ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Мол-мулк, корхоналар ва бошқа объектларни муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 20.02.2021 й. ПҚ-4997-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 20 февралдаги

ПҚ-4997-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Қўриқлаш бош бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда - Қўриқлаш бош бошқармаси) ўз ваколати доирасида давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлашга доир Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг (кейинги ўринларда - Миллий гвардия) вазифалари ва функцияларини, шунингдек, давлат органлари, идоравий қўриқлаш ташкилотлари томонидан қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширадиган Миллий гвардиянинг мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Қўриқлаш бош бошқармаси давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлаш бўйича ўз ваколатлари доирасидаги вазифалар ва функцияларни кўрсатилаётган қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, харажатларни қоплаш ва мустақил хўжалик юритиш тамойили асосида амалга оширади.

Қўриқлаш бош бошқармаси таркибида давлат бюджетидан молиялаштириладиган бўлинмалар ҳам фаолият кўрсатади.


3. Қўриқлаш бош бошқармаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Миллий гвардия қўмондонининг буйруқлари ва фармойишлари, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Қўриқлаш бош бошқармаси таркибига қуйидагилар киради:

Бошқарув аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қўриқлаш бошқармалари, туман (шаҳар) қўриқлаш бўлимлари;

Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқарма;

Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон;

"Qo`riqlash Servis" давлат унитар корхонаси.


5. Кўрсатилган хизмат учун тушадиган маблағлар ҳисобига Қўриқлаш бош бошқармасида бошқарма, бўлим, бўлинма ва гуруҳлар, шунингдек, қўриқлаш фаолияти соҳасида кўп тармоқли режалаштириш ва тадқиқотлар бўйича илмий марказлар, кенгашлар ва лабораториялар ташкил этилиши мумкин.


6. Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг таркибига кирувчи қўриқлаш бўлинмалари шахсий таркиби:

хизматни ўташ тартиби ва ҳуқуқий мақомига кўра ички ишлар органлари ходимларига тенглаштириладиган (махсус унвон бериладиган) ходимлардан;

меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган ишчи ва хизматчилардан иборат бўлади.

Қўриқлаш бўлинмаларида хизматни ўташ масалаларининг махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тартибга солинмаган қисмига меҳнат қонунчилиги нормалари татбиқ этилади.


7. Қўриқлаш бош бошқармаси юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳр ва бланкаларга, ўзининг мустақил балансига (сметасига) эга бўлиб, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида миллий ва хорижий валютадаги банк ҳисоб варақалари очиш, шунингдек, бўш пул маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ва улардан даромад олиш ҳуқуқига эгадир.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БОШ БОШҚАРМАСИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Қўриқлаш бош бошқармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

шартнома асосида давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналари объектларини қўриқлаш;

қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимларини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;

қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни ва улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни таъминлаш, шунингдек, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг миқёсда жорий этиш;

шартнома асосида қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш (созлаш), уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш;

давлат ташкилотлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш (ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан ташқари), объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилишига доир тадбирларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлашда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиш.


9. Юкланган вазифаларига мувофиқ Қўриқлаш бош бошқармаси қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналари объектларини қўриқлаш соҳасида:

юридик ва жисмоний шахсларнинг объектлари, мол-мулки, моддий ва бошқа бойликларини самарали қўриқлаш-кузатиш борасидаги фаолиятнинг шакл ва усулларини шакллантиради ва амалга оширади;

ўта муҳим, тоифаланган объектлар, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, кучайтирилган тартибда қўриқланиши талаб этиладиган давлат аҳамиятига молик бошқа объектларнинг қўриқланиши ва мудофаасини ташкил этади ва таъминлайди;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларига асосан мол-мулк, моддий ва бошқа бойликларни қўриқлаш бўйича хизмат кўрсатади, шунингдек, уларнинг объектларини қўриқлашнинг техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича таклифлар тайёрлайди ва киритади;

объектларни қўриқлашга жалб этилган ҳарбий, идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чоралар кўради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, транспортда ташиш жараёнида қўриқланиши белгиланган юклар, товар-моддий бойликлар, хавфли юкларни қўриқлаш (кузатиш)ни амалга оширади;

шахсий таркиб билан реалликка яқинлаштирилган шароитларда ҳамкорликдаги ҳаракатларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳар томонлама таъминлаш ва бошқариш бўйича қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва тезкор-тактик ўқув машғулотларини ташкил этади ҳамда ўтказади;

аҳолининг Қўриқлаш бош бошқармаси хизматларидан фойдаланишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш мазмунидаги чора-тадбирларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолиятининг ягона тартиб-қоидалари ва меъёрларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;


б) қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимларини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида:

қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилиши бўйича ишларни назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

объектларни қўриқлаш тизимига ва қўриқлаш бўлинмалари фаолиятига қўриқлашнинг замонавий муҳандислик ва техник воситаларини жорий этади;

ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг бошқа бўлинмалари билан биргаликда ўз ваколатлари доирасида қўриқланаётган объектларда ғайриқонуний тажовузларни профилактика қилиш, олдини олиш, бартараф этиш самарадорлигини ошириш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

қўриқланаётган объект ва унга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини кўради;


в) қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни ва улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни таъминлаш, шунингдек, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг миқёсда жорий этиш соҳасида:

хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганади ва таҳлил қилади, қўриқлаш хизматлари рўйхатини кенгайтириш имконини берувчи ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини ташкил этади;

қўриқлашнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда объектлар хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимларини ишлаб чиқади ва Қўриқлаш бош бошқармаси фаолиятига жорий этади;

қўриқлаш фаолиятига замонавий қўриқлашнинг техник воситаларини кенг жорий этиш масалалари бўйича маслаҳат-техник кенгашлар, амалий учрашувлар, илмий-амалий конференциялар, семинарлар ташкил этади;

қўриқланаётган объектларда фойдаланишга тавсия этиладиган қўриқлашнинг техник воситалари рўйхатини шакллантиради;

қўриқлашнинг техник воситаларининг ишлаш ҳолати ва эҳтимол тутилган ғайриқонуний тажовузлардан ишончли ҳимояси таъминланганлиги устидан мониторинг олиб боради;

Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим, тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлашга ва техник хизмат кўрсатиш ишларини бажаришга рухсатномалар беради;

қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун Миллий гвардияни хабардор қилган юридик шахсларнинг ҳисобини юритиш ва улар томонидан қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;


г) шартнома асосида қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш (созлаш), уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш соҳасида:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан объектларга қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш (созлаш), улардан фойдаланиш борасида хизматлар кўрсатади;

қўриқланаётган объектларда ўрнатилган қўриқлашнинг техник воситаларини профилактика қилиш борасидаги техник регламент ишларини бажаради;

д) давлат ташкилотлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш (ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардан ташқари), объектларда ички, рухсат бериш режимларига риоя этилишига доир тадбирларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:

идоравий қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказади, қўриқлашнинг ташкил этилиши, ходимларнинг хизматни ўташи, уларнинг касбий тайёргарлиги, объектларнинг техник мустаҳкамлиги ва қўриқлашнинг техник воситалари билан жиҳозланишини ўрганади;

идоравий қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқловидаги объектларнинг ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

идоравий қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади;

давлат ташкилотлари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш юзасидан тавсиялар беради;


е) оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, аҳоли гавжум жойларида жамоат тартибини сақлашда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашиш соҳасида:

шартнома асосида дам олиш ва жамоат овқатланиш жойлари, туризм объектлари ва савдо-кўнгилочар муассасаларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тадбирларида иштирок этади;

фуқароларнинг оммавий тўпланиш жойларида жамоат тартибини сақлаш ишларида ҳуқуқ-тартибот органларига кўмаклашади, шунингдек, оммавий тадбирлар жараёнида жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади;

Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан қўриқланадиган объектларда хавфсизликни таъминлаш ва уларга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлашда Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилади.


10. Қўриқлаш бош бошқармаси зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажаришда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан, шунингдек, Миллий гвардиянинг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.


11. Қўриқлаш бош бошқармаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БОШ БОШҚАРМАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Қўриқлаш бош бошқармаси ўз ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қўриқланаётган объектлар мансабдор шахслари, ишчи-хизматчилари ва объект ҳудудидаги бошқа шахслардан ички, рухсат бериш режимларига риоя қилишни ҳамда жамоат тартибини сақлашни талаб қилиш;

қўриқланаётган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шарт-шароитлари, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари ҳолатини текшириш;

қўриқланаётган объект маъмуриятига, мансабдор шахсига, шартнома шартларига мувофиқ объектни муҳандислик ва техник мустаҳкамлигини таъминлаш, сигнализация тизимлари ва видеокузатув билан жиҳозлаш бўйича тақдимнома киритиш;

давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига тузилган шартномага мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган, қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш, муҳандислик ва техник мустаҳкамлик, шунингдек, объектларнинг ички, рухсат бериш режимларидаги камчиликлар ва хатоларни бартараф этиш борасида тақдимномалар киритиш;

қўриқланаётган объектдан мол-мулк, моддий бойликлар ва турли юкларни ноқонуний олиб чиқишга ёки олиб киришга уринаётган шахсларни ушлаш;

қўриқланаётган объектларга ноқонуний кирганлар ёки ҳуқуқбузарлик қилганларнинг шахсини аниқлаш ва маъмурий баённома тузиш мақсадида ушлаш ва қўриқлаш хизмати хоналарига олиб келиш, ушлаб туриш, зарур ҳолларда эса - тегишли қарор қабул қилиш учун уларни ҳудудий ички ишлар органларига топшириш;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қўриқлаш пости ҳудудида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари, қуролнинг асосий қисмлари, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар, қўриқланаётган объект ҳудудига олиб кирилиши ва ундан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган ашёлар, буюмлар, воситалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказиш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни олиб қўйиш, транспорт воситаларини кўздан кечириш ва ташиб ўтилаётган юкларнинг товар-транспорт ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш;

содир этилаётган жиноятларни тўхтатиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни таъқиб этиш ва ушлаш, бир вақтнинг ўзида бир неча объектда "ташвиш" сигнализацияси ишлаб кетган ҳолларда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия патруль гуруҳларини чақириш;

ўз ваколати доирасида мансабдор шахслардан тушунтиришлар, маълумотлар ва ҳужжатлар олиш;

фуқаролар ва мансабдор шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни қўллаш;

қўриқланаётган объектлар назорат-ўтказиш жойлари ва ҳудудларида ноқонуний олиб чиқилаётган (олиб кирилаётган) мол-мулкни аниқлаш ва олиб қўйиш, шунингдек, ғайриқонуний ҳаракатларни аниқлаш учун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига, текширилаётган мол-мулк ва атроф муҳитга зиён етказмайдиган замонавий техник воситалардан фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни аниқлаш, бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда хизмат итларидан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қўриқланаётган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва белгиланган тартибга мувофиқ жисмоний куч ишлатиш, ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш;

ўз ваколати доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича баённомалар тузиш;

юридик шахслардан ўз ваколати доирасида идоравий қўриқлаш фаолиятини ташкил қилиш юзасидан ёзма ва оғзаки маълумотларни сўраб олиш;

жамоат хавфсизлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини қўриқлашни тўлақонли таъминлаш учун ҳудудларда патрулликни ташкил этиш билан боғлиқ ҳолда техник воситаларнинг бутун комплексидан фойдаланиш;

махсус ёруғлик сигналларига ва товушли сигналларга, бўёқли рангли графика схемасига эга махсус автотранспорт воситаларига эга бўлиш.

Қўриқлаш бош бошқармаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Қўриқлаш бош бошқармаси қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш;

объект маъмурияти томонидан Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаси раҳбарлари билан келишган ҳолда тасдиқлаган кириб-чиқиш йўриқномасига асосан объектда ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишини таъминлаш;

қўриқланаётган мол-мулкнинг ўғирланиши ёки бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хўжасизлик ва бепарволикнинг ҳар қандай кўринишига ўз вақтида муносабат билдириш;

хизматни ўташ жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

қўриқланаётган объектда жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларининг сақланишини таъминлаш;

қўриқланаётган объектда ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, уларни содир этишга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

қўриқланаётган объектда ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда жабрланган, шунингдек, ночор ҳолатдаги фуқароларга биринчи тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги чораларни кўриш;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодиса ва ҳолатларнинг олдини олиш, уларни бартараф этишда иштирок этиш;

ишониб топширилган табел қуроллар, махсус ва техник воситалар, шахсий ҳимоя воситалари, хизмат кийим-бошлари, мол-мулкни эҳтиёт қилиш ва уларнинг соз ҳолда сақланишини таъминлаш;

бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини таъминлаш, шунингдек, хизмат-жанговар, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-психологик ва жисмоний тайёргарлик бўйича тегишли дастурларда белгиланган машғулотларнинг шахсий таркиб билан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш;

бўлинмаларда белгиланган тартибда сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этиш ва таъминлаш.

Қўриқлаш бош бошқармасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


14. Қўриқлаш бош бошқармаси ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.



4-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БОШ БОШҚАРМАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Қўриқлаш бош бошқармаси бевосита Миллий гвардия қўмондонига бўйсунади.

Қўриқлаш бош бошқармасини Миллий гвардия қўмондони тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари - Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи (кейинги ўринларда - Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи) бошқаради.


16. Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи:

Қўриқлаш бош бошқармаси фаолиятини ва бевосита бошқарувини ташкил этади ва юклатилган вазифалар, мажбуриятларни самарали ва сифатли амалга ошириш учун шахсан жавоб беради;

Қўриқлаш бош бошқармаси ваколатлари доирасига кирувчи масалалар бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларда Миллий гвардия номидан вакиллик қилади;

ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва Қўриқлаш бош бошқармаси барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

тинчлик ва фавқулодда ҳолат даври, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзасидан махсус режалаштириш ва ҳарбий сафарбарлик масалаларини ташкил этади ва назорат қилади;

тасдиқланган смета доирасида пул маблағлари сарфланишини бошқаради, белгиланган тартибда банкларда ва уларнинг филиалларида жорий ва бошқа ҳисоб варақлари очади;

Қўриқлаш бош бошқармаси депозит ҳисоб варақларини очади ва бўш пул маблағларини тижорат банкларига жойлаштиради;

камомаддан, растратадан, ўғирликдан кўрилган ва суд томонидан ундириб олиш рад этилган зарарларни, қайтариб олишнинг иложи йўқ деб ҳисобланган бошқа қарзларни, аниқ айбдорларни аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолатларда бойликларнинг меъёрдан ортиқча миқдорда табиий бузилиши туфайли кўрилган зарар ва йўқотишлар туфайли етишмаган бойликларни, шунингдек, асосий фондлар ҳисобида бўлган маънавий эскирган ва келгусида фойдаланишга яроқсиз асбоб-ускуналарни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқаришни амалга оширади;

ишлаб чиқилаётган қўриқлаш сигнализацияси асбоб-ускуналари, техник қўриқлаш марказ (пункт)лари қурилишининг намунавий лойиҳалари техник шартларини келишади, техник топшириқларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Қўриқлаш бош бошқармаси фаолиятининг барча масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қўриб чиқади, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўради, ушбу ишлар ташкил этилишини назорат қилади;

шахсий таркибни танлаш, танлов асосида саралаш, жой-жойига қуйиш, ўқитиш ва тарбиялаш бўйича ишларни ташкил этади, Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлинмаларида штат-молия интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг бўлинмалари хизматига номзодларни танлов асосида саралаб олиш бўйича комиссияни белгиланган тартибда тузади;

Қўриқлаш бош бошқармасининг идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш, идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари штатларини киритиш (қисқартириш) ва қайта ташкил этиш бўйича буйруқлар чиқаради, ишчи, хизматчилар, хусусан "Qo`riqlash Servis" давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари штатларини тасдиқлайди ва ўзгартиришлар, қўшимчалар киритади;

Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари ходимлари, ишчи-хизматчиларини белгиланган тартибда рағбатлантиради ва уларга интизомий жазо беради;

лавозимлар номенклатурасига мувофиқ Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари ходимларини аттестациядан ўтказади;

ўз ваколати доирасида Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаларида йўл қўйилган қонун, хизмат ва меҳнат интизоми бузилиши ҳолатлари бўйича хизмат текшируви ўтказилишини тайинлайди;

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари, ишчи ва хизматчиларини белгиланган тартибда хизмат сафарларига юборади;

офицерлар, сержантлар ва сафдорлар таркиби ходимларини хизматга қабул қилади;

лавозимлар номенклатурасига мувофиқ сафдор, сержант ва офицерлар таркиби ходимларининг хизматни ўташ чегара ёши муддатини узайтиради;

Қўриқлаш бош бошқармаси бошқармаларининг низомларини, бошқарув аппарати режаларини ва мансабдор шахсларининг функционал вазифаларини тасдиқлайди;

Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари ташкилий тузилмаси ва штатларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритади;

Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари, бошқарув аппарати бошқарма, бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри қўриқлаш бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарларини, Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон командири, унинг ўринбосарларини, Шахсий таркиб бўйича инспекция ва Назорат-тафтиш бўлими раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича Миллий гвардия қўмондонига тақдимнома киритади;

Қўриқлаш бош бошқармаси офицерлар таркибига биринчи ва "подполковник", "полковник" махсус унвонлари бериш бўйича Миллий гвардия қўмондонига тақдимнома киритади;

Қўриқлаш бош бошқармасида хизмат қилаётган "полковник" унвонидаги ходимларни хизматдан бўшатиш бўйича Миллий гвардия қўмондонига тақдимнома киритади;

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларини давлат мукофотига тавсия этиш ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш бўйича белгиланган тартибда таклиф киритади;

Қўриқлаш бош бошқармаси сафдор ва сержантлар таркибига - махсус унвонлар, шунингдек, янгидан хизматга қабул қилинаётган, офицерлик лавозимига тайинланаётган ходимларга "катта сержант" махсус унвонини, офицерлар таркибига "майор" ва унгача бўлган махсус унвонларни беради;

бошқарув аппарати, Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқарма, Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон ходимларига ва Қўриқлаш бош бошқармасининг офицерлар таркибига мутахассислик тоифаларини, сафдор ва сержантлар таркибига - "биринчи тоифали мутахассис" ва "уста" мутахассислик тоифаларини беради;

бошқарув аппарати, Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқарма ва Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальоннинг сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибини, ишчи ва хизматчиларини (Миллий гвардия қўмондони номенклатурасига кирувчи лавозимлардан ташқари) лавозимга тайинлайди, лавозимидан озод этади, ихтиёрига олади ва хизматдан бўшатади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри қўриқлаш бошқармалари бўлим бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, бўлинма бошлиқлари, ҳарбий сафарбарлик гуруҳи мутахассисларини, алоҳида батальонлар командирлари, шаҳар-туман қўриқлаш бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарларини, "Qo`riqlash Servis" давлат унитар корхонаси директори ва унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлайди, лавозимидан озод этади, ихтиёрига олади ва хизматдан бўшатади;

қонун ҳужжатлари ва Миллий гвардия қўмондонининг буйруқларига мувофиқ Қўриқлаш бош бошқармаси ваколатига тегишли бўлган бошқа ваколатларни амалга оширади.


17. Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи ўз тавсиясига мувофиқ Миллий гвардия қўмондони томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ўринбосарларига эга бўлади.

Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи бўлмаган пайтларда, унинг вазифаларини Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари амалга оширади.


18. Бошқарув аппарати:

Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари фаолиятини ташкил этади, бошқаради ва мувофиқлаштиради;

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кўради;

Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари фаолияти бўйича статистик маълумотларни, ахборот ва бошқа материалларни умумлаштиради, таҳлил қилади, қўриқлаш хизмати бўлинмаларининг хизмат фаолияти масалалари бўйича маълумотлар банкини яратади;

бўйсунувчи бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш, мониторинг, назорат қилишни, бошқаришни, жорий ва истиқболли режалаштиришни амалга оширади, уларга юклатилган вазифаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатади;

Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаларининг ягона ахборот ва коммуникация тизимини жорий этади ва тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

Қўриқлаш бош бошқармаси ваколатлари доирасидаги масалалар юзасидан Миллий гвардияга таклифларни, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш учун киритади;

давлат томонидан мажбурий қўриқланиши лозим бўлган объектлар рўйхати ҳамда идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлашни ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлган республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар рўйхатини шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатларини ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

объектларни сигнализация воситалари билан жиҳозлаш бўйича монтаж-созлаш ишлари, қўриқлашнинг техник воситалари бўйича тадқиқотларни ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарини ташкил қилади ҳамда мулкдорларга бошқа хизматлар кўрсатади;

Қўриқлаш бош бошқармасининг молия-хўжалик фаолиятини ташкил этади;

Қўриқлаш бош бошқармасининг ташкилий-штатлар ва кадрлар ишларини амалга оширади;

Қўриқлаш бош бошқармаси ваколати доирасига кирувчи масалаларда турли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

белгиланган тартибда қўриқлаш-ёнғиндан огоҳлантириш сигнализацияси аппаратлари, бошқа техник воситалар ва материалларни реализация қилади;

қўриқлаш фаолияти соҳасида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот ва бошқа материалларни вазирликлар ва идоралардан белгиланган тартибда сўраб олади;

тегишли вазирликлар ва идораларнинг махсус таълим муассасалари маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланади;

комиссиялар, кенгашлар ва бошқа маслаҳат органларини, шу жумладан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тегишли тузилмалари вакиллари иштирокида ташкил этади;

бюллетень, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари, конференциялар материалларини нашр этади;

қўриқлаш соҳаси фаолиятидаги муаммоларни ўрганади ва консультациялар олади, шу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш учун шартнома асосида ташкилотлар ва мутахассисларни жалб этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


19. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қўриқлаш бошқармалари Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари ҳисобланиб, ваколатлари доирасида Қўриқлаш бош бошқармасига юклатилган вазифалар ва мажбуриятларни амалга оширади.


20. Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқарма Қўриқлаш бош бошқармасининг ташкилий бўлинмаси ҳисобланади, ваколатлари доирасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат аҳамиятидаги объектларни қўриқлашни амалга оширади, шунингдек, туташ ҳудудларда жамоат тартибини таъминлайди.


21. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон Қўриқлаш бош бошқармасининг ташкилий бўлинмаси ҳисобланади, ваколатлари доирасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналари объектларини қўриқлашни амалга оширади.


22. Қўриқлаш бўлинмалари бошқарув аппаратлари штатлари сони қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун тузилган шартномаларга мувофиқ киритилган штат бирликлари умумий сонининг тўрт фоизигача миқдорда белгиланади.

Қўриқлаш хизмати саф бўлинмаларида қўмондонлик таркиби ва таъминот хизмати штат бирликлари сони қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун тузилган шартномаларга мувофиқ киритилган штат бирликлари умумий сонининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

Қўриқлаш хизмати кўрсатишни таъминлаш учун қўриқлаш бўлинмаларига штат бирликларини киритиш меъёри шартномаларда кўрсатилган қўриқлаш вақти ва постлар (йўналиш) сонини ҳисобга олган ҳолда Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


23. Қўриқлаш хизматини кўрсатиш фаолиятидан тушадиган маблағлар мақсадли равишда - фақат қўриқлаш хизматини таъминлаш ва ривожлантириш, шунингдек, Миллий гвардия бўлинмаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш учун сарфланади.

Кўрсатилаётган қўриқлаш хизмати учун тушадиган маблағлар ҳисобидан қўриқлаш хизматининг ташкилий тузилмасига кирмайдиган штатларни жорий этишга йўл қўйилмайди.


24. Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг тарифлари (нархи) Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, бошқа ташкилотлар учун - Миллий гвардия қўмондони томонидан мустақил тарзда тасдиқланади.


25. Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаларида хизматни ўташ тартиби ва ходимларининг формали кийим-боши намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


26. Қўриқлаш бош бошқармаси ходимига Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланган намунадаги хизмат гувоҳномаси ва жетон берилади.


27. Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг таркибий бўлинмаларида бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш, хўжалик операцияларини ҳисобга олиш (бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштириш), шунингдек, унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


28. Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг таркибий бўлинмалари штатлари, харажатлар сметалари молия органларида қайд этилмайди.



5-БОБ. ОБЪЕКТЛАРНИ ҚЎРИҚЛАШ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


29. Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган объектларни ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига кўра мол-мулкни қўриқлаш амалга оширилади.


30. Қўриқлаш хизмати кўрсатилиши қўриқлаш нарядлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда қўриқлашнинг техник воситалари орқали амалга оширилади.

31. Объектни қўриқлашни ташкил этишда унинг жойлашуви ва хусусияти, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозланганлик даражаси, назорат-ўтказиш пунктларининг турлари, сони, ҳудуддаги криминоген вазият ва бошқа ҳолатлар эътиборга олинади.

Ўрганиш натижаларига кўра қўриқлаш усуллари, постлар (йўналишлар) сони, уларнинг жойлашуви, қўриқлаш вақти, шунингдек, қўриқлашнинг техник воситаларини қўллаш орқали қўриқлаш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилади.

Объектнинг қўриқлаш тизими объектлар маъмурияти ва қўриқлаш хизмати вакилларининг ҳамкорлигида белгиланади.


32. Объектларни қўриқлаш учун постлар, йўналишларни қўйиш ҳамда қўриқлаш нарядлари фаолияти устидан назоратни амалга оширишнинг қоидалари ва шартлари, тартиби, усул ва услублари Миллий гвардия томонидан, шунингдек, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан ҳамкорликда белгиланади.


33. Ўта муҳим ва тоифаланган объектларни қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этилади.


34. Техник қўриқлаш томонидан кўрсатилаётган хизматнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида Қўриқлаш бош бошқармасига амалдаги тарифларни фоиз ҳисобида камайтирган ҳолда хизмат кўрсатишга рухсат этилади. Бунда объектлар алоҳида гуруҳларга (ижтимоий аҳамияти, сақланаётган моддий-товар бойликлар миқдори, сони ва бошқаларга асосан) таснифланади. Объектларни гуруҳларга таснифлаш тартиби Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи томонидан белгиланади.


35. Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаларининг фаолияти қуйидаги асосий нормативлар ва мезонлар билан баҳоланади:

объектларни қўриқлаш бўйича фаолиятнинг самарадорлиги, жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, шартномавий мажбуриятларга риоя этилиши;

замонавий қўриқлаш ахборот-коммуникация технологияларини (воситаларини) жорий этиш ва кўрсатилаётган техник хизматнинг сифати;

кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш, қўриқланаётган объект ва фуқаролар хонадонлари сонининг ошиши;

идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг назорат текширувини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш;

бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик ҳолати, ўқув машқлари ва машғулотларининг сифати;

шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги сифати ва ахлоқий-руҳий ҳолати, Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаларида интизом ва қонун ҳужжатларига риоя этилишининг даражаси.


36. Қўриқлаш бош бошқармаси ходими, ишчи ва хизматчиси давлат органи вакили ҳисобланади ва давлатнинг ҳимояси остида бўлади.

Қўриқлаш бош бошқармаси ходими, ишчи ва хизматчиси хизмат вазифасини бажариш жараёнида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига (командирига) бўйсунади. Фақат ушбу шахслар уни наряддан озод қилиш ёки алмаштириш ҳуқуқига эга.

Қонунда тўғридан-тўғри ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким Қўриқлаш бош бошқармаси ходимининг (хизматчисининг) қонуний фаолиятига аралашиш, қонун ҳужжатларига асосан Қўриқлаш бош бошқармаси зиммасига юклатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.


37. Хизматни ўтаётган ходим (хизматчи) қонунга зид бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда, уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва белгиланган тартибда бу ҳақда бошлиғига (командирига) ахборот бериши шарт.


38. Қўриқлаш бош бошқармаси шахсий таркибидан фақат қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ вазифаларни бажаришда (шартнома асосида) фойдаланилади. Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига мувофиқ Қўриқлаш бош бошқармаси шахсий таркиби жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашга жалб этилиши мумкин.


39. Қўриқлаш бош бошқармаси шахсий таркиби махсус тайёргарликдан, шунингдек, жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун йилига бир маротаба текширувдан ўтадилар.


40. Қўриқлаш бош бошқармаси мансабдор шахсларга объектларнинг муҳандислик ва техник мустаҳкамлигидаги камчиликларни бартараф этиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга, шартномавий мажбуриятларни бажаришга, моддий бойликлар сақланишини таъминлашга ва қўриқлаш хизмати ходимлари, ишчи-хизматчиларининг меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга. Белгиланган тартибда расмий огоҳлантириш, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсларга огоҳлантириш хати киритади.

41. Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари, ишчи ва хизматчилари ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, шунингдек, ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлик учун Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари, ишчи ва хизматчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


42. Қўриқлаш бош бошқармаси хўжалик юритишда (оператив бошқарувда) ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради, мажбуриятларни бажариш юзасидан судда даъвогар ва жавобгар бўлади.



6-БОБ. ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ИДОРАВИЙ

ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИДА НАЗОРАТ

ТЕКШИРУВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ВА

МУВОФИҚЛАШТИРИШ


43. Назорат текширувлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини таъминлашда ягона сиёсат юритилишини таъминлаш ҳамда идоравий қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқланаётган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.


44. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотлар объектларининг (Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва уларга бўйсунувчи юридик шахслар ва улар томонидан қўриқланадиган объектлар бундан мустасно) назорат текшируви режа асосида, ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ташаббуси билан уларга тегишли объектларда ҳам шартнома асосида назорат текширувлари ўтказилиши мумкин.


45. Назорат текшируви объектни қўриқлаш бўлинмаси раҳбарлари ва объект маъмурияти вакиллари иштирокида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда ички ишлар органларининг вакиллари ва бошқа мутахассислар жалб қилинган ҳолда амалга оширилади.


46. Назорат текшируви жараёнида идоравий қўриқлашнинг ташкил этилганлик ҳолати, идоравий қўриқлаш ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, объектнинг қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари ҳолати ўрганилади.

Идоравий қўриқлаш бўлинмалари фаолиятининг назорат текшируви ва мувофиқлаштириш жараёнида объектнинг қўриқланишини ташкил этиш, хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа масалалар ҳам ўрганилади.


47. Назорат текшируви натижалари бўйича далолатнома тузилади ва у иштирок этган вакиллар томонидан имзоланади. Далолатнома объект маъмурияти ва Қўриқлаш бош бошқармаси вакили томонидан тасдиқланади.


48. Қўриқлаш бош бошқармаси белгиланган вақтда назорат тариқасида текширув ташкил этади.

Ўтказилган назорат текширувлари натижалари умумлаштирилиб, текширув ўтказилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга тегишли тавсиялар билан биргаликда умумлаштирилган маълумотлар тақдим этилади.


49. Назорат текширувини режалаштириш, ўтказиш тартиби Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан белгиланади.



7-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БОШ БОШҚАРМАСИНИНГ

МОЛИЯВИЙ, МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ,

ХОДИМЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ


50. Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига, уларнинг оила аъзоларига ва захирага ёки истеъфога бўшатилганларга ички ишлар органларининг тиббий муассасалари, шунингдек, қўриқланаётган объектларнинг поликлиникалари, касалхоналари, санаторийлари, дам олиш уйлари, мактабгача таълим муассасалари томонидан хизмат кўрсатилади.


51. Уй-жой олиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уй-жой майдонини олиш ҳуқуқига эга.

Қўриқлаш бош бошқармаси ўзининг уй-жой фондига эга бўлишига ҳақли.


52. Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига хизматни ўташ даври давомида уй-жой қуйидагилар ҳисобидан берилиши мумкин:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисобидан;

объектлари ва мол-мулки қўриқланаётган ташкилотлар томонидан уларнинг ходимлари ва хизматчилари билан умумий асосларда;

Миллий гвардия ҳисобидан;

Қўриқлаш бош бошқармасининг ўз маблағларига қурилган уй-жой фонди ҳисобидан.

Ётоқхонага эга бўлган ташкилотлар шартнома асосида улардан Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари ходимларига турар-жой берадилар.


53. Қўриқлаш бош бошқармаси ўз маблағлари ҳисобига хизмат биноларини лойиҳалаштириши ва қуриши ҳамда хизмат биноларини қуришда улуш ҳисобида иштирок этиши мумкин.


54. Қўриқланаётган объектлар маъмуриятлари томонидан объектнинг бевосита қўриғини таъминлаш учун моддий-техника воситалари, қуроллар ва хизмат хоналари ажратилади.


55. Меҳнат шароитлари соғлиқ учун зарарли бўлган объектларда хизмат қилувчи Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари, ишчи ва хизматчилари шу объектларнинг ишчи ва хизматчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва қулайликлардан фойдаланадилар.

Қўриқланаётган объектлар маъмурияти ўз хизмат вазифасини виждонан бажараётган Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари, ишчи ва хизматчиларини тақдирлаши, шунингдек, қўриқлаш бўлинмаларининг бино ва иншоотлари, автотранспорт воситаларини таъмирлаши ва бошқа моддий харажатларни амалга ошириши мумкин.


56. Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари, ишчи ва хизматчилари бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Ашёвий таъминот нормалари, шунингдек, формали кийим-бошни кийиш қоидалари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


57. Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари озиқ-овқат, пул, кийим-кечак, пенсия ва тиббий таъминот билан таъминланадилар, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан фойдаланадилар.

Қўриқлаш бош бошқармасининг ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини санаторийлардаги санаторий-курорт даволанишини таъминлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


58. Қўриқлаш бош бошқармасининг шаклланадиган пул таъминоти жамғармаси доирасида:

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари лавозим ва махсус унвон маошидан ҳисобланган икки ойлик маоши миқдоридаги маблағларни, ишчи ва хизматчилар икки ойлик лавозим маоши миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда мукофотлантирилади;

Қўриқлаш бош бошқармасининг ходимларига лавозим ва махсус унвон маошидан ҳисобланган бир ойлик маоши миқдоридаги, ишчи ва хизматчиларига бир ойлик лавозим маоши миқдоридаги маблағлар йўналтирилган ҳолда моддий ёрдам кўрсатилади.


59. Қўриқлаш бош бошқармасининг ходимлари ҳамда ишчи ва хизматчиларига бюджет ҳисобидан таъминланувчи муассаса ва ташкилотлар ходимларига белгиланган моддий рағбатлантириш (шахсий устама ўрнатиш ва мукофотлашни амалга ошириш) махсус жамғармасини шакллантириш ва сарфлаш тартиби жорий этилади.


60. Қўриқлаш бош бошқармасининг ахборот хизмати ходимларига, бошқа тўловлардан қатъи назар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўланиши мумкин.

Қўриқлаш бош бошқармасининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари ходимларига, йил якунлари бўйича замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширган иш натижалари белгиланган мезонлар орқали баҳоланган ҳолда лавозим маошининг камида 100 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


61. Қўриқлаш бош бошқармаси фаолиятини ташкил этишнинг ушбу Низом билан тартибга солинмаган қисми бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши мумкин.


62. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 февраль
















































Время: 0.0105
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск