ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.01.2021 й. ПҚ-4942-сон "Тошкент шаҳрида "Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.01.2021 й.

N ПҚ-4942



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА "САНКТ-ПЕТЕРБУРГ

ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ" ФЕДЕРАЛ ДАВЛАТ

БЮДЖЕТИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

ФИЛИАЛИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


"Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг таълим дастурлари асосида чуқур фундаментал ва илмий-амалий тайёргарликка эга юқори малакали кадрларни тайёрлаш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида:


1. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда - Университет) Тошкент шаҳрида "Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ шарқ тиллари филологияси, мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти, биотиббиёт, аниқ фанлар каби йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

замонавий таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини татбиқ этиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантириш;

ўқув жараёнига масофавий таълим технологияларини кенг жорий этиш, электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш;

фундаментал, амалий илмий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

илм-фан ва таълимнинг сифатини ошириш, уларнинг узлуксизлигини ва узвийлигини таъминлаш, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мақсадли интеграциялашув орқали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлари билан таълим ҳамда илм-фан соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш.


3. Белгилаб қўйилсинки, Филиал:

Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

кадрларга бўлган эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда олий таълимнинг сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мос таълим дастурлари асосида барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

таълим жараёнини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлари асосида рус тилида, кейинчалик бошқа тилларда ҳам олиб боради;

кадрлар тайёрлашни кундузги, кейинчалик сиртқи ва бошқа таълим шаклида олиб боради;

таълим фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди;

абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказишни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширади;

битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломини беради;

фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалга оширади.


4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Университет:

Филиал таълим жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этади;

хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчиларни Филиалда дарс беришга ва илмий фаолиятга жалб этади;

Филиал профессор-ўқитувчиларини маҳаллий ҳамда хорижий олий таълим ташкилотлари, илмий тадқиқот марказлари ва етакчи корхоналарида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини тизимли равишда ташкил этади;

Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш ҳамда уни замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга кўмаклашади;

Филиалнинг зарур ўқув, лаборатория ва илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишини таъминлайди.


5. "Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси Тошкент шаҳридаги филиалининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Филиалга ўқишга қабул қилинган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан ошмаган ҳолда давлат гранти асосида талабаларни ўқитиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Белгилансинки:

Филиалга қабул параметрлари манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган реал эҳтиёжини ҳисобга олиб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Университет билан келишилган ҳолда Филиал томонидан тасдиқланади;

Филиалга талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бунда, давлат гранти асосида таълим олган Филиал битирувчилари уч йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва ташкилотларига тақсимланади;

Филиалда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Университет билан келишилган ҳолда Филиал томонидан белгиланади;

Филиалга Университетдан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари ва меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари ўқув жараёнининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиалнинг дарс жараёнида фойдаланиладиган махсус ускуналар ва дастурлар билан ишлаш кўникмасига эга, юқори малакали ходимлари учун Филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шахсий устамалар белгиланиши мумкин;

Филиалга ўқитувчилик ва илмий фаолият олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилади;

2021 йилда Филиални сақлаш учун бюджет маблағлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ажратилади ва 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.


8. Филиал Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 16-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Бунда, Филиалга ажратилган бино, иншоотлар ва ҳудудларни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан коммунал тўловлар Филиал маблағлари ҳисобидан қопланади.


9. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов) Университет билан ҳамкорликда:

а) икки ой муддатда:

Филиалнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, Филиални белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

Филиалнинг штат жадвалини тасдиқласин;

б) 2022/2023 ўқув йили бошлангунига қадар Филиални танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминласин.

10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев), Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (С.Кариев) Филиалнинг таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларида даволаш-профилактика муассасалари, маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, фармацевтика эркин иқтисодий зоналари иштирокчиларива "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий ва ишлаб чиқариш фармацевтика кластери резидентларининг иштирокини таъминласин.


11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан мазкур қарорнинг 8-бандида кўрсатилган бино ва иншоотларни реконструкция қилишни 2022 йил ҳамда кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.


12. Филиалга иккита енгил автотранспорт, шу жумладан битта хизмат ва битта навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.


13. 2024 йил 1 январга қадар Филиални реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарлар, қурилиш материаллари ва моддий-техник ресурслар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


14. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 12 январдаги

ПҚ-4942-сон қарорига

ИЛОВА



"Санкт-Петербург давлат университети"

Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси

Тошкент шаҳридаги филиалининг бакалавриат таълим

йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари

РЎЙХАТИ


1. Филология (шарқ тиллари бўйича);


2. Мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти (шарқ мамлакатлари бўйича);


3. Биотиббиёт (кимё, биология, физика, психология ва бошқалар).


Изоҳ. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхатига буюртмачи ташкилотлар эҳтиёжларини ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Санкт-Петербург давлат университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси билан келишган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 январь











































Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск