ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ҳакамлик судлари /

Ўзбекистон Республикасининг 16.02.2021 й. ЎРҚ-674-сон "Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 05.08.2020 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 11.09.2020 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.02.2021 й.

N ЎРҚ-674



ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил 11 сентябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади халқаро тижорат арбитражларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Халқаро тижорат арбитражи

тўғрисидаги қонунчилик


Халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ушбу Қонуннинг халқаро мансублиги

ва асосий принциплари


Ушбу Қонун нормаларини шарҳлашда унинг халқаро мансублигини ҳамда унинг қўлланилишида бир хилликка эришишга ва ҳалолликка риоя этилишига кўмаклашиш заруратини ҳисобга олиш лозим.

Ушбу Қонунни тартибга солиш предметига тааллуқли бўлган ва унда тўғридан-тўғри ҳал этилмаган масалалар ушбу Қонун асосланган умумий принципларга мувофиқ ҳал этилиши лозим.



4-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлат (давлатлар) ўртасида амалда бўлган келишувларга риоя этган ҳолда халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.

Халқаро тижорат арбитражига тарафларнинг келишувига биноан тижорат хусусиятига эга бўлган ҳам шартномавий, ҳам шартномадан ташқари барча муносабатлардан юзага келадиган низолар берилиши мумкин.

Ушбу Қонуннинг қоидалари, бундан 13, 14, 30, 31, 32, 51 ва 52-моддалар мустасно, фақат арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида жойлашган ҳолдагина қўлланилади.

Агар:

1) арбитраж келишуви тарафларининг тижорат корхоналари уни тузиш пайтида турли давлатларда жойлашган бўлса; ёки

2) қуйидаги жойлардан бири тарафлар ўз тижорат корхоналарига эга бўлган давлатдан ташқарида жойлашган бўлса:

а) арбитраж жойи, агар у арбитраж келишувида ёки унга мувофиқ белгиланган бўлса;

б) тижорат муносабатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг катта қисми ижро этилиши керак бўлган ҳар қандай жой ёки низо предмети билан кўпроқ чамбарчас боғлиқ бўлган жой; ёки

3) тарафлар арбитраж келишувининг предмети биттадан кўпроқ мамлакат билан боғлиқ эканлиги тўғрисида тўғридан-тўғри келишиб олган бўлса, арбитраж халқаро деб ҳисобланади.

Ушбу модда тўртинчи қисмининг мақсадлари учун, агар тараф:

1) биттадан ортиқ тижорат корхонасига эга бўлса, арбитраж келишуви билан кўпроқ чамбарчас алоқага эга бўлгани тижорат корхонаси ҳисобланади;

2) тижорат корхонасига эга бўлмаса, унинг одатдаги жойлашган ери (яшаш жойи) эътиборга олинади.

Ушбу Қонун муайян низоларни арбитражга топшириш мумкин эмаслиги ёки бу низоларни арбитражга фақат ушбу Қонуннинг қоидалари ҳисобланмайдиган қоидаларга мувофиқ топшириш мумкинлиги белгиланган ҳар қандай бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунининг амал қилишига таъсир қилмайди.



5-модда. Асосий тушунчалар ва шарҳлаш қоидалари


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


арбитраж - доимий арбитраж муассасаси ёки муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этиладиган арбитраж суди томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, низони ҳал этиш тартиб-таомили;


арбитраж муассаси - халқаро тижорат арбитражини бошқарадиган ташкилот;


арбитр - тарафлар томонидан низони арбитражда ҳал қилиш учун келишилган тартибда тайинланган жисмоний шахс;


арбитраж суди - якка тартибдаги арбитр ёки арбитрлар ҳайъати;


суд - Ўзбекистон Республикаси суд тизимининг тегишли суди.


Агар ушбу Қонуннинг бирор-бир қоидаси муайян масала юзасидан қарор қабул қилиш имкониятини тарафларга берса, тарафлар бундай қарорни қабул қилишни бирор-бир учинчи шахсга, шу жумладан муассасасага топшириши мумкин, бундан 44-модда мустасно.

Агар ушбу Қонуннинг бирор-бир қоидасида тарафларнинг шартлашиб олганлигига ёки шартлашиб олиши мумкинлигига доир ҳавола ёхуд тарафлар келишувига доир ҳар қандай бошқа ҳавола мавжуд бўлса, бундай келишув унда кўрсатилган ҳар қандай арбитраж қоидаларини ўз ичига олади.

Агар ушбу Қонуннинг бирор-бир қоидасида, бундан 41-модда биринчи қисмининг 1-банди ва 48-модда иккинчи қисмининг 1-банди мустасно, даъвога оид ҳавола мавжуд бўлса, бу қоида қарши даъвога нисбатан ҳам қўлланилади, агар қоидада эътирозга ҳавола мавжуд бўлса, ушбу қоида қарши даъвога доир эътирозга нисбатан ҳам қўлланилади.



6-модда. Арбитрларнинг ва арбитраж муҳокамаси

бошқа иштирокчиларининг иммунитети


Арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасаси ва унинг ходимлари арбитраж муҳокамасига тааллуқли ҳар қандай ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик учун, агар бундай ҳаракат ёхуд ҳаракатсизлик қасддан содир этилганлиги исботланмаса, тарафлар ёки бошқа шахслар олдида жавобгар бўлмайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган шахслар арбитраж муҳокамасига тааллуқли ҳар қандай масала бўйича бирор-бир тушунтиришларни беришга мажбур эмас ёки арбитраж муҳокамаси натижасида келиб чиққан суд ёки бошқа жараёнда гувоҳ сифатида жалб этилиши мумкин эмас.



7-модда. Арбитраж судининг мустақиллиги


Арбитраж судлари ўз фаолиятида ҳеч кимга бўйсунмайди ва мустақилдир. Арбитраж судларининг фаолиятига бирор-бир аралашувга, худди шунингдек унга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди ҳамда бу Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.



8-модда. Суд аралашувининг чегаралари


Арбитраж судининг фаолиятига ҳеч қандай суд аралашувига, мазкур Қонунда бундай аралашув белгиланган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.



9-модда. Суднинг ваколати


Ушбу Қонун 16-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида, 18-моддасининг учинчи қисмида, 19-моддасида, 21-моддасининг учинчи қисмида ва 50-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган функциялар Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судлари томонидан бажарилади.



10-модда. Ёзма хабарларни олиш


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса:

1) ҳар қандай ёзма хабар, агар у олувчига шахсан топширилган ёки унинг тижорат ташкилоти одатдаги жойлашган ери (яшаш жойи) ёки почта манзили бўйича етказилган бўлса, олинган деб ҳисобланади; агар буларни оқилона суриштириб маълумотлар тўплаш йўли билан аниқлаш мумкин бўлмаса, ёзма хабар олувчига буюртма хат билан ёки ушбу хабарни етказишга бўлган уринишни қайд этишни назарда тутадиган ҳар қандай бошқа тарзда унинг маълум бўлган охирги тижорат корхонасининг одатдаги жойлашган ерига (яшаш жойига) ёки почта манзилига юборилган бўлса, ёзма хабар олинган деб ҳисобланади;

2) хабар у етказиб берилган кунда олинган деб ҳисобланади.

Ушбу модданинг қоидаси суд муҳокамаси жараёнидаги хабарларга нисбатан қўлланилмайди.



11-модда. Эътироз билдириш ҳуқуқидан воз кечиш


Агар тараф ушбу Қонуннинг тарафлар воз кечиши мумкин бўлган бирор-бир қоидасига ёки арбитраж келишувида назарда тутилган бирор-бир талабга риоя этилмаганлигини билган ва шунга қарамай асоссиз кечикишсиз бундай риоя этмасликка қарши эътирозлар билдирмасдан арбитраж муҳокамасида иштирок этишни давом эттирган ёки агар ушбу мақсад учун бирор-бир муддат назарда тутилган бўлса, бундай муддат ўтгач, ўзининг эътироз билдиришга бўлган ҳуқуқидан воз кечган ҳисобланади.



2-БОБ. АРБИТРАЖ КЕЛИШУВИ


12-модда. Арбитраж келишувининг таърифи ва шакли


Тарафларнинг шартномавий хусусиятга эгалигидан ёки эга эмаслигидан қатъи назар, бирор-бир аниқ ҳуқуқий муносабат билан боғлиқ бўлган, улар ўртасида юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган барча ёки муайян низоларни арбитражга топшириш тўғрисидаги келишуви арбитраж келишуви ҳисобланади. Арбитраж келишуви шартноманинг арбитраж шарти ёки алоҳида келишув тарзида тузилиши мумкин.

Арбитраж келишуви ёзма шаклда тузилади.

Агар арбитраж келишувининг мазмуни арбитраж келишуви ёки шартнома оғзаки шаклда тузилганлигидан ёки тузилмаганлигидан қатъи назар, тарафларнинг ҳаракати асосида ёхуд бошқа воситалар ёрдамида бирор-бир шаклда қайд этилган бўлса, ушбу келишув ёзма шаклда тузилган деб ҳисобланади.

Арбитраж келишувини ёзма шаклда тузиш тўғрисидаги талаб электрон хабар орқали, агар ундаги ахборот келгусида ундан фойдаланиш учун очиқ бўлса, қаноатлантирилади.

Электрон хабар тарафлар маълумотларни юбориш орқали узатадиган ҳар қандай хабарни англатса; маълумотлардан хабардор қилиш электрон, магнит, оптик ёки худди шундай воситалар, шу жумладан электрон маълумотлар алмашиш, электрон почта, телеграмма, телекс ва телефакс ёрдамида, бироқ улар билан чекланмаган ҳолда тайёрланган, юборилган, қабул қилиб олинган ёки сақланаётган ахборотни англатади.

Бундан ташқари, арбитраж келишуви даъво аризасини алмашиш ва даъвога доир фикр билдириш орқали тузилиб, уларда тарафлардан бири келишув мавжудлигини тасдиқлаётган, бошқаси эса бунга қарши эътироз билдирмаётган бўлса, ушбу келишув ёзма шаклда тузилган деб ҳисобланади.

Шартномадаги арбитраж шартини ўз ичига олган бирор-бир ҳужжатга ҳавола, башарти ушбу ҳавола айтиб ўтилган шартни шартноманинг бир қисмига айлантирса, арбитраж келишуви ҳисобланади.



13-модда. Арбитраж келишуви ва низонинг мазмуни

бўйича судга даъво тақдим этиш


Арбитраж келишувининг предмети бўлган масала юзасидан ўзига даъво тақдим этилган суд, агар тарафлардан исталган бири низонинг мазмуни бўйича ўзининг биринчи аризасини тақдим этишидан олдин бу ҳақда сўраган бўлса, агар мазкур келишувнинг ҳақиқий эмаслигини, ўз кучини йўқотганлигини ёки бажарилиши мумкин эмаслигини аниқламаган бўлса, тарафларни арбитражга юбориши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган даъво тақдим этилган тақдирда, масаласуднинг кўриб чиқишида турган бўлишига қарамай, арбитраж муҳокамаси бошланиши ёки давом эттирилиши ҳамда арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилиниши мумкин.



14-модда. Арбитраж келишуви ва суднинг

таъминлаш чоралари


Тарафнинг таъминлаш чораларини кўриш ҳақида арбитраж муҳокамасидан олдин ёки арбитраж муҳокамаси вақтида ариза билан судга мурожаат қилганлиги ва суд томонидан бундай чораларни кўриш тўғрисида ажрим чиқарилганлиги арбитраж келишувига зид бўлмайди.



3-БОБ. АРБИТРАЖ СУДИНИНГ ТАРКИБИ

ВА ЮРИСДИКЦИЯСИ


15-модда. Арбитрлар сони


Тарафлар ўз хоҳишига кўра арбитрлар сонини белгилаши мумкин. Бундай келишув бўлмаганда уч нафар арбитр тайинланади.



16-модда. Арбитрларни тайинлаш


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, ҳеч бир шахс ўзининг фуқаролиги сабабли арбитр сифатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Башарти тарафлар ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмлари қоидаларига риоя этса, арбитрни ёки арбитрларни тайинлаш тартиб-таомилини ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин.

Бундай келишув мавжуд бўлмаса:

1) уч нафар арбитрли арбитражда ҳар бир тараф биттадан арбитрни тайинлайди ва шу тариқа тайинланган икки нафар арбитр учинчи арбитрни тайинлайди; агар бир тараф бошқа тарафнинг бу ҳақдаги илтимоси олингач ўттиз кун ичида арбитрни тайинламаса ёки икки арбитр ўзи тайинланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида учинчи арбитрни танлаш тўғрисида келиша олмаса, арбитр исталган тарафнинг илтимосига биноан суд томонидан тайинланади;

2) якка тартибдаги арбитрлик арбитражида, агар тарафлар арбитрни танлаш тўғрисида келиша олмаса, арбитр тарафлардан исталган бирининг илтимосига биноан суд томонидан тайинланади.

Агар тарафлар томонидан келишилган тайинлаш тартиб-таомилида:

1) тарафлардан бири бундай тартиб-таомилга риоя этмаса; ёки

2) тарафлар ёки икки арбитр бундай тартиб-таомилга мувофиқ келишувга эриша олмаса; ёки

3) учинчи шахс, шу жумладан муассаса шундай тартиб-таомилга мувофиқ ўз зиммасига юклатилган бирор-бир вазифани бажармаса, агар тайинлаш тартиб-таомили тўғрисидаги келишувда тайинлашни таъминлашнинг бошқача усуллари назарда тутилмаган бўлса, исталган тараф суддан зарур чоралар кўрилишини сўраши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи ёки тўртинчи қисмларига мувофиқ суд томонидан чиқариладиган қарор устидан шикоят қилинмайди.

Арбитрни тайинлашда суд тарафларнинг келишувига мувофиқ арбитрга қўйиладиган ҳар қандай талабни ҳамда мустақил ва холис арбитрни тайинлашни таъминлаши мумкин бўлган фикрларни лозим даражада инобатга олади, якка тартибдаги арбитр ёки учинчи арбитр тайинланган тақдирда эса фуқаролиги тарафларнинг фуқаролигидан бошқа фуқароликка эга бўлган арбитрни тайинлаш мақбул эканлигини ҳам эътиборга олади.



17-модда. Рад этиш учун асослар


Бирор-бир шахсга унинг арбитр сифатида тайинланиши мумкинлиги муносабати билан мурожаат қилинган тақдирда, ушбу шахс ўзининг холислиги ёки мустақиллиги борасида асосли шубҳалар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар тўғрисида маълум қилиши керак. Арбитр ўзи тайинланган пайтдан эътиборан ва бутун арбитраж муҳокамаси давомида тарафларга ҳар қандай шундай ҳолатлар тўғрисида, агар у тарафларни бундай ҳолатлар тўғрисида илгари хабардор қилмаган бўлса, дарҳол маълум қилиши керак.

Арбитр фақат унинг холислиги ёки мустақиллиги борасида асосли шубҳалар келтириб чиқарувчи ҳолатлар мавжуд бўлган ёки у тарафлар келишувида белгиланган талабларга мос келмаган тақдирда рад этилиши мумкин. Тараф ўзи тайинлаган ёки тайинланишида ўзи иштирок этган арбитрни рад этиш ҳақида фақат у тайинланганидан кейин ўзига маълум бўлиб қолган сабаблар бўйича арз қилиши мумкин.



18-модда. Рад этиш тартиб-таомили


Тарафлар, башарти ушбу модда учинчи қисмининг қоидаларига риоя этилса, арбитрни рад этиш тартиб-таомили тўғрисида ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин.

Бундай келишув мавжуд бўлмаганда, арбитрни рад этмоқчи бўлган тараф арбитраж суди таркиби шакллантирилиши ҳақида ёки ушбу Қонун 17-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳар қандай ҳолат тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолганидан кейин ўн беш кун ичида ёзма аризада арбитраж судига рад этиш сабабларини хабар қилади. Агар рад этилиши талаб қилинаётган арбитр тайинланишдан ўзи воз кечмаса ёки бошқа тараф рад этишга рози бўлмаса, рад этиш тўғрисидаги масала арбитраж суди томонидан ҳал этилади.

Агар тарафлар томонидан келишилган ҳар қандай тартиб-таомил ёки ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тартиб-таомил қўлланилганда рад этиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилмаса, рад этиш ҳақида ариза берган тараф рад этиш тўғрисидаги қарор хусусида билдиришнома олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида судга рад этишни қаноатлантириш ҳақида ариза бериши мумкин. Суднинг мазкур аризага тааллуқли қарори устидан шикоят қилинмайди.

Бундай ариза ҳал қилиниши кутилаётган вақтда арбитраж суди, шу жумладан ўзига нисбатан рад этилиши ҳақида ариза берилган арбитр арбитраж муҳокамасини давом эттириши ва арбитраж ҳал қилув қарорини қабул қилиши мумкин.



19-модда. Арбитрнинг ваколатларини тугатиш


Арбитр юридик жиҳатдан ёки амалда ўз вазифаларини бажара олмай қолса ёхуд бошқа сабабларга кўра асоссиз кечикиш туфайли уларни амалга оширишга киришмаса, агар арбитр тайинланишни рад этса ёки тарафлар бундай тугатиш борасида келишиб олса, унинг ваколатлари тугатилади.

Ушбу асосларнинг бирор-бири борасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, исталган тараф ваколатларнинг амал қилиши тугатилиши борасида қарор чиқариш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Суднинг бундай қарори устидан шикоят қилинмайди.

Ушбу моддага ёки ушбу Қонун 18-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ арбитр тайинланишни ўзи рад этса ёки унинг ваколатлари тугатилишига тараф розилик берса, ушбу моддада ёки ушбу Қонун 17-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳар қандай асослардан бирининг тан олинишини англатмайди.



20-модда. Янги арбитрни тайинлаш


Арбитрнинг ваколатлари ушбу Қонуннинг 18 ёки 19-моддалари асосида бекор қилинса ёхуд арбитр ҳар қандай бошқа сабабга кўра тайинланишни ўзи рад этса ёхуд унинг ваколатлари тарафларнинг келишуви бўйича бекор қилинса, шунингдек арбитр ваколатлари тугатилган ҳар қандай бошқа ҳолатда, янги арбитр алмаштирилаётган арбитрни тайинлашга қўлланиладиган қоидаларга мувофиқ тайинланади.



21-модда. Арбитраж судининг ўз юрисдикцияси

тўғрисида қарор чиқаришга доир ваколатлари


Арбитраж суди ўз юрисдикцияси тўғрисида, шу жумладан арбитраж келишувининг мавжудлиги ёки ҳақиқийлиги борасидаги ҳар қандай эътироз бўйича ўзи қарор чиқариши мумкин. Ушбу мақсад учун шартноманинг таркибий қисми бўлган арбитраж шарти шартноманинг бошқа шартларига боғлиқ бўлмаган келишув сифатида талқин қилинади. Арбитраж суди томонидан шартноманинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида қарор чиқарилиши арбитраж шартининг қонунга кўра ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқармайди.

Арбитраж судининг юрисдикцияси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ариза даъво бўйича эътирозлар тақдим этилишидан олдинроқ берилиши мумкин. Тараф томонидан арбитрнинг тайинланиши ёки арбитрни тайинлашда унинг иштирок этиши тарафни бундай арз қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Арбитраж суди ўз ваколати доирасидан четга чиқаётганлиги тўғрисида арз қилиш тарафнинг фикрича ушбу доирадан четга чиқилаётган масала арбитраж муҳокамаси жараёнида қўйилиши биланоқ амалга оширилиши керак. Арбитраж суди кечикиб берилган аризани ҳар қандай шундай ҳолларда, агар у кечикишни узрли деб ҳисобласа, қабул қилиши мумкин.

Арбитраж суди ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ариза бўйича қарорни дастлабки хусусиятга эга бўлган масала юзасидан ёки низони мазмунан ҳал қилиш чоғида чиқариши мумкин. Агар арбитраж суди дастлабки хусусиятга эга бўлган масала юзасидан ўзи юрисдикцияга эга эканлиги тўғрисида қарор қабул қилса, исталган тараф ушбу қарор тўғрисида билдиришнома олингандан кейин ўттиз кун ичида суддан мазкур масала бўйича қарор чиқарилишини илтимос қилиши мумкин ва бундай қарор устидан шикоят қилиниши мумкин эмас; бундай илтимос ҳал этилаётган вақтда арбитраж суди арбитраж муҳокамасини давом эттириши ҳамда арбитражнинг ҳал қилув қарорини қабул қилиши мумкин.



4-БОБ. ТАЪМИНЛАШ ЧОРАЛАРИ

ВА ДАСТЛАБКИ ҚАРОРЛАР


22-модда. Арбитраж судининг таъминлаш чораларини

белгилашга доир ваколатлари


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, бирор-бир тарафнинг илтимосига кўра арбитраж суди таъминлаш чораларини белгилаши мумкин.

Таъминлаш чораси, у арбитраж ҳал қилув қарори шаклида ёки бирор-бир бошқа шаклда белгиланганлигидан қатъи назар, ҳар қандай вақтинчалик чорадан иборат бўлиб, унинг ёрдамида низони узил-кесил ҳал қиладиган қарор қабул қилинишидан олдинги ҳар қандай пайтда арбитраж суди у ёки бу тарафнинг:

1) низо ҳал этилаётганда мавжуд бўлган ҳолатни ёки низо ҳал этилгунига қадар мавжуд бўлган ҳолатни сақлаб туриши ёки тиклаши;

2) ҳозирги ёки муқаррар зарарнинг ёки арбитражнинг ўзига етадиган зарарнинг олдини олиш мақсадида чоралар кўриши ёки бундай зарар етказиши мумкин бўлган чораларни кўришдан тийилиши;

3) активларни сақлаш учун маблағларни арбитрнинг кейинчалик қабул қилинадиган ҳал қилув қарори бу маблағлар ҳисобидан ижро этилиши мумкин бўлиши учун бериши;

4) ишга тааллуқли бўлиши ва низони ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган далилларни сақлаши тўғрисида фармойиш беради.



23-модда. Таъминлаш чораларини белгилаш шартлари


Ушбу Қонун 22-моддаси иккинчи қисмининг 1, 2 ва 3-бандларига мувофиқ таъминлаш чорасини сўраётган тараф арбитраж судини:

1) агар бундай чора белгиланмаса, зарарларни ундириш орқали ҳам тегишли равишда бартараф этиб бўлмайдиган зарар етказилиши мумкинлигига ва, агар шундай чора белгиланса, бундай зарар ўзига нисбатан чора белгиланаётган тарафга етказилиши мумкин бўлган зарардан сезиларли даражада ортиқ бўлишига; ва

2) сўраётган тараф талабнинг мазмуни борасида муваффақиятга эришишининг оқилона имконияти мавжудлигига ишонтириши керак. Бундай имкониятга нисбатан ҳар қандай ажрим кейинги ҳар қандай ажримларни чиқаришда арбитраж судининг ихтиёри эркин бўлишига дахл қилмайди.

Ушбу Қонун 22-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига мувофиқ таъминлаш чораларини белгилаш тўғрисидаги илтимосга нисбатан ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган талаблар фақат арбитраж суди буни ўринли деб ҳисоблаган даражада қўлланилади.



24-модда. Дастлабки қарорларни чиқариш тўғрисидаги

ариза ва дастлабки қарорларни чиқариш шартлари


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, тараф таъминлаш чорасини белгилаш тўғрисидаги илтимосни сўралаётган таъминлаш чорасининг мақсадларига зарар етказмаслик мажбуриятини бирор-бир тарафнинг зиммасига юклатувчи дастлабки қарорни чиқариш ҳақидаги ариза билан бирга, ҳар қандай бошқа тарафни хабардор қилмаган ҳолда тақдим этиши мумкин.

Агар арбитраж суди таъминлаш чорасини белгилаш тўғрисидаги илтимос бўйича ахборотни ушбу чора қайси тарафга нисбатан белгиланаётган бўлса, ўша тарафга олдиндан ошкор этиш бундай чоранинг мақсадларига зарар етказиши мумкин деб ҳисобласа, дастлабки қарорни чиқариши мумкин.

Ушбу Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ белгиланган шартлар, башарти ушбу Қонун 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ баҳоланиши керак бўлган зарар қарор чиқарилиши ёки чиқарилмаслиги натижасида етказилиши мумкин бўлган зарардан иборат бўлса, ҳар қандай дастлабки қарорга нисбатан қўлланилади.



25-модда. Дастлабки қарорларнинг алоҳида режими


Арбитраж суди дастлабки қарорни чиқариш тўғрисидаги аризага нисбатан ажрим чиқарганидан сўнг арбитраж суди барча тарафларни таъминлаш чораларини белгилаш ҳақидаги илтимос, дастлабки қарорни чиқариш тўғрисидаги ариза, агар қабул қилинган бўлса, дастлабки қарор ва бошқа барча хабарлар алмашинувлари ҳақида дарҳол хабардор қилади, шу жумладан исталган тараф ва арбитраж суди ўртасидаги юқорида санаб ўтилганларга тааллуқли бўлган ҳар қандай оғзаки хабарларнинг мазмунини кўрсатиш йўли билан хабардор қилади.

Бир вақтнинг ўзида арбитраж суди ўзига нисбатан дастлабки қарор чиқарилаётган исталган тарафга ўз фикрини имкон қадар қисқа муддатларда баён қилиш имконини беради.

Арбитраж суди дастлабки қарор чиқарилишига қарши ҳар қандай эътироз бўйича дарҳол ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Дастлабки қарорнинг амал қилиш муддати у арбитраж суди томонидан чиқарилган санадан бошлаб йигирма кун ўтгач тугайди. Айни вақтда арбитраж суди дастлабки қарорнинг қўлланилишини ёки ўзгартирилишини таъминловчи чорани ўзига нисбатан дастлабки қарор қабул қилинаётган тарафни хабардор қилганидан ва унга ўз нуқтаи назарини баён этиш имкониятини берганидан сўнг белгилаши мумкин.

Дастлабки қарор тарафлар учун мажбурий кучга эга, бироқ у суд тартибида ижро этилмайди. Бундай дастлабки қарор арбитражнинг ҳал қилув қарори ҳисобланмайди.



26-модда. Таъминлаш чораларини ўзгартириш,

тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш


Арбитраж суди ўзи белгилаган таъминлаш чорасини ёки ўзи чиқарган дастлабки қарорни исталган тарафнинг аризасига биноан ёки алоҳида ҳолатларда ва тарафларни олдиндан хабардор қилганидан сўнг арбитраж судининг ўз ташаббусига кўра ўзгартириши, тўхтатиб туриши ёки бекор қилиши мумкин.



27-модда. Таъминотни тақдим этиш


Арбитраж суди таъминлаш чорасини сўраётган тарафдан ушбу чора муносабати билан лозим бўлган таъминот тақдим этилишини талаб қилиши мумкин.

Арбитраж суди дастлабки қарорни чиқариш тўғрисида илтимос қилаётган тарафдан ушбу қарор муносабати билан таъминот тақдим этилишини талаб қилишга, агар арбитраж суди буни ўринли ёки зарур деб ҳисобласа, ҳақли бўлади.



28-модда. Ахборотни ошкор этиш


Арбитраж суди исталган тарафдан чора сўраш ёки белгилаш учун асос бўлган ҳолатларнинг ҳар қандай жиддий ўзгариши тўғрисидаги ахборотни дарҳол ошкор этишни талаб қилиши мумкин.

Дастлабки қарор чиқарилиши тўғрисида илтимос қилаётган тараф арбитраж суди томонидан ушбу қарорни чиқариш ёки уни ўз кучида қолдириш ҳақидаги ажримни қабул қилишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатлар ҳақидаги ахборотни арбитраж судига ошкор этади ва бу мажбурият қарор чиқарилиши сўралаётган тарафга илтимос қилаётган томоннинг ахборотида келтирилган ҳолатлар бўйича ўз нуқтаи назарини баён этиш имконияти берилмагунига қадар сақланиб қолади. Кейинчалик ушбу модданинг биринчи қисми қўлланилади.



29-модда. Чиқимлар ва зарарлар


Таъминлаш чорасини сўраётган ёки дастлабки қарор чиқарилиши тўғрисида илтимос қилаётган тараф ушбу чора ёки ушбу қарор билан ҳар қандай тарафга етказилган ҳар қандай чиқим ва зарар учун, агар кейинчалик арбитраж суди мазкур ҳолатларда ушбу чора белгиланмаслиги ёки ушбу қарор чиқарилмаслиги кераклигини аниқласа, жавобгар бўлади. Арбитраж суди муҳокаманинг исталган пайтида бундай чиқимлар ва зарарларнинг ўрни қопланишини белгилаб бериши мумкин.



30-модда. Таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш


Арбитраж суди томонидан белгиланган таъминлаш чораси мажбурий кучга эга деб тан олинади ва, агар арбитраж суди томонидан бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу Қонуннинг 31-моддаси қоидаларига риоя этилган тақдирда, арбитраж жойидан қатъи назар, судга мурожаат этиш орқали ижрога қаратилади.

Таъминлаш чорасини тан олишни ёки бажаришни сўраётган ёхуд илтимосномаси қаноатлантирилган тараф ушбу таъминлаш чорасининг ҳар қандай бекор қилиниши, тўхтатиб турилиши ёки ўзгартирилиши тўғрисида дарҳол судга хабар қилади.

Агар суд лозим деб топса, сўраётган тараф томонидан тегишли таъминот тақдим этилиши тўғрисида, агар арбитраж суди бунгача таъминот тақдим этиш борасида ажрим чиқармаган бўлса ёки бундай қарор учинчи тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, фармойиш бериши мумкин.



31-модда. Таъминлаш чорасини тан олишни ёки

ижрога қаратишни рад қилиш учун асослар


Таъминлаш чорасини тан олиш ёки ижрога қаратиш фақат қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

1) таъминлаш чораси ўзига қарши қаратилган тарафнинг илтимоси бўйича, агар суд:

бундай рад этиш ушбу Қонун 52-моддаси биринчи қисми 1-бандининг учинчи - олтинчи хатбошиларида келтирилган асослар билан оқланишини; ёки

арбитраж суди томонидан белгиланган таъминлаш чораси муносабати билан таъминот тақдим этишга тааллуқли бўлган арбитраж суди қарорининг бажарилмаганлигини; ёки

таъминлаш чораси арбитраж суди томонидан ёки, агар бунга тегишли ваколати мавжуд бўлса, арбитраж ўтказилаётган давлатнинг суди томонидан ёки ушбу таъминлаш чораси қайси қонунчиликка мувофиқ тайинланган бўлса, ўша қонунчиликка мувофиқ бекор қилинганлигини ёки тўхтатиб турилганлигини аниқласа; ёки

2) агар суд:

таъминлаш чораси судга берилган ваколатларга мувофиқ эмаслигини аниқласа, агар фақат суд таъминлаш чорасининг таърифини ушбу таъминлаш чорасининг мазмунини ўзгартирмай ижро этиш мақсадида унинг ўз ваколатлари ва тартиб-таомилларига мувофиқ ҳолга келтириш учун зарур бўлган даражада ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилмаса; ёки

ушбу Қонун 52-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида баён этилган ҳар қандай асослар таъминлаш чорасининг тан олинишига ва ижрога қаратилишига тааллуқли эканлигини аниқласа.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳар қандай асослар бўйича суд томонидан чиқарилган ҳар қандай ажрим таъминлаш чорасини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида илтимос қилиш мақсадлари учунгина кучга эга бўлади.

Ўзидан таъминлаш чорасини тан олиш ёки ижрога қаратиш сўралаётган суд бу ажримни чиқаришда таъминлаш чорасининг мазмунини кўриб чиқишни амалга оширмайди.



32-модда. Суднинг таъминлаш чораларини

белгилаш ваколатлари


Суд Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилигига мувофиқ ва халқаро арбитражнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда арбитраж жойидан қатъи назар арбитраж муҳокамаси муносабати билан таъминлаш чораларини белгилаш ваколатига эга.



5-БОБ. АРБИТРАЖ МУҲОКАМАСИНИ ЮРИТИШ


33-модда. Тарафларга нисбатан тенг муносабат


Тарафларга нисбатан тенг муносабатда бўлиш таъминланади ва ҳар бир тарафга ўз нуқтаи назарини баён этиш учун оқилона имкониятлар берилиши керак.



34-модда. Тартиб-таомил қоидаларини аниқлаш


Тарафлар, ушбу Қонун қоидаларига риоя этиш шарти билан, арбитраж суди томонидан муҳокаманинг юритилиши тартиб-таомили тўғрисида ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин.

Бундай келишув мавжуд бўлмаган тақдирда, арбитраж суди ушбу Қонун қоидаларига риоя этган ҳолда арбитраж муҳокамасини ўзи лозим деб ҳисоблаган тарзда юритиши мумкин. Арбитраж судига берилган ваколатлар ҳар қандай далилнинг мақбуллигини, алоқадорлигини, муҳимлигини ва аҳамиятлилигини аниқлашга доир ваколатларни ўз ичига олади.



35-модда. Арбитраж жойи


Тарафлар арбитраж жойи тўғрисида ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин. Бундай келишув мавжуд бўлмаган тақдирда, арбитраж жойи арбитраж суди томонидан иш ҳолатларини, шу жумладан тарафлар учун қулайлик омилини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидаларига қарамай, агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, арбитраж суди ўз аъзолари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш, гувоҳларни, экспертларни ёки тарафларни эшитиш ёхуд товарларни, бошқа мол-мулкни ёки ҳужжатларни кўздан кечириш учун лозим деб топган ҳар қандай жойда йиғилиши мумкин.



36-модда. Арбитраж муҳокамасининг тили


Тарафлар арбитраж муҳокамасида фойдаланиладиган тил ёки тиллар тўғрисида ўз хоҳишларига кўра келишиб олиши мумкин. Бундай келишув мавжуд бўлмаганда, муҳокамада қўлланилиши керак бўлган тилни ёки тилларни арбитраж суди белгилайди. Бундай келишув ёки ажрим, агар уларда бошқача шартлашилмаган бўлса, тарафнинг ҳар қандай ёзма аризасига, ишнинг ҳар қандай эшитилишига ва ҳар қандай арбитраж қарорига, арбитраж судининг қарорига ёки бошқа хабарига ҳам тааллуқли бўлади.

Арбитраж суди ҳар қандай ҳужжатли далилларга уларнинг тарафлар келишиб олган ёки арбитраж суди томонидан белгиланган тилдаги ёки тиллардаги таржимаси илова қилиниши тўғрисида фармойиш бериши мумкин.



37-модда. Арбитраж муҳокамасининг бошланиши


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, муайян низога тааллуқли арбитраж муҳокамаси ушбу низони арбитражга топшириш тўғрисидаги илтимос жавобгар томонидан олинган кунда бошланади.



38-модда. Арбитраж муҳокамасидаги вакиллик


Тарафлар ўз ишларини арбитраж муҳокамасида тўғридан-тўғри ёки тарафлар хоҳишига кўра, шу жумладан хорижий ташкилотлар ва фуқаролар орасидан тайинланадиган ваколатли вакиллари орқали олиб боришлари мумкин.



39-модда. Даъво аризаси ва даъво бўйича эътирозлар


Тарафлар томонидан келишилган ёки арбитраж суди томонидан белгиланган муддат мобайнида даъвогар ўзининг даъво талабини асословчи ҳолатлар ҳақида, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва ўз даъво талабларининг мазмуни тўғрисида арз қилиши керак, жавобгар эса, агар тарафлар бундай аризаларнинг зарур қисмлари борасида бошқача шартлашмаган бўлса, ушбу масалалар бўйича ўз эътирозларини билдириши керак.

Тарафлар ўз аризалари билан бирга ўзи ишга тааллуқли деб ҳисоблайдиган барча ҳужжатларни тақдим этиши ёки ўзи кейинчалик тақдим этадиган ҳужжатларга ёки бошқа далилларга ҳавола қилиши мумкин.

Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, арбитраж муҳокамаси жараёнида исталган тараф низонинг моҳияти бўйича ўзининг даъво талабларини ёки даъво бўйича эътирозларини, агар фақат арбитраж суди арбитраж муҳокамасини кечиктириш номақбуллигини инобатга олган ҳолда мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобламаса, ўзгартириши ёки тўлдириши мумкин.



40-модда. Эшитув ва ёзма муҳокама


Тарафларнинг ҳар қандай бошқа келишувига риоя этган ҳолда арбитраж суди далилларни тақдим этиш учун оғзаки эшитув ёки оғзаки музокаралар ўтказиш ҳақида ёхуд муҳокамани фақат ҳужжатлар ва бошқа материаллар асосида амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилади. Бироқ, агар тарафлар оғзаки эшитувни ўтказмаслик тўғрисида келишиб олмаган бўлса, арбитраж суди исталган тарафнинг илтимосига кўра, бундай оғзаки эшитувни муҳокаманинг тегишли босқичида ўтказиши керак.

Товарларни, бошқа мол-мулкни ёки ҳужжатларни кўздан кечириш мақсадида ўтказиладиган арбитраж судининг ҳар қандай эшитуви ва мажлиси тўғрисидаги билдиришнома тарафларга олдиндан юборилган бўлиши керак.

Тарафларнинг бири томонидан арбитраж судига тақдим этиладиган барча аризалар, ҳужжатлар ёки бошқа ахборот ўзга тарафнинг эътиборига етказилиши керак. Экспертларнинг ҳар қандай хулосалари ёки арбитраж суди ўз қарорини қабул қилишда асосланиши мумкин бўлган далиллар ҳисобланувчи бошқа ҳужжатлар ҳам тарафларга топширилиши керак.



41-модда. Ҳужжатларни тақдим этмаслик

ёки тарафларнинг келмаслиги


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, узрли сабаб кўрсатилмаган ҳолда:

1) даъвогар ушбу Қонун 39-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ўзининг даъво аризасини тақдим этмаган тақдирда, арбитраж суди муҳокамани тугатади;

2) жавобгар ушбу Қонун 39-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ даъво бўйича ўз эътирозларини тақдим этмаган тақдирда, арбитраж суди эътирозлар тақдим этилмаганлиги фактига даъвогар фикрларининг тан олиниши сифатида қарамай, муҳокамани давом эттиради;

3) исталган тараф эшитувга келмаганда ёки ҳужжатли далилларни тақдим этмаганда, арбитраж суди муҳокамани давом эттириши ва ўзида мавжуд бўлган далиллар асосида ҳал қилув қарорини чиқариши мумкин.



42-модда. Арбитраж суди томонидан тайинланган эксперт


Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, арбитраж суди:

1) арбитраж суди томонидан белгиланадиган аниқ масалалар бўйича ўзига хулоса тақдим этилиши учун бир ёки бир неча экспертни тайинлаши мумкин;

2) тарафдан экспертга ишга тааллуқли ҳар қандай ахборотни тақдим этишни ёки ишга тааллуқли ҳар қандай ҳужжатларни, товарларни ёки бошқа мол-мулкни кўздан кечириш учун беришни ёхуд кўздан кечириш имкониятини яратишни талаб қилиши мумкин.

Тарафларнинг бошқача шартлашуви мавжуд бўлмаган тақдирда, эксперт, агар тараф илтимос қилса ёки арбитраж суди зарур деб ҳисобласа, ўзининг ёзма ёки оғзаки хулосаси тақдим этилганидан кейин тарафларга унга саволлар бериш ва низоли масалалар бўйича кўрсатувлар бериш учун гувоҳ-экспертларни таништириш имконияти бериладиган эшитувда иштирок этиши керак.



43-модда. Далилларни олишга суднинг кўмаклашиши


Арбитраж суди ёки тараф арбитраж судининг розилиги билан далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд бундай аризани ўз ваколати доирасида ва Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ қаноатлантириши мумкин.



6-БОБ. АРБИТРАЖНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА МУҲОКАМАНИ ТУГАТИШ


44-модда. Низонинг мазмунига нисбатан

қўлланиладиган нормалар


Арбитраж суди низони тарафлар низонинг мазмунига нисбатан қўлланилиши учун танлаган ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этади.

Агар бошқача қоида кўрсатилмаган бўлса, бирор-бир давлатнинг ҳар қандай ҳуқуқи ёки ҳуқуқ тизими кўрсатилганлиги унинг коллизион нормаларига эмас, балки ушбу давлатнинг моддий ҳуқуқига бевосита ҳавола қилувчи сифатида талқин қилиниши керак.

Тарафларнинг бирор-бир кўрсатмаси мавжуд бўлмаганда арбитраж суди ўзи қўлланилиши мумкин деб ҳисоблайдиган коллизион нормаларга мувофиқ белгиланган ҳуқуқни қўллайди.

Арбитраж суди ҳал қилув қарорини адолатлилик бўйича ёки "дўстона воситачи" сифатида фақат тарафлар унга тўғридан-тўғри ваколат берган тақдирдагина қабул қилади.

Барча ҳолларда арбитраж суди ҳал қилув қарорини шартнома шартларига мувофиқ ва мазкур битимга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган савдо урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилади.



45-модда. Арбитрлар ҳайъати томонидан

ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши


Бир нафардан ортиқ арбитр томонидан арбитраж муҳокамасини ўтказишда, агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, арбитраж судининг ҳар қандай ҳал қилув қарори арбитраж суди барча аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Бироқ тартиб-таомил масалалари раислик қилувчи арбитр томонидан, агар у тарафлар ёки арбитраж судининг барча аъзолари томонидан бунга вакил қилинган бўлса, ҳал этилиши мумкин.



46-модда. Келишув битими


Агар арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафлар низони ҳал қилса, арбитраж суди муҳокамани тугатади ва тарафларнинг илтимосига кўра ва, агар арбитраж суди томонидан эътирозлар мавжуд бўлмаса, ушбу ҳал қилишни келишилган шартлар асосидаги арбитраж ҳал қилув қарори тарзида қайд этади.

Арбитражнинг келишилган шартлар асосидаги ҳал қилув қарори ушбу Қонуннинг 47-моддаси қоидаларига мувофиқ қабул қилиниши ва унда у арбитражнинг ҳал қилув қарори эканлиги кўрсатилиши керак. Бундай арбитраж ҳал қилув қарори низонинг мазмуни бўйича ҳар қандай бошқа арбитражнинг ҳал қилув қарори каби кучга эга бўлади ва амал қилади.



47-модда. Арбитраж ҳал қилув қарорининг шакли ва мазмуни


Арбитражнинг ҳал қилув қарори ёзма шаклда қабул қилиниши ва якка тартибдаги арбитр томонидан ёки арбитрлар томонидан имзоланиши керак. Бир нафардан ортиқ арбитр томонидан ўтказиладиган арбитраж муҳокамасида, башарти ҳар қандай имзонинг мавжуд эмаслиги сабаблари кўрсатилса, арбитраж суди барча аъзоларининг кўпчилик имзолари мавжуд бўлиши етарлидир.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорида у нималарга асосланганлигининг сабаблари кўрсатилиши керак, бундан тарафлар асослар кўрсатилиши керак эмаслигига келишиб олган ёки арбитраж ҳал қилув қарори ушбу Қонуннинг 46-моддасига мувофиқ келишилган шартлар асосидаги қарор деб ҳисобланган ҳоллар мустасно.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорида унинг санаси ва арбитражнинг ушбу Қонун 35-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ белгиланган жойи кўрсатилиши керак. Арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитраж жойида қабул қилинган деб ҳисобланади.

Арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ҳар бир тарафга ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ушбу қарорнинг арбитрлар томонидан имзоланган кўчирма нусхаси берилади.



48-модда. Арбитраж муҳокамасини тугатиш


Арбитраж муҳокамаси якуний арбитраж ҳал қилув қарорини қабул қилиш ёки ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ чиқарилган арбитраж судининг қарори билан тугатилади.

Арбитраж суди қуйидаги ҳолларда арбитраж муҳокамасини тугатиш тўғрисида қарор чиқаради, агар:

1) даъвогар ўз даъвосини чақириб олса, агар жавобгар муҳокама тугатилишига қарши эътирозлар билдирмаса ва арбитраж суди жавобгарнинг низо узил-кесил ҳал қилинишидан қонуний манфаатдорлигини тан олмаса;

2) тарафлар муҳокамани тугатиш тўғрисида келишиб олса;

3) арбитраж суди бирор-бир бошқа сабабга кўра муҳокамани давом эттиришни зарур эмас ёки имконсиз деб топса.

Арбитраж судининг ваколатлари арбитраж муҳокамаси тугатилиши билан бир вақтда тугайди, бундан ушбу Қонун 49-моддасининг ва 50-моддаси тўртинчи қисмининг қоидалари қўлланилишига доир ваколатлар мустасно.



49-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тузатиш

ва шарҳлаш, арбитражнинг қўшимча ҳал қилув қарори


Агар тарафлар бошқа муддатни келишиб олмаган бўлса, исталган тараф арбитражнинг ҳал қилув қарори олинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида бу ҳақда бошқа тарафни хабардор қилган ҳолда арбитраж судидан:

1) арбитражнинг ҳал қилув қарорида йўл қўйилган ҳисоб-китоблардаги, ёзувдаги ҳар қандай хато ёки ҳарфий хато ёхуд шунга ўхшаш бошқа хатоларни тузатишни;

2) тарафлар ўртасида тегишли келишув мавжуд бўлган тақдирда, арбитраж ҳал қилув қарорининг бирор-бир аниқ бандини ёки қисмини шарҳлашни илтимос қилиши мумкин.

Агар арбитраж суди бундай илтимосни асосли деб ҳисобласа, илтимос олинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида тегишли тузатишларни киритиши ёки шарҳ бериши керак. Бундай шарҳ арбитраж ҳал қилув қарорининг таркибий қисмига айланади.

Арбитраж суди ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳар қандай хатони арбитражнинг ҳал қилув қарори санасидан бошлаб ўттиз кун ичида ўз ташаббуси билан тузатиши мумкин.

Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлса, исталган тарафбу ҳақда бошқа тарафни хабардор қилиб, арбитражнинг ҳал қилув қарори олингач ўттиз кун ичида арбитраж судидан арбитраж муҳокамаси давомида арз қилинган, бироқ арбитражнинг ҳал қилув қарорида акс эттирилмаган талабларга нисбатан қўшимча ҳал қилув қарорини чиқаришни илтимос қилиши мумкин. Арбитраж суди, агар илтимосни ўринли деб ҳисобласа, олтмиш кун ичида қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариши керак.

Зарур бўлган тақдирда, арбитраж суди хатоларни тузатиш, шарҳ бериш ёки қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш керак бўлган муддатни тарафларнинг илтимосига кўра, ушбу модданинг биринчи ёки тўртинчи қисмларига мувофиқ узайтириши мумкин.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тузатишга ва шарҳлашга ёхуд қўшимча ҳал қилув қарорига нисбатан ушбу Қонун 47-моддасининг қоидалари қўлланилади.



7-БОБ. АРБИТРАЖНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


50-модда. Бекор қилиш тўғрисидаги ариза

арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят

қилишнинг ягона воситаси сифатида


Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга шикоят қилиш фақат ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ уни бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Арбитражнинг ҳал қилув қарори суд томонидан қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар:

1) бекор қилиш тўғрисида ариза бераётган тараф қуйидагиларнинг далилини тақдим этса:

ушбу Қонуннинг 12-моддасида кўрсатилган арбитраж келишувининг тарафларидан бири қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз эканлиги далилини; ёки ушбу келишувнинг тарафлар уни қайси қонунчиликка бўйсундирган бўлса, ўша қонунчилик бўйича, бундай қонунчилик мавжуд бўлмаганда эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича ҳақиқий эмаслиги далилини; ёки

тараф арбитр тайинланганлиги ҳақида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлиги далилини ёки бошқа сабабларга кўра ўз важларини тақдим эта олмаганлиги далилини; ёки

арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитражда ҳал қилиниши назарда тутилмаган ёки арбитражга мурожаат қилиш шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича қабул қилинганлиги далилини ёхуд унда арбитраж келишувини қўллаш доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича қарор мавжудлиги далилини. Бунда агар арбитражда кўрилиши лозим бўлган масалалар бўйича қарорни арбитражга тегишли бўлмаган масалалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, у ҳолда арбитраж ҳал қилув қарорининг арбитражга тегишли бўлмаган масалалар бўйича қарори мавжуд бўлган қисмигина бекор қилиниши мумкин; ёки

арбитраж судининг таркиби ёки арбитраж тартиб-таомили тарафларнинг келишувига мувофиқ эмаслиги далилини, агар фақат бундай келишув ушбу Қонуннинг тарафлар чекиниши мумкин бўлмаган ҳар қандай қоидасига зид бўлмаса ёки бундай келишув мавжуд бўлмаса, ушбу Қонунга мувофиқ эмаслиги далилини; ёки

2) агар суд:

низо предмети Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига кўра арбитраж муҳокамасига тегишли эмаслигини; ёки

арбитражнинг ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зид эканлигини аниқласа.

Бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу аризани берган тараф арбитражнинг ҳал қилув қарорини олган санадан эътиборан, илтимоснома ушбу Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ берилган тақдирда эса арбитраж суди ушбу илтимоснома бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилган санадан эътиборан уч ой ўтгандан сўнг берилиши мумкин эмас.

Бекор қилиш тўғрисида ариза тушган тақдирда, арбитраж судига арбитраж муҳокамасини тиклаш ёки арбитраж судининг фикрича, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асосларини бартараф этадиган бошқа ҳаракатларни бажариш имконини бериш учун суд ўзи белгилаган муддатни бекор қилиш тўғрисидаги масала бўйича иш юритишни тегишли ҳолда ва тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра тўхтатиб туриши мумкин.

Бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда суд ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.



51-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини

тан олиш ва ижрога қаратиш


Арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда, ушбу модданинг, мазкур Қонуннинг 52-моддаси ҳамда арбитражларнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги қоидалари ҳисобга олинган ҳолда ижро этилади.

Арбитражнинг ҳал қилув қарорига асосланаётган ёки уни ижрога қаратиш тўғрисида илтимос қилаётган тараф арбитраж ҳал қилув қарорининг тегишли тарзда тасдиқланган асл нусхасини ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхасини тақдим этиши керак.

Агар арбитражнинг ҳал қилув қарори ёки келишуви Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёзилмаган бўлса, суднинг талабига кўра тараф бу ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг давлат тилидаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимасини тақдим этиши керак.



52-модда. Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олишни

ёки ижрога қаратишни рад қилиш учун асослар


Арбитражнинг ҳал қилув қарори қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, уни тан олиш ёки ижрога қаратиш фақат қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

1) ҳал қилув қарори ўзига қарши қўлланилаётган тарафнинг илтимоси бўйича, агар ушбу тараф тан олиш ёки ижрога қаратиш сўралаётган судга қуйидаги ҳолларни исботловчи далилларни тақдим этса:

ушбу Қонуннинг 12-моддасида кўрсатилган арбитраж келишувининг тарафларидан бири қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз бўлганлигини; ёки ушбу келишувнинг тарафлар уни қайси қонунчиликка бўйсундирган бўлса, ўша қонунчилик бўйича, бундай қонунчилик мавжуд бўлмаганда эса ҳал қилув қарори қабул қилинган мамлакатнинг қонунчилиги бўйича ҳақиқий эмаслиги далилини; ёки

ҳал қилув қарори ўзига қарши қабул қилинган тараф арбитр тайинланганлиги ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлиги ёхуд бошқа сабабларга кўра ўз важларини бера олмаганлиги далилини; ёки

арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитраж келишувида ҳал қилиниши назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича қабул қилинганлиги далилини ёхуд унда арбитраж келишуви доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича қарор мавжудлиги далилини. Бунда агар арбитражда кўрилиши лозим бўлган масалалар бўйича қарорни арбитражга тегишли бўлмаган масалалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, у ҳолда арбитраж ҳал қилув қарорининг арбитраж кўриб чиқиши лозим бўлган масалаларга доир қарори мавжуд бўлган қисмини тан олиш ва ижрога қаратиш мумкин; ёки

арбитраж судининг таркиби ёки арбитраж тартиб-таомили тарафларнинг келишувига мувофиқ эмаслиги далилини ёки бундай битим мавжуд бўлмаганда, арбитраж муҳокамаси бўлиб ўтган мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ эмаслиги далилини; ёки

арбитражнинг ҳал қилув қарори ҳали тарафлар учун мажбурий бўлмаганлиги далилини ёки қарор қайси мамлакатда чиқарилган бўлса ёки қайси мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ қарор қабул қилинган бўлса, ўша мамлакат суди томонидан бекор қилинганлиги ёки ижроси тўхтатиб турилганлиги далилини; ёки

2) агар суд:

низо предмети Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига кўра арбитраж муҳокамасига тегишли эмаслигини; ёки

арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зид эканлигини аниқласа.

Агар ушбу модда биринчи қисми 1-бандининг олтинчи хатбошисида кўрсатилган судга арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ариза берилган бўлса, қарорни тан олиш ёки ижрога қаратиш сўралаётган суд, агар буни лозим деб ҳисобласа, ўз қарорини чиқаришни кечиктириши ва арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олишни ёхуд ижрога қаратишни ариза бераётган тарафнинг илтимосномаси бўйича бошқа тарафнинг зиммасига тегишли таъминотни тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


53-модда. Арбитражнинг махфийлиги


Агар тарафлар бошқача келишиб олмаган бўлса, арбитраж муҳокамаси ва арбитраж муҳокамаси учун тайёрланган ҳамда ушбу муҳокама жараёнида тайёрланган барча ҳужжатлар махфий хусусиятга эга бўлади, бундан ушбу ахборотни ошкор этиш:

1) қонунчиликка мувофиқ тарафнинг мажбурияти бўлган;

2) учинчи шахсларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилишга ёки уни амалга оширишга қаратилган;

3) арбитражнинг ҳал қилув қарорини ижро этиш ёки ушбу қарор юзасидан судда низолашиш учун зарур бўлган ҳоллар мустасно.



54-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



55-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



56-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради ва арбитраж битимига мувофиқ у қачон тузилганидан қатъи назар ушбу Қонун кучга кирганидан кейин бошланган халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 февраль



















































Время: 0.1892
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск