ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 20.01.2021 й. ЎРҚ-668-сон "Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.11.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 06.01.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.01.2021 й.

N ЎРҚ-668



МАДАНИЙ ФАОЛИЯТ ВА МАДАНИЯТ

ТАШКИЛОТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 24 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 6 январда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади маданий фаолият, шунингдек маданият ташкилотлари фаолияти соҳасидаги (бундан буён матнда маданий фаолият соҳасидаги деб юритилади) муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Маданий фаолият ва маданият

ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик


Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ижодкор - касбий ёки нокасбий асосда (ҳаваскорлик асосида) маданий фаолиятнинг бир ёхуд бир неча йўналиши бўйича ижодий фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахс;


ижодий жамоа - ижодкорлардан ва бошқа мутахассислардан таркиб топган, маданий фаолиятнинг бир ёки бир неча йўналиши бўйича ижодий фаолият билан шуғулланиш учун ташкил этилган касбий ёки нокасбий жамоалар (ҳаваскорлик жамоалари);


ижодий фаолият - маданият объектларини барпо этишга, такрорлашга, тарқатишга, тиклашга ёки сақлашга, шунингдек маданиятни ривожлантиришга доир фаолият;


маданий тадбирлар - маданий фаолият соҳасидаги маданий-томоша тадбирлари, маданий-маърифий, маданий-оммавий ва бошқа тадбирлар;


маданий тадбир ташкилотчиси - ташаббусига кўра маданий тадбир ўтказиладиган ва (ёки) бундай тадбирга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир ташкилий ёки молиявий ёхуд моддий таъминотни амалга оширадиган юридик ёки жисмоний шахс;


маданият ходими - ўз касбий фаолиятини маданият ташкилотларида амалга оширувчи жисмоний шахс.



4-модда. Маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплар


Маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги;

ижодий фаолият эркинлиги;

миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш;

маданиятлар хилма-хиллиги;

маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик;

маданий фаолият соҳасидаги таълим ва тарбиянинг тизимлилиги, илмийлиги ҳамда узлуксизлиги.



2-БОБ. МАДАНИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


5-модда. Маданий фаолият соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

маданиятни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

тарихий ва маданий мероснинг бут сақланишини таъминлаш, шунингдек халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;

маданий фаолият соҳасига давлат-хусусий шерикликни жорий этиш;

аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантириш ва маданий хизматлар сифатини яхшилаш;

аҳолининг, шу жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш ва уларни яхшилаш;

ёш истеъдодларни ўқитиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

маданий фаолият соҳасида зарур шарт-шароитларни ва соғлом рақобат муҳитини яратиш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



6-модда. Маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини

рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар


Маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги;

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган давлат органлари ва ташкилотлар маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

маданий фаолият соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

маданий фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

маданий фаолият соҳасидаги давлат дастурлари ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

давлат маданият муассасалари ва ташкилотларини ташкил этади, қайта ташкил этади ҳамда тугатади;

концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди;

давлат бошқаруви органларининг маданий фаолият соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг

маданий фаолият соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан мониторинг юритади, уни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъати ривожланишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасида ва хорижий мамлакатларда касбий ҳамда ҳаваскорлик санъати фестиваллари, кўрик-танловлар, шунингдек кўргазмалар ўтказилишини ташкил этади;

маданият ва санъат соҳасидаги юксак ютуқлар учун мукофотлар таъсис этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини бериш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

маданият ва санъатни ривожлантиришга доир мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

маданият ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чоралар кўради;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда маданий фаолият соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантиришга кўмаклашади;

драматик, мусиқали, мусиқали-драматик асарларни, тасвирий ва амалий санъат асарларини ҳамда ҳайкалтарошлик асарларини яратишга доир давлат буюртмасини амалга оширади;

маданиятшуносликни, театршуносликни, санъатшуносликни, мусиқашуносликни ва маданий фаолият соҳасидаги бошқа илмий йўналишларни ривожлантириш, олий таълим ташкилотларида ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрланишини такомиллаштириш юзасидан чоралар кўради;

вазирликларнинг, идораларнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг маданият ва санъат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради;

истеъдодли ёшларни ва истиқболли ижодий жамоаларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир тадбирлар мажмуини амалга оширади;

халқаро маданий алоқаларни амалга оширади ва ривожлантиради;

тармоқларга оид бадиий кенгашларни ташкил этиш ва шакллантириш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Вазирликлар ва идоралар тасарруфида бўлган маданият объектларига доир қарорлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишувга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг

маданий фаолият соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ваколатлари "Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.



10-модда. "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг

маданий фаолият соҳасидаги ваколатлари


"Ўзбеккино" Миллий агентлиги кинематография соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги:

кинематография соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

кинематография соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

кинематография ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

кинематография соҳасига халқаро ва давлатлараро стандартларни жорий этишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни намойиш этиш, сифатли хизматлар кўрсатиш ва киножиҳозлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқади;

кинематография маҳсулотининг бадиий ва мафкуравий даражасини ошириш бўйича чоралар кўради.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

маданий фаолият соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

маданий фаолият соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда жойлашган маданият муассасалари ва ташкилотларига кўмаклашади;

маданий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади;

маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда иштирок этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Фуқароларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш

органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг

маданий фаолиятда иштирок этиши


Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

маданий фаолият соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

маданий фаолият соҳасидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

фуқароларнинг маданиятини юксалтиришга доир ишларни амалга оширишда иштирок этади;

маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



13-модда. Тармоқларга оид бадиий кенгашлар


Тасарруфида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек маданият ташкилотлари томонидан театр, мусиқа ва концерт фаолияти, цирк санъати ва тасвирий санъат, архитектура ва дизайн бўйича тармоқ бадиий кенгашлари ташкил этилади.

Тармоқларга оид бадиий кенгашлар маслаҳат органлари ҳисобланади.

Тармоқларга оид бадиий кенгашлар таркибига, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакиллари киради.



3-БОБ. МАДАНИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИДАГИ

АСОСИЙ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР


14-модда. Фуқароларнинг маданий фаолият

соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маданият ютуқларидан фойдаланиш ва жамиятнинг маданий ҳаётида иштирок этиш;

ижодий жамоалар таркибида ёки мустақил равишда, касбий ёки нокасбий (ҳаваскорлик) асосда ижодий фаолият билан шуғулланиш;

ўз эҳтиёжларига, манфаатлари ва қобилиятига (имкониятларига) мувофиқ маданий фаолият йўналишларини эркин танлаш;

ўз мулкида турган маданий бойликларга қонунчиликда белгиланган тартибда эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш;

маданий-оммавий тадбирлар жараёнида қонунчиликда тақиқланмаган турли рамзлардан ва ўз фикрини ошкора ифода этишнинг бошқа воситаларидан фойдаланиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда маданият объектларига бориш, Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари, ахборот-кутубхона муассасалари ҳамда ахборот-кутубхона ресурслари, шунингдек архив ҳужжатлари билан танишиш.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраши;

маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши;

Ўзбекистон халқининг ҳамда унинг ҳудудида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг миллий маданиятини, анъаналарини ва тилини ҳурмат қилиши;

маданий-оммавий тадбирлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаши, шунингдек умум қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши шарт.



15-модда. Чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги

бўлмаган шахсларнинг маданий фаолият соҳасидаги

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маданий фаолият соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда ҳуқуқлардан фойдаланади ва зиммасида мажбуриятлар бўлади.



16-модда. Маданий фаолият соҳасидаги мулк ҳуқуқи


Ҳар бир шахс маданий фаолият соҳасида мулк ҳуқуқига эга.

Мулк ҳуқуқи тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ашёларга, шунингдек моддий маданий мерос объектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин.

Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ашёларни, шунингдек моддий маданий мерос объектларини олиш тартиби, уларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишнинг ўзига хос хусусиятлари қонунчиликда белгиланади.



17-модда. Маданий фаолият соҳасидаги муаллифлик

ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар


Маданий фаолият соҳасида фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш (муаллифлик ҳуқуқи) ҳамда улардан фойдаланиш, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали эшиттириш ва намойиш этиш ташкилотларининг эшиттиришлари ҳамда кўрсатувларини яратиш ва улардан фойдаланиш (турдош ҳуқуқлар) билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.

Ижодий фаолият билан касбий ва нокасбий асосда (ҳаваскорлик асосида) шуғулланувчи ижодкорлар муаллифлик ҳуқуқи ҳамда турдош ҳуқуқлар соҳасида тенг ҳуқуқларга, шунингдек интеллектуал мулк ҳуқуқига, ўз ижодий фаолиятининг натижаларини эркин тасарруф этиш, давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга.



18-модда. Ижодий фаолият натижаларини

олиб чиқиш ва олиб кириш ҳуқуқи


Юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ижодий фаолияти натижаларини кўргазмага қўйиш, оммага кўрсатишнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, шунингдек уларни сотиш мақсадида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳуқуқига эга.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда маданий бойликларни олиб чиқиш ҳамда олиб кириш маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.



19-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи миллатлар

ва элатларнинг маданиятини, урф-одатларини ҳамда

анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш


Ўзбекистон Республикасида яшовчи миллатлар ва элатлар ўз маданиятини, урф-одатларини, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш, шунингдек ўз маданий-тарихий муҳитини тиклаш ва сақлаш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. МАДАНИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИДАГИ АЙРИМ

ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


20-модда. Маданий-оммавий тадбирлар


Аҳолини маданий тадбирларда иштирок этиш учун жалб қилишга, маданиятга эриштиришга ва аҳоли ўртасида юксак даражадаги маданиятни шакллантиришга қаратилган маданий тадбирлар маданий-оммавий тадбирлар жумласига киради.

Маданий-оммавий тадбирлар оммавий тадбирларни ўтказиш учун махсус мўлжалланган ёки мослаштирилган, ёнғинга қарши хавфсизлик, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш тизимларига қўйиладиган коммуникация, муҳандислик-техник ҳимоя воситалари ва бошқа воситалар ҳамда маданий-оммавий тадбирлар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимлари билан жиҳозланганликнинг ягона норматив-ҳуқуқий талабларига мувофиқ бўлган очиқ жой участкаларида, биноларда, иншоотларда ҳамда бошқа жойларда (маданий-маърифий муассасаларнинг, спорт мажмуаларининг биноларида) ўтказилиши мумкин.

Маданий-оммавий тадбирлар оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Маданий-оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб этишга, шунингдек ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини камситишга қаратилган плакатлар, тимсоллар, транспарантлардан ва бошқа ашёлардан фойдаланиш тақиқланади.

Маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказишга доир рухсатномаларни бериш тартиби қонунчиликда белгиланади.



21-модда. Концерт-томоша фаолияти


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида концерт-томоша фаолияти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги берадиган концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензия асосида жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Концерт-томоша фаолиятини амалга оширишга доир лицензия талаблари ва шартлари жумласига қуйидагилар киради:

концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка мажбурий равишда риоя этиш;

ижрочиларнинг қонунчиликда белгиланадиган мезонлар ва малака талабларига мувофиқ бўлиши;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан аҳолига концерт-томоша хизматларини қонунчиликда назарда тутилган талабларга мувофиқ кўрсатиш;

концерт-томоша тадбирларида, тўйларда ва бошқа тантаналарда санъаткорнинг одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданиятига ҳамда ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар амалга оширилишини, маънавиятга салбий таъсир кўрсатадиган ҳамда томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қиладиган ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилишни истисно этган ҳолда миллий менталитетга, миллий қадриятлар ва урф-одатларга мувофиқ бўлган қўшиқларни ҳамда улар бўйича яратилган видеоклипларни ижро этиш;

ўтказилган концерт-томоша тадбирларининг сони тўғрисида лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлинмаларига лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакл бўйича чораклик ҳисоботлар тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилиш;

концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун давлат божи тўлаш.



22-модда. Ижодий жамоаларнинг

ва ижрочиларнинг гастроль фаолияти


Ижодий жамоаларнинг ва алоҳида ижрочиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги гастроль фаолияти буюртмачи билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Ижодий жамоаларнинг ва ижрочиларнинг хорижий мамлакатлар ҳудудидаги гастроллари муаллифлик ҳуқуқига ва турдош ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлайдиган шартномалар асосида амалга оширилади.



23-модда. Ижодий буюртма


Ижодий буюртма давлат органлари ва ташкилотларининг ижодий жамоалар ёки ижодкорлар томонидан қуйидагиларни яратишга доир буюртмасидан иборатдир:

оммавий ижро этиш учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик, адабий асарларни;

ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат асарларини;

бадиий, рассомлик, кинематографик ва театр асарларини;

Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихини, миллий ва умумжаҳон қадриятларини акс эттирувчи бошқа асарларни.

Ижодий буюртмани бажарганлик учун ижодий жамоаларга ёки ижодкорларга муаллифлик ҳақини тўлаш миқдори ва тартиби қонунчиликда белгиланади.



24-модда. Халқ ижодиёти


Халқ оғзаки ижодиёти, халқ мусиқаси, халқ театри (қўғирчоқбозлик), бадиий ҳаваскорлик халқ ижодиёти жумласига киради.



25-модда. Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати


Жисмоний ва юридик шахсларнинг асосан қўл меҳнати усулида, анъанавий асбоб-ускуналар ҳамда мосламалардан фойдаланилган, шунингдек тегишли билимлар ҳамда кўникмалар қўлланилган ҳолда буюмлар ва асарларни яратишга доир фаолияти халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати жумласига киради.



26-модда. Ўзбекистон халқ ўйинлари


Халқ ўйинларининг миллий ва ижтимоий-маданий йўналишга эга бўлган турлари (дорбозлик, ёғоч оёқда юриш билан боғлиқ ўйинлар ва бошқалар) Ўзбекистон халқ ўйинлари жумласига киради.



5-БОБ. МАДАНИЙ ФАОЛИЯТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


27-модда. Маданият ташкилотлари


Маданий фаолият соҳасидаги фаолиятни асосий фаолият тури сифатида амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси маданият ташкилотидир.

Маданият ташкилотлари давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ёки нодавлат маданият ташкилотлари шаклида ташкил этилиши мумкин.

Давлат мулкида турган мулк негизида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ташкил этилган муассасалар ва ташкилотлар давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари жумласига киради.

Маданий фаолият соҳасидаги фаолиятни асосий фаолият тури сифатида амалга оширувчи нодавлат ташкилотлар нодавлат маданият ташкилотлари жумласига киради.

Маданият ташкилотлари фаолиятининг турлари уларнинг муассислари томонидан белгиланади ҳамда уставда ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатларида кўрсатилади.

Давлат муассасалари ва маданият ташкилотлари ўзида сақланаётган маданий бойликлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек театр саҳна асарларининг ва (ёки) ижодий дастурларнинг мавсумий репертуаридан чиқарилган аудиовизуал ёзувларни қонунчиликда белгиланган тартибда электрон ахборот ресурсларига жойлаштиради.



28-модда. Маданият ташкилотларининг асосий тоифалари


Маданият ташкилотлари маданий фаолиятнинг турларига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

маданий-томоша ташкилотлари;

маданий-маърифий ташкилотлар;

бошқа маданият ташкилотлари.

Фаолиятининг асосий тури саҳна санъати асарларини яратишдан ва уларни омма олдида намойиш этишдан иборат бўлган маданият ташкилотлари (театрлар, филармониялар, цирклар, концерт ташкилотлари (профессионал ижодий жамоалар, мусиқий жамоалар ҳамда ансамбллар ва бошқалар), кинематография ташкилотлари ва бошқалар) маданий-томоша ташкилотлари жумласига киради.

Фаолиятининг асосий тури маданият объектларидан фойдаланишни таъминлашдан, шахснинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришдан, шахснинг ижодий қобилиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишдан, шунингдек миллий маданиятни тиклаш ва янада ривожлантиришга кўмаклашишдан, маданий мерос объектларини сақлашдан иборат бўлган маданият ташкилотлари (маданият марказлари, миллий маданий марказлар, музейлар, бадиий галереялар (кўргазмалар), кўргазма заллари, тарихий-маданий қўриқхоналар, маданият ва истироҳат боғлари, клуб муассасалари, маданият саройлари ҳамда уйлари, маданият ва санъат соҳасидаги таълим муассасалари, маданий-ахборот марказлари ҳамда маданий-маърифий марказлар ва бошқалар) маданий-маърифий ташкилотлар жумласига киради.

Моддий маданий мерос объектлари ва архитектура ёдгорликлари, қайта тиклаш (реставрация) марказлари, тадқиқот марказлари, ижодий устахоналар, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати ташкилотлари ҳамда бошқалар бошқа маданият ташкилотлари жумласига киради.



29-модда. Маданият марказлари


Давлат муассасаси шаклида ташкил этилган, аҳолининг маданий эҳтиёжларини ўрганиш, шунингдек маданий-маърифий ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бадиий ижод, амалий санъат ва ҳаваскорлик билан шуғулланувчи юридик шахс маданият марказидир.

Маданият марказларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолига кўрсатиладиган маданий хизматлар сифатини яхшилаш, аҳолининг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлаш ва маданий эҳтиёжларини қаноатлантириш, ижодий жамоаларнинг миллий қадриятларни, урф-одатлар ва анъаналарни ўзида мужассам этган намунавий дастурларни шакллантириш;

халқ ижодиётини ва бадиий ҳаваскорликни сақлаш ҳамда ривожлантириш, бадиий ва амалий ижодий жамоаларни, ҳаваскорлик гуруҳларини ташкил этиш, уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ижодий жараёнларни тизимли асосда бойитиб бориш;

болаларни тўгаракларга жалб этиш, уларни чет тилларга ўқитиш, "Нутқ маданияти" курсларини ташкил этиш, халқ ижодиётининг барча жанрлари ва йўналишларини, ҳаваскорлик санъатини ва номоддий маданий меросни кенг тарғиб қилиш, шунингдек уларни асл ҳолида келажак авлодга етказиш;

адабиёт ва санъат арбоблари, профессионал ижодий гуруҳлар билан бирга маънавий-маърифий ва маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш ҳамда улар иштирокида аҳоли, шу жумладан ёшлар билан ижодий учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиш;

халқ ижодиёти ва томоша санъати танловларини, туман (шаҳар) фестивалларини ўтказиш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш;

оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш, юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномаларга кўра ижтимоий-маданий бўш вақтни ташкил этиш соҳасида пулли хизматлар кўрсатиш.



30-модда. Миллий маданий марказлар


Миллий маданий марказлар тилни, маданиятни, урф-одатлар ва анъаналарни, тарихий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, маданий ва маънавий меросни сақлаш, миллатлараро тинчлик ва тотувликни сақлаб туриш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, халқаро маданий алмашинувни рағбатлантириш, шунингдек халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг вакиллари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари нодавлат нотижорат ташкилотлари шаклида миллий маданий марказларни ташкил этиши мумкин.

Миллий маданий марказлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилигида белгиланган тартибда, чет давлатларда Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки Ўзбекистон Республикасида чет давлатлар томонидан ташкил этилиши мумкин.



31-модда. Театр


Театр саҳна асарларини (драма, мусиқали драма, мусиқа, рақс, қўғирчоқ, пантомима, ҳажвий ва ҳазил-мутойиба саҳна асарларини, болалар ва ўсмирлар учун, ёшларбоп, экспериментал ва бошқа асарларни) яратишни, оммавий ижро этишни ва (ёки) оммавий намойиш қилишни амалга оширадиган маданий-томоша ташкилотидир.

Театрнинг асосий вазифалари Ўзбекистон халқининг (Ўзбекистон Республикасида яшовчи миллатлар ва элатларнинг) театр маданиятини, миллий ўзини ўзи англашини ва тилларини сақлаш ҳамда ривожлантиришдан, шунингдек саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилишдан, мазкур йўналишда инновацион лойиҳаларни амалга оширишдан иборатдир.

Театрлар бадиий йўналишларни, репертуарни танлашда, саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, шунингдек самарали ижодий жараённи ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда эркиндир.

Саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш учун чет эллик ижодкорлар шартнома асосида жалб этилиши мумкин.

Ҳар бир саҳна асарини саҳналаштирувчи режиссёрнинг тавсиялари асосида давлат театри раҳбари томонидан саҳналаштириш гуруҳи тузилади.

Давлат театрларида ҳар бир саҳна асари оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш учун тайёр эканлиги тўғрисидаги қарор театрнинг бадиий кенгаши тавсиясига кўра театр раҳбари томонидан қабул қилинади.

Давлат театрининг бадиий кенгаши тўғрисидаги низом ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда камида уч йилда бир марта янгилаб турилади.



32-модда. Цирк


Цирк эстрада-цирк жанри асарларининг (акробатика, гимнастика, жонглёрлик, полвонлик, дорбозлик, қизиқчилик, фокусчилик, пантомима, олов ўйинлари, чавандозлик (от спорти тури), ҳайвонларни ўргатиш ва бошқалар) саҳна томошаларини амалга оширувчи маданий-томоша ташкилотидир.

Цирклар бадиий йўналишларни, репертуарни танлашда, эстрада-цирк жанри асарларини яратиш ва саҳналаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилишда, шунингдек самарали ижодий жараённи ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган, қонунчиликка зид бўлмаган фаолиятни амалга оширишда эркиндир.

Циркларнинг ҳайвонларни парваришлаш, ўргатиш ҳамда улар иштирокида саҳна томошаларини намойиш этишга тайёрлаш бўйича фаолиятида ҳайвонларни озиқлантириш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш нормаларига, ветеринария-санитария ва зоотехника талабларига, шунингдек хавфсизлик талабларига риоя этилиши керак.

Эстрада-цирк жанридаги асарларни яратиш ва саҳналаштириш учун шартнома асосида чет эллик ижодкорлар жалб этилиши мумкин.



33-модда. Концерт ташкилотлари


Концерт ташкилоти санъат асарларини оммавий ижро этишни, бадиий жамоалар ва алоҳида ижрочиларнинг фаолиятини ташкил этиш билан шуғулланувчи ташкилотдир.

Концерт ташкилотларининг асосий вазифалари мусиқий-эстетик жиҳатдан тарбиялаш, юксак бадиий ижодий дастурларни ва алоҳида ижроларни яратиш учун шарт-шароитларни таъминлаш, профессионал бадиий жамоалар ва алоҳида ижрочилар концертларини ташкил этиш, мусиқий-маърифий фаолиятни амалга оширишдан иборатдир.

Концерт ташкилотлари ижодий дастурларни ва алоҳида ижроларни яратишда, репертуарни танлашда мустақилдир.

Ижодий дастурларни ва алоҳида ижроларни яратиш учун чет эллик ижодкорлар шартнома асосида жалб этилиши мумкин.



34-модда. Маданий-маърифий ташкилотлар

фаолиятининг асосий йўналишлари


Маданий-маърифий ташкилотлар фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

халқ ижодиётини, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини, шунингдек маданий мерос объектларини сақлаш ва тарғиб қилиш;

Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган байрамларни, концертларни, ашула ва рақс байрамларини, тақдимотларни, фестивалларни, танловларни, халқ амалий ва тасвирий санъати кўргазмаларини ташкил этиш;

илмий-амалий, ахборот-услубий ишларни ташкил этиш;

маданий-кўнгилочар фаолиятнинг ва халқ ижодиётининг илғор тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш, оммалаштириш, татбиқ этиш ва тарқатиш;

энг яхши халқ ижодиёти жамоаларини вилоятлар, ҳудудлар, республика байрамларида, халқаро байрамларда, танловларда, фестивалларда иштирок этиш учун жалб қилиш орқали уларни оммалаштириш;

маданият ташкилотларининг ассоциацияларини (уюшмаларини), шунингдек маданиятни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган инновацион лойиҳаларни, маданий тадбирлар ҳамда ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.



35-модда. Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига

"Миллий" ёки "Академик" мақомини бериш


Давлат маданият муассасаларига ва ташкилотларига маданият ҳамда санъат соҳасида эришган ютуқлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Миллий" ёки "Академик" мақоми берилиши мумкин.



36-модда. Давлат маданият муассасалари

ва ташкилотларининг аттестацияси


Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларининг аттестацияси улар асосий фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш, моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг тузилмаларини тартибга солиш мақсадида уч йилда бир марта ўтказилади.

Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларининг аттестацияси тартиби қонунчиликда белгиланади.



6-БОБ. МАДАНИЯТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ, ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ.

МАДАНИЯТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ АССОЦИАЦИЯЛАРГА

(УЮШМАЛАРГА) БИРЛАШТИРИШ


37-модда. Маданият ташкилотларини ташкил этиш


Маданият ташкилотлари мулкдор ёки у вакил қилган шахс томонидан ёхуд ваколатли органнинг фармойиши асосида ташкил этилади.



38-модда. Маданият ташкилотларини қайта ташкил этиш


Маданият ташкилотларини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) улар муассисларининг (иштирокчиларининг) қарорига ёки таъсис ҳужжатларида шунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.

Маданият ташкилотини қайта ташкил этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.



39-модда. Маданият ташкилотларини тугатиш


Маданият ташкилотларини тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



40-модда. Маданият ташкилотларини ассоциацияларга

(уюшмаларга) бирлаштириш


Маданият ташкилотлари ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларни ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида ассоциациялар (уюшмалар) шаклида жамоат бирлашмалари ташкил этиши мумкин.

Маданият ташкилотлари томонидан тузилган ассоциациялар (уюшмалар) нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлиб, улар ўз фаолиятини таъсис ҳужжатлари асосида амалга оширади.



7-БОБ. МАДАНИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИДАГИ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


41-модда. Маданий фаолият соҳасидаги халқаро

ҳамкорликнинг асосий йўналишлари


Маданий фаолият соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

халқаро маданий алмашинув;

халқаро маданият ташкилотлари билан ҳамкорлик;

маданият объектларини ва санъат асарларини оммалаштириш.



42-модда. Халқаро маданий алмашинув


Ўзбекистон Республикаси халқаро маданий алмашинувни ривожлантиришга кўмаклашади.

Халқаро маданий алмашинувнинг асосий шакллари қуйидагилардан иборат:

миллий маданий марказларни ташкил этиш ва ривожлантириш;

маданият ходимларини ўқиш (тажриба орттириш) учун юбориш;

маданият соҳасида замонавий инновацион технологияларни, техник воситаларни яратиш ва амалда жорий этиш;

миллий урф-одатлар ва анъаналарни намойиш қилиш;

миллий маданият кунлари, кўрик-танловлар, фестиваллар, кўргазмалар, конференциялар, адабий семинарлар, гастроллар ҳамда бошқа маданий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

маданият ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни ва ҳамкорликнинг бошқа турларини йўлга қўйиш.

Халқаро маданий алмашинувни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилиги билан белгиланади.



43-модда. Халқаро маданият ташкилотлари билан ҳамкорлик


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилигига мувофиқ халқаро маданият ташкилотларининг филиаллари ҳамда ваколатхоналари ташкил этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг маданият ташкилотлари ўз таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ халқаро маданият ташкилотларига аъзо бўлиш, чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек халқаро ва хорижий ташкилотларнинг ҳайрияларини қонунчиликда белгиланган тартибда тасарруф этиш ҳуқуқига эга.



44-модда. Маданият объектларини ва санъат

асарларини оммалаштириш


Давлат маданият объектларини ва санъат асарларини оммалаштириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва муассасалар билан ҳамкорликда маданият объектларини ва санъат асарларини оммалаштириш мақсадида:

маданият ва санъатнинг барча йўналишлари бўйича халқаро кўрик-танловлар, фестиваллар ва кўргазмалар ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган халқаро кўрик-танловлар, фестиваллар ва кўргазмаларда иштирок этади;

чет давлатларда "Ўзбекистон маданияти кунлари"ни ташкил этади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам маданият объектларини ва санъат асарларини оммалаштириш мақсадида кўрик-танловлар, фестиваллар ва кўргазмалар ташкил этиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45-модда. Олис ҳудудларда маданиятни ривожлантириш


Олис ва бориш қийин бўлган жойларда маданиятни ривожлантириш, маданият ташкилотларининг фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг эстетик эҳтиёжларини қаноатлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ишларга давлат томонидан устувор аҳамият берилади.



46-модда. Маданий фаолият соҳасидаги

фаолиятни молиялаштириш


Маданий фаолият соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари;

маданият ташкилотларининг ўз маблағлари;

халқаро ва хорижий ташкилотларнинг маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг (меценатларнинг) хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.



47-модда. Маданият ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш


Маданият ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



48-модда. Маданият ходимларини рағбатлантириш


Маданиятни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган маданият ходимлари давлат мукофотлари (премиялари) билан тақдирланиши, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда рағбатлантирилиши мумкин.



49-модда. Низоларни ҳал этиш


Маданий фаолият соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



50-модда. Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



51-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



52-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



53-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 21 январь


"Халқ сўзи", 2021 йил 21 январь




































Время: 0.0191
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск