Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикасининг 30.04.1998 й. 602-II-сон "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.04.1998 й.

N 602-I



ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг ҳуқуқий асосларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларини тартибга солади.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Фермер хўжалиги

Фермер хўжалиги ўзига узоқ муддатли ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи фермер хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги фаолиятига асосланган, юридик шахс ҳуқуқларига эга мустақил хўжалик юритувчи субъектдир.



2-модда. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида фермер хўжалиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Фермер хўжалигининг аъзолари

Фермер хўжалиги аъзолари жумласига фермер хўжалигини биргаликда юритаётган, бу хўжаликдаги иш ўзининг асосий меҳнат фаолияти жойи бўлган фермер хўжалигининг бошлиги, унинг хотини (эри), болалари, шу жумладан фарзандликка олинган болалари, тарбияга олинган болалари, ота-оналари, бошқа қариндошлари ҳамда меҳнатга қобилиятли ёшга етган бошқа шахслар киради.

Фермер хўжалигида меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар фермер хўжалиги аъзоси ҳисобланмайди.



4-модда. Фермер хўжалигининг бошлиги

Юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда фермер хўжалиги номидан шу хўжалик бошлиги иш кўради.

Фермер хўжалигининг бошлиги шу хўжаликнинг ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ва иш тажрибасига эга бўлган муомалага лаёқатли аъзоларидан биридир.

Фермер хўжалигининг бошлиги вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган тақдирда ёки узоқ вақт бўлмаганида у ўз вазифаларини бажариш ваколатини шу хўжалик аъзоларидан бирига ёки ушбу модданинг иккинчи қисми талабларига жавоб берадиган ҳар қандай шахсга (шартнома асосида) беришга ҳақлидир.



5-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш шартлари

Фермер хўжалиги танлов асосида, аксарият ҳолларда меҳнат ресурслари ортиқчалиги сезилмаётган ерларда ва ҳудудларда ташкил этилади.

Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади. Фермер хўжалигига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда камида 0,3 гектар, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлардаги суғориладиган ерларда камида 0,45 гектар, суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил этади.

Деҳқончилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 10 гектар,

боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинларни етиштириш учун камида 1 гектарни ташкил этади.

Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) ернинг кадастр баҳосидан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади.



6-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш тартиби

Фермер хўжалиги ихтиёрий равишда хўжалик бошлигининг қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) бошқарувига ва туман ҳокимига ёзма мурожаати асосида ташкил этилади. Аризада сўралаётган ер участкасининг жойлашган манзили, майдони, фермер хўжалигининг таркиби кўрсатилади ҳамда товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг бизнес-режаси тақдим этилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) бошқаруви фермер хўжалигини ташкил этиш тўғрисидаги масалани умумий мажлис муҳокамасига киритади, умумий мажлис бу хусусда тегишли қарор қабул қилади. Туман ҳокими қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) умумий мажлисининг қарори асосида, ер участкалари бериш масалаларини кўриш бўйича туман комиссиясининг хулосасини инобатга олган ҳолда фермер хўжалигини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Туман ҳокимининг фермер хўжалигини ташкил этиш тўғрисидаги қарори туманнинг молиявий, банк, солиқ ва бошқа тузилмалари учун мажбурий ҳужжатдир.



7-модда. Фермер хўжалигини давлат рўйхатига олиш

Фермер хўжалиги ҳамда ер участкасини ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан фермер хўжалиги ташкил этилган деб ҳисобланади.

Фермер хўжалиги туман ҳокимлигида давлат рўйхатига олинганидан кейин юридик шахс мақомини олади, банк муассасасида ҳисоб-китоб ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақлидир.

Посёлка, қишлоқ ва овул фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар бир фермер хўжалигини Хўжалик китобига киритиб, унда фермер хўжалигининг таркиби, хўжалик бошлиги ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахс тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек хўжаликка ажратилган ер участкасига оид асосий маълумотларни қайд этиб қўяди.

Фермер хўжалигини ташкил этишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилган ёки хўжаликнинг устави қонунга мувофиқ бўлмаган тақдирда фермер хўжалигини давлат рўйхатига олиш рад этилиши мумкин.

Давлат рўйхатига олиш рад этилганлиги ҳамда рўйхатга олиш муддатларининг бузилганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



8-модда. Фермер хўжалигининг устави

Фермер хўжалиги устав асосида фаолият кўрсатади. Фермер хўжалигининг уставида қуйидагилар белгиланади:

фермер хўжалигининг номи; фаолият соҳаси ва мақсади;

фермер хўжалигининг бошлиги тўғрисидаги асосий маълумотлар;

фермер хўжалиги фаолиятини бошқариш тартиби;

ердан ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш тартиби;

фермер хўжалигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

фермер хўжалиги аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг хўжалик ишлаб чиқариш фаолиятида иштирок этиш тартиби;

фермер хўжалигининг даромадларини (фойдаларини) тақсимлаш, зарарларини қоплаш тартиби;

фермер хўжалигининг ўз мажбуриятлари ва қарзлари юзасидан жавобгарлиги;

фермер хўжалигини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тартиби;

фермер хўжалигининг жойлашган манзили;

фермер хўжалиги уставини ўзгартириш тартиби. Фермер хўжалигининг уставига фермер хўжалиги фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.



2-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИГА

ЕР БЕРИШ. ЕРГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ,

ЕРДАН ВА СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ

9-модда. Фермер хўжаликларига бериладиган ерлар

Фермер хўжаликларига захира ерлар, махсус республика фонди ерлари, меҳнат ресурслари етарли бўлмаган хўжаликлардаги ва янги суғориладиган мавзелардаги ерлар берилади. Уларга зарар кўриб ишлаётган ёки кам рентабелли қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ерлари ҳам берилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ерлари фермер хўжаликларига кооперативлар (ширкатлар) аъзолари умумий мажлисининг қарори асосида туман ҳокими томонидан қабул қилинадиган қарорга биноан берилиши мумкин.

Илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умум таълим мактабларининг ерлари, шунингдек сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилиши мумкин эмас.



10-модда. Фермер хўжаликларига ер бериш тартиби

Фуқароларга фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари эллик йилгача бўлган, лекин ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади.

Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) бошқаруви ва фермер хўжалиги бошлиги томонидан имзоланади.

Ер участкасидан оқилона ва самарали фойдаланаётган фермер хўжалигига қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) бошқаруви томонидан умумий мажлиснинг қарори асосида қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштириш ва уни қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек яйлов яратиш учун қисқа муддатли ижарага қўшимча равишда ер участкалари берилиши мумкин.

Ер участкасини олишда мазкур жойда яшовчи шахслар устун ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) бошқарувининг ва туман ҳокимининг ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахсга шикоят қилиш мумкин.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ва қишлоқ аҳоли пунктида турар жойи бўлган шахсларнинг уй-жойидаги томорқа чек ерлари сақланиб қолади.

Фермер хўжалигига ажратилган ернинг чегаралари натурада (жойнинг ўзида) ер тузиш хизмати органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан расмийлаштирилади.

Фермер хўжаликларига ер бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



11-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативлари

(ширкат хўжаликлари) аъзоларининг фермер

хўжалигини ташкил этиш хусусиятлари

Қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) таркибидан чиқиш ва мустақил фермер хўжалиги юритиш истагида бўлган аъзолари кооператив (ширкат) уставига биноан ўзларига тегишли мулкий пай қийматини ҳамда даромаддан (фойдадан) миқдори кооператив (ширкат) аъзосининг меҳнат иштирокини инобатга олган ҳолда аниқланадиган улушни олишга ҳақлидир. Мазкур шахслар фермер хўжалиги юритиш учун қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) умумий мажлисининг қарорига биноан шу кооператив (ширкат) ерлари таркибидан ушбу Қонуннинг 10-моддасида белгиланган тартибда узоқ муддатли ижарага ер участкаси олиш ҳуқуқига эга. Бунда ер участкасини узоқ муддатли ижарага ажратиш қишлоқ хўжалиги кооперативини (ширкат хўжалигини) унинг фаолият кўрсатиши учун зарур ер ресурслари ва асосий ишлаб чиқариш фондларидан маҳрум этиб қўймаслиги лозим.

Қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкат хўжалигининг) собиқ аъзоси томонидан ташкил этилган фермер хўжалигини рўйхатдан ўтказиш ушбу Қонуннинг 7-моддасида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширилади.



12-модда. Ердан фойдаланиш

Фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади, улар хусусийлаштирилиши, олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши, шунингдек иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас.

Фермер хўжалиги кредитлар олиш учун ўз мол-мулкини, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйишга ҳақли.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаси бўлиниши мумкин эмас.

Ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлигининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Фермер хўжалиги бошлиги вафот этган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи шу хўжалик аъзоларининг ўзаро келишуви асосида, фермер хўжалиги фаолиятини давом эттириш истагида бўлган хўжалик аъзоларидан бирига мерос бўйича ўтади. Фермер хўжалиги бошлиги меҳнат қобилиятини тўла йўқотган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи хўжалик аъзоларининг розилиги билан улардан бирига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда топширилади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаганлари тақдирда эса  суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда, уни юритиш учун берилган ер участкасини ижарага олиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.



13-модда. Ер участкасидан

фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ

Фермер хўжалигига берилган ер участкасидан фойдаланганлик учун ҳақ туман бюджетига киритиладиган ҳар йилги ижара ҳақи тариқасида ер участкасининг сифатига, жойлашган манзилига ва сув билан таъминланганлик даражасига қараб, унинг кадастр баҳосини инобатга олган ҳолда белгиланадиган ер солиғи ставкаси миқдорида ундирилади.

Давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида фермер хўжалиги ер участкасидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашдан озод этилади.



14-модда. Сувдан фойдаланиш

Фермер хўжаликлари учун сувдан фойдаланиш лимитлари ваколатли органлар томонидан белгиланади.

Фермер хўжалигига бериладиган сувнинг сарфини ҳисобга олиш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш тартиби, шунингдек мазкур солиқ бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



3-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ

ҲАМДА УНИНГ АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

15-модда. Фермер хўжалигининг ҳуқуқлари

Фермер хўжалиги юридик шахснинг барча ҳуқуқларига эга бўлади. Фермер хўжалиги тадбиркорлик шаклларидан бири бўлиб, ташкил этилишидан кўзланган мақсадларга эришиш учун шу мақсадларга монанд тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир.

Фермер хўжалиги бошқа шаклларда хўжалик юритувчи корхоналар билан тенг ҳуқуқларга эга.

Фермер хўжалиги тадбиркорлик фаолияти субъекти тариқасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолиятини ўзига берилган ер участкасида уставда назарда тутилган доирада мустақил ташкил этиш;

етиштирилаётган маҳсулотга мустақил равишда нарх белгилаш;

ўзи етиштирган маҳсулотни, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга ўз хоҳиши бўйича реализация қилиш ҳуқуқини тасарруф этиш;

харид этиладиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўланадиган фьючерс битимлари тузиш;

тадбиркорликдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солинадиган, чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларга сотиш учун ва эркин савдога мўлжалланган акцияларни сотиб олиш;

кредитлар олиш, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ва пул маблағларини ихтиёрийлик асосида ва шартнома шартларида, шу жумладан фермер хўжаликларини кредитни узишнинг зарур гаров, суғурта ҳамда бошқа кафолатларини таъминлаган ҳолда имтиёзли кредитлашга жалб этиш;

ижарага берувчининг рухсати билан ёки қонунда ёхуд ижара шартномасида назарда тутилган ҳолларда ер участкасини ижарага бериш ҳуқуқини кредит олиш учун гаровга қўйиш;

ўрта ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзларнинг барча турларидан фойдаланиш;

ходимларни ишга ёллаш ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш.

Қонун ҳужжатларида фермер хўжалигининг бошқа ҳуқуқлари ҳам назарда тутилиши мумкин.



16-модда. Фермер хўжалигининг мажбуриятлари

Фермер хўжалиги қуйидагиларни бажариши шарт:

ер участкасидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиш;

табиий объект бўлмиш ерга зарар етказмаслик;

ер участкасини асраш, унинг унумдорлигини сақлаш ва ошириш юзасидан сарф-харажатлар қилиш;

ер участкасини, агар ижарага олиш шартномасида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, бир йил ичида ўзлаштириш;

агротехника талабларига, белгиланган режим, сақлаш вазифаси ва сервитутларга риоя этиш;

фермер хўжалигининг мажбуриятлари ва қарзлари юзасидан тўла жавобгар бўлиш;

фермер хўжалигининг барча аъзолари ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ва Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига мажбурий бадаллар тўлаш;

фермер хўжалигининг аъзолари ва меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнат фаолияти ҳисобини юритиш;

хўжалик аъзолари ва меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар учун хавфсиз меҳнат шароитини таъминлаш;

маданий-маърифий тадбирларга, ободонлаштириш ишларига шартнома асосида маблағлар ажратиш.

Қонун ҳужжатларида фермер хўжалигининг бошқа мажбуриятлари ҳам назарда тутилиши мумкин.



17-модда. Фермер хўжалиги

бошлигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фермер хўжалиги бошлиги фермер хўжалигининг ушбу Қонун 15 ва 16-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ҳамда фермер хўжалиги фаолиятига раҳбарликни унинг уставида назарда тутилган ваколатлар доирасида амалга оширади.



18-модда. Фермер хўжалиги

аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фермер хўжалигининг аъзолари:

хўжалик аъзолари ўртасидаги шартнома шартларига боғлиқ тарзда биргаликда ёки якка тартибда фойдаланиладиган даромаддан (фойдадан) ўз улушини олиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ижтимоий суғуртасидан ўтказилиш ва ижтимоий таъминланиш ҳуқуқига эга.

Фермер хўжалигининг аъзолари: фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этиши; белгиланган меҳнат тартибига бўйсуниши шарт. Қонун ҳужжатларида фермер хўжалиги аъзоларининг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам назарда тутилиши мумкин.



4-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ МОЛ-МУЛКИ

19-модда. Фермер хўжалигининг мулки

Фермер хўжалиги:

ўзига қарашли уй-жойлар, хўжалик иморатлари, қишлоқ хўжалик экинзорлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, маҳсулдор чорва моллар, паррандалар, қишлоқ хўжалик техникаси, асбоб-ускуна ва ашё-анжомлари, транспорт воситалари, пул маблағлари, интеллектуал мулк объектлари, шунингдек бошқа мол-мулкларга;

ишлаб чиқариш фаолияти натижасида етиштирилган маҳсулотга;

олинган даромадларга (фойдаларга);

қонунда тақиқланмаган асосларда эга бўлинган бошқа мол-мулкка мулкдордир.

Қуйидагилар:

фермер хўжалиги аъзоларининг пул ва моддий маблағлари;

товарлар, ишлар, хизматлар реализациясидан, шунингдек фаолиятнинг бошқа турларидан олинган даромадлар (фойдалар);

қимматли қоғозлардан олинган даромадлар;

кредитлар; юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз хайрия ва бошқа бадаллари, эҳсонлари;

қонунларда тақиқланмаган бошқа манбалар фермер хўжалигининг пул жамғармаларини ҳосил этиш манбалари бўлиши мумкин.



20-модда. Фермер хўжалигининг

мол-мулкига бўлган мулк ҳуқуқи

Фермер хўжалигининг ўзига қарашли мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи давлат ҳимоясидадир.

Фермер хўжалигининг мол-мулки, агар унинг аъзолари ўртасидаги келишувга биноан умумий улушли мулк ташкил этиш назарда тутилган бўлмаса, унинг аъзоларига умумий биргаликдаги мулк асосида қарашли бўлади.

Фермер хўжалигининг мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш хўжалик аъзолари томонидан ўзаро келишув асосида амалга оширилади.

Фермер хўжалиги таркибидан бошқа фермер хўжалиги ташкил этиш мақсадида чиқаётган аъзоларгина фермер хўжалиги таркибидан чиққанда мол-мулкдаги улушни натурада ёки тенг қийматда олиш ҳуқуқига эга.

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мол-мулкни ҳосил қилиш, кўпайтириш, олиш, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш ҳуқуқига эга.



21-модда. Фермер хўжалигининг

маблағлари ва ҳисоб-китоблари

Фермер хўжалиги пул муомаласини юритиш ҳамда пул маблағларини сақлаб туриш ва бу маблағларни эркин тасарруф этиш учун банк муассасасида ҳисобварақлар очиш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб ҳисобварағидан маблағларни фақат унинг розилиги ёки суднинг қарори билан ҳисобдан чиқариш мумкин.



22-модда. Фермер хўжалигининг

мол-мулкини мерос қилиб қолдириш

Фермер хўжалигининг мол-мулки фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қилиб қолдирилади. Хўжаликда фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берилганлик учун давлат божи тўлашдан озод этиладилар.



5-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСЛАРИ

23-модда. Фермер хўжалигининг

ишлаб чиқариш фаолияти

Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) умумий мажлисининг қарори билан белгиланган ихтисослашувга мувофиқ ўз фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди. Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг қонунларда тақиқланмаган ҳар қандай тури ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ва реализация қилиш билан шуғулланишга ҳақли.

Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулот сифатига оид амалдаги норматив ва стандартларга, экологияга, санитарияга оид ҳамда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа талаблар ва қоидаларга риоя этиши шарт.

Фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг ва фуқароларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) натижасида, шунингдек бундай органлар, ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг фермер хўжалигига нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларни лозим даражада бажармасликлари оқибатида фермер хўжалигига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

Фермер хўжалиги ташқи иқтисодий фаолиятни бошқа шаклларда хўжалик юритувчи корхоналар билан тенг шароитда амалга оширади.



24-модда. Фермер хўжалигидаги меҳнат

Фермер хўжалигининг фаолияти кўпроқ хўжалик аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади. Фермер хўжалигидаги ишларни бажаришга бошқа шахслар меҳнат шартномаси асосида жалб этилиши мумкин.

Фермер хўжалигида меҳнат шартномасини тузиш тартиби қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Фермер хўжалигидаги иш тартибини хўжалик бошлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди. Фермер хўжалиги бошлиги хўжалик аъзоларининг ва хўжаликда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнат фаолияти ҳисобини юритади.

Фермер хўжалигида меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда, тарафларнинг келишувига биноан пул тарзида ҳам, натура тариқасида ҳам амалга оширилади.

Меҳнат шартномаси асосида фермер хўжалигида ишлаётган шахс хўжалик мол-мулкига фермер хўжалиги бошлигининг розилиги билан пул ёки бошқа хил улушни киритишга ҳамда қўшган улушига мутаносиб равишда хўжалик даромади (фойдаси) тақсимотида қатнашишга ҳақлидир.

Фермер хўжалигининг аъзолари, шунингдек хўжаликда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ижтимоий суғуртасидан ўтказилиши лозим.

Фермер хўжалигида ишланган вақт давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида меҳнат стажига қўшилади.

Фермер хўжалигининг аъзолари ҳамда хўжаликда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларга ижтимоий суғурта бўйича давлат нафақалари ва пенсиялар тайинлаш ҳамда тўлаш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ва шартларда амалга оширилади.



25-модда. Маҳсулотни фермер хўжалиги

томонидан реализация қилиш тартиби

Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулотни реализация қилиш, шу жумладан давлат хариди тартибида реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан ихтиёрийлик асосида хўжалик шартномалари тузиш ҳуқуқига эга. Тарафлар шартнома мажбуриятлари бузилган тақдирда, қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулотга бозордаги талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб мустақил равишда нарх белгилайди.

Фермер хўжалиги етиштираётган маҳсулотни экспортга етказиб бериш, шунингдек чет эллик шериклар билан ҳисоб-китоб қилиш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.



26-модда. Фермер хўжаликларининг

биргаликдаги фаолияти

Фермер хўжаликлари ихтиёрийлик асосида, шу жумладан улушли (пай) асосда маҳсулот етиштириш, харид қилиш, уни қайта ишлаш ва сотиш, моддий-техника таъминоти, қурилиш, техникавий, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимё, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизмат кўрсатиш бўйича кооперативларга (ширкатларга), жамиятларга, иттифоқларга, уюшмаларга ва бошқа бирлашмаларга бирлашиш, кириш ҳуқуқига эга.



27-модда. Фермер хўжалигини кредитлаш ва суғурталаш

Фермер хўжалигини ишлаб чиқариш аҳамиятига молик объектлар қурилиши, асосий ишлаб чиқариш воситаларини харид этиш учун узоқ муддатли кредитлаш ва жорий ишлаб чиқариш фаолияти учун қисқа муддатли кредитлаш кредит шартномаси асосида амалга оширилади.

Фермер хўжаликлари банк муассасалари томонидан уларга хизмат кўрсатиш учун ташкил этиладиган махсус кредит фондидан имтиёзли шартларда фойдаланадилар.

Фермер хўжалиги ўзига қарашли ва ижарага олинган ишлаб чиқариш воситаларининг, қишлоқ хўжалиги экинзорларининг (кўчатзорларининг), кўп йиллик дов-дарахтларнинг, етиштирилган маҳсулотнинг, хом ашёнинг, материалларнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), кам чиқиши ёки шикастланиши хавфини, тадбиркорлик хавфини, шунингдек шартномаларни бузганлик учун ўзининг жавобгарлик хавфини ихтиёрийлик асосида суғурта қилдиради ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда суғурта товони олади.



28-модда. Фермер хўжалигига солиқ солиш

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга солиқлар, йиғимлар ҳамда бошқа тўловлар тўлайди.

Фермер хўжалиги аъзоларининг ва хўжаликда шартнома асосида ишлаётган шахсларнинг шахсий даромадлари даромадлар тўғрисидаги декларацияларда акс эттирилади.



29-модда. Фермер хўжаликларини давлат йўли

билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш

ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш

Давлат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва уни реализация қилиш билан шуғулланувчи фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Давлат органлари фермер хўжалигини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишлари лозим.

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, посёлка, қишлоқ ва овул фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжаликлари) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший аҳамиятга молик объектлари бўлмаган ҳудудда фермер хўжаликлари ташкил этилганида уни бирламчи ободонлаштиришни (йўллар, электр узатиш ва алоқа линиялари қуришни, сув билан таъминлашни, газлаштиришни, телефонлаштиришни, радиолаштиришни, ер тузишни, ерларни мелиорациялашни) амалга оширадилар;

фермер хўжаликларига ишлаб чиқариш объектлари ва турар жойларни барпо этишда ёрдам кўрсатадилар;

фермер хўжалиги учун керакли мол-мулк ва ишлаб чиқариш воситаларини биржаларда, ярмаркаларда, бозорларда юридик ва жисмоний шахслардан олишда кўмаклашадилар;

навли уруғлик ва қишлоқ хўжалик экинларининг кўчат материалларини, органик ва минерал ўгитларни, қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш воситаларини етказиб бериш юзасидан давлат агротехника хизмати кўрсатиш тизими орқали техникавий хизмат кўрсатадилар;

қишлоқ хўжалиги техникаси, асбоб-ускуналари ва ашё-анжомларини лизинг асосида олишда кўмаклашадилар;

чорва моллар ва паррандалар боқиш учун шартнома асосида аралаш озуқа ажратиш, ёш чорва моллар ва паррандалар, зотдор қорамоллар олишда кўмаклашадилар;

фермер хўжаликларининг чорва молларига зооветеринария хизмати кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиб берадилар;

фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотини тайёрлаш ва реализация қилишда кўмаклашадилар;

консалтинг ва ахборот хизматлари кўрсатадилар. Фермер хўжаликларига кичик хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўллаб-қувватлашнинг бошқа шакллари ҳам татбиқ этилади.

Фермер хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси ҳамда Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси ҳамда уларнинг жойлардаги ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фермер хўжалигига берилган ерлардан фойдаланиш устидан назоратни амалга оширадилар ҳамда ердан самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрадилар.



30-модда. Фермер хўжалиги

фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиш

Фермер хўжалиги ўз фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиб боради ҳамда маҳаллий статистика ва солиқ органларига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.



6-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ

31-модда. Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш

Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



32-модда. Фермер хўжалигини тугатиш асослари

Фермер хўжалиги қуйидаги ҳолларда тугатилади:

хўжалик фаолиятини давом эттириш истагида бўлган биронта ҳам хўжалик аъзоси ёки меросхўр қолмаган бўлса;

ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганда;

ер участкасининг ижарага берилган муддати тугаганда ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тиклашнинг имконияти бўлмаганда;

ердан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланилмаганда, олинган ҳосилдорлик норматив кадастр баҳосидан муттасил (уч йил мобайнида) паст бўлганда;

ерларнинг экологик ҳолати ёмонлашганда;

ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилганда;

фермер хўжалиги банкрот деб эълон қилинганда;

ижара ҳақи белгиланган муддатларда муттасил тўланмай келинганда;

фермер хўжалиги ер олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида хўжалик-ишлаб чиқариш фаолиятига киришмаган бўлса;

фермер хўжаликлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари бир неча марта ёки бир марта, лекин қўпол равишда бузилганда;

шартнома шартлари бузилганлиги муносабати билан ерни ижарага олиш шартномаси бекор қилинганда.



33-модда. Фермер хўжалигини тугатиш тартиби

Фермер хўжалиги:

фермер хўжалиги аъзоларининг қарорига биноан;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан тугатилади.

Фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Фермер хўжалиги тугатилганда унинг аъзолари ўз мулкидаги мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ҳамда томорқа ер участкасига бўлган ҳуқуқни сақлаб қоладилар.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

34-модда. Низоларни ҳал этиш

Фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.



35-модда. Мажбуриятлар бўйича жавобгарлик

Фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича қонунларга мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.

Давлат фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича, фермер хўжалиги эса давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлган қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган фермер хўжалигида маблағ бўлмаган ёхуд етарли бўлмаган тақдирда, ундирилиши лозим бўлган суммалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат томонидан тўланади.


36-модда. Фермер хўжалиги тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик аъзоларининг ва унда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига улар меҳнат мажбуриятларини бажариш чогида етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

Фермер хўжалигининг ва унинг аъзоларининг, шунингдек хўжаликда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг ердан белгиланган мақсадда ва самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлиги қонун ҳужжатларида белгиланади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов
































Время: 0.1397
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск