Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида Низом (ЎзР ОК 02.09.1993 й. 927-ХII-сонли қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎзР Олий Кенгашининг

1993 йил 2 сентябрдаги

927-ХII-сонли Қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида

НИЗОМ

(Эски таҳрири)


I БЎЛИМ. СУДЬЯЛАРНИНГ МАЛАКА ҲАЙЪАТИНИ

САЙЛАШ ТАРТИБИ, УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


1. "Судлар тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ судьяларнинг малака ҳайъатлари судьялар билан ишлашда, демократик асосларни кучайтириш, судда ишлаш учун муносиб номзодлар танлаш ҳамда судьялар мустақиллиги кафолатларини таъминлаш мақсадида тузилади.


2. Судьяларнинг олий малака ҳайъатини Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Олий суд Раисининг тақдимномасига биноан Олий суд судьяларидан беш йил муддатга сайлайди.

Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъатини Олий хўжалик суди Пленуми Олий хўжалик суди Раисининг тақдимномасига биноан хўжалик судлари судьяларидан беш йил муддатга сайлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли ҳудудлардаги судьяларнинг йиғишларида, ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати эса - ҳарбий судлар судларининг йиғилишларида, тегишли судлар раисларининг тақдимномасига биноан беш йил муддатга сайланади.


3. Судьяларнинг малака ҳайъатлари аъзолари сони уларнинг иш ҳажмига қараб белгиланади, аммо ҳайъат раиси ва унинг ўринбосарлари билан биргаликда тўққиз кишидан ошиб кетмаслиги керак.


4. Олий малака ҳайъати, судьяларнинг малака ҳайъатлари ўз фаолиятлари тўғрисида ўзларини сайлаб қўйган органларга бир йилда камида бир марта ахборот берадилар.


5. Олий малака ҳайъати, Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялигига, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарлигига, хўжалик суди судьялигига номзодларнинг шу лавозимларда ишлашга тайёрлигини баҳолайди;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларини, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарларини, хўжалик суди судьяларини малака аттестациясидан ўтказади;

3) судьяларга малака даражалари беради;

4) судьяларни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш масаласини кўради;

5) Олий суд судьяларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарларининг, хўжалик суди судьяларининг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни кўради;

6) Олий суд судьяларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарларининг, хўжалик суди судьяларининг ваколатларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

7) судьянинг ваколатларини тугатиш ҳақида хулоса беради.

Судьяларнинг олий малака ҳайъати бундан ташқари судьялар малака ҳайъатларининг қарорлари устидан берилган тақдимнома ва шикоятларни ҳам кўради.


6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди ва Қуролли Кучлар ҳарбий судлари судьяларининг малака ҳайъатлари:

1) Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туман (шаҳар) ва ҳарбий судлар судьялигига номзодларнинг шу лавозимларда ишлашга тайёрлигини баҳолайди;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туман (шаҳар) ва ҳарбий судлар судьяларини малака аттестациясидан ўтказади;

3) судьяларни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш масаласини кўради;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туман (шаҳар) ва ҳарбий судлар судьяларининг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни кўради;

5) Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туман (шаҳар) ва ҳарбий судлар судьяларининг ваколатларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

6) судьянинг ваколатларини тугатиш ҳақида хулоса беради.


7. Малака ҳайъатларининг мажлислари заруриятга қараб ўтказилади.

Судьяларнинг малака ҳайъати ўз ваколатларини ҳайъат аъзоларининг ярмидан кам бўлмаган таркибида амалга оширади.

Ҳайъат мажлисига тайёргарлик малака ҳайъати раиси ёки унинг топшириғига биноан раис ўринбосари, ёхуд малака ҳайъатининг бирон-бир аъзоси томонидан таъминланади.

Судьялар малака ҳайъатининг мажлиси тегишли тақдимнома ёки интизомий иш келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддат ичида ўтказилиши лозим.

Судьялар малака ҳайъатининт раиси мажлис ўтказиш вақти ва жойини белгилайди, бу ҳақда кўрилаётган масалага алоқадор бўлган шахсларга олдиндан хабар берилади.

Судьялар малака ҳайъати ўз ваколатини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни суд, адлия, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмалари раҳбарларидан, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.


8. Раислик этувчи малака ҳайъати мажлисини белгиланган вақтда очади ва қандай масала кўрилажагини, ҳайъат таркибини эълон қилади.

Мажлисда иштирок этаётган ҳайъат аъзоси ўзига отвод бериши, ҳайъат мажлисида масаласи кўрилаётган судья ёки судьяликка номзод малака ҳайъати аъзоларига отвод бериши мумкин.

Ўз ўзига берилган ёки ҳайъат аъзосига берилган отводни қабул қилиш масаласи ҳайъат аъзолари томонидан ёпиқ маслаҳатда ҳал этилади.

Масалани кўриш раислик этувчининг ёки тақдим этилган ҳужжатларни олдиндан ўрганиб чиққан ҳайъат аъзоларидан бирининг маърузаси билан бошланади. Малака ҳайъати ваколатига тааллуқли ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларнинг моҳиятига қараб, ҳайъат мажлисига таклиф қилинган шахсларнинг фикри эшитилади, зарур ҳужжат ва материаллар таҳлил қилинади. Сўнгра ҳайъат ўз хулосасини чиқаради ёки тегишли қарор қабул қилади. Малака ҳайъати мажлисида ёзма баён юритилади ва у раислик этувчи ҳамда ҳайъат котиби томонидан имзоланади.


9. Хулоса ёки қарор ёпиқ маслаҳатда, шу мажлисда иштирок этган ҳайъат аъзоларининг кўпчилик овози билан асослантирилган ҳолда қабул қилиниб, ҳайъат аъзолари томонидан имзоланади ва эълон қилинади.

Иш бўйича қабул қилинган қарордан норози бўлган ҳайъат аъзоси қарорга имзо қўймайди ва ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда мажлис баёнига илова қилади.


10. Малака ҳайъати судьяларнинг маъмурий ва интизомий жавобгарлиги ҳамда ваколатларини тўхтатиб туриш ҳақидаги масалалар бўйича қарор, бошқа масалалар бўйича эса хулоса чиқаради.


11. Қарор ва хулосада ҳайъатнинг номи, унинг таркиби, иш кўрилган вақт ва жой; иши кўрилаётган судьянинг мансаби, фамилияси, исми, отасининг исми; интизомий иш қўзғатган ёки тақдимнома киритган шахснинг мансаби ва фамилияси; иш ҳолатлари; судьянинг баёноти ва унинг шахсини тавсифловчи маълумотлар; қабул қилинган қарор ёки хулосанинг далилий асослари; интизомий таъсир чораси белгилаш ёки интизомий ишни ҳаракатдан ётқизиш асослари; қарор (хулоса) устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари кўрсатилиши лозим.


12. Олий малака ҳайъати ва Хўжалик судлари малака ҳайъатининг қарор ва хулосалари устидан шикоят қилинмайди.

Судьяларнинг бошқа малака ҳайъатлари қарорлари ва хулосалари устидан жавобгарликка тортилган судья, шунингдек тақдимнома киритган ёки интизомий иш қўзғатган шахс Олий малака ҳайъатига шикоят келтириши мумкин.

Масалани қайта кўриш тўғрисидаги шикоят ёки тақдимномалар қарор қабул қилинган ёки хулоса чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида судьяларнинг тегишли малака ҳайъати орқали берилади.

Шикоят ёки тақдимнома тушгандан сўнг материаллар зудлик билан Олий малака ҳайъатига юборилиши лозим.

Олий малака ҳайъати шикоят ёки тақдимнома билан келган материални бир ой муддат ичида кўриб чиқиши лозим.


13. Судьяларнинг Олий малака ҳайъати:

қарор ёки хулосани ўзгаришсиз, шикоят ёки тақдимномани эса қаноатлантирмай қолдиришга;

қарор ёки хулосани бекор қилиш ва материални янгидан кўриш учун юборишга;

қарор ёки хулосани бекор қилиб, материални ўз иш юргизишига олишга;

қарорни бекор қилиб, интизомий ишни ҳаракатдан ётқизишга;

қарорни ўзгартириш ва судьяга бошқа интизомий таъсир чораси қўллашга ҳақлидир.

Олий малака ҳайъатининг, ҳарбий судлар судьялари малака ҳайъатининг ва Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъатининг хулосаси ёки қарори тегишлича Олий суд Раисига ва Олий хўжалик суди Раисига, қуйи судларнинг судьяларига тааллуқли масалалар бўйича эса - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига юборилади; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судьялари малака ҳайъатларининг хулоса ёки қарорлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига ва тегишли адлия ҳамда суд органлари раҳбарларига, масаласи кўрилган судьяга беш кунлик муддат ичида юборилади.



II БЎЛИМ. СУДДА ИШЛАШГА ТАЙЁРЛИКНИ

БАҲОЛАШ ВА МАЛАКА ИМТИҲОНИ ЎТКАЗИШ


14. Судьяликка номзодларнинг тайёрлигига баҳо бериш ва малака имтиҳони:

Олий суд судьялигига, Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарлигига - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг тақдимномасига кўра Олий малака ҳайъати томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раиси ва раис ўринбосарлигига - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тақдимномасига кўра Олий малака ҳайъати томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялигига - мазкур судлар раисларининг тақдимномасига кўра судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан;

туман (шаҳар) судларининг судьялигига тегишинча - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири, адлия бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига кўра судьяларнинг малака ҳайъати томонидан;

ҳарбий судларнинг судьялигига - Қуролли Кучлар ҳарбий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси билан келишилган тақдимномасига биноан ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати томонидан;

хўжалик судларининг судьялигига - Олий хўжалик суди Раисининг тақдимномасига биноан Хўжалик судларининг малака ҳайъати томонидан ўтказилади.

Судьяларнинг малака ҳайъатига зарур ҳужжатлар тақдим этилади.


15. Судьяликка номзоднинг малака имтиҳони у билан суҳбат ўтказиш, оғзаки саволларга жавоб олиш, тегишли малака ҳайъати томонидан тасдиқланган амалий мисолларни ечишдан иборат бўлади.


16. Судьяларнинг малака ҳайъати судьяликка номзоднинг малака имтиҳонидан ўтган ёки ўтмаганлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Малака имтиҳонини топшира олмаган судья ёки судьяликка номзод камида бир йилдан кейин қайтадан имтиҳонга қўйилиши мумкин.


17. Малака ҳайъатининг номзодни юқори судьялик лавозимига тавсия этиш мумкинлиги ҳақидаги хулосаси тегишли суд раисининг тақдимномасига биноан берилади.


18. Судья ёки судьяликка номзоднинг тайёрлиги ҳақидаги қарор малака ҳайъати раиси томонидан тақдимнома киритган суд ёки адлия органи раҳбарига юборилади.



III БЎЛИМ. СУДЬЯЛАРНИ МАЛАКА

АТТЕСТАЦИЯСИДАН ЎТКАЗИШ ВА УЛАРГА

МАЛАКА ДАРАЖАЛАРИ БЕРИШ ТАРТИБИ


19. Судьяларнинг малака аттестацияси Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ва судьялар таркибининг сифатини яхшилаш, уларнинг касб малакасига баҳо бериш, уларни рағбатлантириш, одил судловни амалга ошириш масъулиятини кўтариш мақсадида ўтказилади.


20. Малака аттестацияси:

Олий суд судьялари, Қуролли Қучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарларига нисбатан-Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг тақдимномасига биноан Олий малака ҳайъати томонидан:

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарларига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тақдимномасига биноан Олий малака ҳайъати томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларига нисбатан - ушбу судлар раисларининг тақдимномасига биноан судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан;

туман (шаҳар) судларининг судьяларига нисбатан - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири, адлия бошқармалари бошлиқларининг тақдимномаларига биноан судьяларнинг малака ҳайъати томонидан;

гарнизон ҳарбий судлари судьяларига нисбатан - Қуролли Кучлар ҳарбий суди раисининг тақдимномасига биноан ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати томонидан;

хўжалик судлари судьяларига нисбатан - Олий хўжалик суди Раисининг тақдимномасига биноан Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати томонидан ўтказилади.


21. Биринчи марта судьялик лавозимига тайинланган (сайланган), лекин малака даражасига эга бўлмаган шахслар иш фаолиятларининг дастлабки уч ойи ичида малака аттестациясидан ўтадилар.

Судьяларнинг навбатдаги малака аттестацияси уларга берилган малака даражаси муддати тамом бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ўтказилади.

Судьяга муддатидан олдин юқорироқ малака даражаси бериш учун унга аввал берилган малака даражасида бўлиш муддатидан ярми ўтгандан кейингина навбатдаги малака аттестацияси ўтказилиши мумкин.


22. Малака аттестациясидан ўтказилиши лозим бўлган судьяга аттестация ўтказиш учун белгиланган муддатдан камида бир ой олдин унинг касб фаолияти акс эттирилган тавсифнома ва иши ҳақида маълумотнома тузилади.

Тегишли суд ва адлия органларининг раҳбарлари судьяни унга нисбатан тузилган тавсифнома ва тузилган маълумотномалар билан материалларни тегишли малака ҳайъатларига юборишдан олдин таништиришлари лозим.

Малака аттестацияси ўтказиладиган вақт ҳақида судьяга икки ҳафта олдин хабар қилиниши керак.


23. Малака аттестацияси тақдимнома тушган кундан бошлаб бир ой ичида, одатда аттестациядан ўтувчи судьянинг иштирокида ўтказилади.

Малака ҳайъатининг мажлисида тақдимнома киритган суд ва адлия органларининг раҳбарлари қатнашишлари мумкин.


24. Судьяни аттестациядан ўтказиш раислик этувчи ёки тақдим қилинган ҳужжат ва материалларни олдиндан ўрганиб чиққан ҳайъат аъзоларидан бирининг маърузаси билан бошланади. Шундан сўнг аттестациядан ўтувчининг баёноти, лозим бўлган ҳолларда, судьяни аттестациядан ўтказиш тўғрисида тақдимнома юборган мансабдор шахснинг фикри эшитилади.


25. Малака ҳайъати судьянинг билими, иш маҳорати, иш стажи ва тажрибасидан, эгаллаб турган лавозимидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги хулосаларнинг бирини беради;

судьяга малака даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;

судьяга юқорироқ малака даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;

судьяни илгари берилган малака даражасида қолдириш тўғрисида.

Малака ҳайъатининг хулосаси аттестация материаллари билан биргаликда Олий малака ҳайъатига юборилади.


26. Олий малака ҳайъати судьяларнинг малака ҳайъатлари хулосалари асосида судьяга малака даражаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ушбу масалани Олий малака ҳайъати тегишли малака ҳайъатлари чиқарган хулосалар билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳал этади.


27. Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати хўжалик судлари судьяларига юқорида кўрсатилган тартибда малака даражаси беради.


28. Тегишли малака ҳайъатининг малака даражаси бериш тўғрисидаги қарори судьянинг шахсий ишига қўшиб қўйилади.



IV БЎЛИМ. СУДЬЯЛАРНИНГ ИНТИЗОМИЙ

ЖАВОБГАРЛИГИ ҲАҚИДАГИ ИШЛАРНИ

КЎРИШ ТАРТИБИ


29. Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 73-моддасига мувофиқ судья:

1) одил судловни амалга ошириш чоғида қонунчиликни бузганлиги учун;

2) суд ишини ташкил этишдаги бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари, хизмат соҳасидаги ёки бошқа обрўсини тўкадиган хатти-ҳаракати учун интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ҳарбий суд судьяси, шунингдек ҳарбий интизомни бузганлиги учун ҳам интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, шу қарорни чиқаришда қатнашган судья қонунни била туриб бузмаган ёки жиддий оқибатларга олиб келган диёнатсизликка йўл қўймаган бўлса, унинг интизомий жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.


30. Олий малака ҳайъати:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларининг;

3) Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарларининг интизомий жавобгарлиги ҳақидаги ишларни кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари ўз ваколатлари доирасида судьяларнинг интизомий жавобгарлиги ҳақидаги ишларни кўрадилар.

Ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъати ўз ваколати доирасида ҳарбий судлар судьяларининг интизомий жавобгарлиги ҳақидаги ишларни кўради.

Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати хўжалик судлари судьяларининг интизомий жавобгарлиги ҳақидаги ишларни кўради.


31. Интизомий иш қўзғатиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси - Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларига нисбатан;

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди раислари - шу судлар судьялари, туман (шаҳар) судлари судьяларига нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати раиси-ҳарбий судлар судьяларига нисбатан;

Қуролли Кучлар ҳарбий суди раиси - шу суд судьялари ва гарнизон ҳарбий судлари судьяларига нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири - Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судларининг раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларига нисбатан;

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири, адлия бошқармалари бошлиқлари - туман (шаҳар) судлари раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларига нисбатан;

Олий хўжалик суди Раиси - хўжалик судлари судьяларига нисбатан.

Тегишли судларнинг раҳбарлари ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган асослар бўйича интизомий иш қўзғатишлари мумкин.

Адлия органлари раҳбарлари ушбу Низом 29-бандининг 2-бандчасида кўрсатилган асослар бўйича интизомий иш қўзғатишлари мумкин.


32. Интизомий иш қўзғатиш ҳақида тегишли судларнинг раҳбарлари қарор, адлия органларининг раҳбарлари эса - буйруқ чиқарадилар. Қарор ёки буйруқда дастлаб ўтказилган текширувда аниқланган ва интизомий иш қўзғатишга сабаб бўлган асослар кўрсатилиши шарт. Қарор ёки буйруқ зарур материаллар билан бирга кўриб чиқиш учун судьяларнинг тегишли малака ҳайъатига юборилади.

Интизомий иш қўзғатувчи шахс судьяни жавобгарликка тортиш асосига даҳлдор бўлган маълумотларни олдиндан текширади ва ундан ёзма тушунтириш талаб қилади.

Материаллар малака ҳайъатига юборилишидан аввал устидан интизомий иш қўзғатилган судья улар билан таништирилиши шарт. Бунда судья қўшимча изоҳлар тақдим этишга ёки қўшимча текширув ўтказишни талаб қилишга ҳақли.


33. Интизомий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарор ёки буйруқ уни қўзғатган шахс томонидан ишни малака ҳайъатида кўриб чиқиш бошлангунга қадар чақириб олиниши мумкин.

Ўзига нисбатан интизомий иш қўзғатиш тўғрисида қарор ёки буйруқ чақириб олинаётган судья малака ҳайъатидан ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли.


34. Судья, ножўя хатти-ҳаракат қилганлиги аниқланган кундан бошлаб хизмат текширувларига кетган вақт, судьянинг узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган вақти ҳамда малака ҳайъатида интизомий ишни кўриб чиқишга кетган вақтни ҳисобламаган ҳолда бир ой ичида, ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб эса - бир йил ичида интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.


35. Зарур ҳолларда, ишни кўриб чиқиш бошлангунга қадар судьяни интизомий жавобгарликка тортиш асослари қўшимча равишда текширилади. Бундай текширишни ҳайъат раиси топшириғига кўра ҳайъат аъзоларининг бири бажаради. Текшириш пайтида қўшимча ҳужжат ва материаллар, шунингдек кўриб чиқиш чоғида судья қонун бузилишига йўл қўйган суд ишлари ҳам талаб қилиб олиниши мумкин.


36. Тегишли малака ҳайъати қуйидаги қарорларнинг бирини чиқариши мумкин:

интизомий таъсир чораси қўллаш тўғрисида;

интизомий ишни ҳаракатдан ётқизиш тўғрисида;

интизомий иш материалларини судьянинг ваколатини тугатиш масаласини қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган органларга юбориш тўғрисида.

Башарти, судьянинг ваколатини тугатиш масаласини қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган орган бунга асос йўқ деб топса, интизомий иш малака ҳайъатига қайтарилади ва иш юритиш қайтадан бошланади. Дастлабки қарор чиққан кундан ишни қайтаргунгача кетган вақт интизомий жавобгарликка тортиш муддатларига кирмайди.


37. Тегишли малака ҳайъати қуйидаги интизомий таъсир чораларининг бирини қўллаши мумкин:

1) танбеҳ;

2) ҳайфсан;

3) қаттиқ ҳайфсан.

Интизомий таъсир чоралари қўллаш чоғида қонун бузилишининг хусусияти ва унинг оқибатлари, ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллиги, судьянинг шахси, унинг айбдорлик даражаси ҳисобга олинади.


38. Тегишли малака ҳайъати:

судья интизомий жавобгарликка асоссиз тортилган бўлса;

ушбу Низомнинг 34-бандида назарда тутилган интизомий жавобгарликка тортиш муддатлари ўтказиб юборилган бўлса;

интизомий ишни муҳокама этиш билангина чегараланиб, интизомий таъсир чораси қўллаш мақсадга мувофиқ эмас деб топса, интизомий ишни ҳаракатдан ётқизади.



V БЎЛИМ. СУДЬЯНИНГ ВАКОЛАТИНИ ТЎХТАТИШ


39. "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 71-моддасига биноан тегишли малака ҳайъатининг қарорига асосан судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда, агар:

судья лавозимига зид фаолият билан шуғулланса;

судья тиббий тартибдаги мажбурий даволаш чораларига тортилган ёинки қонуний кучга кирган суднинг қарори ёки ажрими билан муомала лаёқати чекланса;

судья суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилса тўхтатилиши мумкин.

Тегишли судьялар малака ҳайъати судьянинг ваколатини уни тўхтатиш сабаби тугагунга қадар тўхтатиб туради.



VI БЎЛИМ. СУДЬЯНИНГ ВАКОЛАТЛАРИНИ

ТУГАТИШ ТАРТИБИ


40. Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 72-моддасига кўра судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда тегишли малака ҳайъатининг хулосаси асосида тугатилади, агар:

судьялик қасамёдини бузса;

судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан огоҳлантирилганлигига ёки ваколатинининг тўхтатилганлигига қарамасдан ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттирса;

судьянинг соғлиғи ёмонлашганлиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт давомида судьялик вазифаларини бажара олмаса.

Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 72-моддасида кўрсатилган бошқа асослар бўйича судьянинг ваколатлари қуйидаги тартибда, чунончи:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди судьяларига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Олий Мажлис томонидан;

вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар), ҳарбий судлар судьяларига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг хулосасига асосланган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

хўжалик судлари судьяларига нисбатан - Олий хўжалик суди Раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьяларига нисбатан Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгеси Раисининг белгиланган тартибдаги тақдимномасига биноан Жоқарғи Кенгес томонидан тугатилади.


41. Судьяларнинг ваколатларини тугатиш масаласида малака ҳайъатига тақдимнома киритиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси - Олий суд ва ҳарбий судлар судьяларига нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси ва Адлия вазири - Ўзбекистон Республикаси бошқа судларининг судьяларига нисбатан (уларнинг биргаликдаги тақдимномасига кўра);

Олий хўжалик суди Раиси - хўжалик судлари судьяларига нисбатан.


42. Судьяларнинг ваколатларини тугатиш ҳақидаги тақдимнома ва материаллар:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларига, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Қуролли Кучлар ҳарбий судлари раислари ва раис ўринбосарларига нисбатан - Олий малака ҳайъатига;

бошқа судларнинг судьяларига нисбатан - тегишли малака ҳайъатларига киритилади.


43. Судьяларнинг малака ҳайъати судьянинг ваколатларини тугатиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, унинг ваколатларини тугатишга розилик бериш ёки бермаслик тўғрисида хулоса беради.

Малака ҳайъатининг хулосаси беш кундан кечиктирилмасдан тақдимнома киритган шахсга юборилади.


























Время: 0.1530
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск