ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 25.12.1997 й. 535-I-сон "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.12.1997 й.

N 535-I



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КОРХОНАЛАРИНИ

САНАЦИЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация

қилишнинг мақсади ва асосий вазифалари

Судгача санация қилиш (бундан буён санация деб юритилади) қишлоқ хўжалиги корхоналарининг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатишга қадар амалга оширилади ва қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўлов қобилиятини, иқтисодий қувватини тиклаш ва келгусида унинг фаолияти самарали бўлиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалиги корхонасининг фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартишларни амалга ошириш;

рақобатбардош маҳсулот етиштириш ва уни реализация қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

корхонанинг молиявий барқарорлигини таъминлаш.



2-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини

санация қилиш тўғрисидаги қонунчилик

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш жараёнида вужудга келадиган муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Санация объектлари ва субъектлари

Зарар кўриб ишловчи, тўловга қобилиятсиз ва иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволдаги қишлоқ хўжалиги корхоналари санация объектлари бўлади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари мол-мулкининг мулкдорлари, кредиторлар ёки бошқа юридик ва жисмоний шахслар санация субъектлари бўлиши мумкин.


4-модда. Санация шакллари ва асосий турлари

Санация давлат маблағларини жалб этган ёки жалб этмаган ҳолда ўтказилиши мумкин. Санация қилиш жараёнида давлат маблағлари қайтариб бериш асосидагина жалб этилади.

Санациянинг асосий турлари қуйидагилардан иборат:

ўзаро қарз суришишни ташкил этиш;

тўлаш муддати ўтказиб юборилган қарзларни тўлиқ ёки қисман сотиб олиш;

қонунчиликка мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш ҳамда давлат кредитларини қайтариш муддатларини санация муддатига узайтириш;

корхонани рақобатбардош маҳсулотлар чиқаришга мослаб қайта ихтисослаштириш;

ташқаридан юқори малакали мутахассислар жалб этиш;

ходимлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш;

қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўлов қобилиятини тиклаш ва унинг ўз фаолиятини давом эттиришидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатилиши;

корхона ўз фаолиятини давом эттириши учун кредиторларга тегишли қарзларни тўлаш муддатини узайтириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қарзларнинг муайян қисмидан кечиш тўғрисида корхона ва кредитор (кредиторлар) ўртасида битим тузиш;

ташқаридан бошқаришни жорий этиш;

корхонани қайта ташкил этиш.


5-модда. Санация қилиш вақтида давлат ёрдами

Санация қилиш вақтида қишлоқ хўжалиги корхоналарига давлат ёрдами иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг энг муҳим йўналишларига қараб, тармоқни ривожлантириш, шунингдек меҳнат бозори ва иш ўринларини вужудга келтириш учун корхонанинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда берилади.


6-модда. Санация ишлари бўйича ваколатли орган

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш бўйича давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ваколат берилган санация ишлари бўйича орган (қуйида ваколатли орган деб юритилади) амалга оширади.


7-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация

қилиш вақтида эътиборга олинадиган хусусиятлар

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш вақтида қуйидаги хусусиятлар эътиборга олинади:

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг озиқ-овқатлар етиштиришга қаратилган ва стратегик йўналишлари;

қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси бўлган ердан оқилона ва аниқ мақсадни кўзлаб фойдаланилишини таъминлаш зарурлиги;

қишлоқ хўжалиги корхонаси фойдаланаётган ерларнинг ҳолати;

ишлаб чиқариш жараёнининг мавсумийлиги ва давом этиш муддати;

ишлаб чиқариш натижаларининг табиий-иқлим шароитларига боғлиқ эканлиги;

даромадлар юзага келиши ва улардан фойдаланишнинг шарт-шароитлари.



8-модда. Санация ўтказилиши устидан назорат

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш устидан назоратни ваколатли орган қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.


9-модда. Санация ўтказиш учун сарфланадиган

маблағ манбалари

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш учун сарфланадиган маблағ манбалари қуйидагилардан иборат:

корхона мол-мулки мулкдорлари, кредиторлар, корхоналар бирлашмалари (хўжалик уюшмалари), бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатиладиган молиявий ёрдам;

давлат маблағлари;

қишлоқ хўжалиги корхонасининг ўз маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағ манбалари.


10-модда. Кредиторларнинг талабларини қондириш

Қишлоқ хўжалиги корхонасининг кредиторлари талабларини қондириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


11-модда. Санация ўтказиш тўғрисида

қарор қабул қилиш асоси

Ваколатли органнинг қишлоқ хўжалик йили якунлари бўйича молиявий ва хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш натижасида қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўлов қобилиятини ва иқтисодий қувватини тиклаш учун реал имкониятлар мавжудлиги тўғрисидаги хулосаси қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш ҳақида қарор чиқариш учун асос бўлади.

Қишлоқ хўжалиги корхонасининг молиявий аҳволи қай даражадалигига қараб, санациянинг ҳар хил шакллари ва турлари қўлланилади.


12-модда. Санация ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома

Қишлоқ хўжалиги корхонаси мол-мулкининг мулкдори, корхона мол-мулки мулкдорининг розилиги билан кредитор (кредиторлар) ваколатли органга санация ўтказиш тўғрисида илтимоснома топшириши мумкин. Ваколатли орган корхона мол-мулки мулкдорининг розилиги билан қишлоқ хўжалиги корхонасида санация ўтказиш ташаббуси билан чиқишга ҳақли.



13-модда. Санация ўтказиш муддати

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш йигирма тўрт ой муддатгача жорий этилади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ушбу муддатнинг ўн икки ойга узайтирилишига йўл қўйилади.


14-модда. Санация ўтказиш тўғрисидаги қарор

Ваколатли орган қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш тўғрисида иқтисодий суд томонидан ҳам қонунчиликда назарда тутилган тартибда қарор қабул қилиниши мумкин.


15-модда. Санация ўтказиш учун танлов эълон қилиш

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ваколатли орган корхона мол-мулкининг мулкдори ва кредиторларнинг розилиги билан матбуотда санация ўтказиш учун танлов эълон қилади.

Ҳар қандай юридик ва жисмоний шахсларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилади. Танловда иштирок этиш тўғрисидаги ариза танлов ўтказиш ҳақида эълон чиқарилган кундан эътиборан бир ой муддат ичида ваколатли органга топширилади.

Башарти, танловда иштирок этиш учун ариза бериш муддати тамом бўлгунига қадар ҳеч ким санация қилишда иштирок этиш истагини билдирмаса, ваколатли орган санация қилиш учун давлат маблағларини жалб этиш ёки материалларни қонунга мувофиқ тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш учун иқтисодий судга юбориш мумкинлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.


16-модда. Кредиторлар талабларини

қондиришга мораторий жорий қилиш

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ваколатли орган корхонанинг ижро муддати санация ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар бошланган пул мажбуриятлари, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларига мораторий жорий қилади. Мораторийнинг амал қилиш муддати давомида молиявий (иқтисодий) жазолар қўлланилмайди.

Мораторий фуқароларнинг меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган, алиментлар ундириш ва муаллифлик шартномалари бўйича ҳақ тўлаш юзасидан қўядиган талабларига, шунингдек фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлган қишлоқ хўжалиги корхонасига нисбатан қўядиган талабларига дахл қилмайди.


17-модда. Санация ўтказиш режаси

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилишда иштирок этишига йўл қўйилган шахслар бир ойлик муддат ичида санация ўтказиш режасини ишлаб чиқишлари шарт.

Санация ўтказиш режасида қуйидагилар, чунончи:

тўлов қобилиятини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;

барча кредиторларнинг талаблари улар билан келишилган муддатларда қондирилишини таъминлаш мажбурияти;

санациянинг қанча муддат давом этиши;

маблағларни қайтариш шартлари ва муддатлари;

санация ўтказиш режасида бошқа қоидалар ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.

Санация ўтказиш режасида қишлоқ хўжалиги корхонасининг асосий воситаларни санация иштирокчиларига топшириши назарда тутилиши мумкин эмас.

Санация иштирокчилари зиммасига кредиторлар олдида олган мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришлари шарт ва бу мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгар бўладилар.

Санация ўтказиш тўғрисида ишлаб чиқилган режа қишлоқ хўжалиги корхонаси мол-мулкининг мулкдори ва кредитор (кредиторлар) билан мувофиқлаштирилади.



18-модда. Санация ўтказиш режасининг

экспертизаси ва уни тасдиқлаш

Иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш режаси ваколатли органга экспертиза учун тақдим этилади.

Экспертиза натижалари қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўлов қобилиятини ва иқтисодий қувватини тиклашга қаратилган чора-тадбирларни реал амалга ошириш мумкинлигини аниқлаб бериши лозим.

Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш режасини ваколатли орган тасдиқлайди.



19-модда. Ташқаридан бошқариш

Ташқаридан бошқариш  санация қилиниши лозим бўлган қишлоқ хўжалиги корхонасининг фаолиятини бошқаришни ташкил этиш услуби бўлиб, бунда корхонани бошқариш ва унинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар ташқаридан тайинланган бошқарувчига ўтади.

Қишлоқ хўжалиги корхонасини ташқаридан бошқаришни ваколатли орган уни санация қилиш муддатига жорий этади.

Ташқаридан бошқариш жорий этилган пайтдан бошлаб:

қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари ва бошқарув органларининг ваколатлари тўхтайди ва ташқаридан тайинланган бошқарувчига ўтади. Корхонанинг бошқарув органлари ташқаридан бошқарувчи тайинланган пайтдан эътиборан етти кун ичида корхонанинг бухгалтерия ва бошқа ҳужжатлари, муҳрлари ва штамплари (муҳрлар ва штамплар мавжуд бўлган тақдирда), моддий ва бошқа бойликлари ташқаридан тайинланган бошқарувчига топширилишини таъминлашлари шарт;

қишлоқ хўжалиги корхонасининг пул мажбуриятлари, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлари бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга мораторий жорий этилади.


20-модда. Ташқаридан тайинланган бошқарувчи

Ташқаридан бошқарувчи туман ҳокими томонидан ваколатли орган, қишлоқ хўжалиги корхонаси мол-мулкининг мулкдори, кредитор (кредиторлар) билан келишилган ҳолда тайинланади.

Ташқаридан тайинланган бошқарувчи:

қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари ва бошқарув органларининг ваколатларини амалга оширади;

санация ўтказиш режасини ишлаб чиқади ва уни ваколатли органга тақдим этади;

ҳудудий бошқарув органи билан келишган ҳолда қишлоқ хўжалиги корхонасининг штатлар жадвалини тасдиқлайди ва хўжаликнинг бош мутахассисларини тайинлайди;

кредиторлар билан қарзларни тўлаш муддатини узайтириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида корхона номидан битим тузади;

корхона мол-мулкини рўйхатдан ўтказади;

ташқаридан бошқарувни амалга ошириш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун махсус ҳисобварақ очади;

бухгалтерия, молия статистика ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини ташкил этади;

корхонага нисбатан қўйилган талабларга белгиланган тартибда эътироз билдиради;

корхонага тўланиши лозим бўлган қарзларни ундириш чораларини кўради;

кредиторларнинг талабларини кўриб чиқади;

ваколатли органга санация ўтказиш режаси қандай рўёбга чиқарилаётганлиги тўғрисида йилнинг ҳар чорагида ҳисобот тақдим этади;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Башарти, санация ўтказиш режасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташқаридан тайинланган бошқарувчи йирик битимларни қишлоқ хўжалиги корхонаси мол-мулкининг мулкдори, кредиторлар ва ваколатли орган билан келишилган ҳолдагина тузади.

Йирик битимлар жумласига битим тузиш пайтида қишлоқ хўжалиги корхонаси активлари баланс қийматининг ўн фоизидан ортиқ миқдорда баланс қийматига эга бўлган кўчмас мулк ёки бошқа мол-мулкни тасарруф этишга олиб келадиган битимлар киради.

Башарти, ташқаридан бошқариш жорий этилганидан кейин пайдо бўлган қишлоқ хўжалиги корхонасининг пул мажбуриятлари миқдори кредиторлар талаблари реестрига мувофиқ талаблар суммасининг йигирма фоизидан ортиқ бўлса, ташқаридан тайинланган бошқарувчи қишлоқ хўжалиги корхонасининг янги пул мажбуриятларига сабаб бўлувчи битимларни фақат қишлоқ хўжалиги корхонаси мол-мулкининг мулкдори, кредиторлар ва ваколатли органнинг розилиги билангина тузиши мумкин, санация ўтказиш режасида назарда тутилган битимлар бундан мустасно.



21-модда. Ташқаридан тайинланган бошқарувчи

ваколатларининг тўхтатилиши

Ташқаридан тайинланган бошқарувчининг ваколатлари:

унинг аризасига мувофиқ;

у ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаётган ёки лозим даражада бажармаётган бўлса, қишлоқ хўжалиги корхонаси кредиторлари ёки унинг мол-мулки мулкдорининг илтимосномасига биноан;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилиши мумкин.

Ташқаридан тайинланган бошқарувчининг ваколатларини тўхтатиш тўғрисидаги қарор туман ҳокими томонидан ваколатли орган, қишлоқ хўжалиги корхонаси мол-мулкининг мулкдори, кредитор (кредиторлар) билан келишилган ҳолда қабул қилинади.



22-модда. Санация қилишнинг тўхтатилиши

Санация қилиш:

уни ўтказиш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин;

қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талаблари бажарилмаётганлиги сабабли;

санация қилишнинг самарасиз эканлиги аниқланганлиги муносабати билан тўхтатилиши мумкин.

Санация қонунчиликда назарда тутилган бошқа асосларга мувофиқ ҳам тўхтатилиши мумкин.

Санация қилишни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни ваколатли орган чиқаради.

Санация ўтказиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

мақсадга эришилганлиги муносабати билан санация қилишни тамомлаш тўғрисида;

санация ўтказишни ушбу Қонунда белгиланган муддат доирасида давом эттириш тўғрисида;

мақсадга эришилмаганлиги муносабати билан санация қилишни тўхтатиш тўғрисида.



23-модда. Санация қилиш тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Санация қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



























Время: 0.1833
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск