъво бўйича қарор қабул қилишга;

7) иш материаллари тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқилишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни бажаришга ҳақли.

Апелляция инстанцияси суди асослар мавжуд бўлганда маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга, унга жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ тартибли турини белгилашга, жиноят туфайли етказилган зарарнинг миқдорини кўпайтиришга ҳақли.


497-26-модда. Апелляция инстанцияси судининг

ваколатлари


Апелляция инстанцияси суди жиноят ишини кўриш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) ҳукмни ўзгаришсиз, апелляция шикоятини, протестини эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

2) айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукмини чиқариш тўғрисида;

3) айблов ҳукмини бекор қилиш ва янги айблов ҳукмини чиқариш тўғрисида;

4) оқлов ҳукмини бекор қилиш ва айблов ҳукмини чиқариш тўғрисида;

5) ҳукмни бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиш тўғрисида;

6) ушбу Кодекснинг 416 ёки 417-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда, айблов ҳукмини бекор қилиш ҳақида ва ишни биринчи инстанция судига юбориш тўғрисида;

7) ҳукмни ўзгартириш тўғрисида;

8) шикоят, протест қайтариб олинган ҳолларда, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 5-8-бандларида назарда тутилган ҳолларда апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2-4-бандларида назарда тутилган ҳолларда, апелляция инстанцияси суди апелляция ҳукмини чиқаради.

Апелляция инстанцияси судининг қарорини эълон қилиш ушбу Кодекснинг 473-моддаси қоидаларига кўра амалга оширилади.


497-27-модда. Биринчи инстанция судининг айблов

ҳукмини жиноят ишини тугатган ҳолда

бекор қилиш


Апелляция инстанцияси суди жиноят ишини кўриб, қуйидаги ҳолларда айблов ҳукмини бекор қилади ва жиноят ишини тугатади, агар:

1) иш бўйича ушбу Кодекснинг 83-моддасида ҳамда 84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган асослар аниқланса;

2) иш бўйича тўпланган далиллар судланувчини айбдор деб топиш учун етарли бўлмаса ва қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаган бўлса.


497-28-модда. Айблов ҳукмини бекор қилиш ва ишни

биринчи инстанция судига юбориш


Агар жиноят ишини апелляция тартибида кўриш чоғида ушбу Кодекснинг 416, 417-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланса, суд прокурорнинг ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг ёки маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосномасига кўра, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш ёки бошқа шахсни иш бўйича айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида ажрим чиқаради.

Ажримни ижро этиш айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорнинг зиммасига юклатилади.

Суднинг ажрими ушбу Кодекснинг 416, 417-моддаларида белгиланган муддатда бажарилмаган ёки прокурорнинг айбловга қўшимча киритиш ёхуд янги шахсни ишда айбланувчи сифатида иштирок этиш учун жалб этиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулосаси келиб тушган тақдирда, апелляция инстанцияси суди суд муҳокамасини жиноят ишида мавжуд бўлган далиллар асосида давом эттиради.

Маҳкумга янги айблов қўйилган ёки янги шахс айбланувчи сифатида иштирок этиш учун ишга жалб этилган тақдирда апелляция инстанцияси суди айблов ҳукмини бекор қилади ва ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юборади.

Биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамаси умумий асосларда амалга оширилади.


497-29-модда. Ҳукмни маҳкумнинг, оқланган шахснинг

аҳволини оғирлаштириш томонга бекор қилиш


Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилишга ва маҳкумга нисбатан жазони кучайтирган ёки унга эълон қилинган айблов доирасида оғирроқ жиноятга оид қонунни қўллаган ҳолда янги айблов ҳукми чиқаришга ҳақли.

Апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция судининг айблов ҳукми маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирган ҳолда бекор қилиниши фақат прокурорнинг протестига ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг шикоятига кўра янги ҳукм чиқариш орқали амалга оширилиши мумкин.

Биринчи инстанция судининг оқлов ҳукми апелляция инстанцияси суди томонидан фақат прокурорнинг протестига ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг судланувчининг оқланиши қонунга хилофлиги ва асоссизлиги борасида берилган шикояти бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолда бекор қилиниши мумкин.


497-30-модда. Ҳукмни ўзгартириш


Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини ўзгартириш чоғида қуйидагиларга ҳақли:

1) жазони енгиллаштиришга ёки маҳкумга нисбатан енгилроқ жиноятга оид қонунни қўллашга;

2) маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга;

3) жазони ижро этиш муассасаси турини енгилроғига ёки оғирроғига ўзгартиришга;

4) жиноят натижасида етказилган ва қопланиши белгиланган моддий зарар миқдорини, шунингдек маънавий зиённинг компенсацияси миқдорини камайтиришга ёки кўпайтиришга;

5) ашёвий далиллар, процессуал чиқимлар тўғрисидаги масалаларни ва бошқа масалаларни ҳал этишга.

Оқлов ҳукмининг оқлов асосларига доир қисми оқланган шахснинг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг шикоятига кўра ўзгартирилиши мумкин.


497-31-модда. Апелляция инстанцияси судининг

ҳукми ва ажрими


Апелляция инстанцияси судининг ҳукми ушбу Кодекснинг 454-477-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.

Апелляция инстанцияси судининг ажримида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) суднинг номи ва таркиби, ишни кўришда иштирок этган прокурор ва бошқа шахслар;

3) апелляция шикояти ёки протести берган шахс;

4) биринчи инстанция судининг шикоят ёки протест берилган ҳукмининг қарор қисми мазмуни;

5) шикоятнинг, протестнинг, ишда иштирок этаётган шахслар эътирозлари ва тушунтиришларининг моҳияти, шунингдек прокурорнинг фикри;

6) шикоят, протест бўйича апелляция инстанцияси судининг қарори.

Шикоят, протест қаноатлантирилмай қолдирилганда апелляция инстанцияси судининг ажримида ҳукм қонуний, асосли ва адолатли деб, биринчи инстанция судининг ажрими қонуний ҳамда асосли деб топилганлигининг, шикоят ёки протест эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

Ҳукм, ажрим бекор қилинган ёки ўзгартирилган тақдирда, апелляция инстанцияси судининг ажримида қонуннинг қайси нормалари талаблари бузилганлиги ва бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган қарорнинг асоссизлиги нимадан иборат эканлиги кўрсатилиши керак.

Апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан текширилган далиллар ва апелляция инстанцияси суди томонидан текширилган янги далилларга асосланиши мумкин.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими суднинг бутун таркиби томонидан имзоланади. Овоз бериш чоғида озчилик тарафда қолган судья ажримни имзолаб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён этишга ҳақли.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими суд мажлиси залида ўқиб эшиттирилади ва дарҳол қонуний кучга киради.

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими уни чиқарган судга ёки бошқа судга чиқарилган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай жиноят иши билан бирга ижро этиш учун юборилади.

Маҳкумни дарҳол қамоқдан ёки уй қамоғидан озод этиш учун асос бўладиган ҳукм, ажрим, агар маҳкум суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, суд залида ижро этилиши лозим. Бошқа ҳолларда ҳукмнинг, ажримнинг кўчирма нусхаси ҳукм, ажрим чиқарилганидан кейин апелляция инстанцияси томонидан жазони ижро этиш муассасасининг маъмуриятига ёки маҳкумнинг яшаш жойидаги уй қамоғини ижро этиш ўз зиммасига юклатилган ички ишлар органига йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборилади.


497-32-модда. Апелляция инстанцияси судининг

хусусий ажрими


Апелляция инстанцияси суди ушбу Кодекснинг 298 ва 300-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган ҳолларда, шунингдек тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнида йўл қўйилган камчиликларга қаратиш зарур бўлган тақдирда хусусий ажрим чиқаради.


497-33-модда. Апелляция инстанцияси суди

мажлисининг баённомаси


Апелляция инстанцияси судида суд мажлисининг котиби ушбу Кодекснинг 426-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ баённома юритади. Суд мажлисининг баённомаси юзасидан мулоҳазалар берилиши мумкин бўлиб, улар ушбу Кодекснинг 427-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.


497-34-модда. Суд ажрими устидан берилган хусусий

шикоятни, протестни кўриб чиқиш


Ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида кўрсатилган шахслар биринчи инстанция суди ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда апелляция тартибида хусусий шикоят, протест беришга ҳақли.

Агар иш бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, бироқ хусусий шикоят ёки протест фақат биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган бўлса, суд ҳукм устидан апелляция шикояти, протести бериш учун белгиланган муддат ўтганидан сўнг ишни юқори судга юборади.

Суднинг ажрими устидан берилган хусусий шикоят, протест апелляция инстанцияси судида иш юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқилади.

Апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган хусусий шикоят, протест бўйича кўриш натижалари юзасидан қуйидагиларга ҳақли:

1) биринчи инстанция суди ажримини ўзгаришсиз, хусусий шикоятни, протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилишга ва ишни янгидан судда кўриб чиқиш учун юборишга;

3) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилишга ва ушбу Кодексда белгиланган асосларга мувофиқ ишни прокурорга юборишга;

4) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилишга ва амнистия актини қўллашга;

5) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга;

6) биринчи инстанция судининг хусусий ажримини бекор қилишга;

7) биринчи инстанция суди ажримини ўзгартиришга.

Апелляция инстанцияси судининг биринчи инстанция суди ажрими устидан берилган хусусий шикоят (протест) бўйича чиқарган ажрими узил-кесилдир.


497-35-модда. Апелляция инстанцияси судида

ишни қўшимча кўриш


Баъзи маҳкумларга дахли бўлган, белгиланган муддатда юборилган апелляция шикояти ёки протести бирор сабабга кўра апелляция инстанцияси судига бошқа маҳкумларнинг жиноят иши кўриб бўлинганидан кейин келиб тушса ёки ўтказиб юборилган муддат ушбу Кодекснинг 497-5-моддасида назарда тутилган тартибда суд томонидан тикланса, шунингдек маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция шикояти, ушбу маҳкумга доир иш процесснинг бошқа иштирокчиси берган апелляция шикояти ёхуд апелляция протести бўйича кўриб чиқилганидан сўнг келиб тушган бўлса, апелляция инстанцияси суди бундай шикоят ёки протестни кўриб чиқиши ва у бўйича ажрим чиқариши шарт.

Агар ишни қўшимча кўриш чоғида апелляция инстанцияси суди томонидан чиқарилган ҳукм, ажрим илгари чиқарилган ҳукмга, ажримга зид бўлса, апелляция инстанцияси суди кассация тартибида протест киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига юборади.

Ишни қўшимча кўриш тартиби кечикиб келиб тушган хусусий шикоятни ва протестни ҳал этиш учун ҳам қўлланилади.


497-36-модда. Апелляция инстанцияси судининг ҳукми,

ажрими устидан шикоят бериш


Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят, протест берилиши мумкин";


38) 56-боб қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"56-БОБ. СУДНИНГ ҲУКМИ ВА АЖРИМИ

УСТИДАН КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА ШИКОЯТ

БЕРИШ (ПРОТЕСТ БИЛДИРИШ)


498-модда. Кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин

бўлган суд ҳукмлари, ажримлари


Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари, ажримлари кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин.

Кассация инстанцияси судининг қарорлари ушбу Кодекснинг 497-19-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра такроран кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин.


499-модда. Суднинг ҳукми, ажрими устидан кассация

тартибида шикоят беришга (протест билдиришга)

бўлган ҳуқуқ


Биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят беришга бўлган ҳуқуқ маҳкумга, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилига, жабрланувчи ҳамда унинг вакилига тегишлидир.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида протест билдиришга ҳақли.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи инстанция ҳамда апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақли.

Судда оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг оқлаш сабаблари ҳамда асосларига доир қисми устидан шикоят беришга ҳақли.

Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан кассация тартибида шикоят беришга ҳақли.


500-модда. Кассация шикоятини, протестини бериш

тартиби ва муддатлари


Кассация шикояти, протести бевосита кассация инстанцияси судига - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Агар шикоятда, протестда қуйидаги масалалар қўйилган бўлса, ишни кассация тартибида қайта кўришга фақат ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг бир йил ичида йўл қўйилади:

1) оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги тўғрисида;

2) жазони кучайтириш тўғрисида ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгартиришлар ҳақида;

3) оқлов ҳукмини ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилиш тўғрисида.


501-модда. Кассация шикоятининг, протестининг мазмуни


Кассация шикоятида, протестида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят, протест йўлланаётган кассация инстанцияси судининг номи;

2) шикоят, протест берган шахс, унинг процессуал ҳолати, яшаш жойи ёки турган жойи тўғрисидаги маълумотлар;

3) устидан шикоят, протест берилган ҳукм, ажрим, биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг номи;

4) шикоят, протест берган шахснинг фикрига кўра ҳукмнинг, ажримнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги, иш бўйича судга қадар иш юритишни амалга ошириш ёки суд муҳокамаси чоғида қарор қабул қилишга таъсир кўрсатган қонуннинг қайси нормалари бузилганлигига доир важлари, шунингдек унинг илтимосининг мазмуни;

5) шикоят, протест берган шахс ўз талабларини асослаган далиллар;

6) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;

7) шикоят, протест берилган сана ва шикоят, протест берган шахснинг имзоси.


502-модда. Кассация шикоятини, протестини қайтариш


Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ажрими билан кассация шикояти, протести қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) шикоят, протест ушбу Кодекснинг 501-моддасида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;

2) шикоятга, протестга иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинмаган бўлса;

3) иш кассация тартибида кўриб чиқилмайдиган бўлса;

4) шикоятни, протестни қайтариб олиш тўғрисида ариза (хат) келиб тушган бўлса.

Шикоят, протест берган шахс ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин умумий тартибда янгитдан мурожаат қилишга ҳақли.


503-модда. Жиноят ишини суддан талаб қилиб олиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикояти, протести бўйича жиноят ишини суддан талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари жиноят ишини суд қарорлари устидан кассация тартибида протест киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун суддан талаб қилиб олишга ҳақли. Ушбу Кодекс 499-моддасининг биринчи, учинчи - бешинчи қисмларида кўрсатилган шахсларнинг аризалари, шунингдек судьяларнинг тақдимномалари, оммавий ахборот воситаларининг хабарлари ишларни талаб қилиб олиш учун сабаб бўлиши мумкин.


504-модда. Ҳукмни, ажримни ижро этишни

тўхтатиб туриш


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасидаги ҳар қандай суднинг ҳукми ва ажрими ижро этилишини кассация шикояти, протести кассация тартибида ҳал қилингунига қадар тўхтатиб туришга ҳақлидир. Қонуннинг очиқдан-очиқ бузилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган тақдирда мазкур шахслар жиноят ишини талаб қилиб олиш билан бир вақтда ҳукмнинг, ажримнинг ижросини то улар юзасидан протест билдирилгунига қадар уч ойдан ошмайдиган муддатга тўхтатиб қўйишга ҳақлидир";


39) қуйидаги мазмундаги 56-1-боб билан тўлдирилсин:


"56-1-БОБ. КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ СУДИДА

ИШ ЮРИТИШ


505-модда. Кассация инстанцияси судининг суд

муҳокамаси предмети


Кассация инстанцияси суди кассация шикояти, протести бўйича ишдаги мавжуд материалларга кўра биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судлари томонидан Жиноят кодекси нормалари тўғри қўлланилганлигини ҳамда ушбу Кодекс нормаларига риоя этилганлигини текширади.


506-модда. Кассация шикоятини, протестини кўриб

чиқиш муддатлари


Кассация шикояти, протести кассация инстанцияси судида у келиб тушган кундан эътиборан икки ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилиши лозим. Бу муддат ишнинг мураккаблиги ёки ҳажми катталиги туфайли, шунингдек бошқа узрли сабаблар мавжуд бўлганда, кассация инстанцияси судининг ажрими билан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.


507-модда. Кассация шикоятини, протестини ўрганиш


Кассация инстанцияси судининг судьяси кассация шикояти, протестини ўрганиб, кўпи билан ўн суткалик муддат ичида қуйидаги масалаларни ҳал қилади:

шикоятни, протестни ушбу Кодекснинг 502-моддасига мувофиқ қайтаришга доир асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;

жиноят ишини талаб қилиб олишга доир асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги.

Шикоятни, протестни ўрганиш натижаларига кўра, судья:

шикоятни, протестни қайтариш тўғрисида;

жиноят ишини талаб қилиб олиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Келиб тушган жиноят ишини ўрганиш натижаларига кўра, судья:

шикоятни, протестни иш билан бирга кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида;

ушбу Кодекснинг 522-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда шикоятни, протестни кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган қарор қабул қилинганлиги тўғрисида кассация шикояти, протести берган шахсга уч кунлик муддат ичида хабар қилинади.


508-модда. Кассация шикоятини, протестини кассация

инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш

тўғрисидаги ажримнинг мазмуни


Шикоятни, протестни кассация инстанцияси судига иш билан бирга кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган вақт, жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг лавозими ва фамилияси;

3) кассация шикояти, протести берган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судларининг номи, шунингдек улар томонидан қабул қилинган суд қарорларининг қисқача мазмуни;

5) кассация шикоятининг, протестининг қисқача мазмуни;

6) шикоятни, протестни кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш асослари.


509-модда. Шикоятни, протестни кассация инстанцияси

судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш

тўғрисидаги ажримнинг мазмуни


Шикоятни, протестни кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган вақт, жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг лавозими ва фамилияси;

3) кассация шикояти, протести берган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судларининг номи, шунингдек улар томонидан қабул қилинган суд қарорларининг қисқача мазмуни;

5) кассация шикоятининг, протестининг қисқача мазмуни;

6) шикоятни, протестни кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш асослари;

7) ажрим устидан шикоят бериш, протест билдириш тартиби.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосарлари кассация шикояти берган шахснинг шикоятига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарларининг протестига кўра, ўз ажрими билан судьянинг шикоятни, протестни кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритишни рад этиш тўғрисидаги ажримини бекор қилишга ва кассация шикоятини, протестини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун киритишга ҳақли.


509-1-модда. Шикоят, протест кассация инстанцияси

судига кўриб чиқиш учун киритилганлиги

тўғрисида хабардор қилиш


Маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари, қонуний вакили, жабрланувчи ёки унинг вакили, шунингдек фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ёки уларнинг вакиллари, агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, иш кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритилганлиги тўғрисида уч кунлик муддат ичида хабардор қилинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхаси юборилади ёхуд уларнинг электрон нусхалари билан кассация инстанцияси судининг интернет-ресурси орқали танишиш мумкинлиги тўғрисидаги хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоятга (протестга) доир ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида, эътирозлар тақдим этилган муддатни кўрсатган ҳолда беришга бўлган ҳуқуқи тушунтирилади. Шикоят (протест) устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.


509-2-модда. Кассация шикоятига, протестга

ўзгартиш ва қўшимча киритиш


Кассация шикояти, протести берган шахс кассация инстанцияси суди мажлиси бошлангунига қадар уни ўзгартиришга ёки янги важлар билан тўлдиришга ҳақли.

Кассация протестига ўзгартиш ёки қўшимча киритиш, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг кассация шикоятига ўзгартиш ёки қўшимча киритиш чоғида маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш тўғрисидаги масала, агар бундай талаб дастлабки кассация шикоятида, протестида кўрсатилмаган бўлса, қўйилиши мумкин эмас.

Кассация шикояти берилганидан кейин ишга киришган ҳимоячи шикоятни ўзгартириши ёхуд янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.


509-3-модда. Кассация шикоятини, протестини

қайтариб олиш


Кассация шикояти, протести берган шахс уни қайтариб олишга ҳақли. Юқори турувчи прокурор ҳам протестни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Маҳкумнинг ҳимоячиси, қонуний вакили ўз шикоятини фақат маҳкумнинг розилиги билан қайтариб олишга ҳақли.

Маҳкум ўз ҳимоячиси томонидан берилган шикоятни қайтариб олишга ҳақли.

Кассация шикоятини, протестини қайтариб олишга кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар йўл қўйилади.


509-4-модда. Кассация инстанцияси судида

ишни кўриш муддатлари


Кассация инстанцияси суди шикоятни, протестни иш билан бирга кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш суткадан кечиктирмай жиноят ишини кўришга киришиши керак.

Иш ўта мураккаб бўлганда ва бошқа алоҳида ҳолларда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат кассация инстанцияси судининг ажрими билан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Ишни кўриш муддати узайтирилганлиги ҳақида жиноят процессининг манфаатдор иштирокчилари хабардор қилиниши керак.

Кассация инстанцияси суди томонидан жиноят ишини кўриб чиқиш давомийлиги уни кўриб чиқиш бошланган кундан эътиборан икки ойдан ошмаслиги керак.


509-5-модда. Жиноят ишини кассация инстанцияси

судида кўриб чиқиш учун тайинлаш чоғида

ҳал этилиши лозим бўлган масалалар


Судья кассация шикояти, протести берилган жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисида етти суткадан кечиктирмай ажрим чиқаради, унда қуйидаги масалаларни ҳал қилади:

1) жиноят ишини кўриш бошланадиган жой, сана ва вақт тўғрисидаги;

2) суд мажлисига тарафларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини чақириш тўғрисидаги;

3) ушбу Кодекснинг 19-моддасида назарда тутилган ҳолларда, жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги;

4) озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумнинг суд мажлисида иштирок этиши тўғрисидаги.

Қабул қилинган қарор тўғрисида ушбу Кодекс 499-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга, шунингдек прокурорга уч сутка ичида хабар қилинади.


509-6-модда. Кассация инстанцияси суди мажлисида

тарафларнинг иштироки


Кассация инстанцияси судининг мажлисида қуйидагилар иштирок этиши шарт:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан ваколат берилган прокурор;

ушбу Кодекснинг 51 ва 52-моддаларида кўрсатилган ҳолларда, ҳимоячи.

Маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари кассация инстанцияси судида ишни кўришда иштирок этишга ҳақли. Жазони ижро этиш муассасасида бўлган ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумнинг иштирок  этиши зарурлиги тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал этилади. Мазкур шахслар суд мажлисида бевосита ёхуд видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши мумкин.

Кассация инстанцияси суди мажлисининг жойи, санаси ва вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги жиноят ишини кўришга монелик қилмайди, суд мажлисида иштирок этиши шарт бўлган шахслар бундан мустасно.


509-7-модда. Жиноят ишини кассация инстанцияси

судида кўриш тартиби


Кассация инстанцияси судининг мажлиси раислик қилувчи томонидан очилади, у қандай жиноят иши ва кимнинг кассация шикояти, протести бўйича кўрилаётганлигини эълон қилади. Шундан кейин раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, прокурорнинг, ҳимоячининг, суд мажлиси котибининг, шунингдек, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг фамилиясини, исмини ва отасининг исмини маълум қилади.

Раислик қилувчи ҳозир бўлган жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради ва уларда рад қилишга оид арзлар ҳамда илтимосномалар бор-йўқлигини, кассация шикоятида, протестида баён этилган илтимосларни қувватлашини ёки қувватламаслигини аниқлайди. Бундай илтимослар мавжуд бўлганда суд улар бўйича ажрим чиқаради.

Ишни кўриш судьялардан бири томонидан биринчи инстанция, апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримининг, кассация шикоятининг, протестнинг мазмунини қисқача баён этиш билан бошланади.

Судьянинг маърузасидан кейин суд кассация шикояти, протестини берган тарафларнинг маърузаларини ва бошқа тарафнинг эътирозларини эшитади. Бир нечта шикоят мавжуд бўлган тақдирда сўзга чиқиш навбати тарафларнинг фикрлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Агар берилган кассация шикоятлари орасида прокурорнинг кассация протести бўлса, сўз биринчи навбатда унга берилади.

Кассация инстанцияси судининг мажлисида иштирок этаётган прокурор кўриб чиқилаётган кассация шикоятлари юзасидан фикрини билдиради, протестда кўрсатилган важларни баён этади.

Шундан кейин суд иш материаллари бўйича далилларни текширишга ўтади. Тарафлар кассация инстанцияси судига кассация шикоятида, протестида келтирилган важларни тасдиқлаб ёки инкор этиб, қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.

Суд муҳокамаси якунланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасига ўтади.

Тарафларнинг маърузалари тугаганидан кейин суд маслаҳатхонага киради.

Кассация инстанцияси судининг қарори ушбу Кодекснинг 497-31-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.

Кассация инстанцияси судининг қарорини эълон қилиш ушбу Кодекснинг 497-31-моддаси қоидаларига кўра амалга оширилади.

Суд муҳокамасининг бориши ва мазмуни ҳақида суд мажлисининг баённомаси тузилади. Баённома ушбу Кодекснинг 426-моддасида кўрсатилган муддатда тайёрланиши керак. Баённома билан суд мажлисининг барча иштирокчилари танишишга ва зарурат бўлганда ушбу Кодекснинг 427-моддасида назарда тутилган тартибда унга доир ўз мулоҳазаларини билдиришга ҳақлидир.


509-8-модда. Кассация инстанцияси суди томонидан

жиноят ишини кўриш чегараси


Кассация инстанцияси суди кассация шикояти, протестида баён этилган важлар билан чегараланмасдан, ишни барча маҳкумларга, шу жумладан шикоят бермаган ҳамда устидан шикоят ёки протест билдирилмаганларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.

Жиноят иши бўйича бир неча шахс ҳукм қилинган ёки оқланган тақдирда, суд кассация шикояти, протести берилмаган маҳкумларга ёки оқланган шахсларга нисбатан ҳукмни, ажримни бекор қилишга, башарти ҳукм, ажримнинг бекор қилиниши уларнинг аҳволини оғирлаштирса, ҳақли эмас.

Кассация инстанцияси судининг кўрсатмалари жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Кассация инстанцияси суди ишни янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юбораётганда айблов исботланганлиги ёки исботланмаганлиги, у ёки бу далилларнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, бир далилнинг иккинчисидан афзаллиги, жиноятнинг таснифи ва жазо чораси тўғрисида олдиндан хулоса чиқариб қўйишга ҳақли эмас.


509-9-модда. Кассация инстанцияси судининг

ваколатлари


Кассация инстанцияси суди жиноят ишини кўриш натижалари бўйича қуйидаги ажримлардан бирини қабул қилади:

1) биринчи инстанция, апелляция инстанцияси судларининг ҳукмларини, ажримларини ўзгаришсиз қолдириш, кассация шикоятини, протестини эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

2) апелляция инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини бекор қилиш ва биринчи инстанция судининг ҳукмини, ажримини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ёки ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида;

3) иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва ишни тугатиш тўғрисида;

4) биринчи инстанция, апелляция инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини ўзгартириш тўғрисида.

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши лозим, агар:

1) кассация инстанцияси суди ушбу қарорлар билан аввалги ҳукмлар ёки ажримлар асоссиз равишда бекор қилинган ёки ўзгартирилган деб топса;

2) ишни кўраётганда улар апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг ёки кассация инстанцияси суди ажримининг қонунийлигига таъсир кўрсатган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонун бузилишига йўл қўйган бўлса.


509-10-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими


Кассация инстанцияси судининг ажримида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) суднинг номи ва таркиби, ишни кўришда иштирок этган прокурор ва бошқа шахслар;

3) кассация шикоятини ёки протестини берган шахс;

4) биринчи инстанция, апелляция инстанцияси судининг шикоят ёки протест берилган ҳукмининг, ажримининг қарор қисми мазмуни;

5) шикоятнинг, протестнинг, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этаётган шахслар эътирозларининг ва тушунтиришларининг моҳияти, шунингдек прокурорнинг фикри;

6) шикоят, протест бўйича кассация инстанцияси судининг қарори.

Шикоят, протест қаноатлантирилмай қолдирилганда кассация инстанцияси судининг ажримида ҳукм қонуний, асосли ва адолатли деб, биринчи, апелляция инстанцияси судининг ажрими қонуний ва асосли деб топилганлигининг, шикоят ёки протест эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

Ҳукм, ажрим бекор қилинган ёки ўзгартирилган тақдирда, кассация инстанцияси судининг ажримида қонуннинг қайси нормалари талаблари бузилганлиги ва бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган қарорнинг асоссизлиги нимадан иборат эканлиги кўрсатилиши керак.

Кассация инстанцияси судининг ажрими суднинг тўлиқ таркиби томонидан имзоланади. Овоз беришда озчилик томонда бўлган судья ажримга имзо қўйиб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақлидир.

Кассация инстанцияси судининг ажрими суд мажлиси залида ўқиб эшиттирилади ва дарҳол қонуний кучга киради.

Кассация инстанцияси судининг ажрими ушбу Кодекс 497-31-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмларида белгиланган тартибда ижро этилади.


509-11-модда. Ишни кассация инстанцияси судида

қўшимча тарзда кўриш


Агар айрим маҳкумларга тааллуқли кассация шикояти ёки протести бирор сабабга кўра кассация инстанцияси судига бошқа маҳкумларга тааллуқли жиноят иши кўриб бўлинганидан кейин келиб тушса, шунингдек, агар маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг кассация шикояти, ушбу маҳкумга тааллуқли иш жиноят процессининг бошқа иштирокчисининг кассация шикояти ёки протести бўйича кўриб чиқилганидан сўнг келиб тушган бўлса, кассация инстанцияси суди бундай шикоятни ёки протестни кўриб чиқиши ва у бўйича ажрим чиқариши шарт.

Агар ишни қўшимча кўриш чоғида кассация инстанцияси суди томонидан чиқарилган ажрим илгари чиқарилган ажримга зид бўлса, иш кассация инстанцияси судида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун кассация инстанцияси суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига юборилади.


509-12-модда. Ишни кассация инстанцияси

судида такроран кўриш


Кассация инстанцияси суди жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг ушбу Кодекснинг 497-19-моддасида назарда тутилган асосларга кўра киритган кассация протести бўйича кассация тартибида такроран кўради.

Жиноят ишини кассация инстанцияси судида такроран кўриш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг илгари мазкур ишни кўришда иштирок этмаган беш нафар судьясидан иборат таркибда, ушбу бобда назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Кассация инстанцияси суди ишни такроран кўриб чиқишда:

1) кассация инстанцияси судининг ажримини бекор қилишга ёки ўзгартиришга;

2) биринчи, апелляция инстанциялари судининг ҳукмини, ажримини ўз кучида қолдиришга ёки ўзгартиришга;

3) апелляция инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини бекор қилишга ва ишни апелляция тартибида янгидан кўриш учун юборишга;

4) иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилишга ва ишни тугатишга ҳақлидир.


509-13-модда. Суд ҳукми, ажрими бекор қилинганидан

кейин ишни кўриш


Судининг ҳукми ёки ажрими кассация тартибида бекор қилинганидан кейин иш апелляция инстанцияси суди томонидан умумий тартибда кўрилади.

Апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўриш чоғида жазони кучайтиришга ёки оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга фақат, башарти дастлабки ҳукм ёки ажрим кассация тартибида жазонинг енгиллиги ёки оғирроқ жиноятга оид қонунни қўллаш зарурати муносабати билан бекор қилинган бўлса, йўл қўйилади. Апелляция инстанцияси судининг чиқарган ҳукми, ажрими устидан умумий тартибда шикоят берилиши мумкин";


40) 57-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"57-БОБ. ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР ТУФАЙЛИ

ИШ ЮРИТИШНИ ҚАЙТАДАН БОШЛАШ";


41) 510-521-моддалар чиқариб ташлансин;


42) 522-527-моддалар қуйидаги мазмундаги 522-527-1-моддалар билан алмаштирилсин:


"522-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни

қайтадан бошлаш учун асослар


Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ва ажрими янги очилган ҳолатлар туфайли бекор қилиниши ҳамда иш юритиш қайтадан бошланиши мумкин.

Янги очилган ҳолатлар суднинг ҳукми ёки ажрими қонуний кучга кирган пайтда мавжуд бўлган, бироқ судга маълум бўлмаган ҳолатлардир.

Янги очилган ҳолатлар қуйидагилардан иборат:

1) жабрланувчининг ёки гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатув ёхуд экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, худди шунингдек ашёвий далиллар, тергов ва суд ҳаракатлари баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг сохта эканлиги ёки била туриб нотўғри таржима қилинганлиги қонунга хилоф, асоссиз ёки адолатсиз ҳукм, қонунга хилоф ёки асоссиз ажрим чиқарилишига сабаб бўлганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланганлиги;

2) суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қонунга хилоф, асоссиз ёки адолатсиз ҳукм, қонунга хилоф ёки асоссиз ажрим чиқарилишига олиб келган жиноий хатти-ҳаракатларга йўл қўйганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланганлиги;

3) муайян жиноят ишини кўриш чоғида судья томонидан содир этилган жиноий хатти-ҳаракатлар суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланганлиги;

4) ўз ҳолича ёки илгари аниқланган ҳолатлар билан биргаликда маҳкумнинг айбсизлигидан ёхуд у ҳукм этилганига нисбатан оғирлиги даражаси бўйича бошқа жиноят содир этганлигидан ёхуд оқланган шахснинг ёки ўзига нисбатан иш тугатилган шахснинг айбдорлигидан далолат берадиган бошқа ҳолатлар.


523-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш

юритишни қайтадан бошлаш муддатлари


Маҳкумнинг фойдасини кўзлаб, айблов ҳукмини янги очилган ҳолатлар туфайли қайта кўриб чиқиш ҳеч қандай муддатлар билан чегараланмайди.

Маҳкумнинг ўлими уни реабилитация қилиш мақсадида иш юритишни янги очилган ҳолатлар туфайли қайтадан бошлаш учун монелик қилмайди.

Оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш ҳақидаги суд ажримини ёки айблов ҳукмини жазонинг енгиллиги ёки оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш зарурлиги муносабати билан қайта кўришга фақат Жиноят кодексининг 64-моддасида белгиланган жавобгарликка тортишнинг ўтиш муддатлари давомида ва янги ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирилмаган ҳолда йўл қўйилади.

Янги очилган ҳолатлар очилган кун қуйидагича ҳисобланади:

1) ушбу Кодекс 522-моддаси учинчи қисмининг 1-3-бандларида назарда тутилган ҳолларда - сохта далиллар тақдим этганликда, била туриб нотўғри таржима қилганликда ёки иш бўйича тергов юритишда ёхуд ишни судда кўришда жиноий суиистеъмол содир этганликда айбли шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукм қонуний кучга кирган кун;

2) ушбу Кодекс 522-моддаси учинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда - янги очилган ҳолатлар муносабати билан иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисида судга прокурор томонидан протест ёки ушбу Кодекс 524-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган шахслар томонидан илтимоснома киритилган кун.


524-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли

иш юритишни қўзғатиш


Маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи ҳамда унинг вакили кассация инстанцияси судига янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар кассация инстанцияси судига янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида протест беришга ҳақли.

Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида судга протест киритиш учун қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

1) фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари мансабдор шахсларининг хабарлари;

2) оммавий ахборот воситаларининг хабарлари;

3) суриштирув, дастлабки тергов жараёнида ва судда бошқа жиноят ишини кўриш жараёнида олинган маълумотлар.

Агар судга келиб тушган илтимосномада, протестда ушбу Кодекс 522-моддаси учинчи қисмининг 1-3-бандларида назарда тутилган ҳолатларни кўрсатувчи маълумотларга ҳавола мавжуд бўлса, судья суриштирув, тергов органларидан ва суддан тегишли процессуал ҳужжатларни талаб қилиб олади ҳамда асослар мавжуд бўлган тақдирда янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги ёки бундай асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги масалани ўз ажрими билан кассация инстанцияси судида кўриб чиқиш учун киритади.

Агар судга келиб тушган илтимосномада ушбу Кодекс 522-моддаси учинчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган ҳолатлар кўрсатилган бўлса, суд материалларни тергов ўтказиш учун прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаради. Янги очилган ҳолатлар тергов қилинаётганда ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда сўроқ, кўздан кечириш, экспертиза, олиб қўйиш ва бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилиши мумкин. Тергов натижалари бўйича прокурор уч ойлик муддатда судга янги очилган ҳолатлар туфайли суд ҳукми, ажримини қайта кўриш учун асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида тегишли материалларни илова қилган ҳолда хулоса юборади.

Прокурорнинг хулосасини кўриб чиқиш натижалари бўйича судья ўз ажрими билан янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги ёки бундай асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги масалани кассация инстанцияси судида кўриб чиқиш учун киритади.

Судьянинг янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажрими манфаатдор шахсларнинг шикоятига кўра ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарларининг протестига кўра, материалларни кассация инстанцияси судига кўриб чиқиш учун ўтказган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан бекор қилиниши мумкин.


525-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш

юритишни қўзғатиш тўғрисидаги аризаларни,

хабарларни прокурор томонидан

кўриб чиқиш


Агар прокурорга келиб тушган аризада ёки хабарда ушбу Кодекс 522-моддаси учинчи қисмининг 1-4-бандларида назарда тутилган ҳолатлар мавжудлиги кўрсатилган бўлса, уларни текшириш ёки тергов қилиш натижалари бўйича иш юритишни янги очилган ҳолатлар туфайли қайтадан бошлаш учун асослар аниқланганда прокурор кассация инстанцияси судига тегишли протест киритади.

Протест ушбу Кодекс 522-моддаси учинчи қисмининг 1-3-бандларида назарда тутилган ҳолларда жиноят иши материаллари ва бошқа иш бўйича ҳукмнинг кўчирма нусхаси, шу модда учинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда эса тергов материаллари илова қилинган ҳолда судга юборилади.

Прокурор янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида судга протест киритиш учун асослар йўқ деб топса, бу ҳақда асослантирилган қарор чиқаради.

Прокурор қарорининг кўчирма нусхаси уч сутка ичида аризачига юборилиб, унга қарор устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилиш ёки янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома билан судга мустақил равишда мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.


526-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни

қайтадан бошлаш тўғрисидаги масалани

суд томонидан кўриб чиқиш


Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, илтимоснома берган шахс, унинг вакили, ҳимоячиси, суд мажлисига чақирилган бошқа шахслар иштирок этади. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги илтимосномани кўриб чиқишга монелик қилмайди. Зарур бўлганда суд уларнинг зиммасига суд мажлисига келиш мажбуриятини юклатишга ҳақли. Қамоқда сақланаётган маҳкумнинг суд мажлисида иштирок этиши видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланган ҳолда таъминланиши мумкин.

Суд муҳокамаси тугагач, ажрим чиқарилади.


527-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни

қайтадан бошлаш тўғрисидаги масала

бўйича суд ажрими


Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, суд қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) суд ҳукмини, ажримини бекор қилиш, янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш ва ишни янгитдан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судига юбориш тўғрисида;

2) иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш, янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш ва ишни ушбу Кодекснинг 416, 417-моддаларида назарда тутилган ҳоллар аниқланганда прокурорга юбориш тўғрисида;

3) агар янги тергов ишини юритишга ёки жиноят ишини судда кўришга зарурат бўлмаса, суд ҳукмини, ажримини бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиш тўғрисида;

4) янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлашни рад этиш тўғрисида.

Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган суд ажримининг кўчирма нусхаси прокурорга ва аризачига юборилади. Қарорнинг кўчирма нусхаси бошқа манфаатдор шахсларга уларнинг илтимосига кўра юборилади.


527-1-модда. Янги очилган ҳолатлар туфайли қайта

бошланган жиноят иши бўйича иш юритиш


Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритиш қайтадан бошланганлиги муносабати билан суд қарорлари бекор қилинганидан кейин жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва суд муҳокамаси умумий тартибда амалга оширилади";


43) 58-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"58-БОБ. ҲУКМЛАРНИ ВА АЖРИМЛАРНИ

ИЖРО ЭТТИРИШ";


44) 528-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"528-модда. Ҳукмнинг қонуний кучга кириши

ва уни ижро эттириш


Агар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар шикоят бермаган бўлса, ушбу ҳукм унинг устидан апелляция тартибида шикоят ва протест бериш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти ёки протест берилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, иш юқори суд томонидан кўриб чиқилган кунда қонуний кучга киради.

Апелляция инстанцияси судининг ҳукми эълон қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Маҳкумлар икки ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, агар улардан лоақал биттасига тааллуқли ҳукм устидан шикоят ёки протест берилган бўлса, апелляция инстанцияси суди ишни кўриб чиққунига қадар маҳкумларнинг ҳаммасига нисбатан ҳукм қонуний кучга кирмай туради.

Ҳукм қонуний кучга кирган ёки жиноят иши апелляция инстанцияси судидан қайтарилган кундан эътиборан уч сутка ичида ҳукм биринчи инстанция суди томонидан ижро эттирилади. Иш фақат биринчи инстанция судига юборилиши лозим ва прокурорга ёки бошқа судга юборилиши мумкин эмас";


45) 530-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"530-модда. Суд ажримининг қонуний кучга кириши

ва уни ижро этиш


Биринчи инстанция судининг ажрими шу ажрим устидан апелляция тартибида хусусий шикоят бериш ва хусусий протест билдириш муддати ўтиши билан ёхуд шикоят ёки протест билдирилган тақдирда иш апелляция инстанцияси судида кўриб чиқилганидан кейин қонуний кучга киради ва ижро этилади.

Суднинг апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин бўлмаган ажрими шу ажрим чиқарилиши биланоқ дарҳол кучга киради ва ижро этилади.

Жиноят ишини тугатиш ҳақидаги суд ажримининг айбланувчини ёки судланувчини қамоқдан ёки уй қамоғидан озод қилишга оид қисми дарҳол ижро этилиши лозим.

Апелляция ва кассация инстанцияси судларининг ажрими эълон қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Апелляция ва кассация инстанцияси судининг ажрими ушбу Кодекс 497-31-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмларида назарда тутилган қоидаларга кўра ижро эттирилади";


46) 531-модда:

номидаги "ва қарорни" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

биринчи қисмидаги "ва қарорни" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

иккинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни апелляция, кассация тартибида кўриш чоғида ҳукм ўзгартирилган тақдирда, ҳукмнинг кўчирма нусхасига апелляция, кассация инстанцияси суди ажримининг кўчирма нусхаси илова қилинади";


47) 581-модданинг:

биринчи қисмидаги "хусусий шикоятлар" деган сўзлар "хусусий шикоят" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмидаги "шикоят" деган сўз "хусусий шикоят" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушбу моддада назарда тутилган ажримлар устидан берилган хусусий шикоятни, протестни апелляция инстанция суди ушбу Кодекснинг 55-2-бобида белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда кўриб чиқади";


48) 590-модданинг биринчи қисмидаги "Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг раиси, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг раиси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


49) 591-модданинг тўртинчи қисмидаги "бундай шикоят ва протестлар тегишинча апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриб чиқилиши лозим" деган сўзлар "бундай шикоят ва протестлар тегишинча апелляция тартибида кўриб чиқилиши лозим" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


50) 602-модданинг:

биринчи қисмидаги "жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судига, жиноят ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судларига" деган сўзлар "Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоят, Тошкент шаҳар судига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўнинчи қисмидаги "ўн" деган сўз "йигирма" деган сўз билан алмаштирилсин;

ўн биринчи ва ўн иккинчи қисмларидаги "шикояти ёки протести" деган сўзлар "шикояти, протести" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўн учинчи қисмининг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги "шикоятини ёки протестини" деган сўзлар "шикоятини, протестини" деган сўзлар билан алмаштирилсин".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 январь
















































Время: 0.1825
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск