ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Нотурар бинолар ва иншоотлар, саноат ва бошқа турдаги объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.11.2016 й. ПҚ-2664-сон "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.11.2016 й.

N ПҚ-2664



"ТОШКЕНТ МЕТРОПОЛИТЕНИ

СЕРГЕЛИ ЙЎНАЛИШИ ҚУРИЛИШИ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, Тошкент метрополитени йўналишларини ривожлантириш ва кенгайтириш, метрополитенда йўловчи қатновини ошириш ва Сергели туманида ер усти жамоат транспорти юкламасини камайтириш, шунингдек, экологияни яхшилаш ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 2017-2020 йиллар давомида Тошкент метрополитени Сергели йўналишини қуриш (кейинги ўринларда - лойиҳа) орқали Тошкент метрополитени йўналишларини янада кенгайтириш ва ривожлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Ҳисобланган қиймати 170,1 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга оширишнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

2017 - 2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури параметрларида ҳар йили кўзда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 70,1 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг маблағлари ҳисобидан марказлаштирилган инвестициялар;

импорт ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларни харид қилиш, зарур ҳолларда, қурилиш ишларини экспертизадан ўтказиш, кузатиб бориш ва техник назоратни амалга ошириш, хорижий пудрат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган махсус қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва лойиҳани рўёбга чиқариш доирасидаги бошқа валюта харажатларини, шунингдек, пудрат қурилиш ташкилотларини таъминлаш учун ускуна ва техникаларни харид қилишни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тақдим этиладиган, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан 15 йил муддатга, шу жумладан 4 йиллик имтиёзли давр билан, банкнинг 0,25 фоиз маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 2,25 фоиз ставкада қайта молиялаштириладиган 35,1 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган 64,9 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарзлар ва бошқа манбалар.


3. Белгилаб қўйилсинки:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ лойиҳанинг самарали амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг жалб қилинадиган кредитлари мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитларива жалб қилинадиган қарзлар бўйича асосий қарзни, фоизлар ва комиссияларни тўлаш тегишли операцияни амалга ошириш санасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича миллий валютада Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига лойиҳани амалга ошириш учун жалб этиладиган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қайта молиялаштириладиган кредитлари бўйича "Тошкент метрополитени" ДУКнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки олдидаги мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатларини белгиланган тартибда тақдим қилиш ваколати берилсин.

5. "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ - буюртмачи;

"Боштранслойиҳа" АЖ - бош лойиҳа ташкилоти;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг таркибий бўлинмаларини жалб қилган ҳолда "Кўприкқурилиш" трести" УК - бош пудрат ташкилоти этиб белгилансин.


6. Тошкент метрополитени Сергели йўналишини лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари бўйича ишчи гуруҳ иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Ишчи гуруҳ (Б.И. Закиров) зиммасига лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча масалалар комплексини ўз вақтида ва тезкор ҳал қилиш бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, илғор энергия ва ресурс тежамкор технологияларни қўллашни ҳисобга олган ҳолда техник топшириқларни ишлаб чиқиш ҳамда лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифатига алоҳида эътибор қаратиш функцияси юклансин.


7. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ 2018 йил 1 январга қадар "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.


8. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга истисно тариқасида:

2018 йил 1 сентябрга қадар мазкур лойиҳани лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга ошириш;

лойиҳани амалга ошириш доирасида, зарур ҳолларда, барпо этилаётган Тошкент метрополитени Сергели йўналишидан фойдаланишнинг ишончлилиги ва хавфсизлиги талаблари бажарилишини таъминлашни инобатга олган ҳолда ҳаракат таркиби турини ва лойиҳа ечимларини аниқлаш, лойиҳани амалга ошириш ишларини кузатиб бориш ва техник назоратни амалга ошириш учун малакали мустақил хорижий экспертларни ва чет эл инжиниринг компанияларини ҳамда ихтисослаштирилган хорижий пудрат ташкилотларини танлов асосида жалб қилиш;

ишлаб чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан ускуна ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узелларни етказиб бериш бўйича тендер савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида, импорт шартномалари бўйича ваколатли органларда экспертизадан ўтказиш ва юклашдан олдинги инспекциядан ўтказиш орқали шартномалар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби тасдиқлангунга қадар экспертизадан ўтган импорт шартномалари бўйича, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида маҳаллий пудрат ташкилотлари ва етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар бўйича молиялаштиришни очиш;

лойиҳани амалга ошириш ва кафолат муддати даврида, ваколатли органларда экспертизадан ўтказилган шартномалар шартларига мувофиқ - лойиҳани амалга ошириш доирасида хорижий компаниялар томонидан олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, автотранспорт воситалари, машина ва механизмлар, ускуналар, жиҳозлар, бутловчи қисмлар, узеллар ва асбоб-ускуналарни даврий божхона тўловларини тўламасдан, "вақтинчалик олиб кириш" божхона режимига жойлаштиришга рухсат берилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш учун ажратиладиган ресурслар бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати берилишини таъминлаган ҳолда, хорижий банклар ва Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" МХК қурилиш зонасига тушган тегишли муҳандислик коммуникацияларини ўз маблағлари ҳисобидан кўчириш ва улаш, шунингдек, лойиҳа доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ, ташқи муҳандислик коммуникацияларини уларнинг узлуксиз ишлашини ҳисобга олган ҳолда улаш ишларини амалга оширсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида шаҳарсозлик ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказишни таъминласин ва амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


12. "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида унинг барча иштирокчилари 2021 йил 1 январга қадар:

лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини таъминлаш учун мўлжалланган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи қисмлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, асбоб-ускуналар, шу жумладан махсус йўл-қурилиш техникаси ва жиҳозларучун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари)тўлашдан;

товарлар, ишлар (хизматлар), шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан кўрсатилаётган ишлар (хизматлар) учун - қўшилган қиймат солиғидан;

Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан;

лойиҳани амалга ошириш доирасига харид қилинадиган мол-мулк учун солиқлардан озод этилсин.


13. Белгилансинки, "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, унинг таркибий бўлинмалари ва лойиҳа иштирокчилари ўртасида беғараз асосда бериладиган мол-мулклар қўшилган қиймат солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, шунингдек, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;

ходимларни бепул овқатлантириш қиймати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди.


14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" МХК, "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзқурилишматериаллари" АЖ ишчи ҳужжатлар параметрларини ҳисобга олган ҳолда, буюртмачи томонидан тақдим этиладиган асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган: цемент, металл прокат ва йўл учун мўлжалланган битумни тартибга солинадиган нархлар бўйича, ёқилғи-мойлаш материалларини эса шартномавий нархларда ажратиш ва етказиб беришни таъминласин.


15. "Ўзбекэнерго" АЖ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳри Сергели туманида юқори кучланишли электр подстанциясини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишда лойиҳалаштирилаётган Тошкент метрополитени Сергели йўналишининг электр энергияси истеъмоли ва энергия қуввати ҳажмларини ҳисобга олсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги буюртмачининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича 2016 йилда лойиҳа-қидирув ва тайёргарлик ишларини бажариш учун капитал қўйилмаларни ажратиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича идоралараро кенгашга киритсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Тошкент метрополитени" ДУК буюртманомаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Тошкент метрополитени" ДУК буюртманомаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассислар учун давлат божи ундирмаган ҳолда кўп марталик визалар муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги "Тошкент метрополитени" ДУК буюртманомаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш учун рухсатномалар белгиланган тартибда берилишини (муддати узайтирилишини),шунингдек, мазкур хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бориш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

20. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳасини амалга ошириш доирасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан:

бир ой муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини тақдим этилишига қараб - зарур бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкалари ажратиш;

"Тошкент метрополитени" УК буюртманомаларига кўра, йўлларни ёпиш, айланма автомобиль йўлларини ва бошқа зарур иншоотларни қуриш орқали қурилиш майдонларини бўшатиш;

лойиҳада кўзда тутилган муддатларда - биноларни бузиш, қурилиш ишлари олиб бориладиган ҳудудда яшаётган аҳолини кўчириш;

ер участкаларини ажратиш ва аҳолини кўчириш учун қонун ҳужжатларида тақиқланмаган молиялаштириш манбаларини жалб қилган ҳолда компенсация тақдим этиш;

суғориш сув қувурларини, ирригация лотокларини ва ташқи ёритиш иншоотларини қуришни инобатга олган ҳолда туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминласин.


21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси

Президенти вазифасини бажарувчи                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2016 йил 29 ноябрдаги

ПҚ-2664-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент метрополитени Сергели йўналишини

лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари бўйича

ИШЧИ ГУРУҲ ТАРКИБИ

        

Б.И. Закиров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари


А.Ж. Раматов

-

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


Б.А. Ходжаев

-

иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари


Р.А. Гулямов

-

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори


Р.Ж. Усманов

-

Тошкент шаҳар ҳокими


М.М. Мирзаев

-

молия вазирининг ўринбосари


Б.М. Низомов

-

меҳнат вазирининг ўринбосари


Б.Я. Раимов

-

Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


А.Я. Хайдаров

-

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раисининг биринчи ўринбосари


М.И. Шодиев

-

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари


А.С. Нурутдинов

-

"Ўзметкомбинат" АЖ бош директори


А.С. Султанов

-

"Ўзбекнефтгаз" МХК раиси


Б.К. Зарипов

-

"Ўзқурилишматериаллари" АЖ раиси


Х.Н. Хасилов

-

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бош менежери - бош муҳандиси


О.Н. Худойкулов

-

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари - "Тошкент метрополитени" УК бошлиғи


Р.Х. Мирзаахмедов


-

"ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК директори


Ю.Д. Магрупов

-

"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК директори


Р.В. Рузиев

-

"Боштранслойиҳа" АЖ директори


Ш.Т. Солиходжаев

-

"Тошметроқурилиш" МЧЖ директори


А.А. Закиров

-

"Тошкент метропроект" МЧЖ директори


Н.Э. Максумов

-

Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари АТД мудири, Ишчи гуруҳ котиби

Изоҳ: Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)




































Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск