ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Малака ошириш ва қайта тайёрлаш /

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг касб-ҳунарга ўқитиш марказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2021 й. 183-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 5 апрелдаги

183-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирлигининг касб-ҳунарга

ўқитиш марказлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг (кейинги ўринларда - касб-ҳунарга ўқитиш марказ) мақоми, мақсадлари ва асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш, шунингдек, уни молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази мустақил юридик шахс сифатида ташкил этиладиган касб-ҳунарга ўқитиш муассасаси ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банкларда ҳисобварағига ва бошқа ҳисобварақларга эга бўлади.


3. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази давлат муассасаси ҳисобланади, уларнинг фаолияти ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг касбий билим, кўникма ва малакасини баҳолаш ва тасдиқлаш, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш ишларини амалга оширишга йўналтирилади.

Касб-ҳунарга ўқитиш маркази қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолиятни ҳам амалга оширишлари мумкин.


4. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (кейинги ўринларда - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) қарорлари, мазкур Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг устави Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланади.


5. Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг касбга ўқитиш жараёнини ташкил қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш марказларига ўқишга қабул қилиш ва малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида" 2020 йил 15 майдаги 287-сон қарори асосида амалга оширилади.


6. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради, бироқ таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмайди.


7. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази негизида чет элга ишга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин касбга йўналтириш марказлари ташкил этилиши мумкин.

Чет элга ишга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин касбга йўналтириш марказлари чет элга жўнаб кетаётган фуқароларни хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар ва хорижий тиллар бўйича қисқа муддатли ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, шунингдек, профессионал компетенциясини тест синовдан ўтказиш ва тасдиқлаш ишларининг ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлайди.



2-БОБ. КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАРКАЗИНИНГ

МАҚСАД ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


8. Қуйидагилар касб-ҳунарга ўқитиш марказининг мақсадлари ҳисобланади:

меҳнат бозори конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш;

талабгорларнинг касбий билим, кўникма ва малакасини ихтиёрий, холис ва мустақил баҳолаш;

ишчи касбларини ривожлантириш ва оммалаштириш;

хорижга ишчи кучини тайёрлаш;

ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касбга йўналтириш.


9. Қуйидагилар касб-ҳунарга ўқитиш марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

касбий фаолиятнинг (касбларнинг) тегишли турлари бўйича сифатли касб-ҳунарга ўқитиш, қайта ўқиш ва малака оширишни таъминлаш;

шахснинг интеллектуал ва касбий ривожланишга бўлган эҳтиёжини қондириш;

иқтисодиёт тармоқлари субъектларининг жорий ва истиқболдаги кадрлар(га) ва уларнинг касбий кўникмаларига бўлган талабини мунтазам ўрганиб бориш;

касбий фаолиятнинг (касбларнинг) тегишли турлари бўйича меҳнат фаолияти билан машғул бўлиш учун билимлар ва юқори сифатли касбий тайёргарликни таъминловчи касб стандартлари доирасида касб-ҳунарга ўқитиш дастурларини амалга ошириш;

иқтисодиёт тармоқларини касбий фаолиятнинг (касбларнинг) тегишли турлари бўйича касбий маълумотга эга бўлган ходимлар билан таъминлаш;

хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетмоқчи бўлганларни тайёрлаш;

касбий фаолиятнинг (касбларнинг) тегишли турлари бўйича ўқув-методик ҳужжатлар ва касб стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этиш.



3-БОБ. КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАРКАЗИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази:

юридик ва жисмоний шахсларга ўз фаолияти ихтисослигига мувофиқ ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, касбий билим, кўникма ва малакасини баҳолаш ва тасдиқлаш, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш соҳасида шартнома асосида пулли хизматлар кўрсатиш, кўрсатилган хизматлар учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ харажатлар ва ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш жараёнини такомиллаштириш мақсадида касб-ҳунарга ўқитиш марказида янги касб (мутахассислик) йўналишларини очиш ёхуд меҳнат бозори эҳтиёжи кўрсаткичлари даражаси паст бўлган касб (мутахассислик) йўналишлари бўйича фаолиятни тугатиш;

ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этиш;

ўқувчиларга халқаро даражадаги сертификатни (гувоҳнома, диплом ва бошқа ҳужжатларни) бериш;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда касбий маҳорат танловларини ўтказиш;

Касбий малакани баҳолаш маркази фаолиятини ташкил этиш;

касб-ҳунарга ўқитиш марказининг ўқитувчилари, ишлаб чиқариш таълими усталари, бошқарув, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлари таркиби ва ўқувчиларни алмашиш, қўшма тадбирлар, учрашувлар, тажриба алмашиш, стажировка, семинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича хорижий корхона ва ташкилотлар билан белгиланган тартибда битимлар тузиш;

иш берувчи ташкилотларга ўқувчиларни амалиёт ўташ, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарини тажриба алмашишга (малака оширишга) юбориш, касбий кўникмаларни эгаллашнинг дуал тизимини жорий этиш ҳамда ҳамкорликнинг бошқа шакллари бўйича шартномалар тузиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг касбий билим, кўникма ва малакасини баҳолаш ва тасдиқлаш, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш соҳасида халқаро фаолиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Касб-ҳунарга ўқитиш маркази қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази:

касб-ҳунарга ўқитиш ва ўқув жараёнларига тайёргарликни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, педагог-ходимлар жамоаси, бошқарув, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа тегишли мутахассисларнинг ўз фаолиятига оид топшириқларнинг бажарилишини, шу жумладан, ўқувчилар томонидан ўз мажбуриятлари доирасида танлаган касб-ҳунар турлари бўйича ўқув дастурларини босқичма-босқич ўзлаштиришини таъминлаш;

белгиланган тартибга мувофиқ тасдиқланган ўқув дастурлари ва ўқув режасини, ўқув ва амалиёт жадвалини ишлаб чиқиш;

ўқув ва амалиёт машғулотлари жараёни ўтказилаётган даврда ўқувчилар ҳамда педагог-ходимлар жамоаси, бошқарув, хизмат кўрсатувчи, техник ходимлар ҳамда бошқа тегишли мутахассисларнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлаш;

моддий-техника базаси ва мол-мулкнинг сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлашга мажбур.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ

МАРКАЗИНИ БОШҚАРИШ


12. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий меҳнат органлари касб-ҳунарга ўқитиш марказларига умумий раҳбарлик қилади, назоратни ташкил этади, унинг ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради.


13. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ишини ташкил этади, мувофиқлаштиради ва ўқув-методик жиҳатдан таъминлайди.


14. Касб-ҳунарга ўқитиш марказига Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Касб-ҳунарга ўқитиш маркази директорининг Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


15. Директор:

касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, ўқувчиларнинг ўқиши ва амалиёт ўташи, ўқув режалари ва дастурлари бажарилиши, молия-хўжалик фаолияти амалга оширилиши учун жавоб беради;

касб-ҳунарга ўқитиш маркази номидан иш кўради, унинг манфаатларини ифода этади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

касб-ҳунарга ўқитиш маркази ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, ўқув муассасасига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўқувчилари ва ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш, ўқув-амалиёт ва касбга йўналтириш ишларини такомиллаштириш, малакали ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан бутлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти бўйича айрим масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органларига таклифлар киритади;

ўқитувчи, бошқарув, хизмат кўрсатувчи, техник ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади.

Директор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳузурида коллегиал орган ҳисобланадиган Ўқув-методик кенгаш ташкил этилади.

Ўқув-методик кенгашнинг асосий вазифа ва функциялари касб-ҳунарга ўқитиш марказининг уставида белгиланади.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг раҳбар ва мутахассис ходимларига, шу жумладан ўқитувчилари, ишлаб чиқариш таълими усталари ва бошқа ходимларига қўйиладиган лавозим малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий меҳнат органлари томонидан белгиланади.



5-БОБ. КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ

ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


17. Касб-ҳунарга ўқитиш марказида ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва иш қидираётган шахслар, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда "labor-migration" дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномага асосан бепул амалга оширилади.


18. Мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилгандан ташқари шахсларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фуқароларнинг ўз маблағлари, буюртмачилар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


19. Касб-ҳунарга ўқитиш қуйидаги турлар бўйича амалга оширилади:

узоқ муддатли ўқитиш - ўқув жараёни ўттиз ҳафтадан қирқ ҳафтагача давом этади;

ўрта муддатли ўқитиш - ўқув жараёни беш ҳафтадан йигирма беш ҳафтагача давом этади;

қисқа муддатли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади;

ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш - ўқув жараёни иш берувчида бир вақтнинг ўзида олиб бориладиган меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, бир нафар ўқувчи учун келгусида иш берувчида ишга жойлаштирилган ҳолда касбга тайёрлашдан (стажировкадан) ўтиши йигирма беш ҳафтагача давом этади;

мақсадли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади.

Узоқ муддатли ҳамда ўрта муддатли касбга ўқитиш касб-ҳунарга ўқитиш маркази, иш берувчи, маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома асосида амалга оширилади.

Агар ишсиз шахс ўқиш тугагач, жисмоний ва юридик шахслар учун иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил равишда амалга ошириш мажбуриятини ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни ўз зиммасига оладиган бўлса, ўрта муддатли ўқитишга доир шартнома тузилаётганда иш берувчининг иштирок этиши талаб қилинмайди.

Бундай ҳолатда касб-ҳунарга ўқитиш касб-ҳунарга ўқитиш маркази, маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган ижтимоий шартномага асосан ташкил этилади.


20. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари таркиби ва иш берувчилар касб-ҳунарга ўқитиш маркази таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


21. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўқувчилари ўқув марказининг ички тартиб-қоидаларига риоя қилишлари шарт.


22. Касб-ҳунарга ўқитиш марказига қабул қилинган ўқувчилар:

касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқиш;

ташкилотларда эгаллаётган касбий кўникмаларига мос бўлган йўналишлар бўйича амалиёт ўташ;

касб-ҳунарга ўқитиш марказининг моддий-техник базаси ва мол-мулкидан фойдаланиш;

ўқувчилар турар жойида яшаш;

белгиланган тартибда ўқишни бошқа ўқув марказига кўчиришга ҳақли.


23. Маҳаллий меҳнат органлари томонидан белгиланган тартибда йўлланма асосида юборилган ўқувчиларга ўқиш даврида стипендия тўланиши ҳамда ушбу даврни меҳнат стажига қўшиш фуқароларга (ишсизларга) давлат томонидан моддий ёрдам беришга оид кафолатлар ҳисобланади.


24. Ўқитувчилар таркибини, ишлаб чиқариш таълими усталари ва бошқарув, хизмат кўрсатувчи, техник ва бошқа ходимларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


25. Ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ҳуқуқлари ва вазифалари қонунчилик ҳужжатларига ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази уставига мувофиқ белгиланади.



6-БОБ. КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАРКАЗИ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ

ТАЪМИНЛАШ


26. Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг фаолияти:

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва уставдаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

шартнома асосида фуқароларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитиш фаолиятидан тушган маблағлар;

касбий малакаларни баҳолаш маркази фаолиятидан келиб тушган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат ташкилотлари кредитлари ва грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


27. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


28. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази таркибий тузилмаси, штатлар жадвали, раҳбар, ўқитувчи ва бошқа барча ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, устама, рағбатлантириш ва мукофотлаш миқдори Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Шартнома асосида фуқароларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитиш, касбий малакаларни баҳолаш маркази ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хўжалик фаолиятидан тушган маблағлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари билан келишилган ҳолда, касб-ҳунарга ўқитиш марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув-методик фаолиятини такомиллаштириш, ўқув қуроллари ва хомашё харид қилиш, ходимларни рағбатлантириш учун сарфланиши мумкин.


29. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази тасдиқланган йўналишларга (мутахассисликларга) мувофиқ ўқув жараёни учун асбоб-ускуна ва жиҳозлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади.


30. Ўқув жараёнида ишлаб чиқарилган ярим тайёр, тайёр маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) ушбу марказларга ўз ҳудудида жойлашган кўргазмали павильонлар ва ярмаркалар ҳамда электрон тижорат орқали намойиш қилиш ва сотишга (тушган маблағларни ўқув жараёни учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш учун сарфлашга йўналтириш шарти билан) рухсат этилади.


31. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази маблағлари, бинолари, иншоотлари, асбоб-ускуналари ва бошқа товар-моддий қийматликлари касб-ҳунарга ўқитиш марказига бириктирилган мулк ҳисобланади ва улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланади.


32. Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг айрим йўналишларини (касб, ихтисосликларини) ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича махсус устахоналарни қўшимча жиҳозлаш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


33. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистик ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.


34. Касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг тузилмаси, штатлар жадвали, раҳбар, ўқитувчи ва бошқа ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Бунда раҳбарлар, ходимлар ва ўқитувчилар меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича ўрта махсус профессионал таълим муассасаларининг раҳбарлари, ходимлари ва ўқитувчиларига тенглаштирилади.



7-БОБ. КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАСКАНЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


35. Касб-ҳунарга ўқитиш масканлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги ўқув марказлари филиаллари (таркибий бўлинмалари) (кейинги ўринларда -масканлар) сифатида ташкил этилади.

Масканлар Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари буйруқларига мувофиқ ушбу ҳудуддаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларига алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма сифатида бириктирилади.


36. Масканлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган тартибда ажратиладиган маҳалла гузарлари, таълим муассасалари ёки ҳудуддаги бошқа ташкилотлар биноларидаги алоҳида жойларда ташкил этилади.


37. Масканларда меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида мураккаб жиҳоз ва кўникма талаб этилмайдиган йўналишлар (тикувчилик, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик асослари ҳамда бошқа касб ва мутахассисликлар) бўйича уч ойдан ошмаган, шунингдек, ўқитиш қуввати бир вақтнинг ўзида 15 кишидан ошмаган ҳолда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.


38. Ўқув курсларига меҳнат органлари йўлланмаси асосида юборилган ишсиз шахслар белгиланган тартибда бепул ўқитилади, шунингдек, ушбу тоифага кирмайдиган аҳоли қатлами учун ўқув курслари пулли асосда ташкил этилиши ҳам мумкин.


39. Масканларда ўқитиладиган йўналишлар (мутахассисликлар), уларнинг ўқув режа ва дастурлари, дарс жадваллари ва ўқув жараёнига тегишли бошқа ҳужжатлар масканга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари кўрсатмасига мувофиқ тасдиқланади.


40. Масканларда касб-ҳунарга ўқитиш фаолиятини амалга оширадиган ишлаб чиқариш таълими усталари масканлар жойлашган ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар ёки марказдаги таълим усталари орасидан танлаб олинади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктирилган ўқув марказига ишга қабул қилинади.


41. Масканларда фаолият юритувчи ишлаб чиқариш таълими усталари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўрсатмасига асосан бошқа муассасаларда малака оширади.


42. Масканларга улар бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларнинг фаолияти юзасидан барча масалаларни мувофиқлаштириб боради.


43. Масканларни тамомлаган битирувчиларга масканлар бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг тегишли ўқишни тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат (сертификат) берилади.


44. Масканларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, уларга жиҳоз, асбоб-ускуна, ўқув қуроллари, хомашё, концелярия моллари ҳамда ўқув жараёнига тегишли бошқа барча моддий қимматликларни харид қилиш, сақлаш ва бошқа харажатлар ушбу масканларга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази талабномаси асосида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манба маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


45. Масканлардаги мавжуд жиҳоз, асбоб-ускуна, ўқув қуроллари ва бошқа товар-моддий қимматликлар ушбу масканларга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш марказининг мол-мулки ҳисобланади.

Ушбу мол-мулкни асраб-авайлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича моддий жавобгар шахс ушбу масканларда ўқитиш фаолиятини амалга оширувчи ишлаб чиқариш таълими устасидир.


46. Масканларнинг мол-мулки ва бошқа моддий қимматликларини сақлаш, асраб-авайлаш бўйича ушбу масканларга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари барча чора-тадбирларни, шу жумладан, техника хавфсизлиги, ёнғинга қарши сигнализация, видеокузатув, ёритиш тизими, темир панжарали ойна ўрнатиш ҳамда бошқа ишларни ташкил этади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан масканлар мол-мулки ва бошқа моддий қимматликларини сақлаш учун қоровул ва фаррош штатлари масканларга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази томонидан таъминланади.


47. Масканларда ўқув жараёнларини ташкил этиш ва олиб бориш тартиб-таомиллари, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги йўриқномалари, ички тартиб-қоидалар ва масканлар фаолиятига доир бошқа ички ҳужжатлар ушбу масканларга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


48. Масканлар фаолияти ушбу масканларга бириктирилган касб-ҳунарга ўқитиш марказининг харажатлар сметаси асосида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, ўқиш учун тўловлар, халқаро молия институтлари кредитлари ва грантлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужҳатларида тақиқланмаган бошқа молиявий манбалар ҳисобидан молиявий таъминланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


49. Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканларни қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 апрель





































Время: 0.0064
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск