Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғисидаги Низом (АВ томонидан 24.02.2021 й. 3287-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 24.02.2021 й. 2-мҳ-сон буйруғига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 24 февралда 3287-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2021 йил 24 февралдаги

2-мҳ-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши

экспертизасини ўтказиш тартиби тўғисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


коррупцияга қарши экспертиза - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларва улар лойиҳаларида коррупциявий омилларни аниқлаш, аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи;


коррупциявий омил - коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияни юзага келтирадиган ҳуқуқий нормалар;


чеклист - норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома;


ишлаб чиқувчи - норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини (бундан буён матнда лойиҳа деб юритилади) ишлаб чиқишни амалга оширувчи давлат органи ва ташкилоти;


илмий эксперт - илмий ташкилот ёки олий таълим муассасасининг Қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестрига киритилган вакили;

мустақил эксперт - Қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестрига киритилган жисмоний шахс;

адлия органлари - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари.


2. Коррупцияга қарши экспертиза коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияни юзага келтирадиган омилларни аниқлаш, лойиҳани қабул қилишнинг коррупция ҳолатлари учун имконият яратадиган оқибатларини умумий тарзда баҳолаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупция хусусиятига эга таваккалчиликларнинг юзага келиш эҳтимолини прогноз қилиш, аниқланган коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.


3. Қуйидагилар коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:


қонунийлик - коррупцияга қарши экспертиза Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунлари, ушбу Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши;


тўлиқ қамраб олинганлик - барча лойиҳалар мажбурий тартибда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши;


очиқлик ва шаффофлилик - коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш жараёнларида жамоатчиликнинг иштироки таъминланиши;


холислик - коррупцияга қарши экспертиза холис ва беғараз, қатъий қонуний, назарий ва амалий асосда, тегишли мутахассислик доирасида, ҳар тарафлама ва тўлиқ ҳажмда ўтказилиши;


мустақиллик - коррупцияга қарши экспертиза мустақил шахс томонидан ўтказилиши, манфаатдор шахслар фойдасига хулоса олиш мақсадида коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи шахсга таъсир ўтказишга йўл қўйилмаслиги;


асосланганлик - коррупцияга қарши экспертиза натижаларининг асосланганлиги, холислиги ва текширилиши имкони мавжудлиги;


коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг устуворлиги -коррупциявий омиллар аниқаланган тақдирда, мажбурий равишда уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилиши ва чоралар кўрилиши.


4. Қуйидагилар коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш учун асосий ахборот манбалари ҳисобланади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

халқаро шартномалар;

суд амалиёти;

расмий статистик маълумотлар ва ҳисоботлар;

давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари;

илмий-таҳлилий материаллар ва нашрлар, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ҳамда йиғилишлар материаллари;

ваколатли ташкилотлар ва ишлаб чиқувчи томонидан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари;

оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда эълон қилинган нашрлар;

коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш доирасида давлат органи ва ташкилоти томонидан ўтказилган ўрганишлар, шу жумладан бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар.


5. Лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида ўтказилади.


6. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тизимли равишда тегишли соҳа фаолиятидаги:

лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизасининг амалга оширилишини ташкил этади;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларни аниқлашга қаратилган таҳлилни ўтказади.



2-БОБ. КОРРУПЦИЯВИЙ ОМИЛЛАР


7. Коррупциявий омиллар ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Услубиёт (бундан буён матнда Услубиёт деб юритилади) асосида аниқланади, бунда коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки лойиҳанинг ҳар бир нормаси ёхуд қоидасининг таҳлили амалга оширилади.

8. Қуйидагилар нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар ҳисобланади:

сўзларнинг нотўғри қўлланилиши;

ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилганлиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги.


9. Қуйидагилар ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар ҳисобланади:

дискрецион ваколатларнинг кенглиги;

аниқ белгиланмаган ваколатлар;

давлат органларининг такрорловчи ваколатлари ва вазифаларнинг мавжудлиги;

давлат органи томонидан ўзининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши;

вазифа ёки топшириқни бажариш учун ижрочида етарли ваколатлар ва ресурсларнинг мавжуд эмаслиги;

кечиктириб тартибга солиш;

манфаатлар тўқнашуви;

афзалликларнинг асоссиз белгиланиши;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда кечиктириш;

ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўртасидаги номутаносибликлар.


10. Қуйидагилар маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар ҳисобланади:

маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги;

белгиланган қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз ўрнатилиши;

ортиқча ва асоссиз талабларнинг ўрнатилганлиги;

вақт чегараларининг аниқ белгиланмаганлиги;

тўлов миқдорлари аниқ белгиланмаганлиги;

санкцияларнинг номутаносиблиги;

чора-тадбирларни амалга оширишнинг молиялаштириш манбалари ноаниқлиги.


11. Қуйидагилар назорат билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар ҳисобланади:

шикоят қилиш тартибининг мавжуд эмаслиги;

шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашдаги бўшлиқлар;

давлат органларининг фаолияти устидан назорат қилишнинг шакллари ва турлари белгиланмаганлиги.



3-БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ

ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


12. Лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ишлаб чиқувчи ва лойиҳа ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун келиб тушганда адлия органлари томонидан ўтказилади.

Коррупцияга қарши экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи, шунингдек лойиҳалар келишилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам ўтказилиши мумкин.


12-1. Лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси мустақил ва илмий экспертлар томонидан ўз ташаббусига кўра ёки давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида ушбу Низомнинг 4-1-бобида белгиланган тартибда ўтказилади.

13. Лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ишлаб чиқувчи томонидан ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги чеклистни Услубиёт асосида тўлдириш орқали ўтказилади.

14. Ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳада коррупциявий омил аниқланган тақдирда, қуйидаги ҳаракатларнинг бири амалга оширилади:

аниқланган коррупциявий омилни бартараф этиш чораларини кўриш;

чеклистнинг "коррупциявий омил" устунининг тегишли қисмига "бор" белгисини қўйиш, коррупциявий омилни ўз ичига олган ҳуқуқий нормани кўрсатиш, ушбу нормани бошқача тарзда баён этиш имкони йўқлигини асослантириб бериш ва мазкур коррупциявий омил мавжудлиги сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий хавф-ҳатарларни жиловлаш бўйича кўрилган чораларни баён этиш.


15. Ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳада коррупциявий омил аниқланмаган тақдирда чеклистнинг "коррупциявий омил" устуни тегишли қисмига "йўқ" белгиси қўйилади.


16. Чеклист ишлаб чиқувчининг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда-уларнинг биринчи ўринбосарлари) имзоси билан расмийлаштирилади.


17. Коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш натижалари бўйича тўлдирилган чеклист ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида лойиҳага илова қилинади.


18. Жамоатчилик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)да жойлаштирилган лойиҳаларни чеклист тўлдириш орқали коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан баҳолаши мумкин.


19. Жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича билдирилган таклифлар ва эътирозлар ишлаб чиқувчи томонидан кўриб чиқилади, шунингдек адлия органларига (ҳуқуқий экспертиза учун) киритилади, бунда жамоатчиликдан келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.


20. Ишлаб чиқувчи томонидан жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишиш ўтказилгандан сўнг қайта ишланган лойиҳа, чеклист ва бошқа зарур материаллар тегишли адлия органига ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун тақдим этилади.


20-1. Лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан чеклист тўлдирилмаган ҳолда адлия органларига киритилган тақдирда, ушбу лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан ишлаб чиқувчига қайтарилади.

21. Адлия органлари ишлаб чиқувчи томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизасини Услубиёт асосида ўтказади.

22. Адлия органининг коррупцияга қарши экспертизаси натижаси ҳуқуқий экспертиза ўтказилиши натижалари бўйича тайёрланадиган хулосада алоҳида акс эттирилади.

Лойиҳада коррупциявий омиллар аниқланган тақдирда, хулосада уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ва чоралар кўрсатилади.


23. Ўтказилган лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари бўйича эътирозлар мажбурий тусга эга ва лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши учун такроран киритилганда бартараф қилиниши шарт.


24. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциявий омилларни ўз ичига олган нормалар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 2565, 2014 йил 28 февраль) мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказишни рад этади.



4-БОБ. АМАЛДАГИ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ

ҲУЖЖАТЛАРНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ

ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


25. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси Услубиёт асосида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда адлия органлари томонидан ўтказилади.

26. Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда - Вазирлар Маҳкамаси) томонидан тасдиқланадиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режасига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 ноябрдаги ПҚ-4505-сон "Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторинги доирасида ўтказилади.

Давлат органлари ва ташкилотлар ўзларининг ташаббуслари асосида ҳам амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишлари мумкин.

26-1. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режасида белгиланган муддатларда давлат органлари ва ташкилотлар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказади ҳамда натижалари бўйича тўлдирилган чеклист ва аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш юзасидан таклифларни Адлия вазирлигига киритади.

26-2. Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш юзасидан таклифларни умумлаштиради ҳамда коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

26-3. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича "Йўл харитаси" Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

26-4. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси мустақил ва илмий экспертлар томонидан ўз ташаббусига кўра ёки давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида ушбу Низомнинг 4-1-бобида белгиланган тартибда ўтказилади.

27. Адлия органлари ўз ташаббусига кўра, шунингдек қуйидаги асосларга биноан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари;

адлия органлари иш режалари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари;

оммавий ахборот воситаларидан келиб тушган нашрлар ва бошқа материалларни ўрганиш натижалари;

ўрганишлар, шу жумладан бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар.

29. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари бўйича адлия органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 12-банди 5-кичик бандига мувофиқ давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларига бажарилиши мажбурий бўлган тегишли тақдимномалар киритилиши мумкин.



4-1-БОБ. МУСТАҚИЛ ВА ИЛМИЙ ЭКСПЕРТЛАР ТОМОНИДАН

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ

29-1. Мустақил ва илмий экспертлар ўз ташаббусига кўра, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмаларига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади.


29-2. Мустақил ва илмий экспертлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси Услубиёт асосида чеклистни тўлдириш ёки хулоса тузиш орқали ўтказилади.


29-3. Мустақил ва илмий экспертлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш:

давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмаларига асосан амалга оширилганда мустақил ва илмий экспертлар томонидан коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича чеклист тўлдирилади;

мустақил ва илмий экспертларнинг ўз ташаббусига кўра амалга оширилганда коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда хулоса тузилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупциявий омиллар аниқланган тақдирда, чеклистда ёки хулосада уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ва чоралар кўрсатилиши шарт.


29-4. Мустақил ва илмий экспертлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмаларига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш натижалари бўйича тўлдирилган чеклист буюртма берган давлат органлари ва ташкилотга юборилади.


29-5. Мустақил ва илмий экспертларнинг ўз ташаббусига асосан ўтказилган коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича тузилган хулоса:

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинадиган соҳада ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган давлат органи ва ташкилотга юборилади;

лойиҳалар бўйича ушбу лойиҳаларни ишлаб чиқувчиларга юборилади.


29-6. Мустақил ва илмий экспертлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари бўйича тўлдирилган чеклист ёки хулосалар тегишли давлат органлари ва ташкилотларга келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида мажбурий кўриб чиқилади.

Кўриб чиқиш натижалари бўйича чеклист ёки хулосада кўрсатилган ҳар бир коррупциявий омил қабул қилинганлиги ёки қабул қилинмаганлиги асослантирилган маълумотнома тузилади.


29-7. Мустақил ва илмий экспертлар томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш натижалари бўйича тўлдирилган чеклист ёки хулосаларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тузилган маълумотнома имзоланган куни экспертиза ўтказган мустақил ёки илмий экспертга ва тегишли адлия органларига юборилади.


29-8. Мустақил ва илмий экспертлар томонидан лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш натижалари бўйича тўлдирилган чеклист ёки хулосаларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тузилган маълумотнома имзоланган куни экспертиза ўтказган мустақил ёки илмий экспертга (барча ҳолларда) ҳамда адлия органларига (лойиҳани ҳуқуқий экспертиза учун киритиш вақтида) юборилади.


29-9. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш жараёнларини мувофиқлаштириш, лойиҳа ишлаб чиқувчилари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан мустақил ва илмий экспертларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, Қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестрига тегишли маълумотларни киритиш Адлия вазирлигининг Қонунчиликни тизимлаштириш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси томонидан амалга оширилади.


5-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ЭКСПЕРТИЗАНИ

ЎТКАЗУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАР,

АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ ҲАМДА МУСТАҚИЛ

ВА ИЛМИЙ ЭКСПЕРТЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

30. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказаётган давлат органлари ва ташкилотлар, адлия органлари ходимларининг ҳамда мустақил ва илмий экспертларнинг асосий ҳуқуқлари:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларнинг предметига тааллуқли бўлган ҳужжатлар билан танишиш;

коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраб олиш.


31. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи давлат органлари ва ташкилотлар, адлия органлари ходимларининг ҳамда мустақил ва илмий экспертларнинг асосий мажбуриятлари:

коррупцияга қарши экспертизани ташкиллаштириш ва ўтказишнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларига риоя қилиш;

ўзини ўзи рад этиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда ўзининг раҳбарига дарҳол маълум қилиш;

тақдим этилган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаш.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш жараёнига тор доира йўналишларидаги мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

33. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилади.


34. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кўрашиш агентлиги билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг

коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Ишлаб чиқувчи


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, унинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш, натижаси бўйича чеклист тўлдириш.


Заруратга кўра

2-босқич

Ишлаб чиқувчи


Лойиҳа ва чеклистни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш.


Жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш муддатида



3-босқич

Ишлаб чиқувчи


Жамоатчилик мухокамасидан ўтказиш натижалари бўйича қайта ишланган лойиҳа, чеклист ва бошқа зарур материалларни ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун адлия органларига киритиш.


Жамоатчилик мухокамасидан ўтказиш ва идоралараро келишишдан сўнг

4-босқич


Адлия органлари


Коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш, натижаси бўйича хулоса тақдим этиш.


Ҳуқуқий экспертиза муддатида

5-босқич

Ишлаб чиқувчи

Лойиҳа, чеклист ва бошқа зарур материалларни Вазирлар Маҳкамаси ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи давлат органига киритиш.

Ҳуқуқий экспертизадан сўнг


            





Низомга

2-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида

коррупциявий омилларни аниқлаш

УСЛУБИЁТИ

Йўналиш


Коррупциявий омил


Тушунчаси


Мисоли


Нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ коррупциявий омиллар

Сўзларнинг нотўғри қўлланилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасида (бундан буён матнда норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб юритилади) қўлланилаётган сўзлар, тушунчалар ва атамалар ҳар хил маъноларни англатиши ёки аниқ бўлмаган талқин қилишга имконият яратиши мумкин.

Тушунча ва атамалар нафақат бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзида, балки бутун қонунчиликда бир ҳил қўлланилиши лозим. Агар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тушунча ва атамаларни бир хил қўллаш имкони бўлмаса, уларни фарқлаш аниқ ва осон бўлиши керак.

Бирлик ёки кўпликда сўзларнинг нотўғри қўлланиши ҳам ноаниқликларга сабаб бўлади.

Шунингдек, олмошни қўллаш орқали олдинги гапда берилган шахс, сон, жой ва ҳодисаларга нисбатан мурожаат қилиш, шунингдек "ва/ёки" сўзларини қўллаш орқали тузилган сўз бирикмаларининг нотўғри қўлланилиши ноаниқларни юзага келтириши мумкин.

Шунинг учун ҳар бир сўз барча учун тушунарли маънони англатиши ёки аниқ ҳуқуқий тавсифга эга бўлиши лозим.

1-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

юрисдикция фуқароларнинг турар жойига қараб белгиланади.

Муаммо: "турар жой" сифатида шахснинг яшаб турган жойи назарда тутилганми ёки доимий рўйхатдан ўтган жойими?

Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

юрисдикция фуқароларнинг яшаб турган жойига қараб белгиланади.


2-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

вазирлик ушбу моддада кўрсатилган мурожаат турларни тақдим қилиш тартибларини белгилайди.


Муаммо: ушбу ҳолатда вазирлик ҳар бир мурожаат тури учун алоҳида тартиб белгилаши ёки барча мурожаат турлари учун ягона тартиб белгилаши лозимлиги ноаниқ.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

вазирлик ушбу моддада кўрсатилган мурожаат турларни тақдим қилишнинг тартибини белгилайди.


3-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

мансабдор шахс ва аризачи шартнома шартларини келишиши зарур, у келишувни ёзма шаклда тасдиқлаши лозим.


Муаммо: "У" деганда ким назарда тутилганлиги ноаниқ.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

мансабдор шахс ва аризачи шартнома шартларини келишиши зарур, мансабдор шахс келишувни ёзма шаклда тасдиқлаши лозим.


4-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги.


Муаммо: "жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш", "терроризмни молиялаштириш" ва "оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш" операция турлари бир вақтда амалга оширилганда ёки улардан биттаси амалга оширилганда таваккалчиликнинг юзага келиши ноаниқ.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш.


Ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилганлиги

Бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги нормаларга ҳаволалар аниқ, мантиқий изчил бўлиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёхуд унинг алоҳида қоидаларини кўрсатиши керак.

Шунингдек, тегишли ваколатлар мавжуд бўлмаганда, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларнинг қонун ости ҳужжатлари ёрдамида тўлдирилиши тор идоравий ёндашув ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, ҳуқуқий норманинг чегарасини белгилаш имконини бермайдиган, хусусан "ва бошқалар", "ва ҳоказо" каби нормаларнинг қўлланилиши ҳуқуқни қўлловчиларга асоссиз равишда кўриб чиқиш доирасининг кенгайтириш имконини беради.

Шу сабабдан, ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилмаслиги ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш тегишли давлат органларининг ваколат доирасида амалга оширилиши зарур.


1-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

давлат органи қонунчиликда белгиланган муддатларда қарор қабул қилади.


Муаммо: муддатлар қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг нормалари билан белгиланганлиги аниқ эмас.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

давлат органи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 10-моддасида белгиланган муддатларда қарор қабул қилади.


2-мисол: Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар фақат ушбу Кодекс билан тақдим қилиниши белгиланган.

Шу билан бирга, мазкур Кодексда ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналар қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.

Мазкур рўйхат қонуности ҳужжати билантасдиқланган.


Муаммо: Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар фақат ушбу Кодекс билан тақдим қилиниши белгиланганлиги қарамасдан, қўшилган қиймат солиғидан озод этилган технологик асбоб-ускуналар рўйхати қонуности ҳужжат билан тасдиқланган.

Ваҳоланки, мазкур рўйхат ижро этувчи орган томонидан мустақил шакллантирилиши натижасида ушбу рўйхатга технологик асбоб-ускуналар айрим шахслар манфаатларида киритилиши хавфи мавжуд.


Ечим: қўшилган қиймат солиғидан озод этилган технологик асбоб-ускуналар рўйхатини бевосита Солиқ кодекси билан тасдиқлаш зарур.


3-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

назорат тадбири режали текшириш давомида, маълум бир ҳудудда (минтақада) зарарланиш ўчоғи аниқланганда, маҳсулот импорт қилинганда ва бошқа ҳолатларда амалга оширилади.


Муаммо: назорат тадбири амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқ белгилаб берилмаганлиги оқибатида текширувчида асоссиз равишда дискрецион ваколатлар вужудга келади.


Ечим: назорат тадбири режали текшириш давомида, маълум бир ҳудудда (минтақада) зарарланиш ўчоғи аниқланганда, маҳсулот импорт қилинганда амалга оширилади.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормалари ўзаро мувофиқ бўлиши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг бир бирига зид бўлиши, ҳуқуқни қўллашда турли ҳил тушунмовчиликларнинг юзага келишига олиб келади.


Мисол: Ҳукумат қарори билан тасдиқланган намунавий ҳужжатларга мувофиқ танлов (тендер) таклифларини очиш танлов (тендер) эълон қилинган санадан бошлаб 10-15 кундан кейин бўлиб ўтади.

"Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунда ушбу муддат 30-45 кунни ташкил қилади.


Муаммо: Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва Қонунда икки ҳил муддат белгиланганлиги оқибатида ижрочиларниннг ўзларига қулай бўлган муддатда иш юритишига ҳамда зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланишига олиб келади.


Ечим: Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган муддатларни Қонунга мувофиқлаштириш зарур.


Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ коррупциявий омиллар

Дискрецион ваколатларнинг кенглиги


Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига (кейинги ўринлардадавлат органлари деб юритилади) ўз ихтиёрига кўра қарорлар қабул қилиш, бир нечта турдаги қарорларни қабул қилишни танлаш ва қарорларни ижро этишнинг усулларини белгилаш имкониятини асоссиз равишда бериш оқибатида коррупциявий ҳолатлар вужудга келишининг хавфи юқори ҳисобланади.

Дискрецион ваколатларнинг кенглиги асосан қуйидагиларда кўринади:

қарорларни қабул қилишнинг шароитлари ва асосларининг мавжуд эмаслиги;

давлат органларига ўз ихтиёрига кўра юридик фактни баҳолашга ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан тегишли ҳаракатларни амалга оширишнинг тартибини мустақил равишда белгилашга йўл қўйиш;

"қарор қабул қилиши мумкин" шаклидаги қарор қабул қилиш ваколатини бериш;

давлат органларига уларнинг ваколатига тегишли бўлмаган вазифа ва ваколатларнинг юклатилиши.


1-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

лицензияловчи орган лицензия талабгори ҳужжатларини кўриб чиқиш натижаси бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


Муаммо: лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш учун асослар белгиланмаган, шунингдек лицензияловчи органга "қарор қабул қилиши мумкин" шаклидаги қарор қабул қилиш ваколати берилган.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

лицензияловчи орган талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш натижаси лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензия бериш учун қуйидагилар асос бўлади:

...

Лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

...

2-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

ҳокимликлар коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилади.


Муаммо: мазкур ваколат ҳокимликларнинг асосий вазифаларига ҳос бўлмаган ваколат ҳисобланади ҳамда ҳокимлик, коммунал хизмат кўрсатувчилар ва истеъмолчилар ўртасида коррупциявий ҳолатларни юзага келтириши мумкин.

Бундан ташқари, коммунал хизмат кўрсатувчилар мустақил хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланади ва судга даъво ариза билан чиқиш каби қарорларни ўзлари мустақил ҳал қилиши лозим.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

ҳокимликларнинг коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш ваколатини бекор қилиш.


Аниқ белгиланмаган ваколатлар

Айрим ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матнидан вазифа ёки топшириқ ижроси учун масъул бўлган давлат органини аниқлаш имкони бўлмайди.

Бу ҳолат давлат органи томонидан ўзи манфаатдор бўлмаган маълум бир ҳаракат қилинаётганлигини кўрсатиш, амалда эса ушбу ҳаракатни бажарилмаслик учун қилинади.

Шу билан бирга, топшириқ ижроси учун масъул этиб бир неча такшилотлар белгиланади.

Ушбу ташкилотларнинг ваколат доираси аниқ белгиланмаганлиги оқибатида улар топшириқнинг бажарилишини бир-бирига юклашига олиб келиши мумкин. Натижада топшириқнинг ижроси етарли даражада таъминланмайди.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

ушбу Қонуннинг ижроси тегишли вазирлик томонидан таъминланади.


Муаммо: ижро учун масъул вазирликни аниқлаш имкони мавжуд эмаслиги оқибатида давлат органлари ўзларининг манфаатлари нуқтаи назардан ҳаракат қилишлари мумкин.


1-ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

ушбу Қонуннинг ижроси "Электрон ҳуқумат тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасида белгиланган давлат органи томонидан таъминланади.


2-ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

ушбу Қонуннинг ижроси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан таъминланади.


Давлат органларининг такрорловчи ваколатлари ва вазифаларнинг мавжудлиги

Давлат органига бошқа давлат органи билан такрорланаётган ваколатлар ва вазифалар юклатилиши топшириқ етарли даражада ижро қилинмаслигига, вазифани ижро этиш учун ортиқча ресурслар сарфланишига, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар олдида ортиқча бюрократик тўсиқлар вужудга келишига олиб келиши мумкин.


Мисол: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ ҳокимликларга истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилган.


Муаммо: мазкур вазифа Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вазифаларини такрорлайди, шунингдек ҳокимликларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича функцияси билан боғлиқ манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.


Ечим: ҳокимликларнинг истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириш бўйича вазифасини бекор қилиш зарур.


Давлат органи томонидан ўзининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган давлат органлари томонидан қабул қилиниши ушбу ҳужжатларда айрим шахсларнинг манфаатлари мавжудлигини кўрсатади.


Мисол: Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан муайян бир тадбиркорлик субъектлари гуруҳи қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.


Муаммо: Солиқ кодексига асосан солиқ имтиёзлари фақат ушбу Кодекс билан берилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган солиқ ставкасини камайтириш ҳолатлари бундан мустасно).


Ечим: Вазирлар Маҳкамасининг қароридан тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи нормалар чиқариб ташланиши зарур.


Вазифа ёки топшириқни бажариш учун ижрочида етарли ваколатлар ва ресурсларнинг мавжуд эмаслиги


Давлат органи ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиши учун барча зарур ваколатлар ва ресурсларга, шу жумладан уларни бажариш учун етарли муддатга эга бўлиши муҳим ҳисобланади.

Шу сабабдан, юклатилаётган вазифаларни амалга ошириш учун талаб қилинадиган ресурслар ва мавжуд имкониятларнинг қиёсий таҳлили натижаси бўйича мазакур вазифалар юклатилишининг мақсадга мувофиқ.


1-мисол: Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Таълим инспекцияси)га таълим ташкилотларига бевосита ташриф буюрган ҳолда ва ташриф буюрмаган ҳолда таълим ташкилотларини текшириш ваколати берилмоқда.


Муаммо: Таълим инспекциясида мазкур ваколатни амалга ошириш учун зарур ресурслар мавжуд эмас.

Хусусан, Таълим инспекциясида ва унинг ҳудудий тузилмасида ушбу фаолиятни амалга оширувчи 83 та штат бирликлари мавжуд бўлса, таълим ташкилотларининг сони 25 мингдан ортиқни ташкил этади.

Шунга кўра, Таълим инспекциясида барча таълим ташкилотларини назорат қилиш имкони мавжуд эмас, бу эса текшириладиган таълим ташкилотини танлаш жараёнида коррупциявий ҳолатларини юзага келтириши мумкин.


Ечим: Таълим инспекциясига зарур штат бирликларини ажратиш ёки таълим ташкилотларини "хавфни таҳлил қилиш" тизими ҳамда электрон дастурий таъминот ёрдамида масофадан туриб назорат қилиш тартибини ёхуд таълим ташкилотларини назорат қилишнинг бошқа муқобил усулларини жорий этиш.


2-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Давлат активларини бошқариш агентилиги давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг фаолияти устидан назорат қилиш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

йиллик ҳисоботларни кўриб чиқиш;

ташкилот йиғилишларида қатнашиш;

муддатдан ташқари йиғилишларни ўтказиш.


Муаммо: мазкур Агентликка самарали назорат амалга ошириш учун етарли ваколатлар берилмаган.


Ечим: Агентликка юқоридагилардан ташқари қуйидаги ваколатларни бериш:

давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятлари фаолиятига оид ҳар қандай маълумотни олиш;

давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларида махсус аудит ўтказиш;

давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг раҳбарларини тайинлаш ёки вазифасидан озод этиш масалалари юзасидан умумий йиғилиш кун тартибига таклифлар киритиш.


3-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Давлат божхона қўмитаси уч ойлик муддатда БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган "ягона дарча" механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган "Ягона дарча" божхона ахборот тизимини ишлаб чиқсин.


Муаммо: мазкур ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун уч ойлик муддат етарли эмас. Хусусан, ахборот дастурни ишлаб чиқиш учун:

ахборот тизимининг паспорти ва концепцияси ишлаб чиқилади ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилади (1-2 ой);

ахборот тизимининг техник топшириғи ишлаб чиқилади ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилади (2-3 ой);

барча ҳужжатлар бўйича ижобий хулосалар олингандан сўнг давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ конкурс (тендер) ўтказилади ва ғолиб билан шартнома тузилади (1 ой).

Шунга кўра, ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари камида 4 ойдан кейин бошланади.


Ечим: "Ягона дарча" божхона ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун муддатни юқоридаги жараёнларни амалга ошириш учун талаб этиладиган муддатларни инобатга олган ҳолда белгилаш.


Кечиктириб тартибга солиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан маълум бир соҳани тартибга солиш, шу жумладан тегишли нормаларни амалга ошириш тартиби (механизмлари) ва шаклларини белгилаш вазифаси маълум бир давлат органига юклатилиши (бевосита ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмасдан) натижасида:

ушбу норма уни амалга ошириш тартиби тасдиқланмагунга қадар ижро қилинмаслигига;

тегишли муносабатларни тартибга солишда давлат органи томонидан тор идоравий манфаатларни кўзлаган ҳолда ҳаракат қилинишига олиб келиши мумкин.

Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

2021 йил 1 январдан марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат танлов савдолари натижалари бўйича амалга оширилади.

Қурилиш вазирлиги капитал қурилишда танлов савдоларини ўтказишнинг тартиби ва шартларини белгилайди.


Муаммо:Қурилиш вазирлиги томонидан тартиб ва шартлар ишлаб чиқилгунга қадар мазкур норманинг ижроси таъминланмайди.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда танлов савдоларини ўтказиш тартиби ва шартлари юзасидан кўрсатмалар назарда тутилмаган бўлиб, бу ваколат ижро этувчи органга берилган. Натижада танлов савдоларини ўтказишда коррупция ҳолатлари вужудга келиши мумкин.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

капитал қурилишда танлов савдоларини ўтказиш тартиби ва шартлари қуйидагилардан иборат:

...

Манфаатлар тўқнашуви

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда шахсий манфаатдорлик (бевосита ёки билвосита) шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятларни олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

товар қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этган тақдирда танлов воситасидаги давлат хариди амалга оширилади.

Бунда шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади.


Муаммо: манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлиги инобатга олинмаган.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

товар қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этган тақдирда танлов воситасидаги давлат хариди амалга оширилади.

Шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Бунда, манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган шахслар танловда қатнашишига йўл қўйилмайди ёки харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим.


Афзалликларнинг асоссиз белгиланиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ҳуқуқий муносабатларнинг бир гуруҳ субъектларига нисбатан бошқаларни тенг бўлмаган, камситувчи аҳволга солувчи афзалликларнинг белгиланишига йўл қўйилмаслиги зарур.


Мисол: айрим давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларга лицензия олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган.


Муаммо: мазкур тоифадаги ташкилотлар томонидан тегишли лицензияни олмасдан фаолиятни амалга ошириши бир қатор салбий ҳолатларга олиб келмоқда, хусусан:

рақобатда бошқа тадбиркорларга нисбатан устунлик;

лицензия талаб ва шартларини четлаб ўтиш имконияти.


Ечим: давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларнинг тегишли лицензияни олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бекор қилиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда кечиктириш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда кечиктириш мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мақсадларига эришишни имконини бермайди.

Бундай ҳолатда давлат органлари тор идоравий манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳужжатни амалга киритилиши кейинга қолдириши мумкин.


1-мисол: тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, у 2020 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатга икки марта ўзгартиришлар киритилиб, ушбу ҳужжат 2021 йил 1 январь ва кейинчалик 2022 йил 1 июлдан кучга кириши белгиланган.


Муаммо: мазкур ҳужжатнинг кучга кириши икки марта, биринчиси 2021 йил 1 январга қадар, иккинчиси 2022 йил 1 июлга қадар қолдирилган.


Ечим: давлат органи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида ҳужжатнинг кучга кириш санасини аниқ таҳлиллар асосида белгилаш ва ҳужжатнинг кучга кириш санасини кейинга қолдирмаслик чораларини кўриш.


Ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўртасидаги номутаносибликлар

Давлат органларида ҳуқуқлар мавжуд бўлганда мажбуриятларнинг мавжуд эмаслиги уларнинг мансаб ваколатларидан четга чиқишига шароит яратади.


1-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан давлат органларига тадбиркорлик субъектларини жойига чиққан ҳолда текшириш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлар берилган. Бироқ, давлат органининг тадбиркорлик субъектлари олдидаги уларнинг фаолиятини текшириш билан боғлиқ мажбуриятлари назарда тутилмаган.


Муаммо: давлат органининг тадбиркорлик субъектини текшириш жараёнидаги мажбуриятлари мавжуд эмаслиги, унинг тегишли ҳуқуқларидан чегарасиз фойдаланиши орқали ваколат доирасидан четга чиқишига шароит яратиб беради.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

давлат органи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

...

Маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ коррупциявий омиллар

Маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги


Давлат органлари томонидан тегишли ҳаракатларни бажариш тартибининг мавжуд эмаслиги натижасида зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланади, давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ортиқча бюрократик тўсиқларнинг яратилиши орқали коррупциявий ҳолатлар юзага келади.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги асосан қуйидагиларда кўринади:

давлат органининг ҳаракатлари ва ваколатларини амалга ошириш тартибга солинмаганлиги;

ваколатларни бажариш процессуал тартибининг белгиланмаганлиги;

давлат органлари томонидан маъмурий тартиб-таомилларни бажариш учун асосларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги;

қабул қилинаётган қарорни асослаб бериш мажбуриятининг мавжуд эмаслиги;

ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги;

жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳуқуқларни амалга оширишнинг аниқ тартибга солинмаганлиги;

амалга оширилишининг аниқ механизмига эга бўлмаган нормаларнинг мавжудлиги.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми ўрнатилган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади.


Муаммо: маҳсулотларнинг турларига аниқлик киритилмаган, шунингдек маҳсулотларнинг "бир қисми"ни шакллантиришнинг механизми белгиланмаган.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга иловасида келтирилган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг 30% фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади.


Белгиланган қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз ўрнатилиши

Тегишли соҳада фаолият юритиш учун барча иштирокчиларга ягона тартиб ва қоидалар ўрнатилган бўлиши лозим.

Шунингдек, очиқлик (шаффофлик)ни ҳамда ҳаммага тенг имконият яратиш ва рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида тегишли ҳуқуқни олишнинг танлов (аукцион) тартибидан фойдаланилади.

Ҳуқуқни олишнинг аниқ тартиби, шу жумладан танлов (аукцион) ўтказиш тартиби белгиланган тақдирда ҳам, муайян шахслар ўз манфаатлари асосида ушбу ҳуқуқни тўғридан-тўғри олишга ҳаракат қилишлари мумкин.

Шу сабабдан, белгиланган қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас ҳисобланади.


Мисол: бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат танлов савдолари натижалари бўйича амалга оширилиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги назарда тутилган.

Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан маълум бир давлат органига танлов савдоларини ўтказмасдан капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар харидини амалга ошириш рухсат берилган.


Муаммо: мазкур ҳолат соҳада очиқлик ва рақобат муҳитини таъминлаш имконини бермайди, шунингдек давлат харидларида коррупциявий ҳолатлари ҳамда "картель" келишувларнинг вужудга келишига олиб келади.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат танлов савдолари натижалари бўйича амалга оширилади.

Танлов савдоларини ўтказмасдан капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар харидини амалга ошириш тақиқлансин.


Ортиқча ва асоссиз талабларнинг ўрнатилганлиги

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва (ёки) оғирлаштирилган талабларни ўз ичига олган нормаларнинг белгиланиши оқибатида жисмоний ва юридик шахслар ушбу талабларни жавобгарликсиз бажармаслик чораларини излаши мумкин.

Шу сабабдан, жисмоний ва юридик шахсларнинг эркинлигини чеклашга олиб келиши мумкин бўлган, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва фаолиятини сабабсиз ва асоссиз тартибга солинишида ифодаланиладиган муносабатларнинг ҳаддан ташқари ортиқча ҳуқуқий тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас.

Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакасини ошириш фаолиятини шуғулланиш учун лицензия шартлари қуйидагилардан иборат:

...

бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган давлат талабларига мувофиқ уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтентга эга автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш учун алоҳида ишлаб чиқилган электрон ўқув-услубий қўлланмалар билан аккредитация муддатига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан таъминланганлиги ҳақидаги ҳужжат;

автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ малака ошириш курсларида билимлар ўзлаштирилишини аниқлаш учун анимация эффектларига эга ягона тест дастурининг аккредитация муддатига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан таъминланганлиги ҳақидаги ҳужжат.


Муаммо: амалиётда аксарият лицензия талабгорларида ушбу ҳужжатларни тақдим этиш имконияти мавжуд эмас.

Шунга кўра, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакасини ошириш фаолиятини лицензиялаш жараёни жуда мураккаб, лицензия талаб ва шартлари юқори ҳамда мазкур фаолият билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектларини қисқартиришга, соҳада ягона хизмат кўрсатувчи монопол ташкилот статусини сақлаб қолишга қаратилган.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ўрнатилган лицензия талаб ва шартлардаги бажарилиши қийин бўлган ва оғирлаштирилган талабларни, шунингдек рақобатни чекловчи қоидаларни чиқариб ташлаш зарур.


Вақт чегараларининг аниқ белгиланмаганлиги

Муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги, асосли сабабларсиз белгиланган муддатни чўзиш ёки қисқартириш имкониятини назарда тутиш коррупция ҳолатларини келитириб чиқариши мумкин.

Вақт чегаралари аниқ белгиланмаслиги оқибатида давлат хизматчилари маълум бир ҳаракатни амалга оширишни ўз манфаатлари йўлида кечиктириш ёки тезлаштириш хавфи юзага келади.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди.


Муаммо: ушбу ҳолатда давлат ижрочиси ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун муддатни ўз манфаатларидан келиб чиқиб белгилаши мумкин.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш муддатини аниқ белгилаш зарур.


Тўлов миқдорлари аниқ белгиланмаганлиги

Коррупцияни олдини олиш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорлари аниқ белгиланиши зарур.

Мазкур тўловлар миқдорлари қатъий белгиланмаганлиги натижасида давлат органлари ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда тўловлар миқдорини камайтириши ёки кўпайтириши мумкин.


Мисол: ички ишлар органлари паспортларни заруриятга қараб кўпи билан 15 кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда БҲМ деб юритилади) 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган миқдордаги давлат божи тўлангандан сўнг тақдим этади.


Муаммо: давлат божи миқдори аниқ кўрсатиб ўтилмаганлиги натижасида мансабдор шахс ушбу миқдорни ўз ихтиёрига кўра белгилайди, бу эса коррупция ҳолатларини вужудга келтириши мумкин.


Ечим: Ички ишлар вазирлиги паспортларни қуйидаги муддатларда ва тўловларда тақдим этади:

15 кун ичида - БҲМнинг 1 баравари;

5 кун ичида - БҲМнинг 3 баравари;

24 соат ичида - БҲМнинг 5 баравари миқдоридаги давлат божи тўланганда.


Санкцияларнинг номутаносиблиги

Ноаниқ ва кенг талқин қилиниши мумкин бўлган санкциялар давлат органларига жисмоний ва юридик шахслардан ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда (пора эвазига) санкция даражасини белгилаш имкониятини беради.

Шунингдек, санкцияларнинг даражаси тегишли ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий аҳмияти ва оқибатлари билан мутоносиб бўлиши лозим.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш - фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Муаммо: биринчидан, жарима миқдори ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий аҳмияти ва оқибатларига нисбатан жуда юқори, иккинчидан, санкциянинг минимал ва максимал миқдорлари ўртасидаги фарқ уларни тайинлаш мезонлари мавжуд бўлмай туриб сезиларли даражада юқори қилиб белгиланган.

Мазкур ҳолат мансабдор шахсга асоссиз равишда ўз ихтиёрига кўра санкция миқдорини белгилаш ҳуқуқини беради.


1-ечим: жарима миқдорини қатъий белгилаш (мисол учун, БҲМнинг 40 баравари миқдорда жарима солинишини белгилаш);


2-ечим: санкциянинг минимал ва максимал миқдорлари ўртасидаги фарқни қисқартириш ҳамда уларни белгилашнинг аниқ мезонларини ўрнатиш.


Чора-тадбирларни амалга оширишнинг молиялаштириш манбалари ноаниқлиги

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат органига молиялаштириш манбаси ноаниқ бўлган чора-тадбирни амалга оширишнинг юклатилиши натижасида ушбу чора-тадбир ижроси таъминланмасдан қолиши ёки фуқаролар ёхуд тадбиркорлик субъектларини маълум манфаат йўлида ноқонуний ҳомийликка жалб этишга олиб келиши мумкин.

Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидиялаш бўйича қўшимча кўмак кўрсатилиши белгиланган.


Муаммо: субсидиялаш манбаси, тартиби ва уни амалга оширишга масъул бўлган ташкилот кўрсатилмаган.


Ечим: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидиялаш бўйича қўшимча кўмак кўрсатилишини таъминласин:

...

Назорат билан боғлиқ коррупциявий омиллар

Шикоят қилиш тартибининг мавжуд эмаслиги

Давлат органларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги нормаларнинг, шунингдек уларнинг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилиш тартибининг мавжуд эмаслиги мансабдор шахсларга ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига шароит яратади.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда тегишли таълим муассасасига ўқишга кириш учун тест имтиҳонларини ўтказиш тартиби белгиланган.


Муаммо: мазкур ҳужжатда тест имтиҳонлари натижасидан ёки тест ўтказиш жараёнларидан норози бўлган шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқи ва тартиби белгиланмаганлиги оқибатида тест натижаларининг соҳталаштириш ҳолатлари юзага келиши мумкин.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

таълим муассасасида имтиҳонлар ўтказилиши даврида шикоятларни кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси иши ташкил этилади.

Шикоятлар имтиҳон натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб икки кун ичида қабул қилинади ва аппеляция комиссияси томонидан бир кунлик муддатда шикоят қилган шахслар иштирокида кўриб чиқилади.

...

Шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашдаги бўшлиқлар

Жамоатчилик назорати шаффофлик ва қонунийликни таъминлашнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади.

Шунга кўра, давлат органларининг фаолияти тўғрисидаги ҳамда улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровлари юзасидан маълумотларни тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги ахборотни (бундан қонун билан қўриқланадиган сирни ташкил этувчи ахборотлар мустасно) ошкор этишни назарда тутувчи нормалар белгиланиши керак.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.


Муаммо: "мустақил" атамаси нимани англатади? Ушбу ташкилот устидан назорат амалга оширилмайдими?


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қуйидаги масалар юзасидан жамоатчиликка ўз фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этади:

...

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Назорат кенгаши таркибига жамоатчилик вакиллари киритилади.


Давлат органларининг фаолияти устидан назорат қилишнинг шакллари ва турлари белгиланмаганлиги


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат органлари томонидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш тартиби белгиланган бўлиб, давлат органларининг фаолиятини назорат қилиш тартиби кўрсатилмаган бўлса давлат органи ушбу фаолиятни ҳужжатда белгиланган тартибга риоя қилмасдан ўз манфаатлари нуқтаи назардан амалга ошириши мумкин.


Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга берилиши белгиланган.


Муаммо: давлат органлари томонидан ер участкаларини бериш тартиб-таомилларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш тартиби белгиланмаган.


Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат:

Давлат хизматлари марказлари, прокуратура органлари ва адлия органлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартибига сўзсиз риоя этилиши бўйича тизимли назорат ва мониторингни амалга оширади.

Тизимли назорат ва мониторинг ер участкаси материалларини тайёрлаш жараёнига аралашмасдан, "YERELEKTRON" ААТ орқали амалга оширилади.

...

            





Низомга

3-ИЛОВА



Коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича

ЧЕКЛИСТ

Йўналишлар


Коррупциявий омиллар


Жавоблар


Коррупциявий омил

мавжуд норма ва

унинг асоси


Нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ коррупциявий омиллар


Сўзларнинг нотўғри қўлланилиши


бор


йўқ



Ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилганлиги


бор


йўқ



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги


бор


йўқ



Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ коррупциявий омиллар


Дискрецион ваколатларнинг кенглиги


бор


йўқ



Аниқ белгиланмаган ваколатлар


бор


йўқ



Давлат органларининг такрорловчи ваколатлари ва вазифаларнинг мавжудлиги


бор


йўқ



Давлат органи томонидан ўзининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши


бор


йўқ



Вазифа ёки топшириқни бажариш учун ижрочида етарли ваколатлар ва ресурсларнинг мавжуд эмаслиги


бор


йўқ



Кечиктириб тартибга солиш


бор


йўқ



Манфаатлар тўқнашуви


бор


йўқ



Афзалликларнинг асоссиз белгиланиши


бор


йўқ



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда кечиктириш


бор


йўқ



Ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўртасидаги номутаносибликлар


бор


йўқ



Маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ коррупциявий омиллар


Маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги


бор


йўқ



Белгиланган қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз ўрнатилиши


бор


йўқ



Ортиқча ва асоссиз талабларнинг ўрнатилганлиги


бор


йўқ



Вақт чегараларининг аниқ белгиланмаганлиги


бор


йўқ



Тўлов миқдорлари аниқ белгиланмаганлиги


бор


йўқ



Санкцияларнинг номутаносиблиги


бор


йўқ



Чора-тадбирларни амалга оширишнинг молиялаштириш манбалари ноаниқлиги


бор


йўқ



Назорат билан боғлиқ коррупциявий омиллар


Шикоят қилиш тартибининг мавжуд эмаслиги


бор


йўқ



Шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашдаги бўшлиқлар


бор


йўқ



Давлат органларининг фаолияти устидан назорат қилишнинг шакллари ва турлари белгиланмаганлиги


бор


йўқ



           





Низомга

4-ИЛОВА


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар

лойиҳаларини коррупцияга қарши мустақил

ва илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича

ХУЛОСА

___________ йил

_______-сон

Мустақил (илмий) эксперт



(Ф.И.О.)

томонидан



(норматив-ҳуқуқий ҳужжат (лойиҳаси) номи (ишлаб чиқувчи) ва реквизитлари)

коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди ва натижаси бўйича қуйидагилар маълум қилинади.


1. Нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ бўлган коррупциявий омилларнинг мавжудлиги: мавжуд / мавжуд эмас.

- коррупциявий омил мавжуд норма: ________________________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик: _________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий омилни бартараф этиш бўйича таклиф: ________________________________________________________.


2. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омилларнинг мавжудлиги: мавжуд / мавжуд эмас.

- коррупциявий омил мавжуд норма: ________________________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик: __________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий омилни бартараф этиш бўйича таклиф: _______________________________________________________.


3. Маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омилларнинг мавжудлиги: мавжуд / мавжуд эмас.

- коррупциявий омил мавжуд норма: ________________________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик: ___________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий омилни бартараф этиш бўйича таклиф: ________________________________________________________.


4. Назорат билан боғлиқ бўлган коррупциявий омилларнинг мавжудлиги: мавжуд / мавжуд эмас.

- коррупциявий омил мавжуд норма: ________________________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик: ___________________.

- келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий омилни бартараф этиш бўйича таклиф: _______________________________________________________.

5. Бошқа турдаги коррупциявий омилларнинг мавжудлиги:

     

       

Эксперт тўғрисидаги маълумотлар

ФИО:



(шахсий имзо)

Реестр рақами:


Тел:


Электрон почта манзили:



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 24 февраль







































Время: 0.0263
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск