ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Умумий қоидалар /

Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.03.2021 й. 134-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 13 мартдаги

134-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий

саводхонлиги даражасини ошириш ва

баҳолаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш (кейинги ўринларда - баҳолаш) тартибини белгилайди.


2. Давлат ташкилотлари ходимлари ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблар (кейинги ўринларда - минимал талаблар) асосида шакллантириладиган тест синовлари орқали баҳоланади.


3. Мазкур Низомнинг талаблари унга 2-иловада келтирилган Ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолашдан ўтказиладиган давлат ташкилотлари ходимлари тоифасининг рўйхатида кўрсатилган ходимларга (давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари, шунингдек бошқа олий юридик маълумотли ходимлари бундан мустасно) нисбатан татбиқ этилади.


4. Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш (тест синовлари орқали) ҳар уч йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади.


5. Давлат ташкилотларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгач мазкур Низомда белгиланган тартибда баҳолашдан ўтказилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўқув машғулотларини ташкил этиш учун зарур ўқув дастури, материаллар ва тест саволлари базасини шакллантиради ҳамда электрон платформага жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этади.


7. Давлат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан электрон платформага жойлаштирилган ўқув материаллари асосида ўз ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича мустақил равишда ўқишларини таъминлайди. Бунда, давлат ташкилотлари раҳбарлари ўз ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги мунтазам равишда ошириб борилишини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.


8. Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаш Адлия вазирлигининг тегишли давлат ташкилотлари билан келишилган тартибда тасдиқлайдиган режа-графиги асосида амалга оширилади.



2-БОБ. БАҲОЛАШНИНГ МАҚСАДИ ВА

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


9. Баҳолашнинг мақсади - давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини аниқлаш, уларнинг ўз фаолиятида зарур бўладиган ҳуқуқий билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда уларда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдан иборат.


10. Баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат ташкилотлари ходимларининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлардан хабардорлиги даражасини аниқлаш ва бу борадаги билимларини мунтазам ошириб бориш;

давлат ташкилотлари ходимлари томонидан ўз фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

давлат ташкилотлари ходимлари томонидан ноқонуний қарорлар қабул қилиниши, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш;

давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини баҳолаш орқали унинг натижаларини доимий равишда мониторинг қилиб бориш.



3-БОБ. БАҲОЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ


11. Давлат ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


12. Давлат ташкилотлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги "Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули" - махсус тест тизимида реал вақт режимида (онлайн) тест синовидан ўтказиш орқали баҳоланади.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда - Адлия вазирлиги) тегишли давлат ташкилотлари билан биргаликда ходимларни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимидан фойдаланиш ва уни бошқаришга оид ташкилий-техник тадбирларни амалга оширади.


14. Давлат ташкилотлари баҳолаш ўтказиладиган йилнинг тегишлича 1 март ва 1 сентябрь саналарига қадар ўқитилиши ва баҳолашдан ўтиши лозим бўлган ходимлар рўйхатини тасдиқлайди ҳамда уни Адлия вазирлигига тақдим қилади.


15. Адлия вазирлиги томонидан давлат ташкилотлари тақдим этган рўйхатга мувофиқ ишлаб чиқилган режа-график асосида давлат ташкилотлари ходимларини баҳолашдан ўтказиш вақти белгиланади ҳамда бу ҳақда уч кун муддат ичида давлат ташкилотларига хабар берилади.


16. Давлат ташкилотлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари) хабар олинган кундан бошлаб бир кун муддат ичида ходимларни баҳолашдан ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади.


17. Баҳолаш бевосита давлат ташкилотлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари) маъмурий биноси ёки бошқа бинолардаги алоҳида жиҳозланган хонада ўтказилади.


18. Давлат ташкилоти ходими Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган компьютер орқали тест синовини топшириш учун махсус электрон манзилда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини киритган ҳолда рўйхатдан ўтади ва тест синовини адлия органи ходимлари иштирокида реал вақт режимида (онлайн) видеокузатув орқали алоҳида хонада, белгиланган кунда ва соатда бажаради.

Ходимнинг тест синовларида махсус ёки бошқа адабиётлардан, шунингдек ўзга манбалардан ҳамда бошқа шахслар ёрдамидан фойдаланиши тақиқланади. Кўрсатиб ўтилган талаблар бузилган тақдирда ходим баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланади.


19. Баҳолашда узрли сабаб билан (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши, меҳнат таътили ёки хизмат сафарида бўлиши каби) иштирок этмаган давлат ташкилотлари ходимлари навбатдаги баҳолашга қўйиладиган ходимлар рўйхатига киритилади.


20. Адлия вазирлиги минимал талаблар доирасида тест саволлари базасини шакллантиради ҳамда уни қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, заруратга кўра янгилаб боради.

Бунда, тест саволлари базаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимига фойдаланиш учун очиқ ҳолда юкланади.


21. Тест саволлари:

минимал талаблар доирасида тузилиши;

давлат ташкилотларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилиши;

коллизион нормаларга оид бўлмаслиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинган санаси, рақами, унинг тегишли моддаси, қисми ва (ёки) бандининг тартиб рақамини билишни талаб этмаслиги;

бир-бирига яқин бир нечта вариантлардан ташкил топган бўлмаслиги;

аниқ, содда ва равон тилда бўлиши лозим.


22. Ҳар бир ходим томонидан 40 та тест саволи бажарилади. Бунинг учун жами 50 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 2,5 баллдан баҳоланади.


23. Баҳолаш натижалари қуйидагича аниқланади:

аъло - 86 балл ва ундан юқори;

яхши - 71 баллдан 85 баллгача;

қониқарли - 56 баллдан 70 баллгача;

қониқарсиз - 0 баллдан 55 баллгача.

Давлат ташкилоти ходими қониқарсиз натижани қайд этган тақдирда, баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланади.


24. Баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат ташкилотлари ходимларининг шахсий кабинетига электрон тарзда QR код орқали тасдиқланган маълумот баҳолаш натижалари чиқиши билан дарҳол юборилади.


25. Баҳолашдан ўтмаган давлат ташкилотлари ходимлари давлат ташкилотлари томонидан ўқитилади ҳамда навбатдаги баҳолашга қўйилган ходимлар рўйхатига киритилади ва қайта баҳолашдан ўтказилади.


26. Давлат ташкилотлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари) баҳолаш натижаларини тест ўтказилган кундан эътиборан бир иш куни ичида Адлия вазирлигига (ҳудудий адлия органига) тақдим этади.


27. Баҳолаш натижаларини умумлаштириш, таҳлил қилиш ва унинг доимий мониторингини юритиш Адлия вазирлиги томонидан қуйидагича амалга оширилади:

баҳолаш натижалари бўйича кўрсаткичлар ҳудудлар ҳамда давлат ташкилотлари кесимида таҳлил қилинади;

энг юқори кўрсаткичга эга бўлган давлат ташкилотлари ва ҳудудларнинг ижобий тажрибалари ўрганилади;

энг паст кўрсаткич қайд этган давлат ташкилотлари ва ҳудудларнинг муаммолари ҳамда сабаблари таҳлил қилинади.

28. Адлия вазирлиги томонидан мониторинг натижалари юзасидан:

юқори натижани қайд этган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа давлат ташкилотлари фаолиятига ҳам жорий этиш ва паст кўрсаткич сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда таклифлар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш чоралари кўрилади;

давлат ташкилотларига баҳолашдан ўтмаган ходимларнинг ўқитилиши ва қайта баҳолашдан ўтказилишига оид кўрсатма беради;

давлат ташкилотларининг ходимларни ўқитиш тизимини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотларига юборилади.

Ҳудудлар кесимида баҳолаш натижаларини мониторинг қилиш мазкур Низомда белгиланган тартибда ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади. Бунда:

Адлия вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари мониторинг натижаларини баҳолаш ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 10-санасигача тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари мониторинг натижаларини баҳолаш ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 15-санасигача умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.


29. Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига баҳолаш ўтказилган йилнинг якунлари бўйича таҳлилий маълумот киритиб боради.



4-БОБ. БАҲОЛАШ НАТИЖАЛАРИ ЮЗАСИДАН

ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


30. Ходимнинг баҳолаш натижалари юзасидан апелляция шикояти натижалар эълон қилинганидан сўнг беш иш куни давомида у ишлаётган давлат ташкилоти томонидан кўриб чиқилиб, Адлия вазирлигига (ҳудудий адлия органига) юборилади.


31. Баҳолаш натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи) томонидан беш кишидан иборат таркибда апелляция комиссияси тузилади.


32. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини у тушган санадан бошлаб ўн кун мобайнида кўриб чиқади ва апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарорини бундай шикоятни йўллаган ташкилотга юборади.


33. Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

шикоятни асосланган деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш;

шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш.


34. Давлат ташкилоти ходимлари апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Баҳолашни ўтказиш ва унинг натижалари билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


36. Мазкур Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Давлат ташкилотлари ходимларининг

ҳуқуқий саводхонлиги бўйича қўйиладиган

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР

Т/р

Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг

минимал даражаси бўйича қўйиладиган талаблар


I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ВА ҚОНУНЛАРИ,

ШУНИНГДЕК АЙРИМ СОҲАЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ БОШҚА

ҚОНУНЧИЛИК ҲУЖЖАТЛАРИДА БЕЛГИЛАНГАН НОРМАЛАР БЎЙИЧА

1.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган Конституция ва қонунларнинг устунлиги, хусусий мулк ҳимояси, инсон ва фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари ҳамда бурчларига оид нормалар

2.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари

3.

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупцияга йўл қўйганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари

4.

Давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари

5.

Тегишли соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари

II. МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА

6.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қарши ҳуқуқбузарликлар

7.

Аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар

8.

Мулкка қарши ҳуқуқбузарликлар

9.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар

10.

Транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар

11.

Савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар

12.

Одил судловга қарши ҳуқуқбузарликлар

13.

Жамоат тартибига қарши ҳуқуқбузарликлар

14.

Бошқарувнинг белгиланган тартибига қарши ҳуқуқбузарликлар

15.

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига қарши бошқа ҳуқуқбузарликлар

III. ЖИНОЯТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА

16.

Ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли жиноятлар

17.

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар

18.

Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар

19.

Иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар

20.

Хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар

21.

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар

22.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар

23.

Одил судловга қарши жиноятлар

24.

Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар

25.

Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар

26.

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар

IV. МЕҲНАТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИК

ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА

27.

Меҳнат шартномаси, уни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш асослари

28.

Иш вақти ва дам олиш вақти

29.

Меҳнат интизоми, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ва меҳнат хавфсизлиги стандартлари

30.

Меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари

31.

Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги

32.

Мажбурий меҳнатга тақиқлар

V. ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ХОДИМЛАРИ ҲУҚУҚИЙ

САВОДХОНЛИГИНИНГ МИНИМАЛ ДАРАЖАСИ БЎЙИЧА

ҚЎЙИЛАДИГАН БОШҚА ТАЛАБЛАР

33.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz) билан эркин ишлай олиш, шу жумладан, керакли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни топиш кўникмасига эга бўлиш.

  

Изоҳ. Ушбу рўйхатда келтирилган минимал талаблар асосида ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш учун тест саволлари шакллантирилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолашдан

ўтказиладиган давлат ташкилотлари

ходимлари тоифасининг

РЎЙХАТИ

Т/р

Ходимлар тоифаси

I. ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ БЎЙИЧА

1.

Давлат бошқаруви органларининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари

2.

Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари

3.

Давлат бошқаруви органлари тизимидаги бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари

II. МАҲАЛЛИЙ ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ

ОРГАНЛАРИ БЎЙИЧА

4.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари

5.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқа бошқарув ходимлари




Низомга

3-ИЛОВА



Давлат ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий

саводхонликнинг минимал даражаси бўйича

талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар

Муддат

1-босқич

Давлат ташкилоти




Адлия вазирлиги



Ўқитиладиган ва баҳолашдан ўтказиладиган ходимлар рўйхатини тасдиқлаш ва уни Адлия вазирлигига тақдим қилиш.


Рўйхатга мувофиқ давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда ходимларни ўқитиш ва баҳолашни ташкил этиш бўйича режа-график ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Баҳолаш ўтказиладиган йилнинг тегишлича

1 март ва 1 сентябрь саналарига қадар





2-босқич

Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи)

Режа-графикни давлат ташкилотига юборган ҳолда ходимларни ўқитиш ва баҳолашдан ўтказиш вақти ҳақида хабар бериш.

Режа-график ишлаб чиқилгандан сўнг 3 кун ичида





3-босқич

Давлат ташкилоти

(унинг ҳудудий бўлинмаси)

Баҳолашдан ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ходимларни хабардор қилиш.

Хабар олинган кундан бошлаб 1 кун ичида





4-босқич

Давлат ташкилоти

(унинг ҳудудий бўлинмаси)

Ходимларининг ҳуқуқий саводхонликни ошириб бориш бўйича электрон платформада мустақил равишда ўқишларини таъминлаш.

Режа-график асосида





5-босқич

Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи), Давлат ташкилоти (унинг ҳудудий бўлинмаси)

1. Баҳолаш (тест синови)ни ташкил қилиш ва ўтказиш.


2. Баҳолаш (тест синови) натижалари тўғрисида ходимларни уларнинг шахсий кабинетига маълумот юбориш орқали хабардор қилинишини таъминлаш.

Режа-график асосида




Баҳолаш натижалари чиқиши билан дарҳол






6-босқич

Давлат ташкилоти

(унинг ҳудудий бўлинмаси)

Баҳолаш (тест синови) натижаларини Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи)га тақдим этиш.

Баҳолаш ўтказилган кундан бошлаб 1 иш куни ичида






7-босқич

Адлия

вазирлиги

















Ҳудудий адлия органи






Адлия вазирлиги

1. Баҳолашнинг умумий натижаларини таҳлил қилиш ва унинг мониторингини юритиш. Бунда:

юқори натижани қайд этган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа давлат ташкилотлари фаолиятига ҳам жорий этиш ва паст кўрсаткич сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда таклифлар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш чоралари кўрилади;

давлат ташкилотларига баҳолашдан ўтмаган ходимларнинг ўқитилиши ва қайта баҳолашдан ўтказилишига оид кўрсатма берилади;

давлат ташкилотларининг ходимларни ўқитиш тизимини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотларига юборилади.


2. Ҳудудий адлия органи томонидан тегишли ҳудуддаги давлат ташкилотлари ходимларини баҳолаш натижалари таҳлил қилиниб, маълумотлар Адлия вазирлигига тақдим этилади.


3. Ҳуқуқий саводхонликни баҳолаш натижалари юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига таҳлилий ахборот киритиб бориш.

Мунтазам
















Баҳолаш ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар




Йил якуни бўйича

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 15 март















































Время: 0.0282
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск