ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Мукобил энергетика /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.04.2021 й. ПҚ-5063-сон "Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

09.04.2021 й.

N ПҚ-5063



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ВА ВОДОРОД

ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Бугунги кунда энергия ресурсларига бўлган талаб таркибий жиҳатдан ўзгармоқда, хусусан углеводород ресурсларидан қайта тикланувчи манбаларга ўтишда водород энергетикасини ривожлантириш долзарб масалага айланмоқда.

Шу билан бирга, соҳа ҳолатининг таҳлили иқлим ўзгариши шароитида республикада самарали, ресурстежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ўсиши иқтисодиётнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда, шунингдек, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтирмоқда.

Республиканинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини барқарор ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан ушбу соҳанинг илмий салоҳиятини кучайтириш талаб этилади.

Республикада водород энергетикаси инфратузилмасини барпо этиш, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида илмий ва амалий изланишларнинг натижадорлигини ошириш, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтишини таъминлаш мақсадида:


1. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

Фанлар академиясининг "Халқаро қуёш энергияси институти" МЧЖ негизида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини (кейинги ўринларда - Институт);

Институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот марказини ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:

Институт фаолиятининг ташкил этилишини мувофиқлаштириш;

қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни, шунингдек ушбу соҳалардаги истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида зарур тадқиқотлар ўтказиш ҳамда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларида вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;

қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий-техникавий лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш.


3. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш, ушбу соҳаларда фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва водороддан олинган энергияни электр ҳамда иссиқлик энергиясига айлантириш ҳисобига улардан иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ва тармоқларида самарали фойдаланиш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;

қайта тикланувчи энергия ва водородни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва (ёки) уларни халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар талабларига мослаштириш;

илғор давлатларнинг мазкур соҳалардаги илмий муассасалари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва улар иштирокида тадқиқотларни ташкил қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларда иштирок этиш;

маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий изланишдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизимни шакллантириш ва юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва водородни ишлаб чиқарувчи, улардан фойдаланувчи ҳамда ушбу турдаги энергия билан ишловчи ускуна, қурилма ва технологияларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ва банк ҳисобварақларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади;

Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

Институт тугатилаётган "Халқаро қуёш энергияси институти" МЧЖга тегишли Тошкент шаҳар, Чингиз Айтматов кўчаси, 2Б-уй, 2-корпус манзилидаги мавжуд ҳамда янгидан қуриладиган бино ва иншоотларда жойлаштирилади;

"Халқаро қуёш энергияси институти" МЧЖнинг тугатилиши пайтида Институтга ўтказиладиган мулклар, мулкий ҳуқуқлар, хусусан акциялар ва устав капиталларидаги тегишли улушларнинг қиймати барча турдаги солиқлар бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;

Институт "Халқаро қуёш энергияси институти" МЧЖнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


5. Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

а) Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов):

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов), Фанлар академияси (С.З. Мирзаев) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К. Абдиназаров) билан биргаликда бир ой муддатда Институтни жиҳозлаш учун зарур бўлган замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, технологик қурилмалар, реагентлар, бутловчи қисмлар, инвентарлар, автотранспорт воситалари, махсустехника ҳамда дастурий таъминотлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда белгиланган тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда экспертизадан ўтказсин;

2021 йилда Институт фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан унинг моддий-техник базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, шакллантирилган рўйхатга мувофиқ товарларни харид қилиш, Институт биносини таъмирлаш, белгиланаётган йўналишларда тадқиқотларни жадаллаштириш, инновацияларни кенг жорий қилиш, етакчи хорижий олимларни тадқиқотларга жалб қилиш, ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 млрд сўмгача маблағларни ажратсин;

б) Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳар йилги тасдиқланадиган харажатлар параметрларида Институт фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.


7. Энергетика вазирига:

зарур бўлганда, Институт ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида унинг тузилмасига ўзгартириш киритиш;

Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Институт йўналишларини кенгайтиришга боғлиқ равишда Институт ходимларининг умумий сонини ошириш ҳуқуқи берилсин.

Бунда, Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов) Институт фаолиятига қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳасида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишда ва бошқа устувор вазифаларни бажаришда аутсорсинг механизмлари доимий равишда жорий этилишини таъминласин.


8. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра ажратиладиган маблағлар;

Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари;

республика ва халқаро молия ташкилотларининг техник кўмаклари ва грантлари;

Институт томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


9. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов) Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов), "Эл-юрт умиди" жамғармаси (А.Ш. Бекмуродов), Фанлар академияси (С.З. Мирзаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (У.Ш. Бегимкулов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К. Абдиназаров) билан биргаликда Институтнинг илмий ва илмий-техник ходимларининг, шунингдек, республикада ушбу соҳаларда фаолият юритаётган ёш олим ва мутахассисларнинг ривожланган хорижий давлатлардаги етакчи илмий марказларда белгиланган тартибда илмий стажировкадан ўтишини молиялаштиришни таъминласин.


10. Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов):

икки ой муддатда Институтнинг устави, унинг молиявий-иқтисодий фаолият кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда, тузилмаси ҳамда Институт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилишинива белгиланган тартибда тасдиқланишини;

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К. Абдиназаров) билан биргаликда 2021 йил якунига қадар Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И. Норқулов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х. Тошкулов) ҳамда Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов) билан биргаликда:

бир ой муддатда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети бакалавриатининг "Муқобил энергия манбалари" (турлари бўйича) таълим йўналиши бўйича қабул параметрларини водород энергетикаси йўналишида мутахассисларни тайёрлашни назарда тутган ҳолда ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида "Водород энергетикаси ва технологиялари" магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш чораларини кўрсин.


12. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов) Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов), манфаатдор вазирликва идоралар билан биргаликда:

илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатда водород энергетикасининг ривожланиши ҳолати бўйича йиллик ҳисоботни тайёрлаш ва "InnoWeek.uz" инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида унинг тақдимотини ўтказиш амалиётини жорий этсин;

икки ой муддатда 2021 йилда Тошкент шаҳрида халқаро молия институтлари, етакчи халқаро экспертлар, хорижий тадқиқот марказлари ҳамда технологик ускуналарни ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирокида муқобил энергия манбаларини қўллаш масалаларига доир халқаро конференцияни ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда амалга оширсин.


13. Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А. Вафаев), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Камилов) ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов) билан биргаликда Энергетика вазирлиги ва "ACWA Power" (Саудия Арабистони), "Air Products" (АҚШ) ўртасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича тузилган очиқ келишувга мувофиқ "ACWA Power", "Air Products" ва бошқа етакчи компанияларнинг инвестициялари ва илмий ходимларини Институтнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва халқаро даражадаги инновацион изланишларни кенгайтириш ишларига жалб қилсин.


14. "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Н. Саттаров) белгиланган тартибда Институт лабораторияларининг аккредитациядан ўтказилишини таъминласин ҳамда кейинчалик ушбу лабораториялар аккредитация соҳасидаги халқаро стандартлар ва қоидалар талабларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро миқёсда эътироф этилган аккредитация органларида аккредитациядан ўтишига кўмаклашсин.


15. Институтнинг моддий-техник базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган олиб кирилаётган ускуналар, технологик қурилмалар ва жиҳозлар, моддий-техника воситалари, дастурий таъминот ва хизматлар божхона божларидан озод қилинсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-4142-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга шахсий жавобгар этиб инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов ва энергетика вазири А.С. Султанов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 9 апрелдаги

ПҚ-5063-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини

ривожлантириш бўйича идоралараро комиссия

ТАРКИБИ

1. А.С. Султанов

-

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири, Комиссия раиси


2. Ш.У. Турдиқулова

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари


3. Б.К. Абдиназаров

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари


4. Д.И. Абруев

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари


5. Б.Р. Нарматов


Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари


6. Ш.А. Вафаев

-

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари


7. У.Ш. Бегимкулов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари


8. С.З. Мирзаев

-

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти


9. Д.Н. Саттаров

-

"Ўзстандарт" агентлиги бош директори


10. С.М. Турабджанов

-

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори


11. лавозими бўйича

-

Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти директори, Комиссия масъул котиби


        

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 9 апрелдаги

ПҚ-5063-сон қарорига

2-ИЛОВА



Энергетика вазирлиги ҳузуридаги

Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий

илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш

ҳамда Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи

ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Ижро муддати


Масъуллар


I. ТАШКИЛИЙ ТАДБИРЛАР

1.

Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда - Институт) ва Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази (кейинги ўринларда - Марказ) фаолиятини ташкил этиш юзасидан халқаро тажрибани ўрганиш бўйича хорижий давлатларга стажировка ташкил этиш.


1. Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида тадқиқотларни ташкил этиш бўйича ютуқлар ва натижаларга эришган хорижий компания ва илмий муассасалар рўйхатини тузиш.


2021 йил

май


Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


2. Белгиланган хорижий компания ва илмий муассасалар билан тегишли келишувларга эришиш.


2021 йил

июнь


3. Халқаро тажрибани ўрганишга юбориладиган масъул шахслар рўйхатини шакллантириш.


2021 йил

июнь


4. Хорижий давлатларга стажировкаларни ташкил этиш жадвалини тасдиқлаш.


2021 йил

июль


2.

Институт ва Марказ фаолиятини ташкил этишни, шунингдек, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини ва бошқа тадбирларни амалга оширишда юзага келадиган харажатларни молиялаштириш.


1. Институт ва Марказни ташкил этишни, шунингдек, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишда юзага келадиган харажатларни қоплаш бўйича Дастур ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

июнь


Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси


2. Тасдиқланган Дастур доирасида тадбирларни молиялаштириш.


Дастурда

белгиланган

муддатларда


II. ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ВА ВОДОРОД ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДА

ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТЛАРНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ

3.

Водород энергетикаси технологияларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш.


1. Иқтисодиёт тармоқларида "яшил" водород технологияларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тажриба-синов қурилмаларини барпо этишга таъсирчан имтиёзларни жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2021 йил

июль


Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Ишлаб чиқилган таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

август


4.

Марказ ҳузурида Водород технологиялари илмий-техник кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш.

1. Илмий-техник кенгашни тузиш ва унинг таркибига водород технологиялари соҳасида илмий тажрибага эга олимларни, хорижда соҳада фаолият юритаётган олимларни жалб қилиш.


доимий

равишда

Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Институт

2. Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази раҳбарини лавозими бўйича Илмий-техник кенгашнинг раиси этиб тайинлаш.


2021 йил

сентябрь

3. Водород энергетикасига оид долзарб масала, лойиҳалар илмий-техникавий кенгаш муҳокамасидан ўтказилишини таъминлаш.


доимий

равишда


5.

Водород энергетикаси технологиялари соҳасида докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилиш учун хорижлик олимларни жалб қилиш.


1. Хорижлик олимларни жалб қилиш учун водород энергетикаси илмий соҳаси бўйича диссертацияларнинг устувор илмий мавзуларини белгилаб олиш.


2021 йил

август


Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий аттестация комиссияси, Энергетика вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Институт


2. Устувор йўналишлар бўйича докторлик диссертацияларга илмий раҳбарлик қилиш учун хорижлик олимларни республикага жалб қилиш механизмини ишлаб чиқиш.


2021 йил

октябрь


3. Етакчи хорижий жамғармалар ва ташкилотлар билан қўшма тадқиқотлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда шартномалар тузиш.


2021 йил

декабрь


6.

Республикада водород энергетикасини ривожлантириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар ва бажарилган амалий ишлар юзасидан йиллик ҳисобот тайёрлаш.


1. Водород энергетикаси технологияларини жорий қилиш ва бажарилган тадқиқотларнинг натижаларини ифодаловчи йиллик ҳисоботни тайёрлаш.


2021 йилдан

бошлаб


Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Институт, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. 2021 йилдан бошлаб ҳисоботнинг доимийлик асосида "InnoWeek.uz" Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида тақдимотини ўтказиш амалиётини жорий қилиш.


2021 йил

ноябрь-декабрь

III. ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИДА ЖОРИЙ ЭТИШ

7.

Катта қуёш сандонида водород энергияси бўйича унумли илмий-амалий тадқиқот ишларини олиб бориш.


1. Катта қуёш сандони самарадорлигини ошириш ва водород энергетикаси соҳасида фаолият олиб бориш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


доимий

равишда


Энергетика вазирлиги, Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Институт


2. Амалга оширилган ишлар бўйича йиллик ҳисоботлар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида доимий равишда ёритиб бориш.


ҳар йил

якунида

8.

Институтнинг ноёб иншоотлари ва технологик майдонларида республика иқтисодиётининг долзарб муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган илмий-техник изланишлар ҳамда ишланмаларни ташкил этиш ва амалга ошириш.


1. Замонавий қайта тикланувчи ва водород энергетикасига асосланган технологиялар ва тизимларни республика шароитига мослаштириш ва иқтисодиёт тармоқларига кенг миқёсда татбиқ қилишга йўналтирилган илмий-амалий (фундаментал, амалий, инновацион, тажриба-конструкторлик ишланмаларини тижоратлаштириш) лойиҳаларни амалга ошириш дастурини шакллантириш.


2022 йилдан

бошлаб


Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Институт


2. Тегишли вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар асосида лойиҳаларни келишиб олиш ва уларни амалга ошириш чораларини кўриш.


томонлар

келишувига

асосан


9.

Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳасидаги юқори малакали кадрларни мақсадли тайёрлаш.


1. Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳасида Республика ҳамда хорижий давлатларнинг нуфузли илмий-тадқиқот марказларида фаолият юритаётган юқори малакали кадрларни ўқув жараёнига жалб этиш.


доимий

равишда


Энергетика вазирлиги, "Эл-юрт умиди" жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Институт


2. Талабаларни танлов асосида Институт илмий-амалий фаолиятига жалб этиш.


доимий

равишда

IV. КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ

10.

Водород энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.

1. Водород энергетикаси йўналишида мутахассисларни тайёрлаш учун 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетидаги "Муқобил энергия манбалари" (турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналиши бўйича қабул параметрларини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


2021 йил

май


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Институт

2. Таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

май


3. Водород энергетикаси технологиялари ихтисослиги бўйича докторантура фаолиятларини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, Вазирлар


2021 йил

июнь

4. Соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар ва дунё олимларини ўқув жараёнига жалб этиш, илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, вебинарлар ташкил этиш.


2021-2022

ўқув йилидан

5. Мутахассислик бўйича амалий ва лаборатория машғулотларини Марказ ва Институтда ташкиллаштириш.


2021-2022

ўқув йилидан

6. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат техника университетида "Водород энергетикаси ва технологиялари" магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш чораларини кўриш.


2024-2025

ўқув йилидан

7. Соҳанинг етакчи мутахассислари ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, мутахассислик учун тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.


2024 йил

февраль


8. Ўқув режадаги фанлар бўйича ўқув-услубий таъминотни яратиш.


2024 йил

июль


11.

Водород энергетикаси фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган кафедранинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.


1. Кафедрани замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари, компьютер синфи, масофавий тарзда онлайн дарс ўтиш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш.


2024-2025

ўқув йилидан


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Тошкент давлат техника университети


2. Кафедрани моддий-техник ва ўқув-методик, шу жумладан электрон дарслик ва мультимедиа материаллари билан таъминлаш.


2024-2025

ўқув йилидан

V. ВОДОРОД ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА

ХОРИЖИЙ ҲАМКОРЛИКНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ

12.

Марказга халқаро илмий грантларни жалб қилиш.


1. Хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик бўйича истиқболли режа тузиш ва тасдиқлаш.


доимий

равишда


Энергетика вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Институт


2. Халқаро грантларни молиялаштирувчи фондлар орқали водород энергетикаси бўйича халқаро миқёсдаги долзарб илмий муаммолар ечимига йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш.


доимий

равишда


13.

Хорижий илмий марказларда меҳнат қилаётган хорижий ва ватандош олимларни Марказнинг тадқиқотларида иштирок этиши учун жалб қилиш.


1. Водород энергетикаси йўналишида хорижий илмий муассасаларда фаолият олиб бораётган хорижий ва ватандош олимлар базасини шакллантириш.


доимий

равишда


Энергетика вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Эл-юрт умиди" жамғармаси, Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Институт


2. Хорижий ва ватандош олимлар билан доимий равишда музокаралар олиб бориш, ҳамда улар иштирокида тадқиқот ишларининг қўшма лойиҳаларини тайёрлаш.


доимий

равишда

           





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 9 апрелдаги

ПҚ-5063-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил 1 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш

чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4142-сон

қарорига киритилаётган ўзгартириш


1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ







      

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги

     


































    

Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси

    



Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги























Электр энергетикада назорат инспекцияси



     

Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимларни амалга оширувчи нотижорат ташкилот

   





















       

Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти




Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси







".

        





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 9 апрелдаги

ПҚ-5063-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз

кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги "Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-1929-сон қарори.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида" 2013 йил 1 мартдаги ПҚ-1929-сон қарорига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ПҚ-2804-сон қарори.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 сентябрдаги "Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 265-сон қарори.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 9 апрель










































Время: 0.1986
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск