Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Туризм /

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 02.12.2016 й. ПҚ-2666-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2016 йил 2 декабрдаги

ПҚ-2666-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Туризмни

ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминловчи давлат бошқарув органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.


3. Қўмита ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


4. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик субъектлари томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга.


2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини шакллантириш ва амалга оширишни таъминлаш;

туристик хизматларнинг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, туризм соҳасида Ўзбекистон Республикасининг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилишга қаратилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш, мамлакатнинг туристик имижини сақлаш ва ривожлантириш, халқаро туристик бозорларда миллий маҳсулотлар ва брендларни илгари суриш;

ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ва амалга оширишни мониторинг қилиш, кенг қамровли туризм турларини жадал ривожлантириш, туризм инфратузилмасини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантиришга хорижий инвестициялар, шунингдек, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб қилиш;

туристик фаолиятни ривожлантиришни мувофиқлаштириш, ҳудудларда янги туристик йўналишлар очилишини таъминлаш, уларни паспортлаштириш, туристик йўналишлар, гидлар (экскурсоводлар) ва туристик объектлар бўйича ягона миллий реестрларни шакллантириш;

туристик хизматларни ташкил қилишда, авваламбор улар жойлаштирилган манзилларда, овқатланиш жойларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш вақтида, туристик объектларга ташрифларни ташкиллаштиришда туристлар хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга йўналтирилган туристик хизматларни кўрсатиш сифати ва хавфсизлигининг стандартларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш, туризм соҳасидаги хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштиришни, шунингдек, лицензияланаётган ва сертификатлаштирилаётган туристик хизматларнинг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги устидан инспекция назоратини амалга ошириш;

туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризмни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, туризм соҳасида тадбиркорлар фаоллигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, мазкур соҳага ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;

туристик фаолият соҳасида биринчи навбатда, БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар, шунингдек, туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, туристик фаолият амалиётига халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни жорий этиш;

туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, туристик фаолият субъектлари ходимларини мунтазам қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни юқори сифатли даражада ташкил этиш, туризм тармоқ илм-фанини ривожлантиришга кўмаклашиш;

туристик зоналарнинг самарали бошқарувини ташкил қилиш;

туристик зоналар ҳудудида туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур инвестициявий шарт-шароитларни яратиш;

туристларнинг мақсадли тоифалари орасида туристик зоналарнинг салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича маркетинг ишларини олиб бориш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан ташқари туризм инфратузилмаси объектларини жойлаштириш учун ажратилган салоҳиятли ўрмон фонди ҳудудларини режалаштириш ва лойиҳалаштириш;

республика кинолокацияларини, шу жумладан жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда хорижда тарғиб қилиш.

7. Қўмита зиммасига юклатилган вазифаларга кўра қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) мамлакатнинг туристик салоҳиятини тубдан ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини шакллантириш ва амалга оширишни таъминлаш соҳасида:

туризмни ривожлантиришнинг асосий тенденциялари ва прогнозларини таҳлил қилишни инобатга олган ҳолда туризм соҳасини ривожлантиришнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилашда иштирок этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, туристик фаолият субъектлари томонидан туризм соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалий ижросини таъминлайди;

туризм соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва бошқарув механизмлари ҳамда тузилмасини ташкилий-ҳуқуқий такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

туризмни ривожлантириш масалаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;


б) туристик хизматларнинг ташқи ва ички бозорида маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилишга қаратилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш, мамлакатнинг туристик имижини сақлаш ва ривожлантириш, халқаро туристик бозорларда миллий туристик маҳсулотлар ва брендларни илгари суриш соҳасида:

туристлар оқимининг салоҳиятли ва истиқболли бозорларини ўрганади, туризм соҳасида реклама-ахборот сиёсатини олиб боришнинг самарали услуб ва механизмларини белгилайди, унинг натижаларига кўра тегишли комплекс чоралар кўради;

мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида хорижий туристлар нимани афзал кўришини ўрганиш ва талаб юқори бўлган туристик маҳсулотларни аниқлашга қаратилган маркетинг тадқиқотларини ташкил этади;

миллий туристик маҳсулотлар ва брендларни халқаро туристик бозорларда тақдим этишда кўмаклашади;

туристик фаолият субъектлари ва бошқа манфаатдор шахсларни халқаро туристик бозорларда мамлакат туристик салоҳиятини тарғиб қилишда иштирок этишга рағбатлантиришни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасида хорижий туроператорлар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотлар иштирокида ахборот турлари (инфотурлар)ни ташкиллаштиради;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналаридаги туризмни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолиятини мувофиқлаштиради;

туристик йўналишлар бўйлаб ҳамда туристик кўргазма ва инфратузилма объектлари яқинида истиқомат қилувчи аҳолининг туристик маданиятини ошириш (меҳмондўстлик маданияти) бўйича чора-тадбирларни ташкиллаштиради ва ўтказади;

меҳмонхоналар ва туристик фаолиятнинг бошқа субъектлари учун сайёҳларнинг хавфсизилигини таъминлаш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича қисқа муддатли курсларни ташкиллаштиради;

в) ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ва амалга оширишни мониторинг қилиш, кенг қамровли туризм турларини жадал ривожлантириш, туризм инфратузилмасини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантиришга хорижий инвестициялар, шунингдек, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб қилиш соҳасида:

мавжуд туристик салоҳият, туристик хизматлар бозорининг ҳамда туризм ва логистика соҳасидаги инфратузилмалар ҳолатини тизимли асосда таҳлил қилади, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро стандартларни ўрганади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишни ва уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасига киритишни ташкиллаштиради;

туристик индустрияни ривожлантириш, туристик хизматлар инфратузилмасини, энг аввало, асосий туристик йўналишлар бўйлаб меҳмонхоналар ва кемпинглар, транспорт-логистика ва йўл инфратузилмаси, умумий овқатланиш объектлари ва туризмнинг бошқа инфратузилмаларини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

туризмни ривожлантириш бўйича миллий ва ҳудудий дастурлар бажарилишини мувофиқлаштиради, туризмни ривожлантириш дастурларининг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқади, уларнинг бажарилиши устидан самарали мониторинг олиб боради;

туристик соҳани ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш ишларида, хорижий инвесторлар, энг аввало, етакчи дунё брендларини жалб қилиш учун туризм соҳасида энг қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

туристик инфратузилмани ривожлантириш учун тақдим этилган маблағлар, грантлар, бошқа молиявий ва моддий ресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш бўйича чоралар кўради;


г) туристик фаолиятни ривожлантиришни мувофиқлаштириш, ҳудудларда янги туристик йўналишлар очилишини таъминлаш, уларни паспортлаштириш, туристик йўналишлар, гидлар (экскурсоводлар) ва туристик объектлар бўйича ягона миллий реестрларини шакллантириш соҳасида:

туристик ташкилотлар, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг ички, кириш ва чиқиш туризм соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда янги туристик йўналишларининг ишлаб чиқилишини ҳамда уларнинг ички ва ташқи туристик бозорларда илгари суришни ташкиллаштиради;

туристик фаолиятнинг белгиланган стандартларига мувофиқ туристик йўналишларни паспортлаштиришни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг туристик ресурслари ва туристик йўналишлари, шунингдек, экскурсоводлари ва гид-таржимонлари реестрини юритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг туризмни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини умумлаштиради ва таҳлил қилади, шунингдек, уларнинг туризм соҳасидаги ишларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларга туризм соҳасини иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш билан ҳамоҳанг янада комплекс ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;


д) туристик хизматларни ташкил қилишда, авваламбор, улар жойлаштирилган манзилларда, овқатланиш жойларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш вақтида, туристик объектларга ташрифларни ташкиллаштиришда туристларнинг ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган туристик хизматларни кўрсатиш сифати ва хавфсизлигининг стандартларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш, туризм соҳасидаги хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштиришни, шунингдек, лицензияланаётган ва сертификатлаштирилаётган туристик хизматларнинг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги устидан инспекция назорати соҳасида:

туристик хизматлар сифати ва хавфсизлигига қўйиладиган талабларни шакллантириш учун туристик хизматлар кўрсатиш жараёнини ва улардан туристларнинг қониқиш ҳосил қилиши устидан мониторинг олиб боради;

миллий ўзига хосликлар, иқлим шароитлари ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда туристик хизматларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича миллий стандартлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради, шунингдек, уларнинг доимий такомиллаштириб борилишини таъминлайди;

туристик хизматларни белгиланган тартибда лицензиялашни амалга оширади;

туроператорлар хизматлари, турар жой воситалари, тоғчанғи йўллари ва пляжларни мажбурий сертификатлашдан ўтказади, шунингдек турар жой воситалари, тоғчанғи йўллари ва пляжларнинг таснифини белгилайди;

лицензияланаётган ва сертификатланаётган туристик хизматларнинг ўрнатилган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги устидан инспекция назоратини амалга оширади;

оммавий ахборот воситаларида тегишли маълумотларни жойлаштириш орқали туристик фаолият субъектлари ва иштирокчиларини муайян вақтда ташриф буюриш туристлар хавфсизлиги учун хатарли бўлган мамлакатлар (жойлар) тўғрисида хабардор қилади;

туризм соҳасида "ишонч телефонлари" ишлашини ташкиллаштиради;

е) туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризмни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, туризм соҳасида тадбиркорлар фаоллигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, мазкур соҳага ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш соҳасида:

туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги механизмлари ва рағбатлантириш чоралари самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

туристик фаолиятни давлат ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, чет эл туристлари учун виза ва рўйхатга олиш тартиб-тамойиллари, паспорт ҳамда божхона назоратини янада соддалаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

туристик соҳада фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан самарали мониторингни таъминлайди, қонун ҳужжатларининг бузилиш сабабларини таҳлил қилади ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар киритади;

туристик фаолият субъектлари томонидан туризм соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши таъминлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, туризм соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиш юзасидан текширув материалларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

республика туристик бозорининг ривожланиш тенденциялари ва уларда бўлаётган ўзгаришларни мониторинг қилади, рақобат муҳити шаклланган туристик хизматлар бозорини янада ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш орқали туристик хизматлар кўрсатишнинг замонавий метод ва механизмларидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар кўради;


ж) туристик фаолият соҳасида, биринчи навбатда, БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар, шунингдек, туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш соҳасида:

халқаро туристик ташкилотлар, чет давлатларнинг ваколатли органлари, шунингдек, туризм соҳасидаги хорижий компаниялари билан халқаро ҳамкорлик, ўзаро самарали ҳаракат қилиш механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштириш соҳасида таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

белгиланган тартибда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) ва бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифода этади ва туризм масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади, туризм соҳасини тартибга солувчи универсал халқаро конвенциялар ва шартномаларда Ўзбекистон иштирокини таъминлайди;

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) ҳужжатлари қоидаларининг ижроси мониторингини ташкиллаштиради, белгиланган тартибда тегишли ахборотларни тайёрлайди уларга юборади;

туризмни ривожлантиришга йўналтирилган чет эл донорлари ва кредит ташкилотлари маблағларининг белгиланган тартибда жалб қилиниши ва ундан фойдаланилишини ташкиллаштиради;

ҳар йили Тошкент шаҳрида Тошкент халқаро туристик ярмаркаси ва Халқаро Ўзбек туристик кўргазмаси ўтказилишини ташкил этишни таъминлайди;

хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро туристик ярмаркалар, кўргазмалар ва бизнес-учрашувларда мамлакатнинг туристик фаолият субъектлари иштирокини ташкил этиш бўйича тайёргарлик чора-тадбирларини мувофиқлаштиради;

шу жумладан халқаро туризм ташкилотлари, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, шунингдек, хорижий компаниялар билан ўзаро ҳамкорликда халқаро туризм тадбирларини ўтказади ва уларда иштирок этади;


з) туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, туризм соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, туризм тармоқ илм-фани ривожига кўмаклашиш соҳасида:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда туризм соҳасидаги ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлиги бўйича тадқиқотлар олиб боради, таълим муассасаларида кадрлар ва мутахассисларнинг касбий тайёргарлик йўналишларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

туризм, айниқса менежмент ва маркетинг соҳасида касбий тайёрлаш, гидлар (экскурсоводлар)ни тайёрлашда кўмаклашади;

кадрларнинг мунтазам малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этишни таъминлайди, Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг раҳбарлари ва мутахассисларини аттестациядан ўтказади, шу жумладан уларнинг тегишли хорижий ўқув марказлари ва таълим муассасаларида стажировкадан ўтишини таъминлайди;

туристик илм-фанни ривожлантириш чораларини кўради, туризм соҳасида илмий-тадқиқот, экспертлик ишларини ташкиллаштиради.


8. Қўмита ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажаради.


3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Қўмита ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қўмита ваколатига тааллуқли масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш, талаб қилиш ва қабул қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига туристик объектлар ва туристик инфратузилмаларда туристлар учун шарт-шароитлар яратиш доирасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий тақдимномалар юбориш;

туризмни ривожлантириш, мамлакат, шу жумладан ҳудудларнинг миллий туристик маҳсулотларини илгари суриш бўйича ишлар ҳамда лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг харажатлар сметасини кўриб чиқиш ва келишишда иштирок этиш;

хорижий давлатларнинг туризм масалалари бўйича ваколатли органлари билан белгиланган тартибда маълумотлар алмашиш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

туризмни ривожлантиришга қаратилган чораларни биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида халқаро, хорижий ва республика ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Қўмитанинг марказий аппарати ва унинг идоравий бўлинмаларида шартнома асосида ишлаш учун туризм соҳасидаги етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

меҳмонхоналар, мотелларни классификациялаш, шунингдек, туристларни жойлаштиришнинг бошқа воситаларини стандартлаштириш бўйича тартиб-таомилларни амалга ошириш;

туризм соҳасидаги муаммолар бўйича мувофиқлаштирувчи, илмий-техник, идоралараро экспертлик комиссияларини тузиш, махсус йиғилишлар чақириш, шунингдек, мазкур муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш, маслаҳатлашувлар учун маҳаллий ва хорижий мутахассислар, экспертлар ва олимларни жалб қилиш;

туристик зоналар ва табиий курорт ҳудудларини ташкил қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлиги тўғрисида хулоса тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига уларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларни киритиш;

мамлакатнинг юқори туристик имижини сақлаш мақсадида туризм соҳасини тарғиб қилувчи реклама ва бошқа маҳсулотларни (мамлакатнинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи реклама аудио-видеоматериаллар, рисолалар, фотоальбомлар, китоблар, хариталар ва бошқа реклама-ахборот материаллари, мақолалар, компьютер дастурлари, веб-сайтлар, порталлар) яратиш, чоп этиш, кўпайтиришни амалга ошириш, сувенирлар ва бошқа маҳсулотлар сотиб олиш, шунингдек, мамлакат ҳудудида ва хорижда тадбирлар ташкил этиш учун меҳмонхона, транспорт, умумий овқатланиш ва бошқа хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш мақсадида мустақил ёки идоравий мансуб ташкилотлар орқали белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

туристик фаолият субъектларидан туризм соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини талаб қилиш;

туристик фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензиялар бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш, ушбу лицензияларни бекор қилиш;

туристик хизматларни мажбурий сертификатлаштиришдан ўтказиш ва кўрсатилаётган туристик хизматларнинг белгиланган стандартлар, нормалар ва талабларга мувофиқлиги устидан инспекция назоратини амалга ошириш;

туристик хизматларнинг мувофиқлик сертификатини белгиланган тартибда тўхтатиш ва тугатиш, ушбу сертификатларни бекор қилиш;

туристик фаолият ва туристларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштириш билан банд бўлган бошқа субъектларни ихтиёрий равишда сертификатлаштириш (классификациядан ўтказиш);

ўз ваколати доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

туризм масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, белгиланган тартибда халқаро шартномалар имзолаш;

туризмни ривожлантириш масалаларида хорижий давлатлар, халқаро ва чет эл ташкилотлари вакиллари билан музокаралар олиб бориш;

Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан журналистлар, блогерлар ва суратга олиш гуруҳларини хорижга ва Ўзбекистон ҳудудларига Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида репортажлар, видеороликлар тайёрлаш, Қўмита делегациялари ва туризм компаниялари иштирок этадиган кўргазма, музокара ва бошқа шундай тадбирларни ёритиш учун юбориш;

Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллий ва хорижий иштирокчилар ўртасида туризмнинг истиқболли турлари ва йўналишларини, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб ва реклама қилишга қаратилган совринли танлов ва викториналар ўтказиш;

хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситалари, шу жумладан босма ва рақамли оммавий ахборот воситалари билан маркетинг стратегиясидан келиб чиқиб, хорижий бозорларга мўлжалланган реклама, репортаж ва бошқа роликларни трансляция қилиш, мақолалар, рекламалар, босма маҳсулотлар, шу жумладан туризм хариталари, рисолалар ва китоблар, интернет видеороликлари тайёрлаш ва чоп этиш, шунингдек реклама ва фоторепортажларни ҳамда шу каби бошқа маҳсулотларни суратга олиш ва тайёрлаш учун шартномалар тузиш;

газеталар, журналлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларига таъсисчи бўлиш, шу жумладан идоравий мансуб ташкилотлари орқали;

Қўмита балансида турган кўчмас мулкдан фойдаланиш учун ўзининг идоравий мансуб ташкилотларига ижара тўловлари учун ноль қиймат белгилаш.

Қўмита ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ихтисослаштирилган халқаро (чет эл) ташкилотларига аъзо бўлиш ҳуқуқига эга.

Қўмита ўзига учинчи шахслар томонидан жалб қилинган кредитлар бўйича кредит мажбуриятларини олиш, шунингдек кафиллик вазифасини бажариш ёки кафолат бериш ҳуқуқига эга эмас.

Қўмита, зарур ҳолларда, белгиланган тартибда бошқа давлат бошқаруви органлари билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.


10. Қўмита ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади;

Қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган тўртта ўринбосар, шу жумладан битта биринчи ўринбосарга эга.

Қўмита раиси мақоми бўйича вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари - вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

12. Раис:

Қўмита фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади ва Қўмита зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

белгиланган умумий штатлар сони доирасида Қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари штатлар жадвалини, шунингдек, Қўмитанинг марказий аппарати, унинг ҳудудий бўлинмалари, идоравий мансуб ташкилотлари харажатлар сметасини тасдиқлайди.

марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларнинг бўлинмалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар тўғрисидаги низомларни ва уларнинг тузилмасини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Қўмита марказий аппаратининг ходимларини, ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотларнинг раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

хориждаги дипломатик ваколатхоналарда туризм масалаларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдимнома киритади;

Қўмита ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари, Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари бошқа мансабдор шахсларининг ваколати, мажбуриятлари ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

Қўмита, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Қўмитанинг марказий аппарати ходимлари, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини моддий рағбатлантиришнинг қўшимча механизмларини белгилайди;

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


13. Қўмитада унинг фаолиятидаги асосий йўналишларни мувофиқлаштирувчи, раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек, Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзолари сони ва шахсий таркиби раиснинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

мазкур Низом қоидаларида белгилаб қўйилган Қўмитанинг асосий фаолият йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Қўмита номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан Қўмита раҳбарлари ва мутахассисларининг ижро интизоми ва шахсий жавобгарлигини кучайтириш.

Ҳайъат Қўмита ваколатига тааллуқли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат йиғилишларига Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Қўмитанинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари орқали амалга оширилади.

Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламенти билан белгиланади.


14. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар Қўмита фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳудудий бўлинмаларни молиялаштириш манбаи ҳисобланади. Ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

15. Ходимларни Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қўшимча моддий рағбатлантириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

а) кўп йиллик хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устамалар. Туризм тизимида кўп йиллик хизмат қилганлик учун устамалар қуйидаги миқдорларда тўланади:

Иш стажи


Устама миқдори - лавозим маошига

нисбатан коэффициент


2 йилгача


0,3

2 йилдан 3 йилгача


0,4

3 йилдан 5 йилгача


0,5

5 йил ва ундан юқори


0,6

б) чорак якуни бўйича энг ташаббускор ва натижадор ходимларни устамани (рағбатлантириш коэффициентини) ҳисобга олган ҳолда лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда бир йўла мукофотлаш;

в) энг ташаббускор ва самарали ишлаган ходимларни устамани (рағбатлантириш коэффициентини) ҳисобга олган ҳолда лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда моддий рағбатлантириш;

г) жамоа шартномасига мувофиқ меҳнат натижалари билан боғлиқ бўлмаган компенсация тўловлари ва бирйўла бериладиган мукофотлар.

Ушбу банднинг "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган тўловлар суммаси бир чоракда, устамани (рағбатлантириш коэффициентини) ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошининг икки баравари миқдоридан ошмаслиги керак.

Ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низом, шунингдек, кўп йиллик хизмат қилганлик учун устамаларни белгилаш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.

Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан тушадиган маблағлар ҳисобига ходимларга қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлар ҳам тўланиши мумкин.


16. Идоравий мансуб ташкилотларининг моддий-техник таъминоти ҳамда уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Қўмитанинг ўз маблағлари, Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


17. Ҳудудий бўлинмалар ўз фаолиятини Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширади.

Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, тегишли вилоятлар ҳокимларининг тақдимномасига кўра раис томонидан лавозимга тайинланадилар.

18. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)




















































Время: 0.0087
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск