Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш /

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.02.2021 й. 77-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 февралдаги

77-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт

ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) мақоми, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ҳамда жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кенг табақаларини тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб этиш, бошланғич капитал манбаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш тизимини кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш соҳасида ҳамда аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида келтирилган механизмлар, хусусан, уларни ўқитиш, микрокредит ажратиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш борасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) ташкилий тузилмасига киради ва ўз фаолияти тўғрисида Вазирликка ҳисобот беради.


3. Вазирлик Агентлик фаолиятини мувофиқлаштиради, назорат қилади ва унга умумий раҳбарлик қилади, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Вазирликнинг қарор ва буйруқларига амал қилади.


5. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Агентлик ўз фаолиятини ваколатлари доирасига киритилган масалалар бўйича Вазирлик, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат органлари, тижорат банклари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


7. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр, бланкалар, мустақил баланс, шахсий ғазна ҳисобварақлари, банк ҳисобварақлари, шу жумладан хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эгадир.


8. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги;

қисқартирилган номи - Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Agency for the development of еntrepreneurship under the Ministry of economic development and poverty reduction of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Agency for the development of еntrepreneurship;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по развитию предпринимательства при Министерстве экономического развития и сокращения бедности Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Агентство по развитию предпринимательства.


9. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Қоратош кўчаси, 1-уй (7, 10, 11, 12-қаватлар), почта индекси 100027.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатда тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш;

аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни жорий этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш;

ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда тадбиркорликни муҳим драйверга айлантиришнинг концептуал ва стратегик ёндашувларини ҳамда соҳани ривожлантириш борасида бюрократик тўсиқлар, ғовларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

тадбиркорлик субъектларини номолиявий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантириш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;

тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Агентлик ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) фаолиятига раҳбарлик қилиш ва Жамғарма томонидан берилаётган молиявий ёрдамлар кўламини кенгайтириш, янги молиявий ёрдам турларини жорий қилиш ҳамда самарали бошқариш тизимини йўлга қўйиш;

тадбиркорликни кенгайтиришни рағбатлантириш, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, экспортни кўпайтириш, доимий иш ўринлари яратиш борасида натижага қаратилган воситаларни жорий этиш.


11. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) мамлакатда тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш соҳасида:

республикада тадбиркорликнинг ривожланишини баҳолаш учун миллий индикаторлар тизимини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

тадбиркорликни истиқболли ривожлантириш бўйича асосий йўналишлар юзасидан таклифларни ишлаб чиқади, шунингдек, тегишли дастурларни тайёрлаш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлайди;

давлат органлари ва хусусий сектор, халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади;

тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида халқаро ва давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда иштирок этади;

хорижий мамлакатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан технологиялар трансферига ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқасини таъминлашга доир музокараларни белгиланган тартибда олиб боради;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантириш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектлари билан иш олиб бориш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш бўйича тадбиркорлик субъектлари ўртасида сўровномалар ўтказади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида Агентлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ва таклифлар ишлаб чиқади;

қуйидаги йўналишлар бўйича мониторинг олиб боради:

тадбиркорликни ривожлантиришни тубдан яхшилаш, хусусий мулкчилик даражаси ва аҳамиятини ошириш, давлатнинг иқтисодиётда, шу жумладан давлат ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорлик қилиш учун шарт-шароитларни яратиш, хусусий секторга давлат функцияларини топшириш йўли билан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш;

тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тадбиркорликка ишончли ҳимояни таъминлаш ва эркинлик бериш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган дастурларни амалга ошириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш;


б) аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида:

аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиши ҳамда манфаатдорлигини оширади;

аҳолида тадбиркорлик соҳасида зарур кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитиш тизимини жорий этади, мазкур жараёнга халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларини кенг жалб қилади;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган микрокредитлаш тизимини институционал жиҳатдан такомиллаштиради ва ривожлантиради;

аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид ижтимоий дастурларни иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғун ҳамда мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаб чиқади;

тадбиркорлик кўникмаси ва тажрибасига эга бўлган аҳоли ва бошқа кичик бизнес вакиллари салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтиради ва ривожлантиришга қаратилган тўлақонли тизимни яратади;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этади ва ягона давлат ташкилоти томонидан амалга оширилиши, мувофиқлаштириб борилишини йўлга қўяди;


в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш соҳасида:

тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларга киритиш юзасидан таклифларни йиғиш, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқиш ва умумлаштириш тизимини ташкил этади;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш жараёни мониторингини олиб бориш тизимини жорий этади;

тайёрланган дастурларни Вазирликка кўриб чиқиш учун киритади;

тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурларни амалга оширишни ташкил этади ва мониторинг олиб боради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда лойиҳалари тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларга киритилган тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмаклашади;

ўтказилган мониторинг натижаларига кўра тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёни тўғрисидаги ҳисоботларни тузади ва эълон қилади;

тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни ўз вақтида амалга оширмаган ҳамда сансалорликка йўл қўйган вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан тегишли органларга таклифлар киритади;


г) ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш соҳасида;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этади;


д) ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда тадбиркорликни муҳим драйверга айлантиришнинг концептуал ва стратегик ёндашувларини ҳамда соҳани ривожлантириш борасида бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш соҳасида:

иқтисодиётни бозор тамойиллари асосида бошқариш бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларининг ишбилармонлик муҳитига таъсирини баҳолайди ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

мамлакат иқтисодиётида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар бўйича ваколатли органлар билан биргаликда ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширади;

мамлакатда ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш ҳамда халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини яхшилашга қаратилган "йўл хариталари"да белгиланган чора-тадбирларнинг мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида бажарилиши бўйича мониторинг олиб боради;

ҳудуднинг амалдаги эҳтиёжларидан ва мавжуд меҳнат, табиий, минерал хомашё ресурсларидан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда мавжуд молиявий ресурслар доирасида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ҳудуд драйверларини аниқлайди ва шу асосда ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади;

ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича мунтазам равишда сўровномалар ўтказади, муаммоларни чуқур ўрганиш ва аниқланган бюрократик тўсиқлар, ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

муаммоларни ҳамда ислоҳотларни рўёбга чиқариш якунларини тизимли ўрганиш асосида илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тегишли ҳужжатлар ва дастурларни бажаради;

тадбиркорликни кенгайтиришни рағбатлантиришга қаратилган воситаларни жорий этишга доир илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ўрганади, миллий қонунчиликка жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш юзасидан асосланган таклифлар тайёрлайди;

халқаро рейтингларда, хусусан, "Doing Business" рейтингидаги "Бизнес юритиш" индексида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилашда иштирок этади ҳамда алоҳида индикаторлари бўйича масъул вазирлик ва идоралар ишларини мувофиқлаштиради, салбий кўрсаткичлар сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;


е) тадбиркорлик субъектларини номолиявий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантириш соҳасида:

мутасадди вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан аҳолининг имкониятлари чекланган ҳимояга муҳтож қатламларини касблар ва мутахассисликларга, тадбиркорлик фаолияти соҳаси бўйича қонун ҳужжатлари, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича ўқитишни (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) ташкил этади, зарур тарзда фаолият кўрсатишини таъминлайди;

тадбиркорлик субъектларини номолиявий қўллаб-қувватлаш учун методик ва ўқув материаллари, бошқа ахборот-маслаҳат бериш ресурсларининг доимий маълумотлар базасини яратади ва юритади, бунда улардан бепул ва тўлиқ фойдаланиш имконини таъминлайди;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун ўқув курслари, семинарлар, мунозаралар ва бошқа тадбирларни ўтказади;


ж) халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш соҳасида:

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш, шунингдек, Агентликка юкланган вазифаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари, кредитлари ва техник кўмагини жалб этиш масалаларини ишлаб чиқади;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари, имтиёзли кредитлари, мақсадли портфел инвестициялари ва бошқа маблағлари ҳисобига Жамғарманинг ресурс базасини кенгайтириш бўйича чоралар кўради;


з) тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича ишларни ташкил этади, мувофиқлаштиради ва бу борада ягона тизимни шакллантиради;

вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини ўқитувчи ва мураббийлар сифатида жалб қилган ҳолда, тадбиркорларнинг молиявий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қисқа ва ўрта муддатли ўқув курслари, семинарлар ва тренингларни ташкил этади;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни жойига чиқиб ўрганади ва уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

тадбиркорлик учун (молиявий, товар-хомашё ресурслари, муҳандислик, коммуникация тармоқларидан фойдаланиши, инвестициявий ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш, мулкий ва номулкий жавобгарликни суғурта қилиш учун имкониятлар, имтиёзлар ва бошқа масалалари бўйича) амалий кўникмаларга эга бўлишга йўналтирилган маълумот берувчи материалларни ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқади;


и) Агентлик ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) фаолиятига раҳбарлик қилиш ва Жамғарма томонидан берилаётган молиявий ёрдамлар кўламини кенгайтириш, янги молиявий ёрдам турларини жорий қилиш ҳамда самарали бошқариш тизимини йўлга қўйиш соҳасида;

тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларига кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатилишини ташкил этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича муайян мақсадларни белгилаб, ҳудудларда тадбиркорлик кластерлари мажмуасини (тадбиркорлик даҳаларини) ташкил қилиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан матбуот конференциялари ва брифингларни ташкил этиш йўли билан Агентлик ва Жамғарманинг имкониятлари, ишлаш механизми бўйича жамоатчилик орасида кенг тушунтириш ишларини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилаларга белгиланган тартибда субсидиялар ажратилишини ташкил этиш масалалари бўйича ўзаро алоқаларни амалга оширади;

Жамғарманинг ресурс портфелини кенгайтириш учун халқаро молия институтлари ва чет эл банклари орқали кредит линияларини жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;


к) тадбиркорликни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратиш борасида натижага қаратилган воситаларни жорий этиш соҳасида;

ҳудудларда янги бизнес лойиҳаларини аниқлайди, уларни амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам беради ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш, шунингдек, уларни молиялаштиришга кўмаклашади;

мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, иқтисодий ўсишни таъминлашда кичик бизнесни муҳим драйверга айлантиришнинг концептуал ва стратегик ёндашувларини ҳамда соҳани ривожлантириш борасида фундаментал тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тадбиркорлик масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек, улар бўйича ўз хулосаларини бериш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ўз ваколатлари жумласига кирган масалалар бўйича маълумотлар ва материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Агентликка юкланган вазифалардан келиб чиқиб, тадбиркорлик соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

Вазирлик билан келишган ҳолда, контракт асосида малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни Вазирликка киритиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, Агентликнинг ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни Вазирлик билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тузиш;

Вазирлик билан келишган ҳолда, Агентликнинг ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ифода этиш;

Вазирлик билан келишган ҳолда, ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

Агентликнинг фаолиятини кенг ёритиш мақсадида ўз расмий сайтлари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифаларни яратиш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шунга ўхшаш хорижий тадбирларда иштирок этиш;

тадбиркорлик соҳасининг долзарб ва истиқболли ривожлантириш муаммоларини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳларни, шу жумладан хорижий экспертлар иштирокида тузиш;

тадбиркорлик субъектларига хорижий ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ва техник ёрдамини жалб қилишда кўмаклашиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Агентлик қуйидагилар учун жавобгар:

унга юкланган вазифалар зарур тарзда ва самарали бажарилиши, шунингдек, тегишли соҳадаги давлат сиёсатининг амалда юритилиши;

тадбиркорликни ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл харитаси" ва бошқа ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши;

Агентликнинг ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини ва ҳимоя қилинишини таъминлаш.



4-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Агентлик фаолиятини ташкил этиш


14. Агентлик ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Вазирликка бўйсунади.


15. Агентликка Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


16. Агентлик директори ўринбосарлари, шу жумладан директорнинг биринчи ўринбосари Агентлик директори тавсиясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Агентлик директорининг ўринбосарларидан бири бир вақтнинг ўзида Жамғарманинг ижро этувчи директори ҳисобланади.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ваколатли офислари ўз фаолиятини Агентлик томонидан тасдиқланадиган Низом орқали амалга оширади.


17. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ваколатли офислари бошлиқлари - Агентлик директори томонидан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари тақдимномаси асосида лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ваколатли офислари бошлиқ ўринбосарлари - ваколатли офис бошлиқларининг тақдимномасига биноан Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.



2-§. Агентлик раҳбарларининг функционал мажбуриятлари


18. Агентликка юкланган вазифаларга мувофиқ Агентликнинг раҳбарлари қуйидаги функционал мажбуриятларни бажаради:

а) Агентлик директори:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этади;

яккабошчилик асосида Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Агентлик тизими ходимларининг асосий фаолият йўналишлари ва шахсий жавобгарлик даражасини белгилайди, ўз ваколатлари доирасида ходимлар учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Агентликнинг иш юритиш соҳасига дахлдор таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида тадбиркорликни ривожлантириш соҳасига оид давлат сиёсатига қатъий риоя этилишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин уларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатилишини таъминлайди;

белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва Агентлик ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ишларини амалга оширади, шунингдек, уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантиради;

Агентлик таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомларни ва унинг ходимлари лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ижро этиш муддатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди;

Агентлик фаолиятининг режалаштирилишини ташкил этади, Агентликнинг чораклик иш режаларини тасдиқлайди, уларнинг бажарилишининг назоратини таъминлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади;

б) Агентлик директорининг биринчи ўринбосари:

Агентликка юкланган вазифаларни бажаришда Агентликнинг тегишли бўлинмалари билан ўзаро муносабатларни амалга оширади;

хорижий мамлакатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан технологиялар трансферига, уларнинг Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқасини таъминлашга доир музокараларни белгиланган тартибда олиб боради;

Агентликнинг ўзига топширилган ва мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларига бевосита раҳбарлик қилади;

Агентлик таркибий тузилмалари бошлиқлари ва мутахассислари лавозимларига номзодларни директор томонидан тасдиқланиши учун белгиланган тартибда киритади;

Агентлик таркибий тузилмалари бошлиқлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги таклифларни киритади;

в) Агентлик директорининг ўринбосари:

Агентликка юкланган вазифаларни бажаришда Агентликнинг тегишли бўлинмалари билан ўзаро муносабатларни амалга оширади;

раҳбариятнинг топшириғига биноан тадбиркорликни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар, дастурларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Агентликнинг ўзига топширилган ва мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларига бевосита раҳбарлик қилади;

Агентликнинг ўзи мутасаддилик қилаётган бўлинмалари бошлиқлари ва мутахассислари лавозимларига номзодларни директор томонидан тасдиқланиши учун белгиланган тартибда киритади;

Агентликнинг ўзи мутасаддилик қилаётган бўлинмалари бошлиқлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги таклифларни киритади;

г) Агентлик директорининг ўринбосари - Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ижрочи директори:

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг фаолиятини ўзига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этади, унинг фаолияти учун шахсан жавоб беради;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг Ижроия дирекцияси активларни бошқариш, таҳлил ва экспертиза қилиш, тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш соҳасидаги малакали мутахассислар билан белгиланган ходимлар сони доирасида тўлдирилишини ташкил этади.



3-§. Агентлик раҳбарларининг жавобгарлиги


19. Агентлик директори:

ушбу Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, Агентлик ишидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши;

амалга оширилаётган дастурлар, стратегиялар ва концепциялар бўйича кутилган натижаларга эришилиши;

Агентликда ижро интизомига оғишмай риоя этилиши учун жавоб беради.


20. Агентлик директорининг ўринбосарлари:

тегишли йўналишлар бўйича топшириқлар ўз вақтида ва самарали бажарилиши;

бириктирилган йўналишлар бўйича тадбиркорликни ривожлантириш вазифаларини ҳамда дастурларини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги учун жавоб берадилар.



4-§. Агентликнинг давлат бошқаруви органлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа

ташкилотлар, шунингдек, тижорат банклари

билан ўзаро муносабатлари


21. Агентлик давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, тижорат банкларининг фаолиятини Агентлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари ҳамда тижорат банклари билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятини ва тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишда мавжуд муаммоларнинг тизимли таҳлил қилинишини ташкил этади, шу асосда кейинчалик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, тижорат банклари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида мажлислар чақиради;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, шунингдек, банк сири ҳамда тижорат сирига қатъий риоя қилган ҳолда, тижорат банкларидан ўз ваколатига тегишли маълумотлар базаси ва ахборот ресурсларини яратиш учун зарур ахборотни сўраб олади;

ўз ваколатларига доир масалалар бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

Агентлик ваколатига киритилган масалалар бўйича белгиланган тартибда таклифларни тайёрлаш ва киритишда иштирок этади;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва Агентлик ваколатига киритилган бошқа масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилади.



5-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ, ХОДИМЛАР МЕҲНАТИГА ҲАҚ

ТЎЛАШ, МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


22. Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг қўшимча даромадларининг бир қисми, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


23. Агентлик бошқарув ходимларига нисбатан Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

Агентлик директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


24. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан, мукофотлардан, қўшимча тўловлар ва устамалардан, рағбатлантирувчи тўловлардан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантиришлардан ташкил топади.


25. Агентлик ходимларига транспорт ва овқатланиш харажатлари учун ҳар ойлик тўловлар ҳамда байрам муносабати билан тўланадиган мукофот пуллари, шунингдек, юқори малакали ходимлар учун устамалар белгилаш Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Жамғарманинг қўшимча даромадлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.

Агентлик ходимларига транспорт ва овқатланиш харажатлари, байрам муносабати билан тўланадиган мукофот пуллари ҳамда юқори малакали ходимлар учун устамалар бериш тартиби Агентлик буйруғи билан тасдиқланади.


26. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офисларининг жорий таъминоти ва фаолияти, шунингдек, ходимларига кўп йиллик хизматлари учун тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офисларининг ходимларига нисбатан Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

Агентлик директори Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офисларининг юқори малакали ходимларига Жамғарманинг қўшимча даромадлари ҳисобидан устамалар ажратиш ҳуқуқига эга.


27. Агентликка жами 18 та, шу жумладан марказий аппаратига 3 та хизмат ва 1 та навбатчи ҳамда Агентликнинг ваколатли офисларига 14 та енгил автотранспорт воситасини харид қилиш ва сақлашга республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан лимит ажратилади.

Зарур ҳолларда, Агентликнинг қўшимча енгил автотранспорт воситаларини харид қилиш ва сақлаш харажатлари ўрнатилган тартибда Жамғарманинг қўшимча даромадлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.



6-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


28. Фаолият самарадорлигини баҳолаш:

Агентлик директори ва ўринбосарларининг фаолияти Вазирлик томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади;

таркибий бўлинмалар бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек, Агентлик ходимларининг фаолияти Агентлик директори томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.


29. Фаолиятнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари асосида Агентлик раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жазо чоралари қўлланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


30. Агентлик мунтазам равишда Вазирликка ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот беради.


31. Агентлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 февраль




















































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск