ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Бошка органлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.2021 й. ПФ-6196-сон "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.03.2021 й.

N ПФ-6196



ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ ВА ЖИНОЯТЧИЛИККА

ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДА ИЧКИ

ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ СИФАТ

ЖИҲАТИДАН ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида:


1. Ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш;

ҳудудларда жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллаларни тоифаларга ажратиш ҳамда ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда "жиноят ўчоқлари"ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситаларни жалб қилиш;

"республика - вилоят - туман - маҳалла" тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмларини жорий этиш, ички ишлар ва бошқа давлат органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш;

ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш, жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш ҳамда соҳани тўлиқ рақамлаштиришга эришиш.


2. Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари босқичма-босқич ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланади;

маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани негизида ҳудуддаги ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ташкил этилади;

маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси профилактика инспекторига юкланади.

Ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони Р.М.Жўраев:

Тошкент шаҳар ҳокими билан биргаликда уч ой муддатда пойтахтда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг фаолиятини янги талабларга кўра намунавий тарзда ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда жорий йил якуни бўйича Тошкент шаҳридаги маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятидан келиб чиққан ҳолда республиканинг бошқа ҳудудларида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.


3. Профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш имконини берувчи "Smart маҳалла" ахборот дастури ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Вазирлар Маҳкамаси (О.М.Умаров) ва Ички ишлар вазирлиги (Н.С.Тураходжаев) мазкур ахборот дастурини 2021 йил 1 июнга қадар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, жорий йилнинг якунигача эса республиканинг бошқа ҳудудларида ишга туширсин.

Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) бир ой муддатда вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ҳар ой якуни бўйича аҳолига Интернет тизимидаги ахборот ресурслари орқали ҳудуддаги криминоген вазият юзасидан "профилактик-огоҳлантирувчи мурожаат" қилиб бориш амалиётини жорий этсин.


4. Туман ва шаҳар ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида:

Тошкент шаҳридаги 24 та ички ишлар бўлимлари ва айрим тузилмаларининг раҳбарлик лавозимлари мақбуллаштирилиб, бўшатилаётган штат бирликлари пойтахт ички ишлар органларининг профилактика ва тергов-тезкор тузилмаларини кучайтиришга йўналтирилсин;

жойлардаги криминоген ва ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, туман ва шаҳар ички ишлар органларининг ташкилий-штат тузилмаларини шакллантириш ва мунтазам ўзгартириб бориш тартиби жорий этилсин;

туман ва шаҳар пробация бўлинмалари тегишинча туман ва шаҳар ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, пробация ҳисобига олинган шахсларни кунлик назорат қилишда профилактика инспекторлари билан ҳамкорлик механизмлари белгилансин.

Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов):

бир ой муддатда Тошкент шаҳри тажрибасига асосан республиканинг барча ҳудудларидаги ички ишлар бўлимлари (бўлинмалари)ни ва айрим тузилмаларининг раҳбарлик лавозимларини мақбуллаштириш ҳамда бўшайдиган штат бирликларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасига йўналтириш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда мазкур Фармон билан белгиланаётган талабларни инобатга олган ҳолда ҳудудий ички ишлар органларининг янги ташкилий-штат тузилмалари бўйича таклифлар киритсин.


5. Ички ишлар вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш орқали турдош соҳавий хизматлар фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида:

а) қуйидагилар ташкил этилсин:

Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармасини ўз ичига оладиган Тезкор-қидирув департаменти;

Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Пробация хизматини ўз ичига оладиган Жамоат хавфсизлиги департаменти;

Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси, Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасини ўз ичига оладиган Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти;

Кадрлар бош бошқармаси, Маънавий-маърифий ишлар бошқармаси, касбий тайёргарлик бошқармасини ўз ичига оладиган Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти.

Белгилансинки, ички ишлар вазирининг ўринбосарлари ташкил этилаётган тегишли департаментларнинг бевосита раҳбарлари ҳисобланади ва уларнинг зиммасига департаментларга қўйилган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик юкланади;

б) Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (кейинги ўринларда - Жазони ижро этиш департаменти) этиб қайта ташкил этилсин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Жазони ижро этиш департаменти бевосита ички ишлар вазирига бўйсунади ва вазирнинг зиммасига ички ишлар органларининг жиноий жазоларни ижро этиш тизимини ривожлантириш ва унда қатъий интизомни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади;

ички ишлар органларининг барча тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмавий-функционал бўйсунувидан чиқарилиб, Жазони ижро этиш департаменти бўйсунувига ўтказилади;

тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва уларда кунлик назоратни олиб бориш Жазони ижро этиш департаменти тизимида ташкил этиладиган 6 та минтақавий мувофиқлаштириш марказлари томонидан амалга оширилади.


6. Ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмаси ва раҳбар лавозимларини мақбуллаштириш орқали мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:

а) қуйидаги лавозимлар тугатилсин:

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари;

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлими) бошлиғи;

вилоят ички ишлар бошқармаси (бош бошқармаси) бошлиқларининг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари;

б) Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосари - Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозими жорий этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

патруль-пост ва йўл-патруль хизмати бўлинмалари фаолиятини, шунингдек, маҳаллалар ва жамоат жойларида манзилли профилактик тадбирлар ўтказилишини мувофиқлаштириш;

муқаддам судланган ва пробация ҳисобига олинган шахслар билан ишлаш ҳамда ички ишлар органларининг тунги хизматини ташкил этиш.

Ички ишлар вазири ўринбосари А.И.Икрамов зиммасига жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги жорий этилаётган бошқарув тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


7. Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқий статистикани юритишни такомиллаштириш, унинг криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва жиноятчилик динамикасини прогноз қилишдаги ролини ошириш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини (кейинги ўринларда - Ҳуқуқий статистика маркази) ташкил этиш ҳамда қуйидагиларни унинг асосий вазифалари этиб белгилаш:

жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар статистикасини юритиш, жиноятчилик ҳолатини, шу жумладан ҳудудлар ва ҳуқуқбузарликлар турлари кесимида статистик таҳлилни амалга ошириш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва фош этишда фойдаланиш учун тезкор-маълумотлар ҳисоблари, ички ишлар органларининг архив-маълумотлари ва махсус фондларини юритиш, шунингдек, шахсларнинг қидирувини эълон қилиш жараёнини таъминлаш;

автотранспорт воситалари, фуқаровий ва хизмат ўқотар қуроллари, қидирувдаги шахслар ва ашёлар, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигига кўмаклашувчи бошқа маълумотлар бўйича автоматлаштирилган ахборот банкини юритиш.

Белгилансинки:

Ҳуқуқий статистика маркази Ички ишлар вазирлиги Тезкор-маълумотлар бошқармаси негизида, шунингдек, Бош прокуратуранинг Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, унинг вазифалари ва 120 та штат бирликлари, уларни сақлаш учун кўзда тутилган Давлат бюджети маблағлари билан биргаликда ички ишлар органларига ўтказилиши ҳисобига ташкил этилади;

ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Н.С.Тураходжаев зиммасига Ҳуқуқий статистика маркази фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш ва мазкур соҳада инсон омилини истисно этишни таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланади.

8. Ички ишлар органлари тизимини янада такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "йўл харита") 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва қуйидагилар унинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

замонавий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий ўзгартиришларни амалга ошириш;

маънавий-маърифий ишларнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек, малакали кадрларни узлуксиз тайёрлаш тизимини яратиш;

ички ишлар органлари фаолиятига рақамли ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш;

ички ишлар органлари ходимлари ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда маиший шароитларини яхшилаш.


9. Ички ишлар вазирлиги:

бир ҳафта муддатда ички ишлар органлари фаолиятини мазкур Фармонга асосан ташкил этиш механизмларини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин;

бир ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда Жамоат хавфсизлиги концепцияси, Ички ишлар органлари тизимига ахборот технологияларини жорий этиш концепцияси ва Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси лойиҳаларини киритсин;

икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига "Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи", "Энг яхши профилактика инспектори", "Энг яхши терговчи", "Энг яхши тезкор ходим" номинациялари бўйича ҳар йили республика танловини ўтказиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;

уч ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


11. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов белгилансин.

Мазкур Фармоннинг ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 26 мартдаги

ПФ-6196-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ички ишлар органлари тизимини

янада такомиллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирларнинг номланиши


Амалга ошириш

шакли


Ижро

муддати


Масъул ижрочилар


I. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ ЎЗГАРТИРИШЛАР

1.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда жорий этиш:

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш;

патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва пробация хизматлари бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорликда ишлаши бўйича янги механизмларни белгилаш;

Миллий гвардия бўлинмаларининг жамоат тартибини сақлаш тизимидаги ваколатлари ва шахсий жавобгарлигини белгилаш;

пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини кунлик назорат қилишда профилактика инспекторлари билан ҳамкорлик механизмларини жорий этган ҳолда пробация бўлинмаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси


2021 йил

30 апрель


ИИВ (Бобожонов, Икрамов), Миллий гвардия (Жўраев), Бош прокуратура (Валиев)


2.

Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлари маркази ва унинг қуйи тизимларини, ахборот технологияларини кенг жорий этган ва фаолиятини рақамлаштирган ҳолда ташкил этиш ва тўлақонли фаолият юритиши бўйича ташкилий чораларни белгилаш.

"Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика" ягона ахборот тизими ва 2019-2021 йилларда тўпланган ҳуқуқий статистик маълумотлар архиви Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилишини ҳамда бошқа зарур ташкилий чоралар кўрилишини таъминлаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021 йил

1 июль


Вазирлар Маҳкамаси (Умаров), ИИВ (Бобожонов), Бош прокуратура (Йулдашев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Пекось)


3.

Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказини ташкил этиш, унинг фаолияти ва ишлаш механизмлари ҳақидаги низомни, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда тасдиқлаш:

штат бирликлари сонини 20 та (15 та ходим, 5 та эркин ёлланган хизматчи) этиб белгилаш (ички ишлар органлари умумий штат бирликлари доирасида);

катта илмий ва амалий тажрибага, таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга юқори малакали мутахассислар билан жамлаш тартиби;

республикада криминоген вазиятни тизимли таҳлил қилиш, жиноий қилмишларнинг содир этилишига таъсир қилаётган омилларни аниқлаш, жиноятларнинг динамикасини минтақалар ва турлари кесимида прогноз қилиш механизмлари;

ҳуқуқ-тартибот куч ва воситаларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича тўлақонли тизимлар ва илмий асосланган методикаларни ишлаб чиқиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг сифатини ошириш бўйича тавсия ва ишланмаларни ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш шакллари.


Идоравий норматив ҳужжат

2021 йил

1 май


ИИВ (Бобожонов)

4.

Ички ишлар органларининг тезкор-қидирув фаолиятини қуйидаги йўналишлар бўйича такомиллаштириш:

уюшган жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари ноқонуний айланмасига қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш;

ахборот технологиялари ва Интернет тармоғидан фойдаланиш соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш борасида тубдан янги механизмларни жорий этиш;

тезкор бўлинмалар фаолиятини аппарат-дастурий таъминлаш, замонавий ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси


2021 йил

15 май

ИИВ (Собиров, Тураходжаев), Бош прокуратура (Валиев), ДХХ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Молия вазирлиги (Ишметов)


5.

Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш фаолиятини ташкил этиш бўйича, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги чора-тадбирларни белгилаш:

туристларнинг туристик намойиш ва инфратузилма объектларига ташриф буюриши, ҳаракатланиши ва кечки вақтини мазмунли ташкил этиш вақтида уларнинг шахсий ва жамоавий хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;

транспорт объектларида мавжуд куч ва воситаларни тармоқли бошқариш тамойилини жорий этган ҳолда хавфсизликни таъминлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизимни ўрнатиш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси


2021 йил

25 май

ИИВ (Бобожонов), Транспорт вазирлиги (Махкамов), Молия вазирлиги (Хайдаров)


6.

Қуйидагиларни назарда тутган ҳолда жазони ижро этиш тизимида ишлаб чиқариш фаолиятини янада кучайтириш бўйича янги чора-тадбирларни белгилаш:

жазони ижро этиш муассасаларига лицензия талаб этиладиган айрим фаолият турлари билан тегишли лицензияни олмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини истисно тариқасида бериш;

Жазони ижро этиш департаментининг Марказлаштирилган жамғармасини қайта ташкил этиш ва озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ижро ҳужжатлари бўйича Давлат бюджетига жазони ижро этиш муассасалари томонидан ундирилган маблағларнинг 50 фоизи миқдоридаги ажратмаларни ҳамда бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадларни Жамғарманинг қўшимча манбалари сифатида белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси


2021 йил

15 май


ИИВ (Бобожонов), Молия вазирлиги (Хайдаров)


7.

Республика ички ишлар органлари учун намунавий ҳудудий идора сифатида Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар ва Бўстонлиқ тумани ички ишлар бошқармалари негизида "Намунавий шаҳар ички ишлар органи" ва "Намунавий туман ички ишлар органи" лойиҳаларини амалга ошириш.

Бунда, асосий эътибор иш услубларига, аҳолига хизмат кўрсатиш масалаларига, ҳамкорлик механизмларига, рақамли технологияларни жорий этиш даражасига ва шахсий таркиб билан маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш чораларига қаратилади.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2021 йил

1 август


ИИВ (Бобожонов), Тошкент вилояти хокимлиги (Хидоятов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Пекось)


8.

Тошкент вилоятида иккита туман (шаҳар) доирасида, эксперимент тариқасида, ички ишлар органлари санитария тадбирларини таъминлаш бўйича бўлинмаларини ташкил этиш.

Бунда, штатларни киритиш ва таъминлаш масалалари дастлабки даврда Тошкент вилояти ҳокимлигининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, кейинчалик эса ўзини ўзи молиялаштириш механизмлари асосида ташкил этилади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси


2021 йил

15 май


ИИВ (Бобожонов), Тошкент вилояти хокимлиги (Хидоятов), Молия вазирлиги (Хайдаров)


II. МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИШЛАР, ХОДИМЛАРНИ УЗЛУКСИЗ

ТАЙЁРЛАШ,  ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИНГ

САМАРАДОР МЕХАНИЗМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

9.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

"Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз" концептуал ғояси асосида ходимларни тарбиялашни такомиллаштириш чора-тадбирлари;

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларнинг асосий мақсади ва вазифалари;

ҳар бир ҳудудий ички ишлар органида жасорат ва ватанпарварлик ғояларини акс эттирувчи маънавий-маърифий бурчакларни (хоналарни) ташкил этиш;

мафкуравий ишларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари, шу жумладан тарбиявий ишлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, психологик қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя ва маданий тадбирлар;

ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларнинг асосий йўналишларини амалга ошириш механизмлари.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил

15 апрель


ИИВ (Бобожонов), Маънавият ва маърифат маркази (Ходжиматов), Маданият вазирлиги (Назарбеков), Ёзувчилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари


10.

Қуйидаги йўналишларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида малакали кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимини жорий этиш:

жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими талабларини амалга ошириш йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш муаммолари бўйича фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш, ушбу соҳада юқори малакали илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

жамоат хавфсизлиги йўналиши бўйича ўқув жараёнини жорий этиш борасида Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси

2021 йил

10 апрель


Миллий гвардия (Жўраев), ИИВ (Бобожонов, Икрамов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов)


11.

Ички ишлар органлари учун интеллектуал-профессионал кадрларни тайёрлаш ва уларни хизматда кўтарилишининг сифат жиҳатидан янги тизимини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда жорий этиш:

олий таълимнинг икки босқичли (бакалавриат ва магистратура) тизими ва раҳбарлик таркибидаги кадрларни мақсадли тайёрлаш механизмларини жорий этган ҳолда Ички ишлар вазирлиги Академияси таълим жараёнини тубдан ислоҳ қилиш;

Ички ишлар вазирлиги Академиясининг Нукус филиалини очиш;

жойларда ходимларни бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона механизмларини жорий этган ҳолда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтини такомиллаштириш;

2021 йил 1 сентябрдан эътиборан ўқув жараёнининг хизмат ўташ қоидалари билан узвий боғланган тартибини ўз ичига олган узлуксиз ўқиш-карьера тизимини жорий этиш;

мафкуравий таълим, юридик фанлар ва жисмоний тайёргарликни кучайтирган ҳолда Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида таълим жараёнининг самарадорлигини ошириш;

моддий рағбатлантириш механизмларини жорий этган ҳолда, Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари педагоглар таркибининг салоҳиятини ошириш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси

2021 йил

10 апрель


ИИВ (Бобожонов, Хатамов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов), Молия вазирлиги (Хайдаров)


12.

Ички ишлар органлари ходимларини ахлоқий-руҳий қўллаб-қувватлаш фаолияти бўйича сифат жиҳатидан янги тизимни қуйидагиларни назарда тутган ҳолда жорий этиш:

ички ишлар органлари тузилмаларида ахлоқий-руҳий қўллаб-қувватлаш бўлинмаларини ташкил этиш;

ички ишлар органлари тизимида психологик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш ва уларга шартнома асосида мутахассис-психологларни жалб этиш имкониятини яратиш;

хизмат хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ходимлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ва руҳий тушкунлик ҳолатларининг барвақт олдини олишга қаратилган якка тартибда ахлоқий-руҳий ишлашнинг замонавий методларини татбиқ этиш;

ходимларнинг психологик портретини мажбурий ҳисобга олиш тартибини жорий этган ҳолда, ички ишлар органларининг қабул ва шаҳодатлаш комиссияларида мутахассис-психологларнинг ролини ошириш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

15 май


ИИВ (Бобожонов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ходжибаев), Молия вазирлиги (Хайдаров)


13.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи "Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи", "Энг яхши профилактика инспектори", "Энг яхши терговчи", "Энг яхши тезкор ходим" номинациялари бўйича республика танловини ҳар йили ўтказиш тартибини белгилаш:

соҳавий фаолият бўйича энг яхши ходимларни аниқлашнинг ҳар томонлама, холисона, ошкора механизмлари ва мезонлари жорий этиш;

энг яхши ходимларни ҳар йили "25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни"ни нишонлаш чоғида эълон қилиш;

бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ғолибларни ҳар ойлик пул таъминотининг 100 фоизгача миқдорда бир йил давомида моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш;

энг яхши ходимларнинг фотосуратлари ва улар ҳақидаги маълумотларни бир йил давомида барча ички ишлар органларида жойлаштириш ҳамда уларнинг хизмат вазифаларини бажариш натижаларини кенг тарғиб этиш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

25 май


ИИВ (Бобожонов)

14.

"Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига 30 йил" идоравий эсдалик кўкрак нишонини таъсис этиш, ушбу кўкрак нишони билан ходимларни 2021 йилда "25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни" арафасида тақдирлаш.


Идоравий норматив ҳужжат

2021 йил

20 апрель


ИИВ (Бобожонов)

15.

Иккинчи жаҳон уруши, қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар давомида, жиноятчиликка қарши курашиш, фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш чоғида хизмат бурчини бажариб, мардларча ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган "Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари" китобини тайёрлаш ва нашр этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар

2021 йил

1 декабрь

ИИВ (Бобожонов), Маънавият ва маърифат маркази (Ходжиматов), Ёзувчилар уюшмаси


16.

Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий савиясини янада юксалтириш, ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини янги тизим асосида шакллантириш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар

2021 йил

давомида


Маънавият ва маърифат маркази (Ходжиматов), ИИВ (Бобожонов), Олий таълим муассасалари (Хатамов, Рустамбаев)


17.

Ички ишлар органлари ходимларининг шарафли фаолиятини ва мазкур касбнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи сериалларни олиш ва уларни оммавий кўрсатувини ташкил этиш.

Бунда, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни фош этиш соҳалари кесимида ходимларнинг касбий маҳоратларига алоҳида эътибор қаратилади.


Ташкилий ч

ора-тадбирлар

2021-2022 йй.

ИИВ (Бобожонов), Маданият вазирлиги (Назарбеков), "Ўзбеккино", Маънавият ва маърифат маркази (Ходжиматов)


III. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИГА ЗАМОНАВИЙ

РАҚАМЛИ ВА АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ТАТБИҚ ЭТИШ

18.

Ички ишлар органлари тизимига ахборот технологияларни жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Бунда ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш соҳа ва йўналишларини, шунингдек ахборот технологияларни тўлиш жорий этиш босқичларини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси


2021 йил

1 май


ИИВ (Тураходжаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Пекось)


19.

Маҳкумларни "электрон назорати"ни таъминловчи ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш. Хусусан:

ходимларнинг персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартибини татбиқ этиш;

маҳкумларнинг жазони ўташ тартибини бузиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида кузатиш ва мустақил назорат қилиш имкониятига эга интеллектуал камералар ("Smart") тизимини муассасаларга ўрнатиш;

тақиқланган буюмларни олиб кириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида муассасаларнинг назорат ўтиш жойларида бодисканерларни ўрнатиш;

жазони ўташ жараёнида маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахси ҳақидаги "ахборот портрети"ни тузиш ва озодликка чиқишидан 2 ой олдин яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органларига хабар бериш имкониятини берувчи ягона электрон тизимни яратиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2023 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари)


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси


2021 йил

10 май

ИИВ (Бобожонов, Тураходжаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


20.

Локал тармоқлар ва ягона ҳимояланган корпоратив тармоқни ривожлантириш орқали ички ишлар органларини рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш учун телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш. Бунда:

ички ишлар органларида электрон ҳужжат алмашинуви ва ҳимояланган электрон почта ягона тизимини татбиқ этиш, дастурий таъминот яратиш;

маълумотларни қайта ишлаш ягона марказини яратиш ва унга идоравий маълумотларни қайта ишлаш марказларини интеграция қилиш;

идоравий рақамли инфратузилманинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, электрон ҳужжатлар ва маълумотларни ҳимоя қилиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2023 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари)


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

10 август


ИИВ (Бобожонов, Тураходжаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Молия вазирлиги (Ишметов)


21.

Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда ашёвий далиллар бўйича автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизимини яратиш орқали эксперт-криминалистик фаолиятни босқичма-босқич рақамлаштириш, шунингдек криминалистик идентификация тизими фаолиятини мувофиқлаштириш. Хусусан:

Геном бўйича ягона автоматлаштирилган давлат рўйхатига олиш тизимини зарурий воситалар билан жиҳозлаш;

фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролларининг излари бўйича Давлат ўқ-гильзотекаси тизимини модернизация қилиш орқали унинг фаолиятини автоматлаштириш;

"Криминалист" криминалистик фаолиятни ҳисобга олишнинг ахборот-маълумот тизимини модернизация қилиш ҳамда уни "102" тизими доирасида Ички ишлар вазирлиги жиноятларни ҳисобга олиш ягона тизимига интеграция қилиш;

Эксперт-криминалистик бош марказининг биометрик идентификация қилиш маълумотлар базаларига ҳудудий эксперт-криминалистик бўлинмаларнинг уланишини таъминлаш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2023 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари)


Ишлаб чиқилган техник топшириқлар асосида харид қилиш

2021 йил

30 сентябрь


ИИВ (Бобожонов, Тураходжаев), Молия вазирлиги (Ишметов)


22.

Пробация назоратидаги шахсларни масофадан туриб назорат қилишни таъминловчи замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини татбиқ этган ҳолда Пробация хизмати фаолиятини рақамлаштириш. Хусусан:

пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини реал вақт режимида кузатиш учун электрон браслетдан фойдаланиш амалиётини жорий этиш;

электрон браслетларни ҳамда маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун сервер ва ушбу тизимга алоқадор қурилмаларни харид қилиш;

мониторинг қилишнинг замонавий мобиль технологияларини татбиқ этиш, махсус дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

пробация назоратидаги шахсларни умумий назорат қилиш учун Ички ишлар вазирлиги пробация хизматида ягона электрон мониторингни (мониторинг марказини) ташкил этиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2022 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар)


Ишлаб чиқилган техник топшириқлар асосида харид қилиш

2021-2022 йй.

ИИВ (Бобожонов, Тураходжаев, Икрамов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов)


23.

Ахборот технологияларини татбиқ этиш орқали Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан давлат хизматларини тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш. Хусусан:

давлат хизматларини тақдим этишни мақбуллаштириш ва енгиллаштириш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқиш;

амалдаги ахборот тизимларини ягона платформага ўзаро интеграция қилиш орқали Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимини жорий этиш;

сақлаш функциясига эга бўлган маълумотларни қайта ишлаш ягона марказини яратиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2023 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар)


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

10 июнь


ИИВ (Тураходжаев, Икрамов), Адлия вазирлиги (Давлетов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


24.

Ахборот тизимларини модернизация қилиш, архив фаолиятини рақамлаштириш ва ахборот технологияларини татбиқ этган ҳолда Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш. Хусусан:

шахсий таркиб бўйича буйруқлар, пул таъминотининг шахсий карточкалари ва бошқа маълумотлардан иборат электрон архивни шакллантириш;

давлат хизматларини тақдим этишни ривожлантириш мақсадида Марказни Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" тизими ва Давлат хизматлари агентлиги билан ўзаро интеграция қилиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2024 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари)


Техник топшириқларни ишлаб чиқиш

2021 йил

август


ИИВ (Бобожонов, Тураходжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов), Ўзархив (Юсупов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


25.

Замон талабларидан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар марказининг амалдаги ахборот тизимларини модернизация қилиш, маълумотлар базалари бўйича қидириш комплексини (рубрикатор) яратиш ва тегишли давлат органлари билан интеграция қилиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2022 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари)


Техник топшириқни ишлаб чиқиш

2021 йил

август


ИИВ (Бобожонов, Тураходжаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков)


26.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятига унинг самарадорлигини ошириш ва ортиқча хизмат юкламасини қисқартиришга йўналтирилган замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш. Хусусан:

"E-inspektor" электрон комплекс тизимини татбиқ этиш орқали ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида иш юритувни мақбуллаштириш;

профилактик ҳисобдаги шахслар билан ишлаш бўйича электрон ахборот тизимини ишлаб чиқиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича "Е-mamuriy ish" ягона электрон ҳужжат алмашинуви тизимини яратиш;

маҳаллаларда жиноятларни муҳокама қилиш жараёнларини масофадан туриб назорат қилиш бўйича электрон модулни татбиқ этиш;

"E-hisobot" ахборот тизимини яратиш орқали профилактика хизматида ҳисоботларни унификация қилиш ва уни бошқа ташкилотларнинг ҳисобот юритиш ҳамда идоравий ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш.

(Чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 2021-2022 йй. Молиялаштириш манбаи - Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари)


Ташкилий-техник тадбирлар комплекси

2021-2022 йй.

ИИВ (Бобожонов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Олий суд (Камилов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ходжибаев), Бош прокуратура (Йулдашев), ДСҚ (Кудбиев), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Маматов)


27.

Ахборот технологияларини жорий этиш орқали ички ишлар органларининг куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янгича амалиётини (ситуацион бошқарув тизими) босқичма-босқич татбиқ этиш. Жумладан:

кузатиб бориладиган объектлар, ҳодисалар ва жараёнларни комплекс мониторинг қилиш асосида бошқарув қарорларини ўз вақтида қабул қилиш имконини берувчи вазирликнинг Ситуацион марказининг марказлашган бошқарувини амалга оширишда ягона ахборот маконида ишлайдиган ички ишлар органлари ситуацион марказларининг тўлақонли тақсимланган тизимини;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги умумий манфаатларни инобатга олган ҳолда ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги уйғунлашган ахборот ҳамкорлигини таъминлаш имконини берувчи ягона махсус ахборотлар кичик тизимини ташкил этиш.

(чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати: 2021-2024 йй., молиялаштириш манбаи: ИИВнинг бюджетдан ташқари маблағлари)


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

10 июль


ИИВ (Бобожонов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари


IV. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ ВА ОИЛА АЪЗОЛАРИНИНГ

ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИНИ ҲАМДА УЙ-ЖОЙ ВА МАИШИЙ

ШАРОИТЛАРИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ

28.

Қуйидаги йўналишлар бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга доир таклифларни киритиш:

хизмат вазифасини бажараётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, соғлиғига шикаст етказиш, шунингдек, қонуний талабларига бўйсунмаслик ва фаол қаршилик кўрсатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш;

ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва оила аъзоларининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш;

ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини давлат томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг ягона ҳуқуқий асосини, ушбу йўналишдаги кафолатлар ва аниқ механизмларни назарда тутган ҳолда яратиш.


Қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари

2021 йил

20 июнь


Бош прокуратура (Йулдашев), Адлия вазирлиги (Давлетов), Олий суд (Камилов), ИИВ (Бобожонов), Миллий гвардия (Жўраев), ДХХ (Азизов), Мудофаа вазирлиги (Курбанов), ДБҚ (Азимов)


              

Изоҳ:


1. Норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш предмети ва соҳасига қараб қайта кўриб чиқилиши ёки ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.


2. Икки ва ундан ортиқ бандлар бирлаштирилганда уларни ижро этиш учун белгиланган энг кеч муддат ижро муддати этиб белгиланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 26 мартдаги

ПФ-6196-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим

фармонларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5005-сон Фармонининг 3-5-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги "Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5566-сон Фармонида:


1-банд, 7-банднинг "а" кичик банди, 9 ва 10-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


6-банднинг учинчи хатбошисида "Бош прокуратура" сўзлари "Ички ишлар вазирлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;


11-банднинг иккинчи хатбошисидан "Бошқарма билан биргаликда" сўзлари чиқариб ташлансин;


12-банднинг учинчи хатбошисидаги "Тезкор-маълумотлар бошқармаси" сўзлари "Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 27 март























































Время: 0.1833
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск