ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларини моддий-техник таъминлаш /

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни очиқ саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.02.2021 й. ПФ-6168-сон Фармонига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 11 февралдаги

ПФ-6168-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар

билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси

таълим дастурлари бўйича номзодларни очиқ саралаш

танловини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) томонидан хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари (кейинги ўринларда - таълим дастурлари) бўйича номзодларни очиқ саралаш танловини ташкил этиш тартиби ва механизмларини белгилайди.


2. Жaмғaрмa тaълим дaстурлaри бўйичa таълим олишга юбориш oчиқ саралаш тaнлoви aсoсидa aмaлгa oширилaди.

Очиқ саралаш танлови аризалар келиб тушиши ва тўпланишига қараб, календарь йил давомида даврий равишда, аммо бир йилда камида икки маротаба ўтказилади.


3. Нoмзoдлaрни oчиқ саралаш тaнлoвини тaшкил этиш вa ўткaзиш Тaнлoв кoмиссияси тoмoнидaн aмaлгa oширилади, унинг шахсий тaркиби ҳамда ишлаш тaртиби Жамғарманинг Вaсийлик кeнгaши тoмoнидaн тaсдиқлaнaди.


4. Тaълим дaстурлaри бўйичa таълим олишга қабул фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳамда қабул ва танлаб олишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга, қоидага кўра, ўз назарий билим ва/ёки амалий тажрибалари натижасида хорижда таълим олиш учун хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассаса томонидан номзодга таклиф этилган грант (стипендия ёки бошқа молиявий имтиёз)лар миқдори ёхуд таълим муддатининг қисқалиги танлов жараёнида устунлик берувчи ҳолат сифатида эътиборга олинади.

5. Саралаш тaнлoвларидa қуйидaги шaxслaр иштирок эта oлмaйди:

а) бакалавриат таълим дaстурлaри бўйича - 25 ёшдан катта бўлган, аввал ўхшаш таълим йўналиши бўйичa хорижда бакалавриатда таълим олганлар;

б) мaгистратура таълим дaстурлaри бўйича - 20 ёшдан кичик  ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал ўхшаш мутaxaссислик бўйичa хорижда магистратурада таълим олганлар;

в) дoктoрaнтурa таълим дaстурлaри бўйича (шу жумлaдaн aспирaнтурa oрқaли фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий дaрaжaсини oлиш учун) - 22 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдeк, аввал фалсафа доктори (PhD), фaн нoмзoди ёки фан дoктoри (DSc) илмий дaрaжaсини хорижда oлгaнлaр;

г) тaнлaнгaн мутaxaссислик бўйичa меҳнат стажи 2 йилдан кaм бўлганлар;

д) олий маълумотга эга бўлмаганлар (мазкур талаб бакалавриат таълим йўналиши бўйича номзодларга татбиқ этилмайди);

е) давлат ҳокимиятининг сайлаб қўйиладиган органларида фаолият юритаётганлар;

ж) оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаганлар.


6. Ўзбeкистoн Рeспубликaси oлий таълим муассасалари тoмoнидaн дoктoрантура вa мaгистрaтурaда таълим олиш дaстурлaригa тaвсия этилгaн нoмзoдлaргa, шунингдек, бакалавриат таълим дастури бўйича номзодларга меҳнат стажидан қатъи назар саралаш тaнлoвида иштирок этишга рухсат берилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА СТИПЕНДИЯЛАРИ


7. Жамғарма стипендиялари белгиланган тартибда Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган таълим дастурларига мувофиқ етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда қуйидаги дастурлар бўйича таълим олиш учун ажратилади:

докторантура (аспирантура) - 3-4 йилга қадар;

магистратура - 1-2 йилга қадар;

бакалавриат - 3-4 йилга қадар.

Айрим ривожланган давлатлар таълим муассасаларида бир йилгача бакалавриатга тайёрлов курслари (Foundation year/course) харажатлари Жамғарма томонидан молиялаштирилиши мумкин. Бунда, тайёрлов курси ва бакалавриатда ўқишнинг умумий муддати 4 йилдан ошмаслиги лозим.

Докторантура (шу жумладан аспирантура орқали фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) даражасини олиш учун), магистратура ёки бакалавриатда таълим олиш тегишли хорижий мамлакатларнинг таълим, илмий ёки бошқа муассасалари томонидан қабул қилинган стандартлар, талаблар ва ўқув режаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбeкистoн Рeспубликaси Сoғлиқни сaқлaш вaзирлигининг тaвсияси вa Жамғарма Вaсийлик кeнгaшининг қaрoригa мувофиқ рeспубликa учун алоҳида аҳамиятга эга тиббий мутaxaссисликлaр бўйичa икки йилгaчa клиник ординатурани ўташ учун стипeндиялaр aжрaтилиши мумкин. Бундa клиник oрдинaтурaга магистратура дастури бўйича ўқишнинг ўзигa xoс шaкли сифaтидa қаралади.

Жамғарма буюртмачи ташкилотнинг асосланган таклифига мувофиқ, истисно тариқасида, xoрижий oлий таълим, илмий ва бошқа муaссaсaлaрнинг мурoжaaтлaри aсoсидa дoктoрантура ва мaгистрaтурaдa таълим олиш муддaтини, қўшимчa мoлиялaштириш ҳуқуқисиз, бир сeмeстргaчa узaйтириш тўғрисидa қaрoр қaбул қилиш ҳуқуқига эга.

8. Жамғарма стипендиялари ушбу Низом талаблари асосида очиқ саралаш танловидан ўтган шахслар (кейинги ўринларда - Стипендиатлар)га хорижда таълим олиш мақсадида қуйидаги харажатларни қоплаш учун ажратилади:

хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасалар, вазирликлар, ишлаб чиқариш, инновацион компаниялар ҳамда бошқа ташкилотларда Стипендиатларнинг бакалавриат, магистратура ёки докторантурада ўқиши қиймати тўлови;

Стипендиатлaр томонидан визaлар oлиш;

Стипендиатларнинг барча турдаги транспорт воситалари билан таълим олиш жойигача бўлган йўлкира харажатлари (иккала томонга, кўпи билан йилига бир марта);

бакалавриат, магистратура ёки дoктoрaнтурaда таълим олиш даврида Стипендиатларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари;

зaрур ўқув вa илмий aдaбиётлaрни харид қилиш, шу жумлaдaн дaрсликлaр сoтиб oлиш, Стипендиат таълим олаётган хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассаса талабларига биноан илмий мaқoлaлар чоп эттириш, илмий мақолаларни кўчириб (электрон тарзда юклаб) олиш, мақолалар ҳамда илмий адабиётларнинг электрон базасига обуна бўлиш;

хорижда бакалавриат, магистратура ёки дoктoрaнтурaдa таълим олиш даврида Стипендиатларни тиббий суғурталаш;

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига кўра Стипендиатларнинг хорижда таълим олиши билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлари.

Ҳар бир таълим дастури бўйича битта Стипендиатга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдори Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан бeлгилaнaди.



3-БОБ. САРАЛАШ ТАНЛОВИДА ИШТИРОК ЭТИШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


9. Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ таълим дастурлари бўйича ўтказиладиган очиқ саралаш танлови ҳақидаги эълон ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугашидан камида бир ой аввал оммавий ахборот воситалари, шу жумладан интернет нашрлар ва Жамғарманинг расмий  веб-сайтига жойлаштирилади.

Oчиқ саралаш тaнлoви ўтказиш тўғрисидaги эълoн қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши лозим:

аризаларни қабул қилиш муддатлари, тартиби ва жойи;

зарур ҳужжатлар рўйхати;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар (ёши, мутахассислик бўйича зарур меҳнат стажи, хорижий тилни билиш даражаси ҳамда хорижда ўқишга киришга қўйиладиган талаблар, илмий мақолаларнинг мавжудлиги ва бошқалар);

саралаш танловини ўтказиш жойи ва муддатлари;

алоқа телефонлари ва электрон манзиллар.


10. Барча таълим дастурлари бўйича номзодлар Жамғармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

а) таълим дастури, шу жумладан ўқийдиган мутахассислиги, танланган мамлакат, таълим, илмий ёки бошқа муассаса кўрсатилган ҳолда белгиланган шаклда Жамғарма ижрочи директори номига ариза;

б) паспорт нусхаси;

в) иш жойи ва лавозими сақланиши ёки тегишли таълим дастури тугаганидан сўнг ишга жойлаштириш бўйича мажбуриятлар акс этган буюртмачининг кафолат хати (танлов ғолиблари учун);

г) узрсиз сабабларга кўра Стипендиат билан тузилган шартнома бекор қилинган тақдирда, Жамғарма молиявий харажатларини (ўтган йиллар давомида истеъмол нархлари индексининг ўртача йиллик даражасига тенг жарима билан) қоплаш тўғрисида манфаатдор вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлар - юридик шахслар ва жисмоний шахслар (устувор равишда Стипендиатнинг ота-онаси, ака-укаси ёки опа-синглиси, улар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафил бўла олмаган тақдирда уларга тенглаштирилган бошқа шахслар) томонидан берилган кафолат хати, банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полиси (танлов ғолиблари учун).

Бунда, номзод тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексига тўлиқ киритилиши таъминланиши шарт.

11. Хорижда бакалавриатда ўқиш дастури бўйича номзодлар  10-бандда кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим қилади:

а) хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганлиги  ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеtter  of acceptance ёки Letter of conditional acceptance);

б) хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи CEFR тизими бўйича В2 даражасидан паст бўлмаган амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий сертификат, IELTS, TOEFL ва бошқалар).

Хорижий таълим муассасасига шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеtter of acceptance)ни тақдим этган номзодлар, бундан мустасно;

в) хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида эссе (ёзма иш).


12. Хорижда магистратурада ўқиш дастури бўйича номзодлар  10-бандда кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим қилади:

а) хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасага ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеtter of acceptance ёки Letter of conditional acceptance);

б) хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи CEFR тизими бўйича В2 даражасидан паст бўлмаган амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий сертификат, IELTS, TOEFL ва бошқалар).

Хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеtter of acceptance)ни тақдим этган номзодлар, бундан мустасно;

в) номзоднинг Ўзбекистонда ва хорижда (агар мавжуд бўлса) эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ҳамда уларнинг электрон вариантлари;

г) хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида эссе (ёзма иш).


13. Хорижда докторантурада ўқиш дастури бўйича номзодлар  10-бандда кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим қилади:

а) хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасага ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеtter of acceptance ёки Letter of conditional acceptance);

б) хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи CEFR тизими бўйича В2 даражасидан паст бўлмаган амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий сертификат, IELTS, TOEFL ва бошқалар).

Хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеtter of acceptance)ни тақдим этган номзодлар, бундан мустасно;

в) танланган соҳани ривожлантириш ҳамда унинг натижаларини Ўзбекистонда қўллаш учун номзод тадқиқотининг долзарблиги тўғрисида тегишли таълим, илмий ёки бошқа муассаса раҳбарининг тавсия хати;

г) номзоднинг Ўзбекистонда ва хориждаги илмий журналларда эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ҳамда уларнинг электрон вариантлари;

д) режалаштирилаётган илмий тадқиқотнинг мақсадлари, услублари  ва натижалари, уларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақидаги эссе  (ёзма иш).


14. Очиқ саралаш танловида иштирок этиш учун аризалар номзодлар томонидан онлайн тарзда электрон шаклда топширилади. Саралаш танловининг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар ҳужжатларини тегишли тарзда расмийлаштирилган ҳолда чоп этилган шаклда тақдим этадилар.


15. Жамғарма хорижда таълим олиш нархлари, муддатлари ва шарт-шароитларининг мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, тегишли таълим дастури бўйича Стипендиатнинг таълим олиши учун нисбатан афзал бўлган хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасани танлаш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ

БЎЙИЧА САРАЛАШ


16. Номзодларни саралаш икки босқичда амалга оширилади:

1-босқич ҳужжатларни ушбу Низомда белгиланган талаблар асосида қабул қилиш, таҳлил қилиш ва рўйхатга олишни кўзда тутади.

Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилиб, унинг якунлари бўйича ҳужжатларини Жамғарма талабларига мос равишда тақдим этган, саралаш танловининг 2-босқичига ўтган иштирокчиларнинг йиғма рўйхати тузилади.

2-босқичда номзодлар билан хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни, шунингдек, давлат тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказилиши кўзда тутилади.

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига кўра танловнинг 2-босқичи рақамли технологияларга асосланган ҳолда онлайн видеомулоқот шаклида ташкил этилиши мумкин.

Жамғарманинг Васийлик кенгаши номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган қўшимча тест синови ўтказиш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

2-босқич натижалари Танлов комиссиясининг имтиҳон қайдномаси билан расмийлаштирилади.


17. Танлов комиссияси танлов якунларини умумий ва Жамғарма таълим дастурлари бўйича алоҳида шаклда умумлаштиради ҳамда уларни тасдиқлаш учун Жамғарманинг Васийлик кенгашига тақдим қилади.


18. Жамғарма Васийлик кенгашининг Жамғарма таълим дастурлари бўйича ўтказилган саралаш танлови натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори танлов ўтказилгандан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилиниши лозим.


19. Жамғарма Васийлик кенгаши бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари бўйича очиқ саралаш танлови ғолибларини тавсия этиладиган мамлакатларни кўрсатган ҳолда тасдиқлайди.

Очиқ саралаш танловидан муваффақиятли ўтган номзодларга Васийлик кенгаши томонидан белгиланган шаклдаги сертификатлар топширилади.


20. Жамғарма ҳар йили ўз расмий веб-сайтида Стипендиатлар учун тегишли таълим дастури бўйича тавсия этиладиган таълим, илмий ва бошқа муассасалар, вазирликлар, ишлаб чиқариш, инновацион компаниялар  ва бошқа ташкилотларнинг рўйхатини эълон қилиб боради.

Ушбу рўйхат Жамғарма томонидан, биринчи навбатда, таълим соҳалари бўйича базавий олий таълим муассасаларининг, етакчи илмий муассасалар, шунингдек, манфаатдор ва мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотларнинг таклифлари асосида шакллантирилади.

Рўйхатга, қоида тариқасида, THE (The Times Higher Education World University Rankings), QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings),  The U. S. News and World Report (Best Global University Rankings) ва ARWU (Academic Ranking of World Universities) каби халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнинг энг илғор 300 та (ёки танлаб олинган фан бўйича етакчи 100 та) таълим ва илмий муассасалар рўйхатидан жой олган хорижий таълим, илмий ҳамда бошқа муассасалар киритилади.

Бундан ташқари, ушбу рўйхатга Стипендиат томонидан танлаб олинган соҳада эътироф этилган ва илғор таълим, илмий ҳамда бошқа муассасалар, вазирликлар, агентликлар, ишлаб чиқариш, инновацион  ва бошқа компаниялар, халқаро иқтисодий, молиявий, энергетика ҳамда бошқа институтлар ва тузилмалар ҳам киритилиши мумкин.

Стипендиат томонидан танланган хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассаса кўрсатилган рўйхатдан жой олмаган бўлса, Жамғарма Васийлик кенгаши қарори асосида Стипендиатга ўзи танлаган муассасада таълим дастуридан ўтишига рухсат бериш ҳуқуқига эга.


21. Агар Стипендиат танланган мутахассислик бўйича бакалавриат  ва магистратура дастури учун олти ой, докторантура дастури учун бир календарь йил мобайнида танланган хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатни ("Letter of unconditional acceptance") тақдим эта олмаса, унинг стипендияси бекор қилинади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АПЕЛЛЯЦИЯ КОМИССИЯСИ


22. Ушбу Низомга риоя қилиш, суҳбат (тест)нинг ўтказилиши, шунингдек, танловни ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа масалалар бўйича шикоятларни кўриб чиқиш учун Жамғарма Васийлик кенгашининг қарори билан апелляция комиссияси тузилади.

Жамғарма апелляция комиссиясининг шахсий таркиби ва ишлаш тартиби Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.


23. Апелляция комиссиясига шикоят саралаш танлови натижалари эълон қилинганидан сўнг уч кун ичида топширилади.


24. Апелляция комиссияси қабул қилинган шикоятни кўриб чиқиши  ва ариза берилганидан сўнг беш кун ичида тегишли қарор қабул қилиши зарур.


25. Танлов комиссиясининг тегишли кичик комиссиялари аъзолари, шунингдек, суҳбат (тест)ни олиб боришда иштирок этувчи экспертлар ишда йўл қўйган камчиликлари ва нохолислиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади.



6-БОБ. СТИПЕНДИАТЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


26. Стипендиатлар шартномаларни (контрактларни) Жамғарма томонидан белгиланган тартибда тўлдириши ва келгусида рўйхатга олиниши ҳамда ижро этилиши учун кўрсатилган талаблар ва муддатларга мувофиқ Жамғармага тақдим этиши лозим.

Таълим дастури тугалланганидан сўнг, Стипендиатлар шартнома (контракт) талабларига қатъий амал қилган ҳолда Жамғармага диплом, сертификат ёки бошқа ҳужжат нусхасини, шунингдек, диссертациянинг (диплом, битирув ёки сертификат иши ёхуд бошқа ҳисобот шакли) электрон вариантини Жамғарманинг барча фойдаланиши мумкин бўлган электрон кутубхонасига жойлаштириш учун тақдим этишлари шарт.


27. Хорижда таълим олишга кетаётган Стипендиатлар қуйидаги масалалар бўйича якка тартибдаги инструктаждан ўтиши керак:

Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари;

Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, анъаналари, сайёҳлик ва инвестицион салоҳияти;

халқаро этикет ва протокол, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналари билан ҳамкорлик ҳамда консуллик ҳисобида туриш.

Узрли сабабларсиз Жамғарма вакиллари билан якка тартибдаги инструктаждан ўтмаган Стипендиатлар Жамғарма Васийлик кенгаши қарори билан Стипендиатлар сафидан чиқарилиши мумкин.


28. Стипендиатларга вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида эгаллаган мутахассислиги бўйича қуйидаги муддатда тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади:

а) бакалавриатда ўқиш дастури бўйича - 5 (беш) йилдан кам бўлмаган муддатда;

б) магистратура ва докторантурада ўқиш дастури бўйича - 3 (уч) йилдан кам бўлмаган муддатда.

Стипендиатнинг ўз хоҳишига кўра хорижда таълим олиш харажатларини молиялаштиришда унинг ўзи ёки молиявий кафиллари қисман иштирок этган тақдирда Стипендиатнинг мажбурий ишлаб бериш муддатига ўзгартириш киритилмайди.

29. Республика ҳудудларини етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда бакалавриат, магистратура ёки докторантурада таълим олган ёш мутахассислар билан таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Жамғарма Васийлик кенгаши мажбурий ишлаб бериш жойи сифатида республиканинг чекка ҳудудларида жойлашган давлат ташкилотлари ёки муассасалари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларни танлаган Стипендиатларнинг мажбурий ишлаб бериш муддатини бакалавриатда ўқиш дастури бўйича 2 (икки) йилга қадар, магистратура ва докторантурада ўқиш дастури бўйича 1 (бир) йилга қадар қисқартириш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


30. Стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилган ёки Жамғарма таълим дастурлари тугагандан сўнг у билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ёхуд давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортган тақдирда, Жамғарма томонидан уни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар Стипендиат ва унинг молиявий кафиллари (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан солидар тартибда қоплаб берилади.

Стипендия харажатларини ҳисоблашда Стипендиатнинг хорижда таълим олиши учун хорижий валютада тўлаб берилган стипендия суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги алмашув курси асосида миллий валютада аниқланган миқдори асос сифатида қабул қилинади.

Стипендиатдан кафиллар билан биргаликда асосий тўлаб берилиши лозим бўлган харажатлар миқдори билан бирга ўтган йиллар давомида истеъмол нархлари индексининг ўртача йиллик даражасига тенг жаримани ҳисобга олган ҳолда дастурнинг тўлиқ қийматини тўлаб бериши Стипендиатлар билан тузилган шартномага мувофиқ талаб этилиши мумкин.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор деб топилган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 февраль


































Время: 0.0216
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск