ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси /

Ўзбекистон Республикасининг 11.05.2001 й. 213-II-сон "Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.05.2001 й.

N 213-II



МАХСУС ЮКЛАР ВА ҲАРБИЙ

ТАРКИБЛАРНИНГ ТРАНЗИТИ

ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити пайтида Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


махсус юклар - қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк, хавфли юклар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлиши давлат назорати остида бўлган ашёлар;

талабнома берувчи - махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома олиш учун мурожаат этган шахс;


транзит - Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жўнатиш ва етиб бориш пунктлари жойлашган махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ваколатли органлар назорати остида барча турдаги транспортда ўтиши;


транзит рухсатномаси - махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити ҳуқуқини берувчи ҳужжат;


транзит рухсатномасининг эгаси - махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома олган шахс;


хавфли юклар - ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли муайян омиллар мавжуд бўлгани тақдирда ташиш, юк ортиш-тушириш ишлари жараёнида ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бино ва иншоотлар, бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, буюмлар, чиқиндилар;


қурол-яроғ ва ҳарбий техника - қуролли кучларни қуроллантиришга мўлжалланган турли хил қуролларнинг ва уларни жанговар қўллашни таъминловчи воситаларнинг мажмуалари, шу жумладан элтиб қўйиш воситалари, мўлжалга олиш, учириш, бошқариш тизимлари, шунингдек бошқа махсус техника воситалари, ўқ-дорилар ва уларнинг таркибий қисмлари, эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар ва уларнинг бутловчи буюмлари, машқ қуроллари (турли хил қурол-яроғ ва ҳарбий техника макетлари, тренажёрлари ва имитаторлари);


ҳарбий мол-мулк - қуролли кучларнинг шахсий таркиби турмуш фаолиятини таъминлаш тизимлари, махсус мақсаддаги материаллар ва уларни ишлаб чиқариш учун махсус ускуналар, оммавий қирғин қуролидан умумий ва якка тартибда ҳимояланиш воситалари, оммавий қирғин қуролини қўллаш оқибатларининг олдини олиш ва даволаш воситалари, фронт орқасида қўлланиладиган махсус ускуналар, ҳарбий кийим ва унга хос атрибутлар;


ҳарбий таркиб - хорижий давлатлар ҳарбий тузилмаларининг шахсий таркиби ва ҳарбий ходимлари, шунингдек шу давлатларда ҳарбий хизматга чақирилган ёки захирага бўшатилаётган шахслар.



3-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзити тўғрисидаги қонунчилик

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг махсус юклар ва ҳарбий таркиблар транзити тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзити устидан давлат назорати


Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити устидан давлат назорати қуйидагиларни ўз ичига олади:

транзит рухсатномалари бериш;

транзит рухсатномасининг эгаси ёки у ваколат берган шахснинг қонунчилик талабларига риоя этиши устидан назорат қилиш;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити пайтида қонунчиликда назарда тутилган хавфсизликни таъминлаш талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисидаги ахборотни тўплаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш.


5-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзити соҳасидаги бошқарув


Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити соҳасидаги бошқарувни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у ваколат берган органлар амалга оширади.


6-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзити соҳасида Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бошқарув органларининг махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

транзит рухсатномалари бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни бекор қилиш тартибини белгилайди;

транзити тақиқланган махсус юкларнинг, шунингдек транзити фақат рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда амалга ошириладиган махсус юкларнинг рўйхатларини тасдиқлайди;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити соҳасида бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни, шунингдек ушбу Қонуннинг амалга оширилиши устидан назорат қилишни таъминловчи махсус тузилма ташкил этиши мумкин;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


7-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзити соҳасида Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар (бундан буён матнда ваколатли органлар деб юритилади):

транзит рухсатномасини бериш тўғрисида хулосалар тақдим этади;

талабнома берувчининг юки транзит тарзида ташилаётганида у давлат назоратида бўлмаслиги ҳақида хулосалар беради;

транзит рухсатномаларининг шартлари бажарилиши устидан назорат қилади;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити пайтида улар жойлаштирилган жойларни, транзит шарт-шароитлари ҳамда ҳолатини мунтазам ва танлаб текширувдан ўтказишга, шунингдек белгиланган тартибни бузиб амалга оширилаётган транзитни тўхтатиб туришга ҳақли;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


8-модда. Транзит рухсатномаси


Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан бериладиган транзит рухсатномаси асосида амалга оширилади.

Транзит рухсатномасини олиш учун талабнома берувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки у ваколат берган органга зарур ҳужжатлар илова қилинган тегишли ариза билан мурожаат қилади.

Транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади. Зарур холларда мазкур муддат узайтирилиши мумкин.

Туркум қилиб юбориладиган махсус юкларнинг транзитига рухсатнома ҳар бир туркум учун алоҳида-алоҳида берилади.

Қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк ва хавфли юкларнинг транзитига енгиб бўлмас куч таъсир этган ва белгиланган жойга элтиб қўйишнинг имконияти бўлмаган тақдирда одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга ва Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига етказилиши мумкин бўлган зарарни қоплашга мўлжалланган суғурта ва бошқа молиявий кафолатлар, шунингдек ўзга мажбуриятлар талабнома берувчи томонидан тақдим этилган тақдирда рухсат этилади. Кўрсатиб ўтилган кафолатлар суғурта полиси, банк кафолати шаклида ёхуд қонунчиликда белгиланган бошқача шаклда бўлиши мумкин.


9-модда. Транзит рухсатномаси беришни рад этиш


Қуйидаги ҳолларда транзит рухсатномасини бериш рад этилади, агар:

қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк ва ҳарбий таркибларни ташиш ваколатли органлар билан олдиндан келишилган ташиш режаларида назарда тутилмаган бўлса;

махсус юклар ва ҳарбий таркиблардан фойдаланиш мақсади улар бориши тайинланган давлатда инсон ҳуқуқлари бузилиши, давлат ичкарисидаги ёки халқаро кўламдаги беқарорлик кучайиши билан боғлик бўлса ёхуд махсус юк Ўзбекистон Республикаси учун номақбул шартларда бошқа манзилга йўлланиши ёки реэкспорт қилиниши хавфи бўлса;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити Ўзбекистон Республикаси манфаатларига ёки хавфсизлигига таҳдид солса;

махсус юклар транзити одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга хавф туғдириши, шунингдек моддий бойликларга шикаст етказиши ёки уларни йўқ қилиб юбориши мумкин бўлса;

тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик талабларига мос бўлмаса.

Транзит рухсатномалари бериш қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳолларда хам рад этилиши мумкин.


10-модда. Транзит рухсатномасини бекор қилиш


Транзит рухсатномаси уни берган орган томонидан бекор қилиниши мумкин.

Транзит рухсатномасини бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

транзит рухсатномаси эгасининг махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитини амалга оширишдан воз кечганлиги;

транзит рухсатномаси уни бериш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тўла бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар асосида берилганлиги;

транзит рухсатномасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш вақтида маълум бўлмаган, лекин уни беришни рад қилишга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганлиги;

қонунчиликда белгиланган транзит тартиби бузилганлиги.

Транзит рухсатномаси бекор қилинган тақдирда, агар қонунчиликда бошқача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, транзит рухсатномасининг эгаси олиб кирилган махсус юклар ва ҳарбий таркибларни транзит амалга оширилган давлат ҳудудига қайтарилишини ўз ҳисобидан таъминлайди.


11-модда. Транзит рухсатномасининг амал қилиш муддати


Транзит рухсатномасининг амал қилиш муддати кўпи билан ўттиз кунни ташкил қилади.

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити рухсатномада кўрсатилган муддатда тугалланиши лозим. Транзит рухсатномаси эгасининг асослантирилган илтимосномасига кўра рухсатноманинг амал қилиш муддати бир марта, кўпи билан ўттиз кунлик даврга узайтирилиши мумкин.


12-модда. Транспорт воситалари ўтадиган йўналишлар


Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити транзит рухсатномасида белгиланган йўналишлар бўйича амалга оширилади.

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити амалга ошириладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда бошқа ваколатли органлар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Белгиланган йўналишлардан четга чиқишга йўл қўйилмайди, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


13-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

ҳаво транспорти орқали транзити


Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг ҳаво транспорти орқали транзити белгиланган ҳаво йўллари (самовий оралиқлар) бўйича ушбу Қонунда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган холда Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг ҳаво транспорти орқали транзити:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари;

парвозларни бажариш учун белгиланган тартибда берилган махсус рухсатномалар;

транзит рухсатномалари асосида ҳамда уларда белгиланган шартларга мувофиқ амалга оширилади.

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларни ташувчи ҳаво кемаларида парвозларни бажариш учун махсус рухсатномалар транзит рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг ҳаво транспорти орқали транзити, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўниб ўтиш билан ва қўнмасдан амалга оширилиши мумкин. Транзит рухсатномаси ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий қўниши тўғрисидаги талабни назарда тутиши мумкин.


14-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзитига нисбатан қўйиладиган талаблар


Махсус юкларнинг транзити ўрамларда, транспорт воситаларида ёки контейнерларда божхона назорати остида амалга оширилади, бунда ўрамлар, транспорт воситалари ёки контейнерлар шундай ишланган ва жиҳозланган бўлиши керакки, токи уларнинг ичидаги ашёларни муҳрланган юк хонасидан, транспорт воситаси ёки контейнердан кўзга ташланадиган из қолдирмасдан ёки божхона таъминотларига шикаст етказмасдан чиқариб олиш ёхуд у ерга жойлаштириш мумкин бўлмасин.

Транзит тарзида ўтаётган ҳарбий таркиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришда қонунчиликка мувофиқ мажбурий равишда чегара, божхона назоратидан ва назоратнинг бошқа турларидан ўтказилади.

Ҳарбий таркиб сафида транзит тарзида ўтаётган шахслар уларнинг кузатиб борилишини амалга оширувчи ёхуд уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишини бошқача тарзда назорат қилувчи ваколатли мансабдор шахсларнинг рухсатномаси асосида ва фақат махсус белгиланган тўхташ жойларида транспорт воситасини тарк этишга ҳақлидир.

Транзит тарзида ўтаётган махсус юкларга нисбатан шубҳа туғилган тақдирда, божхона. органлари амалда ўтказилаётган юкнинг транзит учун маълум қилинган. юкка мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш мақсадида тегишли ваколатли органга мурожаат қилади.

Транзит тарзида ўтаётган махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг кузатиб борилишини ваколатли органлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда таъминлайди.


15-модда. Махсус юклар ва ҳарбий

таркибларнинг ноқонуний транзити


Транзит рухсатномасининг эгаси ёхуд у ваколат берган бошқа шахс махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг ноқонуний транзитини амалга оширган тақдирда, мазкур юклар ва таркибларнинг улар жўнатилган давлатга қайтарилиши унинг ҳисобидан амалга оширилади. Хавфли чиқиндиларни улар жўнатилган давлатга қайтаришнинг имкони бўлмаган тақдирда уларнинг экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда фойдаланилишини ёки зарарсизлантирилишини транзит рухсатномаси эгаси ёхуд у ваколат берган бошқа шахс ўз ҳисобидан таъминлайди ҳамда етказилган зарарни қоплайди.



16-модда. Махсус юкларнинг транзити пайтида

уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш


Махсус юкларнинг транзити пайтида уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш товарнинг кузатув ҳужжатлари, уларнинг транзит рухсатномалари, махсус юкларнинг келиб чиқиш сертификати ва божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда қонунчиликка мувофиқ божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Сертификатнинг ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан махсус юк чиқарилган мамлакат тўғрисидаги маълумотларнинг аниқлигига шубҳа туғилган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг божхона органи сертификат берган органларга ёки товар чиқарилган мамлакат сифатида кўрсатилган мамлакатнинг ваколатли ташкилотларига қўшимча ёки аниқлаштирувчи маълумотларни хабар қилишни сўраб мурожаат этиши мумкин.



17-модда. Махсус юкларнинг транзити пайтида

уларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш

Махсус юкларнинг транзити пайтида уларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади ҳамда у қўпорувчиликнинг ёки махсус юклар талон-торож қилинишининг олдини олишга қаратилган ташкилий, муҳандислик-техникавий тадбирлар, давлат органлари воситалари ва ҳаракатлари йиғиндисидан иборат бўлади.



18-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзитини чеклаш


Қуйидагиларнинг:

ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган, уруш ёки қуролли тўқнашув хавфи мавжуд бўлган минтақаларга қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий мол-мулкнинг;

транзити Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига зид бўлган махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг;

қонунчиликка мувофиқ бошқа махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига йўл қўйилмайди.

Махсус юкларни қонунчиликка мувофиқ товарлари чиқарилиши мумкин бўлмаган мамлакатдан чиқарилган деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона органи уларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказишни рад этиши мумкин.


19-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркиблар

тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш


Ваколатли органлар махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити билан боғлик масалаларни ҳал этишда, шу жумладан ахборот айирбошлаш орқали ҳамкорлик қиладилар.

Махсус юкнинг эгаси ёки талабнома берувчи махсус юклардан оммавий қирғин қуролини ёки оддий қурол-яроғларни яратиш ёки ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилиши мумкин деб ҳисоблашга асос бўладиган ахборотга эга бўлса, у бу ҳақда ваколатли органни хабардор қилиши шарт.

Махсус юкнинг эгаси ҳамда ҳарбий таркибларнинг кимга тегишлилиги тўғрисидаги улар транзити билан боғлиқ ахборот қуйидаги ҳолларда ошкор қилиниши мумкин:

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитини назорат қилиш мақсадида ваколатли органлар ўртасида ахборотдан фойдаланилганда ёки уни айирбошланганда;

ахборотдан дастлабки терговда ёки суд иш юритишида ёхуд суд қарорларини ижро этишда фойдаланилганда;

махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига тааллуқли ахборот халқаро ташкилотларга юборилганда, агар Ўзбекистон Республикаси ўз зиммасига шундай халқаро мажбурият олган бўлса.

Махсус юкнинг эгаси ҳамда ҳарбий таркибларнинг кимга тегишлилиги тўғрисидаги улар транзити билан боғлиқ ахборот қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда ҳам ошкор қилиниши мумкин.


20-модда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг

транзити тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2001 йил, 5-сон, 82-модда








































Время: 0.1909
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск