ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш Услубиёти (АВ томонидан 31.03.2021 й. 3292-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 31.03.2021 й. 7-мҳ-сон буйруғига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 31 мартда 3292-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2021 йил 31 мартдаги

7-мҳ-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул

қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг

тартибга солиш таъсирини баҳолаш

УСЛУБИЁТИ


Мазкур Услубиёт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон "Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари (бундан буён матнда лойиҳа деб юритилади) ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (бундан буён матнда норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб юритилади) тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнларини услубий жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Услубиётда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ишлаб чиқувчи - лойиҳани ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашни ўтказувчи давлат органи ва ташкилоти;


манфаатдор томонлар - ўрганилаётган муаммо ёки таклиф этилаётган тартибга солиш доирасига тушадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқаруви органлари;


миқдорий кўрсаткичлар - маълум иқтисодий ёки жисмоний моҳиятга эга бўлган, сон сифатида ифодаланадиган кўрсаткичлар. Бунга, барча молиявий ва бозор кўрсаткичлари (даромад, соф фойда, доимий ва ўзгарувчан харажатлар, сотиш ҳажми, бозор улуши ва бошқалар), қиймат бирлиги, вазн ва оғирлик, узунлик ва бошқа воситалар билан ўлчанадиган кўрсаткичлар киради;


сифат кўрсаткичлар - харажат, миқдор, вазн ва оғирлик, узунлик, самарадорлик ва бошқа ўлчовларнинг аниқ бирликлари билан ўлчаш қийин бўлган кўрсаткичлар. Улар, қоида тариқасида, одамларнинг маълум фактлар, ҳодисалар, уларнинг афзалликлари ва баҳоларига муносабатини акс эттиради. Сифат кўрсаткичлар фоизлар билан ҳам ўлчанади;


тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисобот - лойиҳа ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан ўтказилган тартибга солиш таъсирини баҳолаш якунлари бўйича ишлаб чиқувчи томонидан тайёрланадиган ҳужжат;


тартибга солиш таъсирини баҳолаш - лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш мақсадларига эришилганлигини, самарадорлигини ҳамда тартибга солиш усулини қўллашда вужудга келган оқибатларни аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;


фойда - лойиҳа ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилган талабларнинг бажарилиши муносабати билан манфаатдор томонларга келиши мумкин бўлган (келган) ҳар қандай шаклдаги фойда ёки даромад;


харажатлар - лойиҳа ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилган талабларнинг бажарилиши муносабати билан манфаатдор томонларга келтирилиши мумкин бўлган (келтирилган) харажатлар.


2. Мазкур Услубиётда қўлланиладиган фойда (шу жумладан, бевосита ёки билвосита фойда) ва харажат (шу жумладан, бевосита, билвосита ҳамда маъмурий харажат) атамаларининг мазмуни бухгалтерия ҳисобида қўлланиладиган шундай атамалар мазмунидан фарқланади ва фақат тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида қўлланилади.


3. Ишлаб чиқувчи томонидан тартибга солиш таъсирини баҳолаш, шунингдек тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботни тўлдириш ушбу Услубиёт асосида амалга оширилади.


4. Тартибга солиш таъсирини баҳолашда қуйидаги усуллардан фойдаланилади:

"ex-ante" - лойиҳани тартибга солиш таъсирини баҳолаш;

"ex-post" - ретроспектив таҳлил (реал маълумотлар) асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан жорий этилган тартибга солиш воситасининг таъсирини ўрганиш.


5. "Ex-ante" усулини қўллашда қуйидагилар амалга оширилади:

тартибга солиниши керак бўлган муаммони таҳлил қилиш;

тартибга солиниши керак бўлган соҳада давлат аралашувининг заруратини (сабабларини) аниқлаш;

тартибга солиш орқали эришилиши лозим бўлган мақсадларни белгилаш;

муаммони ҳал қилишда муқобил усулларни ўрганиш, уларнинг афзалликлари ҳамда камчиликларини аниқлаш ва танланган муқобил усулни қўллашнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш;

фойда ва харажатлар таҳлили ёрдамида лойиҳанинг манфаатдор томонларга таъсирини баҳолаш;

лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиш;

лойиҳа қабул қилинишидан кутилаётган натижаларни аниқлаш;

тартибга солиш мақсадларига эришиш учун зарур чора-тадбирларни белгилаш;

лойиҳани жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ва натижалари асосида уни такомиллаштириш;

лойиҳанинг амал қилиши таклиф қилинган даврини асослаш (амал қилиш муддати мавжуд бўлганида).


6. "Ex-post" усулини қўллашда қуйидагилар амалга оширилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат таъсир кўрсатган манфаатдор томонларни таҳлил қилиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан ўрнатилган тартибга солиш воситасининг натижадорлиги, мақсадларига эришилганлиги ҳамда унинг қўлланилиши натижасида вужудга келган ижобий ва салбий оқибатларини аниқлаш;

тартибга солиш воситасининг самарадорлигини ўрганиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан ўрнатилган тартибга солиш воситасининг амал қилиши мақсадга мувофиқлиги ёки уни бекор қилиш зарурлигини ўрганиш;

тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида уни такомиллаштириш.



2-БОБ. "EX-ANTE" УСУЛИ БЎЙИЧА ТАРТИБГА

СОЛИШ ТАЪСИРИНИ БАҲОЛАШ


1-§. Тартибга солиниши керак бўлган муаммони таҳлил қилиш


7. Муаммо тўғрисида маълумотлар аниқ шакллантирилиши, тавсифланиши, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда таҳлил қилиниши лозим:

муаммо вужудга келган соҳа;

соҳанинг ҳуқуқий тартибга солинганлик ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти;

муаммо таъсир кўрсатаётган объектлар ва/ёки субъектлар;

муаммонинг мавжудлиги сабабли келиб чиққан (чиқиши мумкин бўлган) салбий оқибатлар;

муаммога оид статистик маълумотлар ҳамда бошқа миқдорий ва сифат кўрсаткичлар (мисол учун, ушбу соҳада муаммо мавжудлиги сабабли 1,5 мингта қонун бузилишлар содир этилган бўлиб, 500 млн сўм миқдорда жисмоний ва юридик шахсларга зарар етказилган);

соҳада рақобат муҳитининг ҳолати;

тартибга солинаётган соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари мавжудлиги тўғрисида маълумотлар ва ҳ.к.


8. Муаммони тавсифлаш учун фойдаланилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш имкони бўлиши лозим.



2-§. Тартибга солиниши керак бўлган соҳада давлат

аралашувининг заруратини (сабабларини) аниқлаш


9. Тартибга солиниши керак бўлган соҳада давлат аралашувининг зарурати асосан қуйидаги сабабларни ўз ичига олиши мумкин:

а) бозордаги муваффақиятсизлик (масалан: бозор нархлари жамият учун реал харажатлар ва фойдаларни акс эттирмайди; жамоат маҳсулотлари билан таъминланишнинг етарли эмаслиги; рақобат муҳити етарли эмаслиги; ахборот етишмовчилиги (масалан, истеъмолчилар учун маълумот олиш имконияти чекланганлиги ёки умуман йўқлиги);

б) тартибга солишнинг самарасизлиги (масалан, жамоат манфаатларига мос келмайдиган амалдаги тартибга солиш воситаси);

в) аҳолининг саломатлиги ва/ёки жамият хавфсизлиги учун хавф-хатар;

г) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.



3-§. Тартибга солиш орқали эришилиши

лозим бўлган мақсадларни белгилаш


10. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад аниқ ва лўнда белгилаб олиниши зарур.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсаднинг тўғри белгиланиши мазкур ҳужжат нормаларининг муваффақиятли татбиқ этилишини баҳолаш ва мақсадга эришиш йўлларини аниқ белгилаб олишнинг муҳим шарти ҳисобланади.


11. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад қуйидаги мезонларга жавоб бериши шарт:

аниқ бўлиши - аниқ мақсад норматив-ҳуқуқий ҳужжатни турли талқин этилишининг олдини олади;

ўлчовли бўлиши - мақсад ўлчовли ва татбиқ этилиши даражасини тасдиқловчи ҳолат сифатида тавсифланиши зарур;

мақбул бўлиши - агар мақсад ва унга эришиш усули жисмоний ва юридик шахсларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатишни назарда тутса, бундай таъсир мақсадга эришиш жараёнида иштирок этаётган барча учун мақбул, тушунарли ҳамда аниқ ва лўнда ифодаланган бўлиши лозим;

чекланган вақт оралиғида бажариладиган бўлиши - асосий ва оралиқ мақсадларга эришиладиган вақт аниқ белгилаб олинган бўлиши керак.


12. Лойиҳани қабул қилишдан кўзланган мақсад қуйидаги гуруҳларга бўлинган ҳолда белгиланади:

а) умумий мақсад - норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишнинг якуний натижасини белгилаб беради (масалан, иқтисодиётнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва бошқалар);

б) махсус мақсад - норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг объекти ҳисобланиб, умумий мақсадга эришиш учун зарур шарт-шароит яратади (масалан, юридик шахсларнинг солиқ мажбуриятларини қисқартириш орқали тадбиркорлик фаолиятининг фаоллашуви ва аҳолининг фаровонлик даражаси ўсишига эришиш);

в) тезкор мақсад - жорий вазифаларни ҳал қилиш ва махсус мақсадга эришишга хизмат қилади (масалан, давлат органи даражасида тартиб-таомилларни соддалаштириш орқали тадбиркорлик фаолияти субъектлари харажатларининг қисқартирилишига эришиш).



4-§. Муқобил усулларни аниқлаш


13. Тартибга солиш мақсадига эришишга хизмат қиладиган турли хил усулларни кўриб чиқиш лозим. Ушбу усулларнинг салбий жиҳатлари, мувофиқлик даражаси, амалга татбиқ қилишнинг осонлиги, шунингдек ножўя таъсирлари инобатга олинган ҳолда баҳоланади.


14. Муқобил усулларни аниқлашда ноаниқ ва амалга ошириши мавҳум бўлган вариантлар қўлланилмаслиги зарур.


15. Тартибга солишнинг бошқа муқобил воситалари ўрганилганида, қўшимча равишда қуйидаги муқобил усуллар мажбурий тартибда кўриб чиқилиши керак:

ҳеч қандай чора қўлламаслик - таклиф қилинаётган муқобил усул билан амалдаги вазиятнинг сақлаб қолиниши назарда тутилиши керак;

ўзини-ўзи бошқариш - тартибга солиниши кутилаётган соҳани тадбиркорлик субъектлари ва/ёки уларнинг бирлашмалари, жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари орқали бошқариш.


16. Муаммонинг ечими сифатида танланган, шунингдек бошқа муқобил усулларнинг афзалликлари ва камчиликлари аниқ далил ва рақамлар билан асослантирилган ҳолда батафсил ёритилади.


17. Муаммонинг ечими сифатида танланган усулнинг муқобил усуллардан самарадорлиги, муаммо ечимига тез ва сифатли эришилиши, танланган тартибга солиш усулининг муқобил усулларга нисбатан келтириб чиқариши мумкин бўлган салбий оқибатлари хавфининг камлиги ва бошқа шу каби далил билан асослантирилиши лозим.



5-§. Фойда ва харажатлар таҳлили


18. Тартибга солиш таъсирини баҳолашда фойда ва харажатлар таҳлили қўлланилади. Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишда манфаатдор томонларнинг харажатлари ва фойдалари ҳисоблаб чиқилади.

Фойда ва харажатлар таҳлилини амалга оширишда миқдорий кўринишда ифодалаш мураккаб ёки имконсиз бўлган фойда ва харажатларнинг сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш амалга оширилади, бу ҳақида тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботнинг тегишли майдонларида миқдорий баҳолашни амалга оширишнинг имкони йўқлиги асослари, шу жумладан мавжуд чекловлар кўрсатилади.


19. Харажатлар қуйидагиларга гуруҳланади:

а) бевосита харажатлар - манфаатдор томонларга тартибга солиш натижасида юзага келган (келиши мумкин бўлган) тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи мажбуриятлар. Бундай харажатларга лицензия учун давлат божи, рўйхатдан ўтиш, ариза бериш учун тўловлар, тартибга солиш талабаларини бажариш билан боғлиқ харажатлар ва бошқалар киради;

б) билвосита харажатлар - тартибга солиш талабларига риоя қилиш учун сарфланадиган бевосита харажатлардан ташқари барча харажатлар (мисол учун: меҳнат қилиш учун хавфсиз шароитлар таъминланиши билан боғлиқ харажатлар; экологик талабларга риоя этиш учун ускуналар сотиб олиш);

в) маъмурий сарф-харажатлар - ахборот мажбуриятларини бажариш учун тадбиркорлар амалга ошириши керак бўлган маъмурий фаолият харажатлари (мисол учун: меҳнат шароитлари тўғрисида йиллик ҳисобот; ускуна ўрнатиш бўйича ҳужжатлар ва ҳ.к.).


20. Бевосита харажатларни ҳисоблашда тартибга солиш воситасининг жорий этилиши натижасида тўлов мажбуриятлари юзага келадиган манфаатдор томонлар сони, тўловнинг даврийлиги (йилда бир марта = 1; йилда икки марта = 2; икки йилда бир марта = 0,5 ва ҳ.к.) ҳамда тўлов бирлиги қиймати аниқланади ва ушбу параметрлар кўпайтирилади.


21. Билвосита харажатларни ҳисоблашда тартибга солиш мажбуриятларига амал қилиши керак бўлган манфаатдор томонлар сони, ходимларни ўқитиш, ускуна сотиб олиш ёки бошқа харажатларнинг бирлик қиймати ва сони кўпайтирилади.


22. Маъмурий сарф-харажатларни ҳисоблаш қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:

маъмурий ҳаракат юки = нарх х миқдор, бунда нарх ва миқдор қуйидагича аниқланади:

нарх = тариф х сарфланган вақт;

миқдор = талаблар тегишли бўлган корхоналар миқдори х амалга оширилган вақт оралиғи.

Бунда:

тариф - амалга оширилган меҳнат учун, қоида тариқасида, соатбай меҳнатга ҳақ, шунингдек иш вақтидан ташқари амалга оширилган қўшимча иш, касаллик ёки меҳнат таътиллари учун тўловлар, қўшимча харажатлар (материаллар, хизмат сафарлари, алоқа воситалари ва бошқалар) ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар (агар маъмурий ҳаракатлар учун воситачи ёлланса) йиғиндисидан иборат;

сарфланган вақт - маъмурий ҳаракатни амалга ошириш учун зарур бўлган вақт ҳисобланиб, ҳужжатларни тайёрлаш, давлат идораларига бориш учун сарфланган вақт (зарурият туғилганда), навбат кутиш, қабул вақти ва ҳақ тўланадиган дам олиш вақтини ўз ичига олади;

миқдор - чекловлар жорий этилган корхоналарнинг умумий сони ва йил давомида амалга ошириладиган жараёнлар сонининг кўпайтмасини ифодалайди.


23. Фойда қуйидагиларга гуруҳланади:

а) бевосита фойда - тартибга солиш воситаларини жорий этилиши (этилганлиги) натижасида юзага келиши мумкин бўлган (келган) ҳар қандай фойда ва даромадлар.

б) билвосита фойда - тартибга солиш натижасида учинчи шахсларга келиши мумкин бўлган (фуқаролар соғлиғи, хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ) ижобий таъсир ҳисобланиб, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, рақобатбардошлилик ва самарадорлик кўрсаткичлари каби кенг макроиқтисодий манфаатлар.


24. Ҳар хил даврлар учун фойда ва харажатларни таққослаш зарур бўлганда, стандарт харажатлар моделидан фойдаланган ҳолда соф жорий қиймат (NPV) ҳисоблаб чиқилади.

Фойда ва харажатлар ўртасидаги тафовут соф фойданинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини кўрсатади.

Соф жорий қиймат (NPV) қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқилади:

бунда:

Bt - t-давр оралиғида тартибга солувчи нормаларни жорий этишдан олинадиган эҳтимолий фойда;

Ct - t - давр оралиғида тартибга солувчи нормаларни жорий этиш учун қилинадиган эҳтимолий харажатлар;

r - дисконтлаш ставкаси;

n - ҳисоб-китоб даври.

Дисконтлаш ставкасининг мақбул миқдорини кўриб чиқилаётган даврда тижорат банкларининг тегишли соҳа бўйича ажратилган кредитлаш ставкасидан ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан эълон қилинадиган миллий валютадаги узоқ муддатли банк кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларидан (бунда имтиёзли кредитлаш ставкалари ҳисобга олинмайди) фойдаланган ҳолда аниқлаш мумкин.



6-§. Лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш


25. Лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келиши мумкин бўлганда, унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:

а) товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларининг (етказиб берувчилар) доираси ва сонини чеклашга олиб келса, жумладан:

товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи солиқ ва йиғимлар бўйича имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқлар, кафолатлар, енгилликлар, преференцияларни берса ёки муддатини узайтирса;

фаолият юритиш шарти сифатида рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи лицензиялаш ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартибини ўрнатса;

айрим етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларини реализация қилиш имконини чекласа;

етказиб берувчининг товар ва молия бозорига киришидаги ёки ундан чиқишидаги харажатларини сезиларли даражада оширса;

товар ёки молия бозори иштирокчиларига уларнинг бозорга киришига тўсқинлик қиладиган техник тартибга солишнинг янги шартларини ўрнатса;

хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ва хизматларини реализация қилиш ёки иш ўринларини яратиш, шунингдек инвестиция киритиш имконини чекловчи географик тўсиқ ўрнатса;

б) етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш имкониятини чегараласа, жумладан:

етказиб берувчиларнинг товарларга ва хизматларга нарх белгилаш имкониятини чегараласа;

етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларининг рекламаси ёки маркетингини амалга ошириш эркинлигини чегараласа;

айрим етказиб берувчиларга бошқалар олдида афзаллик берувчи ёки товар ва хизматлар харид қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ёки жисмоний шахслар (бундан буён матнда истеъмолчилар деб юритилади) танлаши мумкин бўлган даражадан ошувчи товар сифати стандартларини ўрнатса;

ишлаб чиқариш харажатларини оширса, шунингдек ресурсларни (моддий, молиявий ва меҳнат) айрим етказиб берувчиларга, шу жумладан товар ёки молия бозорининг янги иштирокчисига ажратиш йўли билан, бошқаларнинг харажатларига нисбатан кўпроқ сарфланишига олиб келса;

товар ёки молия бозорларида тадбиркорлик субъектлари иштирокида давлат корхонаси ёки давлат улуши бор корхоналар тузишни назарда тутса ва унинг натижасида рақобатни чеклайдиган ҳолат юзага келса;

в) етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида ўзаро рақобатлашишга қизиқишини пасайтирса, жумладан:

рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи ўзини ўзи бошқарадиган ёки биргаликда бошқариладиган тартиб яратса;

рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларни, шу жумладан етказиб берувчиларнинг ишлаб чиқариш, нархлар, айланмалар ёки харажатлар бўйича ахборотларини ёритишни талаб этса ёки рағбатлантирса;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амал қилишидан ҳар қандай алоҳида тармоқ ёки етказиб берувчилар гуруҳи фаолиятига иммунитет тақдим қилса;

г) истеъмолчилар учун керакли ахборотни танлаш имконини чегараласа, жумладан:

истеъмолчиларнинг ўз хоҳишлари асосида улар кимдан товар (иш, хизмат) сотиб олиш масаласини ҳал қилиш имкониятларини чегараласа;

истеъмолчиларнинг бир товар ёки маҳсулот етказиб берувчилардан бошқасига ўтишида нархни ошириб, уларнинг имкониятларини камайтирса;

истеъмолчи учун товар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олишда зарур бўлган ахборотнинг асл моҳиятини ўзгартириб, натижада уларнинг адашишига олиб келса.


26. Ушбу Услубиётнинг 25-бандида келтирилган эҳтимолий оқибатлар қуйидаги маълумотлар асосида таҳлил қилинади:

товар ва молия бозори иштирокчиларининг товар ва молия бозорига кириш харажатлари (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;

лойиҳани қабул қилинишидан барча манфаатдор бўлган томонлар учун фойданинг (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;

рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларнинг харажатлари ва фойдалари ҳисоб-китоби;

лойиҳанинг қабул қилиниши юзасидан манфаатларига таъсир кўрсатадиган тегишли товар ва молия бозори иштирокчиларининг сони;

муқобил нархлар ва тарифлар, шу жумладан бозорга кириб келувчи импорт маҳсулотларнинг нархи;

лойиҳа билан тартибга солинадиган товар (иш, хизмат)га эҳтиёжнинг даражаси;

лойиҳани тайёрлашга асос бўлган ҳужжатлар ва таҳлилий маълумотлар.



7-§. Лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижани аниқлаш


27. Лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижа батафсил ёритилиши лозим. Бунда ишлаб чиқувчи тартибга солиш мақсадларига эришиш даражасини тавсифловчи сифат ва миқдорий ўлчов индикаторларини (кўрсаткичларини) белгилайди.

Индикаторлар ҳар бир мақсад бўйича акс эттирилади. Бунда индикаторларни ҳисоблаш усули ва маълумот манбалари кўрсатилиши лозим.



8-§. Тартибга солиш мақсадларига эришиш учун

зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаш


28. Лойиҳа қабул қилиниши билан унда белгиланган мақсадларга эришиш учун зарур бўлган ташкилий, техник, услубий ва бошқа чора-тадбирлар белгиланиши лозим. Бунда қуйидаги масалалар акс эттирилиши мумкин:

янги давлат органи ва ташкилоти ёки унинг таркибий бўлинмасини ташкил қилиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва бошқа зарур бўлган ҳужжатларни (йўриқномалар, кўрсатмалар ва ҳ.к.) ишлаб чиқиш;

ахборот тизимларини, маълумотлар базаларини ва бошқа дастурий таъминотларни яратиш;

давлат органлари ходимларини ёки соҳанинг бошқа иштирокчиларини ўқитиш ҳамда малакасини ошириш;

тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга ошириш;

бошқа чора-тадбирлар.


29. Давлат органи юклатилаётган вазифаларини тўлақонли бажара олиши учун барча зарур ваколатлар ва ресурсларга, шу жумладан уларни бажариш учун етарли муддатга эга бўлиши муҳим ҳисобланади.

Амалга оширилиши белгиланган ҳар бир чора-тадбирлар бўйича масъул ижрочилар, амалга ошириш муддатлари, уларни молиялаштириш ҳажми ва манбалари, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижа батафсил ёритилиши керак.



9-§. Лойиҳани жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш


30. Лойиҳа ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисобот ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz)га жойлаштириш орқали мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Ишлаб чиқувчи лойиҳа ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда мазкур Услубиётнинг 1-иловасида келтирилган намунавий саволномадан фойдаланилиши мумки.

Лойиҳани жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


31. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси давомида муайян соҳада тартибга солувчи воситалар жорий этилиши мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолаш мақсадида лойиҳани, тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботни ва бошқа зарур маълумотларни манфаатдор шахслар гуруҳлари, шу жумладан, илмий доиралар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар билан муҳокама қилиши мумкин.


32. Ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ҳамда манфаатдор томонлар тақдим этган таклифларни умумлаштиради ҳамда уларни таҳлил қилади.



3-БОБ. "EX-POST" УСУЛИ БЎЙИЧА ТАРТИБГА

СОЛИШ ТАЪСИРИНИ БАҲОЛАШ


33. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни "ex-post" усули орқали баҳолаш ушбу Услубиётнинг 6-бандида кўрсатилган меъзонлар асосида амалга оширилади.


33. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни "ex-post" усули орқали баҳолашда тартибга солишнинг натижадорлиги, самарадорлиги ҳамда долзарблиги таҳлил қилинади.


34. Тартибга солишнинг натижадорлиги режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилганлик даражаси ва режалаштирилган натижаларга эришилганлигидан келиб чиқиб аниқланади. Тартибга солишнинг натижадорлик таҳлили, тартибга солиш билан кўзланган (белгиланган) мақсадларга эришиш ёки ушбу мақсадга эришишда ижро механизми қанчалик муваффақиятли бўлганлигини кўрсатиши керак.


35. Тартибга солишнинг натижадорлик таҳлили ўтказилганида тартибга солиш усулини қўллашда вужудга келган кутилмаган оқибатлар ҳам аниқланиши керак.

Aгар кўзланган мақсадларга эришилмаган ёки режалаштирилган чора-тадбирлар унга мувофиқ амалга оширилмаган бўлса, натижа кўзланган мақсаддан қай даражада орқада қолаётгани аниқланиши, шунингдек унга таъсир кўрсатган омиллар баҳоланиши керак.


36. Тартибга солишнинг натижадорлигини аниқлашда белгиланган мақсадларга ўз вақтида эришиш мумкинлиги ёки қўшимча муддатлар зарурлиги ҳисобга олиниши керак.


37. Тартибга солишнинг самарадорлиги эришилган натижа ва сарфланган ресурслардан қанчалик самарали фойдаланиш ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади.


38. Тартибга солиш ёндашувларидаги фарқлар натижага сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, тартибга солишнинг бошқа муқобил вариантлари камроқ харажат эвазига бир хил фойда келтириш (ёки бир хил шароитда кўпроқ фойда келтириш) имкониятлари ўрганилиши керак.


39. Тартибга солишнинг самарадорлигини таҳлил қилишда турли манфаатдор томонларга келадиган тартибга солиш харажатлари, шунингдек унинг афзалликлари ҳам ўрганилиши керак.


40. Қоида тариқасида, тартибга солиш воситасини жорий этишда фойда харажатни қоплаши ёки ундан юқори бўлиши кутилади. Бироқ, ҳар доим ҳам тартибга солиш воситасининг жорий этилиши барчага бирдек фойда келтирмаслиги мумкин. Бу кўпинча фуқароларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатига тегишли бўлади. Бунда фойда ва харажатларга таъсир кўрсатадиган омиллар ва уларнинг тартибга солиш билан боғлиқлиги аниқланиши керак.


41. Тартибга солишнинг долзарблиги орқали тартибга солиш усулларининг амал қилиши мақсадга мувофиқлиги ёки уларни бекор қилиш зарурлиги ўрганилади.

Тартибга солишнинг долзарблигини таҳлил қилишда тартибга солиш мақсадлари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга ва соҳадаги устуворликларга мос келиши кўриб чиқилиши керак.


42. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш мазкур Услубиётнинг 25 ва 26-бандларига мувофиқ амалга оширилади.


43. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида уни такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда мазкур Услубиётнинг 2-иловасида келтирилган намунавий саволномадан фойдаланилиши мумкин.



4-БОБ. ТАРТИБГА СОЛИШ ТАЪСИРИНИ

БАҲОЛАШДА АХБОРОТДАН ФОЙДАЛАНИШ


44. Қуйидагилар тартибга солиш таъсирини баҳолаш учун ахборот манбалари ҳисобланади:

расмий статистик маълумотлар;

давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари;

оқибатларни прогнозлаштириш масалалари бўйича илмий-таҳлилий материаллар ва нашрлар, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ҳамда йиғилишлар материаллари;

ваколатли ташкилотлар ва ишлаб чиқувчи томонидан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари;

оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда эълон қилинган нашрлар;

тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида давлат органи ва ташкилоти томонидан ўтказилган ўрганишлар, шу жумладан бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


45. Тартибга солиш таъсирини баҳолашда зарур бўлган ахборот ва маълумотларни тўплаш учун қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин (қуйида келтирилган усуллар алоҳида ёки ўзаро бир-бирларини тўлдирган ҳолда биргаликда қўлланилиши мумкин):

жамоатчилик муҳокамаси - лойиҳани тайёрлашда жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ҳамда манфаатдор томонлар билан муҳокамалар ўтказиш;

"намунавий завод услуби" - лойиҳани таъсир кўрсатиши кутилаётган муайян тармоқ доирасида корхоналарнинг техник ва иқтисодий параметрларига кўра ажратиб олиб, бир ёки бир неча ана шундай корхоналарни ҳисоб-китоб қилиш;

сўровномалар - асосан, пул шаклида ифода этиш мураккаб бўлган таъсирлар қийматини аниқлашда қўлланилади;

эконометрик услублар - маълум тартибга солиш воситасини ўрганилаётган кўрсаткичга, бошқа омиллар таъсиридан ажратган ҳолда, соф таъсирини аниқлаш тақозо этилганда қўлланилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


46. Мазкур Услубиёт Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган.






Услубиётга

1-ИЛОВА



Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларлойиҳаларини

тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича

НАМУНАВИЙ СЎРОВНОМА


1. Ушбу муносабат (соҳа) норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солиниши керакми?


2. Тартибга солишдан кўзланган мақсадга эришишнинг бошқача варианти мавжудми? Агар мавжуд бўлса, улардан, янада кам харажатли ва (ёки) самарали вариантни кўрсатинг?


3. Таклиф этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси (бундан буён матнда лойиҳа деб юритилади) фуқарога, жамиятга ва давлатга қандай ижтимоий-иқтисодий таъсир кўрсатиши мумкин?


4. Лойиҳада таклиф қилинаётган тартибга солиш воситаси муаммони ҳал қилишнинг энг мақбул усули ҳисобланадими?


5. Лойиҳа қабул қилинган тақдирда, қандай хавфлар ва салбий оқибатлар юзага келиши мумкин?


6. Лойиҳа қабул қилинган тақдирда, қандай афзалликлар ва ижобий оқибатлар (фойда) юзага келиши мумкин?


7. Лойиҳада тадбиркорларга ортиқча бюрократик тўсиқ ва бошқа чекловлар ёки асоссиз харажатларга олиб келувчи қоидалар мавжудми? Агар бўлса уларни кўрсатинг?


8. Лойиҳа қабул қилинишининг рақобат муҳитига қандай салбий ёки ижобий таъсири мавжуд?


9. Лойиҳада кўрсатилаётган муддатлар оқилона танланганми, ортиқча вақт ва (ёки) харажатларга олиб келмайдими?


10. Лойиҳада кўрсатилаётган тартибга солишга оид қоидалар ва воситаларни такомиллаштириш юзасидан қандай қўшимча таклиф ва эътирозлар мавжуд?






Услубиётга

2-ИЛОВА



Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг

тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича

НАМУНАВИЙ СЎРОВНОМА


1. Ушбу муносабат (соҳа) мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат (бундан буён матнда Ҳужжат деб юритилади) билан самарали ва сифатли тартибга солинган, деб ҳисоблайсизми?


2. Мазкур Ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсадларга ва ижобий кўрсаткичларга қай даражада эришилди?


3. Ҳужжатда кўрсатилган тартибга солиш воситаси ва усулини қўллашда қандай кутилмаган салбий ва ижобий оқибатлар вужудга келди?


4. Ҳужжатда тадбиркорларга ортиқча бюрократик тўсиқ ва бошқа чекловлар ёки асоссиз харажатлар юзага келишига сабаб бўлган қоидалар мавжудми? Агар бўлса уларни кўрсатинг?


5. Ҳужжатдаги тартибга солишга оид қоидалар ва воситалар соҳадаги рақобат муҳитига қандай салбий ёки ижобий таъсир кўрсатди?


6. Тартибга солишдан кўзланган мақсадга эришишнинг бошқача вариантини қабул қилиш керакми? Агар зарурат бўлса, улардан, янада кам харажатли ва (ёки) самарали вариантларни кўрсатинг?


7. Ҳужжатда кўрсатилган тартибга солишга оид қоидалар ва воситаларни такомиллаштириш юзасидан қандай қўшимча таклиф ва эътирозлар мавжуд?



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 31 март















































Время: 0.0067
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск