ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Деҳқон хўжаликлари. Шахсий қўшимча хўжаликлар /

Ўзбекистон Республикасининг 01.04.2021 й. ЎРҚ-680-сон "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 13.01.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 12.03.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.04.2021 й.

N ЎРҚ-680



ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 13 январда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 12 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунчилик


Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Деҳқон хўжалиги


Деҳқон хўжалиги мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига берилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ва реализация қилишни деҳқон хўжалиги аъзоларининг шахсий меҳнати асосида амалга оширувчи хўжаликдир.

Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятини боғдорчилик ва узумчиликка ёки сабзавот ва полиз экинларини ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ихтисослашиш асосида амалга оширади.

Деҳқон хўжалигининг фаолияти тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ҳам, юридик шахс ташкил этмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.



4-модда. Деҳқон хўжалиги бошлиғи


Ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи деҳқон хўжалиги номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан деҳқон хўжалигининг манфаатларини юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда ифодалайди ва деҳқон хўжалиги номидан шартномалар тузади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган ёки узоқ вақт йўқ бўлган (ҳарбий хизматга чақирилиш, кундузги ўқув шаклида таълим олиш учун олий таълим ташкилотига ўқишга кириш, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланиш ва бошқалар) тақдирда, у ўз мажбуриятларини бажариш ваколатини ушбу хўжаликнинг аъзоларидан бирига беришга ҳақлидир.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, деҳқон хўжалиги аъзолари ўртасидаги ўзаро келишув бўйича деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи белгиланади. Бунда ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи мерос бўйича деҳқон хўжалигининг янги бошлиғига ўтади, деҳқон хўжалигини юритиш учун ижарага (иккиламчи ижарага) берилган ер участкаларига нисбатан эса ижара (иккиламчи ижара) шартномасига тегишли ўзгартишлар киритилади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини тўлиқ йўқотганда, шунингдек ҳарбий хизматга чақирилган, кундузги ўқув шаклида таълим олиш учун олий таълим ташкилотига ўқишга кирган, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган тақдирда, деҳқон хўжалиги бошлиғининг таклифи ва деҳқон хўжалиги аъзолари ўртасидаги ўзаро келишув бўйича деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи белгиланиши мумкин, унга ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ўтади, деҳқон хўжалигини юритиш учун ижарага (иккиламчи ижарага) берилган ер участкаларига нисбатан эса ижара (иккиламчи ижара) шартномасига деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи тўғрисидаги тегишли ўзгартишлар киритилади.

Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда деҳқон хўжалиги аъзолари йиғилишининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Деҳқон хўжалиги аъзолари ўртасида деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи ҳақида ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади.

Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, ер участкасини ижарага (иккиламчи ижарага) олиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда деҳқон хўжалигининг янги бошлиғи номига расмийлаштирилади, шунингдек Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестрига тегишли ўзгартишлар киритилади.



5-модда. Деҳқон хўжалигининг аъзолари


Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), ота-онаси, фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобоси, бувиси ва набиралари, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (фарзандлари ва набираларининг эри (хотини), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эри (хотини)) деҳқон хўжалигининг аъзолари бўлиши мумкин.



2-БОБ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ҲИСОБГА ҚЎЙИШ ЁКИ ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИНИ

ЮРИДИК ШАХС СИФАТИДА ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН

ЎТКАЗИШ. ЕР УЧАСТКАСИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ШАРТЛАРИ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ


6-модда. Деҳқон хўжалигини ташкил этиш


Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғида ер участкасига бўлган ҳуқуқ юзага келганидан ва деҳкон хўжалиги ҳисобга қўйилганидан кейин, юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги эса - деҳқон хўжалиги бошлиғида ер участкасига бўлган ҳуқуқ юзага келганидан ва деҳқон хўжалиги белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги:

деҳқон хўжалигини юритиш учун ушбу Қонун кучга киргунига қадар мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида, шунингдек деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи мерос бўйича ёхуд ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа асослар бўйича ўтган шахсларга берилган ер участкаларида;

захира ерларнинг, шу жумладан қайта тикланган ва фойдаланишга киритилган ерларнинг таркибидан ижарага берилган ер участкаларида;

фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерлари ҳамда бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ерлари таркибидан хавфсизлик талабларига ва техник талабларга қатъий риоя этилишини таъминлаш шарти билан ижарага берилган ер участкаларида;

сув объектларининг қирғоқлари бўйидаги ерлар таркибидан хавфсизлик талабларига ва техник талабларга қатъий риоя этилишини таъминлаш шарти билан ижарага берилган ер участкаларида;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисмини оралиқ экин экиш учун бир мавсумга иккиламчи ижарага берилган ер участкаларида ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ерлар боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва полизчилик учун ёки бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун  ўттиз йил муддатга ижарага берилади.



7-модда. Деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйиш ёки

деҳқон хўжалигини юридик шахс сифатида

давлат рўйхатидан ўтказиш


Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғининг давлат хизматлари марказларига шахсан ташрифи воситасида ёки Ўзбекистон Республикаси давлат хизматларининг Ягона интерактив портали орқали ҳисобга қўйилади ёки давлат рўйхатидан ўтказилади.

Деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйиш учун деҳқон хўжалигининг бошлиғи деҳқон хўжалиги аъзоларининг таркиби тўғрисидаги ахборотни (қариндошлик даражасини кўрсатган ҳолда) ва деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, деҳқон хўжалиги юридик шахс ташкил этган ҳолда тузилган тақдирда эса - деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ватаъсис ҳужжатларини тақдим этади.

Ҳисобга қўйилганидан ёки давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин деҳқон хўжалиги бошлиғига Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирма берилади.

Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирмада деҳқон хўжалигининг бошлиғи ва аъзолари, деҳқон хўжалигининг ихтисослашуви, деҳқон хўжалиги ҳисобга қўйилганёки давлат рўйхатидан ўтказилган сана, деҳқон хўжалигининг ташкилий-ҳуқуқий (юридик шахс ташкил этган ҳолдаги ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги) шакли тўғрисидаги маълумотлар ҳамда деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасининг ижара (иккиламчи ижара) шартномаси муддати кўрсатилади.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган (мерос бўйича ўтган) ер участкаларига нисбатан Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирмада ер участкасига бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ҳужжатда мавжуд бўлган ахборот кўрсатилади.

Деҳқон хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказганлик, деҳқон хўжаликларини ҳисобга қўйганлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик ҳамда Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирмалар берганлик учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.



8-модда. Деҳқон хўжалигини юритиш учун ижарага

(иккиламчи ижарага) бериладиган ер участкалари

майдонининг ўлчами


Деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади, бундан ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган айрим ҳудудларда 0,06 гектардан 5 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади.

Фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан деҳқон хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми оралиқ қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши мумкин.



9-модда. Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган

ер участкасидан фойдаланиш шартлари


Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан деҳқон хўжалигининг ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланилиши керак.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан бир вақтнинг ўзида деҳқон хўжалигининг ихтисослашувида назарда тутилмаган бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига мувофиқ асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг қатор ораларига экиш (ўтқазиш) ёки асосий ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини навбатлаб экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасидан фойдаланиш шартлари ер участкасига бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилади.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бинолар ва иншоотларни, шу жумладан ерости иншоотларини қуриш тақиқланади, бундан енгил конструкцияли иссиқхоналарни ва бошқа иморатларни, шунингдек суғориш иншоотларини қуриш мустасно.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бир вақтда шартли 10 бошгача чорва молни ўтлатишга йўл қўйилади.

Деҳқон хўжалиги ўз тасарруфидаги ер участкасини муҳофаза қилиши (ерлардан хўжасизларча фойдаланишга ёки уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолишига йўл қўймаслиги), унинг маҳсулдорлигини сақлаши ва ошириши шарт.



10-модда. Деҳқон хўжалигини юритиш учун

берилган ер участкасидан фойдаланилиши

устидан давлат назорати


Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши устидан назорат қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ихтисослашувга кўра амалга оширилмаган тақдирда, ер солиғи уч баравар миқдорда ундирилади, бундан ушбу Қонун 9-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Деҳқон хўжалиги томонидан тупроқ унумдорлигини пасайтириш, тупроқни кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлослантириш, шунингдек экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усулларни қўллаш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида енгил конструкцияли иссиқхоналар ва бошқа иморатлардан, шунингдек суғориш иншоотларидан ташқари иншоотлар ва иморатлар, шу жумладан ерости иншоотлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органининг ёзма тақдимномасига кўра деҳқон хўжалиги бошлиғи мазкур иншоотлар ва иморатларни ваколатли давлат органининг ёзма тақдимномасини олган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан бузиб ташлаши ҳамда ер участкасини олдинги ҳолатига келтириши шарт.

Ваколатли давлат органининг ёзма тақдимномаси деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, иморатлар ва иншоотларни, шу жумладан ерости иншоотларини бузиб ташлаш ҳамда ер участкасини олдинги ҳолатига келтириш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал этилади.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллардан бири кетма-кет уч йил давомида такрорланган тақдирда, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкасини олиб қўйиш ёки ижара (иккиламчи ижара) шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал этилади.

Деҳқон хўжалигининг ҳамда унинг аъзоларининг ер участкасидан белгиланган мақсадда ва самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлиги қонунчиликда белгиланади.



11-модда. Сув истеъмоли


Деҳқон хўжалигининг сув истеъмоли унга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмаси томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида амалга оширилади.

Деҳқон хўжалигига бериладиган суғориш сувининг сарфини ҳисобга олиш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.

Деҳқон хўжалиги сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиши шарт.



3-БОБ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСЛАРИ


12-модда. Деҳқон хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти


Деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.

Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган уруғлик, минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олишда, шунингдек бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тенг ҳуқуқларга эгадир. Шу мақсадда деҳқон хўжалиги бошлиғи тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар тузиши, биржа савдоларида иштирок этиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги ўзи ишлаб чиқараётган ва реализация қилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатига тааллуқли бўлган, миллий стандартларда, санитария қоидалари ва нормаларида, гигиена нормативларида, ветеринария, ёнғинга қарши қоидаларда ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя этиши керак.

Деҳқон хўжаликларининг хўжалик фаолиятига, шу жумладан улар томонидан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларини танлашга, ишлаб чиқариладиган ҳамда реализация қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нарх белгилашга давлат органлари ва ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.



13-модда. Деҳқон хўжалиги маҳсулотларини

реализация қилиш


Деҳқон хўжалиги ўзи ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб мустақил равишда нархлар белгилайди.

Деҳқон хўжалиги Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирма асосида ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қўшимча ҳужжатларсиз (рухсатномаларсиз) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ташиш ва реализация қилиш ҳуқуқига эга.

Деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини даласида, деҳқон бозорларида ва савдо марказларида, шунингдек аҳоли пунктларида сайёр савдо ташкил этиш йўли билан қўшимча рухсатномаларсиз (лицензияларсиз) реализация қилиш ҳуқуқига эга.

Деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нақд пулга ёки банк карталари бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали чекловларсиз реализация қилиш ҳуқуқига эга. Бунда деҳқон хўжалиги хўжалик юритувчи субъектлар учун касса операциялари қоидаларида назарда тутилган ҳисоб юритиши шарт эмас.

Деҳқон хўжалиги ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмайди.



14-модда. Деҳқон хўжалигининг молиявий

хизматлардан фойдаланиши


Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятини амалга ошириш учун кредитлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар олиши, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда пул маблағларини ихтиёрийлик ва шартнома шартлари асосида гаров, кафолат, суғурта, шунингдек кредит ва қарз мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашнинг бошқа турларини қўллаган ҳолда жалб этиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация қилиш учун зарур бўлган жиҳозлар, техника воситалари ҳамда асбоб-ускуналарни лизинг шартномаси асосида ўз эгалигига олиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Деҳқон хўжалиги ишлаб чиқариш объектларини (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкалари ҳудудидан ташқарида) қуриш, асосий воситаларни харид қилиш учун узоқ муддатли ва қисқа муддатли кредитлар олиш ҳуқуқига эга.

Деҳқон хўжалиги кредит олиш учун ўз тасарруфидаги ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқларни (эгалик қилиш, фойдаланиш), деҳқон хўжалиги аъзоларининг хусусий мулкини, келгусида олинадиган ҳосилни гаровга қўйишга ҳақли.

Деҳқон хўжалиги ўзига қарашли ёки ижарага олинган ишлаб чиқариш воситаларининг, қишлоқ хўжалиги экинзорларининг (кўчатзорларининг), кўп йиллик дов-дарахтларнинг, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг, хомашёнинг, материалларнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), камомади ёки шикастланиши хавфини, тадбиркорлик хавфини, шунингдек шартномаларни бузганлик учун ўз жавобгарлик хавфини ихтиёрийлик асосида суғурта қилишни амалга оширади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартларда суғурта товони олади.

Кредитлаш, суғурта ва лизинг бўйича кичик бизнес ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарига бериладиган имтиёзларнинг барча турлари деҳқон хўжаликларига ҳам татбиқ этилади.



15-модда. Деҳқон хўжалигида меҳнат муносабатлари


Деҳқон хўжалигининг фаолияти хўжалик аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади. Деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига қараб, муайян ишни бажариш учун меҳнат шартномаси шартлари асосида бошқа шахслар вақтинчалик (мавсумий) асосда жалб этилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигининг аъзолари, шунингдек деҳқон хўжалигида банд бўлган жисмоний шахслар ижтимоий солиқ тўлайди. Бунда деҳқон хўжалиги бошлиғи ижтимоий солиқни мажбурий тартибда, бошқа аъзолари ва деҳқон хўжалигида банд бўлган жисмоний шахслар ихтиёрий асосда тўлайди. Ижтимоий солиқни тўлаш деҳқон хўжалиги аъзосининг ва деҳқон хўжалигида банд бўлган жисмоний шахснинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир календарь йил деб ҳисобга олинади. Ижтимоий солиқни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланади.

Деҳқон хўжаликлари аъзоларига ижтимоий суғурта (таъминот) бўйича давлат пенсиялари ва нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида амалга оширилади.

Деҳқон хўжалигининг бошлиғи деҳқон хўжалигида меҳнат шартномаси шартларига кўра вақтинчалик (мавсумий) асосда ишлаётган жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига улар меҳнат мажбуриятларини бажараётганда етказилган зарар учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.



16-модда. Деҳқон хўжаликларининг биргаликдаги фаолияти


Деҳқон хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилиш, ўз фаолияти учун материаллар ва ускуналарни харид қилиш, техника таъминоти, сув ресурсларидан фойдаланиш, ўсимликларни (дарахтларни) зараркунандалар ҳамда касалликлардан ҳимоя қилиш, деҳқон хўжаликлари фаолияти учун зарур бўлган маслаҳат бериш ва бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича биргаликдаги фаолиятни, шу жумладан ишлаб чиқариш кооперативини ихтиёрийлик асосида ташкил этиш орқали амалга ошириш ҳуқуқига эга.



17-модда. Деҳқон хўжалиги фаолиятининг

натижаларини ҳисобга олиш


Деҳқон хўжалиги ўз фаолияти натижаларининг ҳисобини юритади.

Деҳқон хўжалиги йил давомида ер участкасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмлари, шунингдек иссиқхоналар сони тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган белгиланган шаклдаги маълумотномани деҳқон хўжалиги жойлашган ердаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ҳисобот давридан келгуси йилнинг 15 мартига қадар тақдим этади.



4-БОБ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


18-модда. Деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашнинг

асосий йўналишлари


Давлат деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини уларнинг розилигисиз мақбуллаштиришга (қисқартиришга, ўзгартиришга ва бошқаларга) йўл қўйилмайди.

Давлат органлари деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга ва уларнинг фаолиятини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

деҳқон хўжаликларини имтиёзли кредитлаш механизмларини яратиш, шунингдек уларга лизинг ва суғурта хизматлари кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун зарур бўладиган органик ва минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари, сув ва бошқа зарур ресурслар, навли уруғлик ва кўчатларни узлуксиз етказиб бериш тизимини жорий этиш;

деҳқон хўжалиги фаолияти учун зарур бўлган йўллардан, электр, сув таъминотидан ҳамда мелиорация иншоотларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

деҳқон хўжаликлари ишлаб чиқарадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ички ва ташқи бозорлардаги талаб ҳамда таклиф тўғрисида ишончли ахборот, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга доир илмий-амалий тавсиялар ҳамда қўлланмалар тақдим этиш;

деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш учун деҳқон бозорларида махсус савдо расталарини ва савдо марказларида савдо жойларини ажратиш, шунингдек аҳоли пунктларида кўчма савдо ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш;

деҳқон хўжаликлари ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун имтиёзлар тизимини жорий этиш;

деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, шунингдек уларнинг ҳажмларини кўпайтиришни ҳамда илғор илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этишни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кўриш.



19-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

деҳқон хўжаликлари фаолиятини давлат томонидан

қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида деҳқон хўжаликларига имтиёзлар, субсидиялар ҳамда бошқа преференциялар жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



20-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлигининг деҳқон хўжаликларини давлат томонидан

қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

деҳқон хўжаликларининг ер участкалари майдонини, тупроққлим шароитлари ва сув таъминотини ҳисобга олган ҳолда агротехник тадбирларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда улардан бепул фойдаланилишини таъминлайди;

деҳқон хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш учун ресурсларни тежовчи агротехнологияларни, муқобил энергия манбаларини жорий этишда кўмаклашади;

деҳқон хўжаликлари томониданер участкаларидан самарали фойдаланишга ҳамда деҳқончилик маданиятини оширишга доир тушунтириш ишларини олиб боради;

манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда ички ва ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган таклиф ва талаб масалалари бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказади;

келгуси йилда талаб юқори бўладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати ва ҳажми бўйича таклифлар ҳамда тавсияларни маркетинг тадқиқотлари натижалари асосида ишлаб чиқади ва уларнинг жойларга етказилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



21-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг деҳқон

хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга кўмаклашади ҳамда зарур шарт-шароитлар яратади;

деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорлик қилиш учун экспорт қилувчиларни жалб этади, уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашади;

деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишида иштирок этади;

деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

деҳқон хўжаликларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларни сув ресурслари билан таъминлаш, уларга зарур уруғликлар, кўчатлар, минерал ўғитларни етказиб бериш борасида амалий ёрдам кўрсатади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ АЪЗОЛАРИНИНГ

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ


22-модда. Деҳқон хўжалиги бошлиғининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Деҳқон хўжалигининг бошлиғи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

деҳқон хўжалиги номидан ишончномасиз иш юритиш;

юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш;

ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкасини ёки шу ер участкасининг бир қисмини деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида, мазкур ер участкасига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга бериш;

ишончномалар бериш;

банкда ҳисобварақлар очиш.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи деҳқон хўжалигининг ҳамда унинг аъзоларининг манфаатлари ҳимоя қилинишини ва ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаши шарт.

Деҳқон хўжалигининг бошлиғи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқлар ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



23-модда. Деҳқон хўжалиги аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Деҳқон хўжалигининг аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

деҳқон хўжалиги томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҳамда уни реализация қилишдан олинган даромаддан ўз улушини олиш;

деҳқон хўжалиги бошлиғининг топшириғига кўра деҳқон хўжалиги номидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиш;

ушбу Қонун 15-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ижтимоий солиқни тўлаган тақдирда қонунчиликка мувофиқ давлат ижтимоий суғуртасига эга бўлиш ва ижтимоий таъминот олиш, шунингдек деҳқон хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун сарфланган иш вақтининг меҳнат стажига қўшилиши (бошқа доимий иши мавжуд бўлмаган тақдирда).

Деҳқон хўжалиги аъзолари деҳқон хўжалигининг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этиши шарт.

Деҳқон хўжалигининг аъзолари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқлар ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



24-модда. Деҳқон хўжалигидаги мулкий муносабатлар


Деҳқон хўжалигига тегишли мол-мулк, деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги фаолияти натижасида олинган маҳсулотлар ва уларни реализация қилишдан тушган даромад,агар улар ўртасидаги келишувга биноан умумий улушли мулк ташкил этиш назарда тутилган бўлмаса, уларнинг умумий биргаликдаги мулкидир.

Деҳқон хўжалигининг ва унинг аъзоларининг мулкий ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25-модда. Деҳқон хўжалигини тугатиш

(фаолиятини тугатиш) асослари


Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалигини юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқ тугаганда ёки ижара (иккиламчи ижара) муддати тугаганда тугатилади (фаолияти тугатилади).

Деҳқон хўжалигини тугатиш (фаолиятини тугатиш) қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасига бўлган ҳуқуқ тугатилганда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бу ҳақда Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритилган куннинг ўзида давлат хизматлари марказига электрон хабарнома юборади. Деҳқон хўжалигининг фаолияти тугатилганлиги тўғрисида Деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилади.



26-модда. Низоларни ҳал этиш


Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



27-модда. Мажбуриятлар бўйича жавобгарлик


Деҳқон хўжалиги аъзолари деҳқон хўжалигини юритиш жараёнида юзага келадиган мажбуриятлари бўйича ўзларининг биргаликдаги фаолияти натижасида вужудга келган умумий мол-мулк билан жавоб беради.

Деҳқон хўжалиги аъзоларининг умумий мол-мулки етарли бўлмаганда улар мажбуриятлар бўйича ўзларига тегишли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.



28-модда. Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



29-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги 604-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 88-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги 605-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 89-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги 175-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 23-модда) 23-банди;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 220-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 5, 89-модда) XVII бўлими;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 535-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 149-модда) XXI бўлими;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 568-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 1-2, 18-модда) XXI бўлими;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги 714-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 1, 18-модда) 42-банди;


8) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 23 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-2-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 5, 152-модда) 6-моддаси;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 28 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-138-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 12, 608-модда) 10-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган "Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-197-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, N 12, 640-модда) 22-моддаси;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январда қабул қилинган "Ижро иши юритиш такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-199-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 1, 1-модда) 7-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрда қабул қилинган "Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-240-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 12, 472-модда) 9-моддаси;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 9 сентябрда қабул қилинган "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-254-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 9, 334-модда) 5-моддаси;


14) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 10, 263-модда) 20-моддаси;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 312-модда) 18-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-416-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 12, 383-модда) 15-моддаси;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 21 декабрда қабул қилинган "Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-506-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 12, 781-модда) 4-моддаси;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-533-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 4, 199-модда) 3-моддаси;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 29 сентябрда қабул қилинган "Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-639-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 9, 540-модда) 4-моддаси.



30-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



31-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



32-модда. Ушбу Қонун нормаларининг қўлланилиши


Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида бериш тартиби ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан бекор қилинади.

Бунда ушбу Қонун кучга киргунига қадар ташкил этилган деҳқон хўжаликларига нисбатан уларга берилган ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қонун кучга киргунига қадар ташкил этилган деҳқон хўжаликларининг фаолияти 2021 йил 1 декабрга қадар ушбу Қонун талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.



33-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 2 апрель


"Халқ сўзи", 2021 йил 2 апрель











































Время: 0.1826
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск