ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларини моддий-техник таъминлаш /

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 11.02.2021 й. ПФ-6168-сон Фармонига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 11 февралдаги

ПФ-6168-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва

ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича

"Эл-юрт умиди" жамғармаси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) мақсадлари, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги таркибига киради ва унинг фаолияти ушбу агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.

Жамғарма моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимлари малакасини оширишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.


3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, ўз мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ҳисобварақлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилидаги ўз номи туширилган муҳр, штамп ва бошқа белгиларига эга.

Жамғарманинг жойлашган ўрни (почта манзили): Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 13-уй.


5. Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси;

қисқартирилган номи - "Эл-юрт умиди" жамғармаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Фонд "Эл-юрт умиди" по подготовке специалистов за рубежом и диалогу с соотечественниками;

қисқартирилган номи - Фонд "Эл-юрт умиди";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "El-yurt umidi" Foundation for training specialists abroad and the dialogue with compatriots;

қисқартирилган номи - "El-yurt umidi" Foundation.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

иқтидорли ва истиқболли, айниқса давлат хизматчиларини республика ҳудудларидан тизимли равишда излаб топиш, танлаш ва рағбатлантириш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ташкил этиш;

профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга кўмаклашиш;

ривожланган мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда хорижий экспертлар билан ҳамкорликда давлат хизмати ва таълим соҳасига рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш;

хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва экспертлар, шунингдек, ватандошлар билан ҳамкорликда онлайн платформаларга асосланган масофавий таълим дастурлари, ўқув курслари ва бошқа таълим, илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни амалга ошириш;

устувор ва талаб юқори бўлган мутахассисликларни аниқлаш, шу асосда Жамғарма стипендиатларининг етакчи хорижий таълим ва илмий муассасаларда, шунингдек, танланган фаолият соҳаси бўйича илғор тажрибага эга бўлган ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компания ва ташкилотларда таълим олишини ташкил этиш;

вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича стажировкадан ўтиш дастурларини ташкил этиш;

хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;

давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш мумкин бўлган, жаҳон мамлакатлари ҳамда мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш;

хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;

таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида меҳнат қилаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш;

хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли таълим ва илмий марказлари, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш;

жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларидаги истиқболли мутахассисларни, шу жумладан педагоглар ва илмий кадрларни танлаб олиш ҳамда тайёрлашни ташкил этиш;

нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда истиқболли мутахассисларнинг ўқишини мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб поғоналарида кўтарилишида кўмаклашиш;

маҳаллий ҳамда хорижий экспертларнинг, шу жумладан ватандошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда кадрларни хорижда ўқитиш борасидаги ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда хорижда кадрларни тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда уларни ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7. Жамғарма асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан кадрларнинг хорижда таълим олиши бўйича ишлар ҳолати, хорижий мутахассисларга бўлган эҳтиёж ва уларни, хусусан ватандошлар орасидан жалб этиш, шунингдек, айниқса давлат хизматига жалб этилган мутахассислар фаолияти самарадорлигига доир тегишли ахборотни сўраб олиш;

стипендиатларнинг нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари (кейинги ўринларда - таълим дастурлари)да таълим олиши мониторингини юритиш масалаларида тегишли хорижий ва маҳаллий ташкилотлар, Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари билан ҳамкорлик қилиш;

стипендиатлар хорижда ўқишни тугатганидан сўнг уларнинг республикадаги профессионал фаолияти мониторингини ўтказиш, уларни Ўзбекистонда муносиб ишга жойлаштиришга, касбий ва мансаб поғоналарида кўтарилишига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

олий таълим муассасаларининг таълим жараёнлари, илмий ташкилотларда тадқиқотчилик фаолияти, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда амалий фаолиятда иштирок этиши учун хорижлик етакчи ўқитувчилар, олимлар, муҳандис-техник кадрлар ҳамда мутахассисларни республикага белгиланган тартибда таклиф этиш;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ҳудудида ўз номидан ва ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва имзолаш;

Жамғарма таълим дастурларини ташкил этиш, шу жумладан республикага хорижий олимлар ва мутахассисларни, хусусан ватандошларни жалб қилиш учун хорижий ҳамкорлар билан биржа танловлари ва ваколатли органларда контрактлар (шартномалар) экспертизасини ўтказмаган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ҳудудида турли кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва бошқа илмий ҳамда таълим тадбирларини ташкил этиш;

давлат хизматчилари ва бошқа тоифа ходимлари салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни рағбатлантириш мақсадида етакчи хорижий ҳамда маҳаллий олимлар ва экспертларни, жумладан ватандошларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

Жамғарма фаолиятига вазирликлар, идоралар, таълим, илмий ва бошқа муассасалар, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг илмий-педагогик кадрлари ҳамда мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш;

белгиланган тартибда республика ҳудудида ва унинг ташқарисида ташкил этиладиган халқаро таълим ҳамда илмий ташкилотлар, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларининг муассиси ва ҳаммуассиси бўлиш;

шартнома асосида турли таълим, илмий, маслаҳат ва бошқа хизматлар кўрсатиш.

Жамғарма қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолият билан ҳам шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Жамғарма бир йилда камида икки марта нашр этиладиган "UzBridge" электрон илмий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий журналини чоп этади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Жамғарманинг олий бошқарув органи Васийлик кенгаши ҳисобланади.

Жамғарма Васийлик кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Жамғарма Васийлик кенгашининг мажлислари раис ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади.

Жамғарма Васийлик кенгашининг мажлислари зарурат бўйича, аммо бир йилда камида бир марта ўтказилади. Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.

Васийлик кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, Жамғарманинг таълим дастурларида иштирок этаётган жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.


9. Жамғарманинг Васийлик кенгаши:

Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва уни ривожлантириш, Жамғарманинг таълим ва бошқа дастурлари бўйича маблағларини тақсимлаш ва фойдаланишга оид энг муҳим масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

номзодларни танлов асосида саралаб олиш йўналишлари ва Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим соҳалари кесимида квоталар ажратиш учун истиқболли ҳамда талаб юқори бўлган мутахассисликлар рўйхатини белгилайди;

таълим дастурлари ва номзодларни саралаш танловини ўтказиш йўналишлари бўйича истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликларни ҳисобга олган ҳолда таълим соҳалари кесимида стипендиялар квоталарини ажратади, шунингдек, танловда рақобат даражасини эътиборга олган ҳолда, квоталарга ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма стипендияларини олиш учун тегишли йўналишлар бўйича календарь йил давомида даврий равишда, ажратилган молиявий ресурслар доирасида очиқ саралаш танловларини эълон қилади;

Жамғарма таълим дастурлари бўйича тавсия этилган мамлакатлар, таълим, илмий ва бошқа муассасаларни тавсия этган ҳолда очиқ саралаш танловлари ғолибларини тасдиқлайди;

вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалга ошириладиган стажировкадан ўтишни ташкил этишнинг тартибини тасдиқлайди;

Жамғарма стипендияларини молиялаштиришнинг бир стипендиатга мўлжалланган чекланган миқдорини тасдиқлайди;

етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасалар бакалавриати, магистратураси ёки докторантурасига мустақил ўқишга кирган ҳамда таълим олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Жамғарма стипендияларини ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

саралаш танловининг барча йўналишларида Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим олиш учун тавсия этиладиган хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасалар, вазирликлар, агентликлар, ишлаб чиқариш, инновацион компаниялар ва бошқа ташкилотлар рўйхатини тасдиқлайди;

Жамғарманинг йиллик даромад ва харажатлари, Жамғарма томонидан хорижий ва маҳаллий таълим, илмий ва бошқа муассасалар билан биргаликда ташкил этиладиган таълим, тадқиқот ва бошқа лойиҳаларни молиялаштириш учун Жамғарма сарф-харажатларини тасдиқлайди;

мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг тобора ортиб бораётган талабларини ҳисобга олган ҳолда хорижий олимлар, тадқиқотчилар, муҳандис-техник кадрлар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни доимий ва вақтинчалик асосда ишга жалб этиш билан боғлиқ харажатларнинг чекланган миқдорини тасдиқлайди;

ватандошлар иштирокида хорижда Ўзбекистон ҳақида ижобий ахборот муҳитини шакллантиришга, нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасалар билан алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг чекланган миқдорларини тасдиқлайди;

давлат хизматчилари ва бошқа тоифа ходимлари салоҳиятини оширишда кўмаклашиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни рағбатлантириш мақсадида илғор хорижий ҳамда маҳаллий олимлар ва экспертларни, жумладан ватандошларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этишни молиялаштириш бўйича қарорлар қабул қилади;

Жамғарма фаолиятига алоқадор бошқа масалаларни кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади.

Жамғарма Васийлик кенгаши аъзолари Жамғармани бошқариш бўйича мажбуриятларини жамоатчилик асосида бажарадилар.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


10. Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қилади.

Жамғарманинг ижрочи директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга.

Жамғарманинг ижрочи директори мақоми, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудирига тенглаштирилади.

Ижрочи директор бўлмаган даврда унинг ваколатлари мажбуриятлар тақсимотига мувофиқ унинг ўринбосарларидан бири томонидан амалга оширилади.


11. Жамғарманинг ижрочи директори:

Жамғарма олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлашга, Жамғарма маблағларини мақсадли ва самарали сарфлашга шахсан жавобгар ҳисобланади;

Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш чораларини кўради;

Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан белгилаб берилган йўналишларга мувофиқ Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорлари бажарилишини таъминлайди;

Жамғарма ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, бошқа ташкилотларда, шу жумладан хорижий мамлакатларда, шунингдек, халқаро ташкилотларда Жамғарма вакили ҳисобланади;

Жамғарма штатлар жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

бўш турган молиявий ресурсларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ самарали бошқарилишини таъминлайди;

Жамғарманинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

Жамғарма номидан шартномалар тузади ва Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради.

Ижрочи директор амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МУЛКИ, МОЛИЯВИЙ

МАБЛАҒЛАРИ, ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


12. Жамғарманинг мулки асосий воситалар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, айланма маблағлар ва маблағларни шакллантиришнинг барча манбалари ҳисобидан харид қилинган бошқа моддий қимматликлар, шунингдек, Жамғарманинг молиявий ресурсларидан иборат.


13. Жамғарма тўртта, шу жумладан учта бириктирилган ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш лимитига эга.


14. Жамғарма мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


15. Қуйидагилар Жамғарма харажатларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молиявий институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан Жамғармага ажратилган молиявий маблағлар қуйидаги харажатларни қоплашга йўналтирилади:

а) таълим дастурлари, хорижий олимлар ва экспертларни, шу жумладан ватандошларни таклиф қилишни, шунингдек, давлат хизматчилари салоҳиятини оширишга кўмаклашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган маблағлар қисмида:

саралаш танлови йўналишлари бўйича стипендиялар квоталари ва бир стипендиатга маблағлар сарфининг чекланган меъёрларига мувофиқ равишда Жамғарманинг таълим дастурларини амалга ошириш;

хорижий олимлар ва экспертларни жалб қилиш, чет элда истиқомат қилувчи қимматли касбий тажрибага эга ватандошлар билан алоқалар ўрнатиш ва доимий мулоқот олиб бориш;

хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва фаол илгари суриш, нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган халқаро форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

давлат хизматчилари ва бошқа тоифа ходимлари салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни рағбатлантириш мақсадида хорижий ҳамда маҳаллий олимлар ва экспертларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирлар ташкил этишни молиялаштириш;

б) жорий таъминот, шу жумладан ишчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, Жамғармага юклатилган бевосита вазифаларни бажариш учун ажратилган маблағлар қисмида:

жорий таъминот, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш, Жамғарма кадрларининг салоҳиятини ошириш, унинг ахборот ва моддий-техника базасини ривожлантириш;

Жамғарма таълим дастурлари бўйича очиқ саралаш танловини ўтказиш, хорижий олимлар ва экспертларни, шу жумладан ватандошларни таклиф қилиш бўйича фаолиятни таъминлаш;

Жамғарма зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни бажариш.


17. Жамғарма ходимларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги тегишли лавозимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шароитлари татбиқ этилади.

Жамғарма ходимларининг лавозим маошига улар иш ҳажми ва самарадорлигидан келиб чиқиб (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти ҳисобга олинган ҳолда), лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда ҳар ойлик устамалар белгиланади.


18. Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ унга тегишли бўлган барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.


19. Жамғарма белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини олиб боради, молиявий ва статистика ҳисоботини юритади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Жамғармани қайта ташкил этиш ва уни тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 февраль































Время: 0.0133
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск